1446 йил 7 рабиъус сони | 2024 йил 10 октябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Яхшилик, эҳсон ва садақа қилинадиган жойлар

23:17 / 24.04.2017 4807 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

244. (294). Абу Заррдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ҳар тонгда ҳар бирингиздан ҳар бир бўғим учун садақа лозимдир. Кўринганга салом бериши ҳам садақадир. Йўлда ётган озор етказувчи нарсани олиб ташлаш ҳам садақадир. Амри маъруф, наҳий мункар қилиш ҳам садақадир. Аҳли билан яқинлиги ҳам садақадир», дедилар. 

«Эй Аллоҳнинг Расули, бирортамиз шаҳватни қондирса ҳам ажр оладими?» дейишди. 

«Айтинг-чи, агар уни ундан бошқага қўйса, гуноҳ бўлармиди?» дедилар.

«Шундай», дейишди.

«Ундай бўлса, ажр олади. Унинг ўрнига зуҳодаги икки ракъат кифоя қилади», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда садақанинг маъноси кенг экани баён қилинмоқда. Агар мўмин-мусулмон инсон ниятни тўғри ва амални шариатга мос қилса, унинг барча амаллари ибодатга айланиб, садақа қилганнинг савобини оладиган бўлиши мумкин. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир».

Яъни ҳар бир амал ниятга қараб баҳоланади. Тил билан бажариладиган амалми, бадан билан бажариладиган амалми ёки фарзми, вожибми, суннатми, нафлми – ҳаммасининг тўғри бўлиши ниятга боғлиқдир. Шариат ҳукми бўйича, ният билан қилинмаган амал ибодат ҳисобланмайди.

«Ҳар тонгда ҳар бирингиздан ҳар бир бўғим учун садақа лозимдир».

Инсон яхшиликка, динга, шариатга мувофиқ ҳолда уринса, ҳар бир аъзосидан садақа ҳосил бўлади. Инсоннинг бутун аъзойи бадани, ҳар бир бўғими солиҳ ишга уринса, иштирок этса, бу ўша бўғимнинг садақаси бўлар экан. 

«Кўринганга салом бериши ҳам садақадир». 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўринганга салом беришга амр қилганлар. Динимиз таълимоти бўйича, ҳар қандай амални «суннатни бажаряпман» деган ният билан қилган одам садақа қилган бўлади.

«Йўлда ётган озор етказувчи нарсани олиб ташлаш ҳам садақадир». 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлда ётган тош ёки ёғоч каби кўпчиликка озор берувчи нарсаларни олиб ташлашга амр қилганлар. Бу ишни Набий алайҳиссаломнинг кўрсатмалари сифатида, савоб умидида бажарган одам ҳам садақа қилган бўлади. 

«Амри маъруф, наҳий мункар қилиш ҳам садақадир». 

Аллоҳ таоло ва У Зотнинг Расули бизни амри маъруф ва наҳий мункарга буюрганлар, бу амал фарздир, дея амал қилган одам ҳам садақа қилган бўлади.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳобалар орасида бўлиб ўтган савол-жавобда бу каби ишларнинг садақа ҳисобланиши ва ажрга сабаб бўлишининг моҳияти баён қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аҳли билан яқинлиги ҳам садақадир», дедилар. 

«Эй Аллоҳнинг Расули, биримиз шаҳватни қондирса ҳам ажр оладими?» дейишди. 

«Айтинг-чи, агар уни ундан бошқага қўйса, гуноҳ бўлармиди?» дедилар.

«Шундай», дейишди.

«Ундай бўлса, ажр олади. Унинг ўрнига зуҳодаги икки ракъат кифоя қилади», дедилар».

Демак, ният тўғри ва амал шариатга мос бўлганлиги учун кишининг ўз аёли билан яқинлик қилишида ҳам ажр бўлади. 

Буларнинг ҳаммасини йиғиб келсанг, зуҳо (чошгоҳ) вақтида ўқилган икки ракъат намоз ҳаммасининг ўрнини босади, у ҳам шунча садақа бўлади. 

Чошгоҳ намози – қуёш кўтарилиб, ҳаво исиб қолгандан кейин ўқиладиган нафл намоздир. Бу намознинг савоби ниҳоятда катта бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақда ҳам зикр қилиб ўтдилар. 

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Мўмин банданинг ҳар бир бўғимида садақа борлиги.

2. Кўринганга салом бериш садақалиги. 

3. Йўлда ётган нарсани олиб ташлаш садақалиги. 

4. Амри маъруф, наҳий мункар қилиш садақалиги. 

