1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Илм – ҳаёт зийнати

18:44 / 22.04.2017 3086 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

بسم الله الرحمن الرحيم

Бутун оламларни йўқдан бор этиб, инсон зотини азизу мукаррам қилиб улуғлаган Зот – Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду саноларимиз бўлсин! Бизларга Ислом рисоласини олиб келган, умматга насиҳат қилган, ўзининг пурҳикмат сўзлари билан қорншғу йўлларимизни нурафшон этган жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга то қиёмат соловоту дурудлар ёғилсин, бир ойлик раҳмат мавсуми ҳам ниҳоясига етди. Бир ой давомида бошимизга соябон бўлиб турган муборак ой сафар тадоригини кўришни бошлади. Бир ой давомида ҳузуримизда азиз меҳмонимиз бўлган рамазони шариф бизларни тарк этмоқда.

    Салафи солиҳларимиз рамазонни ярим йил давомида интиқлик билан кутиб, унга эсон-омонликда етказишни Аллоҳдан илтижо қилиб сўрардилар, Рамазон ниҳоясига етгандан кейин эса яна қарийб ярим йил муддат ундаги қилган солиҳ амаллари қабул бўлишини Аллоҳдан сўраб юрар эканлар. 

    Рамазони шариф бу катта неъматдир. Бу гуноҳлардан, турли зарарли иллатлардан покланишимиз учун, раббоний хислатларга эга бўлиб, Аллоҳ таолога маънавий қурбат ҳосил қилишимиз учун қулай фурсатдир. Рамазони шариф раҳмат ойи, дуо ойи, ибодат ойи, меҳру мурувват ва саховат ойидир. 

    Бу ойда мусулмонлар ўзларини сарҳисоб қиладилар, ибодатларда астойдил бўлиб, тиришадилар, ораларидаги кудуратларни унутиб, меҳру мурувватли бўладилар.  Қаринодош-уруғларидаги қийналган оилаларга саховат кўрсатадилар. 

    Аллоҳ таоло бу ойда рўза тутишни фарз қилар экан, “لعلكم تتقون” “шоядки тақводор бўлсангиз!”, дея тафаккурга чорлагувчи нидо билан хотима ясаган. Бундан келиб чиқадики, рамазон ойи давомида рўза тутишни фарз қилишдаги асосий ҳикматлардан бири бу – кишида тақво малакасини пайдо қилиш экан, мана шу бир ой давомида юзага керлган тақволи муҳитни рамазондан кейин ҳам давом этишига даъват экан. 

Шундай экан, рамазондан кейин ибодатдан тўхтаб қолиш рўза фарз қилинишидан кўзланган ҳикматга зид келиши маълум бўлади. Билъакс, рамазондан сўнг ҳам гуноҳ-маъсиятлардан тийилиб, ҳалолпок юришни давом эттиришимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Шунга кўра инсондан рамазонда қилган яхши гарчи оз-оздан бўлсада бардавом бўлиши талаб қилинади. Зеро, амал оз бўлсада давомли бўлиши Оллоҳга маҳбуброқдир. Оиша разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг амалларини баён қилиб, шундай деганлар: "Агар бир амални қилсалар, унда сабот билан турар эдилар".

мана эзгулик мавсуми ҳам интиҳосига етиб, ийдул-фитр шодиёнаси арафасида турибмиз. Шундай қилайликки, бу байрам ўзларимиз учун ҳақиқий байрамдек бўлсин. Бу ойдан гуноҳларимиздан пок ва мусаффо бўлган ҳолда чиқиш барчамизга насиб этсин! Акс ҳолда ҳадис шарифларда огоҳлантирилганидек, Пайғамбаримизнинг дуойи бадларига рўбарў бўлиб қрлиш хавфи бор, Аллоҳ асрасин! Ул зот айтадиларки: (маъноси) “Рамазон кириб, чиқиб кетса ҳамки, гуноҳи кечирилмаган банда хор бўлсин, бурни ерга ишқалансин!”, дейдилар. Аллоҳ таоло Рамазонни мана шундай натижа билан якунлашдан Ўзи асрасин!.. Аллоҳ таоло Бу имтиҳонда барчаларимизга энг аъло натижаларни қўлга киритишимизни ва дўзахдан гардани озод қилинган бахтиёр кишилардан бўлишимизни насиб этсин!..

