1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Уйланмасдан исломга хизмат қилиб ўтаман деса бўладими?

16:22 / 27.04.2016 3193 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир мусулмон киши мен уйланмасдан исломга хизмат қилиб ўтаман деса бўладими? (Аммо мен жумада эшитганман: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига уч саҳоба келиб, уччаласи шундай гапларни айтишган, лекин биттаси менга ҳозирги даврда уйланмасдан исломга хизмат қилиб ўтса бўлади, деди). Бу тўғрида ҳадислар ҳам борми (айнан уйланмаслик ҳақида?) Савол ўринсиз бўлса, узр.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Ислом никоҳ робитасини инсоний алоқалар ичидаги энг муқаддас робитага айлантирган. Чунки, бу робита Аллоҳнинг амри ила, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ила, мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлиги ила қуриладиган бир муқаддас алоқадир.
Аллоҳ таоло инсон ҳаёти маълум низом асосида, иффат ва поклик асосида, муҳаббат ва севги асосида, ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида бўлиши учун никоҳга амр этган.
Аллоҳ таоло инсон ҳаётини турли тартибсизлик ва келишмовчиликлардан, ҳаром харишдан, ифлосликлардан ва уларнинг оқибатидан келиб чиқадиган бало-офатлардан сақлаш учун никоҳга амр этган.
Аллоҳ таоло никоҳни барча Пайғамбарларининг суннати қилиб қўйган. Азиз, авлиёларнинг одати қилиб қўйган.
Аллоҳ таоло никоҳни инсон навъининг боқий қолиши учун, наслининг кўпайиши учун энг яхши васийла қилиб қўйган.
Эркак-аёлнинг ўртасидаги муқаддас робита бўлмиш никоҳ алоқаси туфайли кишилар қуда-анда бўладилар, ораларидаги ижтимоий алоқалар ривожланади, дўстлик, меҳрибонлик ришталари мустаҳкамланади.
Никоҳ туфайли инсоннинг майли жиловланади, унинг учун хотиржамлик, саодат таъмин этилади.
Инсон никоҳ туфайли ўзининг ижтимоий алоқаларида роҳат топади.
Никоҳ туфайли кишилар ўз шарафларини, обрўларини муҳофаза қиладилар, обрўга, мартабага эга бўладилар.
Никоҳ маданият, аслзодалик, тараққиёт ва илғорлик белгисидир.
Никоҳ туфайли инсон ўз иффатини сақ-лайди ва зино каби ҳаром ишдан ўзини асрайди.
Шунингдек, никоҳ ёрдамида инсон зоти билан бирга унинг насли-насаби поклиги ҳам сақланиб қолади.
Никоҳ бўлмаса, ким кимдан бўлганини билиб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолинади.
Никоҳ туфайли оила, деб номланган муҳташам ошён қурилади. Унда эр-хотин, улардан пайдо бўлган ўғил-қизлар, набира-чеваралар бир-бирлари билан муқаддас робита орқали боғланиб яшайдилар.
Улар орасидаги қариндошлик алоқалари алоҳида маъно ва мустаҳкамлик касб этган бўлади. Шундоқ йўл билан оила номли кичик бир жамият пайдо бўлади. Улар бир-бирлари билан қўшилиши оқибатида эса катта жамият юзага келади.
Бу борада катта жамиятларни бино деб тасаввур қилсак, оила унинг ғишти ҳисобланади. Ғиштлар бўлмаса бино бўлмаганидек, оилалар бўлмаса жамиятлар бўлмаслиги турган гап.
Ана ўша ғиштлар чиройли бўлса, иморат ҳам чиройли бўлади, ғиштлар пишиқ бўлса, иморат ҳам пишиқ бўлади.
Никоҳнинг, оила қуришнинг бундан бош-қа фойдалари ҳам жуда кўп. Шунинг учун ҳам Исломда никоҳга қаттиқ тарғиб қилинган.
Имом Шофеъийдан бошқа ҳамма уламоларимиз никоҳни ибодат дейишган. Улар, Аллоҳ ва Пайғамбар алайҳиссалом амр қилган иш ибодат бўлади, никоҳ айни шундоқ ишлардандир, дейишган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида:
