1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

РЎЗА КИТОБИ (Кифоя шарҳи Виқоя)

05:00 / 11.01.2017 19149 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рўза, араб тилида «сиём» деб аталиб, луғатда бир нар-садан ўзини тиймоқликни билдиради.
Шарият истилоҳида эса: «Рўза тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзини тиймоқдир».

Рўзани очувчи нарсалар, деганда емоқ, ичмоқ, жинсий яқинлик қилмоқ ва бошқа рўзани очувчи нарсалар кўзда тутилгандир.
Рамазон ойи рўзасини тутмоқ иккинчи ҳижрий санада фарз қилинган. Аниқроғи, иккинчи ҳижрий сананинг Шаъбон ойида, ҳижратдан ўн саккиз ой ўтгандан сўнг ва қибла Каъбаи муаззамага бурилгандан кейин фарз қилинган.
Унинг сабаби ойнинг келишидир. Чунки уни Рамазон ойига изофа қилинади ва ойнинг такрор бўлиши билан рўза ҳам такрор бўлади. Ҳар куннинг янги бўлиши унинг рўзасини тутишга сабабдир.
Рамазон ойи рўзасини тутиш Қуръон, суннат ва ижмоъ билан собит бўлгандир.
Алллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Эй иймон келтирганлар, сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек рўза фарз қилинди, шоядки тақво қилсангиз», деган (Бақара: 183).
. Ва яна: «Рамазон ойини, унда Қуръон одамлар учун ҳидоят билан, ҳидоятдан баёнотлар ва Фурқон бўлиб туширилгандир. Ким ўша ойда ҳозир бўлса, бас рўзасини тутсин», деган (Бақара: 185).
Шунингдек, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида рўзанинг фарз эканини кўп такрорлаганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда Жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча Шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди», дедилар». Насаий ва Байҳақий ривоят қилганлар.
Ислом умммати доимо Рамазон рўзаси фарз эканига иттифоқ қилиб келган.
Рўза, аввал ҳам айтилганидек, араб тилида «сиём» деб аталиб, луғатда бир нарсадан ўзини тиймоқликни билдиради.
Шарият истилоҳида рўза қандоқ таърифланишини «Мухтасари Виқоя»да қуйидагича баён қилинади:
«Рўза тонг отгандан то қуёш ботгунча ният би-лан емоқ, ичмоқ ва жинсий алоқани тарк қилмоқдир».
Бошқа уламоларимиз, бунга «унга аҳл бўлган киши тарафидан» деган қайдни ҳам кўрсатилса яхши бўлади, дейдилар. Ана шунда ҳайзли ва нифосли аёлларга рўза фарз бўлмаслиги аниқ бўлади.
Таърифдаги тонгдан мурод субҳи содиқдир.
Рўзанинг фарзлиги қуёш ботгунча экани Қуръоннинг «Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг» деган оятидан олинган.
Рўзага ниятни шарт қилиш одатдан ибодатни фарқлаш учун бўлган. Бошқа нарсаларда ҳам шу бор. Ҳар бир нарса ният ила одатдан ибодатга айланиб қолади.
Юқорида таърифи келган рўзани Рамазон ойида тутмоқлик оқил, болиғ ва бошқа шартларни ўзида мужас-сам қилган ҳар бир мўмин – мусулмон учун фарздир. Рўза тутмоқнинг фарз қилиниши ҳикматлари эса жуда кўпдир. Улардан баъзиларини эслаб ўтишга ижозат бергайсиз.

1. Рўза Аллоҳ таолога қилинадиган тоат – ибодатдир. Рўза тутган банда ҳадсиз – ҳисобсиз ажру савобларга эга бўлади. Бу ибодатни адо этган банда жаннатга алоҳида, Раёён деб аталадиган эшикдан кириш ҳуқуқини қўлга кири-тади.
2. Рўза улкан ахлоқ мактабидир. Унда мўмин киши кўпгина хислатларга эга бўлади. Рўза нафс балосига қарши жиҳоддир. Рўза туфайли инсон ўзидан ман қилинган нар-саларга сабр қилишга ўрганади. У руза орқали ҳаётида дуч келадиган машаққатларга чидашга ҳам малака ҳосил қилади.
3. Рўза тутиш орқали мўмин киши омонатга хиёнат қилмаслик ва махфий ҳамда ошкора ҳолатларда Аллоҳ тао-ло уни кузатиб туриши ҳиссига эришади.
4. Рўза тутган кишининг тақводорлиги ошади.

Аллоҳ таоло Рўза ҳақидаги оятнинг охирида: «Шоядки, тақводор бўлсангиз», деди.
Аллоҳ таолонинг «Шоядки» дегани эса «албатта, албатта» деганидир.
Қадимдан барча уламолар ва ҳукамолар ҳам ушбу ҳақиқатни доимий равишда такрорлаб келганлар. Ўзини билган ҳар бир рўза тутувчи инсон ҳам бу ҳақиқатни жуда яхши билади.
Шу билан бирга, бу ҳикматни тарғиб қилувчилар орасига кейинги пайтларда кишиларни очлик йўли билан даволовчи табиблар ҳам қўшилдилар. Уларни таъкидлашларича, ихтиёрий оч қолиш–яъни, рўза тутиш ила инсонда Аллоҳдан қўрқиш, У зотни доимо ҳис этиб туриш, яъни, тақво ҳисси пайдо бўлади ва ортади. Ҳозирги оч қолдириш йўли билан даволовчи табибларнинг энг машҳурлари ичи-да мусулмон шахс йўқ. Лекин улар дунёдан ўтган машҳур кишилар, Мусо ва Ийсо алайҳиссаломлар, Будда ва Ганди кабилар ҳам ихтиёрий оч қолиш йўли билан олий руҳий мақомларга эришганларини, ҳозирда ҳам ким, тақводорликка эришиш ниятида бўлса, албатта, рўза тутиши зарурлигини таъкидлашмоқдалар.
Очлик ила кишиларни даволаш ила ном чиқараётган кишилардан бирига, сиз ўз тажрибангизда ушбу нарсадан топган энг улкан фойда нима? деб савол берилганда, Аллоҳни ҳис этиш, ибодат қилишга ҳирс, қисқаси тақводорлик, деб жавоб берди.
5. Рўзанинг энг машҳур ҳикматларидан бири у туфайли рўзадорга ато бўладиган соғликдир.
Ҳозирда илмий равишда Рўза тутиш айнан соғлик учун фойдали экани ҳақида ҳамма бир овоздан гапирмоқда. Му-тахассислар, ихтиёрий оч қолиш ҳақида кўп ва хўб гапирмоқдалар.
Рўза ўша ихтиёрий оч қолишнинг энг яхши ва энг самарали намунасидир.
Рўза нафақат соғликни сақлаш учун, балки беморликларни даволаш учун, ҳам ўта зарурлиги қаттиқ таъкидланмоқда. Ҳозирги кунда кенг тарқалган беморликларнинг кўпларини мусулмон бўлмаган юртлар табиблари очлик – Рўза тутдириш йўли билан даволамоқдалар.
Яқинда ўрис олимлари Рўза тутдириш йўли билан даволанган беморлар рўйхати жадвалини эълон қилдилар. Натижалар, кишини ҳайратта қолдирадиган даражада муваффақиятли. Ҳатто саратон касалига мубтало бўлганлар ҳам шифо топганлар.
Рўза турли касалликларни кетказиш билан бирга киши баданидаги тўпланиб қолган турли кераксиз моддалар, ёғлар, тузлар ва бошқа нарсаларни ҳам кетказади.
Натижада инсоннинг жисми ҳам, руҳи ҳам енгиллашади, Зеҳни ўткир бўлади. Хотираси кучли, иродаси мустаҳкам бўлади.
Яхшиси бу соҳада махсус адабиётларга мурожаат қилингани маъқул. Ана ўшанда тўлиқ маълумотлар олинади.
6. Рўзанинг фойдаларидан бири ҳавои нафсни синдиришдир.
Маълумки, ҳавойи нафсни айтганини қилавериш инсонни унга қул қилиб қўяди. Бора-бора инсон ҳавои нафси ни-ма деса шуни қиладиган бўлиб қолади. Ҳавои нафс эса инсонни ҳеч қачон яхши нарсага буюрмайди. Рўза тутган киши эса иштаҳаси келиб турган ҳолда турли таом, ичимликлар, шаҳвоний нарсалар ва бошқа ҳавои нафси тилаб турган нарсалардан ўзининг тийиш билан ҳавои нафсининг хоҳишини синдиради. Шу билан рўзадорнинг иродаси кучаяди. Ҳавои нафсини жиловлаб олади.
7. Рўзанинг фойдаларидан бири Шайтонга қаҳр кўрсатишидир.
Маълумки, лаънати Шайтон инсон боласини яхшиликдан қайтариб, ёмонликка бошлаб туради. Инсон боласи ёмонликка юрса, Шайтон алайҳи лаъна хурсанд бўлади. Инсон боласи яхшиликка юрса, Аллоҳнинг амрини бажо келтирса, у лаъин хафа бўлади, ўзини қаҳрга қолган ҳисоблайди. Рўза эса айнан ўшандоқ ибодатдир. Рўза ибодатини қилган инсон ёмонликлардан қайтиши ва Аллоҳга тақво қилиши билан Шайтонга қаҳр кўрсатган бўлади.
8. Рўзанинг фойдаларидан бири рўзадорнинг қалби мусаффо бўлиши.
Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ҳам, ўзи ёлғиз қолганда ҳам рўзасини очишга журъат қилмайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш эса киши қалбини му-саффо қилади. Унинг қалбига Аллоҳ муҳаббатидан бошқа нарса сиғмай қолади. Рўзадор киши ўз-ўзидан ёмонлик қила олмай қолиши ҳам шундан.
Демак, ким қалби мусаффо бўлишини хоҳласа рўза тутсин.
9. Рўза тутган кишининг рўзаси сабабидан гуноҳлари мағфират қилинади.
Бу маълум ва машҳур ҳақиқатдир. Рўза ҳақидаги ҳадиси шарифларни ўрганиш давомида бу ҳақиқатни яна ҳам очиқ-ойдин кўрамиз иншааллоҳ.
10. Рўза тутган киши ўз рўзаси туфайли фаришталар сифати ила сифатланадилар.
Маълумки, емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмай, доимо тоатда бўлиш фаришталарга хос сифатдир. Рўза тутган инсон ўзининг рўзадорлиги ила айнан ўша сифатларга соҳиб бўлади.
Демак, ким фаришталар сифатига эга бўлишни истаса рўза тутсин.
11. Рўзанинг файдаларидан бири рўзадорнинг сабр-бардош сифатига эга бўлишидир.
Бу эса ҳар бир инсон учун жуда ҳам зарур сифатдир. Ўз ихтиёри ила ўттиз кун турли кўнгли хоҳлаган нарсалардан ўзини тийган киши эса керагича сабр-бардошга эга бўлади.
Демак, ким сабр бардошли бўлмоқчи бўлса, рўза тутсин.
12. Рўзанинг фойдаларидан бири рўзадорда раҳм шафқат сифатини шакллантириш ва мустаҳкамлашдир.
Рўза тутган киши, ўз ихтёри ила оч қолиб, чанқаб тур-ли кўнгил хоҳлайдиган нарсалардан вақтинча маҳрум бўлиш билан бирга, ўз ихтиёридан ташқари оч қолиб, чанқаб, дунё лаззатларидан бебаҳра бўлиб юрган, бева-бечора, камбағал фуқароларга нисбатан раҳим шафқат қиладиган бўлади. Доимо уларга яхшилик қилиб туриш ке-раклигини тушуниб етади.
Демак, ким ўзида раҳим шафқат сифатини шакиллантириш ва мустаҳкамлашни хоҳласа рўза тутсин.
13. Рўза рўзадорнинг иродасини мустаҳкамлаб аму қарорини пишиқ қилади. Рўза тутадиган кишининг зеҳни ўткирлашиб фикри ёрқинлашади ва аниқ ҳамда тўғри қарорлар қабул қиладиган бўлади.
14. Рўза ўзини тутадиган кишига тартиб интизом ва йиғинчоқликни ўргатади. Чунки рўа тутадиган киши вақтида саҳарлик қилиб, вақтида ифторлик қилишга ўрганган бўлади.
Ушбу зикр қилинган нарсалар Рўзанинг бу дунёдаги баъзи бир фойдалари, холос.
Рўзанинг бу дунёдаги бошқа фойдаларини санаб ўтирсак гап чўзилишини эътиборга олиб, буни хоҳлаган зотларни бошқа адабиётларга, жумладан, ушбу сатрлар соҳибининг бошқа китобларига мурожаат қилишга таклиф қиламиз.
Рўзанинг охиратдаги фойдалари эса жуда ҳам кўп.

