1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Моҳиятни англаш сари

20:00 / 15.04.2020 3477 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Милодий еттинчи аср боши, олам жаҳолат ботқоғида ётган бир аҳвол эди...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик вазифаси юкланишидан икки йил олдин, қамарий ҳисобда 38 ярим ёшга етганларида, Аллоҳнинг ҳикматли тадбири ила узлатда ёлғиз қолиш истаги пайдо бўлди. Ҳар йили Рамазон ойида ҳаётнинг икир-чикирларидан, одамларнинг майда-чуйда ташвишларидан узилиб, Ҳиро ғорига борар, тўлиқ бир ой «муроқаба»1 ва «таҳаннус»2 ибодатларини қилар, йўловчи мискинларга таом берар эдилар.

Нур тоғидаги Ҳиро ғоридан шаҳарлари кафтдек кўриниб турарди. Маккадан икки милча (3,5км) узоқликда жойлашган бу ғор3 кичик бир уйдек бўлиб, узунлиги тўрт зироъ (2,5м), эни 1,75 зироъ (1м) эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айни камолга – қирқ ёшга етганларида, аниқроғи, таваллудларига қамарий ҳисобда 40 йил-у 6 ой тўлганида, Ҳиро ғоридаги узлатларининг учинчи йили Рамазон ойида Аллоҳ таоло у зотни оламларга раҳмат пайғамбари этиб танлади. Илк ваҳийни (бир ҳисобга кўра,) Рамазон ойининг охирги ўн кунидаги биринчи кечада, яъни, 21-Рамазонда4 нозил қилди. Ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом воситасида Қуръони каримдан илк таълимотни берди – «Алақ» сурасининг дастлабки беш оятини нозил қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илк дафъа фариштага рўпара келишдан юраклари титраган ҳолда уйга қайтдилар. Бўлган ишларни жуфти ҳалоллари Хадича розийаллоҳу анҳога сўйладилар. Шунда Аллоҳ таоло суюкли пайғамбари кўнглида кўтарилган ҳовур ва қўрқувни оқила онамизнинг оқилона сўзлари, самимий тилаклари ила бостирди. Сўнгра эса, аҳли китоб олимларидан бўлмиш Варақа ибн Навфалнинг илмий гувоҳликлари билан кўнгилларига янада хотиржамлик индирди. Оқибатда, Муҳаммад алайҳиссалом Ҳиро ғорида олдларига келган зот ваҳий фариштаси эканига, ўзларининг охирзамон пайғамбари этиб танланганларига амин бўлдилар, қўрқувлари ҳам аригандай бўлди.

Бироқ, иккинчи ваҳий бир оз кечикди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хавотирга тушдилар ва Жаброил фариштани излаб, Ҳиро ғори сари йўл олдилар, бир ойлик ибодатларини қолган жойидан давом эттирдилар.

Ибн Ҳажар Асқалоний: «Бу иш (яъни, иккинчи ваҳийнинг кечикиши) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда пайдо бўлган табиий қўрқувни кетказиш ва У зотда яна ваҳийнинг қайтишига соғинч уйғотиш учун бўлган», дейди5. Бинобарин, ваҳийни соғиниш ва уни орзиқиб кутиш ҳисси кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг собит туришларига сабаб бўлди.

Муҳаммад ибн Саъд Басрий[6]нинг Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан қилган ривоятида айтилишича, биринчи ваҳий билан иккинчи ваҳий оралиғидаги муддат “бир неча кун” давом этган7.

Иккинчи ваҳийнинг келиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари шундай деганлар: «Ҳирода бир ой турганимдан сўнг, тушиб келаётиб, водийга етганимда мени кимдир чақирганини эшитдим. Ўнг томонимга ҳам, чап томонимга ҳам, олдимга ҳам, орқамга ҳам қараб, ҳеч кимни кўрмадим. Тепага қарасам, Ҳиро ғорида олдимга келган ўша фаришта осмон билан ер оралиғида курсида ўтирибди. Қаттиқ қўрққанимдан ерга ётиб қолдим. Сўнг Хадичанинг олдига келиб: «Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар, бошимдан муздек сув қуйинглар», дедим. Мени ўраб қўйишди, бошимдан муздек сув ҳам қуйишди. Шунда: «Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да, (инсонларни охират азобидан) огоҳлантиринг! Ёлғиз Роббингизни улуғланг! Либосларингизни пок тутинг! Бутлардан йироқ бўлинг!» оятлари8 нозил бўлди... Сўнг ваҳий кетма-кет туша бошлади».9

Мазкур маълумотлардан ажойиб бир хулоса келиб чиқади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳиро ғорига ҳар йили бир ой, яъни, Рамазон ойида борардилар. Бу иш пайғамбарликдан олдин қаторасига уч йил давом этган. Узлатнинг сўнгги йилида пайғамбарлик келган эди. У зотнинг Ҳиро ғоридаги ибодатлари Рамазон ойи тамом бўлиши билан ниҳоясига етар ва шундан сўнг шаввол ойининг биринчи куни тонг пайтида уйларига қайтардилар. Юқорида зикри ўтган саҳиҳ ривоятда айтилишича, иккинчи ваҳий у зот ғорда бир ой турганларидан сўнг уйларига қайтаётганларида нозил бўлган. Демак, бундан англашиладики, иккинчи ваҳий Рамазон тугагандан кейин шаввол ойининг биринчи куни келган. Агар биринчи ваҳий рамазон ойининг йигирма биринчи кечаси тушган, десак, икки ваҳий ораси ўн кун бўлгани ҳисоби келиб чиқади.

