1446 йил 25 жумадис сони | 2024 йил 27 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ар-Раҳмон (2)

19:01 / 07.06.2019 8863 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ар-Раҳмон

Улуғ неъматларни берувчи. 
Бу сифат фақат Аллоҳга хос бўлиб, барчага – мўминга ҳам, кофирга ҳам меҳрибон ва неъмат берувчи маъносини англатади.
Ар-Раҳмон сифатини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимга нисбатан ишлатиб бўлмайди. «Ар-Раҳмон» исми Қуръони каримда 45 ўринда зикр қилинган бўлиб, олти ўринда «Ар-Раҳийм» исми билан ёнма ён келган. Баъзи уламолар ушбу исмни «исми аъзам» деб ҳисоблашган. Аллоҳнинг исми аъзами ҳар бир мўминга тааллуқлидир. Масалан, камбағал мўминга нисбатан исми аъзамнинг маъноси «беҳожат қилувчи», бемор мўминга нисбатан «шифо берувчи», кучсиз мўминга нисбатан «куч-қувватли»дир.
Аллоҳ таоло: «Аллоҳга дуо қилинглар, Роҳманга дуо қилинглар – қайсисига дуо қилсангиз ҳам, барибир. Унинг гўзал исмлари бордир», деган (Исро сураси, 110 оят).
Коинотда биз кўриб, эшитиб, сезиб, билиб турган ҳар бир раҳмат «ар-Раҳмон» исмининг бир бўлагидир.
Аллоҳнинг «ар-Раҳмон» ва «ар Раҳийм» сифатлари орасидаги қуйидагича фарқ бор:
Раҳмат икки хил бўлади: умумий раҳмат ва мукаммал (хос) раҳмат.
Умумий раҳматга ҳақдор ҳам, ҳақдор эмаслар ҳам эришаверади. Масалан, ёмғир ёғса, ундан барча одамлар, яъни мўмин ҳам, кофир ҳам, мунофиқ ҳам, фосиқ ҳам бирдек фойдаланаверади. Аллоҳнинг ар-Раҳмон исми умумий раҳматни англатади.
Аммо хос раҳматдан фақат ҳақдор кишилар баҳраманд бўлади. Ушбу хос раҳматда хоҳиш билан амалиёт жамланган бўлади. Аллоҳнинг ар-Раҳийм исми хос раҳматга киради.
Масалан, бир кишининг бешта фарзанди бор. У ҳамма фарзандларини бир хил овқат, бир хил кийим ва бир хил ётоқ билан таъминлаган. Мана шу умумий раҳм қилишга киради. Фараз қилайлик, фарзандлардан бири отага алоҳида ихлос ва вафо билан хизмат қилади. Ота ҳам гоҳида шу фарзандига алоҳида эътибор қаратади. Мана шу хос раҳмдир.
Ҳар бир инсон, у мўминми, мўмин эмасми, бу дунёда еб ичади, аҳл ва фарзанд неъматига мушарраф бўлади. Бу умумий раҳм сирасига киради. Аммо Аллоҳ таоло сенга тажаллий қилиб, қалбингна нурга тўлдирса, Ўзига яқинлаштирса, бу хос раҳмат сирасига киради. Бундай хос раҳматга фақат ҳақли бўлган бахтиёр бандалар мушарраф бўлади. Умумий раҳматга эса, юқорида айтилганидек, барча одамлар сазовор бўлаверади.
Шунинг учун ҳаётдан ҳузурланиб, энг лаззатли таомларни еб, ҳашаматли уйда яшаб, энг гўзал аёлга уйланиб, катта маошга эга бўлиб, кўпчиликдан фаровонроқ яшаган одамни раҳматга лойиқ бўлди дейилмайди, чунки Аллоҳ бу дунёни яхши кўрганига ҳам, яхши кўрмаганига ҳам бераверади. Бу умумий раҳмат бўлиб, унга ҳамма ҳам эришаверади.
Хос раҳмат эса, юқорида айтганимиздек, Аллоҳнинг инсон қалбини мунаввар айлашидир. Бу шундай нурки, уни бу дунёнинг бирор соатига, бирор лаҳзасига алмаштириб бўлмайди.
Расулуллоҳ салллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Менинг Роббим билан бирга бўладиган шундай бир соатим борки, у пайтда на бирорта пайғамбарнинг, на бирор муқарраб фариштанинг менга яқинлиги қолмайди. Мен Роббимнинг ҳузурида тунайман, У Зот мени едириб-ичириб туради».
Бирдар, қилаётган амалларингга бир назар сол. Уларнинг асоси одамларга раҳм қилишми ёки зарар етказишми? Унинг асоси омонлик улашишми ёки омонликни суғуриб олишми? Умуман, унинг асоси беришми ёки олишми?
Билгинки, хос раҳматга сазовор бўлиш учун тоат ибодат, жидду жаҳд, мол дунёни инфоқ қилиш, заифларга кўмаклашиш, етимларга раҳм қилиш, беваларга ёрдам бериш, қўшнилар ҳолидан хабар олиш, илм мажлисларида иштирок қилиш, кўзни номаҳрамлардан сақлаш, зикр ва тиловатга машғул бўлиш керак. Шундагина сен Аллоҳнинг раҳматига эришасан, Унга муқарраб бўласан.
Аллоҳ таоло ар-Раҳиймдир, ар-Роҳмандир. У Зотнинг ар-Раҳийм сифати шундайки, сенга соғлик, мол дунё, маскан ва нафс роҳатини ато қилади. Аммо ар-Роҳман сифати билан  охиратингга қарайди. Қўлингдан ушлаб, солиҳ амалларга йўллайди, бахтли бўлишинг учун абадий ҳаётингга тажаллий қилади.
Бир киши менга бир нарсани гапириб бериб, қасам ичди.
Айтишича, унинг уйи ва сал нарида бир боғи бўлган экан. У хизматкорлар ёрдамида боғни жуда чиройли ҳолатга келтирган, алвон хил мевалар етиштирган. Ҳашаматли уйида ишчилар, ошпазларни ҳам ишлатган. Учта машинаси, хусусий заводи, кийим фабрикаси ва тижорат дўконлари бўлган.
Бир куни мен ана шу бадавлат кишининг шаҳар кўчаларида хор бўлиб юрганини кўриб қолдим. У менга: «Мана шу идишда, мана шу кийим бичиш столида овқатланяпман», деб қолди.
Унинг мол мулки қаерда қолди дейсизми? Уларнинг ундан қандай тортиб олинганига эътибор беринг:
Бу воқеада Аллоҳ таолонинг ар-Раҳмон сифати намоён бўляптими ёки ар-Раҳийм сифатими? Албатта, ар-Раҳмон сифати зоҳир бўлмоқда, чунки бу ҳолат ўша кишининг фойдасига ҳал бўлди. У бойликка кўмилиб юрган пайтида намоз ўқимасди, тинмай ичарди, ҳатто одамларга қандай зулм қилганини ўзи гапириб берарди. Оқибатда Аллоҳ ундан бор мол мулкини тортиб олди.
Аллоҳ Қуръони каримда: «Албатта, Биз уларга буюк азобдан олдин яқин азобни тоттирамиз. Шоядки қайтсалар», деган (Сажда сураси, 21 оят).
Бунинг маъноси «Ўша фосиқларга охиратнинг буюк азобидан олдин бу дунёдаги яқин азобни тоттирамиз. Шоядки улар бундан сабоқ олиб, куфр ва фисқу фужурдан, ёмонликлардан қайтсалар» деганидир.
Одамларга раҳм қилсанг, Аллоҳнинг раҳматига ҳақли бўласан. Бинобарин, Аллоҳнинг раҳматига лойиқ бўлишни хоҳласанг, У яратган бандаларга, махлуқотларга раҳм қилгин. Аллоҳ раҳм қилувчиларга раҳм кўрсатади.
Мукаммаллик сифатларининг аксари ана шу илоҳий раҳматдан пайдо бўлади. Раҳмат сифатидек қамрови кенг сифат йўқдир. Масалан, сен латифсан, чунки раҳмдилсан. Сен олижанобсан, чунки раҳмлисан. Сен инсофлисан, чунки раҳмлисан.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда атрофингдан тарқаб кетишар эди. Бас, уларни афв эт. Улар учун истиғфор айт ва ишларда улар билан машварат қил» (Оли Имрон сураси, 159 оят).
Эй Муҳаммад! Раҳмдиллигингиз сабабли, Бизга боғланганингиз сабабли мулойим, хуш ахлоқли бўлдингиз. Мулойим бўлганингизни кўргач, атрофингизга одамлар йиғилди. Биздан узилган бўлганингизда бағритош бўлиб, дағал бўлардингиз, оқибатда одамлар атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эди. Ҳар бир ота, ҳар бир ўқитувчи, ҳар бир яхшиликка чақирувчи, ҳар бир раҳбар ушбу оятдаги ҳикматга ғоятда муҳтождир.
Демак, қалби Аллоҳга боғланган инсоннинг қалби раҳматга тўлади. Раҳмат эса мулойимликка олиб боради.
Аллоҳ таоло барчамизга ўзининг ар-Раҳмон сифати ила тажаллий қилсин!

