1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

ЗУБАЙР ИБН АВВОМ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ

20:10 / 21.04.2017 22460 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

...Мушриклар мусумонларни диндан қайтариш мақсадида турли туман азоб уқубатларни ишга солганларини билиб олинади. Бировни бўйрага ўраб осиб қўйиб остидан ўт ёқиб унинг тутини билан қийнаш фақат ўта ваҳший жамоа аъзоларининг фикрига келиши мумкин, холос. Шундоқ бўлса ҳам иймон ҳаловатини татиб қолган мусулмонлар азоб уқубатларга чидаганлар...

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳиро тоғи устида эдилар. Бас у қимирлаб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, эй Ҳиро собит бўл, устингда набий, сидиқ ва шаҳиддан бошқа ҳеч ким йўқ, дедилар. Ўшанда унинг устида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Толҳа, Зубайр ва Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳумлар бор эдилар». Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда зикри келаётган шарафга ҳар ким ҳам сазовор бўла олмайди. Бундоқ улуғ шарафга фақатгина саноқли кишилар бўлиши мумкин. Ушбу ҳолатда эса чорёрлардан бошқа фақатгина уч киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Ҳиро тоғига чиқиш, у тоғ қимирлаши ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг шаҳид бўлишлари ҳақидаги башоратгни эшитиш бахтига сазовор бўлган эканлар.
Хўш, ушбу улкан саодат соҳибларидан бири бўлмиш Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ким ўзи? Келинг, у киши билан яқиндан танишайлик. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ҳаётий йўларини қўлдан келганича ўрганиб, у кишидан ўрнак олишга ҳаракат қилайлик.

НАСАБ ВА ҲАЁТНИНГ ДАСТЛАБКИ БОСҚИЧИ

У кишининг тўлиқ насаблари қуйидагича; Зубайр ибн Аввом ибн Хувайлид ибн Асад ибн Абдулуззо ибн Қусой ибн Килоб.
У кишининг насаблари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари билан Қусойда бирлашади.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг оналари Софийя бинти Абдулмуттолиб бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аммалари бўлади. Яъни, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аммаларининг ўғли бўлади.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Қурайш қабиласининг Асад уруғидан бўладилар.
У кишининг кунялари Абу Абдуллоҳ бўлган.
Зубайр ибн Аввом ёшлигидан от миниш, чавондозлик ва паҳлавонликка моил бўлиб ўсди. У киши кичик ёшдалигидаёқ кишилар орасида ўзининг мазкур сифатлари билан шуҳрат топган эди.
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг Табақотул Кубро китбларида зикр қилишларича Зубайр ибн Аввомнинг онаси Софийя бинти Абдулмуттолиб кичиклигида отасида етим қолган ўз ўғли Зубайрни қаттиқ калтаклар эди. Одамлар, ахир уни ўлдириб қўясанку, жигирини эзиб юбординг-ку, болани ҳалок қилдинг-ку, десалар, мен буни пишсин деб, катта бўлганда катта лашкарларни ортидан эргаштирсин деб ураман, дер эди.
Бир куни Маккада кичкина Зубайр ибн Аввом бир катта одам билан муштлашиб қолди. У ўз рақибини уриб қўлини синдирди ва ер тишлатиб қўйди. Ҳалиги одамни кўтариб кетишаётиб Софиянинг олдидан ўтиб қолишди. У одамлардан:
«Бунга нима бўлди?» деб сўради.
«Зубайр билан муштлашди», дедилар.
Бунга ажабланмаса ҳам бўлади. Ахир ўғил тоғага тортади-да. Зубайр ибн Аввомнинг тоғаси кимсан шери Худо, саййиди шуҳадо Ҳамза ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу бўладилар-да!
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу биринчи бўлиб Исломни қабул қилган еттиликка кирадилар. У киши Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан кейин, тўртинчи ёки бешинчи бўлиб Исломга кириш бахтига муяссар бўлганлар. Зубайр инб Аввом розияллоҳу анҳу мусулмон бўлганларида ўн беш-ўн олти ёшда эди. У киши Аллоҳ таолонинг инояти ила ёшликдан Ислом таълимотлари асосида ўсганлар. Дастлабки мусулмонлар Аллоҳ таолонинг дини йўлида тортган машаққат ва қийинчиликларга барча баровар шерик бўлганлар.
Абу Нуъайм «Ҳулятул Авлиё» Абуласваддан келтирган ривоятда жумладан қуйидагилар айтилади:
«Зубайрнинг амакиси уни бўйрага ўраб осиб қўяр ва унга олов ёқиб тутунни киритиб, куфрга қайт, дер эди.
Зубайр бўлса, зинҳор куфр келтирмайман, дер эди».
Ушбу ривоятдан мушриклар мусумонларни диндан қайтариш мақсадида турли туман азоб уқубатларни ишга солганларини билиб олинади. Бировни бўйрага ўраб осиб қўйиб остидан ўт ёқиб унинг тутини билан қийнаш фақат ўта ваҳший жамоа аъзоларининг фикрига келиши мумкин, холос. Шундоқ бўлса ҳам иймон ҳаловатини татиб қолган мусулмонлар азоб уқубатларга чидаганлар. Ана ўшалардан бири Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу эдилар. У киши учун ўз амакиларининг ўта иссиқ об-ҳавога эга бўлган Макка шароитида бўйрага ўраб осиб тагларидан олов ёқиб азоблашига мардорнавор чидаганлар. Балки мушрик амакининг қилаётган беҳуда уринишларидан кулиб, ўз иймонлари билан фахрланганлар.
У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Дорул Арқамда олиб борган яширин диний дарсларда фаол иштирок этганлар.
Ёшликларидан чавондозлик шижоат ва баҳодирлик сифатлари билан кўзга кўринган Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу мусулмон бўлганларидан кейин ҳам ўзларининг мазкур сифатларини дину диёнат йўлида самарали ишга солдилар.
Ибн Асокир келтирган ривоятда Саъид ибн Мусаййиб розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Аллоҳнинг йўлида биринчи бўлиб қилич яланғочлаган шахс Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудир. Бир куни у чошгоҳ пайтида ухлаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қатл қилинибдилар, деган нағмани эшитиб қолди. Бас у қиличини ялонғочлаб, шиддат билан чиқди. Унга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дуч келиб қолдилар ва:
«Сенга нима бўлди, эй Зубайр!?» дедилар.
«Сизни қатл қилинганингизни эшитувдим», деди.
«Нима қилмоқчи эдинг?» дедилар.
«Аллоҳга қасамки, аҳли Маккадан дуч келганини қиличдан ўтказмоқчи эдим!» деди.
Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳақига дуои хайр қилдилар».
Ўн бешга кирган ёш мусулмоннинг мусулмонлар оз сонли, ўта заиф бўлган, ҳар томондан ҳужумга учраб турган таҳликали пайтда кўрсатган жасоратини қаранг! Ўзи, дини ва оз сонли шериклари таҳликада турган бир пайтда дуч келган душманни бошини узаман деб қилич ялонғочлаб кўчага чиқиш ўзи бўлаверадиган иш эмас. Бунинг учун иймон бутун вужудидан мустаҳкам жой олган, Аллоҳ таолонинг дини учун жон беришга тайёр бўлган ва шернинг юрагидек юракка соҳиб бўлган одам керак. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ана шудоқ зотлардан эдилар.
Мушрикларнинг душманликлари ҳаддан ошиб кетгандан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига мувофиқ Аллоҳ учун, дину диёнат учун Ҳабашистонга ҳижрат қилган биринчи муҳожирлар ичида Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Ҳабашистонга ҳижрат қилган мусулмонлрнинг ичида энг ёш ва энг шижоатлиларидан бири эди.
Имом Заҳабий ўзларининг Тарихи Ислом китобларидан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Ҳабаша аҳлидан бири Нажошийнинг мулкини талашиб қолди. Нажоший унга қарши юри қилди. Ораларидан Нил дарёси чиқди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари:
«Ким бориб, уришда ҳозир бўлиб бизга унинг хабарини келтиради?» дедилар.
Шунда Зубайр ибн Аввом ўртага чиқиб:
«Мен бориб, сизларга ишончли хабарни келтираман!» деди ва энг кичик ёшдаги шахс бўлишига қарамай бу хавли хизматни ўз зиммасига олди.
Унга бир мешкобни шишириб бердилар. Зубайр ибн Аввом уни кўксига қилиб олиб дарёнинг уруш бўлаётган нариги тарафига сузиб кетди. У қаршидаги қирғоққа ўтиб уруш бўлаётган жойга борди. Аллоҳ азза ва жалла Нажошийга душмани устидан нусрат берди. Зубайр ибн Аввом ўз биродарлари ҳузурига кийимини силкитиб, суюнчи беринглар, Нажоший ғолиб бўлди, Аллоҳ унинг душманини ҳалок қилди, дея югуриб келди. Мусулмонлар бу ғалабадан шод бўлдилар ва кўнгиллари қувончга тўлди. Улар Зубайр ибн Аввомнинг шижоатига тан бердилар».
Кейин у киши, Маккада ҳолат яхшиланибди, деган хабарга ишониб қайтган, иш бошқача экани маълум бўлганлан кейин яна Ҳабашистонга қайтган икки ҳижрат соҳибларидан бўлдилар.
Зубайр ибн Аввом Ҳабашистондан иккинчи марта Маккага қайтиб келганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнага ҳижрат қилаётган пайтлари экан.

