1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рўзанинг асли ва вақти баёни

05:00 / 11.01.2017 4340 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шунингдек, мабодо табиий шароитлар ноқулай келиб янги ойни кўриш имкони бўлмай қолса, Рамазондан олдинги Шаъбон ойини ўттиз кунлик мукаммал қилиб кейинги кунидан Рамазони шарифнинг биринчи куни бошланади. Худди шу каби, Рамазони ойининг йигирма тўққизинчи куни Шаввол ойи ҳилолини кўришга ҳаракат қилинади. Агар ҳилол кўринса, Рўза тугагани ва эртасига ийд экани эълон қилинади. Мабодо ҳилол кўринмаса, Рўзанинг ўттизинчи кун ҳам тутилиб, кейин ийд қилинади.

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан қачон бир киши рўзадор бўлсаю ифтор вақтида ифтор қилмай ухлаб қолса, ўша кечаси ва эртасига кундузи, то кеч кирмагунча таом емас эди. Қайс ибн Сирма рўзадор эди. Ифтор бўлганда хотинини олдига келиб, «таоминг борми?» деди. Хотини: «Йўқ. Лекин бориб сенга таом келтираман», деди.
У кундузи ишлар эди. Кўзи илиниб ухлаб қолди. Хотини қайтиб келиб, уни кўриб, шўринг қурисин, деди. Эртасига кун яримлаганда ҳушидан кетиб йиқилди. Бу нарса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилинди ва ушбу оят нозил бўлди:
«Сизларга Рўза кечасида аёлларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди...».
Бунинг учун жуда ҳам хурсанд бўлдилар.
Шунингдек: «Ва то оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичинглар» ҳам нозил бўлди». Бухорий, Абу Довуд ва Насаъий ривоят қилганлар.
Бошқа ривоятда эса: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Хуфтонни ўқиганларидан кейин одамларга таом, шароб ва аёллар ҳаром бўлар эди ва янаги кечага рўза тутар эдилар. Шунда, бир киши ўз нафсига хиёнат қилди. Хуфтонни ўқиб бўлиб, ифтор қилмай туриб, хотинига яқинлик қилди. Сўнгра Аллоҳ ўшани қолганларга осон, рухсатли ва манфаатли қилишни ирода этди. Ул пок зот:
«Аллоҳ, албатта, сиз ўз нафсингизга хиёнат қилишингизни билди. Бас, У сизларни кечирди ва афв қилди...» оятини охиригача туширди».
Шарҳ: Ушбу икки ривоятда дастлаб рўза фарз бўлган вақтида ҳукми ҳозиргидан бошқачароқ экани, ўзига яраша қоидалари борлиги ҳақида сўз кетмоқда. Ўша дастлабки қоидаларга биноан ифтор вақти қуёш ботгандан то хуфтон намози вақти киргунча бўлган, холос. Агар ўша вақт ичида ифтор қилиб олинмаса, ундан кейин янаги ифтор вақти келмагунча еб-ичишга рухсат бўлмаган.
Шунингдек, рўза пайтида кечаси ҳам эру хотин жинсий яқинлик қилишларига рухсат бўлмаган. Бу ўзига хос тарбия усули бўлиб, Аллоҳ таоло мусулмонларга хоҳлаган шаклда рўза ибодатини амр қилиши мумкинлигини, лекин энг осон ва фойдали йўлини ихтиёр этаётганини тажрибада кўрсатган.
Албатта, юқорида зикр қилинганидек, ифтор вақти фақат Шом билан Хуфтон орасида бўлиши ва Рўза кечасида жинсий алоқаларни ман қилиниши ўзига яраша қийинчиликлар туғдириши турган гап.
Шундай бўлди ҳам. Мусулмонлар ҳаётида бу икки масалада ҳам ибрат оладиган воқеалар бўлиб ўтди. Ана шундан кейингина Аллоҳ таоло Рўза тутиш бўйича бир оз қийин бўлган ҳукмларни бекор қилиб, бандаларга енгиллик яратди. Бунга эса мусулмонлар ҳаётида ўтган икки ҳодиса сабаб бўлди.
