1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рўзаи рамазон (Мусофир ва рўза)

05:00 / 13.01.2017 5650 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусофир ва рўза


САВОЛ: Рамазони шарифда мусофирга рўза тутмаслик рухсати қай ҳолатда сафарга чиққанига боғлиқми? У пиёда ёки оту туяда сафарга чиқиши керакми? Сафарга машина, поезд ва самалётда чиққан бўлса-чи? Сафари машаққатли бўлиши шартми? 

ЖАВОБ: Мусофир бу уч кунлик йўлни қасд қилиб, йўлга чиққан одамга айтилади. У шаҳри ёки қишлоғи уйларидан узоқлашгандан сўнг шаръан мусофир одам ҳисобланади. Бундай одамга намозларини қаср қилиб ўқиш буюрилган. Аллоҳ таоло бундай дейди:

فليس عليكم جناح ان تقصروا من الصلوة

“Намозларингизни қисқартиришингизда сизга гуноҳ йўқ”. (Нисо сураси, 101-оят).

Имом Муслим Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деганлар:

فرض الله الصلوة على لسان نبيكم فى الحضر اربع ركعات وفى السفر ركعتين وفى الخوف ركعة

“Аллоҳ таоло Пайғамбарингиз тилига биноан намозларни муқимликда тўрт ракъат, сафарда икки ракъат, душман хавфи кучайган вақтда бир ракъат қилди”.

Уч кунлик сафарнинг ҳозирги миқдорини тўрт мазҳаб аҳли келишган ҳолда 90-120 километр масофа деганлар. 

Мусофирнинг намозни қаср қилишига унинг сафари машаққатли бўлиши шарт қилинмаган. Қай ҳолатда сафарга чиқса ҳам намозни қаср қилаверади. Хоҳ у пиёда ёки туяда, хоҳи машина ёки самалётда ўша миқдор узоқликка қасд қилиб, сафарга чиқса, намозни қаср қилади.

Шунингдек, мусофир одамга рўза тутмасликка ҳам рухсат бор. Жумладан, Аллоҳ таоло айтади:

 فمن كان منكم مريضا او على سفر فعدّة من ايام أخر

“Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир”. (Бақара сураси, 184оят).

Ушбу оят каримада мутлақ сафар қилиш зикр қилинди. Демак, қай ҳолатда сафарга чиқса, рўза тутмасликка рухсат бор. Унинг сафари машаққатли бўлиши шарт эмасдир.

Шунингдек, Ҳанафий мазҳабида юқоридаги намоз ва рўзанинг мусофирга айтилган ҳукми мутлақ бўлгани учун ўша мусофир сафарида гуноҳкор бўлса ҳам, гуноҳ ишни ният қилган бўлса ҳам рўза тутмасликка ёки намозларини қаср қилиб ўқишга ухсат бор, дейилади. Масалан, бир одам фалон юртга бориб, ўғирлик қилишни ният қилиб йўлга чиқди. У сафари давомида намозларини қаср қилиб ўқийверади. Шунингдек, унга рўза тутмасликка шариат рухсат беради. Аммо ўғирлик қилгани ва шуни ният қилиб йўлга чиққани учун гуноҳи кабира бўйнига юкланади.


САВОЛ: Сафарда умуман рўза тутишга қийналмайдиган одам рўза тутмаса ҳам бўладими? Рўза тутгани яхшими? Агар рўза тутса, Рамазоннинг рўзаси соқит бўладими? 

ЖАВОБ: Сафарда рўза тутишга қийналадиган одамнинг рўза тутмаслиги яхшироқ. Бунга тўрт мазҳаб уламолари иттифоқ қилганлар. Мазҳабимиз фиқҳига оид “Жавҳарат ун-наййира”да йўлдош ва рафиқлари рўза тутмаётган бўлсалар, уларга мувофақат қилиш учун рўза тутмагани яхшироқ, дейилади.

Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деганлар:

ليس من البر ان تصوموا فى السفر

“Сафарда рўза тутишингизда яхшилик йўқ”. (Имом Муслим ривояти).

Имом Муслим ва Насоийлар Анас разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда бўлганларида саҳобалардан баъзилари рўзадор бўлганлар. Баъзилар эса очиқ эдилар. Оғзи очиқлар бел боғлаб ишладилар, рўзадорлар эса баъзи ишларга ярамай қолдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Буғун оғзи очиқлар ажрни олиб кетдилар”, дедилар.

Рўза тутишга қийналмайдиган одамга рўза тутгани яхшими ёки тутмагани яхшироқми, деган масъалада ихтилоф бор: 

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал мазҳабларида мусофирга сафарида хоҳи қийналсин, хоҳ қийналмасин, умуман, рўза тутмаслиги яхшироқ, дейилади. 

Бошқа мазҳабларда (жумладан, бизнинг мазҳабда ҳам) эса рўза тутишга қийналмайдиган одам рўза тутгани яхшироқ, афзалроқдир, дейилган. Бунга Аллоҳ таолонинг мана бу амри далил бўлган:

وأن تصوموا خير لكم

“Бовужуди рухсат берилган ҳолатда ҳам (яъни, фидя бериб ёки узрли ҳолатда рўза тутмагандан кўра) рўза тутсангизлар, сизларга рўзанинг фазилати яхшироқдир”. (Бақара сураси, 184оят).

Имом Аҳмад ва Муслим Абу Саид ал-Худрий разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда ул зотнинг тилидан бундай дейилади:

    كنا نغزوا مع رسول الله صلى الله عليه وسلم فى رمضان فمنا الصائم ومنا المفطر فلا يجد الصائم على المفطر ولا المفطر على الصائم ثمّ يرون ان من وجد قوة فصام فانّ ذلك حسن ويرون ان من وجد ضعفا فأفطر فانّ ذلك حسن

    “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Рамазон ойида ғазотга чиқар эдик. Бизларнинг баъзимиз рўзадор, баъзимиз эса рўзадор бўлмасди.  Рўза тутган тутмаганни, рўза тутмаган рўза тутганни айбламасди. Сўнг, ким ўзида қувват топса, рўза тутар эди. Бу унга яхшироқдир. Кимки ўзида заифлик топса, рўзасини очар эди. Бу унга яхшироқдир”.

    Мазкур ояти карима билан ҳадиси шарифни қувватлайдиган яна бир ҳадис бор. Уни Имом Абу Довуд Салама разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган:

    من كان له حمولة تأوى الى شبع فليصم رمضان حيث أدركه

    “Кимнингки тўқликда уни олиб юрадиган от-улови бўлса, Рамазонни топганда рўза тутсин”.

    Рамазонда мусофир одам Рамазон рўзасини тутишни ният қилиб рўза тутмоғи шарт. Чунки, мусофирга Рамазон рўзасини тутмасликка рухсат бўлгани учун бошқа рўзаларни (нафл, назр ва қазо) ният қилса, уларнинг ҳисобига ўтиб кетиши мумкин. 


САВОЛ: Мен Бухородан Тошкентга Шаъбон ойининг ўртасида келдим. Тахминан бир ойча шу ерда туришимга тўғри келди. Рамазон бошланганда баъзилар: “Сен мусофирсан, рўза тутмасанг ҳам бўлади”, дейишди. Мен нима қилишим керак эди?

ЖАВОБ: Имом Шофиъий ҳамда Имом Молик наздларида мусофир бирор жойга бориб, тўрт кун туришни ният қилса, рўзасини ҳам тутади, намозини ҳам тўлиқ ўқийди.