РЎЗАНИНГ ТУРЛАРИ

Рўзанинг турлари тўрттадир;
1. Лозим рўза.
Лозим рўза иккига, фарз ва вожибга бўлинади.
Фарз рўза ҳам иккига, таъйинли ва таъйинли эмасга бўлинади.
Таъйинли фарз рўза – Рамазон рўзасини адо этишдир.
Таъйинли бўлмаган фарз рўза – Рамазоннинг қазоси ва каффорот рўзасидир.
Вожиб рўза ҳам иккига, таъйинли ва таъйинли эмасга бўлинади.
Таъйинли вожиб рўза – муайян назр рўзадир.
Таъйинли бўлмаган вожиб рўза – мутлақ назр рўза ва нафл рўзани бузган бўлса қазосини тутишдир.
2. Ҳаром рўза.
Бу турдаги рўзани ҳанафийлар, макруҳи таҳримий ҳам дейдилар. Бундоқ рўзалар бир неча хилдир;
1. Аёл кишининг эрининг изнисиз ёки розилигини билмай туриб нафл рўза тутиши.
2. Шак куни рўза тутиш.
3. Рўза ҳайити куни, Қурбон ҳайити куни ва ундан кейинги уч кунинг рўзасини тутиш.
4. Ҳайзли ва нифосли аёлнинг рўза тутиши.
5. Рўза тутса ҳалок бўлишини билиб туриб рўза тутган одамнинг рўзаси.
3. Ихтиёрий рўза.
Ҳанафий маҳабида ихтиёрий рўза учга; суннат, мандуб ва нафлга бўлинади.
Суннат рўза – Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бардавом тутиб юрган ихтиёрий рўза.
Ошуро ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунининг рўзаси суннат ҳисобланади.
Мандуб ёки мустаҳаб – Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бардавом тутмаган ихтиёрий рўза.
1. Бир кун тутиб, бир кун очиб юриш.
2. Ҳар ойдан уч кун тутиш.
3. Ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунларини тутиш.
4. Шавволдан олти кун тутиш.
5. Арафа кунини тутиш.
6. Арафадан олдинги саккиз кунни тутиш.
7. Шаъбон ойида тутиш.
Нафл рўза мазкурлардан бошқа тутишга тарғиб қилинган рўзалар.
4. Макруҳ рўза.
Бу хилдаги рўзани ҳанафий мазҳабида макруҳи танзиҳий ҳам дейилади. Улар қуйидагилардир;
1. Ошуро кунининг ёлғиз ўзининг рўзасини тутиш.
2. Жума кунининг ёлғиз ўзининг рўзасини тутиш.
3. Шанба кунининг ёлғиз ўзининг рўзасини тутиш.
4. Наврўз куни рўза тутиш.
5. Меҳрижон куни рўза тутиш.
6. Ҳар куни рўза тутиш.
7. Гапирмасдан рўза тутиш.
8. Улаб рўза тутиш.
9. Мусофирнинг қийналиб рўза тутиши.

ҚАЧОН РЎЗА ТУТИШ ЛОЗИМ БЎЛАДИ

Рўза тутиш уч ҳолатда лозим бўлади;
1. Назр қилиш билан.
Бир киши бир кунми ёки бир ойми Аллоҳ таоло учун рўза тутишни назр қилса, унга ўша рўзани тутиб бериш вожиб бўлади.
2. Каффоротлар лозим бўлиши ила.
Мусулмон киши бировни хато ила ўлдириб қўйса, қасамига хилоф қилса, Рамазон рўзасини билиб туриб қасддан тутмаса ёки очиб юборса, зиҳор қилса, каффоро-тига рўза тутиши вожиб бўлади.
3. Рамазон ойига кириш билан унинг рўзасини тутиш фарз бўлади.

РЎЗАНИНГ ШАРТЛАРИ

Рўзанинг тўғри бўлиши учун уч хил шарт мавжуд билиши лозим.
Биринчи шарт – лозим бўлиш шартлари.

Бу шартлар тўртта;
1. Ислом.
Мусулмонмас одамга рўза фарз бўлмайди. Ундоқ одам рўза тутса ҳам ўрин ўтмайди. Кофир одам Рамазонда ис-ломга кирса, ўша кирган кунидан бошлаб рўза тутади.
2. Ақл.
Ақли йўқ одамга рўза фарз бўлмайди. чунки у мукаллаф эмас.
3. Балоғатга етганлик.
Балоғатга етмаган ёш болаларга рўза фарз бўлмайди. Рамазон ойида балоғатга етганлар ўша кундан бошлаб рўза тутишни бошлайдилар.
4. Рўзанинг фарзлиги билиш.
Иккинчи шарт – рўзани адо этиш учун лозим шартлар.

