1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рамазон кечасида бедорлик, таровеҳ

05:00 / 11.01.2017 3856 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат ила бедор ўтказишга тарғиб қилар, аммо қатъий буйруқ бермас эдилар. Бас, у зот: «Ким Рамазонда иймон ва ихлос билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», дер эдилар. Иш шундайлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этиб кетдилар. Сўнгра Абу Бакрнинг халифалигида ва Умарнинг халифалиги бошида ҳам иш шундоқ эди». Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Очиқ-ойдин кўриниб турибдики, Рамазон ойи кечалари ибодат қилиб ўтиш жуда ҳам фазилатли иш. Гуноҳларнинг мағфират бўлиши ҳам шу туфайли бўлади.
Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишга тарғиб қилиш билан бирга, маълум бир ибодатга қатъиян амр қилмаганлар. Балки умумий тарғиб қилиш билан кифояланганлар.
Худди шу ҳолат ҳазрати Абу Бакрнинг халифалик даврларида ҳам давом этган. Кишиларга Рамазон кечаларида маълум ибодатни таъйин қилмаслик ҳазрати Умари Одил халифаликларининг дастлабги қисмида ҳам давом этган. Кейин нима бўлганини сўнгра келадиган ривоятлардан билиб оламиз.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси чиқиб масжидда намоз ўқидилар. Одамлар ҳам у кишига иқтидо қилдилар. Тонг отгандан сўнг одамлар бу ҳақда гапирдилар. Кейин улардан ҳам кўп тўпланишди ва У зот билан намоз ўқишди. Одамлар бу ҳақда ҳам гапирдилар. Учинчи кечада масжид аҳли кўпайиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб намоз ўқидилар. Улар у зотга иқтидо қилдилар. Тўртинчи кеча бўлганда масжид одамларни сиғдиришга ожизлик қилиб қолди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозига чиқдилар. Намозни ўқиб бўлганларидан кейин одамларга юзландилар ва:
«Сизнинг ҳолингиз менга махфий бўлгани йўқ. Лекин мен (намоз) сизга фарз бўлиб, сўнг унинг адосида ожиз қолишингиздан қўрқдим», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида иш ана шу ҳолда эди». Учовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳодиса ҳақида келган бошқа ривоятларда таъкидланишича, Рамазоннинг йигирма учинчи кечаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда нафл намоз ўқиётганларини кўриб, баъзи саҳобалар у зотнинг намозларига қўшилиб иқтидо қилганлар. Эртасига бу гап одамлар орасига тарқагач, эшитганлар кечаси келиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунги нафл намозларига қўшилганлар. Эртасига яна одам кўпайган. Тўртинчи кечаси масжидга одам сиғмай кетган. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тунги нафл намози ўқигани масжидга чиқмаганлар. Бир йўла Бомдод намозига чиққанлар ва нима учун тунги намозни одамлар билан ўқиш учун чиқмаганларини тушунтириб берганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Ислом ҳукмлари жорий бўлиб турар эди. Ҳали ҳаммаси жорий бўлиб битмаган эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам агар одамлар билан тунда жамоат бўлиб намоз ўқишни давом эттираверсалар, ушбу намоз сизларга фарз бўлди, деб амри илоҳий тушиб қолишидан, кейин эса одамлар Рамазон кечалари бу намозни ўқий олмай гуноҳкор бўлишларидан қўрққанлар.
Шундай Ҳабиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига нисбатан ўта меҳрибон эдилар. Уларнинг тоқатларидан ташқари таклифлар ила қийналишларини асло хоҳламас эдилар. Доимо енгиллик томонини кўзлар эдилар. У зоти бобаракотга Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Рамазонни тутдик. У зот то етти (кеча) қолмагунча ой давомида биз билан қоим бўлмадилар. Сўнг эса, биз билан бирга кечанинг учдан бири ўтгунча қоим бўлдилар. Олти кеча қолганда эса, биз билан қоим бўлмадилар. Беш кеча қолганда эса, биз билан бирга кечанинг ярмигача қоим бўлдилар. Шунда мен:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, бу кеча бизга нафл намоз ўқитсангиз», дедим.
«Қачон бир одам имом билан у қайтиб кетгунча намоз ўқиса, ўша одамга кечани қоим бўлиб ўтказган ҳисобланади», дедилар. Тўрт кеча қолганда қоим бўлмадилар. Уч кеча қолганда эса, аҳлларини, аёлларини ва одамларни жамлаб, биз билан шундоқ қоим бўлдиларки, ҳатто «фалаҳ» ўтиб кетармикан, деб қўрқдик. Мен «фалаҳ нима», дедим. У (Абу Зарр) саҳарлик, сўнгра ойнинг қолганида биз билан бирга қоим бўлмадилар», деди» Сунан эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойининг йигирма учинчи кечаси келгунча ўзлари ёлғиз ҳолда қиёмул-лайл (кечани бедор ҳолда ибодат билан ўтказиш) қилганликлари.
2. Йигирма учинчи кечада саҳобалар билан қиёмул-лайл қилганлари.
3. Рамазонинг охирги ўн кечасининг жуфт эмас, тоқ кечаларида жамоат бўлиб ибодат қилишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳамият берганлари.
4. Лайлатул Қадр кечаси аҳли аёлни, қарашли одамларни тўплаб, тунни ибодат билан ўтказиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари экани.
5. Рамазон кечасида имом билан маълум нафл намозни ўқиган одам бутун тунни қоим бўлиб ўтказгандек ҳисобланиши.
Зикр қилинган бу амалларни қилишга ҳаракат этмоғимиз жуда ҳам зарур.