МАДИЙНАДА

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан Мадийнага қилган машаққатли ҳижратларида ҳам Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг зикрлари бор.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «Саҳиҳ»ларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратлари ҳақида келтирган узун ҳадисда жумладан қуйидагиларни ҳам келтирганлар:
«Ибн Шиҳоб айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ мусулмон отлиқлар билан келаётган Зубайрга йўлиқдилар. Улар Шомдан келаётган тожирлар эдилар. Бас, Зубайр Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва Абу Бакрга оқ кийим кийгазди».
Бу ҳам Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу учун катта бахт бўлган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳамсафарлари Абу Бакр Сиддиқ билан мушрикларнинг таъқибидан қочиб, йўлнинг оғир машққатларидан чарчаб ҳориб, бировлардан изн сўраб қўйларини соғиб ичиб келаётган бир пайиларида икковларига оқ кийим кийгазиб хурсанд қилиш катта бахт. Бир оз вақт ўтгандан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу худди шу Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу кийдирган оқ кийимлари ила дорулҳижрага, Мадийнаи Мунавварага кириб борадилар.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ўзлари ҳам ҳижрат қилиб Мадийнаи Мунавварага келдилар. У киши дастлаб Мунзир бин Муҳаммад ибн Уқбаникига тушдилар. Кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини Салама ибн Салома ибн Вақш ал-Авсий билан биродар қилдилар.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиққа куёв бўлар эдилар. У киши Абу Бакр Сиддиқнинг катта қизлари Асмаа бинти Абу Бакрга уйланган бўладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга божа бўладилар.
Тезда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ҳам ўз аҳллари билан ҳижрат қилиб келдилар. Ўша пайтда Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо тўнғич фарзандларига оғир оёқ эдилар. Кейин нима бўлганини қуйидаги ривоятдан ўрганамиз.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зубайрнинг уйида чироқ кўрдилар ва: «Эй Оиша! Асмаа нифос кўрганга ўхшайди. Унга исм қўймай туринглар. Мен, ўзим исм қўяман» дедилар.
Бас, у зот унга Абдуллоҳ деб исм қўйдилар ва қўллари билан хурмода танглайини кўтардилар
». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Афтидан Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ва Асмаа бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраи саодатларидан чироғи кўринадиган жойда яшаганга ўхшайдилар. У зот ўз қайинсингиллари Асмаа розияллоҳу анҳонинг эккиқат эканларидан хабардор бўлганлар. Унинг кўз ёришини орзиқиб кутганлар. Чукни ҳижратдан кейин маълум муддатгача муҳожирлар оиласида фарзанд туғилмай туриб қолган. Яҳудийлар, биз уларни сеҳрлаб қўйдик, улар энди фарзанд кўрмайдилар, деган гап тарқатишган эди.
Шунинг учун ҳам Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг оиласида фарзанд туғилганининг хабари тарқалганда мусулмонлар «Аллоҳу Акбар!» деб такбир айтиб Мадинаи Мунаввара осмонини такбирга тўлдирганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар, ушбу ривоятда келганидек ўзлари янги бувакка исм қўйиб, муборак туфуткилари ила хўлланган хурмо билан танглайини кўтарганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнага ҳижрат қилиб келганларидан кейин бўлиб ўтган барча ишларда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу фаол қатнашдилар.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуни Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу билан биродар эдилар. Бу икки улкан саҳобийнинг Исломий ака-укаликлари жуда ҳам олий нуқтадаги биродарлашиш бўлди. Икковлари худди эгиз фарзандлардек бўлиб юрдилар. Уларнинг бу ҳолатлари то умрларининг охиригача давом этди.

