1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Хулқимни қандай тузатсам бўлади?

14:19 / 24.04.2016 3751 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ёшим 21 да, мени қийнаётган нарса ўзимнинг ёмон хулқимдир. Беадаблигим туфайли қаерга борсам, ўша ерда ёмон таассурот қолдиришим, одамлардан танбеҳ эшитишим, уларнинг назаридан қолишим мен учун одат бўлиб қолди. Шу сабабли одамови бўлиб қолганман. Мен одоб-ахлоқ ва бошқа хилдаги китоблардан ўзимга йўл қидираман. Лекин бир ҳадисни эшитиб, энди менга бу хулқим қабримгача ҳамроҳ деб ўйладим. Ҳадисда келишича, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир тоғ ўрнидан бошқа ерга кўчиб қолибди дейилса, ишонинг. Аммо бир инсоннинг (Аллоҳ туғилганидан кейин, балки ундан аввал ёзиб юқтириб қўйган) хулқи (характери) ўзгариб қолибди, дейилса ишонманг!». Ўзимни, ён-атрофимни кузатиб, ҳадиснинг тўғри эканига гувоҳ бўляпман. Бунга мисол, ўзимнинг сабрсизлигим, ҳаракатларимнинг совуқ ва палапартишлиги, айниқса иш қилаётиб ёки овқат пайтида қўлимнинг ўзидан ўзи ҳар томонга ҳаракатланиб кетавериши, эсимнинг пастлиги, қўрқоқ ва нодонлигим, кўнглимнинг торлиги, тор фикрлашим ва чуқур тушуна олмаслигим, сўзларимни одамларга аниқ-равшан ва тиниқ айта олмаслигимни келтираман. Мен энди нима қилишим керак?

ЖАВОБ: Ахлоқ «хулқ» сўзининг кўплиги бўлиб, инсонда шаклланадиган хулқ-атворни билдиради. Баъзи уламолар ахлоқни «ироданинг одати» деб ҳам таъриф қилган. Яъни, ирода ўзига бир нарсани одат қилиб олса, ўша ахлоққа айланган бўлади. Мисол учун, кишининг иродаси хайр-эҳсон қилишга азму қарорли бўлиб қолса, ўша карамли хулқ дейилади.

Ислом динида ахлоқий тарбия диний тарбиянинг ажралмас қисми, десак муболаға қилмаймиз. Зеро, дин яхши деб ҳисоблаган ва даъват этган нарсалар эзгулик, ёмон деб ҳисоблаган ва ман этган нарсалар эса ёвузликдир. Шунингдек, дин буюрган, ҳаётда ва муомалада касб этишга тарғиб этган ахлоқ ва фазилатлар Ислом жамиятида қадрият, ҳусни хулқ ва маънавий фазилатлар ҳисобланади. Ахлоқий дунё ўз табиатига кўра динийдир. Ахлоқи ва муомаласи гўзал бўлмаган мусулмоннинг дини ҳам мукаммал ҳисобланмайди.

Қадимдан ахлоқ илми уламолари «Одамдаги ахлоқлар унинг яратилишида қўшиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими?» деган саволга жавоб беришда ихтилоф қилишган. Улардан баъзилари, яхши ва ёмон ахлоқ инсон яратилган чоғида қўшиб яратилади, ахлоқни кейин касб қилиб бўлмайди, деганлар. Бошқа бир гуруҳ ахлоқ илми уламолари эса, инсон туғилганда ҳеч қандай фазилат ёки разилатсиз туғилади, унда қандай хислат бўлса, туғилганидан кейин пайдо бўлади, деганлар.

Ахлоқ илми уламолари айтишларича, ота-онасида мавжуд бўлган баъзи ахлоқлар хамиртуриши инсонга онасининг қорнидалик пайтида ўтади. Аллоҳ бандани халқ қилиш чоғида ахлоқ қобилиятини қўшиб яратади. Инсон ўсиши жараёнида тарбия, муҳит ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади. Шунинг учун ҳам Исломда хулқни сайқаллашга алоҳида эътибор берилади. Бу иш ҳар бир мусулмон учун лозим ва лобуд ишлардан бири даражасига кўтарилади.

Имом Ғаззолий «Яхши хулқ фазилати ва ёмон хулқ мазаммати ҳақида» сарлавҳаси остида ёзганларидан қисқартиш ила қуйидагиларни келтиришга ижозат бергайсиз: «Кўпинча хулқнинг яхшилиги халқ (яратиш) билан бирга зикр қилинади. Фалончининг хулқи ҳам, халқи ҳам гўзал дейилади. Бу унинг ичи ҳам, сирти ҳам яхши, деганидир. Хулқдан мурод ички суврат, халқдан мурод ташқи сувратдир. Зотан, инсон жасад ва нафсдан иборатдир. Жасад тан кўзи ила, нафс қалб кўзи ила идрок қилинади. Уларнинг ҳар бирининг ўзига яраша шакли-шамойили ва чиройли ёки хунук суврати бор. Қалб кўзи ила идрок қилинадиган нафс тан кўзи билан идрок қилинадиган жасаддан улуғдир. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло уни улуғлаган ва: «Албатта, мен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан башар яратгувчидирман. Бас, қачонки уни тўғрилаб бўлганимда ва ичига Ўз руҳимдан пуфлаганимда, унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинг» (Ҳижр, 28-29), деган».