Биринчи ҳодиса Мадина аҳлидан бўлган, ансорий саҳоба Қайс ибн Сирма розияллоҳу анҳу билан кечди. У кишининг хурмо боғлари бор эди. Қайс розияллоҳу анҳу кун бўйи ўша боғда меҳнат қилар эдилар. Бир куни рўза тутган ҳолларида кечгача боғда ишладилар. Ифтор яқин қолганда уйга келиб хотинларидан ифтор қилгудек таом борми, йўқлигини сўрадилар. Аёл тайёр таом йўқлигини, лекин бир оздан сўнг келтиришини айтиб, таом келтиргани чиқиб кетди. Кун бўйи боғда ишлаб чарчаган Қайс ибн Сирма розияллоҳу анҳу ухлаб қолдилар. Таом олиб келган хотин эрининг ухлаб ётганини кўриб, шўринг қурсин, ухлаб қолибсан-ку, деди-да, раҳми келиб уйғотмади. Шундай қилиб, Хуфтон вақти бўлди. Қайс розияллоҳу анҳу ифтор қилиш ҳақидан маҳрум бўлди. Эрталаб яна боққа ишлагани кетди. Икки кун қаторасига, орада овқат емай рўза тутиб, боғда меҳнат қилган Қайс ибн Сирма кун ярим бўлганда ҳушдан кетиб йиқилдилар.
Бу ҳодиса хабари дарҳол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борди. Ўз-ўзидан ҳаммада савол пайдо бўлди. Рўзани ана шундай қийинчилик билан тутилаверадими ёки бошқа бирор ўзгариш бўладими?
Жавоб эса Аллоҳ таоло томонидан келди. У зот азза ва жалла мўмин-мусулмон бандаларига лутфу карам кўрсатиб, Рўза ибодатида уларга осонлик яратди. Рамазон рўзаси кечаларида ҳам хотинларга жинсий яқинлик қилишга рухсат берди. Ифтордан кейин эса, то тонг отгунча таом ва шаробга рухсат берди. Бу лутфу марҳаматдан мўмин-мусулмонлар беҳад шод бўлдилар.
Иккинчи ҳодиса қаҳрамонининг исми ривоятда очиқ айтилмаган. Эҳтимол, у кишининг ҳурматларидан шундай қилинган бўлса керак. Аслида эса, бу ҳодиса қаҳрамони ким эканлиги ҳам маълум ва машҳур. Мазкур ҳодиса қаҳрамони ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудирлар.
У киши ифтордан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан гаплашиб ўтириб, сўнгра уйларига келганлар ва хотинларига бирга бўлиш истагини билдирганлар. Хотинлари эса, мен ухлаб турдим, деганлар. Яъни ухламасам шариат ҳукми бўйича жоиз эди, аммо мен ухладим, энди шариат ҳукми бўйича менга яқинлик қилишингиз мумкин эмас, деганлари эди. Аммо ҳазрати Умар, ухлаганинг йўқ, дедилар-да яқинлик қилдилар. Ўзлари билиб туриб, ўз нафсларига хиёнат қилдилар. Сўнгра афсус-надомат қилиб, бориб ҳодисани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб бердилар. Ана шунда:
«Аллоҳ, албатта, сиз ўз нафсингизга хиёнат қилишингизни билди. Бас, у сизларни кечирди ва авф қилди....» ояти охиригача нозил бўлди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Рўза дастлаб фарз қилинган вақтда ифтор вақти қуёш ботгандан хуфтон вақтигача бўлгани.
2. Хуфтон вақтигача ифтор қила олмай, жинсий яқинлик қила олмай ухлаб қолган кишига янаги ифтор вақти келгунча таом, шароб ва хотин ҳаром бўлган.
3. Кейин мазкур ҳукм насх қилиниб, қуёш ботгандан то тонг отгунча таом емоқ, шароб ичмоқ ва жинсий яқинлик жоиз бўлган.
4. Ҳозир тутадиган рўзамиз жуда ҳам осон турдаги рўза экани. Агар Аллоҳ хоҳласа, қийин қилиб қўйиши ҳам мумкин эканлиги.

Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У(рўза)ни қийналиб тутадиганларга бир мискин таомича фидя беришдир» ояти нозил бўлганда, ким хоҳласа оғзи очиқ юрар ва фидя берар эди. Бу ҳол то ундан кейинги: «Бас, сиздан ким шу(Рамазон) ойда ҳозир бўлса, унинг рўзасини тутсин» ояти нозил бўлгунча давом этди. Шу билан олдинги оятни насх қилди».
Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийси Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:
Салама ибн Амр ибн Сино ал-Акваъ ал-Асламий, кунялари Абу Муслим икки марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дарахт остида ўлимга ва урушдан қочмасликка байъат берганлардан, Расулуллоҳ алайҳиссалом билан еттита ғазотда иштирок этган, «Зув-қард» номли ғазотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни душманлар зарбасидан сақлаб қолган.
Усмон ибн Аффон халифалик даврларида Африка ғазотларида иштирок этган, шижоатли, камончи, чиройли хулқли, олижаноб саҳобалардан эдилар.
Ҳаммаси бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 77 та ҳадис ривоят қилдилар. Бу кишидан Мадина аҳлидаги жамоатлар, ўғиллари Иёс, қуллари Язид ибн Аби Убайд ва бошқалар ривоят қилишди.
Ушбу ривоятда рўза тутиш дастлаб жорий қилинганда Ҳакийму Хабир бўлмиш Аллоҳ таоло томонидан кишиларни бу ибодатга аста-секин тортиш учун қўлланган баъзи чоралардан бири ҳақида сўз кетмоқда.
Рўза аввал жорий қилинганда мусулмонлар икки ишдан бирини танлаш имконига эга бўлган эканлар. Хоҳласин, рўза тутсин. Хоҳласин, рўза тутмай бир мискинни тўйдирсин. Демак, бир мискинни тўйдириш ҳам рўза тутганнинг ўрнига ўтган. Маълум вақт ўтиб одамлар анча ўрганиб қолишгандан кейин бу ихтиёрийлик бекор қилиниб, қодир бўлган ҳар бир кимса рўза тутиши мажбурийлиги ҳақида оят нозил бўлган.
Фақат ўта қариб қолгани ва сурункали, тузалишидан умид йўқ беморликка мубтало бўлгани учун рўза тута олмайдиган шахсларга нисбатангина фидя беришга рухсат этилган.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Рўза дастлаб жорий қилинганда рўза тутиш бир мискинга таом бериш билан баробар бўлган.
2. Кейинчалик бошқа оят тушиб, мазкур ҳукмни насх қилган. Қодир ва ҳозир одам, албатта, рўза тутиши фарзлиги қатъият ила баён қилинган. Ҳеч ким, ҳеч қачон рўза тутишдан бош торта олмайди.

Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Токи фажрда сизга оқ ип қора ипдан ажрагунча...» ояти нозил бўлганда: «Эй, Аллоҳнинг Расули, мен ёстиғим остига икки арқонни; бир оқ арқонни, бир қора арқонни қўйганман, кечадан кундузни билиш учун,
Бошқа ривоятда: «Кечасида назар солсам, ажратиб бўлмайди-ку!» дедим».
У зот алайҳиссолату вассалом: «Ёстиғинг кенг экан. У кечанинг қоронғилиги ва кундузнинг ёруғлигидир», дедилар».
Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийси Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Адий ибн Ҳотим ибн Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Хашраж ат-Тоий, кунялари Абу Ваҳб. Адий ибн Ҳотим саховати билан машҳур бўлган Ҳотим ат-Тоийнинг ўғлидир. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоий қабиласига қилган сафарларида Сурияга қочган эди.
Той қабиласидан асирга тушганлар орасида унинг кичик синглиси Саффона ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча асирларга, хусусан, Адийнинг синглисига отасининг шуҳрати ва қавмининг унга бўлган севги ва ҳурмати юзасидан жуда ҳам яхши муомала қилдилар. Саффона теридан қилинган алоҳида чодирда сақланди, бутун эҳтиёжлари қондирилди, хоҳлаган пайтда энг яхши шартлар билан мамлакатига жўнатишга ҳам изн берилди. Бундай муомалалардан мамнун бўлган Саффона мусулмонликни қабул қилди. Сўнгра акасининг ҳузурига бориб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ярашишга жўнатди. Бу ҳодиса ҳижратнинг 9-йили бўлиб ўтди.
Адий ибн Ҳотим ўзлари шундай ҳикоя қилади: «Мен Мадинага илк бор кириб келганимда мусулмонлар хурсандлик билан кутиб олдилар. «Адий келди! Адий келди!» деб севинч изҳор қилдилар. Ҳолбуки, мен ҳали насроний динида эдим».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Адийни яхши қаршиладилар. Уйларига олиб келиб, ягона пўстакларини унинг остига солиб бериб, ўзлари ерга ўтирдилар. Буларнинг ҳаммаси Адийга жуда қаттиқ таъсир қилиб, қалбида ҳидоятга йўл очди. Адий ибн Ҳотим Расулуллоҳ алайҳиссалом билан илк мулоқотларидаёқ насороликни тарк этиб, Исломни қабул қилди. У оқил ва эҳсонгўй саҳобалардан бўлиб, жоҳилиятда ҳам, Исломда ҳам «Той» қабиласининг раисларидан эдилар.
Диндан қайтганлар билан бўлган «Ридда» номли урушда Адий розияллоҳу анҳу катта жонбозликлар кўрсат ганлар.
У киши Ироқни фатҳ этишда ҳам иштирок этганлар. Сўнг Куфага кўчиб ўтдилар. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу билан бирга Жамал, Сиффин, Наҳавон урушларида иштирок этдилар. Ва Сиффин урушида кўзларига яра чиқиб, зарар топган эдилар.
Ҳаммаси бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 66 та ҳадис ривоят қилдилар. Адий ибн Ҳотим 120 ёшида, ҳижратнинг 68 йили Куфада вафот этдилар.
Бу ривоятда Рўза ибодати янги жорий қилина бошлаганда бўлиб ўтган латиф ҳодисани келтириш орқали оғизни қачон бекитиш кераклиги ҳукми баён қилинмоқда.
Маълумки, Аллоҳ таоло ўтган ҳадисларда ўрганиб чиққанимиздек, қачон оғизни бекитиш ҳукмини баён қилиш учун:
«Токи фажрда сизга оқ ип қора ипдан ажрагунча енглар, ичинглар» деган оятни нозил қилган.
Ушбу оят нозил бўлганда баъзи кишилар, жумладан, Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу ҳам зикр қилинган «ип»дан мурод мажозий «ип» эканлигини англаб етмаганлар. Шунинг учун ҳам саҳарлик вақтида битта оқ рангли, битта қора рангли арқонни олиб, уларнинг ранги қоронғида кўзларига ажраб кўрингунча саҳарлик қилишга ўтганлар. Лекин бу ишларидан ноқислик сезиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилганлар ва у зот оятда зикр қилинган ипдан мурод арқон эмас, кечанинг қоронғилиги ва кундузнинг ёруғлиги эканини тушунтириб берганлар.
Демак, рўза тутмоқчи бўлган одам саҳарликни тонг отгунча қилиши мумкин экан. Тонг отгандан сўнг эса мазкур саҳарликни тўхтатмоғлиги вожиб бўлади. Акс ҳолда Рўзаси рўза бўлмайди.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қачон кечаси келиб, кундузи кетса, қуёш ботса, рўзадорнинг ифтори бўлади». Ушбу уч ривоятни бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ривоятда ифтор вақти қуёш ботиш ила кириши баён қилинмоқда.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иккита муаззинлари бор эди: Билол ва Ибн Умму Мактум Аъмо. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Билол кечаси азон айтади, токи, Ибн Умму Мактум азон айтгунча еб-ичаверинглар», дедилар.
«Икковлари орасида фақат бирови тушиб, бирови чиққунча вақт бор эди», деди». Икки Шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Кечаси уйқудан туриб, Бомдод намозига тайёрланиш бир оз ортиқча ҳаракат талаб қилгани учун, одамларни аввалроқ огоҳлантириш мақсадида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам икки марта азон айттирар эдилар.
Биринчи азонни тонг отмасдан аввал Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу айтар эдилар.
Иккинчи азонни эса, Бомдод вақти кириб, тонг отганда Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу айтар эдилар. У кишининг кўзлари ожиз эди. Шунинг учун бошқа саҳобийлар у одамга ёрдам бериб, тонг отганининг хабарини беришар, сўнгра азон айтилар эди. Ўша пайтларда, албатта, соатлар бўлмаган, ҳар ким ҳам ўзи саҳарлик ё ифторлик вақти кирганини аниқлаши осон кечмаган. Шунинг учун азон айтилишига қараб турганлар.
Бомдодга икки марта азон айтилганидан қайси бирида оғизни бекитиш кераклиги баён қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан Ҳазрати Билол тонг отмасдан, кечаси азон айтганлари учун у кишининг азонларидан кейин ҳам саҳарликни давом этдираверса бўлиши тушунтирилди. Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу Бомдод вақти кириши билан азон айтганлари учун у киши азон айтганларида оғизни бекитиш зарурлиги уқтирилди. Демак, Бомдоднинг аввалги вақти оғизни бекитиш вақти экан.

