1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Исломий биродарлик

17:23 / 27.03.2017 7925 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм



Аллоҳ таолога Ўзининг Зотига муносиб ҳамд ва У Зотнинг бандаси ва расули Муҳаммадга чексиз салавоту саломлар айтамиз.

Роббимиз Аллоҳ таоло муқаддас каломи бўлмиш Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилади:

“Албатта, мўминлар биродардирлар” (Ҳужурот,10) .

Оятдаги “биродар” деб таржима қилинган сўз араб тилида бирлик шаклида “ахун” калимаси билан ифода қилинган. Бу калима икки хил маънода ишлатилади.

Биринчиси – ака ёки ука, яъни туғишган биродар маъносида.

Иккинчиси – дўст, тутинган биродар маъносида.

Мазкур сўзнинг ўзи жам-кўплик сийғасида келганда, маъносига қараб икки хил шаклда келади:

Биринчиси, “ихватун” бўлиб, туғишган биродарлар (ака-укалар) маъносини англатади.

Иккинчиси, “ихваанун” бўлиб, дўст бўлган биродарлар маъносини англатади. 

Мўминларнинг ўзаро биродарлиги ҳақида сўз кетганда туғишган биродарлар маъносидаги “ихватун” калимаси ишлатилган. Бу билан мўминлар худди туғишган ака-укалардек эканликлари таъкидланган (Тафсири Ҳилол).

Насаб жиҳатидан бўладиган биродарликнинг доираси тор бўлсада, лекин дин, эътиқод жиҳатидан бўладиган биродарликнинг доираси жуда кенгдир. Бундай биродарликка биз таниган ва танимаган одамлар киради. Бу биродарликни белгилайдиган чегара бу – иймон ва ислом чегарасидир.

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳали устингизга халқлар худди емакхўрлар товоғига ташланганидек ёпирилиб келади”, дедилар. Биз: “Ё Расулуллоҳ, ўша куни озчилик бўлганимизданми?”, деб сўрадик. “Сизлар у куни кўпчилик бўласизлар, лекин худди селнинг кўпиги каби кўпик бўласизлар, душманларингиз қалбидан маҳобат (қўрқув) олиб қўйилади ва қалбларингизга ваҳн (заифлик) солиб қўйилади», дедилар. “Ваҳн нима?”, дедик. “Дунёга муҳаббат ва ўлимни ёмон кўриш”, дедилар.”  (Муслим, Абу Довуд ривояти). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша кунда мусулмонларнинг шижоатларининг камлиги ва қадрларининг пастлигини сувнинг юзидаги кўпикка ўхшатдилар. Одатда кучлилар кучсизларга нисбатан паст назар билан қарашади. Қайси бир жамоат кучли бўлса, табиийки, унинг қўли баланд, қадри юксак бўлади. Улар ўзларини бошқаларга хафа қилдириб қўйишмайди. Аммо қавм тарқоқ бўлса, ўртадаги биродарлик муносабатларига путур етган бўлса, улар ўз-ўзидан кучсизланадилар ва ўзларидан кучлилар уларнинг устидан ҳукмрон бўлиб оладилар. Ҳадисда бундай кучсизланган уммат “емак-овқат”га ва “сув устидаги кўпик”ка ўхшатилмоқда. Ҳозирда мусулмон умматининг заифлиги, тарқоқлиги сабаби улар ўртасидаги биродарлик алоқаларининг яхши йўлга қўйилмаганлигидандир. Мусулмонлар бир-бирлари билан иноқликда, ҳамжиҳатликда яшасалар, ўрталаридаги биродарлик ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилсалар, албатта улар кучли бўлишлари табиий. 

