1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Зиммадаги ҳақни адо этиш ҳам садақадир

11:00 / 08.07.2022 4464 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

252. (319). Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

«Ким биродарининг олдига зиммасидаги ҳақни адо этиш учун юриб борса, ҳар бир қадамига садақа ёзилади. Ким йўл кўрсатиб қўйса, садақадир. Ким уловга миндирса, садақадир. Ким озор берадиган нарсани йўлдан олиб ташласа, садақадир».

Шарҳ: Бугунги куннинг одамлари мазкур ишларнинг садақа эканлигини эшитиб, ҳайрон бўлишади. Бунга ўзимиз ҳам ўрганиб қолганмиз. Бироқ аслида бу ишларни динимнинг таълимоти, ҳадисда келган, шунинг учун қиламан, деган ниятда қилинса, ҳаммаси савоб, ажр, садақа, яхшилик ҳисобланади. Бу одам икки дунёнинг бахт-саодатига сабаб бўладиган амал қилган бўлади.

Дарҳақиқат, арзимас ишдек кўринадиган бу амаллар аслида ниятга қараб улуғ хайр-баракотларга, ажр-савобларга сабаб бўладиган ишлардир.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Биродарининг олдига зиммасидаги ҳақни адо этиш учун юриб борса, ҳар бир қадамига садақа ёзилиши.

2. Йўл кўрсатиб қўйиш садақалиги.

3. Уловига миндириш садақалиги.

4. Озор берадиган нарсани йўлдан олиб қўйиш садақалиги.

 

253. (320). Ҳабиб ибн Абу Амрадан ривоят қилинади:

«Саъид ибн Жубайрнинг калтакесакни кўриб: «Ким мана буни ўлдирса, унинг учун садақа бўлади», деганини эшитдим».

Шарҳ: Чунки Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам калтакесакни ўлдиришга амр қилдилар ва уни «фосиқча» деб атадилар», дейилган.

Учовлари ривоят қилишган.

Имом Бухорий ривоят қилган бошқа бир ҳадисда:

«Калтакесакни ўлдиринглар! Чунки у Иброҳимга (ўт) пуфлаган эди», дейилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким калтакесакни бир уришда ўлдирса, унга бунча савоб. Ким уни икки уришда ўлдирса, унга бунча савоб, биринчидан озроқ. Ким уни уч уришда ўлдирса, унга бунча савоб, иккинчидан озроқ», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

254. (321). Абул Олиядан ривоят қилинади:

«Ҳар бир бўғими учун ҳар куни садақа лозимдир. Амри маъруф қилишинг садақадир. Наҳий мункар қилишинг садақадир. Адашганга йўл кўрсатишинг, йўлдан озор берувчи нарсани олиб ташлашинг ҳам садақадир. Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилишинг ҳам садақадир».

Шарҳ: Биз ўрганаётган ҳадиси шариф ва ривоятларда зикр қилинган амаллар қандайдир бир тайёргарликни талаб қиладиган, вақт ёки куч, мол-мулк сарфлайдиган катта ишлар эмас, балки одатдаги нарсалар. Уларни ниятсиз, беихтиёр, кўникиб қолганликдан қилинса, оддий бир амал, одат бўлиб қолади. Аммо, бу амал ҳадисда келган, диннинг буйруғи, савоб бўлади, охиратда мартабам улуғ бўлади, деган ният билан қилинса, бу одат ибодатга айланади.

Исломнинг инсониятга етказган сон-саноқсиз яхшиликлари, фазлу карамларидан бири ҳам шудир. Мўмин-мусулмонларнинг иймони, солиҳ нияти борлиги сабабли, бошқаларга одат ҳисобланган нарсалар улар учун ибодат ўрнига ўтади.

Бу солиҳ амалларни бошқа диёрларда «маданият» дейишади. Бироқ бу нарса Исломда садақа ва ибодат ҳисобланади. Бу жуда катта фазлдир, улуғ бахтдир. Аллоҳ таолонинг мусулмонларга берган ҳадяси, осон йўл билан кўп савоб ишлаш учун очиб қўйган эшигидир. Фақат буни тушуниб, унга амал қилиш керак, холос. Ана шунда ваъда қилинган мақомга эришилади.

Энг осон амал – зикр ҳам садақадир. Банда қай бир калимани айтиб зикр қилмасин, садақанинг ўрнига ўтар экан, савоб бўлар экан, дунё ва охиратнинг яхшиликларига сабаб бўлар экан.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Ҳар куни ҳар бир бўғимга садақа борлиги.

2. Амри маъруф қилиш садақалиги.

3. Наҳий мункар қилиш садақалиги.

4. Адашганга йўл кўрсатиш садақалиги.