ФАЖРИ СОДИҚНИНГ АЛОМАТИ

Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳарликларингиздан Билолнинг азони ҳам, уфқда бундоқ кўтарилган оқлик ҳам сизни алдаб қўймасин. Токи, мана бундоқ бўлиб ёйилгунча (бўлаверади)», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Термизийнинг лафзида: «Саҳарликларингиздан сизни Билолнинг азони ҳам, баландга кўтарилган фажр ҳам ман қилмасин. Лекин уфққа ёйилган фажр бўлса (бўлади)», дейилган.
Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийси Самура ибн Жундуб билан яқиндан танишиб олайлик: Самура ибн Жундуб ибн Ҳилол ал-Фазорий, кунялари Абу Сулаймон, Басрада таваллуд топдилар. Оталари вафот этгандан кейин оналари билан Мадинага келдилар.
Мадинада катта бўлиб улғайдилар ва яна Басрага кўчиб ўтдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта ҳадислар ривоят қилдилар. Бу кишидан Шаъбий, Ибн Абу Лайло, Али ибн Рабийъа, Абдуллоҳ ибн Рабийъа, Абдуллоҳ ибн Бурайза, Ҳасанул Басрий, Ибн Сийрин, Ибн Шиххир, Абу Аъло, Абу Ражо ва бошқалар ривоят қилишди.
Бу зот ривоят қилган ҳадисларни 3 та «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.
Ибн Сийрин Самура ибн Жундуб илм бобида жуда ҳам ўткир эдилар, деб айтадилар.
У киши ҳижратнинг 60-йили Басрада вафот этадилар.
Бу ҳадиси шарифда саҳарликни қачонгача давом этдириш мумкинлиги ҳақида сўз бормоқда.
Тонг отиш пайти икки босқичдан иборат бўлади.
Биринчи босқичда ёруғлик пастдан юқорига кўтарилади, буни субҳи козиб ёки фажри козиб дейилади. Яъни ёлғончи тонг дегани. Ушбу ҳадиси шариф ҳукмига кўра ўша субҳи козиб вақтида саҳарлик вақти тугамаган бўлади.
Иккинчи босқич эса, ёруғликнинг уфқ бўйлаб кўндалангига тарқалиши билан бўлади. Буни субҳи содиқ ёки фажри содиқ, яъни, рост тонг, дейилади. Ана шунда оғизни бекитиш вақти кирган бўлади. Ундан кейин саҳарлик қилиш мумкин эмас.