БАДРДА

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга барча ғазотлардан ихлос билан иштирок этиб, ўзларининг фидокорликлари, жасоратлари, баҳодирликлари ва ихлослари ила ислом тарихи заррин варақларига ўзларининг номларини олтин ҳарфлар ила битдилар.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу инсоният тарихидаги ҳал қилувчи жанглардан бири бўлган, унда иштирок этган мусулмонларга Аллоҳ таоло томонидан улкан марҳаматлар қилинган, энг муҳими, жаннати маъво ваъда қилинган Бадр ғазотида ҳам жонбозлик кўрсатдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккинчи ҳижрий сана рамазоннинг ўн еттинчи куни, жума кечаси хуфтон пайтида Бадрнинг қуйи томонига келиб тушдилар.
Вазият жуда оғир эди. Мусулмонлар ҳали ўз тарихларида душман билан юзма-юз бўлмаган эдилар. Бунинг устига ўша жангда мусулмонларнинг сони мушрикларникидан уч марта кам эди. Ҳаммаси ҳам етмаганидек сув танқислиги вужудга келди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг чапдаст ва уддабурон саҳобалардан танлаб сув олиб келишга юборишга қарор қилдилар. У зот Али, Зубайр, Саъд ибн Абу Ваққос ва Басбас ибн Амр розияллоҳу анҳумларни сув олиб келишга буюрдилар. Ана шундоқ таҳликали пайтда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ихтиёрлари тушган бу кишилар улкан саодат эгалари эдилар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишончларини шараф билан оқладилар. Мусулмонлар сув билан таъминландилар.
Эртаси куни мусулмонлар билан мушриклар ўртасида ҳаёт мамот жанги бошланди. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ўзларининг учқур отларини миниб, сариқ салла ўраб жангга отилдилар. У киши Қурайшнинг бошлиқларини қўзлаб от сурар эдилар. Тарихчиларининг таъкидлашларича ўша жаҳон тарихидаги машҳур кунлардан бири бўлга кунда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Қурайш бошлиқларидан Убайда ибн Саъид ибн Осс ва Навфал ибн Хувайлид ибн Асадларни қатл этганлар. Зубайр ибн Аввомнинг ўзларни эса икки жойларидан қаттиқ яраланганлар.
Тарихчиларнинг таъкидлашларича Бадр ғазоти куни Зубайр ибн Аввомнинг икромлаш учун мусулмонларга ёрдамга туўган фаришталар у кишига ўхшатиб сариқ салла ўраб тушганлар.
Бу ҳақда Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг Табақоти Кубро китобларида Ҳишом ибн Урвадан у ўз отасидан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Бадр куни Зубайрнинг ўраб олган салласи сариқ рангда эди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Фаришталар Зубайрнинг сиймосида тушдилар», дедилар».
Бу маънони Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг чеваралари Омир ибн Солиҳ ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр фахр ила байтга солганлар.

Бобом Набийнинг аммасин ўғлидир.
Бало пайти чавондози ва вазиридир.
Бадир куни биринчи ботир бўлгандир.
Жангга ул сариқ салла ила киргандир.
Нусрат фариштаси сиймосида тушгандир.