Бизнинг мазҳабда эса бу муддат ўн беш кундир: Мусофир одам бирор шаҳарга ёки қишлоққа борганидан сўнг ўша ерда ўн беш кун ёки ундан ортиқ туришни ният қилса ва туришини аниқ билса, демак у мусофир эмас, мусофир ҳукмини олмайди. Балки, у намозларининг фарзларини тўлиқ ўқийди, рўза ҳам тутади. Ибн Умар разийаллоҳу анҳу деганлар:

من أقام خمسة عشر يوما أتمّ الصلوة

“Кимки ўн беш кун турса, рўзани тўлиқ ўқийди”. Буни Имом Термизий ривоят қилганлар.

Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу эса мана бундай деган:

اذا قدمت بلدة وانت مسافر وفى نفسك ان تقيم خمس عشرة ليلا فأكمل الصلوة بها وان كنت لا تدرى متى تظعن فأقصرها

“Қачон бир шаҳарга кирсанг, сен мусофирсан. Ўзингча у ерда ўн беш кеча турмоқчи бўлсанг, бас, у ерда намозни тўла ўқигин. Агар қачон жўнаб кетишингни билмасанг, намозларни қаср қилгин”. Имом ат-Таҳовий ривоят қилган. 

Сиз Шаъбон ойининг ўрталарида келган бўлсангиз, демак, аниқ ўн беш кундан зиёда турмоқдасиз. Демак, Рамазон кириши билан рўза тутишингиз лозим бўлади.


САВОЛ: Бир одам рўза тутишни бошлаб, куннинг ўртасида сафарга чиқиб кетса, рўзасини тугатиши лозимми ёки рўзасини очиб юбораверса бўладими? Шунингдек, мусофир одам рўза тутмасдан куннинг ўртасида ўз уйига келса, кечгача нима қилади?

ЖАВОБ: Рўзани бошлаб туриб, ўртасида сафарга чиқиш, қолганини тутмаслик мумкин, албатта. Гарчи буни Ҳазрати Али ва Ибн Аббос разийаллоҳу анҳумолар жоиз кўришмаган бўлсалар ҳам, лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи ғазотида Рамазон ичида рўза тутаётганларида сафарга отландилар ва рўзасини очганлар.

Барча мазҳаблар орасида иттифоқ қилинган фатвога кўра, рўза тутишни ният қилиб, рўзанинг, аниқроғи, куннинг ўртасида сафарга чиқиб кетса, рўзасини охиригача тутиб бериши вожиб ёки мустаҳабдир. Шунингдек, мусофир одам кундуз куни ўз юртига қайтиб келса, кечгача имсок қилиб туриши, яъни рўзани бузадиган амаллар қилмай туриши вожиб ёки мустаҳабдир. 

Бизнинг мазҳабимизнинг улуғ фақиҳларидан бири Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи бундай деганлар:

اذا أقام بعد الزوال انى أستقبح ان يأكل ويشرب والناس صيام وهو مقيم

“Мен қачон биров заволдан сўнг муқим бўлса-ю, одамлар рўзадор бўла туриб, у муқим ҳолатда еб-ичмоқлигини қабоҳат деб биламан!”. 

Мазҳабимизнинг мўътабар китобларида мазкур зотнинг фатволарига биноан муқим сафарга чиқиб кетгудек бўлса ёки мусофир муқимликка етушгудек бўлса, қуёш ботгунча имсок қилиб туриши вожиблиги баён қилинади.

Лекин, агар рўза тутиб, кейин сафарга чиқиб кетган одам ёки рўза тутмаётган мусофир муқимликка келганидан сўнг еб-ичса, каффорат лозим эмас. Балки, ўша куннинг қазосини тутиб беради, холос.

Аммо, ўз юртига келаётган ёки бирор шаҳарда истиқомат қилишни қасд қилиб келаётган одам ўша ерга кундузи бориши билса, унга рўзани очиб юриши макруҳдир. У ўша куни рўза тутмоғи керак. (“Бадойиъ”). 