Уламоларимиз иймон мукаммал бўлмагунча Исломнинг бошқа аҳкомлари мукаммал бўлмайди, дейишади. Исломий биродарлик иймон билан ўзаро боғлиқдир. Мусулмонлар ўртасидаги биродарлик алоқаларининг қалбакилашуви ёки заифлиги улардаги иймоннинг заифлашганлиги белгиси, десак адашмаган бўламиз. Инсонлар ўртасидаги моддий-дунёвий манфаатлар уларни вақтинча бир-бирларига боғланишга ва бир-бирларига ёрдам беришга туртки бўлади. Ўртадаги дунёвий манфаат узилса, алоқалар ҳам заифлашади ёки бутунлай узилади. Бу каби сохта, вақтинчалик муносабатларни исломий биродарликка умуман алоқаси йўқ. Бундай тор доирадаги биродарлик, вақтинчалик ҳамжиҳатлик билан кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди. Демак, инсонларда чин биродарлик бўлиши учун уларда иймон бўлиши керак. Иймон, тавҳид масаласи асосий нуқтадир. Биродарлик масаласи ислоҳ бўлиши учун аввало иймон, эътиқод масалаларини ислоҳ қилиш лозим. Кишининг иймони кучли бўлса, бошқа амаллари ҳам ундаги иймон тақозоси билан ислоҳ бўлади. Кишининг иймоний, исломий тушунчалари нуқсонли бўлса табиийки, ундаги бошқа амаллар, алоқалар қатори биродарлик тушунчаси ҳам нуқсонли бўлади. Демак, исломий биродарлик бевосита иймонга боғлиқ экан. Юқоридаги оят бунга яққол далолат қилиб турибди. Агар кишида иймон бўла туриб биродарлик нуқсонли бўлса, демак ундаги иймон кучли эмас. Агар биродарлик бўла туриб, ўртада иймон бўлмаса, демак бу биродарлик ёлғон. Ундай “биродарлик” узоқ давом этмайди. Биз сўз юритаётган исломий биродарлик миллат, ирқ, ёш, узоқ ва яқинлик, қариндошлик ёки бегоналикни танламайди. Миллати, ирқи, ёши, яшаётган ватанининг узоқ ёки яқинлиги, бир-бирига таниш ёки нотанишлиги биз сўз юритаётган биродарликка тўсиқ бўлолмайди. Мусулмон умматини битта ягона вужуд (бадан)га ўхшатилганлиги ҳам бежизга эмас. Тананинг бир жойига тикон кирса, бутун вужуд оғриганидек, мағрибдаги бир мўминнинг азийяти машриқдаги бошқа мўминнинг азийятидир. Машриқдаги мўминнинг хурсандчилиги мағрибдаги мўминнинг хурсандчилигидир. 

Биродарликнинг турли кўринишлари борлигини уламоларимиз таъкидлашади. 

1. Юқоридаги: “Албатта, мўминлар биродардирлар” оятидаги умумий биродарлик. Бу биродарлик ҳақида юқорида баён қилдик. Яъни иймон тақозосига кўра бўладиган умумий биродарлик. Мўминларнинг барчалари бир-бирларига биродар ва ака-укадирлар. 

2. Ўзаро қабилалар ва маҳаллалар ўртасидаги биродарлик. Бундай биродарликка Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида Авс ва Хазраж қабилаларини ўзаро биродар қилиб қўйганлари мисол бўлади. Улар Исломга киришларидан аввал бир-бирларига душман эдилар. Иймон, ислом сабаб икки қабила бир-бирига биродар бўлишди. Ёки мухожирлар ва ансорийлар ўрталаридаги биродарликни ҳам мисол қилиш мумкин. 

3. Алоҳида шахслар ўртасидаги биродарлик. Яъни, бир-бири билан тез-тез кўришиб турадиган, бирга ишлайдиган, бирга ўқийдиган ёки битта маҳаллада яшайдиган инсонлар ўртасидаги биродарлик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларни бир-бирларига алоҳида-алоҳида боғлаб, биродар қилиб қўйганлари бунга мисол бўлади. Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуни Мадинага келганларида Саъд бин Робиъа розияллоҳу анҳуга биродар қилиб қўйдилар. Саъд ибн Робиъа розияллоҳу анҳу бой одам эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай биродарликни йўлга қўйишларидан мақсадлари ва кўзлаган ҳикматлари мусулмонларнинг бир-бирлари билан ўзаро алоқада бўлиб туришлари, ҳам динларида, ҳам дунёларида бир-бирларига кўмакчи бўлишларига эришиш эди. Мўминларнинг ҳолатлари ҳар хил бўлиши табиий ҳол. Бири бой, иккинчиси фақир бўлиши, бири илмли бўлса бошқаси илмда унчалик кучли бўлмаслиги мумкин. Исломий биродарлик мўминлардаги мана шу сифатларнинг бир-бирига боғланишига ва биридаги бўшлиқни бошқаси тўлдириб боришига энг кучли восита ҳисобаланади.  

Исломий биродарлик иймон асосига қурилар экан, ундан кўзланган мақсад дунёвий ёки моддий манфаат ва алоқалар эмас. Балки бу биродарлик Аллоҳ учун бўладиган ҳақиқий биродарликдир. 