«Ва бирингизнинг жинсий ҳожатида ҳам ажр бор», дейилган. Шунда кишилар, шаҳватини қондирса ҳам ажр бўладими? дейишганда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, ўша шаҳватини ҳаромдан қондирганда гуноҳ бўлармиди? Ҳалол йўл билан қондирганда савоб, бўлади», деган маънода сўз айтганлар.
Зино хавфи бор вақтда никоҳ ҳаждан олдинги ўринга қўйилади.
Имом Табороний ва Ҳокимлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимни Аллоҳ солиҳа аёл билан ризқлантирган бўлса, батаҳқиқ, динининг ярмига ёрдам берибди. Энди, иккичи ярмида Аллоҳга тақво қилсин», деганлар.
Ҳатто Зоҳирий мазҳабидагилар никоҳга тарғиб қилувчи шаръий далилларни ўз одатларича тушунишиб, мўътадил пайтида никоҳ фарз бўлади, дейишган.
Лекин ҳамма далилларни яхшилаб ўрганиб чиққан жумҳур уламолар никоҳнинг шаръий ҳукми ҳақида қуйидагиларни айт-ганлар:
Никоҳда бўлиш шариатга Қуръони Карим, суннати набавия ва Ислом умматининг ижмоъи орқали киргандир:
1. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бир неча оятларда мўмин-мусулмонларни никоҳда бўлишга, уйланишга, оила қуришга амр этган.
2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг кўплаб ҳадиси шарифларида никоҳга тарғиб қилганлар.
3. Ислом уммати, жумҳур уламолар доимо никоҳ зарур нарса эканига иттифоқ қилиб келишган.
Турли кишиларнинг ҳолатига қараб никоҳда бўлишлари ҳукми ҳам турлича бўлади:
1. Вожиб-Фарз.
Агар бир инсон никоҳли бўлмаса, зинога боришига очиқ-ойдин ишониб етса, никоҳга кетадиган сарф-харажатга эга бўлса, никоҳдаги шеригига зулм қилмасдан ҳақ-қини адо этишига ишонса, ундоқ одамга никоҳ вожиб бўлади.
Чунки мусулмон кишига ўз иффатини сақлаш, ҳаром ишдан тийилиш матлубдир.
Ислом шариатида вожиб нарсани қилиш учун керак бўлган нарсани қилиш ҳам вожибдир, деган қоида бор. Ўша қоидага шу ерда амал қилинади.
Киши ўз иффатини сақлаши, ҳаром ишга бормаслиги вожиб. Ўша вожибни қилиш учун никоҳ-уйланиш лозим. Демак, у одам учун уйланиш-оила қуриш вожиб бўлади.
2. Ҳаром.
Агар бир инсон никоҳланса, ўзининг никоҳидаги шеригига зулм қилиши ва зарар етказишига очиқ-ойдин ишониб етса, ундоқ одам учун оила қуриш ҳаром бўлади.
Бу ҳолатда Ислом шариатининг ҳаромга олиб борувчи нарса ҳам ҳаромдир, деган қоидаси ишга тушади.
Бировга зулм қилиш, зарар етказиш ҳаром. Ўша зулм ва зарардан иборат ҳаром иш никоҳ туфайли бўлиши аниқ бўлгани учун унга олиб борадиган йўл-никоҳ ҳам ҳаром бўлади.
3. Макруҳ.
Агар бир инсон никоҳланса ўзидан никоҳдаги шериги-жуфти ҳалолига нисбатан зулм ва зарар келишидан қўрқса, аммо тўлиқ ишонмаса, ундоқ одам учун никоҳ макруҳдир.
4. Суннати муаккада.
Мўътадил инсон учун, зинодан қўрқмайдиган, оила қурса жуфти ҳалолига зулм қилишдан, зарар етказишдан ҳам қўрқмайдиган киши учун оила қуриш суннати муаккададир.
Ушбу ҳолат кишилар орасидаги оммавий ҳолатдир. Ушбу ҳолат, унинг ҳукми оят ва ҳадисларнинг кўплари баён этган ҳолатдир.
Никоҳнинг, оилали бўлишининг суннати муаккада эканлигига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйланганлари ва никоҳда бардавом бўлганлари, саҳобаи киромлар ва кейинги авлодларнинг бу ишда бардавом бўлганлари далилдир. Ҳанафийлар: бу суннати муаккада вожибга тенг, дейдилар.