Бу шартлар иккита;
1. Ҳайз, нифос ва беморликдан холи бўлмоқ.
Ҳайз ёки нифос кўрган аёлга ҳамда бемор шахсга рўза тутиш вожиб эмас. Покланганда ва тузалганда қазосини тутиб берадилар.
2. Муқим бўлмоқ.
Мусофирга ҳам рўза тутиш фарз бўлмайди. сафардан қайтганда қазосини тутиб беради.
Учинчи шарт – рўзанинг тўғри бўлиши шартлари.

Бу шартлар учта;
1. Ният.
Ниятсиз рўза тўғри бўлмайди.
2. Нифос ва ҳайздан холи бўлмоқ.
Нифос ва ҳайзли бўла туриб тутилган рўза ҳам, рўза бўлмайди.
3. Рўзанинг бузадиган нарсалардан холи бўлмоқ.
Рўза тутиб турганда уни бузадиган нарса ориз бўлса, рўза қолмайди. Ўрнига қазосини тутиб бериш лозим бўлади.
Энди рўза ҳақида «Мухтасари Виқоя»да келган матнларни шарҳлашга ўтайлик.
Рамазон рўзасининг адоси ва қазоси шаръий наҳорнинг яримидан аввал ният қилиш ила тўғри бўлади.
Биз яхши биламизки, қилиниши лозим бўлган нарсани шариатда белгиланган вақтда қилишни адо дейилади. Қилиниши лозим нарсани белгиланган вақтидан кейин қилишни қазо дейилади.
Демак, Рамазон рўзасини вақтида тутиш фарз. Агар уни вақтида адо қилмаган бўлса, қазосини тутиши фарз.
Рамазон рўзасининг вақтида адо қилиш фарзлигига далил:
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Рамазон ойини, унда Қуръон одамлар учун ҳидоят билан, ҳидоятдан баёнотлар ва Фурқон бўлиб туширилгандир. Ким ўша ойда ҳозир бўлса, бас рўзасини тутсин», деган (Бақара: 185).
Рамазон рўзасининг қазосини тутиш фарзлигига далил: Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Ким бемор бўлса ёки сафарда бўлса, бас ўша (тутилмаган кунлар) ададича бошқа кунлар (тутур)», деган (Бақара: 185).
Шунингдек, каффорот рўзалари ҳам фарздир.
Бировнинг ўлдирган ёки зиҳор қилган одам бошқа каффоротларни бажара олмаса кетма-кет икки ой рўза тутиши фарз бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Ким топмаса, Аллоҳга тавба учун кетма-кет икки ой рўза тутиш вожиб бўлур», деган (Мужодала: 4).
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қасамхўрликнинг каффороти ҳақида: «Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза тутсин. Ана ўша, агар қасам ичган бўлсангиз, қасамингизнинг каффоратидир», деган (Моида: 89).
Шаръий кундуз деганимизддан шаръий бўлмаган кундуз ҳам борлиги келиб чиқади. Шаръий бўлмаган кундуз луғавий кундуз деб аталади ва у қуёш чиққандан бошлаб ботгунча давом этади. Шаръий кундуз эса тонг отгандан бошланиб қуёш ботгунча давом этади.
Демак, рўза тутмоқчи бўлган киши тонг отгандан бошлаб куннинг яримигача ният қилиб олса, рўзаси тўғри бўлади.
Бунга ҳанафий уламолар Абу Довуд, Термизий, Насаий ва Ибн Можа раҳматуллоҳи алайҳилар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадиси ша-рифни далил қилиб келтирадилар: «Бир аъробий Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Мен ҳилолни кўрдим», деди.
«Сен, лаа илаҳа иллаллоҳу, деб шаҳодат келтирасанми!» дедилар у зот.
«Ҳа!» деди.
«Муҳаммад Аллоҳнинг расули, деб шаҳодат келтирасанми?» дедилар.
«Ҳа!» деди.
«Эй Билол! Одамларга эълон қил! Рўза тутсинлар!» дедилар».
Сунан эгалари ривоят қилган.
Мисол учун, биров ухлаб қолиб саҳарликка тура олма-ди. У уйғонгандан кейин ният қилиб олаверади. Аммо шаръий наҳорнинг ярмидан олдин ният қилиши шарт.
Ният луғатда қасд қилиш маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса ният – қалбнинг бир нарсани қилишга азм ила иккиланишсиз эътиқод қилишидир.
Бас, кимнинг қалбида эртага Рамазоннинг кунларидан бири экани ва ўи рўза тутиши ўтса ният қилган бўлади.
Ниятнинг жойи қалбдир. Қалбда ният йўқ бўлса, тил билан айтишлик кифоя қилмайди. Лекин ниятни тил билан талаффуз қилиш суннатдир.
Барча турдаги рўзалар учун тонг отиш пайтида ёки ке-часи ният қилиш афзалдир.

Ният масаласида рўзалар иккига бўлинади;
1. Кечаси ният қилиш ва таъйин қилиш шарт рўзалар. Бундоқ рўзаларга «зиммада собит бўлган рўзалар» ҳам дейилади. Улар; Рамазоннинг қазоси, бузиб юборилган нафл рўзаларнинг қазоси, каффорот учун тутиладиган рўзалар ва мутлақ назр қилинган рўзалардир.
2. Кечаси ният қилиш ва таъйин қилиш шарт бўлмаган рўзалар. Бундоқ рўзаларга «муайян замонга боғлиқ рўзалар» ҳам дейилади. Улар Рамазон рўзаси, барча нафл рўзалар бўлиб, шаръий кундузнинг яримидан олдин қилинган ният ила тўғри бўлаверади.

Рамазон рўзасини нафл нияти ила ёки мутлақ ният ила ёхуд бошқа вожиб рўза нияти ила адо қилса ҳам бўлади. Фақатгина сафарда ва беморликда бўлмайди.
Бу жумлани соддароқ қилсак, Рамазонда унинг рўзаси нияти ўрнига нафл ёки умумий равишда рўза тутишни ният қилдим деган ният қилса ёхуд қазо, каффорот, назр рўза нияти билан ҳам Рамазон рўзаси ўрнига ўтаверади деган маъно чиқади.
Бир киши Рамазон куни нафл рўза тутишни ният қилдим деса ҳам фарз рўзани тутган бўлади. Бошқа бири Рамазон рўзасини тутишни ният қилдим дейишнинг ўрнига, рўза ту-тишни ният қилдим деса ҳам фарз рўзани тутган бўлади. Яна бир киши Рамазон куни ўтган йилги қазони ёки каф-форот учун тутишим лозим бўлган рўзани ёхуд назр қилган рўзани ният қилдим деса ҳам Рамазоннинг фарз рўзаси ўрнига ўтаверади. Чунки Рамазон ойи ўша ойнинг фарз рўзасини тутишга таъйин қилинган ўша фарз рўзадан бошқа рўза бу ойнинг ичига сиғмайди.
Фақатгина сафарда ва беморликда бўлмайди деган ис-тисно қилувчи жумладан Рамазон ойида сафарга чиққани ёки бемор бўлгани учун рўза тутмаслиикка рухсати бўлган одам ўз ихтиёри билан бошқа вожиб рўзани тутишни ният қилса ўша ният қилган рўзаси ўтади, Рамазоннинг фарзига ўтмайди маъноси чиқади. Бу ижтиҳод Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига оиддир. Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимолар бунда ҳам фарзнинг ўрнига ўтади деганлар.

Шунингдек, нафл ва муайян назр ҳам тўғри бўлади. Фақатгина охирги ҳолатда бўлмайди.
Яъни, худди Рамазон рўзаси каби нафл ва муайян назр рўзани ҳам шаръий кундузнинг ярмидан аввалги ният ва нафл ҳамда мутлақ рўза нияти ила тутса бўлади. Фақатгина нафл ва муайян назр рўзани бошқа вожиб рўза нияти ила тутиб бўлмайди. Чунки рўза тутувчи ўзига вожиб бўлган нарсани ўзи бекор қила олмайди.
Қазо, каффорот ва мутлақ назр рўзалар учун кечаси таъйин қилиб ният қилиш шарт қилинган.
Чунки мазкур турлардаги рўзалар учун ажратилган таъйинли вақт йўқ. Шунинг учун уларнинг бошланиш вақтини таъйин қилиш вожиб бўлади. Нафл рўза учун ке-часи ният қилиш шарт эмас. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни олдимга кириб: «Ҳузурингизда бирор нарса борми?» дедилар.
«Йўқ», дедик.
«Ундоқ бўлса, мен рўзадорман», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шак куни нафл рўза тутмоқ одатда тутиладиган рўзасига тўғри келиб қолганлар ва хос кишилар учун афзалдир. Улардан бошқалар кундузнинг яр-мидан кейин оғизларини очадилар.
Шаъбон ойининг йигирма тўққизинчи куни қечқурун қуёш ботаётганда Рамазоннинг ҳилоли кўринмаса ва ҳаво булутли бўлса, ўттизинчи кун шак куни бўлади. Чунки ўша куннинг Шаъбоннинг ўттизинчи куними ёки Рамазоннинг биринчи куними эканида шак бўлади. Агар ҳаво очиқ бўлса ҳам ой кўринмаса шак бўлмайди.
Бир киши маълум кунларнинг, мисол учун, душанба ва пайшанба кунларининг рўзасини тутишни одат қилган бўлса ва ўша куни шак кунига тўғри келиб қолса, рўзасини Рамазондан бир кун демасдан тутса бўлади. Шунингдек, Шаъбоннинг охирги уч кунини тутса ҳам жоиз. Аммо охирги бир ёки икки кунни алоҳида тутиб бўлмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазоннинг бир ёки икки куннинг рўзасини ту-тиб кутиб олманглар. Илло бир кишининг тутиб юрадиган рўзаси бўлса, майли», дедилар». Олти саҳиҳ китобнинг соҳиблари ривоят қилган.
Муфтий ва қози каби хос кишилар ҳам шак кунининг рўзасини тутишлари жоиз.
Рамазондан олдинги куннинг рўзасини тутишга одатланилса, бир кун зиёда тутиш шарт экан деган гумон пайдо бўлиши хавфи бор. Шунинг учун, шак куни шаръий кундузнинг ярими ўтгунча ҳам ўша кун Рамазоннинг биринчи куни эканлиги аён бўлмаса, одатдаги нафл рўзасини тутаётганлар ва муфтий ва қози каби илмли кишилардан бошқалар шаръий кундузнинг ярмидан кейин оғизларини очадилар.

