1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Халқимизнинг улуғ байрами

18:46 / 22.04.2017 2945 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло инсонларни бир ота-онадан, яъни Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳавводан яратиб, бир-бирлари билан ўзаро муносабат ўрнатишлари ва борди-келди қилишлари учун уларни турли миллат ва элатлар қилиб қўйган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ *(سورة الحجرات/13)

яъни: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Ҳар бир халқнинг ўзига хос миллий ҳамда диний байрамлари мавжуд. Куни кеча барчамиз қутлуғ байрамлардан бири “Ийд ал-фитр”, яъни Рамазон ҳайитини катта хурсандчилик ва шодиёна билан кутиб олдик. Энди эса халқимизнинг мўътабар байрами ҳисобланмиш Мустақиллик кунини кенг тантана қилиш арафасида турибмиз. Истиқлолимизнинг 21 йиллик санаси ўзгача тароват билан ташриф буюрмоқда. Ўлкамизга ўзининг фазилати ва саховати билан кириб келган Рамазон ойининг, Ҳайит байрамининг шукуҳи заҳматкаш халқимиз асрий орзусининг рўёби бўлган мустақиллик кунига ҳамоҳанг келмоқда. Халқимиз байрам устига байрам, шодлик устига шодлик нашидасини сурмоқда, қувончи қувончга пайваста бўлмоқда.

Азизлар, Аллоҳ таоло Ўзининг улуғ каломида шундай марҳамат қилади (маъноси): “Парвардигорингизнинг неъматлари ҳақида эса (одамларга) сўзланг!” (Зуҳо сураси, 11-оят).

Аллоҳ таоло зикр этган, одамларга сўзлаш ҳақида буюрган неъматлари кўп. Лекин ана шу неъматларнинг энг буюкларидан бири шубҳасиз Истиқлол неъматидир.

Истиқлол неъматини энг катта неъматлардан биридир десак муболаға қилмаган бўламиз. Истиқлол – ҳуррият демакдир. Истиқлол бу ўзга миллат, ўзга халқларга қул ва қарам бўлмасдан ўз келажагини ўзи қурмоқ, эмин-эркин ҳаёт кечирмоқ демакдир. 

Мустақиллик бу – тенгликдир, одамлар ўртасида тенглик, халқлар ўртасида тенглик, давлатлар ўртасида тенглик. Тенглик бор жойда одамларнинг муносабатида бир-биридан устунлик бўлмайди, давлатларнинг бир-бирига муносабатида устунлик бўлмайди. 

Мамлакатмиз халқи бу неъматга эришгунга қадар ўз бошидан оғир ва мураккаб жараёнларни бошидан кечирди. Истиқлол орзусида Қодирийлар, Чўлпонларнинг юраклари садпора бўлди. Қанча-қанча миллатдошларимиз коммунистик мустабид тузумнинг зулмидан қочиб, ўз қон-қариндошларидан айри ҳолда, чет элларда сарсон-саргардонликда ҳаёт кечиришга мажбур қолди. 

Лекин, қават-қават зулматларнинг қоронғу пардасини ёриб, Истиқлол қуёши балқиб чиқди, зулму истибдод барҳам топиб, халқимиз озодликка эришди.  

 “Мустақиллик”, “истиқлол” - бу сўзларнинг моҳиятига теранроқ эътибор берадиган бўлсак, булар оддий сўзлар эмаслиги, минг йиллик давлатчилигига эга Ўзбекистон учун истиқлолнинг нақадар катта аҳамият касб этиши очиқ- ойдин аён бўлади. 

Ҳар бир нарсанинг аҳамияти қиёслаш ва солиштириш билан кўзга яққол ташланади. Истиқлолгача қай ҳолатда эдигу, ҳозир нималарга эришдик, собиқ иттифоқ даврида яшаганда ким эдигу, ҳозир қай мақомда турибмиз, мана шуларни бир-бирига таққослаш орқали истиқлолимизнинг чин, асл моҳиятини англаб етамиз. Бу нарса айниқса, мустақилликка эришганимиздан кейин миллий ва диний қадриятларимизни халқимизга қайтариш соҳасидаги салмоқли ишлар орқали янада равшанроқ намоён бўлади. 

Ёшлари улуғ устозларимизнинг сўзлаб беришларига қараганда илгари даврда бутун иттифоқда ягона исломий ўқув юрти саналган Бухородаги Мир Араб мадрасасини таъмирлаш, унда талабалар учун таҳоратхона қуриш мақсадида мадраса мутасаддилари бир неча йил Москвага қатнаб, бу ишларга ижозат олишолмаган. Тошкентда Ислом институтини очишга рухсат олиш ҳам бундан осон кечмаган. Мустақилликдан кейин ўнлаб ўрта махсус Ислом билим юртлари, Тошкент ислом университети каби ўқув муассасаларининг ташкил этилгани истиқлолимиз шарофатидандир. 