УҲУДДА

Кейин Уҳуд уруши бўлди. Мусулмонлар учун ғоятда оғир кечган бу урушда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу мисилсиз жасорат ва мардлик намуналарини кўрсатдилар. Мушриклар катта куч билан бостириб келиб Уҳуд тоғига яқин жойга тушган эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шўро мажлиси ўтказдилар. Мажлис шаҳар ташқарисига, Уҳудга чиқиб ўша ерда душман билан жанг қилишга қарор қилди.
Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом иккита совутда чиқдилар. Байроқни Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуга бердилар. Бир қанотга Зубайр ибн Оввомни, иккинчи қанотга Мунзир ибн Амрни бошлиқ қилдилар.
Демак, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан таъйин қилинган биринчи қўмондонларддан ҳисобланадилар. Бу бахт ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. У киши Ислом лашкарининг бир қаноти қўмондони сифати ҳаммага ўрнак кўрсатиб жанг қилдилар. Жанг давомида мусулмонлар учун ғоятда ноқулай вазият пайдо бўлди. Бу ноқулайликдан уларни чиқариш учун ғоят мард, шижоатли ва баҳодир жангчи керак эди. Худди ана ўша шахс Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу бўлиб чиқди.
Ибн Исҳоқ бу ҳақда қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Уҳуд куни мушрикларнинг байроқдори Толҳа ибн Абу Толҳа яккама-якка олишувга чақирди. Одамлар унга қарши чиқаолмай туриб қолдилар. Шунда унга Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу чиқди. У сакраб душманнинг туясига миниб, уни тортиб ерга йиқитди. Ўзи ҳам унга қўшилиб йиқилди. Душманни устидан отиб ташлади-да, қиличи билан сўйиб ташлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни олқишладилар ва:
«Ҳар бир набийнинг ҳаворийи бор. Менинг ҳаворийим Зубайрдир. Одамларнинг яккама-якка олишувга чиқмай туриб қолганларини кўрдим, агар у чиқмаганида, албатта, ўзим чиқар эдим», дедилар».
Сўнгра мусулмонлар ва мушриклар орасида аёвсиз жанг бошланди. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу душманга қарши ажал уруғини сочиб мисилсиз жасорат билан жанг қилган зотлардан бири бўлдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни сабот ила ҳимоя қилган оз сонли кишилардан бирлари эдилар.
Уҳуд урушида мусулмонлар кўпгина мусибатларга учрадилар. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг тоғалари ҳазрати Ҳамза ибн Абдулмуттолиб ҳам шаҳид бўлдилар.
Ота бир она бир акасининг шаҳид бўлганини эшитган Софийя бинти Абулмутталиб розияллоҳу анҳо уни кўриш учун келаётгани ҳақида хабар тарқалди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом Софийя розияллоҳу анҳонинг ўғиллари Зубайр ибн Оввом розияллоҳу анҳуга:
«Йўлини тўсиб бориб, уни қайтар. Акасига етган нарсани кўрмасин», дедилар.
Зубайр бориб:
«Эй онажон, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизни ортга қайтишга амр қилдилар», деди.
«Нима учун? Менга акамнинг қиймалангани ҳақида хабар келди. Бу Аллоҳнинг йўлида бўлган. Мен савоб умидидаман. Сабр қиламан. Иншааллоҳ!» деди Софийя розияллоҳу анҳо ва жасад ётган ерга борди. Унга назар солди. Жаноза ўқиди. Истиржоъ айтди. Истиғфор айтди.
Уҳуд урушида мусулмонлар бутунлай мағлуб бўлишига сал қолди. Мушриклар жангдан сўнг яна ҳужум қилиб қоламиканлар деган хавф туғилди. Одамлар ғоятда чарчаган, ўликлар ва ярадорлар кўп эди. Аммо мушриклар қайта ҳужум бошлаб қолишлари энг ёмони эди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларга мусулмонларнинг қувватлари бор эканлигини кўрастишга қарор қилидилар. У зот душман ортидан қувиб бориш учун кўнгилли кишиларни танлаб олишга аҳд қилидлар. Ана ўшанда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу биринчилардан бўлиб йўлга отландилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам етмиш кишига Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуни бошлиқ қилиб душман ортидан юбордилар. Икки қўмондон ўз лашкарларини усталик билан олиб бориб душман кўнглига ғулғула солдилар. Қурайш мушриклари, буларнинг кўриниши жуда ҳам хавфли, ортларидан келадиган асосий кучлари яна ҳам шидатли бўлиши мумкин, деган фикрга келиб Мадийнага қайта ҳужум қилиш фикридан қайтдилар.
Аммо бир йўла жўнаб кетмай ҳолатни ўрганиш учун туриб қолдилар.
Мусулмонлар, улар Мадинага бориб аёл-қизларни асир олиб, молу мулкни талашса керак, деб ўйлаб хафа бўлдилар. Пайғамбар алайҳисслом ҳазрати Али ибн Аби Толибга:
«Уларнинг изидан бор. Нима қилишаётганига назар сол. Нима қилмоқчи эканларини бил. Агар отларни четга қўйиб, туяларни минсалар, Маккага кетишади. Агар отни миниб, туяларни ҳайдаб олсалар, Мадинага юришади. Менинг нафсим қўлида бўлган зот билан қасамки, агар Мадинага боришса, мен ҳам бориб уларни ўша ерда йўқ қиламан!» дедилар.
Ҳазрати Али бориб қарасалар, отларни четга қўйиб, туяларни миниб, Маккага қараб юрдилар. Аммо бир жойга етганларида бир-бирларини маломат қила бошлашди. Баъзилари:
«Ҳеч нарса қилганингиз йўқ, уларга бир оз мусибат етказдингиз, холос. Уларни шундай қолдириб келяпсиз, ичларида бошлиқлари бор. Ҳали сизга қарши одам тўплашади. Орқага қайтиб, уларни охиригача йўқ қилиб тугатиш керак», дейишди.
Бу хабар Пайғамбаримиз алайҳиссаломга етиб бориши билан одамларни тўплаб, душманга қарши чиқишга ундадилар:
«Биз билан урушда қатнашганлардан бошқалар чиқмасин», дедилар. Мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай:
«Мен ҳам борай», деган эди:
«Йўқ!» дедилар.
Мусулмонлар чарчаган, ярадор бўлган ва қўрққан бўлишларига қарамай, эшитдик ва итоат қиламиз, деб тўпланиб чиқдилар. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен сиз қатнашган ҳамма урушларда қатнашишни ният қилган эдим. Отам, қизларга қараб тур, деб қолдириб кетган эди. Изн беринг, сиз билан борай», деди. Унга изн бердилар. Расулуллоҳ мусулмонлар билан юра-юра, Ҳамроул Асад деган жойга етдилар.
Бу ерда Маъбад ибн Аби Маъбад Расулуллоҳнинг ҳузурларига келди. Унга Абу Суфённинг олдига бориб, уни қўрқитишни буюрдилар. У Равоҳа деган жойда Абу Суфёнга етиб борди. У Маъбаднинг мусулмон бўлганини билмас эди.
«Ортингда нима гап бор, эй Маъбад?» деди Абу Суфён.
«Муҳаммад ва унинг саҳобалари сизларга қарши мисли кўрилмаган кўп одам тўпладилар. Аввал чиқмаганлари ҳам пушаймон бўлиб чиқдилар», деди Маъбад.
«Нима маслаҳат берасан?» деди Абу Суфён.
«Менимча, анави тепаликлар ортидан аскар чиқиб қолмасдан бурун жўнаб қолганинг маъқул», деди Маъбад.
«Аллоҳга қасамки, тўпланиб бир ҳужум қилиб, уларни таг-томири билан йўқ қилиб юбормоқчи эдик», деди Абу Суфён.
«Менинг сенга насиҳатим-ундоқ қилма», деди Маъбад.
Мушриклар Маккага қайтиб кетдилар. Йўлда Абу Суфён Мадинага кетаётган бир одамни учратди. Унга Абу Суфён:
«Муҳаммадга гапимни етказиб қўясанми? Маккага қайтганингда уловинг кўтарганча майиз бераман», деди. У, ҳа, деди.
«Муҳаммадга айтиб қўй: биз уни ва шерикларини таг-томири билан йўқ қилиб юбориш учун одам тўплаб қўйдик», деди Абу Суфён: Унинг бу гапи мусулмонларга етганда:
«Аллоҳ бизга етарли ҳомий, у қандай ҳам яхши вакил», дейишди. Ҳалиги хабар уларни чўчитмади. Уч кун кутдилар. Мушриклар Макка сари узоқлаб кетганларига ишонч ҳосил қилгач, Мадинага қайтдилар.
Аллоҳ таоло ушбу ҳодиса ҳақида Қуръони Карим оятларини нозил қилди. Бу ўта аҳамиятли бўлганидан ўша оятларни бир бошдан ўрганиб чиққанимиз афзалдир. Аллоҳ таоло мусулмонларнинг ўша пайтдаги ҳолларини васф қилиб қуйидагиларни Оли Имрон сурасида айтади:
«Улар жароҳат етгандан кейин ҳам Аллоҳ ва Пайғамбар чақириғига жавоб берадиганлардир. Улардан яхшилик ва тақво қилганларига улуғ ажрлар бордир».
Демак, Аллоҳ ажрини зое қилмайдиган мўминларнинг мақтовга арзигулик сифатларидан бири:
«Улар жароҳат етгандан кейин ҳам Аллоҳ ва Пайғамбар чақириғига жавоб берадиганлардир».
Яъни, улар ўзларига жароҳат етиб, чарчаб, ярадор бўлиб, қийналиб туришларига қарамасдан, Аллоҳ йўлида яна жиҳодга даъват этилса, малол олмай, лаббай, деб яна қайтадан чиқаверадилар.
Бу ҳодиса, аввал ҳам таъкидлаб ўтганимиздек, Уҳуд урушининг эртасига содир бўлган эди. Уҳуд уруши тамом бўлгач, мушриклар ўз юртларига қайтиб кетаётиб, Ҳамроул Асад деган жойда дам олишди. Урушда мусулмонларни тамом енга олмаганларидан афсус чекиб, орқаларига қайтиб, уларни батамом йўқ қилиб ташлашга қарор қилишди.
Бу хабар Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга етганда, мусулмонларни душманнинг ортидан боришга, уларга куч-қувват ва шону шавкатни кўрсатишга чақирдилар. Бу чақириққа мусулмонлар, лаббай, деб жавоб бердилар. Ҳатто биринчи кунда чиқмаган кишилар ҳам бормоқчи бўлдилар. Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом уларга рухсат бермадилар. Фақат биринчи куни чиққанларнинг боришини айтдилар. Мусулмонлар кечаги оғир мусибат, чарчоқ ва олган жароҳатларига қарамай, чин дилдан жангга отланганлари ушбу оятда зикр қилиниб, илоҳий китоб Қуръони Карим саҳифаларига ёзилиб, қиёматгача ибодатларда ўқиладиган бўлиб қолди. Дарҳақиқат, шу иш таҳсинга ва ҳавасга сазовор ишдир.
«Улардан яхшилик ва тақво қилганларига улуғ ажрлар бордир».
Ана ўшалар ичида Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар. Бу нарса у киши учун алоҳида фахр эди. Шунинг учун ҳам Оиша онамиз Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг болаларига кейин ҳам бу нарсани эслатиб юрар эдилар.