РЎЗА ТУТИШНИ БОШЛАШ ВА ТУГАТИШ ҲИЛОЛНИ КЎРИШ ИЛА БЎЛУР

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «То ҳилолни кўрмагунча рўза тутишни бошламаганлар. То уни кўрмагунча оғзи очиқ бўлмаганлар. Агар сизлардан у булутла тўсилиб қолса, ҳисобини қилинглар», дедилар.
Бешовлари ривоят қилганлар.
Термизийнинг лафзида: «Рамазондан олдин рўза тутманглар. У(ой)ни кўриб рўза тутинглар ва уни кўриб очинглар. Агар уни булут тўсиб қолса, ўттиз кунни мукаммал қилинглар», дейилган.
Бухорийнинг лафзида эса: «Агар сизлардан булутлар тўсилиб қолса, Шаъбонни ўттиз кун мукаммал қилинглар», дейилган.
Бошқа бир ривоятда эса: «Агар сизлардан булутла тўсилиб қолса, ўттиз кун рўза тутинглар», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятлардан Рамазон ойининг бошланиши ва тамом бўлиши Рамазон ва Шаввол ойи ҳилолларини кўриш билан собит бўлиши таъкидланмоқда.
Шунингдек, мабодо табиий шароитлар ноқулай келиб янги ойни кўриш имкони бўлмай қолса, Рамазондан олдинги Шаъбон ойини ўттиз кунлик мукаммал қилиб кейинги кунидан Рамазони шарифнинг биринчи куни бошланади. Худди шу каби, Рамазони ойининг йигирма тўққизинчи куни Шаввол ойи ҳилолини кўришга ҳаракат қилинади. Агар ҳилол кўринса, Рўза тугагани ва эртасига ийд экани эълон қилинади. Мабодо ҳилол кўринмаса, Рўзанинг ўттизинчи кун ҳам тутилиб, кейин ийд қилинади.
Айни шу хилда амал қилиш борлиқни яратган Аллоҳ таоло иродасига мувофиқ равишда ойни белгилашдир. Айни шу ишни мусулмонларгина амалга оширадилар. Улар йилнинг ўн икки ойини ҳам ҳилолни кўриб ҳисоблашга бошлайдилар ва тамом бўлганини эътиборга оладилар. Ой ер куррасига ва ундаги мавжудотларга, жумладан, инсонга ҳам ўз таъсирини ўтказиши ҳаммага маълум, нима учун унинг ҳисобида таъсир бўлмаслиги керак?
Энди мусулмонлардан бошқаларнинг ой ҳисобида мантиқ борми ёки йўқ эканини бир ўйлаб кўрайлик. Бир йил, балки бир неча йил олдин қайси ойнинг қачон бошланишини белгилаб қўйиб, ўша кунни ойнинг охири, ўртаси ёки бошқа пайти бўлишига қарамай ой боши, деб аташ мантиққа тўғри келадими? Албатта, тўғри келмайди.
Шунинг учун, фақат мусулмонча ой ҳисобигина тўғри ва табиий, деймиз. Вақт ҳисобига ойни ўлчов қилиб олишда кўплаб ҳикматлар бор.
Аввало, ой борлиқдаги энг катта аломатдан бири ҳисобланади. Ўшандоқ катта аломатни кўриб рўза тутишни бошлаш ва тамомлаш бу муҳим ишда ҳамма нарса очиқ-ойдин бўлишини, ҳеч ким ва ҳеч қандай тараф ўзгартириш кирита олмаслигини таъминлайди. Ҳамма бандалар баробар бўлиб, Аллоҳнинг амри рўзани бошлаш ёки тамомлаш учун ўша буюк Аллоҳнинг белгиси бўлмиш ойга қараб туради.
Иккинчидан, ой йилида янги йил ўн икки кун олдинга сурилиб келади. Шунинг учун ҳам ҳар Рамазон аввалгисидан ўн икки кун олдин келади. Шу тариқа ўттиз уч йилда йилнинг ҳамма вақтида Рамазон тутилади. Бу эса турли шароитда рўза тутишни таъминлайди. Бир минтақада доим қулай, бошқасида доимо ноқулай бўлиб қолмайди.
Учинчидан, ойни кўриб рўза тутиш ва очиш барча мусулмонлар учун баробар ҳукм бўлиб, бу уларни бирликлари рамзи ҳамдир. Яна бошқа ҳикматлар ҳам кўп, ҳақиқий ҳикматларини эса Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз уммий умматмиз, ёзмаймиз ҳам, ҳисобламаймиз ҳам. Ой мана бундоқ, мана бундоқ бўлур», дедилар. Яъни бир марта йигирма тўққиз, бир марта ўттиз, демоқчилар». Учовлари ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: «Уммий» дегани, онадан туғилгандек ўқиш-ёзишни ўрганмай юрган, дегани. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёзмаймиз, деганлари ўша пайтдаги арабларнинг ғолибо ҳолини эътиборга олиб айтилгандир. Аслида эса, араблар ичида ўша вақтда ҳам ўқиш-ёзиш ни биладиган кишилар маълум ва машҳур. Ўша оз сонли кишилардан баъзилари Қуръони каримни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ёзиб борганлари ҳам собит ҳақиқат.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ҳисобламаймиз» деганлари мунажжимлик ҳисобларини эътиборга олиб айтилгандир.
Шунингдек, бу ҳадиси шарифдан ой баъзида йигирма тўққиз кун, баъзида ўттиз кун бўлишини билиб оламиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буни икки қўллари панжалари ила ишора қилиб англатганлар. Бир марта ўнта панжаларини уч марта қайта-қайта кўрсатиб ўттиз кунни, иккинчи марта икки марта тўлиқ, бир марта бир панжани букиб, йигирма тўққизни ифода қилганлар.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан бир ойга ийло қилдилар. Йигирма тўққиз кун ўтгандан сўнг эса, эрталаб (ёки кечқурун) кирдилар. Шунда у зотга: «Сиз бир ой кирмасликка қасам ичган эдингиз?», дейилди. У зот: «Ой йигирма тўққиз кун (ҳам) бўлур», дедилар. Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмади.
Имом Муслим: «Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қўлларини бир-бирига уч марта; икки марта ҳамма панжаларини, учинчисида эса тўққиз панжани қўшиб кўрсатдилар», деган жумлани зиёда қилган.
Шарҳ: «Ийло» шариатда эр кишининг хотини олдига маълум вақт кирмаслик ва унга яқинлик қилмаслик ҳақида қасам ичишини англатади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналаримиз розияллоҳу анҳоларнинг олдиларига бир ой муддат кирмасликка қасам ичганлар. Йигирма тўққиз кун улардан бирорталарининг ҳам олдиларига кирмаганлар.
Сўнгра эса, шу ривоятда баён қилинганидек, кириб келганлар. Шунда, бир ой ўттиз кун бўлади-ку, нима учун бир ойга ийло қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у муддат тамом бўлмасдан аёллари олдига кириб келдилар? деган савол пайдо бўлган. Баъзи кишилар буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эслатганларида У зот ой гоҳида йигирма тўққиз кун бўлишини, ўша ой йигирма тўққиз кунлик экани туфайли бир ойга қилган ийлолари бузилмаганлигини билдирганлар.
Шунинг учун ҳам Рамазон ойи ҳам гоҳида йигирма тўққиз, гоҳида ўттиз кун бўлади. Буни эса, ҳилолни кўриш билан аниқланади.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки ийд ойлари, Рамазон ва Зул Ҳижжа нуқсонли бўлмас», дедилар». Тўртовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифнинг маъноси ҳақида бир неча хил таъвиллар айтганлар. Биз ўрганаётган ушбу бобга тегишли таъвилда эса, бир йилда икки ийд ойлари Рамазон ва Зул Ҳижжа баробарига нуқсонли, яъни йигирма тўққиз кунлик бўлмаслигини англатади. Бири йигирма тўққиз кунлик бўлиши мумкин, лекин иккиси бўлмайди.

