1446 йил 15 Рамазон | 2025 йил 15 март, шанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рамазонда дуо

16:44 / 27.05.2018 7724 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг ҳар бир куни ва тунида жаҳаннамга ҳукм қилинганлар озод қилинишларини айтганлар. Мусулмонларнинг ушбу кун ва кечада қилган дуолари мустажоб бўлади. Кўп ҳадисларда рўзадорнинг дуоси ижобат бўлишида шубҳа йўқлиги айтилган. Баъзи ҳадисларда ифторлик пайтида қилинган дуо қабул бўлиши айтилган. Лекин ифторлик пайтида хаёлларимиз овқат билан шунчалик банд бўладики, ҳатто ифторлик дуосини қилишни ҳам унутиб қўямиз. Ифторликнинг машҳур дуоларидан: «Эй, Аллоҳ! Сен учун рўза тутдим, ва Сенга иймон келтирдим, Сенга таваккул қилдим ва Сенинг неъматинг ила ифторлик қилдим».

Ҳадис китобларида қисқароқ дуоларни учратиш мумкин. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ифторлик пайтида: «Эй, Аллоҳ! Сенинг борлиқни қамраган раҳматинг ила Сендан мағфират қилишингни сўрайман» деб дуо қилар эканлар.

Баъзи китоблардан Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги дуо келади: «Эй кенг ризқ ато этувчи Зот, мени мағфират қил».

Шунингдек, ҳадисларда бошқа дуолар ҳам келтирилади. Бу дуолар ичида махсус бир дуо белгиланмаган. Дуо қабул қилинадиган бу вақтда қандай хайру-мақсадингиз бўлса шуни ижобатини сўрайверасиз. Дуоларингизда биз гуноҳкор бандаларни ҳам дуо қилишни унутманг. Ундан сўралади, сўрайдиганни эса ҳақи бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Уч кишининг дуоси қабул бўлади: рўзадорнинг, одил ҳокимнинг ва мазлумнинг. Уларнинг дуоларини Аллоҳ булутлардан ҳам баландга кўтариб осмон эшикларини очади ҳамда «Сенга албатта нажот бўлади, бироз вақт ўтса ҳам» дейди».

«Дуррул Мансур»да Ҳазрат Ойша розияллоҳу анҳо шундай дейдилар: «Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазон келганида юзларининг ранги ўзгарарди, намозларни кўпайтирардилар, дуоларида ўта итоаткор бўлиб қалбларини қўрқув қамраб оларди». Бошқа бир ҳадисларида эса Рамазон тугамагунча ўринларига ётмаганлар дейилади.

Бир ҳадисда Аллоҳ таоло Рамазон ойида Ўзининг Аршини кўтариб турган фаришталарга амр қилиб рўзадорнинг дуосига «омин» деб туришларини буюрилишгани келтирилади. Кўп ҳадислардан шу маълум бўладики, Рамазонда қилинган дуонинг қабул бўлиши муқаррардир. Модомики, бу Аллоҳ таолонинг ваъдаси экан ва Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни етказган эканлар дуонинг ижобатига шубҳа йўқ. Лекин баъзи инсонлар дуо қилганларидан сўнг ижобати кечикаётган бўлса, дуо қабул бўлмади деб ўйлашади. Аслида эса дуо ижобат бўлаётган бўлади.

Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар мусулмон инсон қариндошлик алоқаларини узиш ёки гуноҳ қилишдан бошқасини сўраса у учтадан бирига эришади деганлар. Яъни, у сўраган нарсасини олади ёки ундан қандайдир кулфат узоқлашади ёки охиратда мукофотга эришади. Бир ҳадисда айтиладики, Қиёмат куни Аллоҳ таоло Ўзининг бандасини чақириб ундан сўрайди: « Эй, бандам, Мен сенга дуо қилишингни амр этган эдим ва уни қабул қилишга ваъда берган эдим. Сен Менга дуо қилдингми?». Ва у дуо қилганини тасдиқлайди. Бунга Аллоҳ таоло шундай дейди: «Мен қилган дуоларингдан қабул қилмаганим бўлмаган. Сен Мендан қийинчиликни йўқотишимни сўраб дуо қилган эдинг, Мен уни бу дунёда ижобат қилдим. Сен Мендан мусибатингни аритишимни сўраган эдинг, лекин унинг ижобатини кўрмадинг. Унинг эвазига сенга фалон мукофотни тайинладим».

Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар бир дуонинг дунё ёки охиратда қабул қилинганлиги ҳақида эслатадилар. Шунда ул зот мукофотларнинг кўплигини кўриб, бу дунёда ҳеч бир дуо қабул қилинмаслигини хоҳлаб қоладилар. Чунки охиратда банда бунинг эвазига катта мукофотларга эга бўлади. Дуо қилиш жуда муҳимдир. Уни қилмаслик эса катта йўқотишдир. Агар банда унинг ижобатини кўзи билан кўрмаса хафа бўлмаслиги керак. Чунки, Аллоҳ таоло банданинг манфаатини кўзлайди. Агар бунда банда учун фойда бўлса дуосини қабул қилади. Бу Аллоҳнинг чексиз раҳматидандир. Баъзида ўзимиз англамаган ҳолда биз учун номуносиб нарсалар сўраб қўямиз. Кўпгина эркак ва айниқса, аёллар ғазаб устида фарзандларини қарғаб қўйишади. Шуни унутмангки, Аллоҳ таоло дуонинг тўсиқсиз қабул қиладиган пайтлари бўлади. Нимани сўрасангиз шуни оласиз. Бу қарғиш оқибатида фарзандларига бирор ёмонлик бўлса надомат қиладилар. Ўйлаб ҳам кўрмайдиларки, бу кулфатларни ўзлари сўраб олганларини.

Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам банданинг ўзини, фарзандларини, молини ва қулларини қарғамасликка чақирганлар. Аллоҳ асрасин, бу қарғишни у дуо тўсиқсиз қабул қилинадиган пайтда, айниқса, Рамазон ойида қилиб қўйса. Бутун ой давомида дуоибад қилишдан эҳтиёт бўлиш керак.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу айтадиларки, Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кимки Рамазонда Аллоҳни зикр қилса авф қилинади ва Ундан сўраса ноумид қайтарилмайди деганлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Рамазоннинг ҳар кечасида фаришта тушиб шундай дейди: «Эй, яхшилик умидидагилар! Олдинга юринглар. Эй, ёмонлик истовчилар! Тўхтанг ва кўзларингизни очинг». Кейин эса фаришта хитоб қилади: «Гуноҳлардан мағфират бўлишни хоҳлаганлар борми? Тавбаларини қабул бўлишини хоҳлаганлар борми? Дуоларини ижобат бўлишини хоҳлаганлар борми? Истакларини бажарилишини хоҳлаганлар борми?»

Шунингдек, дуонинг ижобат бўлиши шартлари мавжуд. Кўпинча бу шартларга риоя қилинмаганликдан дуолар қабул бўлмайди.

Улардан муҳими – ҳаром луқма. У сабаб дуо қабул қилинмайди. Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мушкул аҳволга тушганлар қўлларини осмонга кўтариб шундай дейдилар: «Эй, Парвардигорим! Эй, Парвардигорим!». Қандай қилиб уларнинг дуолари қабул қилинсин, ахир таомлари ҳам, ичимликлари ҳам, либослари ҳам ҳаромдан бўлса»..

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳайит намозиСАВОЛ Ҳайит намозининг ҳукми нима Уни ўқиш кимлар учун лозимЖАВОБ Ҳайит намозини ўқиш Имоми Аъзам Абу Ҳанифа наздида вожибдир. Чунки, Пайғамбаримиз давоми...

23620 05:00 / 14.01.2017
Барча гўзал хулқларнинг энг буюк асоси бу сабрдир. Сабр ndash барча разил хулқлардан покланишликдир. У нафсни Аллоҳнинг розилиги ва савобини талаб қилган ҳолда У Зот давоми...

5175 09:00 / 28.03.2023
Амалларни чиройли суратда адо этмасдан, рўзангизни бузиб қўйманг.ndash Намозингизни зое қилиш орқали рўзангизни бузманг.ndash Садақа улашмасдан, рўзангизни давоми...

1708 16:00 / 12.04.2023
Рамазон ойининг рўзасини тутиш Исломнинг асосий рукнларидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло уни ҳар бир мусулмонга фарз қилгандир. Бу улкан ибодатни Аллоҳ таоло иккинчи давоми...

4646 05:00 / 11.01.2017