Шак куни Рамазондан бошқа вожиб рўзани ният қилиш макруҳдир.
Агар ўша кун Рамазондан бўлиб чиқса нияти борлиги учун рўзаси тўғри бўлади. Агар ўша кун Шаъбондан бўлиб чиқса, Рамазонни ният қилган бўлса ҳам нафл рўза ўрнига ўтади. Агар оғзини очиб юборса, қазосини тутмайди. Чунки у гумон билан рўза тутгандир.

Агар эртага Рамазон бўлса, рўза тутдим, бўлмаса йўқ деб ният қилса, рўзаси рўза бўлмайди. 
Чунки бу ҳолда жазм ила ният қилмаган.

Рамазон рўзаси ва ундан бошқа рўза ниятида тараддудга тушиш макруҳдир. Агар эртасига Рамазонлиги аён бўлса, рўза Рамазон рўзаси ўрнига ўтади. Бўлмаса, нафл бўлади. 
Бунда агар эртага Рамазон бўлса, унинг фарз рўзасини ният қилдим. Агар эртага Шаъбон бўлса, нафл рўза ният қилдим деган бўлади.
Энди Рамазон ойининг бошланишини аниқлаш учун янги ой, ҳилол кўришга оид масалаларни баён қилиш бошланади. Маълумки, Рамазондан олдинги Шаъбон ойининг йигирма тўққизинчи куни мусулмонлар янги ойни кўришга ҳаракат қиладилар. Бунинг учун ўша куни қуёш ботиши пайтида унга қараб турилади. Агар ой янгирган бўлса, бир кўриниб ўтади ва эртасига биринчи Рамазон бўлади. Агар янги ой кўринмаса, Шаъбонни ўттиз кунлик қилиб индинига рўза тутиш бошланади. Аммо ойни кўришга боғлиқ бир қанча ҳолатлар бор. Ўшаларнинг баъзилари ҳақида «Мухтасари Виқоя»да келган матнларни ўрганамиз.

Ким рўза тутиш ёки очиш ҳилолини ёлғиз ўзи кўрса ва унинг гапи рад қилинса ҳам рўза тутади.
Бир юртда фақат биргина киши Рамазон киргани ёки чиққанининг аломати бўлган ҳилолни кўрди. Келиб қози ҳузурида гувоҳлик берганда қози гувоҳлигини қабул қилмаса икки ҳолатда ҳам рўза тутади.

Агар тутмаса, қазосини тутади. Унга каффорот вожиб бўлмайди.
Чунки каффорот шубҳа ила собит бўлмайди.

Булутли кунда адолатли бир кишининг агар у қул ёки аёл бўлса ҳам рўзани бошлаш ҳақидаги гувоҳлиги қабул қилинади.
Чунки бу диний хабар бўлиб унинг қабул бўлиши учун фақат адолат шарт бўлади.

Рўзадан чиқиш ҳақидаги гувоҳликка агар кун булутли бўлса, гувоҳликнинг нисоби, лафзи ва адолат шарт бўлади. Даъвода шарт бўлмайди.
Рамазоннинг йигирма тўққизинчи куни рўза тугаганини билиш учун ой кўрилганда кун булутли бўлиб турса гувоҳларнинг сони камида шариатда талаб қилинган икки эр киши ёки бир эр, икки хотин киши бўлиши шарт. Шунингдек, гувоҳлик берувчи киши шаҳодат лафзини ҳам айтмоғи шарт. Бунинг устига гувоҳлик берувчилар адолатли бўлишлари, ҳур, тўҳматчилиги учун дарра урилмаган шахслар бўлиши шарт. Рўзани очиш ҳақидаги гувоҳликка шартларнинг оғир қўйилишининг сабаби бу иш бандаларга манфаат берувчи, оғизларини очишга омил бўлувчи бўлганлигидандир.
Биров ёки бир неча киши ойни кўрмай туриб бугун Рамазон кирган ёки чиққан бўлса керак деган даъвони қилсалар мазкур даъво ўтмайди.

Кун булутсиз бўлса, икки ҳолатда ҳам кўп кишиларнинг гувоҳлиги шартдир.
Яъни, рўзани бошлаш ёки тугатиш ҳақидаги ҳилол кўришда кун булутсиз, очиқ бўлса, кўп сонли кишиларнинг гувоҳлик беришлар шарт. Кўпнинг миқдори қанча деганда баъзилар, бир маҳалла одамлари деса, Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи эллик киши деганлар. Умуман раҳбар одам тўлиқ ишонч ҳосил қиладиган даражада кўп одам бўлиши лозим.

Ўттиз кун рўза тутилгандан кейин икки одил кишининг ойни кўрганлик ҳақидаги гувоҳлиги билан оғизни очиш ҳалол бўлади. Бир одил кишининг гувоҳлиги билан эмас.
Бир қавм ҳаво булутли бўлиб тургандан икки адолатли кишининг гувоҳлиги асосида Рамазон рўзасини тутишни бошладилар. Аммо ўттиз кун рўза тутсалар ҳам Шавволнинг ҳилоли кўринмади. Шунда бир адолатли киши мен Шавволнинг ҳилолини кўрдим деб гувоҳлик берса, етмайди. Икки одил киши гувоҳлик берсагина рўзани тугатиб ҳайит қилинади.
Бу маънодаги масалаларда мусулмон оламининг бир тарафида ҳилолнинг кўриш шаръий асосда собит бўлса, бошқа ўлкаларнинг одамлари ҳам унга амал қилишлари лозимлигини жумҳури уламолар таъкидлаганлар.

Қурбон ҳайитини белгилаш ҳам рўзаникига ўхшаш бўлади.
Яъни, қурбон ҳайити ҳилолининг собит бўлиши ҳақидаги ҳукм ҳам худди рўза ҳайит ҳилолининг собит бўлиши кабидир.

РЎЗАНИ БУЗАДИГАН НАРСАЛАР

Рўзанинг бузилиши икки хил бўлади. Биринчиси – қазо ва каффоротни вожиб қиладиган ҳолатлар.
Иккинчиси – фақат қазони вожиб қиладиган ҳолатлар.

ҚАЗО ВА КАФФОРОТ ВОЖИБ БЎЛАДИГАН ҲОЛАТЛАР

Ким жинсий яқинлик қилса ёки унинг икки йўлидан бирига яқинлик қилинса рўзаси бузилади.
Бунда манийнинг нозил бўлиши ёки бўлмаслигининг эътибори йўқ. Эркаклик олатининг бош қисми иккинчи тарафнинг олди ёки орқа йўлига кирса бўлди.

Қасддан ғизо ёки даво бўладиган нарсани еса ёки ичса ҳам рўзаси бузилади.
Албатта, мазкур еб ичишлар Рамазон кундузида содир бўлса.