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтдилар: “Ким Аллоҳ учун яхши кўрса, Аллоҳ учун ёмон кўрса, Аллоҳ учун дўст тутинса ва Аллоҳ учун душман тутинса, шу билан Аллоҳнинг дўстлигига эришади. Инсонларнинг кўпчилигининг биродарчилиги дунё учун бўлди, бу улар учун ҳеч қандай фойда бермайди” (Ибн Жарир ривоятлари). 

Иймон аҳлининг афзали ҳисобланмиш саҳобалар розияллоҳу анҳум бу биродарликни суистеъмол қилишмаган. Саъд ибн Робиъа розияллоҳу анҳу Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу билан биродар бўлганларида: “Мен Мадинанинг бой кишиларидан бириман, бугундан бошлаб молу давлатимда ҳаққинг бор, никоҳимдаги аёлларимдан хоҳлаганингни танла, уни талоқ қиламан”, деган эканлар. Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу эса: “Аллоҳ, сенинг молинг ва аҳлингга барокат берсин! Менга бозорни кўрсатиб қўй”, деб жавоб берган эканлар. 

Уламоларимиз хос биродарлик умумий биродарликни таъминлайди, дейишган. Жамият биносининг мустаҳкамлигида биттагина ғишт ҳам муҳим ўрин тутгани каби хос-хусусий биродарлик ришталари Ислом жамиятидаги умумий биродарликка асос бўлади. Умар розияллоҳу анҳу шундай деган эканлар: “Инсон Исломга келганидан кейин солиҳ биродардан ҳам кўра ортиқроқ яхшилик ёки бойлик орттира олмайди. Бас, сизлардан бири бир инсонда дўстликни кўрса, ўшани маҳкам ушласин!” 

Яна бу борада уламолар айтадилар: “Солиҳ биродар тополмайдиган инсон - энг ожиз инсон, солиҳ биродарини зое қиладиган киши эса - ундан-да ожизроқдир”. 

Солиҳ амалга тарғиб қилиш борасида кўпинча унинг шартлари, аҳкомлари зикр қилиниши одат тусига кирган. Лекин уламолар баъзан тарғиб қилинаётган фазилатли амални дунё ва охиратдаги самараларини зикр қилиш билан бошлашни яхши санашган. Бунинг ҳикмати шуки, гоҳида киши бир амални самарасини, ажрининг улуғлигини ва унга берилажак даражаларнинг юксаклигини билгачгина, унга бу амални қилишга рағбат уйғонади ҳамда унга эришиш йўллари осонлашади. Шунинг учун биз ҳам мазкур қоидага амал қилишни яхши деб билдик. 


Биродарликнинг бу дунёдаги самаралари:


1. Исломий биродарлик иймон ҳаловатига эриштиради;

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса борки, улар кимда бўлса, иймон ҳаловатини топади: “Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари, бир кишига фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қилмоғи ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши” – дедилар”. (Имом Бухорий, Муслим, Термизий ва Насаий ривоятлари)  


2. Инсоннинг ички ва ташқи дунёсини поклайди;

Исломий биродарликни юзага чиқиши кишининг ҳам зоҳири, ҳам ботини покланишига сабаб бўлади. Чунки Аллоҳ йўлидаги биродарлик улуғ мақом ва даражадир. Унда Аллоҳнинг розилиги бор. Аллоҳнинг розилигига эса фақат поклик билангина эришиш мумкин. 


3. Ширк ва маъсиятларга мубтало бўлишдан сақлайди;

Мўмин киши биродарини ширк ва маъсиятдан огоҳлантиради. Бу йўлда унинг риоясини қилиб индамай туравермайди. Аслида чин биродарлик тақозоси ҳам шундай қилишга ундайди. “Мўмин мўминнинг ойнасидир” мазмунидаги ҳадис далолатига кўра биродарларнинг бир-бирларига қилган холис насиҳатлари сабаб уларнинг камчиликлари тўғриланиб, хулқлари ислоҳ бўлади.  


4. Аллоҳга тоат-ибодат қилишда мустаҳкам бўлишга ёрдам беради;

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи: “Аллоҳ йўлида севиш кишининг шахсини эмас, балки унга охиратда фойда берадиган сифатлари сабабли севишдир. Худди устоз ва шогирднинг севгиси каби. Чунки шогирд устози сабабли охиратда зафар келтирувчи илмга эга бўлади. Устоз эса таълим бергани учун Аллоҳ таоло ҳузурида улуғ даражага эришади”, деб айтган.


