1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Беҳаё расмларга қараб қўяяпман

14:18 / 24.04.2016 4621 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мен шаҳватли назарнинг ёмонлигини билиб, иложи борича кўча-кўйда ярим яланғоч кийинган аёлларга қарамасликка ҳаракат қиламан. Лекин баъзида беҳаё расмларга қараб қўяяпман. Йигитлик шаҳватимни жиловлай олмаяпман. Ярим яланғоч кийинган аёлларга нисбатан қизиқишим ортиб кетяпти. Ўзим жаҳаннам аҳлидан бўлиб қолишдан қўрқаман. Нима қилай, маслаҳат беринг?


ЖАВОБ:  Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу – унинг учун бичилишдир», деганларини эшитдим». Ушбу ҳадисдаги «никоҳга қодир бўлса» деб таржима қилинган ибора арабчада «боъа» дейилиб, моддий, маънавий ва жисмоний жиҳатдан никоҳга қодирлик маъносини англатади. 

Демак, шу маънодаги қудратга эга бўлган ҳар бир мусулмон шахс уйли-жойли, оилали бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим бўлади. Агар никоҳга моддий жиҳатиданми, маънавий жиҳатиданми қудрати етмаган, сарф-харажатни кўтара олмайдиган ёки уйланса, умр йўлдошига зулм қилишдан ўзини тўхтата олмайдиган ёшлар бўлса, рўза тутишлари керак. Улар шу йўл билан шаҳват қўзилишини босадилар. Чунки рўза туфайли кишининг шаҳвати пасайиб, худди бичилган кишига ўхшаб, бошқа жинсга шаҳват билан қарамайдиган, фаржини зинога ишлатиш хавфи туғилмайдиган ҳолга келади.

Оддий ҳолатларда эса, бу икки хавфнинг олдини никоҳ олади. Никоҳдаги шахс ўз шаҳватини ҳалол йўл билан қондиргани учун кўзи номаҳрамларга қарашдан тийилган, фаржи ҳаромга юришдан сақланган бўлади. Бу ҳадиси шариф мўмин-мусулмонларни ёшлик чоғларидан, никоҳга қодир бўлишлари биланоқ оила қуришга чорловчи ҳадиси шарифдир. Ҳаётимизда бу ҳадисга амал қилишга интилишимиз керак.

Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тўсатдан назар тушиб қолиши ҳақида сўрадим. Бас, у зот: кўзингни бошқа томонга бур», дедилар» (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган).

 Номаҳрам шахсга қасддан, шаҳват назари билан кўз тикиш ҳаромдир. Аммо туйқусдан, бехос назар тушиб қолиши гуноҳ ҳисобланмайди. Бироқ ушбу ҳадиси шарифда баён қилинганидек, дарҳол кўзни бошқа томонга буриб олиш шарти билан. Мўмин-мусулмон кишилар бу ҳукмни ҳеч қачон унутмасликлари лозим.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Али, назарга назарни эргаштирма. Албатта, биринчиси сен учун безарар бўлса ҳам, бошқаси ундоқ эмас, дедилар» (Имом Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган). Биринчи назар, номаҳрамга тўсатдан тушгани учун, зарарсиз ҳисобланади, гуноҳ бўлмайди. Аммо ундан кейин яна қайта назар солишни «тўсатдан» деб бўлмайди, буниси қасдан бўлган бўлади ва гуноҳ ҳисобланади.

Ушбу таълимотлар ҳам Ислом жамиятини пок сақлаш, йигит-қиз ва эркак-аёлларни турли ношаръий ишлардан, улардан келиб чиқадиган нохуш оқибатлардан ҳимоялаш учун келгандир. Ислом шариати ҳукми бўйича эркак кишининг аёлларнинг йўлини тўсиши, тегажоқлик қилиши, гап отиши у ёқда турсин, пинҳона назар солиши ҳам ҳаром, хиёнат ҳисобланади.  Уйланмоқчи бўлса, шариат кўрсатмаси бўйича назар солсин, гуноҳ ҳам бўлмайди, биров маломат ҳам қилмайди. Ўз хотинига хоҳлаганича назар солсин, ундан лаззат олсин, савоб бўлади. Аммо бировнинг хотинига ёки бировнинг хотини бўладиган шахсга шаҳват назари билан қарамасин. Бордию зино содир бўлмаган чоғда ҳам кўз зиноси бўлади, хиёнат содир бўлади. Шунинг учун Аллоҳдан ва қиёмат кунидан умиди бор эркаклар номаҳрам назарлардан ўзларини сақласинлар, аёл-қизлар эса ўзларини кўз-кўз қилмасинлар.