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Оиша менга, сенинг ота-онанг жароҳат етгандан кейин ҳам Аллоҳ ва Пайғамбар чақириғига жавоб берганлардандир, деди». Икки шайх ривоят қилган.
Ана шундоқ қилиб Уҳуд урушида бошқа бир қанча с.к.лар билан бирга Аллоҳ таолонинг йўлида жанг қилган Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу бир қанча олий мартабаларга эришдилар.
У кишининг Ислом йўлидаги фидоийликлари тинмай давом этди. Душманлар мусулмонларга ҳеч тинчлик бермас эдилар. Улар жон жаҳдлари билан Исломни бир йўла ер юзидан супуриб ташлашни, мусулмонларни битта қўймай қириб юборишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган эдилар.

ХАНДАҚ УРУШИДА

Уҳуд уришидан кўп ўтмай ўша вақтдаги ҳамма Ислом душманлари жамланиб мусулмонларга қарши уруш эълон қилилар ва катта аскар билан Мадинаи Мунаварага бостириб келдилар. Ҳамма душман ҳизблар мусулмонларга қарши ғирикканлари учун бу уруш тарихда «Аҳзоб уруши» номи билан Зикр қилинади.
Ана ўша урушду шароитни ҳисобга олиб, Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг маслаҳатлари билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнаи Мунаввара атрофига хандақ қазитдилар. Шу сабабдан бу уруш «хандақ уруши» номи билан ҳам машҳур.
Худди ана ўша Хандақ урушида Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу яна ўзларини кўрсатдилар.
Келинг бу ҳақдаги ривоятларни ўрганиб чиқайлик.
Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қиладилар:
«Хандақ куни Навфал ибн Абдуллоҳ ибн ал-Муғийра ал-Махзумий чиқиб яккама-якка олишувга чақирди. Унга қарши Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу чиқди ва уни бир уриб иккига бўлиб ташлади. Ҳаттоки қиличи ҳам бўлиниб кетди».
Маълумки хандақ урушида икки тараф хандақнинг икки томонида бўлгани учун катта тўқнашув бўлмаган. Гоҳ-гоҳида яккама-якка олишувлар ва кичик тўқнашувлар бўлиб турган, холос. Шунинг учун юқорида зикр қилинган каби олишувларнинг кишиларнинг умумий маънавиятига таъсири жуда ҳам катта бўлган. Ана шу ишда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу мусулмонлар томонидан катта қаҳрамонлик кўрсатган кишилардан биридирлар.
Ибн Жарир Тобарий раҳматуллоҳи алайҳи Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг хотинлари Асмаа иблти Абу Бакр розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:
«Мушриклардан бир киши силоҳини кўтариб келди. У бир баланд ерга чиқиб туриб:
«Ким яккама-якка олишади!?» деди.
«Унга сен чиқасанми?» дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмдан бир кишига.
«Агар сиз хоҳласангиз, эй Аллоҳнинг Расули!» деди у.
Шу пайт Зубайр шайланиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга назар солдилар-да:
«Сен тур! Эй Ибн Софийя!» дедилар.
У отилиб туриб бир зумда унга тенглашди. Икковлари олишиб кетдилар. Сўнгра думалаб кетдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Икковларидан қай бири чуқурга олдин тушса ўша қатл бўлади», дедилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар. Мусулмонлар ҳам дуо қилдилар. Кофир олдин тушди. Зубайр розияллоҳу анҳу унинг кўксига тушиб, қатл қилди».
Аҳзоб урушида Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг фидоийликлари бу олишувлар билан чекланиб қолмади, балки у киши розияллоҳу анҳу бошқа қаҳрамонликлар ҳам қилдилар.
.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аҳзоб куни мен Умар ибн Абу Салама билан бирга аёлларнинг ичига қўйилган эдим. Назар солиб турсам, Зубайр отини миниб икки уч марта Бани Қурайзага бориб келди. Қайтган вақтимда унга: «Отажон! Қурайзага бориб келаётганингизни кўрдима?» дедим.
«Ўғлим, мени кўрдингми-а?!» деди.
«Ҳа», дедим.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, ким Қурайзага бориб, менга уларнинг хабарини билиб келади? дедилар. Мен бориб келдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ота ва оналарини жамлаб, сенга отам ва онам фидо бўлсин, дедилар, деди у
». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуга ҳам оталарини, ҳам оналарини фидо қилишлари бежиз эмас эди. Ўша пайтда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу мусулмон оламини катта хавф ва хатардан сақлаб қолган ишни қилган эдилар. Гапнинг тафсилоти қуйидагича.
Хандақ урушида Аллоҳнинг душмани яҳудий Ҳайй ибн Ахтоб ҳаракатга тушиб қолди. Мадинада мусулмонлар билан бирга яшаётган яҳудийларни ишга солиб, ичкаридан зарба беришни режа қилди. У Бани Қурайза қабиласи бошлиғи Каъб ибн Асад ал-Қаразийга бориб учрашди.
Каъб ибн Асад ўз қабиласи номидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тинчлик, ҳамкорлик аҳдномасини тузиб яшаётган эди. Каъб ибн Асад Ҳайй ибн Ахтобга:
«Сен шум одамсан, мен Муҳаммад билан аҳдлашганман, у билан орамиздаги аҳдномани бузмоқчи эмасман, мен унинг доимо аҳдига вафо қилганини кўрдим», деди.
«Шўринг қурисин, эй Каъб! Мен сенга бир умрлик обрў, улкан денгиз келтирдим. Қурайшни бошлиқларию улуғлари билан олиб келдим. Мен уларни Румаҳдаги сел тўпланадиган жойга туширдим. Ғатафонни ҳам оқсоқоллари билан қўшиб олиб келиб, Уҳуд томонга туширдим. Улар менга Муҳаммадни таг-томири билан йўқотмагунларича, қайтмасликка аҳду паймон бердилар», деди Ҳайй.
«Аллоҳга қасамки, сен менга бир умрлик хорлик келтирдинг. Суви тушиб бўлган булут келтирдинг. Мен Муҳаммаддан фақат вафо ва садоқат кўрдим, холос», деди Каъб унга:.
Ҳайй бўлса, Каъбнинг бошини айлантириб, турли гаплар билан қизиқтириб, охири айтганига кўндирди.
Икковлари аҳду паймон қилишди. Агар Қурайш ва Ғатафон Муҳаммадни енга олмай, қайтиб кетсалар, Ҳайй ҳам Каъб билан бирга унинг қўрғонига кириб, мусибатига шерик бўладиган бўлди.
Каъб ибн Асад Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тузган аҳдномани бузди ва Бани Қурайза ҳам душман ҳизбларга қўшилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу хабар етиб борганида, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуни юбориб, унинг ростлигини аниқлаб олдилар. Ана ўша Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу олиб келган хабар асосида тузилган режа мусулмонларни катта ёмонликлардан соқлаб қолди.
Ўша пайтда нафақат ўлимнинг кўзига тик қараб борадиган ботир, балки керак бўлса ўлимга чап бериб мусулмонларнинг олий бош қўмондонлари бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга аниқ хабарни келтирадиган одам керак эди. Ана ўша одам Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу бўлдилар.
Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуга ота ва оналарини жамлаб, сенга отам ва онам фидо бўлсин, дедилар, деди у».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ҳеч кимга айтаганларини ҳисобга олсак у кишининг фазллари қанчалик улуғ эканини яна ҳам яққолроқ тушуниб оламиз.
Умуман олганда Хандақ урушида Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу мисли кўрилмаган фидокорлик ва қаҳрамонликлар кўрсатиб шону шуҳратларга буркандилар.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хандақ куни одамларни кўнгилли бўлиб вазифа бажаришга чақирдилар. Бас, Зубайр отилиб чиқди. Сўнгра у зот яна одамларни кўнгилли бўлиб вазифа бажаришга чақирдилар. Бас, Зубайр отилиб чиқди. Сўнгра у зот яна одамларни кўнгилли бўлиб вазифа бажаришга чақирдилар. Бас, Зубайр отилиб чиқди. Ана шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар набийнинг Ҳаворийси бор. Менинг ҳаворийим Зубайрдир», дедилар
». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Уруш пайтда баъзи бир ўта оғир вазифаларни бажариш учун лашкар ичидан ўлимга рози бўлиб ўша ишни бажаришга борадиган одамлари одатда кўнгилилардан танлаб олинади. Албатта, бундоқ ишларга бошқалардан кўра ўз рағбати билан отилиб чиқиб борганлар лойиқ бўладилар. Албатта, буюруқ бажариб учун борган билан ўз рағбати ила савоб умидида борганнинг орасидаги фарқ катта бўлади.
Хандақ уруши мусулмонлар катта сонли душманнинг қамалида турганиларида ва ичкаридан ҳам Бани Қурайза яҳудийларидан хиёнат содир бўлган ўта оғир бир пайтда кесгани учун ана шундоқ алоҳида махсус топшириқларни бажарадиган кишиларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳожатлари кўп тушган. Ана ўша пайтларда ҳаммадан кўра Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу жонбозлик кўрсатганлар. У киши розияллоҳу анҳунинг бу фидокорликлари Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан муносиб тақдирланганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг Ислом ва мусулмонлар учун, дину-диёнат ва ватан ҳимояси учун кўрсатган қаҳрамонликларини ҳисобга олиб «Ҳар набийнинг Ҳаворийси бор. Менинг ҳаворийим Зубайрдир» дкган олий даражали нишон билан тақдирлаганлар. Бу мукофотнинг қадрини яна ҳам ошириш учун уни ягона нусхада тасис этганлар. Фақат Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳугина топширганлар, бошқа бирор кишига бермаганлар. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу умр бўйи бу нишонни ёлғиз ўзлари тақиб юрганлар. Ҳамма у кишини «набийнинг ҳаворийси» деб атар эди. Ҳозир ҳам у киши розияллоҳу анҳу шундоқ аталадилар.
Ҳаворий сўзи ихлосли, мусаффо, энг яқин дўст ва ёрдамчи деганидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ийсо алайҳиссаломга ихлос қилган, у кишига нисбатан кўнгиллари энг мусаффо бўлган ҳамда энг яқин дўст ва ёрдамчи бўлган фидокор шахсларни ҳаворий жеб атаган. Буларга ўхшаш саодатли кишилар ҳар бир набийнинг ўз уммати ичида бўлган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари ичида ана шундоқ олий унвонга фақат Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу сазовор бўлганлар.