5. Зарарли ихтилофларнинг олдини олади;

Исломий биродарлик ўртада фойдасиз ва зарарли ихтилофларга барҳам беради. Аслида ихтилоф, бир масалада иттифоқ бўлмаслик инсон фитратидаги табиий ҳол ҳисобланади. Шариатдаги ижтиҳодлар, ихтилофлар азалдан жорий бўлган, то қиёматга давр тўхтамайди. Ана шундай ихтилофлар сабаб бўлиб инсонлар ўртасида маҳаллийчилик, мутаассиблик каби турли келишмовчиликлар юзага келади. Кўпинча бундай келишмовчиликлар уруш-жанжалларга ҳам сабаб бўлади. Уламоларимиз бундай келишмовчилик ва фойдасиз ихтилофларга барҳам беришнинг самарали йўли – исломий биродарликни жорий қилишдир, дейдилар. 

Исломий биродарлик орқали мусулмонлар ўрталаридаги келишмовчилик, ихтилоф, бир-бирлари билан фикрлари тўқнаш бўлишдан юзага келадиган кулфат ва зарарларидан омонда бўлишади. Инсон ҳар қанча илмли, қувватли ва бой бўлмасин, агар унда биродарлик туйғулари шариат кўрсатгандек йўлга қўйилмаган бўлса ундай инсонда яхшилик йўқлигини уламоларимиз таъкидлашади. Ундаги илм, қувват, имконият, бойлик исломий биродарликсиз жамиятда тинчлик ва барқарорликни қарор топтира олмайди.      


6. Ғариблик, мусофирлик ва муҳожирлик қийинчиликларини енгиллаштиради;

Уламоларимиз ғарибликнинг турларини иккига тақсимлашган:

1. Жасад билан ғариб бўлишлик;

2. Қалб билан ғариб бўлишлик.

Ватандан, яқинларидан узоқда бўлган мусулмонлар - жасад билан ғариб бўлганлардир. Улар турли сабабларга кўра ватандан кетишга мажбур бўлган мусулмонлардир. 

Қалб билан ғариб бўлганлар - қалбидаги иймон-эътиқоди билан ғариб бўлганлардир. Бундай ғариблар бошқалардан ўзларининг иймон-эътиқоди, тушунчаси, талаб қилаётган нарсаси билан ғариб бўлиб, яккаланиб қолган инсонлар ҳисобланади. Ундай мўминлар ўз ватанида, қариндошлари, яқинлари орасида бўлсалар ҳам ғарибдирлар. Уларни ўз динларига амал қилишларига, ҳақ йўлда юришларига тўсқинлик қилишади. Уларга ҳар турли таъна-дашномларни ёғдиришади. Атрофидагиларнинг тушунчаси, талаб қилаётган даъвоси эса бошқа-бошқадир. Ундайлар ўз уйида ўтирса ҳам ғарибдир. 

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилинади У киши дедилар: 

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ғарибларга шодлик бўлсин!” “Ғариблар ким, эй Расулуллоҳ?”, деб сўрашди. У киши дедилар: “Улар кўп сонли ёмон одамлар ичидаги солиҳ инсонлардирки, уларга исён қиладиганлар итоат қиладиганлардан кўра кўпроқ бўлади”. (Аҳмад ривояти, ривоят санади саҳиҳ). 

Ғариблик бу мусибат эмас, балки ҳадисларда таъкидланганидек, улуғ шарафдир. Исломий биродарлик ғарибликнинг қийинчилик ва заҳматларини енгишда ёрдам беради. Мусулмонлар бир-бирларига худди намозда бир сафда елкама-елка турган каби саф-саф бўлиб, яқин ва мустаҳкам бўлишлари лозим. Исломий биродарлик мусулмонларни дин йўлидаги қийинчиликларни биргаликда енгишларига ёрдам беради. 


7. Аллоҳнинг муҳаббатига эриштиради;

Аллоҳ йўлида дўст бўлганлар Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўладилар. Аллоҳ йўлида дўстлашган одамнинг дунё ва охиратда сазовор бўладиган шарофат, бахт-саодатлардан бири - Аллоҳ таолонинг муҳаббатидир. 

Халқимиздаги “Яхшига ёндошиб етдим муродга, ёмонга ёндошиб қолдим уятга” деган мақол ҳам бежизга айтилмаган. 

