1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Одамлар сени мақтаса, ўзингни мазаммат қил

08:40 / 03.07.2019 5158 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одамлар сени сен ҳақингда ўйлаган нарсалари асосида мадҳ қиладилар. Сен нафсингни ўзинг билган нарса асосида мазаммат қил.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг ушбу ҳикматида одамларнинг сифатларига нисбатан бошқаларнинг ва ўзларининг муносабатлари ҳамда уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳақида сўз юритмоқда.

Одамларнинг барчасида бошқаларга ўзининг яхши сифатларини намойиш қилиб, ёмонларини беркитиш табиати мавжудлиги ҳаммага маълум. Агар шундай бўлмаса, яъни одамлар ўзларидаги ёмон сифатларни ўзгаларга ошкор қилишни устун қўйсалар, инсоний алоқаларга футур етиши, улар таназзулга учраши турган гап. Аллоҳ таолонинг Ўзи бандаларга яхшиликларни кўрсатиб, ёмонликларни беркитиш табиатини бергандир.

Лекин баъзи кишилар ўзгаларга яхши кўриниш мақсадида ўзидаги яхши сифатларни муболаға ила кўрсатишни кам билиб, сохталик ила ўзида йўқ сифатларни ҳам изҳор қилишга ўтадилар. Бу эса шариати исломияда ман қилинган ишлардандир. 

Яъло розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ жойда изорсиз ғусл қилаётган одамни кўриб қолдилар. Бас, минбарга чиқдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтдилар. Сўнгра: 

«Албатта, Аллоҳ ўта ҳаёли ва ўта тўсингандир. У Зот ҳаё ва сатрни севади. Бирортангиз ғусл қилса, тўсиниб олсин», дедилар». 

Абу Довуд ва Насоий ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ таолонинг Ситтир – ўта сатр қилувчи – тўсувчи сифати ҳақида сўз кетмоқда. У Зот таоло бандаларининг айб ва нуқсонларини бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам сатр қилиши бордир. 

Бу ҳадиси шарифнинг айтилишига сабаб ҳам бир кишининг уят жойларини тўсмасдан, уларни ошкор қилган ҳолда чўмилаётганидир. Мўмин бандада ҳаё бўлади. Унинг ҳаёси доимо айбини беркитишга чақиради. Шариатда ҳам айбни беркитишга амр қилинган. Ҳатто ҳадд – шаръий жазога лойиқ катта гуноҳ бўлса ҳам. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳини эътироф қилиб, ўзига жазо берилишини сўраб келганларнинг гапларини эшитмаганга солганлар, тескари қараб олиб, қайтариб юбориш чораларини кўрганлар.

Шу билан бирга, шариатда бошқаларнинг айбини ахтариш, пойлаш каби ишлар ҳам ман қилинган.

 

Абу Барза Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй тили билан иймон келтириб, қалбига иймон кирмаганлар жамоаси! Мусулмонларни ғийбат қилманглар ва уларнинг айбларини ахтарманглар! Ким уларнинг айбини ахтарса, Аллоҳ унинг айбларини ахтаради. Аллоҳ кимнинг айбларини ахтарса, уни уйининг ичида шарманда қилади», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу муборак ҳадисларида катта бир ҳақиқатни баён қилмоқдалар. У зот одамлар ичида тиллари билан иймон келтириб, қалбларига иймон кирмаганлари борлигини билдириб, ўшаларга хитоб қилмоқдалар:

«Эй тили билан иймон келтириб, қалбига иймон кирмаганлар жамоаси!»

Демак, тили билан иймон келтириб, қалбига иймон кирмаганлар кўпчиликни ташкил этар экан.

«Мусулмонларни ғийбат қилманглар ва уларнинг айбларини ахтарманглар!»

Ўша жамоа мусулмонларни ғийбат қилмасликлари керак экан. Ўша жамоа мусулмонларнинг айбларини ахтармасликлари керак экан. Агар улар бу ишларни қиладиган бўлсалар, ўзларига ёмон бўлар экан. Чунки

«Ким уларнинг айбини ахтарса, Аллоҳ унинг айбларини ахтаради. Аллоҳ кимнинг айбларини ахтарса, уни уйининг ичида шарманда қилади».

Ҳа, мусулмонларнинг айбини тирноқ остидан кир ахтаргандек ахтарганларнинг айбини Аллоҳ таолонинг Ўзи ахтарар экан. У Зот айб ахтарганда эса қойиллатиб ахтаради, айбдорни шармандаи шармисор этадиган қилиб ахтаради.

Мусулмон банданинг айбини ахтариш шунчалар оғир эканки, ҳар бир банда бу ишдан тийилмоғи зарур.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Ўн икки киши эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга:

«Келинглар! Менга Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмаслигингиз, ўғрилик, зино қилмаслигингиз, болаларингизни ўлдирмаслигингиз, қўлларингиз ва оёқларингиз орасидан бўҳтон тўқиб келтирмаслигингиз, менга маъруф ишда исён қилмаслигингиз ҳақида байъат қилинглар. Сиздан ким бунга вафо қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасида. Ким ундан бирор нарсани бузиб, бу дунёда жазосини олса, ўша унинг учун каффоратдир. Ким ундан бирор нарсани бузса-ю, Аллоҳ уни сатр қилса, унинг иши Аллоҳга ҳаволадир. Хоҳласа, иқоб қилади, хоҳласа, афв қилади», дедилар».

