1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дам солиш ҳақида нималарни биламиз (биринчи мақола)

09:20 / 16.10.2019 11806 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дам солиш дейилганда Аллоҳ таолонинг китоби Қуръони Карим оятларини ва Аллоҳ таолонинг исмларини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган дуоларни ўқиб паноҳ тилаш кўзда тутилади. Биз ўрганаётган дам солиш ҳақидаги масалада бир оз ихтилоф бор.

Баъзи бир ҳозирги ўзгаришлардан ўта таъсирланиб кетган томонлар дам солиш масаласини йўққа чиқаришга, тибга аҳамият бериш керак, дам солиш шариатда йўқ нарса, дейишга уринадилар. Улар ўзларининг бу мавқифларида муболағага кетадилар.

Бошқа бир тоифалар эса, ҳамма нарса дам солишда, у билан ҳар қандай дардни даволаса бўлади, дейдилар. Улар ҳам муболағага йўл қўядилар.
Ҳар икки томон ҳам ўз фикрини қўллаш учун оятларни ўз услуби ила таъвил ва ҳадиси шарифларни ўз услуби ила шарҳ қиладилар.

Аслини олганда бу борадаги ояти карималар ва ҳадиси шарифларни тўлиқ ва яхшилаб ўрганиб чиқилса, иш ўртача экани аён бўлади.

Тибга хос хасталикларни у орқали даволаш керак. Дам солишга оид хасталикларни у билан даволаш ва дам солишга эҳтиёжи бор кишиларга дам солиш керак.

Кези келганда дам солишни узоқ муддат инкор қилиб юргандан сўнг замонавий тиб ҳам эътироф қилганини, уни дам солиш, демаса ҳам руҳий даволаш, деб атаётганини ҳам айтиб ўтишимиз лозим.

Илмий изланишлар хаста инсоннинг тузалиши учун, унга нисбатан қилинаётган муолажанинг таъсирли бўлиши учун унинг руҳий ҳолати, ихлоси ўзига яраша яхши ҳолатда бўлиши кераклигини исбот қилди.

Ҳозирда психологлар номи билан кишиларнинг руҳиятини билувчи уларга маслаҳатлар берувчи, турли нарсаларни, жумладан, мусиқа тинглаш, беҳуда нарсаларни ўйламаслик ва шунга ўхшаш одамнинг руҳий ҳолатини, ишончини қувватлашга қаратилган нарсаларни тавсия берувчи мутахассислар ишламоқдалар. Ўзимиз ўйлаб кўрайлик, мана шу масалада хаста кишини Аллоҳ таолодан ихлос билан шифо сўрашга ва, албатта, У зот менга шифо беради, деб ишонишга даъват қилишдан ҳам кучлироқ руҳий таъсир бўлиши мумкинми?

Аллоҳ таолонинг китобидан ўқиб ўзига-ўзи дам солишдан ёки бирор тақводор, шу ишнинг ҳадигини олган кишига дам солдиришдан ҳам кучлироқ руҳий таъсир бўлиши мумкинми?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўқиган дуоларини ўқиш ёки ўқитишдан ҳам кучлироқ руҳий таъсир бўлиши мумкинми?

Шунинг учун ҳам дам солиш бор, лекин, фақатгина шариат кўрсатган доирада, ҳажмда ва услубда бўлиши керак, деймиз.

Уламоларимиз дам солиш ҳақлигига қуйидаги ояти каримани далил қилиб келтирадилар:

«Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қиламиз».

Уламоларимиз, ушбу ояти каримада келган «шифо» сўзи ҳам маънавий, ҳам моддий шифони ўзида мужассам қилган, дейдилар.
Имом Ибн Можа ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Давонинг яхшиси Қуръондир», деганлар.

Ундан кейин дам солиш ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар бор. Шунинг учун ҳам муҳаддисларимизнинг барчалари ўз китобларида «Тиб ва дам солиш китоби» сарлавҳаси остида ўша ҳадисларни келтирганлар. Чунки бу икки масала бир-бири ила чамбарчас боғлиқдир.

Энди Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолимизда дам солишга оид ҳадиси шарифларни ўрганишга киришамиз.

Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Жоҳилият даврида дам солар эдик. Бас: «Эй Аллоҳнинг Расули, энди қандоқ дам соламиз?» дедик. Шунда у зот: «Менга дам солишингизни кўрсатинг-чи? Модомики, ширк бўлмаса, дам солиш ҳеч нарса эмас», дедилар».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Шарҳ: Авф ибн Молик розияллоҳу анҳунинг: «Жоҳилият даврида дам солар эдик», дейишларидан Ислом келгунча бўлган даврда дам солиш ривож топганини тушуниб олиш керак. У вақтларда соғлиқ борасидаги деярли ҳамма нарса дам солишга боғлиқ бўлиб қолган эди. Тиб деярли ўз мақеъини йўқотган эди. Дам солиш эса, асосан бутхона ходимлари томонидан амалга оширилиб, Аллоҳ таолога ширк келтиришнинг ривож топган бир турига айланиб қолган эди. Шунинг учун ҳам Исломнинг дастлабки таълимотлари билан танишган одамларда бу нарса тўғри эмаслиги ҳақида тушунча пайдо бўлар эди. Ана ўша тушунчадан келиб чиқиб одамлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, энди қандоқ дам соламиз?» дедилар. «Шунда у зот: «Менга дам солишингизни кўрсатинг-чи? Модомики, ширк бўлмаса, дам солиш ҳеч нарса эмас», дедилар».