Тиб олимларининг, хусусан жинсий соҳа мутахассисларининг олиб борган илмий текширишлари ёш йигитларнинг, умуман эркакларнинг аёлларга шаҳват назари билан қарашлари жинсий ожизликни келтириб чиқаришини исботлади. Чунки бошқа жинсга шаҳват назари билан қараган одамда жинсий майл уйғонади, у майлни қайтариш эса осонлик билан бўлмайди. Бу жараённинг кўп такрорланиши эса, жинсий ожизликка олиб келади. Худди шу ҳолатнинг энг тўғри муолажаси келгуси ривоятда баён қилинади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ Одам боласига унинг зинодан бўлган насибасини ёзгандир. Уни олмаслиги амри-маҳолдир. Бас, икки кўзнинг зиноси назардир. Тилнинг зиноси нутқдир», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Икки қўлнинг зиноси ушлаш, икки оёқнинг зиноси юриб бориш, қулоқнинг зиноси эшитиш, оғизнинг зиноси ўпишдир. Нафс уни орзу ва иштаҳа қилур. Фарж эса, уни тасдиқлар ёки ёлғонга чиқарур», зиёда қилинган (Имом Абу Довуд, Бухорий ва Муслим ривоят қилишган). 

Зино – бегона аёлга жинсий яқинлик қилиш, деб таърифланади. Бу кабира гуноҳлардан бўлиб, никоҳда бўлган шахсдан томонидан содир бўлгани исботланса, шариат ҳукми бўйича уни тошбўрон қилиб ўлдирилади. Агар зино никоҳда бўлмаган одамдан содир бўлса, юз дарра уриш билан жазоланади. Аммо шундай қаттиқ жазога сабаб бўладиган оғир жиноят тўсатдан, ўз-ўзидан содир бўлмайди. Унинг ўзига хос муқаддималари бор. Аввал кўрилади – шаҳват назари тушади, шу маънода гапирилади, иккинчи томоннинг гапи эшитилади, зино жойига юриб борилади, қўл билан номаҳрам шахснинг аъзолари ушланади ва охири зино содир бўлади.

Ўша муқаддима ҳисобланган нарсалар ҳам зино ҳисобланади. Номаҳрам шахсга шаҳват билан назар солган шахс кўз зиноси қилган бўлади. Номаҳрам шахсга шаҳвоний гаплар айтган шахс тил зиноси қилган бўлади. Номаҳрам шахснинг шаҳвоний гапларини эшитган шахс қулоқ зиноси қилган бўлади. Номаҳрам шахснинг ортидан шаҳвоний мақсадда юрган шахс оёқ зиносини қилган бўлади. Номаҳрам шахснинг баданини ушлаган шахс қўл зиносини қилган бўлади. Ушбу зиноларнинг ҳар бирига гуноҳ ёзилади. Албатта, қилинган ишнинг хатарига, миқдорига қараб гуноҳнинг оз ёки кўплиги аниқланади. Ушбу маъжозий маънодаги зиноларнинг қозиликка етиб борганларига таъзир жазоси ҳам берилади.

Ислом жамияти том маънодаги пок жамиятдир. Ҳамма томон, ҳамма нарса пок бўлиши керак. Бу жамиятда зино ҳаром саналади. Шунингдек, зинога сабаб бўладиган нарсалар ҳам ҳаромдир. Бир нарсага сабаб бўладиган нарсаларни ҳаром қилмай туриб, унинг ўзини ҳаром қилиш мантиққа ҳам тўғри келмайди. Шунинг учун зино ҳаром бўлиши билан баробар, унга сабаб бўладиган ҳамма нарсалар ҳам ҳаром қилинган. Демак, зинодан сақланишнинг биринчи йўли – уйланиш, иккинчи йўли – рўза тутиш бўлса, учунчи йўли – зинога олиб борадиган нарсалардан узоқроқ юришдир.

Бу ишлар қаторига ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган: шаҳвоний қараш, гап-сўз, тинглов, юриб бориш ва ушлаш ҳам, бу ҳадисда зикр қилинмаган кейин, пайдо бўлган турли фаҳш суратлар, филмлар, ёзувлар, китоблар ва бошқа нарсалар ҳам киради. Ислом жамиятида бундай нарсаларга ўрин йўқ. Ҳар бир мусулмон шахс бундай нарсаларга яқин йўламаслиги керак (Аллоҳ билувчидир).



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Турмуш ўртоғим менга бир қанча ваъдаларни бериб уйланган эди. Яъни ўз хотинидан яхшилик кўрмаётганлигини, агар мен унга турмушга чиқсам истаганим муҳайё давоми...

3431 18:57 / 26.04.2016
Ҳамиша намозни ўз вақтида ўқишга ҳаракат қиламан. Намоз вақтини интиқлик билан кутаман ва назаримда намоз вақти киргандек бўлади. Лекин намозни бошлаганимдан давоми...

3411 20:57 / 27.04.2016
СаволҲурматли Шайх ҳазратлари саволим шуки ҳозирда ибодат қилувчилар масжидларга худди яҳудийларни бош кийимига ўхшаш бош кийим кийишмоқда бу бошнинг юқори давоми...

6384 09:05 / 30.11.2017
Эркаклар оқарган сочсоқолларини бўяб юрсалар бўладимиОқарган сочсоқолни бўяш хинно билан бўладиган бўлса бўлади. Балки буни қилиш суннат қилиш Пайғамбаримиз давоми...

4555 21:32 / 27.05.2016