ҲИЛОЛНИ КЎРИШЛИК БИР АДЛ КИШИ ГУВОҲЛИГИ БИЛАН ҲАМ СОБИТ БЎЛУР

Ҳусайн ибн ал-Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Макканинг амири хутба қилиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ибодатларни ойни кўриб қилишни, агар уни кўра олмасак ва икки адолатли шоҳид гувоҳлик берса, уларнинг гувоҳликлари ила ибодат қилишимизни амр қилганлар», деди. Абу Довуд ва Дора Қутний ривоят қилган ва саҳиҳ, деган.
Шарҳ: Аввало ҳадиси шарифнинг ровийси Ҳусайн ибн ал-Ҳорис розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Ҳусайн ибн ал-Ҳорис Куфий ал-Жадалий, кунялари Абул Қосим.
Ҳадисларни Ибн Умар, Абдурраҳмон ибн Зайд, Нуъмон ибн Башир, Ҳорис ибн Хотиблардан ривоят қилдилар.
Бу кишидан Абу Молик ал-Амжаий, Закариё ибн Аби Зоида ва бошқалар ривоят қилишди.
Ибн Ҳиббон: «Ҳусайн ибн ал-Ҳорис ишончли ҳадис ривоят қилувчи тобеинлардан эди», деб айтадилар.

Ушбу ривоятда зикри келаётган Макканинг амири, буюк саҳобий Абдуллоҳ ибни Умардирлар. У кишининг ибодатларни ойни кўриб қилиш ҳақидаги сўзлари Рамазон ойидаги рўза ва Зул Ҳижжа ойидаги ҳаж ибодатларининг вақтини тайинлашда ойни кўришга эътимод қилиш зарурлигини билдиради.
Агар икки адолатли шахс биз янги ойни кўрдик, деб гувоҳлик берса, уларнинг гувоҳликлари қабул қилинади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бир кишидан ривоят қилинади: «Одамлар Рамазоннинг охирги куни ҳақида ихтилоф қилиб қолишди. Шунда икки аъробий келиб қолиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида Аллоҳнинг номи ила кеча кечқурун ҳилолни кўрганликлари ҳақида гувоҳлик бердилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга оғизни очишга ва эртасига намозгоҳларига ийдга чиқишга амр бердилар». Абу Довуд ва Аҳмад саҳиҳ санадла ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳадисни ривоят қилган саҳобаи киромнинг исми шарифлари маълум бўлмаса ҳам ривоятлари қабул қилинаверади. Чунки саҳоба розияллоҳу анҳумнинг ҳаммалари адолатлидирлар.
Ушбу ҳадиси шарифдан гарчи саҳройи бўлсалар ҳам икки адолатли шахснинг ҳилолни кўрганлик ҳақидаги гувоҳликлари қабул қилинаверишини билиб оламиз.