Бу ҳолатларда қазосини тутади ва худди зиҳор қилувчи каби каффоротни адо қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва-салламнинг ҳузурларига келиб: «Ҳалок бўлдим, эй Аллоҳнинг Расули!» деди.
«Сени нима ҳалок қилди?» дедилар.
«Рамазонда хотинимнинг устига чиқдим», деди.
«Қул озод қилишга нарса топа оласанми?» дедилар.
«Йўқ», деди.
«Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми?» дедилар.
«Йўқ», деди.
«Олтмиш мискинга таом беришга нарса топа оласанми?» дедилар.
«Йўқ», деди.
Сўнгра кутиб ўтирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бир занбил хурмо келтирилди. У зот (ҳалиги одамга):
«Мана буни садақа қилиб юбор», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, биздан кўра фақирроққами? Аллоҳга қасамки, у(Мадина)нинг икки четининг орасида биздан кўра муҳтожроқ аҳли байт йўқ», деди.
Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар, ҳатто тишларининг оқи кўриниб кетди. Сўнгра:
«Бор! Уни аҳлиннга таом қилиб бер», дедилар. Бешовлари ривоят қилган.
Рўзасини бузган рўзадор каффорот беришлиги вожиблиги шу ҳадисдан олинган.
Энг аввал каффорат қул озод қилиш бўлади.
Каффорот бериш вожиб бўлган одам қул озод қилишга қодир бўлмаса кетма-кет, орасини узмай олтмиш кун рўза тутиши лозим.
Рамазон рўзасини тутиш даврида сабрсизлик қилгани сабабли, сабрли бўлишга тузукроқ одатланиб олиши учун.
Рамазонда қасддан рўзасини очиб юборган одам, икки ой кетма-кет рўза тутишга қодир бўлмаса олтмиш мискинга таом беради. Ҳар бир мискинга бир мудд (1 муд 1843 ғиром) миқдорида таом беради. Бу эса, ўз навбатида гуноҳкор кишининг гуноҳини ювишга имкон яратиб бериш билан бирга, мискинларга яхшилик қилиш йўли ҳамдир.
Жумҳур уламолари, жинсий алоқада қатнашагани учун аёл киши ҳам каффорот беради, деганлар.

Каффоротни адо қилиш Рамазон фарзини адо қилишни қасддан бузганда вожиб бўлади. Бошқасида вожиб бўлмайди.
Агар Рамазоннинг қазосини ёки бошқа рўзаларни қасддан бузса ҳам каффорот вожиб бўлмайди. Каффорот Рамазоннинг ҳурматини оёқ ости қилгани учун вожиб бўлади.
Агар рўзадор одам Рамазон рўзаси фарзини адо қилишни ният қилиб тутганда уни ўз ихтиёри ила мажбур-лашсиз ва шаръий узрсиз қасддан очиб юборса ҳам қазосини тутади ва ҳам каффоротни адо этади.
Бу нарса қуйидаги ҳолатларда юз беради;
Рўзани бузадиган ва ҳам қазо тутишни, ҳам каффоротни вожиб қиладиган нарсалар:
1. Ғизо ёки унинг маъносидаги нарсани шаръий узрсиз емоғи. Одатда озуқа сифатида тановул қилинадиган барча нарсалар ғизога киради. Дори, попирос, сигара, афюн, на-ша ва шунга ўхшаш нарсалар ғизо маъносидаги нарсаларга киради. Ушбу ҳолатларда рўзасини очган одам ҳам қазосини тутади, ҳам қул озод қилиш, олтмиш кун кетма кет рўза тутиш, унга қодир бўлмаса, олтмиш мискинга таом бериш билан каффоротни адо қилади.
2. Бировнинг ғийбатини қилганидан, қон олдирганидан, шаҳват билан ушлаганидан ёки ўпганидан, қучоқлашиб ёт-ганидан, мўйлабини мойлаганидан кейин рўзам очилиб кетди деган ўй билан қасддан еб ичиб юборса ҳам қазо ту-тиб, ҳам каффорот адо қилади.
(Фақиҳ рўзанг очилибди деб фатво берса, бундан мус-тасно. Унда фақат қазо тутади. Каффорот вожиб бўлмайди).
3. Оғзига кирган ёмғир сувини, хотинининг туфуткиси-ни лаззат учун ичига ютса, кесакхўр одам кесакни ютиб юборса, ҳам қазо тутиб, ҳам каффорот адо қилади.
4. Фарж шаҳватини тўла равишда қондирса ҳам. Унда иштаҳо тортадиган одам жинсининг олди ёки орасига олатни киритиш кўзда тутилган. Агар маний тўкилиши бўлмаса ҳам.
5.Аёл киши кичик ёшдаги болани ёки мажнунни ўзига яқинлик қилишга имкон берса, унга ҳам қазо, ҳам каф-форот вожиб бўлади.

ҚАЗО ТУТИШ ЛОЗИМ БЎЛАДИГАН ҲОЛАТЛАР

Хато туфайли, мажбурланиш оқибатида, кечаси деб гумон қилиб еб – ичганда, қорнига ёки димоғига терисининг тешикларидан бошқа тарафдан дори етганда, майда тошни ютганда, оғзи тўлиб қусганда фақат қазосини тутади. 
Биров рўзани ният қилиб уни очиш қасди бўлмай туриб хато оқибатида оғзини очиб юборса, рўзасининг қазо қилиб тутиши вожиб бўлади.
Рўзадорни бошқа бир тараф мажбурлаб оғзини очириб юборса ҳам қазосини тутиш вожиб бўлади.
Бир одам ҳали саҳарликнинг вақти чиққани йўқ деган гумон билан еб – ичишни давом этдира бориб қараса вақт чиқиб кетганлиги аён бўлса, рўзанинг қазосини тутиб бе-ради. Шунингдек, ифтор вақти бўлди деган гумон билан оғзини очиб юборса-ю, кейин вақт кирмагани маълум бўлса ҳам қазосини тутади.
Ҳанафий мазҳабида барча далил ва ҳужжатларни ба-тафсил ўрганиб чиқилгандан кейин бу масалада қуйидаги нарсаларни алоҳида зикр қилинган.
Рўзани бузадиган ва фақат қазо тутишни вожиб қилиб, каффоротни вожиб қилмайдиган нарсалар:
1. Ғизомас ва ғизо маъносидамас нарсани тановул қилмоқ. Бунда одатда ғизо саналмайдиган ва инсон таби емоққа мойил бўлмайдиган нарсалар кўзда тутилган. Мисол учун рўзадорнинг хом гуруч, хамир, бирор нарса аралаш-тирилмаган ун каби нарсаларни емоғи.
2. Бирданига кўп тузни еб юборса ҳам рўзаси очилиб, унинг қазосини тутиб беради.
3. Пишмаган мевани еса ҳам.
4. Тишлари орасида қолган нўхотдан катта нарсани еса.
5. Данак, пахта, қоғоз, тери еса ҳам.
6. Тош, темир парчаси, тупроқ, тангага ўхшаш нарса-ларни ютиб юборса ҳам.
7. Ўз амали билан ичига тутун киргазса ҳам.
8. Орқасидан, бурнидан, томоғидан ва аёл кишининг олдидан ичига сув ёки дори киритилса ҳам.
9. Қулоғига мой томизса ҳам. Сув томизса, очилмайди.
10. Аёл кишининг олд аъзосидан қатра томизилса ҳам рўзасини қазо қилиб тутмоғи лозим бўлади. Эркак киши-нинг олд аъзосидан қатра томизилганда бу гап йўқ.
11. Қасддан оғзи тўлиб қусса ҳам қазо тутади. Агар рўзалиги эсидан чиққан, оғзи тўлмай қусган, таом эмас балғам қусган бўлса, рўзаси очилмайди.
12. Ғизо ва давони беморлик, сафар, мажбурлаш, хато, бепарволик ёки шубҳа каби шаръий узрлар ила тановул қилса, қазосини тутиб беради.
13. Оғзини чайиб турганда хато қилиб сув ичига кетиб қолса, рўзаси очилади ва қазо тутади.
14. Бошидаги ёки қорнидаги жароҳатга дори қўйганда ичига ёки димоғига кетиб қолса ҳам.
15. Биров ухлаб ётган одамнинг қорнига сув киритиб юборса ҳам.
16. Аёл киши хизматга ярамай қоламан деб таом еса ҳам.
16. Биров аввал эсида йўқ таом еган ёки жинсий яқинлик қилган бўлса, рўзаси очилмайди. Аммо ҳукмни билмай, бўлар иш бўлди деб кейин яна таом эса ёки жин-сий яқинлик қилса, қазо рўза тутиб бериши лозим бўлади.
17. Биров кечаси рўза тутишни ният қилмади. Кундузи ният қилди. Кейин бу ниятим тўғри бўлмаса керак деган шубҳа билан таом еворса, рўзаси очилади ва қазо тутиши вожиб бўлади.
18. Биров ҳали тонг отмаган бўлса керак деб еб ичди ёки жинсий яқинлик қилди. Кейин билса, тонг отиб бўлган экан. Рўзасининг қазосини тутади.
19. Биров қуёш ботган бўлса керак деб еб ичди ёки жинсий яқинлик қилди. Кейин билса, қуёш ботмаган экан. Рўзасининг қазосини тутади.
20. Биров таом еб ёки жинсий яқинлик қилиб турганда тонг отиб қолди. Дарҳол қилаётган ишини тўхтатса, рўзаси тўғри бўлаверади.
21. Шаҳватини тўлиқ бўлмаган ҳолда қондирса ҳам фақат қазо тутади.
22. Қучоқлаш, ўпиш ва шунга ўхшаш ишлар туфайли манийси тўкилса, қазо тутади.
23. Ухлаб ётган аёлга жинсий яқинлик қилинса, ўша аёл қазо тутади.
24. Аёл киши фаржига мой ёки шунга ўхшаш нарсалар-ни томизса ҳам.
25. Рўзадор шахс орқасига сув ёки мой билан ҳўлланган панжасини киритса ҳам.
26. Рўзадор шахс орқасига пахта, латта ва шунга ўхшаш нарсаларни киритса ҳам.
27. Аёл киши ички фаржига сув ёки мой билан ҳўлланган панжасини ёки пахта, латта ва шунга ўхшаш нарсаларни киритса ҳам.
28. Рамазон рўзасидан бошқа рўзаларни очган бўлса, фақат қазо тутиш вожиб бўлади. Каффорот вожиб бўлмайди.

