1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рамазонда қуръон тиловати ва карамли бўлиш

05:00 / 11.01.2017 3716 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахий бўлганлари эса, Рамазонда Жаброил мулоқотларига келганда бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон тамом бўлгунча ҳар кеча У зотнинг ҳузурларига келар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни арз қилар (ўқиб берар) эдилар».

Бошқа бир ривоятда: «Бас, у билан Қуръон ўқишар эди. Шунда қачон У зотга Жаброил алайҳиссалом мулоқот қилса, эсган шамолдан ҳам сахийроқ бўлиб кетар эдилар», дейилган. Икки Шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг сахий одам эканликлари.
2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазон ойида яна ҳам сахий бўлиб кетишлари.
3. Рамазон ойида Жаброил алайҳиссалом ҳар кеча Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб турганлиги.
4. Ҳар Рамазонда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни Жаброил алайҳиссалом ҳузурларида ўқиб ўтказиб олишлари. Шунинг учун ҳар бир мусулмон киши ҳам Рамазонда Қуръони Каримни камида бир марта ўтказиб олиши лозим.
5. Рамазонда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жаброил алайҳиссалом Қуръон ўқишлари. Яъни аввал Қуръонни Жаброил алайҳиссалом ўқиб бериб, кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтариб ўқиб беришлари. Демак, Рамазонда устозлардан шу тарзда Қуръонни ўтказиб олишга ҳаракат қилмоқ керак.
6. Рамазон ойида иложи борича сахийлик кўрсатиб, бева-бечора, етим-есир ва муҳтожларга хайр-эҳсон қилиш.

Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким рўзадорни ифтор қилдирса, Унга унинг ажрича ажр бўлур. Шу билан бирга рўзадорнинг ажридин ҳеч бир нарса кам бўлмас», дедилар». Термизий ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда рўзадор киши учун ифтор емаги бериш улкан савобли иш экани таъкидланмоқда. Рўза тутган одамга қанча савоб берилса, унга ифтор емаги ҳозирлаган одамга ҳам шунча савоб берилиши баён қилинмоқда. Унга рўзадорнинг савобидан олиб берилмайди, балки алоҳида савоб шаклида берилади.
Бу ўзи рўза тутмай, рўзадорга ифтор берса, рўза тутган ўрнига ўтади, дегани эмас. Рўза тутиш ҳар бир инсоннинг бошига фарздир. Ҳар ким ўзи ўз рўзасини тутиши керак. Бошқа ҳеч нарса бунинг ўрнини боса олмайди. Рўзадорга ифторлик бериш эса хайри эҳсон иши ҳисобланади, холос. Буни қилган одам ўшанга яраша савоб олади, холос.

Умму Иммора ал-Ансорийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига кирдилар. У ул зотга таом тақдим қилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Сен ҳам ) егин», дедилар.
«Мен рўзадорман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон рўзадорнинг олдида таом ейилса, то еб бўлгунларича (ёки тўйгунларича) фаришталар рўзадорга салавот айтиб туради», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «Қачон рўзадорнинг олдида оғзи очиқлар таом еса, фаришталар унга салавот айтурлар», дейилган.
Термизий саҳиҳ санад ила ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда нафл рўза ҳақида сўз кетаётгани шубҳасиз. Мусулмон инсон нафл рўза тутган бўлсаю, унинг ҳузурида оғзи очиқ кишилар таом еса, у эса сабр қилиб рўзасини давом этдирса, фаришталарнинг салавотига эришар экан. Бу нафл рўза тутиб, уни очиб юбормай охиригача етказадиган кишилар учун улкан башоратдир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Солиҳ салафлар Аллоҳнинг Китобига бошқача эътибор беришар эди. Айниқса Рамазонда уларда ақл бовар қилмас даражада ажойиб бир ҳолатни кўрамиз. Баъзи солиҳ давоми...

1931 03:30 / 11.04.2023
Шарият истилоҳида .Рўза тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзини тиймоқдир,.Рўзани очувчи нарсалар, деганда емоқ, ичмоқ, жинсий давоми...

3722 05:00 / 11.01.2017
Фаришталар тонгдан шомгача таом емасалар, бу иш асло ҳайратомуз эмас. Чунки, улар умуман очқамайди, уларнинг таомга ҳожатлари йўқ. Шунинг учун улар Рамазон кунида давоми...

2037 15:10 / 25.03.2023
Икки қисмга бўлинади 1. Зиммага вожиб бўлиш шартлари. Улар тўрттадир ndash Мусулмон бўлиш кофирнинг зиммасига рўза фарз эмас ndash Оқил бўлиш мажнуннинг зиммасига давоми...

3938 04:00 / 04.04.2023