Энди бу ишнинг моҳиятига эътибор берадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий фариштасини излаб, рамазоннинг охирги ўн кунини Ҳиро ғорида ўтказдилар.

Кейинчалик умрлари давомида ҳар йили рамазон ойининг охирги ўн кунида эътикоф ўтирдилар10 ва биз умматларига ҳам Қадр кечасини мана шу кунлардан излашимизни буюрдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойининг охирги ўн кунида ваҳий фариштасини излаб, тунларни ибодат билан ўтказиб, охири мақсадларига етган бўлсалар, биз у зотнинг умматлари ҳам рамазоннинг охирги ўн кунида, ҳеч бўлмаса, тоқ тунларида Қадр кечасини излаб, ибодат билан бедор бўлсак, иншааллоҳ, кўп яхшиликларга эришамиз.

Зеро, Рамазон ойининг охирги ўн кунининг тоқ кечаларидан бирида Қадр кечаси яширилган, у эса, Қадр кечаси бўлмаган қамарий минг ойдан яхшироқдир. «Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, демак, у кўп яхшиликлардан маҳрум бўлибди»11.

Аҳмад ибн Ҳажар Асқалоний: «Аржаҳ12 қавлга биноан, Қадр кечаси ҳар йили мазкур тоқ кечаларда биридан бирига кўчиб юради», деган13. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари: «Уламоларимиз: «Қадр кечаси бир йил у кечада, бир йил бу кечада бўлиб, кўчиб юради», деган фикрни айтганлар», деб ёзадилар14.

Энди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазондаги бир ойлик ибодатларини тўлиқ бажариб, шаввол ойининг биринчи куни уйга қайтганларида орзиқиб кутган иккинчи ваҳий нозил бўлган экан, бу ҳол у зот учун хурсандчилик-байрам эди. Биз ҳам Рамазон ойидаги барча ибодатларимизни адо этиб, вазифаларимизни тўлиқ бажариб, эртасига шаввол ойига юзланар эканмиз, «шу кунларга етказганингга шукр» деб, байрам қилсак, қандай улуғ бахт.

Рамазон ойининг охирги ўн куни эътикофга хосланишидаги, шунингдек, шаввол ойининг биринчи кунини ҳайит-байрам қилиб белгиланишидаги ҳикматлар беқиёсдир.

Фойдаланилган манбалар:

[1] “Муроқаба” – борлиқ ва унинг ортидаги бир илоҳий қудрат ҳақида тафаккур қилиш.

[2] “Таҳаннус” – гуноҳлардан сақланиш ва руҳий покланиш.

[3] “Ғор” калимаси араб тилида “тоғдаги бир-икки киши сиғадиган, йўнилган-ўйилган кавак-уйча”га ишлатилади. Бизнинг тасаввуримиздаги катта ғорга эса, “Каҳф” калимаси ишлатилади.

[4] Биринчи ваҳий рамазоннинг айнан қайси кечаси нозил бўлгани хусусида турли фикрлар мавжуд бўлиб, биз улардан рамазон ойининг йигирма биринчи кечасини танладик ва бу борада “Фатовош шабакатил исломия” фатво маркази мудири доктор Абдуллоҳ фақиҳ, “Мавсуъатул буҳуси вал мақолотил илмия” китоби муаллифи Шайх Али ибн Нойиф Шаҳҳуд, “Расулул Ислом Муҳаммад” китоби муаллифи Шайх Ислом Маҳмуд Дирбола, “Ар раҳиқул махтум” китоби муаллифи Шайх Сафиюр Раҳмон Муборакфурий ва “Ал мавсуъатул исломиятул муосира”, “Барномажу истиқболи ва мутобаъатил муслимийнал жудуд” китоблари муаллифларининг илмий баҳсларига таяндик...

[5] “Фатҳул Борий”, 1-жуз, 27-бет.

[6] Ҳижрий 230 йил вафот этган.

[7] “Ат табақотул кубро”, 8-жуз, 129-бет.

[8] Муддассир сураси, 1 – 5-оятлар.

[9] Имом Бухорий (8/445-447) ва имом Муслимлар (1/144) ривояти.

[10] Фақат вафот этган йили йигирма кун ўтирганлар.

[11] Аҳмад ибн Ҳанбал, Насоий, Байҳақий, Ибн Абу Шайба ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти, исноди саҳиҳ.

[12] “Аржаҳ” – вазни оғирроқ, салмоқлироқ, эҳтимоли кўпроқ, ҳақиқатга яқинроқ.

[13] “Фатҳул Борий шарҳу саҳиҳил Бухорий”.

[14] “Ҳадис ва Ҳаёт”, 9-жуз, 159-бет.

Абдул Азим Зиёуддин

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Арафа кунидан афзал кун, қадр тунидан афзал тун йўқ. Бу иккисида қилинган дуо илтижо энг яхши солиҳ амаллардан бўлиб, ижобат бўлиши ҳам аниқроқдир. 2. Ҳажга давоми...

1387 11:00 / 27.06.2023
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, сийратлари ва ҳадисларида ҳам ҳаё ҳақида маълумотлар кўп.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

2528 09:02 / 09.11.2018
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳуга .Эй мўминларнинг амири Аллоҳга қасамки, Исломни қабул қилганингиз динга ёрдам бўлди. Амирлигингиз фатҳларга давоми...

1396 07:10 / 20.05.2019
Исломда қандай сарфхаражат бўлмасин, унда исрофга йўл қўймаслик доимий равишда таъкидланади. Бу маъно Қуръони карим оятларида ва Набий соллаллоҳу алайҳи давоми...

3148 08:30 / 15.12.2018
Аудиолар

135367 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55615 14:35 / 11.08.2021