Масжидлар кунига бир неча бор Аллоҳ таолонинг номи зикр этиладиган, тоат-ибодатлар қилинадиган муборак маскандир. Аллоҳ таоло Ўзининг уйларини обод қилувчиларни санаб, шундай марҳамат қилади:

إِنَّ الَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ إِنَّا لَا نُضِيعُ أَجْرَ مَنْ أَحْسَنَ عَمَلًا * (سورة الكهف/30)

яъни: “Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар эса, (билиб қўйсинларки) албатта, Биз яхши амалларни қилган кишининг мукофотини зое қилмасмиз”.

Истиқлолдан олдин юртимиздаги масжидларнинг аҳволи ўта аянчли эди. Бутун республикада бор-йўғи саксонга яқин масжид бўлиб, уларнинг кўпи таъмирталаб, нураб-бузила бошлаган, таҳоратхонаси йўқ ҳисобида эди. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда 2000дан зиёд масжид мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти янгидан қурилди ва тўла таъмирдан чиқарилди. Тошкентнинг марказида маҳобатли Ҳастимом мажмуаси ҳам қуриб битказилди. Буларнинг ҳаммаси мустақилликнинг кўзга кўринган самараларидир. Шунингдек, “Ҳаж” ва “Умра” масаласини олиб кўрайлик. Мустақилликдан олдинги даврларда Ўзбекистонимиздан йилига атиги икки-уч, баъзи йиллари эса тўрт-беш киши “Ҳаж” амалини бажарган. Бирор киши алоҳида “Умра” қилиш мақсадида сафарга бора олмасди. 

Фақат истиқлолгина юртимиз мусулмонларига “Ҳаж” ва “Умра” қилиш имкониятларини кафолатлаб берди. Ҳар йили беш мингдан ортиқ фуқароларимиз ҳаж ибодатини адо этиш шарафига муяссар бўлмоқдалар. Ҳажнинг барча арконларини ўрнига қўйиб бажариш учун алоҳида тузилган ишчи гуруҳлари намунали хизмат қилишмоқда. Ҳар йили олти минг нафар мусулмонларимиз “Умра” зиёратига бориб келмоқдалар. Буларнинг барчасини шукрини адо этмоғимиз лозим. 

Иттифоқ даврида “Совет Шарқи мусулмонлари” номи билан журнал чоп этилган бўлса-да, халқимизнинг улар билан танишиш имконлари бўлмаган. Журналларнинг барча нусхалари чет тилида босилиб хорижий мамлакатларга жўнатилган. Бир-икки рисола ва диний тақвимни ҳисобга олмаганда миллионлаб мусулмонларнинг диний адабиётларга бўлган эҳтиёжлари қондирилмай келди. Бу борадаги ишлар мустақилликдан кейингина ривож топди. Алоҳида ташкил этилган “Мовароуннаҳр” нашриётида йилига 35-40 номда умумий тиражи бир миллионга яқин диний адабиётлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилмоқда. Қуръони карим ва унинг маънолари, ҳадис тўпламлари бир неча марта нашр қилинди. “Ҳидоят” журнали қирқ минг нусхадан зиёд, “Ислом нури” газетаси эса йигирма мингдан зиёд нусхада мунтазам чоп этилиб келинмоқда. 

Юртбошимиз ташаббуслари билан Самарқандда “Имом Бухорий” номидаги халқаро марказнинг фаолият бошлаши ҳам мамлакатимиз маънавий ҳаётида катта воқеа бўлди. Бу ерда “Ҳадис” илми бўйича кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда, турли халқаро илмий анжуманлар ўтказилиб, масжид имом-хатибларининг малакалари мунтазам ошириб борилмоқда.

Жаҳон Ислом тамаддунига, фан ва маданиятига улкан ҳисса қўшган Хожа Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳрор Валий каби атоқли ислом олимлари ва тасаввуф уламоларининг таваллуд тўйлари кенг нишонланиб, қадамжолари обод қилинди, асарлари нашр этилди. Буларнинг ҳаммаси истиқлолимиз берган неъматлардир, унинг шарофатидан қўлга киритилган зафарлардир. 

Бугун Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида муносиб нуфуз қозона олган мамлакат ҳисобланади. Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларида кўзга кўринадиган натижаларга эришгани ҳолда, изчил тараққиёт йўлидан ишонч билан бормоқда. Халқимиз ҳаёти фаровонлашиб, замонавий транспорт воситалари ишга туширилиб, янгидан янги корхоналар, завод ва фабрикалар қурилиб, у ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар нафақат ўзимизда балки қўшни давлатларда ҳам муносиб баҳосини олмоқда. Мисол учун Афросиёб тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилгани, бундай тезюрар поездлар дунёнинг саноқли давлатларидагина мавжуд бўлиб, энг қувонарлиси имом-хатибларимиз биринчилардан бўлиб мазкур тезюрар поездда Самарқанд шаҳрига борганликлари таҳсинга сазовордир. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматининг аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, ўзгалар ёрдамига муҳтож ёлғиз қариялар, пенсионер ва ногиронларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимининг ҳаммабоплигини таъминлаш борасида амалга ошираётган чора-тадбирлари ҳам эътиборга моликдир. 