5. Ўз жуфти ҳалоли билан яқинлик қилиш ҳам садақалиги.

6. Бир нарсани тушунтириш учун унинг тескарисини мисол қилиб келтириш яхшилиги.

7. Ҳаром ҳисобланган жинсий яқинлик қилиш гуноҳлиги.

8. Икки ракъат зуҳо намозининг фазли улуғлиги.

 

245. (296). Каъбдан ривоят қилинади: 

«Одам боласининг ҳар бир бўғими учун ҳар куни садақа лозимдир. Унда Аллоҳнинг бандаларига салом бериш, йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлаш, адашганга йўл кўрсатиш, заифҳолга ёрдам бериш, амри маъруф, наҳий мункар бор. Ҳар бир яхшилик садақадир. Мўминга очиқ юз билан йўлиқиш бўлса ҳам. Наҳорнинг аввалида ёки охирида ўқиладиган икки ракъат намоз буларнинг ҳаммасидан устиндир. Билки, албатта, Зуҳо намози аввобийн намозидир».

Шарҳ: Мўмин-мусулмон киши яхшилик қиламан деса, яхшиликнинг эшиги кўп, уни қилиш жуда осон. Ундан ажр-савоб олиш ниҳоятда осон. Фақат яхши ният билан, шу нарса ҳадисда келган, шариатимизда бор, Қуръонда зикр қилинган, қилса савоб бўлади, деган ният билан қилинса, бас. 

Бизда «садақа» деганда жуда тор маъно тушуниладиган бўлиб қолган. Кўпчилик одамлар тиланчиларга бериладиган бир-икки тангани садақа деб билади. Баъзилар дастурхон ёзиб, таом улашишни садақа деб билишади.

Аммо бу ҳадиси шарифдан билиб олмоқдамизки, садақа бизнинг динимизда кенг маънони ифода қилар экан. Ҳар бир яхшиликни садақа десак, адашмаган бўлар эканмиз.

«Одам боласининг ҳар бир бўғими учун ҳар куни садақа лозимдир».

Бошқа ривоятда: «Одам боласининг уч юз олтмишта бўғими бор. Уларнинг ҳар бири учун ҳар куни садақа бор», дейилган. Яъни шариатда яхши деб аталган ҳар бир амални бажариш ва ёмон деб аталган ҳар бир ишдан четланиш учун қилинган ҳаракатда одам боласининг уч юз олтмишта бўғими қимирлайди ва шунинг учун ҳам савоб олади.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Мўмин банданинг ҳар бир бўғимига ҳар куни савоб борлиги.

2. Аллоҳнинг бандаларига салом бериш савоблиги. 

3. Йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлаш савоблиги.

4. Адашганга йўл кўрсатиш савоблиги.

5. Заифҳолга ёрдам бериш савоблиги.

6. Амри маъруф, наҳий мункар савоблиги. 

7. Ҳар бир яхшилик садақалиги. 

8. Мўминга очиқ юз билан йўлиқиш садақалиги. 

9. Наҳорнинг аввалида ёки охирида ўқиладиган икки ракъат намоз буларнинг ҳаммасидан устинлиги. 

10. Зуҳо намози аввобийн намози эканлиги.

 

246. (304). Товусдан ривоят қилинади:

«Инсонда уч юз олтмишта бўғим бор. Ҳар бир бўғим учун ҳар куни садақа лозимдир. Амри маъруф қилишинг ҳам садақадир, наҳий мункар қилишинг ҳам садақадир, саломга алик олишинг ҳам садақадир, йўлда ётган озор берувчи нарсани олиб қўйишинг ҳам садақадир, уловга миндириб юбориш ҳам садақадир». 

«Ибн Товус «бир оғиз ширин сўз ҳам садақадир»ни зиёда қилди».

Шарҳ: Демак, мўмин-мусулмонлар катта демай, кичик демай, қўли биланми, тили биланми, моли биланми, ҳатто табассуми, очиқ чеҳраси, бир оғиз ширин сўзи билан бўлса ҳам, яхшилик қилавериши керак. Ниятга қараб ҳар бир яхшилик, катта бўлсин, кичик бўлсин, садақа бўлиб ёзилаверади. Хуллас, шариатда савоб бўлади, дейилган амалларнинг катта-кичигига қарамай, уларни адо этавериш уч юз олтмишта бўғимнинг ҳар бири учун садақа бўлади.

 

247. (305). Ҳузайфадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ҳар бир маъруф садақадир», дедилар». 

Шарҳ: Каттами, кичикми, қандай бўлишидан қатъи назар, ҳар бир яхшилик садақа бўлади. Шариатда яхши деб аталган иш борки, уларнинг ҳар бирини қилган одамга садақа қилганнинг савоби ёзилаверади. 

