1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рамазон рўзасининг сир-асрорлари

16:29 / 19.05.2018 5405 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазон ойининг аввали - раҳматўртаси – мағфиратва охири – дўзах азобидан озод бўлишдир.

Муборак ойнинг яхшиликларидан бизларни насибадор қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Бу муборак ойга ҳурмат кўрсатганлар ҳурсанд, ҳурматсизлиик қилганлар қаттиқ надомат қилувчилардир. Рамазон ойига ҳурмат кўрсатиш – бу ойнинг кириб келганлигига қувониш , тугаганига ачиниш хиссидир. Шунингдек, гуноҳларга тавба қилиш, улардан узоқлашиш ва вақтни Аллоҳга ибодат билан ўтказишлик бу ойни ҳурматлаш жумласидандир.

Ҳурматли биродарлар, қандай қилиб биз Рамазон ойини кириб келганига ҳурсанд бўлмайлик, ахир Набийимиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Агар Аллоҳниниг бандалари Рамазон ойида қўлга киритадиган нарсаларини билганларида эди, умматим орасидаги инсонлар бу ойни йил бўйи давом этишини орзу қилишар эди”- деганлар. (Абу Шайх).

Муқаддас Қуръонда; “Агар билсангиз –рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир” –дейилган (Бақара сураси, 184-оят).

Бу муборак  ойга ҳурматсизлик кўрсатганлар ҳақида хадиси шарифда фаришта Жаброил алайхиссалом: “Эй Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойи кириб, гуноҳлардан пок бўлмаган хор бўлсин” –деди.”Ва мен :”Омин”-дедим.

Бошқа хадисда: “Роббингиз хузурида хадялар бор, У уларни сизга ҳаёти дунёда беради; уларни қўлга киритишга ҳаракат қилинг !” (Имом Хаким ва Табароний)

Рамазон  – бу шундай вақтки, унда Роббул оламин ўзининг бандаларини энг қадрли ҳадялар билан сийлайди, гуноҳларга тавба қилиш, солиҳ амалларни бажариш орқали  уларни қўлга киритиш мумкин. Имом Термизий, Насоий ва Хоким сахих иснод билан ривоят қилган ҳадисда: “Рамазоннинг биринчи кечаси Аллоҳ номидан нидо қилинади: ”Эй яхшиликка интилувчи, солиҳ амалларни бажаришга кириш (яъни ўзингни хайрли амалларингни кўпайтир)! Эй гуноҳ қилувчи, маъсиятингни тўхтат!” – дейилади.

Имом Ғаззолий (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ёзади: “Агар Аллоҳ бандасини яхши кўрса, ажрини зиёда қилиш учун муборак кунларда уни эзгу амаллар қилишига йўллаб қўяди. Борди-ю Аллоҳ бандасини ёмон кўрса, азобини каттароқ бўлиши учун гуноҳ қилишга йўллаб қўяди” Аллоҳ бандасини яхши ёки ёмон кўриши, банданинг олдин бажарган амалларига боғлиқ.”

Байхақий ва Ибн Хиббон сахих иснод билан ривоят қилган ҳадисда: «Ким-ки Рамазон ойида суннат амални адо этса, у фарз амални бажарганда олинадиган ажрга эга бўлади. Ким-ки бу ойда битта фарз амални қилса унга етмишта фарз амални қилганчалик ажр ёзилади.».-дейилган.

Бу ҳадисдан яна шу нарса маълум бўладики, кимки макруҳ амални қилса, гўёки харом амални қилгандек гуноҳ ва кимки харом амални бажарса, етмишта харом амални гуноҳи ёзилади.

Шу сабабли ҳурматли биродарлар, гуноҳлардан узоқ бўлишга ҳаракат қилинг, уларга тавба қилинг, ва бу муборак ойни эзгу амаллар қилиб ўтказишга ҳаракат қилинг. 

Аллоҳ ўзиниг бандаларига Рамазон ойида рўза тутишни фарз қилишининг қандай хикматлари бор экан-а?