Абдурраҳмон ибн Абдин ал-Қорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Рамазон кечаларининг бирида масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, тарқоқ ҳолларида, кимдир ёлғиз ўзи намоз ўқимоқда. Кимдир намоз ўқиса, бир неча киши унга иқтидо қилмоқда. Шунда Умар:
«Менимча анавиларни бир қори (орти)га жамласам яхши бўлади», деди. Сўнгра уларни Убай ибн Каъабнинг ортидан жамлади. Кейин бошқа бир кечада мен яна у билан чиққанимда одамлар қориларга иқтидо қилиб, намоз ўқишар эди. Умар:
«Бу қандоқ ҳам яхши бидъат. Бу вақтда ухлаб ётганларидан кўра, қоим бўлганлари афзал», деди. Кечанинг охирида, демоқчи. Одамлар кечанинг аввалида қоим бўлишар эди». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийси Абдурраҳмон ибн Абдин ал-Қорий розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Абдурраҳмон ибни Абдин ал-Қорий, Қаҳофа ибни Дайим болаларидан бири эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида таваллуд топдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳузурларига олиб келинганда ҳали ёш бола эдилар. Бу зот улуғ тобеинлардан бўлиб, Мадина аҳлини уламоларидан эдилар. Умар розияллоҳу анҳу даврларида Байтулмолда хизмат қилдилар.
Ҳадисни Умар ибн Хаттоб, Абу Талҳа, Абу Айюб, Абу Ҳурайралардан ривоят қилдилар.
Бу зот ҳижратнинг 88-йили Мадинада вафот этдилар.
Ушбу ривоятнинг ровийси Абдурраҳмон ибн Абдин розияллоҳу анҳу Қора ибн Дайм ал-Маданийга нисбат берилиб, Қорий дейилади. Абдурраҳмон ибни Абдин розияллоҳу анҳу аввал ҳам айтилганидек, Ҳазрати Умар томонидан Байтулмолга омил қилиб қўйилган эдилар. Шунинг учун ҳам баъзи вақтларда у киши билан бирга юришлари ҳам бежиз эмас. Жумладан, Рамазон кечаларида икковлари кишилар ҳолидан хабар олиб юришлари оддий бир ҳол.
Ислом давлати раҳбари ўлароқ, кишилар ичида юриб уларнинг ҳолидан хабар олиш, хатоларини тузатиш, манфаатлари ҳақида қайғуриш Ҳазрати Умардек бир зот учун оддий бир ҳол эди.
Мана, у киши ўз хазинадорлари Абдурраҳмон ибн Абдин розияллоҳу анҳу билан Рамазони шариф кечаларидан бирида Мадинаи Мунаввара кўчаларида кетмоқдалар. Бу вақт муборак вақт. Мусулмонлар кундузни соим, кечасини қоим ўтказишлари керак бўлган муборак Рамазон ойи. Аммо, халифа Умари Одил кўзларига мусулмонларни кечасидаги ҳоллари ана ўша талаб даражасида бўлиб кўринмади. Кимдир ўзича намоз ўқимоқда. Нарироқда уч-тўрт киши бир одамга иқтидо қилиб, ўзларича ибодат қилмоқдалар. Бошқалар эса...