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Амр ибн Оснинг улови ёнида юриб, унга насиҳат қилди:

«Эй Амр, ичингда ҳам, ташингда ҳам Аллоҳдан қўрққин! У Зотдан ҳаё қилгин! Чунки У Зот сени ҳам, амалингни ҳам кўриб турувчидир. Мен сени сендан кўра муқаддам кишилардан ва Ислом ҳамда унинг аҳлидан сендан кўра ҳақлироқ бўлганлардан устун қўйганимни ўзинг кўриб турибсан. Сен охират учун амал қилувчилардан бўл ва амалинг ила Аллоҳнинг розилигини ирода қилувчилардан бўл. Ўзинг билан бирга бўлганларга худди отадек бўл. Одамларнинг сатрини очма, уларнинг сиртлари ила кифоялан. Ишингда жиддий бўл. Агар ёвга дуч келсанг, содиқ бўл, қўрқма. Ҳаддан ошадиганларга эҳтиёт бўл ва бунинг учун иқоб қил. Шерикларингга ваъз қиладиган бўлсанг, қисқа қил. Сен ўзинг солиҳ бўлсанг, одамларинг сенга солиҳ бўладилар».

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ бу борада ўз насиҳатини тақдим қилмоқда.

«Одамлар сени сен ҳақингда ўйлаган нарсалари асосида мадҳ қиладилар». 

Уларнинг сен ҳақингдаги билимлари ҳеч қачон аниқ ва тўлиқ бўлмайди. Улар сенинг сиртингга қараб, ўзларига яхши кўринган нарсаларни ҳақиқий яхшилик дея гумон қилиб, мақтайдилар. Сенинг асл ҳолингни, ички сирларингни билмайдилар.

«Сен нафсингни ўзинг билган нарса асосида мазаммат қил».

Чунки ўзингни ўзинг яхши биласан. Зотан, инсон ўзига ўзи кузатувчи экани Қуръони Каримда ҳам айтилгандир.

Аллоҳ таоло Қиёмат сурасида марҳамат қилади:

«Ҳа, инсон ўзига қарши ўзи шоҳиддир» (14-оят).

Ушбу шоҳидлигинг одамларнинг сен ҳақингда айтаётган мақтовлари тўғри эмаслигига, улар сенинг мақтовингда муболаға қилаётганларига далолат қилади. Шунинг учун ҳам одамларнинг сен ҳақингда қилган мақтовларига учиб, ғурурга кетишинг эсипастлигингга далолат қилади. Одамларнинг мақтовига учишнинг ўрнига ўзингни ўзинг тергашинг, Аллоҳ таоло ва ўзинг биладиган айбларингни тан олишинг ҳамда уларни тузатишга ўтишинг ақлинг расолигидан далолатдир.

Ҳа, одам боласи ўзининг нуқсон, хато ва камчиликлардан иборат эканини ҳеч қачон унутмаслиги керак бўлади. Ўзини ўзи оқлашга унинг мутлақо ҳаққи йўқ. Бандани оқлайдиган зот ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидир.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

«Ўзларини пок қилиб кўрсатаётганларни кўрмадингми?! Йўқ! Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишисини поклайди. Ва уларга қилча ҳам зулм қилинмас» (49-оят).

Аслида кимни поклаш Аллоҳ таолонинг Ўзининг ишидир. У Зот кимни хоҳласа, шуни поклайди. Поклаш учун адолатни ўлчов қилиб олган. Инсонларни уларнинг иймонига, қилган амалига қараб поклайди. Бу ишда бирор бандага қилча ҳам зулм қилмайди.

«Йўқ! Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишисини поклайди. Ва уларга қилча ҳам зулм қилинмас».

Банда доимо ўзининг камчилик ва хатоларидан тавба қилиб туриши, ўзининг устида ишлаши лозим. Ана ўшанда хатокор бандаларнинг ичида энг яхшиларидан бўлиш бахтига сазовор бўлади.

 Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Барча одам боласи серхатодир. Серхатоларнинг яхшиси сертавбалардир», дедилар».

Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган.

Аллоҳ таоло барчамизга одамлар бизни биз ҳақимизда гумон қилган нарсалари асосида мадҳ қилишларини англаб етадиган бандалардан бўлишимизни, нафсимизни ўзимиз билган нарса асосида мазаммат қилиб боришимизни насиб этсин!

"Хислатли ҳикматлар шарҳи" китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом мутафаккири Муҳаммад Имора айтади.Мажлислардан бирида илмонийлардан бири менга қараб истеҳзо билан деди .Китобларингиздан шуни тушунаяпманки, сиз шариат давоми...

3171 15:30 / 08.12.2019
Абу Исҳоқ Шерозий 476 ҳижрий йилда вафот этди. Солиҳлардан бири уни тушида кўрса, эгнида оппоқ либос, бошида тож бор экан. .Бу оппоқ либос нима, деб сўраса, .Тоатнинг давоми...

1214 08:00 / 10.07.2020
Оилада ёки жамиятда содир бўладиган каттакичик жанжалларни диққат билан кузатар эканмиз, уларнинг кўпчилигига асосан қўпол сўз ва ёмон муомала сабаб давоми...

6039 18:02 / 30.10.2018
Имом Аҳмад ўзининг .Зуҳд, номли китобида Муҳаммад ибн Сирийндан ривоят қилади.Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан бошқа одамнинг еган таомини ўзини мажбурлаб давоми...

2918 09:09 / 28.11.2018