Мусофир одам рўза тутмай кунни бошлади, лекин ҳали ҳеч нарса еб-ичмай турувди, ногоҳ ўз юртига қайтадиган бўлиб, чоштгоҳдан аввал қайтиб келса, у рўзага ният қилади. Рўзаси дуруст бўлади. (“Шарҳи Виқоя”). 


САВОЛ: Армияда, ўз юртларидан узоқда юрган солдат йигитлар рўза тутишлари шартми?

ЖАВОБ: Агар улар ўз шаҳар ёки қишлоқларидан узоқда бўлсалар ҳамда хизмат жойида ўн беш ёки ундан зиёда туришлари маълум бўлса, уларга рўза тутишлари шартдир. Бунда уларнинг оғир меҳнат қилмаётганлари ва хизмат асносида рўза қийинчилик туғдирмаслиги инобатга олинади, албатта. Агар аксинча бўлса, рўза тутмасликлари маъқул кўринади. 

Армияда хизмат қилиш ҳар бир мусулмоннинг ўз ватани олдидаги бурчидир. Уни адо қилиш фарз (кифоя) эканлигига шак-шубҳа йўқ. Ҳақиқий жиҳод ҳам аслида ўз ватанини сақлашдир! Бу Аллоҳ таолонинг рози бўладиган йўлиди! 

Имом Бухорий ва Муслим ҳамда Насоий, Термизий, Ибн Можжа, Имом Аҳмад, Ибн Аби Шайбалар Абу Саид алХудрий, Абу Ҳурайра, Уқба ибн Омир разийаллоҳу анҳум каби саҳобалардан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар:

من صام يوما فى سبيل الله بعّد الله وجهه عن النار سبعين خريفا

“Кимки Аллоҳнинг йўлида юрган вақтида бир кун рўза тутса, Аллоҳ таоло унинг юзини етмиш куз дўзахдан узоқ қилади”.

Яна Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам шу маънода бундай деб марҳамат қилганлар:

 من صام يوما فى سبيل الله جعل الله بينه وبين النار خندقا كما بين السماء والأرض

“Кимки Аллоҳнинг йўлида юрганида бир кун рўза тутса, Аллоҳ таоло унинг билан дўзахнинг орасида осмону ер ораси каби хандақ қилиб қўяди”. (Имом Термизий ва Табароний ривояти).

Яна бир жойда Расули акрам бундай дегандилар:

من صام يوما فى سبيل الله عزّ وجلّ باعد الله منه جهنم مسيرة مائة عام

“Кимки Аллоҳнинг йўлида юрганида бир кун рўза тутса, Аллоҳ таоло уни жаҳаннамга юз йиллик масофага узоқлаштиради”. (Имом Насоий, Табароний ва Абдурраззоқ ривоятлари).


Ҳамидуллоҳ Беруний тайёрлаган



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Aраб тилидаги таровеҳrdquo сўзи луғатда дам олиш роҳатланишrdquo маъноларини билдиради. Рамазон ойида адо этиладиган йигирма ракатли намознинг ҳар тўрт ракатини давоми...

21282 05:00 / 14.01.2017
Рўзани улаб тутиш шариатимизда макруҳдир. Бундан мурод рўзани ифторсиз ёки саҳарлик қилмасдан бир неча кун тутаверишдир. Буни фиқҳ китобларида .висол рўзаси, деб давоми...

2122 14:00 / 22.04.2021
Айни пайтда Исломдан, Қуръондан, шариатдан умуман бехабар халқ ва юртларнинг вакиллари, улардаги илмийтадқиқот марказлари ва тиббиёт хизматлари рўзанинг инсон давоми...

2319 14:21 / 25.03.2023
1. Баданингиздаги саксон фоиз заҳарли моддалар чиқиб кетади.2. Ошқозон ости бези фаол ишлайди. Шу боис қандли диабет касаллигига чалиниш саккиз ой муддат ортга давоми...

1715 19:02 / 24 март