Бу оятда Аллоҳ таоло жасад лойга мансуб экани ва руҳ Ўзига мансуб эканининг хабарини берди. Хулқ нафсдаги мустаҳкам ҳайъатдан иборат бўлиб, ундан амаллар фикр ва ўйлашсиз енгиллик ва осонлик ила содир бўлади. Агар амаллар яхши бўлса, яхши хулқ деб, ёмон бўлса, ёмон хулқ деб аталади.

Баъзи бир дангасалик танасига сингиб кетган ва риёзатни ёқтирмайдиган кишилар худди ташқи сувратни ўзгартиб бўлмаганидек, ахлоқларни ҳам ўзгартишни тасаввур қилиб бўлмайди, дейдилар. Бу мутлақо нотўғри гап. Агар ахлоқни ўзгартириб бўлмаса, ваъз-насиҳатларнинг, танбеҳларнинг маъноси бўлмас эди. Ўзимиз овлаб келинган ваҳший ҳайвоннинг уй ҳавонига айланаётганини кўриб туриб ҳам қанақасига ахлоқнинг ўзгаришини инкор қиламиз?! Ит таомни емай тарк қилишни, от чиройли юришни ўрганади. Фақат баъзилари осонлик билан, бошқалари қийинчилик билан ўрганади, холос.

Баъзилар асли яратилганда бор нарсани ўзгартириб бўлмайди, деган хаёлда бўладилар. Билиш керакки, мақсад мазкур сифатларни бутунлай йўқ қилиб ташлаш эмас. Балки риёзат чекиб уринишдан мақсад шаҳватларни ифрот ва тафритнинг ўртаси бўлган мўътадилликка қайтаришдир. Уларни тамоман йўқ қилиб юбориш мумкин эмас. 

Зотан асл яратишда шаҳват фойдаси борлиги учун, зарур бўлганидан яратилган. Мисол учун, таом шаҳвати кесилса, инсон ҳалок бўлиши, жинсий шаҳват қирқилса, насл кесилиши турган гап. Агар ғазаб бутунлай йўқ бўлса, одам ўзини ҳалок қиладиган нарсадан ҳам ҳимояланмай қўяди. Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида: «Ва ғазабни ютадиганлар» (134-оят), деган. Ғазабни йўқотадиганлар деган эмас.

Шунингдек, таом шаҳватида ҳам баднафслик билан ўта чимхўрлик орасидаги мўътадиллик матлубдир. Аллоҳ таоло Аъроф сурасида: «Еб-ичинг ва исроф қилманг» (31-оят), деган.

Фақат билиб қўйиш керакки, муршид шайх ўз муридида ғазаб ёки шаҳватга мойилликни кўрса, уни мўътадиллика қайтариш учун мазкур икки нарсани мутлақо ёмонлаб ташлаши керак. Нафс риёзатидан мурод мўътадиллик эканига далиллардан бири шуки, сахийлик шариатда талаб қилинган хулқ бўлиб у ўта мумсиклик билан исрофгарчиликнинг ўртасидаги бир ҳолдир. Аллоҳ таоло уни мадҳ этиб, Фурқон сурасида: «Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар» (67-оят), деган.

Ушбу мўътадиллик гоҳида Аллоҳ таоло берган комил табиат ила ҳосил бўлади. Кўп болалар биров ўргатмаса ҳам ростгўй, сахий ва ҳалим бўлиши шундан. Гоҳида мазкур мўътадилликни касб қилиб топиш керак бўлади. Бунда нафсни кўзланган хулқни жалб қилувчи амаларни қилишга мажбурлаш керак бўлади. Демак, ким олий ҳимматлилик хулқини ҳосил қилишни ирода этса, бир нарсаларни сарфлашда олийҳимматлилар қиладиган ишларга ўзини мажбурласин, токи табиати ўша хулққа мослашсин. Шунингдек, тавозули бўлишни истаганлар ўзини тавозулиларнинг ишини қилишга мажбурласин. Бошқа гўзал ахлоқлар ҳам шунга ўхшаш. Чунки одатланиш ва бардавомликнинг бу ишларда таъсири кучли бўлади. Аксинча, яхшиликни тарк қилиш бардавом бўлса, у ҳам салбий таъсир қилиши турган гап. 

Фазилатларга сабаб бўладиган нарсаларни қилиш ҳам инсон нафсига таъсир қилиб, унинг табиатини яхшилик томон буришга омил бўлиши мумкин. Гоҳида аҳли фазл кишиларнинг суҳбатида бўлиш ила яхши хулқлар касб қилинади. Чунки, инсон табиати яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам ўғирлайди». 