РЎЗАНИ БУЗМАЙДИГАН НАРСАЛАР

Агар қай рўзадордан ғолиб келса ёки эсидан чиқиб оғзини очиб юборса ёки эҳтилом бўлса, назар солиб туриб маний нозил қилса, томоғига чанг, тутун ёки паша кирса, қазо тутмайди.

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса рўзани очмайди; Қон олдириш, қай қилиш ва эҳтилом бўлиш», дедилар». Имом Термизий ривоят қилган.
Бошқа жинсдаги шахсга шаҳват назари билан қараб туриб манийси тўкилган кишининг рўзаси очилмаслиги, бу ишда жинсий яқинликнинг суврати ҳам, маъноси ҳам йўқлиги учундир.
Томоғига чанг, тутун ёки паша кирса рўза очилмаслиги эса бу нарсалардан сақланиб бўлмаслиги учундир.

Агар ҳайвонга, ўликка ёки фарждан бошқа ерга жинсий яқинлик қилса ёхуд ўпиш ёки ушлаш орқали маний нозил қилса, қазо қилади, каффорот йўқ.
Чунки бу ҳолатларда жунублик нуқсонли бўлади.

Агар тиши орасига кириб қолган нўхотдан кичикроқ нарсани еса рўзаси бузилмайди. Аммо ўша нарсани оғзидан чиқариб туриб кейин еса, рўзаси бузилади.
Чунки одатда доимо озгина таом оғизнинг ичида, тишларнинг орасида қолиши бор. Ўшандоқ оз нарса туфутки-нинг ўрнида бўлади. Аммо нўхот донасидек ёки ундан катта бўлса, уни еб бўлмайди.

Бир дона кунжутни чайнаб еса ҳам рўзаси очилмайди.
Чунки уни чайнаганда майдаланиб тишларига ёпишиб қолади ва қорнига ҳеч нарса етиб бормайди. Аммо ўша кунжутни бутунлайича ютиб юборса, рўзаси очилади.

Қайта қусиш, агар кўп бўлса, рўзани бузади.
Бу имом Абу Юсуфнинг гаплари. Аммо имом Муҳаммад бузмайди деганлар ва шу гап амал учун қабул қилинган.

Агар киши ўзини мажбур қилиб қусса, рўзаси очилади.
Чунки бунда рўзадорнинг ўз амали бор.
Хулоса;
1. Рўзадорлиги эсидан чиқиб еб ичиб ёки жинсий яқинлик қилиб қўйса, рўзаси очилмайди. Аммо эсига туши-ши билан дарҳол мазкур ишларни тўхтатиши шарт. Жинсий яқинлик қилаётган киши рўзадорлигини эслаши билан аж-раши керак. Агар ундан кейин ҳам туриб қолса, рўзаси бу-зилади.
2. Назар солгани ёки ўйлагани оқибатида манийси тўкилса, ўзи гуноҳкор бўлса ҳам рўзаси очилмайди. Кундуз куни эҳтилом бўлиб қолса ҳам рўзаси очилмайди.
3. Кўзига дори томизса ёки сурма қўйса ҳам рўзаси очилмайди.
4. Қон олдирса ҳам рўзаси очилмайди.
5. Мисвок қилса ҳам рўзаси очилмайди.
6. Муболағасиз оғиз бурунни чайса ҳам рўза очилмайди.
7. Ғусл қилса ёки салқинлаш учун ҳўл латтага ўранса ҳам рўзаси очилмайди.
8. Ғийбат қилса ёки оғзини очишни ният қилса ҳам рўзаси очилмайди.
9. Рўзадорнинг ичига унинг ихтиёрисиз тутун, чангу ғубор ёки пашша кирса ҳам ҳам рўзаси очилмайди. Аммо рўзадорлигини эслаб туриб хушбўй нарсани тутатиб ҳидласа, рўзаси очилади.
10. Тиш олдириб қон ёки дорини ютмаган бўлса ҳам рўзаси очилмайди.
11. Эркак кишининг жинсий олатидан сув, мой ёки дори киритилса рўзаси очилмайди. Қулоқдан сув кирса ҳам, қулоқни ковласа ҳам рўзаси очилмайди. Аммо бу каби иш-ларни қилмаган маъқул.
12. Балғам ёки мишқининг кириш ёки чиқиши билан ҳам рўзаси очилмайди.
13. Ўз ихтиёридан ташқари ҳолда мажбур бўлиб қусса ҳам рўзаси очилмайди.
14. Тишлари орасида қолган нўхотдан кичик нарсани еса ҳам рўзаси очилмайди.
15. Жунуб ҳолида юриши ила ҳам рўзаси очилмайди.
16. Мускулга, тери остига укол қилиш билан ҳам рўзаси очилмайди.

РЎЗАДОРГА МАКРУҲ БЎЛГАН НАРСАЛАР

Бирор нарсанинг мазасини татиб кўриш ёки чайнаш макруҳдир. Фақатгина ёш болага овқат чайнаб бериш зарурат юзасидан бундан мустасно.
Бу ҳолатлардаги нарсалар ичкарига кетиб қолиб рўзани бузиши хавфи бор. Қолаверса, бошқалар кўрса рўза тутмаган экан деган туҳматга қолинади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам, «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, туҳмат мақомларига яқинлашмасин», деганлар.

Ўпиш агар ортидан бирор нарса бўлиш хавфи бўлса, макруҳдир. 
Мазкур хавф ўпишдан кейин бўладиган жинсий яқинлик ва маний тушишидан иборатдир.

Мисвок қилиш ва сурма қўйиш макруҳ эмас.

Омир ибн Рабийъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам-ни рўзадор ҳолларида мисвок қилаётганларини санаб-саноғига, ҳисоблаб-ҳисобига ета олмайдиган даражада кўп кўрганман». Бухорий, Абу Довуд, ва Термизий ривоят қилган.
Рўза тутган одам мисвок қилиши яхши эканини уламолар жумҳури таъкидлаганлар. Шу билан бирга баъзи уламолар рўзадорнинг оғзидан чиқадиган ҳид Аллоҳнинг ҳузурида мушку анбарнинг ҳидидан афзаллиги ҳақидаги ҳадиси шарифнинг эътиборидан завол вақтидан кейин мисвок қилмаган яхши, дейишади. Чунки рўзадор оғзидан ўша ҳид завол вақтидан кейин чиқа бошлайди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Кўзим оғриб қолди. Рўзадор ҳолимда сурма қўйсам бўладими?» деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», дедилар». Термизий ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда рўзадор ҳолларида сурма қўйдилар». Ибн Можа ривоят қилган.

«Анас розияллоҳу анҳу рўзадор ҳоларида сурма қўяр эдилар».

Аъмаш раҳматуллоҳи алайҳи: «Асҳобларимиздан бирортасининг рўзадор ҳолда сурма қўйишни ёқтирмаганини кўрмадим», деди. Икки ривоятни ҳам Абу Довуд келтирган.
Ҳанафий уламолар рўзадор киши учун макруҳ бўлган ишларни бошқаларини ҳам санаб ўтганлар:
1. Узрсиз бирор нарсани татиб кўриш ва чайнаш.
Чунки бунга ўхшаш нарсалар рўзанинг бузилишига олиб бориши мумкин.
2. Сақич чайнаш.
Бу ишни қилган одамни оғзи очиқ деб ўйлайдилар.
3. Қучоқлашиш, ўпиш ва ушлаш каби шаҳватни қўзғайдиган ишлар.
4. Қасд ила туфуткини оғзида тўплаш ва уни ютиш.
5. Рўзадорни заифлашишига олиб борадиган қон олди-риш каби ишларни қилиш.
Рўзадор учун макруҳ бўлмаган ишлар:
1. Мўйлабга хушбўй нарса суртиш.
2. Сурма қўйиш.
3. Заифлаштирмаса, қон олдириш.
4. Эрталаб мисвок қилиш.
5. Оғиз ва бурунни чаймоқ.
6. Ғусл қилиш.
7. Салқинлаш учун ҳўл латтага ўраниш.

