1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Аёлларга хос масалалар

15:30 / 03 апрель 8584 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: Аёл киши ҳайз кунларида рўза тутса бўладими?

Жавоб: Ҳайз ва нифос чоғида рўза тутиш жоиз эмас. Поклангандан кейин қазоси тутиб берилади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бизга ўша ҳолат етганда рўзанинг қазосини тутишга буюрилар эдик, намознинг қазосини ўқишга эса буюрилмас эдик».

Ушбу ҳадисга кўра ҳайз ва нифос кўрган аёллар рўзанинг қазосини тутадилар, лекин намознинг қазосини ўқимайдилар.

Савол: Аёл киши рўза тутаётганда ҳайз қони келиб қолса нима қилади?

Жавоб: Ўз-ўзидан рўзаси очилиб кетади ва зиммасига қазосини тутиб бериш лозим бўлади.

Савол: Рўзани тўлиқ тутиш мақсадида дори истеъмол қилиб, ҳайз қонини кечиктирса бўладими?

Жавоб: Одатий қон келмагунча аёл киши пок саналади ва рўза тутиши жоиз бўлади. Қонни тўхтатиб туриш-турмаслик борасида шаръий қайтариқ йўқ. Бу иш аёл кишининг соғлигига зарар қилмаса жоиз, зарар қилса жоиз эмас.

Савол: Рўзаси туфайли эмизикли аёлнинг сути камайса ёки тўхтаб қолса рўзани тутмаса бўладими?

Жавоб: Агар бола сут ўрнини босадиган нарсаларни истеъмол қилаверса ёки бошқа аёлнинг сутини эмаверса, онага рўзани тўхтатиш жоиз эмас. Бундай шароит топилмаса, рўза тутишни кейинроққа қолдирса бўлади.

Ҳомиладор ёки эмизикли аёллар рўза туфайли ўз жонларига ёки болаларига хавф сезсалар, рўза тутмайдилар. Уларга каффорат вожиб бўлмайди.

Савол: Аёл киши қолдирган рўзаларини кетма-кет тутиб бериши шартми?

Жавоб: Узри сабабли қолдирилган рўзанинг қазоси фарз бўлиб, уни имкон қадар тезроқ тутиб бериш лозим. Лекин кетма-кет бўлиши шарт эмас. Фуқаҳоларнинг кўпчилиги қазо рўзани орада қолдирмасдан, кетма-кет тутишнинг мустаҳаб эканига иттифоқ қилишган. Лекин бу нарса шарт қилинмаган.

Савол: Аёл кишининг қазо рўзалари жуда кўпайиб кетса, тавба қилиб, истиғфор айтса кифоя қиладими?

Жавоб: Бепарволик, дангасалик туфайли қолдирилган рўзалар зиммада вожиб бўлиб тураверади. Уларни адо қилиш фарздир. Тавба, истиғфор билан кечиктирганликнинг гуноҳи кечирилади. Лекин зиммадаги барча қазо рўзаларни тутиб бериш зарур. Қолдирилган рўзаларга одамнинг умри етмаса, қодир бўлганича қазо рўзаларини тутиб, қолганига фидя тўлашни васият қилиш лозимдир. Қодир бўлганича қолдирган рўзаларининг қазоларини тутиш фарз. Бунда фидя тўланмайди, қазонинг кетма-кет бўлиши ҳам шарт эмас.

Узрли аёллар (касаллик, ҳайз ва нифос кўрган аёллар каби) узрлари кетгандан кейин вафот этишса, соғайганидан сўнг ёки ҳайз ва нифоси тўхтаганидан сўнг неча кун яшаган бўлса, ўшанча кунлик рўзанинг фидясини васият қилиш зиммаларига лозим бўлади.

Савол: Каффорат рўзасини тутаётган аёл ҳайз кўриб қолса нима қилади?

Жавоб: Қасддан рўзасини очиб қўйгани боис икки ой каффоратини тутаётган аёл орада ҳайз кўриб қолса, каффоратни қайтадан бошлаши шарт эмас. Узри тугагач, келган жойидан давом эттириб кетаверадилар.

Лекин каффорат рўзасини тутаётган аёл бошқа узр туфайли икки ой ичида бирор кунлик рўзани очиб юборса, қайтадан бошлайди. Бундан ҳайз кўриш мустасно, нифос мустасно эмас.

Савол: Рўзадор аёл лабига бўёқ суртса бўладими?

Жавоб: Рўза ҳолатида лаб ташқи аъзо ҳисобланади. Унга бўёқ суртиш билан рўза очилмайди.

Савол: Рамазон кунларида ҳайз ёки нифоси тўхтаган аёл куннинг қолган қисмида ўзини еб-ичишдан тўхтатиб туриши вожибми?

Жавоб: Рамазон кунларида ҳайзи ёки нифоси субҳи содиқдан кейин тўхтаган аёл куннинг қолган қисмида ўзини еб-ичишдан тўхтатиб, рўзадорга ўхшаб туриши мустаҳабдир.

Савол: Аёл киши бўйи баравар сувни кечиб ўтса рўзаси очиладими?

Жавоб: Одатий йўллардан ичига сув киргани аниқ бўлмаса, очилмайди.

Савол: Субҳи содиқдан кейин ҳайз қони тўхташ эҳтимоли бор бўлган аёл саҳарлик қилиб, рўзани ният қилса бўладими?

Жавоб: Йўқ. Аёл кишининг рўзаси дуруст бўлиши учун субҳи содиқдан аввал ҳайздан покланган бўлиши лозим.

Савол: Субҳи содиқдан аввал ҳайз қони тўхтаган аёл ғусл қилмасдан ҳам рўза тутса бўладими?

Жавоб: Ҳайз қони субҳи содиққача ғусл қилса улгурадиган вақт қолганда тўхтаса, ғусл қилмаса ҳам рўза тутиш лозим бўлади. Ҳайз қони субҳи содиққача ғусл қилса улгурмайдиган вақтда тўхтаса, рўза тутиш лозим бўлмайди. Бу ҳайз кўриш одати ўн кундан оз бўлган аёллар учундир. Агар ҳайз ўн кун давом этса, улар рўзани бошлаб, сўнг ғусл қиладилар.

«Мўминнинг қалқони» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳорибтолиб, ниҳоят тунамоққа чоғланган эдим. ...Бу виқорли тоғда пайдо бўлиб қолганимга ҳеч ҳам ақлим бовар қилмайди. Ёнбошлаганча, ўнг томондан сузиб келаётган давоми...

3935 05:00 / 11.01.2017
Ҳар йили муборак Рамазон ойи яқинлашиб келар экан кишилар уни кутиб олиш учун тайёргарлик кўра бошлайдилар. Лекин афсуски, бу тайёргарликларнинг кўпи Рамазони давоми...

3622 05:00 / 11.01.2017
Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳ табарока ва таоло, бандаларини тақвога буюрдики, у сабабли бу ҳаёти дунё ва охиратда саодатни қўлга киритишади, Унинг розилиги ва давоми...

3946 03:30 / 07.04.2023
Қуръони Каримда рўзанинг ҳукми баён қилинган оятларнинг орасида рўзага алоқаси йўқ, дуога, дуо қилишга тарғиб қилувчи бир оят бор.Агар бандаларим сендан Мен давоми...

1491 16:39 / 02 апрель