1447 йил 28 шаъбон | 2026 йил 16 февраль, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Мусобақага соврин тикишга ижозат борми?

15:50 / 24.04.2016 4256 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Телевизорда кўрсатилишича, арабларда туя ва от пойгаси тез-тез уюштирилиб тураркан. Бизда ҳам от пойгаси, улоқ каби мусобақалар ташкил этилиб, ўтказилади. Бу ишларга кўпинча мукофот-совринлар ҳам тикилади. Бунга шариатда рухсат этиладими? Умуман ҳайвонлар билан мусобақа ўтказиш мумкинми?

ЖАВОБ: Бу нарса динимизда бор. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан кўплаб ҳадиси шарифлар келган. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссалом боқилиб, совутилган отлар билан мусобақа ўтказдилар. Уларни Ҳайфадан қўйиб юбордилар. Борадиган паккаси Саниятул Вадоъгача эди. Мен Мусодан: «Уларнинг ораси қанча эди?» деб сўрадим. «Олти ёки етти мил эди», деди. Ибн Умар ўша мусобақада қатнашганлардан эди» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилишган).

 Отларни чиниқтириш учун алоҳида боқиб совутилади. Аввал ем бериб семиртирилади. Кейин еми аста-секин озайтириб борилади. Чоптириб терлатилади. Турли нарсаларга ўраб совутилади. Ниҳоят, от чиниқиб мусобақаларда қатнашишга тайёр бўлади. Ҳайвонлар ўртасида мусобақа қилишда уларнинг совутилган бўлиши эътиборга олиниши шарт экан. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинганидек, совутилган отлар орасида ўтказилган мусобақада олти ёки етти мил масофани ихтиёр қилганлар. Совутилмаган отлар орасида ўтказилган мусобақада эса бир милча масофани белгилаганлар. Совутилмаган отлар кўп чопса, қийналиб қолиши мумкинлиги эътиборга олинган.

 Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссаломнинг Азба деган туялари бўлиб, ундан ўзадигани йўқ эди. Бир аъробий ўзининг туяси билан келди. У ўзиб кетди. Бу мусулмонларга оғир ботди. У зот буни билдилар ва: «Бу дунёда ҳар бир кўтарилган нарсани пасайтириш Аллоҳ учун ҳақдир», дедилар» (Бухорий ва Насаий ривоят қилишган).

Бу ҳадиси шарифдан туялар мусобақаси жоизлигини билиб оламиз. Шунингдек, спорт оламининг энг муҳим қоидаларидан бири бўлмиш ҳеч ким ва ҳеч нарса абадий биринчи бўлиши мумкин эмаслигини ҳам англаб етамиз. Ҳар қандай олий сифатларга эга бўлган мусобақачи ҳам вақти-соати келганда ютқазиши турган гап.

 Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссалом: «Фақат панжа, туёқ ва нислдагина мусобақа бор», дедилар». «Панжа» дейилганда туя ва шунга ўхшаш ҳайвонларнинг оёқ панжалари кўзда тутилади. Яъни, ўша шаклдаги ҳайвонлар орасида пойга ўтказиш мумкин.

«Туёқ» деганимизда от ва шунга ўхшаш ҳайвонларнинг оёқлари кўзда тутилади. Яъни, ўша шаклдаги ҳайвонлар орасида ҳам пойга ўтказиш мумкин.

«Нисл» деганда найза ва камон ўқи учига ўрнатилган темир найзалар кўзда тутилган. Демак, ушбу турдаги нарсаларда ҳам мусобақалар ўтказиш мумкин ҳисобланади.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссалом: «Мусобақада жалб қилиш ва ёнбош қилиш йўқ», дедилар» (“Сунан” эгалари ривоят қилишган).

Бу ҳадиси шарифдаги «жалб қилиш»дан мурод пойгада қатнашаёган ҳайвонни тезлатиш учун махсус кишини жалб қилиш кўзда тутилган. Яъни, мусобақадан ташқаридаги шахс мусобақага аралашмаслиги зарур.

«Ёнбош қилиш«дан мурод, пойгада иштирок қилаётган от чарчаб қолганида унинг ёнига бошқа отни яқинлаштира туриб, пойгачининг ўша янги отга ўтиши ва пойгани давом этдириши кўзда тутилган. Булардан мусобақада турли ҳийлалар ишлатиш мумкин эмаслиги келиб чиқади.

Юқорида келган ҳадиси шарифлардаги каби мусобақалар шариатда жоиз ҳисобланади. Агар ўша мусобақаларга мол- мулк аралашмаса, жуда яхши бўлади. Пул ёки мол мусобақага аралашганида ҳам соврин сифатида аралашгани тўғри бўлади. Мисол учун, давлат ёки баъзи шахслар томонидан тикилган совринлар бўлиши мумкин. Шунингдек, соврин мусобақа қилувчиларнинг бир томонидан тикилган бўлиш ҳам мумкин. Мисол учун, “мен сендан ўзиб кетсам ҳеч нарса бермайсан, аммо сен мендан ўзиб кетсанг, мен сенга бунча нарса бераман”, дейиш каби. Аммо икки мусобақалашган тараф ҳам пул ёки мол тикиши мумкин эмас. Агар бу шаклда бўлса, албатта, ҳакам бўлиши шарт (Аллоҳ билувчидир).


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мен оилали аёлман. Ҳар ҳафтада отаонамнинг уйига, яъни қизлик уйимга бораман. Мени интиқлик билан кутган отаонам яхшилаб меҳмон қилишга ҳаракат қилишади. Лекин, давоми...

3923 21:21 / 27.04.2016
СаволАссаламу алайкум 1994йили дастлаб рўза тутганимда 3 кундан кейин очиб юборишга мажбур бўлганман, сабаби ошқзонимда 5мм яра бор эди, шу касаллигим қаттиқ хуруж давоми...

3935 06:05 / 10.07.2018
СаволАссаламу алайкум ва рохматуллоҳи ва барокатуху қадрли Устоз Сизга бир дўстимни саволини йўлламоқчи эдим. Дўстим 4 миллион пул тикиб картошка эккан. Шериги давоми...

6029 08:10 / 05.11.2017
Яқин бир қариндошимиз бетоб бўлиб қолдилар. Уларни ҳеч ким тузата олмади. Шунда бир киши .Сиз бўйнингизга олишингиз керак, деб айтди. Улар кинначиликни бўйниларига давоми...

3903 15:20 / 26.04.2016