Демак, дам солишга рухсатнинг асосий шарти унда зинҳор ва зинҳор Аллоҳ таолога ширк келтириш бўлмаслиги зарур экан.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Биздан бир кишини чаён чақиб олди. Ўшанда биз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Шунда бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, дам солайми?» деди. «Сиздан ким ўз биродарига наф беришга қодир бўлса, берсин», дедилар у зот».

Шарҳ: Бундан чаён чаққанда дам солиш жоиз экани чиқади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Менинг бир тоғам бор эди. Чаён чаққанда дам солар эди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, дам солишдан наҳий қилдингиз. Мен чаён чаққанда дам солар эдим», деди у. «Сиздан ким ўз биродарига наф беришга қодир бўлса, берсин», дедилар у зот».

Иккисини Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам олдинги маъно таъкидланмоқда. Хўш, заҳарли ҳайвонлар чаққанда дам солиш бор экан, нимани ўқиб дам солинади? Бу саволга жавоб топиш учун яна ҳадиси шарифларга мурожаат қиламиз.

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир гуруҳи сафарга чиқдилар. Араб маҳаллаларидан бирига тушдилар. Унинг аҳлидан ўзларига зиёфат беришни сўрадилар. Улар зиёфат беришдан бош тортдилар. Бирдан ўша маҳалланинг бошлиғини чаён чақиб олди. Унга ҳар нарса қилиб кўришди. Ҳеч нарса наф бермади. Шунда улардан баъзилари: «Анави келган қавмнинг олдига борсангиз, эҳтимол уларнинг баъзисидан бирор нарса чиқар», деди. Уларнинг олдиларига бориб: «Эй қавм, бошлиғимизни чаён чақиб олди. Унга ҳар нарса қилиб кўрдик. Ҳеч нарса фойда бермади. Сизларнинг бирортангизда бир нарса борми?» дедилар. «Бор. Аллоҳга қасамки, мен дам соламан. Лекин сизлардан бизни зиёфат қилишни сўрасак, зиёфат қилмадингиз. Бизга бир нарса атамагунингизча, дам солмайман», деди қавмдан бир киши. Бир қанча қўйга келишишди. У «Алхамду лиллаҳи роббил аъламийн»ни ўқиб дам сола кетди. Бемор худди боғлови ечилгандек ҳаракатга тушиб кетди. Ҳеч нарса кўрмагандек юриб туриб: «Уларга келишилган нарсани тўлиқ қилиб беринглар», деди ўз одамларига. Баъзилар, бўлишиб олинглар, дейишди. Аммо дам солган киши: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб бўлган нарсани айтмагунимизча ҳеч нарса қилмай туринглар. Кўрайликчи, бизларни нимага амр қилар эканлар», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганларида ўша нарсани зикр қилдилар. Шунда у зот: «Унинг дам солиш эканини сенга ким билдирди? Тўғри қилибсизлар. Тақсимлаб олаверинглар. Менга ҳам бир улуш беринглар», дедилар».

Ушбу ҳадиси шариф жуда ҳам машҳур. Ҳозирги кунларда ҳам тез-тез зикр қилиниб туради. Уни турли нарсаларга далил қилинади. Турли тортишувларга сабаб қилинади. Хусусан, дам солиш ва Қуръон ўқиш учун ҳақ олиш масаласидаги тортишувларда икки тараф ҳам айни шу ҳадисни зикр қилади.

Дам солиш тарафдорлари, ушбу ҳадис шариатимизда дам солиш борлигига далилдир. Саҳобийлардан бирлари дам солди, бемор тузалди ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда хабар эшитиб тасдиқладилар, дейдилар.

Уларга қаршилар эса, бу ҳадиси шарифда зикр қилинган ҳолат фавқулодда ҳолат, саҳобалар қийин вазиятга тушиб қолганларида Аллоҳ таолонинг Ўзи уларга осонликни муҳайё қилган. Бундан бошқа ҳолатларга ҳадиси шарифни умумлаштириб бўлмайди, дейишади.

(Давоми бор)

Islom.uz портали

Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, жорий йилнинг 24январь куни Туркияда кучли зилзила содир бўлган эди. Ушбу зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони биз мўмин мусулмонларни қайғуга солса, давоми...

4067 10:30 / 29.01.2020
Бароат кечасида Аллоҳ таоло махлуқотларига раҳмат назари билан қарайди ва унинг барокати сабабли бир неча кишилардан ташқари барча мағфират қилинади. давоми...

1813 18:53 / 06.03.2023
Бир имом жума мавъизасида жамоатга шундай деди Азизлар, мана анчадан бери ёмғир ёғмай, экинларимиз қуриш арафасига келиб қолди. Шунинг учун кейинги жумага давоми...

3219 15:00 / 23.06.2020
Ҳозирги глобаллашув даврида оммавий ахборот воситалари америкача маданият, маънавият ва ахлоқий кўринишларни дунё миқёсидаги маданият ўлароқ тарғиб этишга давоми...

5441 08:45 / 16.01.2019