Имом Молик “Муватто”да, Имом Аҳмад “Муснад”да келтирган, шунингдек Ҳоким ҳам ривоят қилган ва Заҳабий саҳиҳ санаган ҳадисда айтилишича, Абу Идрис ал-Хавалоний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Дамашқ масжидига кирган эдим, тишлари дурдек бир ёш йигит ўтирибди, атрофида одамлар йиғилган. Бирон нарсада ихтилоф қилиб қолсалар, унинг фикрига суянадилар, унинг сўзини муқаддам қўядилар. Мен у йигитнинг кимлигини сўраган эдим, Муоз ибн Жабал, деб жавоб беришди. Эртаси куни пешинга яқин келдим. Қарасам, у мендан ҳам эртароқ келиб, намоз ўқиётган экан. Кутиб турдим. Намозини тугатгач, олдига бориб, салом бердим. Сўнг унга: “Аллоҳга қасамки, мен сизни Аллоҳ учун яхши кўраман”, дедим. “Аллоҳ ҳаққи?”, деди. “Аллоҳ ҳаққи!”, дедим. Яна: “Аллоҳ ҳаққи?”, деди. “Аллоҳ ҳаққи!”, дедим. Яна: “Аллоҳ ҳаққи?”, деди. “Аллоҳ ҳаққи!”, дедим. Шунда у ридоимдан ушлаб, ўзига тортди ва: “Хурсанд бўлаверинг! Чунки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман: “Аллоҳ таборака ва таоло деди: Мен учун бир-бирига муҳаббат қўйганларга, Мен учун бирга ўтирган кишиларга, Мен учун бир-бирларини зиёрат қилувчиларга ва Мен учун бир-бирларига инфоқ-эҳсон қилувчиларга Менинг муҳаббатим вожиб бўлди”.


8. Ислом умматини кучайтиради. 

Исломий биродарлик сабаб мусулмонларга иззат, шараф, нусрат насиб бўлади. Мусулмонлар бир-бирлари билан Аллоҳ ва Унинг расули буюрганидек биродар бўлсалар, динларини маҳкам ушласалар, уларнинг жамиятлари кучли бўлади. Аллоҳнинг динини қадрини билмаган одам Аллоҳнинг йўлида юрган одамни ҳам қадрламайди. Аллоҳнинг динида юрган, тақволи мусулмонни ҳурмат қилган одам Исломни хурмат қилган бўлади. Ўшандай мусулмонлардан ташкил топган жамиятни уламоларимиз ғиштлари олтиндан бўлган бинога ўхшатишади. Бу бинонинг деворидаги ғиштларнинг орасига кесак, ёмон ғиштлар аралашмаган бўлади. Ҳамма ғиштлари олтиндан бўлган бино узоқдан кўринса ҳам ялтираб кўринади.  


Биродарликнинг охиратдаги самаралари:


1. Аллоҳ таоло қиёмат куни Ўзининг соясидан жой ато қилади; 

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

“Ўша кунда тақводорлардан бошқа дўстлар бир-бирларига душмандир” (Зуҳруф сураси, 67-оят).

“Қиёмат куни ҳамма ўз оқибатини билгач, гарчи дунёда ўзаро яқин дўст бўлса ҳам, бир-бирига душманга айланади. Чунки, у дунёда бир-бирларини турли амалларга ундаган дўстларнинг дўзахга тушиб жазо тортишлари аниқ маълум бўлиб қолади. Ана ўшанда, ёмон билан дўст бўлганига афсусланиб, дўстлар дўстини ёқтирмай қўяди. Дўстлар душманга айланади. Бир-бирига маломат қилиб, сени деб шундай бўлди, дейишга ўтади. 

Фақат тақводор дўстларнинг оқибати хайрлидир. Чунки, уларнинг дўстлиги Аллоҳ учун, тақво асосига қурилган эди. У дўстлар доимо яхши амалларни қилган бўладилар. Шунинг учун, қиёмат куни бирга жаннатга тушадилар ва дўстликлари яна ҳам ортади (Тафсири Ҳилол 5-жуз, 398-саҳифа). 