Алҳамду лилааҳ, бу йилги Рамазони шариф шаҳримизда, ўлкамизда ўзгача шукуҳ, ўзгача тароват билан ўтди, кўплаб масжидларда хатми Қуръонлар қилинди. Жамоавий ибодатлар чиройли тартиб билан, сакинат билан адо этилди. Бунинг учун Парвардигоримизга беҳисоб шукроналар, ҳамду санолар айтишимиз лозим. Ўлкамиз фуқаролароини байрам устига, байрам кутиб турибди. Рамазон ҳайитидан сўнг бироз ўтиб, ватанимиз мустақиллигининг 21 йиллик тўйи ҳам эшик қоқиб турибди. Бу албатта кишини хурсанд қилиб, дилига ҳузур бағишлайдиган, руҳиятини кўтарадиган  ажойиб ҳолатдир мана толиби илмларимизнинг ёзги таътиллари ҳам ниҳоясига етиб, илм мавсуми бошланай деб қолди. Минглаб талабалар янги ўқув йилларини бошлаш арафасида туришибди. Аллоҳдан уларга илм олишда ғайрат ва шижоатлар беришини, муваффақиятлар ато этишини, келажакда юртимизнинг шаънини кўтариб, шарафини ҳимоя қиладиган етук шахслар, алломалар бўлиб етишишларини сўраб қоламиз.  

Шунга кўра бугунги жума мавъизамизнинг мавзуси ҳам илм ҳақида бўлади иншоаллоҳ.  

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Ҳиро ғорида нозил бўлган илк ваҳий «Ўқи!» деган амр эди. Илк ваҳийнинг ўқишга, илм олишга даъват билан бошланишининг, Аллоҳ охирги динини ўқиш-ёзишни билмайдиган уммий киши орқали инсониятга етказишни ирода қилганининг буюк ҳикмати бор эди. Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига муяссар бўлиш воситаси қилди.

Илмсизлик, жаҳолат эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм олишга ва бу орқали Парвардигорларини танишга буюрди. «Илм» сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолари билан келган. Қуръон ва Суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаромлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган. Аллоҳ таоло айтади:

... يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ *

(سورة المجادلة/11)

яъни: “... Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. (Мужодала, 11). Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) ривоят қилинган кўплаб ҳадислар ҳам илмга, ўрганишга даъват билан йўғрилган. 

Имом Бухорий ва Муслимларнинг (Аллоҳ бу икки улуғ имомдан рози бўлсин) “Саҳиҳ”ларида қуйидаги ҳадис Муовия ибн Абу Суфён (рз.)дан ривоят этилган бўлиб, унда Муовия айтадилар: “Мен Расулуллоҳнинг (с.а.в.): “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишида фақиҳ қилиб қўяди”, - деганларини эшитдим”.

Абдуллоҳ ибн Аббос (р.з.) шундай деганлар: “Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга илм, мол-дунё ва подшоҳликдан бирини танлашни буюрганда, у зот илмни танладилар. Натижада, илм туфайли мол-дунё ва подшоҳликка ҳам эришдилар”.

Пайғамбар (а.с.) илм ҳақида яна бундай деб, мажозий ўхшатма ясаганлар: “Имон яланғоч бир нарса бўлса, унинг либоси тақво, зийнати ҳаё, меваси эса илмдир”. 

Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳ) айтадилар: “Илм мол-дунёдан кўра яхшироқдир. Чунки, илминг сени асрайди, мол-дунёни эса сен асрашинг керак бўлади. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса ўзгаларга ўргатиш билан яна зиёда бўлаверади”. Зеро, илм талаб қилиш ва унинг йўлида чекилган заҳмат туфайли жузъий саҳв ва хатоларнинг кечирилиши Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг: “Ҳамма нарсалар, ҳатто дарёдаги балиқлар ҳам толиби илмнинг гуноҳлари мағфират қилинишини сўрайдилар”, - деган ҳадисларида ўз ифодасини топгандир.

Дарҳақиқат, илмнинг мақому мартабаси юксакдир. Ахир илм аҳли пайғамбарларнинг меросхўрларидирлар. 

Барча динлар ичида илк бор илмнинг инсон ҳаётидаги ўрнига аҳамият берган ва илмга кенг йўл очган дин – Ислом динидир.

Ислом – илм динидир. Инсониятга қиёматгача дастурул амал бўлган Қуръон Каримнинг илк оятлари ҳам бунга яққол далил бўлади. 

Муқаддас динимизда илмнинг ва уламоларнинг ўрни беқиёсдир. Дунёнинг мувозанатда туришлиги ҳам Аллоҳни қалбига жойлаган, тақводор уламоларга боғлиқ, чунки олимлар бузилса олам бузилади. 

Али разияллоҳу анҳу таъбирлари билан айтсак, у зот шундай деган эдилар: "Олим рўзадордан ҳам, намозларида қоим намозхон ва мужоҳиддан ҳам афзалроқдир. Агар олим вафот этса Ислом (қўрғони) дарз кетади, у ёриқни фақатгина илмли ўринбосаргина ямаши мумкин[1]".

Дарҳақиқат Аллоҳдан қўрқадиган, илмга хиёнат қилмайдиган уламоларимиз бор экан, бизлар тараққиёт ва фаровонлик сари одимлаб бораверамиз.

Аллоҳ таоло кўплаб ояти карималарда илм аҳлини мақтаб, уларни улуғлаган. Ўзининг Китобини илм берилган зотлар қалбидан жой олган оятлар эканини айтган:

 [العنكبوت:49]“بل هو آيات بينات في صدور الذين أوتوا العلم وما يجحد بآياتنا إلا الظالمون”

“Йўқ, у (Қуръон) илм ато этилган зотларнинг кўнгилларидаги аниқравшан оятлардир. Бизнинг оятларимизни фақат золимларгина инкор қилурлар”.

Уламолар пайғамбарлар ворисларидирлар, пайғамбарлар вафотидан сўнг, илм ҳақида уламолардан сўралади. Шу боис ҳам Аллоҳ таоло: 

“فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ” яъни: “Агар билмайдиган бўлсангиз, илм аҳлидан сўранг!”, дейди (Наҳл сураси, 43-оят).

Илм ва иймон аҳлининг даражалари юксакларга кўтарилади:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ * (سورة المجادلة/11)

Яъни: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”.


Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани

 бош имом-хатиби  

Одилхон қори Исмоилов



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
БИСМИЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИММуқаддимаБутун оламлар Парвардигорига ҳамду сано, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга, у зотнинг оила, асҳобларига салоту давоми...

26866 10:37 / 22.03.2017
Бугунги кунда инсонни ақлини оладиган, унинг хотирасини заифлаштирадиган, турли касалликлар асаб касаллиги, ошқозон, ўпка касаллиги, нафас йўлини сиқувчи, фикр ва давоми...

5213 19:51 / 22.04.2017
Маълумки, шайтон биз мусулмонларнинг ашаддий душманимиздир. Унинг бирданбир мақсади бизларни йўлдан уриш, адаштириш ва абадий азобга гирифтор этиш. Лекин шайтон давоми...

3822 10:08 / 27.03.2017
Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом ўз қавмини ҳақ динга чақирди. Бироқ улар пайғамбарга итоат этишмади. Аксинча, ўзларининг жоҳилликларида давом этди. Фойдаси ҳам, давоми...

6573 14:33 / 27.03.2017