Зийрак ва ташаббускор инсон, қобилятли ва уддабуррон давлат бошлиғи, қўрқмас ва шижоаткор мужтаҳид ҳазрати Умарнинг кўнглидан кишиларни бу ҳолда ташлаб қўйиш яхши эмаслиги ўтди. Агар иш шу ҳолда давом этаверса, кейин нима бўлиши мумкин? Ҳозирнинг ўзида шунчалик бўлиб тургач, кейин бундан яхши бўлиши мумкин эмас. Пайғамбар алайҳиссаломнинг вақтларида одамлар катта ғайрат билан ибодат қилар эдилар. Ҳар ким ўз ҳолича бўлса ҳам Рамазон кечасини қоим бўлиб ўтказар эдилар. Энди бўлса, аввалги ғайрат қолмабди. Кишилар тарқоқ, нафл намоз ўқигани ўқимоқда, бўлмаса йўқ. Пайғамбар алайҳиссалом ўзлари бош бўлиб, кечаларни бедор ўтказар эдилар. Кишиларга Рамазон кечасидаги ибодат фарз бўлиб, оғирлик келмасин дебгина жамоат ила кечаси намоз ўқишни доимий ташкил қилмаган эдилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида шариат ҳукмлари давомли равишда тўлдириб борилар эди. Бугун бир ҳукм ташкил этилса, эртага бошқаси ва ҳакозо. Ҳукмларнинг жорий бўлишига баъзи одамларнинг саволлари, гоҳида қилган ишлари, гоҳида яна бошқа нарсалар сабаб бўлиб қолар эди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзича тўпланиб, кечаси жамоат намоз ўқиш туфайли шу намоз фарз бўлиб қолишидан истиҳола қилган эдилар. Агар Рамазон кечаларида ана шундай намоз фарз бўлиб қолса, баъзи кишиларга оғир келиб, қийналиб қолишлари мумкин эди.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг бирдан-бир мулоҳазалари шу эди. Бўлмаса, бошқа ҳеч бир нарса У зотни Рамазон кечаларида мусулмонлар билан жамоат бўлиб, нафл намоз ўқишдан тўсмас эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари доимо бу намозни ўқир, саҳобаларни ҳам унга тинимсиз тарғиб қилар эдилар.
Энди бўлса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқул Аълога риҳлат қилдилар. Шариат аҳкомлари мукаммал бўлди. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Аллоҳ таоло ҳеч кимга ваҳий туширмайди. Бирор ибодатни фарз ёки вожиб бўлиши мумкин эмас. Жумладан, энди мусулмонлар кечаси жамоат бўлиб, нафл намоз ўқисалар ҳам фарз ёки вожиб бўлиб қолиши асло мумкин эмас. Уларнинг ҳозиргига ўхшаб тарқоқ юрганларидан, Рамазон кечаларини турлича ўтказишларидан кўра жамоат, бўлиб намоз ўқишлари яхши эмасми?
«Менимча, анавиларни бир қори ортига жамласам яхши бўлади», деди Ҳазрати Умар. Ўша қори намозга ўтади. Қолганлари эса унга иқтидо қилади. Қориларнинг ичида энг афзали Убай ибн Каъб. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам буни тасдиқлаганлар.
Шундай қилиб, Ҳазрати Умар Рамазон кечалари жамоат бўлиб таровеҳ намоз ўқишни жорий қилдилар. Бу иш ҳаммага маъқул келди. Саҳобалардан бирор киши ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсани нима учун қилинмоқда, демади. Бу ҳам мазкур иш ҳаммага ўта маъқул бўлганидан дарак беради. Ҳа, ҳамма бу ишдан хурсанд бўлди.
Ровий Абдурраҳмон ибн Абдин розияллоҳу анҳунинг айтишларича, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам хурсанд бўлганлар ва:
«Бу қандоқ ҳам яхши бидъат. Бу вақтда ухлаб ётганларидан кўра, қоим бўлганлари афзал», деганлар. Шу ерда бидъат икки хил, яхши ва ёмон бўлиши мумкинлиги, буни Ҳазрати Умардек улуғ зот таъкид қилганларини алоҳида эслаб ўтишимиз лозим.