БАНИ ҚУРАЙЗА ҚАМАЛИ

Хандақ урушидаги энг оғир вазиятда Бани Қурайза яҳудийлари Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тузган аҳдларини бузиб, душман томонга ўтиб олишлари мушрикларнинг ҳужумидан ҳам хавфли эди.
Шунинг учун бу совуқ хабарни эшитишлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ ташвишга тушдилар. Чунки яҳудийлар шаҳар ичида мусулмонлар билан бирга яшар эди.
Хабарни эшитишлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча бор турли кишиларни жумладан Зубайр розияллоҳу анҳуни яҳудийлар томон юбордилар. Уларга Бани Қурайзанинг аҳдномани бузиб хиёнат қилганлари ҳақидаги гапларни аинқлаб келишни топширдилар.
Улар чиқиб, Бани Қурайза олдига бордилар ва ўзларига етган хабардан ҳам баттар ҳолга дуч келдилар.
Яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънларига бўҳтон гаплар айтишарди:
«Расулуллоҳ ким бўлибди? Биз билан Муҳаммад ўртасида аҳд ҳам йўқ, паймон ҳам йўқ», дер эдилар.
Қайтиб бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ишора билан иш қандай эканини етказдилар.
Ана шунда вазият яна ҳам жиддийлашди. Хавф-хатар яна ҳам кучайди. Мусулмонлар икки ўт орасида қолдилар. Бундай нозик пайтда мунофиқлар ҳам бош кўтариб қолишди.
Аммо Аллоҳ таоло Пайғамбарини ва мўмин бандаларини қўллаб-қувватлади. Уларга зафарни ёр этди. Кофир ҳизблари ноумид бўлиб, келган томонларига қараб кетдилар. Улар бор имкониятларини ишга солиб, ҳамма арабларни тўплаб келсалар ҳам, бирор нарса қила олмадилар. Улар Расулуллоҳга ва мусулмонларга зарар етказа олмасликларига ишондилар, умидлари узилиб, ортга қайтдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар эса, Мадинага музаффар бўлиб қайтдилар. Одамлар қуролларини қўйиб, ҳордиқ чиқара бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Умму Салама онамизнинг ҳужраларида ғазотдаги чанг-кирлардан покланиш учун ғусл қилаётган эдилар, ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб:
«Қуролни қўйдингми, эй Аллоҳнинг Расули?» деди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳа», дедилар.
«Лекин фаришталар қуролларини қўйганлари йўқ. Ҳозир душманни қувишдан қайтаётган пайтим. Аллоҳ таборака ва таоло Бани Қурайза томон юришингни буюради», деди Жаброил алайҳиссалом.
Бани Қурайза Мадинадан бир неча масофа четроқда яшар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар уларнинг масканларига борганларида яҳудийлар қўрғонлари ичига кириб беркиниб олдилар. Қамал бошланди. Мусулмонлар учун уларнинг мудофасини бузиб ўтиш жуда ҳам қийин бўлди.
Қамал чўзилиб кетгандан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу билан Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумоларни чақириб, нима қилиб бўлса ҳам душман қалъасини очишни топширдилар. У зот икковларига, ёки Ҳамза татиган нарсани татийсизлар, ёки уларнинг қўрғонини фатҳ қиласизлар, дедилар.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ҳазрати Али розияллоҳу анҳу билан яҳудийларнинг мустаҳқам қўрғони олдига етиб бордилар ва икковлари ўзларига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган гапларни:
«Ёки Ҳамза татиган нарсани татиймиз, ёки уларнинг қўрғонини фатҳ қиламиз!!!» деб наъра тортдилар.
Сўнгра икковлари жанг қила бориб, қўрғон ичига ўзларини отдилар ва инсон ақлини лол қиладиган даражада паҳлавонлик ва баҳодирлик намуналарни кўрсатиб қалъа ҳимоячилари билан жанг қилдилар. Улар жанг қила бориб қўрғон эшикларини очдилар. Аллоҳнинг лашкарлари «Аллоҳу Акбар!» садолари остида душман устига ҳужум бошладилар. Аллоҳ Ўз лашкарларига нусрат берди.

