1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Одатда бизда жума намозидан олдин тўрт ракат суннат ўқилади.

16:41 / 27.04.2016 5219 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

САВОЛ: Одатда бизда жума намозидан олдин тўрт ракат суннат ўқилади. Лекин, «Мушкот» китобида фарздан олинги тўрт ракат суннат айтилмаган. Араб ўлкаларида бу суннат ўқилмас экан, бизда ўқилишига бирор ҳужжат борми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Бу саволда ҳозирги кунда диёримиздаги мўмин-мусулмонлар баъзилари одатланиб қолган дард ўз аксини топган. Унда «Мушкот» китобида фарздан олдинги тўрт ракат суннат айтилмаган» деган гап бор. Битта китобга Ислом динининг барча таълимотлари жойланиши мумкин эмас. Ҳаттоки бир мавзуга аталган, мисол учун «Жума намозига аталган бир китобда шу намозга тегишли барча каттаю кичик нарсалар тўпланган, ундан бошқа ҳеч нарса қолмади» деган даъвони ҳеч ким қила олмайди. «Мушкот» ҳадис борасидаги китоблардан бўлиб, кўпгина нарсаларни муаллиф ўзи тўплаган ҳадисларда акс эттиришга ҳаракат қилган. Лекин муаллифнинг ўзи ҳам, бу китобни шарҳ қилган катта уламолар ҳам ва шу кунгача ўтган китобга алоқаси бор кишилар ҳам ҳеч қачон «Мушкот» китоби Ислом динидаги ёки намоз бобидаги ёки жума ҳақидаги барча маълумотларни ўзига тўплаган, бундан бошқа ҳеч нарса йўқ, ана шу китобда келгани ҳисоб, бошқаси ҳисобмас» деган эътиқодни қилмаган. Биздаги хато–битта китобни ўқий-миз, ана шу китоб ҳақида «Бор ҳақиқат шу, бундан бошқа ҳеч гап йўқ» деган тушунчани ўзимизга касб қилиб оламиз. Бу мутлақо нотўғри гап, мутлақо нуқсонли бир тушунча ҳисобланади. Тажрибада ҳам бўлди: бир гуруҳ ёшларимиз шунга ўхшаш баъзи бир диний аҳкомларда кўпчиликка ихтилоф қилиб, масжид имомларига таъна етказган, ҳар хил гап-сўзлар бўлиб ўтган экан ва айнан мана шу жумадан олдин ўқиладиган тўрт ракат суннат намозини инкор қилиш ҳолати бор экан. Суҳбат давомида: «Нима учун мана шу тўрт ракатли суннат намози йўқ, деган фикрга келдиларингиз» деб сўрасам, уларнинг раҳбари жавобга «Аркони исломда йўқ экан» деди. «Аркони ислом нима?» десам «китоб» деди. Мен айтдим: «Тўхтанг энди, мен бу китобни кўрганим йўқ, билганим йўқ. Лекин гапингиздан маълум бўлдики, бу китоб чет элдан келган, ҳажми кичкинагина, ўзбек тилига таржима қилинган китоб бўлса керак» десам, «Ҳа тўғри, Саудиядан келган» деди. Мен айтдим: «Ўша кичкина ки-тобда бир нарса айтилмай кетган экан, лекин мана бу имом домланинг китоб жавонидаги бир қанча китобларни кўринг. Ўша битта кичкина китобда йўқ нарса бу китобларда бўлса эътироф қиласизларми ё инкор қиласизларми? Битта нарсани, кичкинагина нарсани ўқиб олиб, ўшанда йўқ нарсани йўқ деб юборишдан уялмадиларингизми? «Мана бу ерда йўқ экан, халқимиз асрлар оша шунинг амалини қилиб келяпти экан, орасидаги фарқ нима», деб домлаларингиздан сўрасаларингиз бўлмасмиди?» деган гапларни айтдим. Демак, бирор китобда, жумладан «Мушкот» китобида айтилмаган нарса йўқ» деган тушунчага бормаслигимиз керак. Иккинчиси: «Араб ўлкаларида бу суннат ўқилмас экан!» Бу ҳам, «Арабларда бор нарса бор, йўқ нарса йўқ деган» тушунча, ҳам–бир дард. «Араблар араб, ҳамма нарса ўшалардан, шуларнинг билгани-билган, дегани-деган» тушунча ҳам нотўғри. Араблар ҳақиқатан мўмин-мусулмонларга етакчи халқ бўлиб келган. Лекин бу «Нима нарсани араб қилса тўғри, араб қилмаса нотўғри» деган гап эмас. Арабларнинг ичида яхшиси бор, ёмони бор, мусулмони бор, насороси бор, динсизи бор ва ҳоказо. Шунинг учун араб ўлкаларида ёки араб шахсларга қараб исломий ҳукмларни чиқариш, баҳо бериш ва бошқа ҳолатларни эътиборга олмаслик керак. «Бизда ўқи-лишига бирор ҳужжат борми?» деган саволга келсак, бизда ўқилиши ҳанафий мазҳаби асосидадир. Ҳанафий мазҳаби бутун Ислом олами тан олган тўрт фиқҳий мазҳаблардан биридир ва бу мазҳаб ўзи келтирган ҳар бир ҳукмга Қуръондан ёки Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларидан ҳужжат келтирган. Ҳанафий мазҳабида юрган мўмин-мусулмонлар ичида турли миллатлар ва қавмларга мансуб мусулмонлар бор. Жумладан жуда кўплаб араблар ҳам бор, форслар ҳам бор, турк-лар ҳам бор, ҳиндистонлик ва яна кўпгина юрт, миллат, қавмнинг вакиллари бор. Энди, ҳанафий мазҳаби бўйича «Жума намозидан олдин тўрт ракат суннат ўқилади» деган ҳукмнинг албатта ҳужжати бор. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан муҳаддис уламоларимиз бир қанча ривоятларни келтиришган. Буларнинг барчасида Пай-ғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам жума намозидан олдин тўрт ракат суннат намозлари ўқи-ганлари тўғрисида баёнотлар келган. Шунингдек, Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳодан ҳам ва яна бошқа бир қанча кишилардан бу борадаги ривоятлар келган. Ана ўша ривоятларни олиб, «Ҳанафий мазҳабида худди пешиндан олдин тўрт ракат суннат намози ўқилганидек, жума намозидан олдин ҳам тўрт ракат суннат намози ўқилади» деган ҳукм жорий бўлган ва бунга ҳанафий мазҳабидаги кишилар аввал бошдан амал қилиб келяптилар. Буни ҳозирги кунги мўмин-мусулмонлар ҳам яхши билишлари, бошқа аҳкомлар қаторида бу нарса ҳам далилли, ҳужжатли бир ҳукм экани яхши англаб олишлари лозим бўлади. Валлоҳу аълам.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Баъзи аёлларимиз кўпчилик, хусусан эркакаёл аралаш тўпланадиган жойларга пардозандозни жойига қўйиб, атирларни бурқситиб боришлари ҳеч кимга сир эмас. Динимиз давоми...

3692 15:25 / 24.04.2016
Ассалому алайкум Бизга бир илмли инсон қўйнинг калласини ҳамма ҳам пиширолмайди, агар тўғри пиширилмаса тишини қоқиш, икки жағини бойлаб пишириш кабилар ҳаромга давоми...

3831 08:11 / 31.05.2020
Ассалому Алайкум ва Роҳматуллоҳи ва Барокотуҳу ва Мағфиратуҳу ва Ризвануҳу. Ҳурматли УстозСизга яна битта масала бўйича савол йўллаяпман. Агар саволимда давоми...

3029 20:58 / 25.04.2016
Савол Ассалому алайкум, урматли Шайх Ҳазратлари Алҳамдуллилаҳ, Намозни 5 маҳал ўз вақтида адо этаман, садақа бераман, ҳар куни истиғфор айтиб юраман, Шаҳодат давоми...

3581 21:21 / 22.03.2016