ТАРОВЕҲ НАМОЗИ РАКЪАТИ АДАДИ

Рамазонда бедор бўлиб ўқиладиган намоз «Таровеҳ» деб номланиши ҳаммага маълум. Таровеҳ–роҳат-истироҳат маъносидадир. Чунки мазкур намоз истироҳат ҳисобланади, ҳар тўрт ракъатни ўқиб бўлгандан кейин истироҳат олинади.
Макка аҳли эса, ўша пайтда ҳар тўрт ракъат таровеҳ намозидан кейин Байтуллоҳни тавоф қилар эканлар.

Абу Салама ибн Абдурраҳмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Оишадан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазондаги намози қандоқ эди?» деб сўраган экан.
Шунда у киши: «Рамазонда ҳам, ундан бошқа вақтда ҳам ўн бир ракъатдан зиёда қилмас эдилар. Тўрт ракъат намоз ўқир эдилар. Уларнинг ҳусни ва узунлигини сўрамай қўявер. Сўнгра яна тўрт ракъат ўқир эдилар. Уларнинг ҳам ҳусни ва узунлиги сўрамай қўявер. Кейин эса, уч ракъат ўқир эдилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, ухлашингиздан олдин Витр ўқийсизми?» дедим. У зот:
«Эй, Оиша, албатта, менинг кўзларим ухларлар қалбим ухламас», дедилар» деди». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Оиша онамиз ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳиссалом Рамазонда ҳам, Рамазондан бошқа вақтларда ҳам кечаси намоз ўқиганларида ўн бир ракъат ўқиганлар. Ўша тунги намозларни ниҳоятда чиройли қилиб ва узун ўқиганлар. Бу ҳақда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари ухласа ҳам қалблари ухламаслиги ҳақида олдинги ўтган ҳадисларда маълумотлар келган.
Бу ерда таъкидлашимиз лозим нарса шуки, бу жавобда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кечасиги намозлари неча ракъатлиги ҳақида Оиша онамиз ўзлари билган нарсани айтмоқдалар. Бу эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн бир ракъатдан бошқа намоз ўқимаган эканлар-ку, деган хаёлга олиб бормаслиги керак.
Эътибор берадиган бўлсак, бу ерда таровеҳ намози ҳақида эмас, кечасиги таҳажжуд намози ҳақида сўз бормоқда. Чунки таровеҳ намози Рамазондан бошқа пайтда ўқилмайди. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бўлсалар:
«Рамазонда ҳам, ундан бошқа вақтда ҳам ўн бир ракъатдан зиёда қилмас эдилар», демоқдалар.
Чунки у зот Оиша онамизнинг ҳужраларида айнан таҳажжуд намози ўқиганлар.
Таровеҳ намозининг ракъатлари адади қанча деганда мазҳаб боши имомлар ҳам ўз шароитларидан келиб чиқиб, ўзларига етиб келган ривоятларнинг кучига қараб, турлича ададларни олганлар.
Мисол учун, Шофъеий мазҳабида саккиз ракъат олинган бўлса, Ҳанафий мазҳабида йигирма ракъат олинган. Демак, таровеҳ намози ракъатлари адади ҳақидаги ривоятлар ихтилофли эмас, турлиликни ифода этгандир.
Бошқа масалалар ҳам худди шунга ўхшайди. Хилоф йўқ, турлилик бор. Фуқаҳолар эса, ўша турли нарсалар ичида қай бири афзал, деган маънода баҳс юритганлар.