Ким бу ишни қилмаса тарки суннат қилган бўлади.
5. Мубоҳ.
Уйланишга рағбат қилдирувчи нарсалар ҳам, ундан манъ қилувчи нарсалар ҳам бўлмаган ҳолда никоҳ мубоҳ бўлади.
Ушбу зикр қилинган нарсалардан кейин никоҳ-оила қуриш динимиз тарғиб қилган ибодат эканлигини билиб олдик.
Эркакдир, аёлдир, ҳар бир мусулмон шахс оила қуришдек масъулиятли ишга ўзини уриши бор. Ана ўша ишга киришишдан олдин оила нима, у нима учун қурилади, оила қайси асосда қурилмоғи кераклигини билиб олгани яхши бўлади.
Ислом таълимотларига кўра оила қуйидаги асос ва мақсадлар бўйича қурилади:
1. Оила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари, исломий одоблар билан ўзини музайян қилиш учун қурилади. Ушбу одоб ва ахлоқлар оиладан ташқарида бўлиши мумкин эмас. Мисол учун меҳрибонлик, ҳалимлик, адолат ва ўзаро ёрдамни олиб кўрайлик.
Ушбу олий мақом ахлоқ намуналарининг намоён бўлиши, мустаҳкамланиши учун оила асосий макон эмасми? Агар оила бўлмаса, бу нарсаларга кўнгилдегидек сувратда эришиб бўладими? Бошқа одоб ва ахлоқларни ҳам шунга таққослаш мумкин. Аллоҳнинг оятига амал қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига эргашиб оила қурмоқдаман, деб ният қилган одам ҳақиқий ибодатни адо этган бўлади.
2. Оилавий ҳаёт, эр-хотинлик алоқасидан шарафли мақсадлар кўзда тутилиши керак. Оилага эру хотинга улуғ ва шарафли масъулиятларни юклайдиган шерик ҳайъ-ати деб қараш керак.
Эр-хотин ўша масъулиятларни адо этиш учун ҳимматларини олий қилиб, осонлик ва қийинчилик, кенглик ва торлик вақтларида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилишлари керак. Ўз оилаларини мустаҳкам қилиб, олийжаноб фарзандлар етиштириб, ватан учун фойда келтириш учун ҳаракат қилишлари керак.
Ўз навбатида келишган ҳолда ҳар ким ўзига хос ва ўзига юклатилган вазифаларни виждонан адо этиши лозим бўлади.
3. Эру хотин орасидаги оилавий алоқа муҳаббат, тақдирлаш, ўзаро тушуниш асосида бўлиши керак. Оилавий никоҳ алоқаси маънавий, руҳий ва отифий алоқадир. Бу алоқа доимий ва бардавом алоқадир. Шунинг учун ҳам бу алоқа муҳаббат, раҳм-шафқат асосида бўлиши керак.
Ана ўша маъноларни ўзига сингдириб олган ҳолда оила қуришга ҳаракат қилиш керак.
Динга хизмат қилиш учун уйланмаслик шарт эмас. Агар ўйлаб кўриладиган бўлса, асосан динимизга уйланганлар хизмат қилганлар. Уйланмаганлар эмас. Валлоҳу аълам.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Баъзи эркаклар умумий ҳаммом ва сауналарда, чўмилиш ҳавзаларида битта калта иштонда трусида қолиб яланғочланишади. Шунда бошқа эркакларнинг беихтиёр назари давоми...

12697 16:05 / 24.05.2016
Ассалому алайкум Ҳурматли устозлар, бир танишим билан шерикликда қўй боқиб кўпайтирмоқчи эдик. Бошида мен 4 та қўзи сотиб олиб бераман, у эса уларни бир йил давоми...

5287 06:10 / 27.09.2018
Савол Ассалому алайкум Шайх ҳазратлари. Биз ҳозирги вақтда шимолий ҳудудда ишлаймиз, шу ердаги жомеъ масжиддан олган намоз вақтлари қуйидагича 22.07.2012 й., фажр 0052 давоми...

4086 03:55 / 13.06.2017
4савол .Аллоҳ таоло маишатпарстларга фосиқлик қилишни буюрганми,Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Алҳамдулиллаҳ васоллаллоҳу васаллама ва барока аъла Расулиллаҳ ва давоми...

1652 10:43 / 28.12.2022