1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Қайнотани “ота” деб бўлмайдими?

14:17 / 24.04.2016 3988 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу ҳадисни тушунтириб берсангиз: «Бир киши у отаси эмаслигини билиб туриб чақирса, у биздан эмас, у дўзахдан ўзига жой тайёрласин». (Бухорий ва Муслим ривояти). «Отасидан бошқани ота деб чақирса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин ва фаришталарнинг ва ҳамма инсонларнинг. Ундан қиёмат кунигача нафли ҳам, фарзи ҳам қабул бўлмайди». Бу ҳадисга асосан айрим одамлар қайнотани ҳам “ота” деб бўлмайди деб фатво чиқаришибди. Бу фатво тўғрими?

ЖАВОБ:  Сиз ушбу саволингиз билан жамиятимиздаги кўпчиликка сезилмайдиган, аммо ўта даҳшатли муаммони кўтаргансиз. Бунинг учун алоҳида ташаккур. Энди мазкур муаммо ҳақида бир-икки оғиз сўз айтиб ўтишимиз керак бўлади. Бу муаммо диний илмлардан, араб тилидан бехабар одамларнинг китоб ёзиши, таржима қилиши ва шунга ўхшаш ишларидан иборатдир. Баъзи бир ҳадисларнинг таржимаси туфайли ҳаром нарса ҳалолга айланиб қолиши ҳам аччиқ ҳақиқат. Мисол учун, «Саҳиҳ Бухорий»нинг ўзбекча таржимасида калтакесак ҳалол деган тарзда ҳадис таржима қилинган. Таржимон “зобб” деган ҳайвонни калтакесак деб ўйлаган ва шундай таржима қилган. Зоббнинг ҳалол, аммо калтакесакнинг ҳаромлиги сал диний илми бор одам учун сир эмас. Бунга ўхшаш ҳолатлар бошқа таржималарда ҳам кўп учраб туради. 

Агар таржима тўғри бўлса ҳам, қуруқ таржиманинг ўзи одамларнинг бошини айлантиради, турли чалкашликларга олиб боради ва ихтилофлар ҳамда уриш-жанжаллар келиб чиқишига сабаб бўлади. Буни барча уламолар қайта-қайта таъкидлашган ва таъкидлашмоқда.

Сиз кўтарган масалага келсак, афтидан ҳадис матнини таржимадан кўчирганга ўхшайсиз. Қайси имомлар ривояти эканини ёзганингиз ҳам шунга далолат. Ҳақиқатда, мазкур икки улуғ имом шу маънодаги ҳадисга ўхшаш ҳадисни ривоят қилишган. Аммо сиз келтирган таржимада маъно қўпол тарзда бузилган. Имом Бухорийнинг ривоятида арабча матннинг тўғри таржимаси  қуйидагича:   «Ким отасидан бошқани отаси эмаслигини билиб туриб отам деб даъво қилса, жаннат унга ҳаромдир». Сиз келтирган ҳадисда таржимон «иддаъо» («даъво қилиш») сўзини «даъо» – «чақириш» сўзига алмаштириб қўйган. «Оқибатда «Ким отасидан бошқага «ота» деб мурожаат қилса, жаннат унга ҳаромдир» деган маъно чиққан. 

Аммо бу гап катта ёшдаги қарияларга ҳурмат юзасидан «отахон» ёки «отажон» деб мурожаат қилганга ҳам жаннат ҳаром бўлади, дегани эмас. Сиз буни сўраб, яхши қилибсиз. Аммо сўрамай фатво бериб, кўпчиликни паришон қилганлар ҳам бор.

Бир киши ташвишли ҳолда қабулимга кирди. “Хатарли масала чиқиб қолди. Ҳозир вилоятда телефонда кутиб туришибди. Бир неча оила бузилиб кетмоқда. Тезроқ жавоб беришимиз керак! Сиздан сўрашни менга ҳавола қилишди”, деди. Бир отинча: «Мен фалон, фалон китобларда ўқидим», деб арабча китобларнинг номини айтгач, «Ким отасидан бошқага “ота” деб мурожаат қилса, кофир бўлади», дебди. Қайнотасини ота дейдиган келинлар бор экан, шуларнинг оиласи бузилиш арафасига келиб қолибди.

Жоҳилликнинг даражасини қаранг! Чаласаводликнинг касофатини қаранг. Илмсиз ҳолда фатво беришнинг офатини қаранг! Шунинг учун ҳам Набий алайҳиссалом «Фатвога журъатлироғингиз дўзахга журъатлироғингиздир» деганлар-да!

Ҳаммамиз яхши англаб етишимиз керак бўлган ҳақиқатлардан бири шуки, диний таълимни яхши ўзлаштириб, устозлардан рухсат олмаган кишилар диний китоб ёзиш, таржима қилиш, ваъз қилиш ва фатво бериш ишларига яқин келмасликлари керак (Аллоҳ билувчидир).


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволШайх Ҳазратлари, Сизга икки дунё саодатини тилаб, ушбу саволни йўллайман. Маълумки тамоқ оғриганда ангина уни даволаш мақсадида пахтани спиртга теккизилиб давоми...

7015 08:40 / 27.11.2017
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМАссалому алайкум шайх ҳазратлари Сизга савол бериш бахтига муяссар этган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Ҳиндуизм ва буддизм давоми...

3492 21:47 / 25.04.2016
Жума кунлари намоз ўқиш учун масжидга борар эканмиз, масжидга кириб олиш катта матонатни талаб этади. Чунки, масжид атрофини ўраб олган тиланчи лўлилар ўтишга йўл давоми...

2892 20:46 / 27.04.2016
Савол Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари quotҲикматли дунёquotда ботинийлар ҳақида эшитдим. Ҳозирги кунда улар кимлар, қайси сифатларидан таниймиз Аллоҳ давоми...

5258 21:11 / 22.04.2016