1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Кимлар осий саналади?

14:17 / 24.04.2016 10667 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Диний адабиётларда “осий, осийлик” деган сўзлар кўп учрайди. Аммо мен яқинда намозга кирганим, ҳали исломий билимлардан унча хабардор эмаслигим учун бу сўзнинг асл маъносини яхши тушуна олмадим. Илтимос, шу ҳақда тўлароқ маълумот берсангиз.

ЖАВОБ: Банда сақланиши лозим бўлган қалб хасталикларининг бири осийликдир. «Осийлик», «исён», «маъсият» сўзлари бир ўзакдан бўлиб, луғатда «тоатдан чиқиш» маъносини билдиради. Уламолар истилоҳида осийлик Аллоҳ таолонинг буйруқларига бўйсунишни тарк қилишдир. Бошқа бир таърифда айтилишича, осийлик амрларни тарк қилиш. Аллоҳ таолонинг Китобида ва Расулининг тилидан фарз ва вожиб қилган нарсаларни тарк қилиш ҳамда Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган амалларни содир этмасликдир.

Осийлар икки хил бўлади: 1. Маъсиятни қилиш билан бирга тоатдан ҳам бош тортади. Бу иш энг ёмон ҳисобланади; 2. Маъсиятни қилиш билан бирга тоатларни адо этади. Бунда маъсиятига яраша жазо олади.

Маъсиятнинг катта ёки кичиклигига қараб унинг ҳукми ҳам ўзгаради. Аммо кичик гуноҳни давомли қилиш катта гуноҳни келтириб чиқаради. Ким катта гуноҳ қилса, фосиқ бўлади ва гувоҳлиги ўтмайди. Шунингдек, кичик гуноҳларни давомли қилиш уни гуноҳи кабирага айлантиради ва эгаси фосиқ бўлиб, гувоҳлиги рад этилади.

Аллоҳ таоло маъсиятни қаттиқ қоралаган ва унинг оқибатидан ниҳоятда эҳтиёт бўлишга чақирган. У зот Нисо сурасида: «Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига исён қилса ва Унинг чегарасидан тажовуз қилса, У зот уни абадий қолиш учун дўзахга киритадир. Ва унга хорловчи азоб бордир» (14-оят), деган.

Демак, бу дунёда фақат Аллоҳ таолога ва Унинг Расулигагина итоат қилиб яшаш лозим. Бу итоат шариатга амал қилиш билан бўлади. Аллоҳ таолога бўйсуниб, У зот кўрсатган дастурга амал қилиб яшаш иймонда, Исломда яшаш, демакдир. Охиратда ҳар кимга бу дунёдаги амалга қараб муомала қилинади. Бу дунёда Аллоҳ таолонинг ва Унинг Расулига итоат этмай, осийлик қилиб Аллоҳ таолонинг чегарасидан чиққанлар у дунёда абадий дўзахга киритилади. У ерда хорловчи азоблар ҳам бўлади. Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида: «Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилиш йўқ. Ким Аллоҳга ва унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашиш билан адашибди» (36-оят), деган.

Барча мўмин-мусулмонлар учун Аллоҳ таолонинг амри, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмлари ҳамма нарсадан устун туради. Аллоҳ таолонинг кўрсатмаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганлари турганида, мўмин киши, хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, ўзича бир иш қила олмайди. Бу иш  мумкин ҳам эмас. Ким Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг ҳукмини қўйиб, ўзича иш тутса, Аллоҳ таборака ва таолога ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлади. Очиқ адашганларнинг ҳоли нима бўлиши ҳаммага маълум. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсиятдан сақланишни сўраб дуо қилганлар ва осий бўлмасликка ҳаракат қилганларнинг гўзал оқибатга эришишлари хабарини берганлар. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадисни етти мартадан кўп айтганларини эшитдим. Мен у зотнинг: «Кифл Бани Исроилдан эди. У гуноҳдан сақланмас эди. Унинг олдига бир аёл келди. У унинг устига чиқиш шарти ила олтмиш динор берди. Эр хотинига қандай ўтирадиган бўлса, у унга ўшандай ҳолда ўтирган чоғида аёл йиғлай бошлади. Шунда у: «Нимага йиғлаяпсан? Мен сени мажбур қилдимми?» деди. «Йўқ. Аммо мен бу ишни ҳеч қилмаган эдим.. Фақат муҳтожлик мени бунга мажбур қилди», деди. «Сен ҳали шундаймисан? Мен бу ишни қилмайман. Бор, кетавер! Пуллар ҳам сеники», деди. Сўнгра у: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, бундан кейин Аллоҳга ҳеч ҳам осий бўлмайман», деди. У ўша кечаси ўлди. Сўнг унинг эшигига «Албатта, Аллоҳ Кифлни мағфират қилди» деб ёзилиб қолди», деганларини эшитдим» (Имом Термизий ривоят қилган). Демак, мўмин банда гуноҳлардан четланиши, Аллоҳ ҳамда Унинг Расулига осий бўлмасликка интилиши лозим (Аллоҳ билувчидир).


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволАссалому алайкум шайх хазратлари. Отаонам яшайдиган қишлоқда янги қишлоқ бўлгани учунми хали масжид қурилмаган, шунинг учун рамазон ойида хар йили одамлар давоми...

3609 09:05 / 19.05.2018
СаволБолалар инжиқлик қилганда ИСИРИҚ тутатишади ва фойдаси текканлигини айтадилар. Шунақа вазиятларда исириқ тутатса киши ГУНОҲКОР бўлиб қолмайдимиЖавобШайх давоми...

5841 09:05 / 12.11.2017
Ассалому алайкум Ислом хақида билмайдиган халқларнинг охиратдаги хаёти хақида савол бериганида quotИслом даъвати етмаган одам жавобгар ҳисобланмайдиquot деб жавоб давоми...

2697 08:11 / 06.01.2019
Бир ҳадисда айтилишича, бир инсон намоз ўқиётганида онаси чақириб қолади ва у онасига жавоб бермайди. Шунда онаси уни юзинг фоҳишани юзини кўрмасдан ўлмагинrdquo давоми...

6320 15:53 / 24.04.2016