 

248. (306). Ҳузайфадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ҳар бир маъруф садақадир. Сизлар биладиган охирги нубувватнинг дастлабки сўзларидан бири «Ҳаё қилмасанг, хоҳлаганингни қилавер» (деган гапдир), дедилар». 

Шарҳ: Ҳар бир яхшилик садақа ҳисобланади. Ҳар бир яхши амалга садақага бериладиган савоб берилади.

Ҳаё ҳам улуғ бир неъмат, бандани ёмонликдан қайтариб турадиган муҳим омил экан. Ҳаёси йўқ инсондан ҳар қандай ёмонликни кутиш мумкин экан. 

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уялмасанг, истаганингни қилавер», деган эканлар.

Ҳаё – айбдан ва ёмонланишдан қўрқиб, ўзини паст олиш ва ўзгаришдир. Шаръий истилоҳда ҳаё ёмонликни тарк қилишга ва яхшиликни адо этишга боис бўлувчи хулқдир.

Ҳа, ҳаёсиз киши барча ёмонликларни тап тортмай қилаверади. Одам боласини ёмонликдан қутқарадиган нарса унинг ҳаёсидир.

 

249. (307). Абдуллоҳ ибн Язиддан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ҳар бир маъруф садақадир», дедилар». 

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам аввалгиларини таъкидлаб келмоқда. 

 

250. (308). Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

«Бойгами, камбағалгами, кимга яхшилик қилсанг ҳам, садақадир». 

Шарҳ: Демак, яхшиликни фақат камбағалга қилиш шарт эмас экан, яхшиликни ҳар кимга қилиш лозим бўлиб, бу ҳам садақа ҳисобланаверар экан.

 

251. (311). Ибн Умардан ривоят қилинади:

У: «Одамлар ўрганиб қолган нарсаларнинг энг афзали торқдир», деди. 

«Торқ нима?» дейишди. 

«Бир одам туяси ёки айғирини насл қолдириш учун бериб туради. Шу билан замон яхшилиги давом этади», деди. 

«Замон яхшилиги нима?» деди. 

«Насл», деди. 

Шунда Ҳассон ибн Вобиса унга:

«Аллоҳнинг йўлида бўлмаса ҳамми?» деди. 

«Бу Аллоҳнинг йўлида эмасми?» деди».

Шарҳ: Одамлар урғочи ҳайвонларни қочириш учун эркак ҳайвонни бериб туришга одатланиб қолишган. Бу ишни уят, айтишга арзимайдиган иш деб юришади. Бироқ бу билан кимнингдир ҳожати раво бўляпти, бойлиги ортяпти, мол-ҳоли кўпайяпти, демак, бу ҳам яхши амал. Бу иш ҳам Аллоҳ таолонинг йўлида қилинадиган савобли ишлардан. 

Хуллас, юқорида айтганимиздек, қандай қилиб бўлса ҳам, ўзига, оиласига, ҳатто ҳайвонларига ҳам яхшилик қилиш афзал.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Одамлар бир-бирларига бериб туришга одатланиб қолган нарсалар ичида энг афзали эркак ҳайвонни урчитиш учун бериб туришдир.

2. Ҳайвоннинг наслини давом эттиришга ёрдам бериш замон яхшилиги учун ёрдам бериш экани.

3. Ушбу амалга ўхшаш ишлар Аллоҳ таолонинг йўлида бўлиши.

 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 

(Яхшилик ва силаи раҳм китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинким, буюк алломалар юрти бўлмиш жаннатмакон Ватанимизнинг дунё ҳамжамиятида тутган ўрни тобора юксалиб бормоқда. Чорак асрки, давоми...

4286 09:49 / 23.09.2017
Жобир розияллоҳу анҳу айтади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизларнинг менга энг севиклигингиз ва қиёмат куни менга энг яқин жойда бўладиганингиз давоми...

4560 17:00 / 16.04.2022
Ғарблик бир аёл мутлақо тузалмас, дахшатли бир касалликка чалинди, табиблар раксаратон деб аталмиш бу дард давосига ожиз эдилар. Бечора аёлнинг яшашга ишончи давоми...

5236 17:00 / 12.01.2021
Али Тантовий роҳимаҳуллоҳ айтади.Бу воқеа ўтган асрнинг тахминан етмишинчи йилларида Димашқда содир бўлган. Катта савдогарлардан бири саратон билан оғриб давоми...

4668 11:00 / 10.08.2021
Аудиолар

131431 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51911 14:35 / 11.08.2021