Аввало ҳар бир мусулмон барчанинг –Яратувчимиз Аллоҳ эканлигини билиши шарт. Ҳамма нарса уники – нимани ҳохласа шуни бизга буюриши, ва нимани ҳохласа бизни шу нарсадан халос қилиш мумкин. Ўзи бизларни яратган экан, ҳамма керакли нарсалар билан ҳам Ўзи таъминлаб қўйган. Биз Аллоҳдан нима учун буни буюрдинг, бундан қайтардинг деб сўрашга умуман ҳаққимиз йўқ. Буйруқларига сўзсиз итоат, юқорида айтилганларнинг ҳаммасига ишониш – булар Аллоҳга ибодатнинг энг юқори даражаларидан ҳисобланади. Аллоҳ Меҳрибон ва Раҳмли Зотлиги учун ўзимизга, оилаларимизга ёки умуман жамиятга манфаат келтирадиган нарсаларни таъқиқламади, ва шу билан бирга ўзимиз, оиламиз ва жамиятга зарар келтирадиган ишларни бизларга фарз ҳам қилмади.

Рўзанинг фарз қилинишида биз учун жуда кўп фойда ва хикматлар бор.

Рўза тутиш мусулмоннинг қалбини уйғотиб, Аллоҳни эслашга сабаб бўлади. Масалан рўза пайтида таом ва жинсий яқинлик ман қилинганлиги учун Аллоҳ ёдимизга тушади.Шу ҳолатда рўзадор Аллоҳнинг буюклигини эслайди. Аллоҳни зикр қилиш икки дунё саодатининг асосидир.

Рамазон ойи – бу Аллоҳга ибодатларни ва солиҳ  амалларни  кўпайтириш ойидир. Агар таомдан хузурланиб, тўйгунича еса, бу муборак ойда Аллоҳга ибодат ва У рози бўладиган амалларни қилиб бўлмайди. Рўза эса айнан шунга зиддир. Хусусан шу сабабли ҳадисда: “Ҳар бир нарсанинг ўз дарвозаси бор, Аллоҳга ибодатнинг дарвозаси – бу рўза тутишликдир” (Ибн Муборак). Кўпчиликни Рамазонда Аллоҳга ибодат қилишда енгилликни ҳис этиши бежиз эмас. Рўза танага тетиклик, ақлга тиниқлик Яратганга ибодат учун қувват беради.

Рўза тутиш кўз,тил, қулоқ, қўл, оёқ ва бошқа азоларни гуноҳ қилишдан сақлашга ёрдам беради. Рўза тутиш инсонни эзгу амаллар қилишга ундашлиги ва гуноҳлардан узоқлашишишга сабаб бўлиши ҳақида Қуръонда қуйидагилар келтирилган: “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз.” (Бақара сураси, 183-оят)

Рўза тутиш соғлиқни яхшилайди. Ҳадисда: “Рўза тутинглар – бу соғлиғингизни яхшилайди” –дейилган. (Имом Табароний ривояти). Замонавий тиббиёт очликни тиббий таъсирини тасдиқлади. Ҳозирги фаолият олиб бораётган жуда кўп клиникалар очлик билан даволайди. Кимга оч юриш саломатлиги туфайли таъқиқланган бўлса, Ислом у тоифадагиларга рўза тутмасликка руҳсат беради. Касаллик даврида тутмасада, тузалганидан сўнг қолиб кетган кунларини тутиб бериши шарт.

Кўп еган, ва ошқозони доимо тўлиб юрадиган одамнинг юраги ишдан чиқиб, аҳлоқи ёмонлашади. Бу инсонни адашиб кетишига, бошқаларни камситишга (зулм), бадҳулқликка етаклайди. Рўза тутуишлик эса буларни ҳаммаси учун профилактикадир.

 Доим тўқ юрган одам, очлик нима эканлигини билмайди, очликни билмаган оч юрган одам ҳолатини тасаввур қила олмайди. Рўза пайтидаги очлик ва чанқоқ хисси бечораларни тушуниш, муҳтожларга рахм шафқат қилиш, ёрдам бериш кераклигига сабаб бўлади. Бой мусулмонни ёрдами камбағалларнинг унга нисбатан меҳрини уйғонишига сабаб бўлади,  -ва бу нарсаларнинг ҳаммаси ўзаро бирдамликни келтириб чиқаради.

Инсоннинг энг катта бахтсизлиги ўз нафсининг ҳохиш истакларига тобе бўлиб қолишдир. Рўза инсонни бундай тобеликдан сақлайди.Рўза  инсонда сабрни, қалбида Аллоҳга таваккулни ва руҳини тетиклаштирувчидир. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам : “Рамазон ойи – бу сабр ойидир” –деганлар.

