1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дўст ҳижронига сабр қилишнинг мукофоти

17:00 / 13.07.2019 3328 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу шундай имтиҳонки, мукофоти мутлақо жаннатдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилганини баён этадилар:

Дунёда бирорта яхши кўрган дўстини олган вақтимда, (сабр қилиб) ажрини Аллоҳдан кутган мўмин бандамнинг ҳузуримдаги бадали жаннатдир.” (Бухорий, “Риқоқ”, 6)

Ушбу ҳадиси қудсийнинг маъноси Аллоҳдан, лафзи эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васлламдандир. Кўрниб турганидек, бу ерда сўз бевосита Аллоҳ таолога изофа қилинмоқда. Яхши кўрган дўстини йўқотган мусулмонга тасалли бериб, уни чиройли сабрга ундаш ҳамда Аллоҳ таолонинг ваъдасини эслатиш, ўша қайғули ҳолатда унга айтилмоқчи бўлган сўзларнинг энг яхшиси ва энг таъсирлиси бўлишига шубҳа йўқдир. Меҳрибон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёга яна бир карра қайтиши имконсиз бўлган, жиддий имтиҳон бўлмиш ўлимга чиройли сабр ва ризолик кўрсатиб, айнан шу ҳаракат эвазига Аллоҳнинг ҳузуридан жаннат неъматини қўлга киритиш мумкинлигини эслатиш билан биз умматларини жуда ҳам чиройли тарзда тарбия қилмоқдалар.

Ушбу ҳадисда иккита нозик нуқтага эътибор қаратилмоқда:

Биринчиси, ўлим Аллоҳ таолонинг иродаси ва хоҳиши билан рўй берилишидир. “Дунёда бирорта яхши кўрган дўстини олган вақтимда” ибораси айнан шунга далолат қилмоқда. Демак, олувчи ҳам берувчи ҳам Аллоҳ эканини ҳеч қачон унутмаслик лозим экан.

Иккинчиси, бундай катта йўқотишга учраб ажрини фақатгина Аллоҳдан кутиб чиройли сабр ва комил иймон эгаси эканини намоён этаётган мўмин банда ҳеч қачон янглишмайди ва албатта жаннатни қўлга киритиши маълум бўлмоқда.

Умуман олганда мўмин банда бошига келадиган ҳар қандай мусибат беҳикмат эмаслигини унутмаслиги лозим. Инсоннинг бу дунёдаги яқин дўсти ота-онаси, ака-укалари, фарзандлари, устозу шогирдлари, яқин биродалари бўлиши ҳам мумкин. Бу фоний дунёда ҳар бир жон эгаси борки, бир кун келиб албатта аччиқ ажал шаробини татишга мажбурдир. Шундай экан, ушбу ҳадисда яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратилмоқда. Гарчи бу ҳадиси қудсийда дўстини йўқотган мусулмон катта имтиҳонга дуч келиб катта ажр соҳиби бўлиши баён этилаётган бўлсада, бошқа тарафдан айнан шу имтиҳон сабаб катта йўқотишга гирифтор бўлиб қолмасликка даъват этилмоқда. Яъни банда шайтон ва нафснинг гапига кириб, Аллоҳнинг бу ишидан норози бўлиб, шошма-шошарлик қилиб мўминнинг одоб-ахлоқига тўғри келмайдиган хатти-ҳаракатлар, гап-сўзлардан ўзини тийиши ва катта гуноҳлар қилиб қўймаслиги лозим. Аксинча, ҳар бир иш Аллоҳнинг иродаси билан бўлаётганини қалби билан ҳис этиб, чиройли сабр қилиб, ажрини Аллоҳдан кутиши энг мақбул йўл эканини унутмаслиги керак. Ҳаммасидан олдин айнан шу ҳақиқат хотирага олинса, барча ноўрин ҳаракатларга нуқта қўйилади ва бу энг тасалли берувчи омил бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини Аллоҳ таолонинг мана шу танбеҳларидан огоҳ этиб, зарурий хулослар чиқариб олишга ундамоқдалар.

Демак, ҳадиси қудсийдан ўрганганларимиз шулардан иборат бўлмоқда:

1. Инсон учун яқин дўстини йўқотиш катта мусибат экан.

2. Катта мусибатларга қийин бўлсада чиройли сабр қилишнинг эвази ҳам катта бўлишлиги маълум қилинмоқда.

3. Бошга тушган бало ва мусибатларни чиройли тарзда қабул қилиб, яхши муносабатда бўлиш, ажрини фақат Аллоҳдан кутиш мўминнинг сифатларидан экан.

4. Мўмин кишигина бажарган солиҳ амали учун Аллоҳ ҳузурида ажр олиши мумкин экан.

Аллоҳ таоло Ўзи рози бўлган амалларга Ўзи рози бўладиган тарзда муносабатда бўлиб ҳаёт кечиришмизни ҳаммамизга насиб этсин.

 “Риёзус-солиҳийн” асари асосида Улуғбек Султон таёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Абдуллоҳ Ансорий ndash Абул Ҳасан Ҳаётийдан ривоят қилади .Мисрга бориб, шайх Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Дуколийнинг беморлигини эшитдим. Уйини топиб бориб, ичкарига давоми...

3093 08:00 / 11.06.2020
Исмоил ибн Абдуллоҳ Хузоий айтади Бармакийлар ҳукмронлиги пайтида Басра шаҳридан бир киши ўз юмуши билан келди. Ишини битиргач, Басрага яна қайтиб кетди. Ёнида давоми...

7099 12:30 / 01.06.2019
Савол рўзани очмайдиган ва макруҳ бўлмаган амаллар қайсиларЖавоб рўзани бузмайдиган ва макруҳ бўлмаган амаллар ушбулардир1. Сурма қўйиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

2259 19:31 / 16.05.2020
Яқин ўн йилларда содир бўлган бу воқеани ўз қулоғи билан эшитган муҳтарам устозларимиздан бирининг айтганлари менга шунчалик таъсирли бўлдики, ҳамон барча давоми...

6569 14:00 / 17.01.2020
Аудиолар

210859 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130124 14:35 / 11.08.2021