Биз бугун мавъизамизда тилга олган маълумот ва далиллар устида бироз тафаккур юритайлик, мана шундай катта имкониятларни очиб берган истиқлолимизнинг қадрига етиб, уни кўпроқ ардоқлайлик. Биз яратилган мана шундай диний эркинликлар ва қулайликлар Аллоҳ таолонинг жуда катта илоҳий неъмати эканини қалбимиздан англаб етайлик. Юртимиз йилдан-йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, бунга жавобан кечаю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб боришимиз лозим. Аллоҳга ҳамду сано айтиш, Унинг неъматлари шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат, ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир. 

Мустақил юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, биз бунга жавобан кеча-ю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Аллоҳга ҳамду сано айтиш, Унинг неъматлари шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат ва ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир. 

Албатта Истиқлол ва Истиқрор (барқарорлик) Аллоҳнинг бизларга ато этган буюк неъматларидан десак муболаға қилмаган бўламиз. Бу неъматларниг шукрини адо этишимиз вожибдир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб шундай деганлар:

" مَا أَنْعَمَ ﺍﷲ عَلىَ عَبْدٍ مِنْ نِعْمَةٍ صَغُرَتْ اَوْ كَبُرَتْ فَقَالَ الْحَمْدُ للهِ إِلاَّ كَانَ قَدْ أُعْطِىَ أَفْضَلَ مِمِّا أَخَذَ "( رواه الحاكم و ابن ماجه)

яъни: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, деганлар.

Аллоҳ таолонинг бизларга берган улуғ неъматларидан яна бири юртимизнинг тинч ва осойишталигидир. Ҳозирги кунда барчамиз ер юзининг турли жойларида бўлиб турган турли офат ва балолар, уруш ва қон тўкишлар ҳақида эшитиб, кўриб турибмиз. Юртимизни турли офат-балолардан Ўз ҳимоясида сақлаб тургани учун Аллоҳга беадад ҳамд ва шукроналар айтишимиз лозим. Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо унинг қадрига етиш лозимлигини айримлар, айниқса, баъзи ёшлар тўлиқ тушунишмайди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таъкидлаганларидек:

" نِعْمَتَانِ مَغْبُنٌ فِيهِمَا كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ الصِّحَّةُ وَالْفَرَاغُ "

яъни: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етишмайди, булар сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”. (Имом Бухорий, Термизий, Ибн Можа, Доримий ва Ибн Ҳанбал ривояти).

Аллоҳ таоло берган беҳисоб неъматларга шукр қилиш, Унинг динини маҳкам ушлаш, соф исломий эътиқодда бўлиш, турли фитна ва бўлинишлардан четда бўлиш билан ҳам амалга оширилади. Аллоҳ таоло биз, мусулмонларни ҳамиша эзгулик, яхши ишлар, тақво ва ҳидоят йўлида ҳамкорлик қилишга буюрган. Қуръони каримда бундай марҳамат этилади:

وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ *(سورة ﺍلمائدة/2)

яъни: “... Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир”. (Моида сураси, 2-оят).

Барчаларимиз юртимиз ҳаётида оламшумул воқеа саналган Мустақиллик байрами арафасида турибмиз. Ҳаммангизга ушбу қутлуғ байрам муборак бўлсин! Аллоҳ таоло мустақиллигимизни абадий қилсин, юртимизни тинч ва фаровон, халқимизни хотиржам ва бахтиёр айласин! Барча мўмин-мусулмонларимизни Исломда ва имонда собитқадам айлаб, икки дунё саодатини ато этсин, омин!


Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани

 бош имом-хатиби Одилхон қори Исмоилов



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Бу mdash ақл, қалб, кўз, қулоқни ҳидоят йўлида ишлатмаган жоҳиллар ҳақидаги оятлар эди. Аллоҳ умрида ҳидоят таъмини татимаган жоҳилларни чорва ҳайвонларига давоми...

4359 17:46 / 17.03.2017
Фитратни ўзгартиришдан қайтариқларАбу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ит учун ва қон олганлик учун ҳақ давоми...

1963 19:30 / 10.09.2020
Али Тонтовий1959 йилда Дамашқ радиосида қилган нутқим Ҳурматли тингловчилар Албатта, деҳқончиликнинг ҳам, тижоратнинг ҳам ва илм олишнинг ҳам ўз мавсуми бор. Агар давоми...

2539 10:17 / 27.03.2017
Билгинки, мазлум илмлар билан шаръий илмларни бирбирига аралашиб кетиши натижасида маҳмуд илмларнинг номлар бузилиши, ўзгариши, фосид мақсадлар сабабли ўтмиш давоми...

3327 09:35 / 22.03.2017