Имом Ғаззолий ғазабнинг даражалари ҳақида сўз юритганда жумладан: «Одамлар ғазабнинг қувватида уч даражада: тафрит (камчилик), ифрот (ортиқчалик) ва мўътадилликда бўлурлар» деганлар. «Қалб хасталиги ва тузалгани аломатлари»да қуйидагиларни айтадилар: «Қалб хасталиги яширин бўлади. Уни беморнинг ўзи ҳам сезмайди. Сезганда ҳам даволаш қийинчиликларига сабр қила олмайди. Чунки уни даволаш учун ҳавойи нафсга хилоф қилиш лозим. Сабр қилса ҳам ҳозиқ табиб топиш керак бўлади. Қалб беморликларининг табиблари уламолардир. Қалбнинг беморлиги даволаниб соғайиши қандай бўлади? Бунда уни қайси хасталикдан даволанишига қаралади. Мисол учун, бир қалбни бахиллик хасталигидан даволаш керак. Уни молу мулкни сарфлашни ўргатиш ила даволанади. Аммо эҳтиёт бўлинмаса сарфлаш ҳаддидан ошиб исроф даражасига ўтиб кетиши мумкин. Исроф ҳам дард. Демак, бир дарддан бошқа дардга ўтилибди. Мақсадга эришиш учун эса мўътадил бўлиш керак. Ана ўшанда бахиллик ва исрофгарлик дардларидан фориғ бўлиб соғайган бўлади».

 Фақат яхши ахлоқлардан яхши амаллар содир бўлади. Ҳар бир шахс ўзининг сифатлари ва ахлоқларига диққат билан назар солсин. Нуқсонларини бирин-кетин тузатишга ўтсин ва бу ишнинг аччиғига азм ила сабр қилсин. Кейинроқ қилган иши ўзига ёқиб қолади. Бу худди кўкракдан ажратилган бола олдин ажрашга кўнмай, ажрагандан кейин кўкрак тутилса афтини буруштириб қочганига ўхшайди».

«Қорин ва фарж шаҳватини синдириш» бобида имом Ғаззолий жумладан ёзадилар: «Баъзи бир зоҳидлар оз таом емоқда ва очликка чидашда муболаға даражасига ўтиб кетганлар. Бу нотўғри ва мўътадилликдан оғиш даражасига етган ишдир. Таомланишдаги мўътадиллик бир оз иштаҳа қолганда ейишдан тўхташдир. Бундан энг гўзал ҳолат Пайғамбаримизнинг «Таом учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва ҳавоси учун учдан бир», деганларидир.

Мўътадил овқатланиш ила бадан соғ бўлади ва беморликнинг олди олинади. Сурункали камовқат бўлиш қувватни олади. Баъзи қавмлар таомини озайтиравериб фарз амалларда ҳам нуқсонга йўл қўядиган бўлиб қолганлар. Ўзларича, жоҳилликлари туфайли буни фазилат деб ўйлаганлар. Аслида ундай эмас. Улуғларимиздан ким очликни мадҳ қилган бўлса, албатта, ўртача – мўътадил бўлишни кўзда тутганлар. Ўта тўйиб юришга одатланиб қолган кишиларнинг қорин шаҳватини синдириш бўйича риёзатлари қуйидагича бўлади. У одам вақт ўтиши билан оз-оздан таомини камайтириб боради. Аввал айтиб ўтилган мўътадиллик ҳолатига етганда тўхтайди. 

Зотан ишларнинг яхшиси ўртачасидир. Яхшиси ибодатдан ман қилмайдиган ва қувватнинг боқий қолишига сабаб бўладиган таомларни емоқдир. Овқатланувчи очликни ҳам, тўйганликни ҳам сезмайдиган бўлсин. Ана ўшанда бадан соғ, ҳиммат жам ва фикр соф бўлади. Кўп овқатланиш уйқуни кўпайтиради ва зеҳнни паст қилади ҳамда бошқа хасталикларга сабаб бўлади» (Аллоҳ билувчидир). 


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволҲазрат, ҳозирги кунда ҳамма кияётган кичкина маҳсидан менда ҳам бор ва мен хам шунга масҳ тортаман. Бир куни бехосдан кўлмак сувни босиб олдим ва дарров давоми...

4434 18:37 / 21.08.2017
СаволКеча бир биродаримиз билан бирмасалада иҳтилофга бордик. У киши йўллардаги йўл ҳаракат белгиларини нотўғри қўйилганини шу соҳада ишлайдилар, емишки, айрим давоми...

4981 13:30 / 12.12.2017
СаволАссалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари Оиламиз ҳожатхона қоғози ишлаб чиқаради. Қонунчиликда айтилганидек патент қоғознинг биринчи муқовасида оиламиз давоми...

4758 09:05 / 19.09.2017
СаволАссалому алайкум Бизнинг дарахтлар экилган боғимиз бор. У ерда асосан олма, гилос дарахтлари ўсади. Ариқдан келадиган сув билан суғорамиз. Олма ва гилос давоми...

4057 09:05 / 15.09.2017