РЎЗАНИНГ МУСТАҲАБЛАРИ

Рўзанинг мустаҳаблари ҳақидаги барча далилларни диққат билан ўрганиб чиққан ҳанафий уламолар қуйидаги амалларни Рўзанинг мустаҳаблар сифатида қайд этганлар:
1. Бирор нарса ила, бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилмоқ. Саҳарликни кечанинг охиригача сурмоқ.
2. Қуёш ботиши билан тезда, Шом намозини ўқишдан олдин оғизни очмоқ. Ширин ва ҳўл нарса ила оғизни очиш афзал.
3. Оғизни очишда ривоят қилинган лафзлар ила дуо қилмоқ.
4. Рўзадорларга ифтор қилиб бермоқ.
5. Жунублик, ҳайз ва нифосдан қилинадиган ғуслни кечга қўймай тонг отишдан олдин қилиб олмоқ.
6. Ортиқча гап сўз ва амаллардан тил ва жисмларни тиймоқ.
7. Рўзани бузмайдиган аммо ҳузурбахш бўлган нарса-ларни тарк қилмоқ.
8. Оила аъзолари ва қариндошларга кенгчилик қилиш. Бева бечора ва камбағалларга хайри эҳсонни кўпайтириш.
9. Қуръон қироати, илм суҳбатлари, зикр ва саловот-ларни кўпайтириш.

РЎЗА ТУТМАСЛИККА РУХСАТЛИЛАР

Ўта қари шахс рўза тутишдан ожиз бўлса, оғзини очади ва ҳар бир тутмаган куни учун бир мискинга садақаи фитр миқдорида таом беради. Кейин рўза тутишга қодир бўлиб қолса, қазосини тутади.
Ҳомиладор эмузукли аёл ўзи ва боласига зарар етишидан қўрқса, бемор хасталиги зиёда бўлишидан қўрқса, мусофир оғизларини очадилар ва фидяси қазо қиладилар. Зарар қилмаса, сафарда рўза тутган афзал.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ва у(рўза)ни қийналиб тутадиганларга бир мискин таомини бериш» ояти қари чол ва қари кампирга тегишли рухсатдир. Икковлари рўзани қийналиб тутурлар. Улар оғизларини очиб, ҳар бир кун ўрнига бир мискинга таом берурлар. Ҳомиладор ва эмизукли аёллар қачонки қўрқсалар, оғизларини очурлар». Абу Довуд ва Бухорий тафсирда ривоят қилган. Бухорийнинг лафзида: «Ибн Аббос: «Бу оят мансух эмас, балки қари чол ва кампир учундир. Улар рўза тутишга қодир эмас. Бас, ҳар бир кун ўрнига бир мискинни таомлантирурлар», деди» дейилган.
Маълумки, Исломда инсонни тоқатидан ташқари ишга таклиф қилиш йўқ. Жумладан, рўза масаласида ҳам. Шу маънода Аллоҳ таоло ўта қариб қолганлари туфайли рўза тутса қийналиб қоладиган чол ва кампирларга рўза тутмасликка рухсат берган.
Бу ҳақда «Бақара» сурасида оятлар келган. Биз ўрганаётган ривоятда улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ана шу ояти кариманинг ҳукмини тушунтириб бермоқдалар.
Мазкур оятга кўра ўта қари чол-кампирларга рўза тутмасликка рухсат бор ва рўзаси тутилмаган ҳар бир кун эва-зига бир мискинга таом берсалар мумкин.
Баъзи бир кишилар ўзлари соғ бўлсалар ҳам ёшлари катталиги туфайли рўза тутсалар қийналадиган бўлиб қоладилар. Ана ўшандай кишилар ҳам рўза тутмасалар мумкин. Рўзанинг ўрнига фидя берадилар.
Фидянинг луғавий маъноси, фидо қилиш бўлиб, шари-атда маълум бир нарсанинг ўрнига мол сарфлаш фидя бериш, дейилади.
Қариликлари туфайли рўза тута олмайдиганлар учун фидя беришнинг жорий қилиниши бежиз эмас. Унда мискинларнинг манфаати билан бирга ўша рўза тута олмаган кишиларнинг ибодатни адо эта олмаганлари учун афсус-надоматларини енгиллатиш ҳам бор.
Бу ривоятда қари чол ва кампирлар ҳукмига ҳомиладор ва эмизукли аёллар ҳам қўшилиши, агар улар ўз ёш бола-лари соғлигига зарар етишидан қўрқсалар, оғизларини очиб юришлари мумкинлиги ҳақида ҳам сўз кетмоқда.
Ҳомиладор ва эмизуклик аёллар ўзлари ва болаларига зарар етишидан қўрқсалар рўзани очиб юборишларига рух-сат бор. Бунга ҳамма бир овоздан иттифоқ қилган.
Аммо мазкур тоифадаги аёллар ҳанафий мазҳаби бўйича рўзанинг қазосини тутадилар. Бу мазҳаб уламола-рининг ўзларига яраша ҳужжат ва далиллари бор. Қари чол ва кампирларнинг фидя бериш билан кифояланишла-рига рухсат этилгани уларнинг кейинчалик ҳам рўза ту-толмасликлари эътиборидандир. Чунки улар борган сари қариб заифлашиб бораверадилар. Уларнинг қайтиб ёша-риб, рўза тутишларидан умид йўқ.
Ҳомиладор ва эмизуклик аёллар эса, вақтинчалик бе-морга ўхшайдилар. Ҳомилани туғиб, болани кўкракдан аж-ратгандан сўнг яна рўзани тутиш имконига эга бўладилар. Бир йилда бир келадиган рўзани қазо қилиб тутиш осон-дир.
Бемор ва мусофирларнинг рухсатлари Қуръони Карим оятларида зикр қилинган.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Сиздан ким шу ойда ҳозир бўлса, бас, унинг рўзасини тутсин. Ким бемор бўлса ёки сафарда бўлса, бас, ўша (тутилмаган кунлар) ададича бошқа кунлар (тутур). Аллоҳ сизга енгилликни ирода қилур. Аллоҳ сизга оғирликни ирода қилмас», деган (Бақара: 185).
Тузалишидан умид бор бемор киши Рамазон кунлари бемор бўлса ёки бир киши Рамазон кунлари сафарга чиққан бўлса, ўша кунлари рўза тутмай, кейин тутмаган кунлари саноғича қазо рўза тутишига асосий далил мана шу ояти каримадир.
Шунинг учун, бемор киши, агар рўза тутса беморлиги зиёда бўлиб кетадиган ёки тузалиши ортга суриладиган бўлса, Рамазон ойида бемалол рўза тутмай юриши мумкин. Аллоҳ таоло беморлиги туфайли унга рухсат берган.
Шунингдек, Рамазони шариф кунлари сафарга чиққан одам ҳам рўза тутмаслиги мумкин. Сафардан қайтгандан кейин Рамазоннинг қолган кунлари бўлса, уларни тутаве-ради. Рамазондан кейин эса, сафарда неча кун тутмаган бўлса, ўшанча кун қазосини тутиб беради.
Мусофир учун, сафарда ортиқча қийинчилик бўлмаса, рўза тутгани тутмаганидан кўра афзалдир. Чунки Аллоҳ таоло мусофирларга рўза тутмаслик ҳақида рухсат берган оятнинг охирида «рўза тутмоғларинингиз сизлар учун яхшироқдир», деган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, рўза тутишга узрли бўлганлар қуйидагилар;

1. Ўта қари кишилар.
2. Ҳомиладор аёллар.
3. Эмизукли аёллар.
4. Мусофирлар.
5. Беморлар.