Нафснинг истак ҳохишлари , булар инсонни адаштиришни мақсад қилган шайтоннинг энг кучли қуроллари ҳисобланади. Рўза бу қуролини яроқсизлантиради. Шу сабабдан Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам : “Рамазон ойи кирганда – шайтон занжирбанд қилинади” –деганларБу сахих ҳадис бўлиб, уни имом Бухорий ва имом Термизийлар ривоят қилишган. Бу Рамазон ойида шайтонларга рўзадорларни ҳақ йўлдан оздириш анча мураккаблашади дегани. Лекин шайтон Рамазонда рўза тутмаган кишиларни эса янада кўпроқ адаштиради. Абадий ҳаёт учун рўзанинг қандай қадр-қиммати бор ?

Рўза – бу Аллоҳга ибодат бўлиб уни ажр мукофотини жуда баланд қилиб яратди. Рўза мусулмонни дўзах азобидан сақловчи қалқон. Рўзадорнинг оғзидан чиқаётган хид Аллоҳ наздида мушкдан ҳам яхшироқдир. Рўза тутган кишини икки ҳурсандчилиги бор: ифтор пайтидаги ва Аллоҳга йўлиққан вақтдаги ҳурсандчилик. Бошқа эзгу амаллар учун савоб 10 дан то 700 баробаргача кўпайтириб берилади, лекин рўза тутганлик учун бундай чеклов йўқ. .Аллоҳ айтади: “Кимки рўзада Мени деб емоқ, ичмоқ ва шаҳватидан воз кечса, бу иши учун улуғ ажрни бераман ”.

Қиёмат кунида мазлумларга золимларнинг савобларидан зулмлари туфайли олиб берилаётганда, рўзанинг ажридан хеч кимга берилмас экан, шунда Аллоҳнинг ўзи мазлумни рози бўлган холда қолдирар экан. Жаннатда Райён деб номланувчи дарвоза бор. Бу ердан фақат рўзадорларгина киради. Бу дарвозадан кирган кишига Аллоҳ билан учрашиш ва жамолини кўриш ваъда қилинган.

Рўза – инсонни дўзахдан сақлайдиган қалъа. Қиёмат куни тутилган рўза эгасини шафоат қилади. Ким Аллоҳ розилиги учун  рўза тутган бўлса, у билан дўзах орасидаги масофа қарғанинг умр бўйи учганчалик узоқлашади. Бир кунлик фарз рўза учун бериладиган ажр, ер юзи тўла олтинга ҳам таққослаб бўлмайдиган даражада кўпдир. Иссиқ кунда рўзадор бўлиб, ташналикнни ҳис қилган бандани, Қиёматда ҳамма чанқаб турганида, Аллоҳ рўза тутган бандаларини кавсар ховузидаги сув билан суғоради.

Рўза инсонни поклайди. Рўза – сабрнинг ярмидир. Рўзадорни Аллоҳ жаннатга киргизади. Аллоҳ розилиги учун ким рўза тутган бўлса, у ва дўзах орасини 70 йиллик масофага узоқлаштириб, орада осмон ва ер оралиғидек тўсиқ қилади

Рўзадорнинг дуоси рад қилинмайди. Агар Аллоҳга ихлос билан Рамазон ойида рўза тутилса, ажр ҳақида ўйлаб ёки кечаси тахажжуд намозига турса, аввалги барча гуноҳлари мағфират қилинади. Рамазонда рўза тутувчиларга хатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтишади. Аллоҳ улар учун жаннатни ҳар куни безайди.

Рамазон ойида жаннат эшиклари очилади, жаханнам эшиклари ёпилади ва дўзахдан минглаб одамлар озод қилинади. Рамазонни биринчи кечаси Аллоҳ рахмат назари билан рўза тутувчи бандаларига қарайди, энди кимга Аллоҳнинг раҳмати бўлса, уни азобламайди. Рамазоннинг ҳар кечаси фаришталар рўза тутувчини гуноҳларини кечирилишини Аллоҳдан сўрашади. Кимки Рамазон кечаларида ибодат қилса, Аллоҳ унинг бу ҳаракати учун беш юзта солиҳ амал – дунёда қилинадиган ибодатлар қаторида ёзади, шунингдек Аллоҳ унга жаннатда қаср ҳам қурдиради.

Рамазон ойи – раҳмат ойи. Бу ой ичига яширилган биргина Лайлатул Қадр кечасидаги ибодат учун бериладиган ажр савоб минг йиллик ибодатдан афзал. Бу ойнинг кундуз кунларида рўза тутиш фарз, кечалари бедор бўлиш эса суннат амаллардан ҳисобланади.