Манба: www.islom.uz
Доктор Муҳаммад Ротиб Наблусийнинг "Аллоҳнинг гўзал исмлари" номли асари асосида Анвар Аҳмад таржимаси.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кўзимиз тезтез тушиб турадиган, лекин баъзида назаримизга илмайдиган арқон ҳақида ҳеч жиддий ўйлаб кўрганмисиз Унинг беминнат хизматлари барчамизга маълум, давоми...

2645 15:30 / 19.01.2019
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ шогирдлари билан дарс қилиб ўтирган эдилар. Бир нодон келиб, Аҳмад ибн Ҳанбални сўкиниб, куракда турмайдиган сўзларни айтиб давоми...

1615 08:00 / 17.07.2020
Суҳайл ибн Абу Осим айтади Салам алХаввосдан Сизга Али ибн Фузайлнинг қандай вафот этгани ҳақидаги хабар келганмиrdquo деб сўрасам, у киши Ҳа, келган. Бир куни Али давоми...

2776 12:58 / 16.12.2018
Намозда қироат, зикр, муножот ва бошқа амаллар бор. Агар қалб ҳозирлиги бўлмаса, қироат, зикр ва муножотлардан кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди. Шунинг учун ҳам қалб давоми...

3764 17:45 / 22.04.2019