ВОДИЛ ҚУРОДА

Хайбар фатҳидан сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Водил Қуро томон юрдилар. Бу водий қишлоқлари кўп бўлгани учун ҳам шу ном ила аталар эди. Унда араблар билан яҳудийлар ҳам яшар эдилар. Бу жой арабистон ярим оролидаги энг ҳосилдор ерлардан бўлиб унда булоқлар ва қудуқлар кўп эди. У Хайбар билан Тиймаа номли жойнинг орасида эди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у ернинг аҳолисига Исломни арз қилдилар. Агар Исломга кирсалар молларини ҳам, қонларини ҳам сақлаб қолишлари мумкинлигини айтдилар. Аммо улар Исломни қабул қилмадилар.
Орада уруш бўлди. Бу урушларда саҳобалардан Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу шуҳрат қозондилар. Мусулмонлар нусратга эришдилар. Мусулмонлар кўплаб нарсаларни ўлжага олдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлжаларни саҳобаларига тақсим қилиб бердилар. Ерни ва хурмоларни яҳудийларга ҳосилига тенг шериклик шарти ила қолдирдилар.

БОШҚА ҒАЗОТЛАРДА

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Раҳматуллоҳи алайҳи билан у зотнинг барча ғазотларида иймон ва ихлос билан иштирок этдилар.
Имом ал-Ҳоким бу ҳақида Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ўзларидан қуйидаги ривоятни келтирадилар:
«Аллоҳга қасамки, Раҳматуллоҳи алайҳи қай бир ғазот ёки сарийяга чиққан бўлсалар, албатта, мен ҳам чиқдим».
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу сулҳи Ҳудайбийяда ҳам қатнашиб, ризвон байъати иштирокчиларидан бири бўлишга мушарраф бўлдилар.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ўз одатларича Хайбар ғазотида ҳам мисилсиз фидокорлик намуналарини кўрсатдилар. Ўша куни ҳазрати Али розияллоҳу анҳу яҳудийларнинг паҳлавони Миҳрабни ер тишлатганларидан кейин унинг укаси ва яҳудийларнинг кўзга кўринган паҳлавонларидан яна бири Ясир майдонга чиқди. У ўз найзасини мусулмонларга қараб силтаб кела бошлади. Ҳазрати Али Розияллоҳу анҳу унинг қаршисига чиқдилар. Шунда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу у кишига:
«Сенга қасам ила айтаманки, уни менга қўйиб бер» , деди.
Ҳазарати Али розияллоҳу анҳу четга чиқдилар. Яҳудий Ясир найзасини ўйнатиб кела берди. Унинг қаршисида Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу пайдо бўлдилар.
Шунда укишининг оналари Софийя розияллоҳу анҳо:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг ёлғиз ўғлим қатл бўладими!? Эй Расуллоҳ!?» деди.
Йўқ! Сенинг ўғлинг уни қатл қилади», дедилар у зот. Бас, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу уни қатл қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Батаҳқиқ, Хайбар марҳабо деди ва осон бўлди», дедилар.

ФАТҲДА

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга Маккани фатҳ қилишга тайёргарлик ҳақида амр бердилар. У зот бу ишни сир тутиш лозимлигини алоҳида таъкидладилар.
Ҳотиб ибн Аби Балтаъа эса Пайғамбар алайҳиссаломнинг ғазотга қасд қилганликлари ҳақида хат ёзиб, бир аёл киши орқали Қурайш қабиласига юборди. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг дуоларини қабул айлаб, бунинг хабарини У зотга билдирди.
Пайғамбар алайҳиссалом Ҳазрати Али, Зубайр ибн Аввом ва Миқдодларни чақириб, тезда йўлга отланинглар, сизларга бир боғ дуч келади, у ердан бир аёлни топасизлар, унда хат бор, ўша хатни олиб қайтинглар, дедилар.
Учовлон от чоптириб боққа етиб бориб, аёл кишини топишди ва хатни чиқар, дейишди. Аёл, менда хат йўқ, деди. Шунда учовлон хатни қидириб бўлса ҳам топишларини ишора қилиб: «Ё хатни чиқарасан, ё кийимларингни ечасан!» дейишди.
Аёл ночор соч турмаклари орасидан хатни чиқариб берди. Учовлари хатни олиб, Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига олиб боришди. Қарашса, Ҳотибнинг мушрикларга ёзган хати экан.
Бу ҳодисада ҳам Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг махсус топшириқларни бажарувчилик сифатлари қўл келди.
Раҳматуллоҳи алайҳи Маккани фатҳ қилиб шаҳарга музаффар ҳолларида кириб борганларида у зотнинг лашкарлари чап қанотининг қўмандони Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу эдтилар. Ўша куни Ислом лашкарининг ўнг қанотига Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳу қўмандонлик қилар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага кириб, ҳамма тинчиб бўлганидан кейин Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ва Миқдод ибн асвад розияллоҳу анҳумолар отлари билан у зотнинг ҳузурларига келдилар. Шунда Раҳматуллоҳи алайҳи ўрниларидан туриб бориб кийимлари билан уларнинг юзларидаги ғуборни артдилар ва:
«Мен отга икки ҳисса ўлжа, отлиққа бир ҳисса ўлжа таъйин қилдим. Ким уни ноқис қилса, уни Аллоҳ ноқис қилсин», дедилар.