Язид ибн Румон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Одамлар Умар ибн Хаттобнинг замонида йигирма уч ракъат ила қоим бўлар эдилар».
Шарҳ: Аввало ровий Язид ибн Румон розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик: Язид ибн Румон Асадий ал-Маданий, кунялари Абу Руҳ. Бу зот Зубайр ибн Афвон оиласининг қулидирлар. Ҳадисларни Ибн Зубайр, Анас, Убайдуллоҳ ва яна бошқа кишилардан ривоят қилдилар. Бу зот ривоят қилган ҳадислар 6та «Саҳиҳ» китобларида бор.
Ибн Саъд айтадилар: «Язид ибн Румон олим ва кўп ишончли ҳадис ривоят қилган тобеинлардан эдилар».
Бу зот ҳижратнинг 130-йили Мадинада вафот этдилар.
Мазкур йигирма уч ракъатнинг йигирма ракъати таровеҳ, уч ракъати витр намози бўлган. Баъзи бир ривоятларда ўн бир ва ўн уч ракъат ҳам дейилган. Лекин йигирма уч ракъат маълум ва машҳур.
Баъзи уламоларимиз олдин оздан бошлашган, кейин бориб-бориб йигирма учда тўхташган ва шу одат бўлиб қолган мусулмонлар жумҳури шуни қабул қилган, дейишади.
Шофеъий мазҳабида саккиз ракъат ҳақида сўз бўлса ҳам, амал қилишда йигирма ракъат қабул қилинган. Шунинг учун ҳам барча мусулмонлар қадимдан таровеҳ намозини масжидларда, жамоат билан йигирма ракъатдан ўқишга одат қилганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёки Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан: «Мўминлар яхши, деб билган нарса Аллоҳнинг ҳузурида ҳам яхшидир. Мусулмонлар ёмон, деб билган нарса Аллоҳнинг ҳузурида ҳам ёмондир», деб ривоят қилинган». Ушбу икки ривоятни Имом Молик келтирган.
Шарҳ: Ушбу ривоятдаги мўмин-мусулмонлардан мурод Қуръон, ҳадис ва фиқҳни яхши биладиган аҳли илм мўмин-мусулмонлар эканлигидан ҳеч шак-шубҳа йўқ. Ушбу ривоятни бу ерда келтиришдан мурод таровеҳ намозини масжидда жамоат билан йигирма ракъатдан ўқишни Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг замонларида жорий қилиш ўзбошимчалик, динга унда йўқ нарсани қўшиш эмас, балки диний асосда Ислом умматининг зубдаси бўлмиш саҳобалар томонидан шариат кўрсатмаларига, хусусан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотларига амал қилинган ҳолда бўлганини таъкидлашдир.
Зотан, ижмоъ шариатимизда ҳукмга манба бўлган тўрт манбанинг биридир. Ижмоъ эса, бир замонда яшаб турган ижтиҳод даражасига етган мусулмонларнинг бир фикрга жам бўлишларидир. Шунинг учун, ҳозирги шаклда таровеҳ намози ўқишга ҳеч тил теккизиб бўлмайди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мана яқиндагина муборак Рамазон ойи кириб келаяпти, деб гапириб ва ёзган эдик. Бугун эса, Рамазон ойи ўзининг авж олган вақтида деб айтмоқдамиз ва ёзмоқдамиз. Бу давоми...

4668 17:17 / 26.05.2018
Рамазон рўзасини тутмаслик жоиз бўлганлар ҳақидаСАВОЛ Сил касалига йўлиққан одамга рўза тутиш машаққатлиги маълум. Шунинг оқибатида ўтган йили у рўза тута давоми...

3923 05:00 / 13.01.2017
Рамазон ойи кириб келар экан, бу ойни муносиб кутиб олиб, гўзал тарзда ўтказиш учун, ундан унумли фойдаланиб қолиш учун аввало унга муносиб тайёргарлик кўриш керак давоми...

3171 05:00 / 14.01.2017
Фитр садақасиСАВОЛ Рамазон ойида фитр садақасини беришнинг ҳукми нима Фойдалари бормиЖАВОБ Рамазон ойида садақаи фитр бериш закот каби фарз амал ҳисобланади. давоми...

9892 05:00 / 13.01.2017