Рамазон сабрни намойиш қилиш ойи, сабрнинг мукофоти эса –Жаннатдир. Бир бирига ёрдам бериш, камбағалларга ёрдам қўлини чўзиш, солиҳ бандалар эзгу амалларини кўпайтирадиган ойдир. Ким рўзадорга ифторлик қилиб берса, (бир дона хурмо ёки бир қултум сув бўлса ҳам) унинг гуноҳлари кечирилади ва у жаханнамдан озод бўлади, ва унга рўзадорнинг ажрича савоб ёзилади.

Рамазон ойининг аввали - раҳмат, ўртаси – мағфират, ва охири – дўзах азобидан озод бўлишдир.

Бу ойда тўрт амални қилишга харис бўлиш керак. Булар Аллоҳнинг ягоналигини тасдиқловчи шаҳодат калимаси («Ла илаҳа иллаллоҳ» ихлос билан талаффуз қилиш), истиғфор айтиш, жаннатга кириш ва дўзахдан сақланишга ҳаракат.

Рамазон мўминлар учун энг яхши ва мунофиқлар учун энг ёмон ойдир.

Ҳар кеча фаришта нидо қилиб: “Эй хайрга интилувчи, солиҳ амал қилишга ҳаракат қил! Эй гуноҳ қилувчи, маъсиятингни тўхтат! ”-дейди.

Бу ойда Аллоҳнинг раҳмати нозил бўлиб, гуноҳ, хато ва камчиликлар мағфират қилинади. Рамазоннинг ҳар кечаси Аллоҳнинг изни билан фаришта: “Сўрагни берилиши учун сўровчи борми ? тавбаси қабул бўлиши учун тавба қилувчи борми ? Гуноҳларини кечирилиши учун истиғфор айтувчи борми? ” –деб нидо қилар экан. Аммо доим хамр ичиб юрувчи, қариндошлик алоқаларини узган ва одамлар билан жанжаллашиб юрувчиларнинг гуноҳлари тавба қилмагунларича кечирилмас экан. Рамазонда рўза тутиш  яна бошқа кўп яхшиликларни ўзида мужассамлаштирган.

Ким шаръий узрсиз Рамазоннинг бир кунини ўтказиб юборса, қўлдан чиқарган нарсасини умр бўйи рўза тутиб хам қўлга кирита олмайди. Бу ҳақида хадисда айтилган. Аллоҳ Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга бир тоифа одамларни кўрсатди. Михларга осилган, оғизлари йиртилган ва хамма еридан  қон оқиб ётарди. Жаброил алайхиссаломдан: “Бу одамлар ким ?” –деб сўрадилар. У жавоб берди: “Булар ифтор вақти кирмасдан аввал оғизларини очганлар” –деди. Худди шунақа жазо шаръий узрсиз рўза тутмайдиганларни ҳам кутиб турибди.

Рўза одоби

Рўзанинг ҳақиқий ажрини олишни истаган инсон унинг одобларига ҳам риоя қилиши керак. Баъзиларини мисол келтирамиз.

Кўзларни ман қилинган нарсалардан тийиш: бировнинг хатоларига, номаҳрамларга, ойнаи жаҳон орқали кўрсатиладиган ҳамма фаҳш ва ахмақона бу дунё гўзалликларига алданмаслик.

Қулоқларни –ман этилган ёлғон, тухмат, мусиқа ва ортиқча гаплардан тийиш

Тилни – ёлғондан, тухматдан, ортиқча гап сўзлардан тийиш

Қўлларни – ман қилинган нарсалардан тийиш

Оёқларни – ман қилинган  ерларга боришдан тийиш

Бурун – хушбўйликларни ҳидлашдан тийиш.