“Саҳиҳайн”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Етти киши борки, Аллоҳ Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ кунда уларни Ўз соясида соялантиради: Адолатли имом-раҳбар; Парвардигорининг ибодатида улғайган йигит; қалби масжидларга боғланган киши; Аллоҳ йўлида дўстлашган, Унинг йўлида бирлашиб, Унинг йўлида ажрашувчи икки киши; мансабли ва соҳибжамол аёл ўзига чорлаганда: “Мен Аллоҳдан қўрқаман”, деган киши; махфий ҳолда садақа берган, ҳатто ўнг қўли берганини чап қўли билмаган киши; Аллоҳни холий зикр қилиб, кўзёши тўккан киши” (Муттафақун алайҳ).

Юраклар даҳшатдан ёрилгудек ана шундай оғир ҳолатда Аллоҳ таоло етти тоифа кишини Ўз соясида сояланишга чорлайди, у куни Унинг соясидан ўзга соя бўлмайди. Ўша бахтли инсонлар ичида Аллоҳ учун бир-бирига муҳаббат қўйган, Аллоҳ учун бирлашиб, Аллоҳ учун ажрашувчи икки киши ҳам бўлади. Нақадар буюк каромат, нақадар ҳурмат-эҳтиром!


2. Жаннатдаги даражалари баланд бўлади. 

Аллоҳ таоло Зуҳруф сурасидаги: “Ўша кунда тақводорлардан бошқа дўстлар бир-бирларига душмандир” (Зуҳруф сураси, 67-оят) оятидан кейин шундай марҳамат қилади: “Эй бандаларим! Бугунги кунда сизга хавф йўқ ва маҳзун ҳам бўлмассиз. Оятларимизга иймон келтирганлар ва мусулмон бўлганлар. Жаннатга киринглар, сизлар ва жуфтларингиз шод бўлурсизлар”. (Зуҳруф сураси, 66-70-оятлар)

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Албатта, Аллоҳнинг бандаларидан баъзи одамлар борки, улар Набий ҳам, шаҳид ҳам эмаслар. Уларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги маконларига қиёмат куни Набийлар ва шаҳидлар ҳавас қилурлар” – дедилар.

“Ё Расулуллоҳ, улар кимлигининг хабарини бизга айтасизми?” – дейишди.

“Улар ўзлари қариндош бўлмасалар ҳам, ораларида молиявий олди-бердилари бўлмаса ҳам, Аллоҳнинг руҳи ила муҳаббат қилишган қавмлардир. Аллоҳга қасамки, албатта, уларнинг юзлари нурдир. Улар нурдадирлар. Одамлар хавфда бўлганларида улар хавфда бўлмаслар. Одамлар маҳзун бўлганларида улар маҳзун бўлмаслар. Огоҳ бўлинглар! Аллоҳнинг авлиёларига хавф бўлмас ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар”, - дедилар”. (Абу Довуд ривояти).

Ҳадисдаги “Аллоҳнинг руҳи”дан мурод Қуръони Каримдир. Бу дегани ҳадисда мақталган бандалар Қуръони Каримга эргашиб, унга амал қилиб, бир-бирлари билан биродар бўлган бандалардир. 

Термизий ривоят қилинган ҳадисда эса: “Менинг жалолим ила муҳаббат қилишганларга нурдан минбарлар бордир. Набийлар ва шаҳидлар уларга ҳавас қилурлар”, дейилган. (Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Руҳий тарбия”, 3-жуз, 386-387-саҳифалар)



Абу Бобур тайёрлади


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳозирги кунда жаҳон аҳолисининг ҳар бештасидан биттаси Исломга эътиқод қилади. Охирги 50 йилликда Ер юзининг мусулмон аҳолиси сони 235 га ўсди ва ҳозирги кунда 1.6 давоми...

6696 14:18 / 15.03.2017
Исломда кийиниш маданиятиЛибос бу ndash Аллоҳнинг Ўз бандаларига ато этган тенгсиз неъматларидан бири десак муболаға қилмаган бўламиз. У инсонни иссиқсовуқдан давоми...

6530 21:36 / 21.04.2017
Азиз ўқувчи 01.10.2015 сана халқаро интернет тармоғида эълон қилинган қуйидаги мақола кўпчиликка манзур бўлди, алҳамду лиллаҳ. Баъзи ўқувчиларимизнинг талабларига давоми...

11570 16:53 / 27.03.2017
Шайх АлАраб ва АлАжам Орифбиллаҳ Ҳазрати Ақдас Мавлоно Шоҳ Ҳаким Муҳаммад Ахтар Соҳиб домат барокатуҳум Муқаддима БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМБугунги асримиз ва давоми...

4171 14:15 / 27.03.2017