5. Йўлдан озор берувчи нарсани олиб қўйиш садақалиги.

6. Аллоҳни зикр қилиш ҳам садақалиги.

 

255. (334). Абу Мусо Ашъарийдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир мусулмоннинг зиммасида садақа бор», дедилар.

«Агар топа олмаса-чи?» дейишди.

«Қўли билан меҳнат қилади, шунда ўзига ҳам фойда келтиради, садақа ҳам қилади», дедилар.

«Агар бундай қилмаса ёки қодир бўлмаса-чи?» дейишди.

«Оғир аҳволга тушиб қолган ҳожатмандга ёрдам беради», дедилар.

«Агар бундай қилмаса ёки қодир бўлмаса-чи?» дейишди.

«Яхшиликка буюради», дедилар.

«Агар бундай қилмаса ёки қодир бўлмаса-чи?» дейишди.

«Ёмонликдан тийилади, шунинг ўзи унинг учун садақадир», дедилар».

Шарҳ: Демак, инсон ҳаётининг қайси бир босқичига қараманг, садақа қилиш бор. Бой-бадавлат бўлиб, молидан садақа қилиб, муҳтожларга ёрдам бериб юрган пайти энг афзал пайт. Мол-дунёси йўқ бўлса, энди садақа қила олмай қолдим, деб тушкунликка тушмасин. Аксинча, соғлиғи кўтарса, ҳунари бўлса, ишлаб пул топиб, аввал ўзига, аҳлига манфаат берсин. Ўзидан, аҳлидан ортганидан бошқаларга ҳам садақа қилсин.

Бунга ҳам қодир бўлмаса, амри маъруф, наҳий мункар қилсин. Жуда бўлмаса, яхши гап айтсин, ҳеч бўлмаганда ёмонлик қилмасин, шунинг ўзи ҳам садақа бўлади. Хуллас, Ислом яхшиликка, яхшиликка ва яна яхшиликка буюради.

 

256. (274). Абу Заррдан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, амалларнинг қай бири афзал?» дедим.

«Аллоҳга иймон келтириш», дедилар».

«Қонларнинг (қурбонликнинг) қай бири афзал?» дедим.

«Эгасининг наздида энг нафиси ва қиммати», дедилар.

«Агар қурбим етмаса-чи?» дедим.

«Ҳунарлига ёрдам берасан ёки уқувсизга қилиб берасан», дедилар.

«Унга ҳам қурбим етмаса-чи?» дедим.

«Одамларга озор етказишдан тийиласан. Бу сен ўзингга ўзинг қиладиган садақадир», дедилар».

Шарҳ: Бировга ёрдам бера олмай қолган одам ҳам ният билан, бировга ёмонлик қилмай турса, шу ҳам садақа бўлар экан. Масалан: «Шу одамни сўксам бўларди, бироқ Аллоҳ учун уни сўкмайман», дейиш ҳам садақа бўлади.

Бу ҳам ўзида улуғ маъноларни ифода қилган ҳадиси шариф экан. Бировга ёрдам бериш ҳам садақа экан.

Унга ҳам қудрати етмай қолса, бировга ёмонлик қилмаслик ҳам садақа экан. Биров ният билан ўзини тийиб, «Ҳадисда бор эди, мўмин одам бировга ёмонлик қилишдан ўзини тийса, садақа қилган бўлади, дейилган эди. Мен шу умид билан шу ишни қилмайин, ёмонлик қилмайин», деса, садақа қилганлик даражасида савоб олиш насиб бўлар экан.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 (Яхшилик ва силаи раҳм китобидан)

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ҳаётий қиссаУшбу қисса инсонийликдан маҳрум бўлган бераҳм ва шафқатсиз инсоннинг қиссасидир. Бу қисса нафақат Миср халқини, балки жамики араб давлатларида давоми...

6794 16:10 / 27.04.2019
Иброҳим ибн Муслим Қурашийдан ривоят қилинади .Фотима бинти Муҳаммад ибн Мункадир кундузлари рўзадор бўлар, кеч кирганда эса ҳазин овозда .Бу кечани зулмат давоми...

1458 08:00 / 13.07.2020
СаволИнсон илмли бўлиши учун устознинг дуоси зарур бўлади. Ҳадя қилинсин, деган гапга келсак, устозим мендан бадавлатроқ. Менинг ҳадям улар учун арзимас бўлиши давоми...

2361 11:05 / 20.03.2020
Шайх ҳазратлари, менга ушбу оят мазмунини қандай тушуниш кераклигини ўргатсангиз .Аллоҳни тик турганингизда, ўтирганингизда, ётганингизда зикр қилинг,. Каломда давоми...

3114 15:05 / 29.08.2019