Уламоларимиз яна қуйидаги тоифаларни ҳам узрлиларга қўшганлар;

6. Очлик ва чанқоқ оқибатида ҳолдан тойганлар.
Ўта қаттиқ очлик ёки чанқоқ оқибатида ҳалок бўлиш даражасига келган, ақлига ёки бирор аъзоси кетиши хави туғилган киши ҳам рўза тутишдан узрли ҳисобланади. У ҳам кейин қазосини тутиб беради. Чунки Аллоҳ таоло «Ва ўзингизни қўлингиз ила ҳалокатга отманг», деган.
7. Мажбурланган шахс.
Бировни ўлдириш ёки аъзоларидан бирини ишдан чиқариш ила таҳдид солиб рўзасини очишга мажбурланса у ҳам узрли ҳисобланади. Қазосини кейин тутиб беради. Аёл кишини зўрлик ила номусига тегилса ҳам қазосини тутиб беради.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан хатони, унутилган ва мажбур қилинган нарсани кечиргандир», дедилар». Ибн Можа ривоят қилган.
Бир одамни бошқалар куч билан мажбуран гуноҳ ишни қилдирса, мажбур қолган одамга гуноҳ бўлмайди. Мажбур қилувчилар эса гуноҳкори азим бўладилар. Мажбур қилиб рўзасини очириш, намоз ўқитмаслик, динга қарши гапларни айтдириш ва бошқалар, шунга киради.
Шу билан бирга, мажбурлаш мажбур қилинаётган одамнинг жонига ёки бирор аъзосига таҳдид солиши шарт. Бундан паст даражадаги мажбурлаш гуноҳ ишни қилаверишга йўл очмайди. Фақат ўлим хавфи ёки танасидаги аъзоларидан бирининг йўқ бўлиши, майиб бўлиши хавфигина шаръий эътибордаги мажбурлаш ҳисобланади.
8. Машаққатли касб эгаси.
Агар касбини тарк қилса куни ўтмайдиган бўлса ва рўза тутса касбини қила олмай қолса узрли ҳисобланади. Бу тоифага нонвой, темирчи ва кон ишчилари кабилар киради. Улар саҳарликни қилиб рўзани ният қиладилар. Иш давомида ҳоллари чатоқ бўлиб қолса рўзани очиб, кейин қазосини тутадилар.

Агар бемор тузалганидан, мусофир муқим бўлганидан кейин бир муддат яшаб ўлса, меросхўри қазо қилган миқдорича фидя беради. Агар оз яшаб ўлса, соғ ва муқим бўлган кунлари миқдорича фидя беради. Бунинг учун васият шартдир. 
Бемор тузалганидан, мусофир муқим бўлганидан кейин рухсат билан тутмаган рўзасини тутиши керак эди. Аммо кейинроқ тутарман деган хаёл билан юриб, уни тутишидан олдин ўлиб қолди. Агар унинг яшаган кунлари рўзани қазо қилган кунларича ёки ундан кўп бўлса, меросхўри қазо қилган миқдорича фидя беради. Аммо у қазо қилган кунла-ридан оз яшаб туриб ўлган бўлса, меросхўри унинг соғ ва муқим бўлган кунлари миқдорича фидя беради.
Меросхўр мазкур фидяни бериши учун маййит ўлишидан олдин бу ҳақда васият қилган бўлиши шарт. Агар васият қилмаса, меросхўрга фидя бериш лозим бўлмайди.

Васиятга амал қилиш учдан бирдан бўлади.
Яъни, мазкур шахс ўлаётиб тута олмаган рўзамнинг фи-дясини берилсин деган васиятни қилган бўлса, у меросга қолдирган молнинг учдан биридан берилади. Агар фидянинг миқдори мероснинг учдан биридан кўп бўлса, ортганини меросхўрлар бермасликка ҳақлилар.

Ҳар бир қазо қилинган намознинг фидяси бир кунлик рўзанинг фидяси миқдорича.
Киши ўзимидан олдинги беморлигида баъзи намозларини ўқий олмаган бўлса, ўша қазо қилинган намозларга ҳам меросхўрлари фидя беришлари мумкин. Ана ўшанда қазо қилинган бир вақт намоз учун бир кунлик рўзага берилган фидя миқдорида фидя берилади.

Бировнинг ўрнига бошқанинг қилган ибодати ўтмайди.
Яъни, ўлган кишининг қазо намоз ва рўзалари ўрнига унинг меросхўрлари намоз ўқиб, рўза тутишлари жоиз эмас.

Имом Насаий қилган ривоятда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Бир киши бошқа бир кишининг ўрнига рўза тутмайди. Бир киши бошқа кишининг ўрнига намоз ўқимайди. Лекин унинг номидан ҳар бир кун ўрнига буғдойдан таом беради», деган.

Абдурраззоқ келтирган ривоятжа Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Биров ҳеч қачон бировнинг ўрнига намоз ҳам ўқимайди, рўза ҳам тутмайди. Аммо қиладиган бўлсанг, садақа қилгин ёки ҳадия қилгин», деган.

Имом Термизий Ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам қазо рўзаси бўла туриб вафот этган киши ҳақида: «Унинг номидан ҳар бир кун ўрнига бир мискинга таом берилсин», деганлар.
Нафл рўзани бошлагандан кейин охиригача тутиш лозим бўлади. Фақат рўза тутиш ман қилинган кунлар бундан мустасно.
Шунинг учун нафл рўзани очиб юборган одам унинг қазосини тутиши вожиб бўлади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Менга ва Ҳафсага таом ҳадя қилинди. Икковимиз рўзадор эдик. Бас, оғзимизни очиб юбордик. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар ва биз у зотга:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бизга ҳадя қилинувди. Иштаҳамиз келиб оғзимизни очиб юбордик», дедик.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Икковингизга ҳеч нарса бўлмайди. Унинг ўрнига бошқа куни рўза тутиб қўйинглар», дедилар».
Абу Довуд, Термизий ва Молик ривоят қилган.
Рўза тутиш ман қилинган кунлар – рўза ҳайити куни, қурбон ҳайти куни ва ундан кейинги уч кун, ҳаммаси бўлиб беш кун.
Мазкур кунларда рўза тутиш ман қилинган. Шунинг учун, у кунларда тутилган рўзани ҳам очиб юбориш керак бўлади. Бинобарин ўша очиб юборилган нафл рўзанинг қазоси тутилмайди.

Мазкур кунларда назр рўза тутса бўлади. Лекин уни очиб юбриб кейин қазосини тутади. Агар тутаверса рўзаси рўза бўлади.
Назр рўза тутиш мазкур кунларда рўза тутмаслик ҳақидаги наҳийлардан истисно қилингандир.

Нафл рўза тутувчи зиёфат узри ила рўзасини очса бўлади. Кейин қазосини тутади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни олдимга кириб: «Ҳузурингизда бирор нарса борми?» дедилар.
«Йўқ», дедик.
«Ундоқ бўлса, мен рўзадорман», дедилар.
Сўнгра бошқа бир куни олдимизга келган эдилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, бизга ҳийс ҳадя қилинди», дедик.
«Қани, мега кўрсатчи, рўза ният қилган эдим», дедилар ва ундан едилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Мусофир муқим бўлган, ҳайзли аёл пок бўлган, ёш бола балоғатга етган ва кофир мусулмон бўлган куни куннинг қолган вақтида ўзини тияди. Охирги иккиси қазо тутмайди.
Яъни, Рамазонда куннинг бир бўлаги ўтгандан сўнг му-софир сафардан қайтиб келса, ҳайз кўриб турган аёлнинг ҳайзи тўхтаса, ёш бола балоғатга етса ёки кофир исломни қабул қилса, буларнинг ҳаммаси куннинг қолган қисмида худди рўзадордек бўлиб, емай – ичмай юради.
Балоғатга етган ёш бола ва янги мусулмон бўлган одам-га ўша куннинг қазосини тутиш лозим бўлмайди.

Муқим сафарга чиқса ўша куннинг рўзасини охи-рига етказади. Агар очиб юборса, унга каффорот лозим бўлмайди. 
Ўз юртида яшаб турган шахс рўза тутиб олиб куннинг маълум қисми ўтганидан кейин сафарга чиқса, рўзасини сафарда бўлса ҳам охирига етказади. Мабодо мусофир бўлдим дея ўша куннинг рўзасини очиб юборса, қазосини тутади. Аммо каффорот бермайди.

Ойнинг ҳаммасида мажнун бўлишлик рўзани соқит қилади. Баъзисида эмас.
Бир Рамазон ойи тўлиқ мажнун бўлса, унга рўза тутиш фпрз бўлмайди. Аммо Рамазон ойининг баъзи кунлари мажнун бўлиб, қолган кунлари соғайиб қолса, соғ кунлари-нинг адосини, жинни бўлган кунларининг қазосини тутади.

Агар бир неча кун хушидан кетиб ётган бўлса, ўша кунларнинг қазосини тутади. Фақат ниятини қилган кунни тутмайди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақола Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг муҳаррам давоми...

1248 14:00 / 31.03.2023
Лақийт ибн Собрата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Мен .Эй Аллоҳнинг Расули, менга таҳоратдан хабар беринг,, дедим. .Таҳоратни яхшилаб қил. Панжаларинг орасини давоми...

3214 05:00 / 14.01.2017
Рамазон ойи кириб келар экан баъзи кишилар масъул бўлмаган нарсалар ҳақида бошқотириб, ўзлари билмаган ҳолда ўзаро кўнгилсизликлар келтириб чиқарадилар. Рамазон давоми...

3629 05:00 / 14.01.2017
Кечаларда бедор бўлиб, ибодат қилиб тунни ўтказишлик ислом динида жуда ҳам улуғ амаллардан ҳисобланади. Тарихдан бизга маълумки, барча ўтган улуғ инсонлар, давоми...

2955 05:00 / 14.01.2017