Ибни Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Одамлар ҳилол ҳақида тортишиб қолдилар. Шунда, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уни кўрганлигимни хабар қилдим. Бас, у зот рўза тутдилар ва одамларни ҳам рўза тутишга амр қилдилар». Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ва Ал-Ҳоким ривоят қилган ва саҳиҳ, деган.
Шарҳ: Бу ҳадисдан эса, адолатли бир кишининг гувоҳлиги ила Рамазон киргани собит бўлиши, унинг гувоҳлиги ила қабул қилинишини билиб оламиз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Мен ҳилолни кўрдим», деди.
«Лаа илаҳа иллаллоҳ, деб шаҳодат берасанми?» дедилар.
«Ҳа», деди.
«Муҳаммад Расулуллоҳ, деб шаҳодат берасанми?» дедилар.
«Ҳа», деди.
«Эй, Билол, одамларга эълон қил, рўза тутсинлар», дедилар.
Сунан эгалари, Ибн Ҳиббон ва Ал-Ҳоким ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур аъробийга Ислом ҳақида савол бериб туриб, ишонч ҳосил қилганларидан кейин гувоҳлигини қабул қилишлари, мусулмон аслида адолатлидир қоидасига биноандир. Ҳа, инсон мусулмон бўлиши ила адолатли ҳисобланади. Аммо ўша инсон мусулмонлик шарафига муносиб бўлмаган, шариатга хилоф ишларни қилиши билан адолатли, деган унвонни йўқотади. Фосиқ ва фожир кишининг гувоҳлиги эса, қабул қилинмай қўяди.
Уламоларимиз, шу жумладан, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ҳам мазкур икки ҳадисни далил қилиб, битта адолатли кишининг ҳилол ҳақидаги гувоҳлиги қабул қилинади, дейдилар.

ҲАР БИР ЎЛКА ЎЗИ ҲИЛОЛ КЎРАДИ

Курайб розияллоҳу анҳудан ривоят: «Умму Фазл бинти ал-Ҳорис уни Шомга, Муовиянинг олдига юборган эди. У айтадики: «Бас, Шомга келиб у(Умму Фазл)нинг ҳожатини бажардим. Мен Шомдалигимда Рамазон кириб қолди, ҳилолни жума кечаси кўрдим. Сўнгра ойнинг охирида Мадинага келдим. Ибн Аббос мендан: «Ҳилолни қачон кўрдингиз?» деб сўради.
«Уни жума кечаси кўрдик», дедим.
«Сен ўзинг кўрдингми?» деди.
«Ҳа, одамлар ҳам кўрдилар. Рўза тутдилар. Муовия ҳам рўза тутди», дедим.
«Лекин биз шанба кечаси кўрдик. То ўттиз кунни мукаммал қилгунимизча ёки уни кўргунимизча тутаверамиз», деди.
«Муовиянинг кўргани ва рўза тутгани билан кифояланмайсанми?» дедим.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга шундоқ амр қилганлар», деди».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийси Курайб розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Курайб ибн Абраҳа ибн Сабоҳ ибн Марсад ал-Асбаҳий Яманнинг амирларидан бўлиб, ҳадис ривоят қилувчи тобеинлардан эдилар. Миср фатҳ этилган куни ва Сиффин урушида Муовия билан бирга иштирок этдилар. Жийза деган жойда яшаб ўтдилар. Ҳадисларни Ҳузайфа ибн Ямандан ривоят қиладилар. Бу кишидан Шомдаги улуғ тобеъинлар ривоят қиладилар.
Бу зот ҳижратнинг 75-йили вафот этдилар.
Ушбу ҳадисга амал қилган баъзи уламолар ҳар ўлка одамлари ҳилолни ўзлари кўради ва ўшанга биноан амал қилади, деганлар.
Аммо жумҳур уламолар, агар бир ўлкада ҳилолни кўриш собит бўлса, бошқа ўлкалар ҳам ўшанга амал қилиши керак, деганлар.
Умуман, бу масалада уламоларнинг фикрлари кўп. Ҳозирги кунимизда ҳам бу турли фикрлик давом этиб келмоқда. Мазкур масаладаги баъзи тушунмовчиликлар аста-секин йўқолиб бормоқда. Ажаб эмаски, ахийри ҳамма мусулмонлар бир хил фикр ва амал қиладиган даврлар ҳам келиб қолса.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муслимахон онаси билан рамазон ойи кириб келиши муносабати билан тайёргарлик кўриб, ҳурсанд ўлтиришган эди. Уларнинг меҳр билан суҳбатлашиётгани устига отаси давоми...

3325 05:00 / 14.01.2017
Баъзи кишиларимизда .Рўзадор кишини тўйдирган одам рўза тутганнинг савобини олади, деган гапни нотўғри талқин этиб, ифторлик маросимига ўнлаб, юзлаб одамларни давоми...

1743 04:34 / 28.04.2021
Дунёда миллионлаб рўза тутувчилар бор. Улар рўзадор эканликларининг ташқи аломатлари таом, ичимлик ва яқинликдан тийилиш кабилар умумий бўлсада, бироқ рўза давоми...

4524 14:41 / 25.05.2018
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймИнсонлар учун ҳидоят маёғи бўлмиш Каломини Рамазон ойида осмондан ерга нозил қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинҚалбига нозил давоми...

6170 05:00 / 14.01.2017