Урушиш, жанжаллашиш, бахслашиш, кимдир сизни мажбур қилсада урушмаслик, мулойимлик билан рўза тутганингизни ва жанжаллашмоқчи эмаслигингизни айтинг. Рўза тутиб Аллоҳни зикр қилинг, Ундан сўранг, кўп Қуръон тиловат қилинг, Набий (саллоллоҳу алайхи васаллам) га саловат айтинг, садақа беринг, диндошларингизга ёрдам беринг, уларни ҳурсанд қилинг, уйдагалар билан хушмуомала бўлинг. Фарз намозлари ва таровех намозларини адо қилишлик учун масжидларга мунтазам боринг. Ифторни вақти кириши билан қилинг, имкони бўлса оғизни хурмо билан хурмо бўлмаса сув билан, агар сув ҳам бўлмаса бирор бир ширинлик билан очинг. Оғизни очганингизда Аллоҳга дуо қилинг, илло бу вақт дуолар мустажоб бўладиган онлардир. Эрталаб туриб сахарликни субҳ вақти киргунича чўзиб қилинглар, (бомдод намози вақти киришига 15-20 дақиқа қолгунича). Танангизни ортиқча таом ва сув билан тўлдириб юборманг, бу нарсалар Аллоҳга ибодат қилишингизда ҳалақит беради. Кечки ва тунги намоз лар оралиғини ибодат билан ўтказишга ҳаракат қилинг. Кечаси туриб тахажжуд намозларини ўқишликка, Аллоҳга дуою илтижолар қилишга ҳаракат қилинг. Бошқа эзгу амалларни кўпроқ қилишга урининг. Бу дунё матоҳлари билан чалғиб қолишликдан эҳтиёт бўлинг: ҳазиллар, ҳурсандчиликлар, кулги ва бошқа кўнгил очар нарсалар каби. Аёлингизни, фарзандларингизни ва яқин инсонларингизни бу каби ишларга тарғиб қилинг.

Рамазон ойи – ибодатга бел боғланадиган ойдир, айниқса унинг охирги ўн кунлигини масжидда эътикоф ўтириб, кечаларини ибодат билан қоим қилишлик кабилар. Набий салллолоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлигида беллларини боғлаб масжидда эътикоф ўтирар ва Аллоҳга ибодат билан машғул бўлар ва оилаларини ҳам кўпроқ ибодат қилишга тарғиб қилар эдилар.

Чунки охирги ўн кунликни бири Қадр кечаси, ва у кечани ибодат билан ўтказган кишига минг ой ибодат қилганлик савоби берилади, шунинг учун охирги ўн кунликни кеча ва кундузларини кўпроқ ибодат билан ўтказишимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Гапимизни мухтасар қиладиган бўлсак ҳурматли ака-ука ва опа-сингиллар, ким Қуръон ва ҳадисда айтилганидек яхши амалларни қилишга ҳаракат қилса,  шу ойда ҳаракатини қилсин, фахш ва мункар ишларни қилаётганлар ўзларини тийсинлар!

Имом Бухорий ва имом Муслим келтирган саҳиҳ ҳадис рўзадан кўзланган асосий мақсадни бизга баён қилиб беради: “Ким рўза тутсаю, тилини гуноҳлардан тиймаса, ман қилинган амаллардан сақланмаса, Аллоҳ уни емоқ ва ичмоғини тарк этишидан беҳожатдир

Имом Хоким келтирган бошқа ҳадисда: “Қанча одамлар рўза тутади ундан фойдасиз чиқади, лекин қўлга киритган нарсалари фақат очлик ва ташналик бўлади”

Ҳурматли ака-ука ва опа-сингиллар! Илмсиз қилинган ибодат қабул қилинмаганлиги учун , олимлардан сўранг, Ислом арконлари, рўза шартлари, суннатлари, одаблари ва шунингдек рўзани бузувчи нарсалар ҳақидаги китобларни мутоала қилинг.

Аллоҳ Рамазонда барча мусулмонларга Аллоҳ рози бўладиган ва Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам барча умматларга ўргатгандек рўза тутишликни насиб этсин.  Омин!



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ният сўз луғатда қасд қилиш, шариатда эса бирор ишни қилишда Аллоҳ таолога ибодат қилишни ва Унга яқин бўлишини қасд қилишдир. Рўза дуруст бўлиши учун дилда ният давоми...

1760 12:10 / 16.04.2021
Рамазони шариф мукаррам ой. Ундан унумли фойдаланиб қолиш керак. Рамазондан фойда кўрмасдан чиқиш катта надомат ва улкан йўқотиш бўлади. Расулуллоҳ с.а.в.нинг давоми...

3499 05:00 / 14.01.2017
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Баъзи рўзадорлар борки, уларга рўзаси учун очликдан ўзга давоми...

1839 08:00 / 21.04.2021
Фитр куни таом ейиш, мисвок ва ғусл қилиш, хушбўй суртиш ва энг яхши кийимларини кийиш ва садақаи фитрини бериш мандубдир. Сўнгра намозгоҳга чиқади. Намозгоҳда ийд давоми...

5259 05:00 / 14.01.2017