ҲУНАЙНДА

Уламоларимизнинг таъкидлашларича, Аллоҳ таоло Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуга энг яхши жангчига керак бўлган барча сифатларни берган эди. У киши розияллоҳу анҳу жангчи сифатида ўзига ўзи жуда ҳам ишонар ва Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимдан ёрдам кутмас эдилар. Жанг пайтида агар юз минг кишилик лашкарнинг бири бўлсалар ҳам ўзларини ёлғиз ҳис қилар ва жангнинг масъулияти фақат ўзларининг елкасида тургандек ҳаракат қилар эдилар. Яна у киши розияллоҳу анҳу бошқалардан жангчи сифатида сабот матонатлари ва кучли асаблари билан ажраб турар эдилар.
Фатҳи Маккадан кейин Ҳунайн ғазоти бўлди. Унда аввалги ғалабалардан ва ададларининг кўплигида ғурурга етган мусулмонлар душманнинг пистирмасига дуч келиб ҳар тарафга тирқираб қоча бошладилар. Фақат Аллоҳ таолонинг инояти ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабот ва матонатлари туфайли кейинчалик ишлар юришиб кетди. Аллоҳ таоло Ўз Расулига нусрат берди.
Шунда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг кўзи пана жойда яна пистирма қуриб мусулмонларнинг раҳбарларига суиқасд қилиш мақсадида ўзининг қолган қутган аскарлари билан пайт пойлаб турган мушрикларнинг бошлиғи Молик ибн Авфни кўриб қолдилар. Вазият жуда нозик эди. Бир лаҳза кечикилса мусулмонларнинг бир қанча бошлиқлари нобуд бўлишлари мумкин эди. Ана шудоқ таҳикали бир пайтда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу бир ўзлари душман тўпи томон от солдириб бордилар. Ҳеч нарсадан тап тортмай душман устига ҳамла қилиб уларнинг тўпини тарқиратиб ташладилар.
Бундоқ ишни қилиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаворийси керак эди.
Бундоқ ишни қилиш учун Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу керак эди.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида котиблик қиладиган оз сонли мирзалардан бири эдилар.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Ҳабашистонда бўлган вақтларида Нажоший у кишига қииматбаҳо калта найза совға қилган эди. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ўша найзани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга совға қилган эдилар. Ул найза икки ийд ва бошқа кунлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида кўтариб юрилар эди.
Кейинчалик аббосий халифалардан Мутаваккилга ўша найза етиб келганда худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан кўтариб юрилгандек ўз олдида уни кўтариб юрилишига амр қилган.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўттиз саккизта ҳадиси шариф ривоят қилганлар.

АБУ БАКР ДАВРИДА

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам рафийқи аълога интиқол қилганларидан кейин, рошид халифалар даврида ҳам ўзларининг Аллоҳ таоло йўлидаги жиҳодларини шараф билан давом этдирдилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу аввало муртадларга қарши олиб борлиган урушларда фаол қатнашдилар. Кейин эса музаффар фотиҳлар орасида Шомга жиҳодга чиқдилар. У киши ярмукдаги тарихий жангнинг бош қаҳрамонларидан бири бўлиш шарафига муяссар бўлдилар.
Ана ўша ҳақиқат ҳақида келган ривоятлардан бирини ўрганамиз.

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Ярмук куни Зубайрга, бир ҳамла қилмайсанми, биз ҳам сен билан бирга ҳамлар қилар эдик, дедилар. Бас, у ҳамла қилди. У(душман)лар унга елкасидан иккита зарба бердилар. Ўша икки зарба орасида Бадр куни олган зарбаси ҳам бор эди. Урва, мен кичкиналигимда, ана ўша зарбаларга бармоқларимни тиқиб ўйнар эдим». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Ярмук Шомдаги жойлардан бирининг номи бўлиб. Ўша ерда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифаликлари охирида румликлар билан мусулмонлар орасида дунё тарихидаги энг катта жанглардан бири бўлиб ўтган. Рум аскарига Моҳон Арманий бошлиқ бўлган. Ислом лашкари қўмондони Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ розияллоҳу анҳу бўлганлар. Ярмукда икки тараф орасида беш марта катта тўқнашув бўлган. Румликлардан бир юз беш минги қатл, кирқ минги асир бўлган, мусулмонлардан тўрт минг киши шаҳид бўлган. Алло таоло Ўз лашкарига нусрат бериб, кофирларни мағлуб этган.
Ана ўша тарихий жангда ўзини кўрсатганлардан бири Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу бўлганлар. Ушбу ривоятда қайд қилинганидек, у киши розияллоҳу анҳу мусулмонларга ўрнак бўлиб душман устига ҳамлани бошлаб берганлар. У киши Ярмук жанги давомида елка тарафларидан иккита жароҳат ҳам олганлар. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу орт тарафларидан яраланганлари у кишининг чексиз жасорати ва душманларнинг ўта номардлиги аломатидир. Душманлар Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу билан юзма юз келишдан қўрқиб орқа томонларидан хоинларча зарба берганлар.

УМАР ДАВРИДА

Имом Тобарий Солим ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Умар розияллоҳу анҳу халифа бўлганидан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳуга таъйин қилинган маошни олишда давом этди. Аммо унинг ҳожати кўпайди. Муҳожирлардан бир гуруҳи тўпландилар. Уларнинг ичида Усмон, Али, Толҳа ва Зубайр розияллоҳу анҳумлар бор эди.
Зубайр: «Умарга унинг маошини зиёда қилишимиз ҳақида гапирсак бўлар эди», деди.
Али: «Бунинг аввалроқ бўлиши керак эди. Юринглар, борайлик», деди».
Ушбу ривоятдан кўриниб турибдики, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу мусулмонлар шўро мажлисининг етакчи аъзоларидан бири бўлганлар.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида Мисрни фатҳ қилишда Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан кейинга иккичи шахс бўлганлар
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Шомга келганларида Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу Мисрнинг мавқъини, унинг Рум учун катта қувват эканини эслатиб уни фатҳ қилишга изн сўраган эди. Ўша вақтда Миср Румга қарам бўлиб, у тарафдан қўйилган ҳоким томонидан бошқарилар эди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу кейинроқ Амр ибн Осс розияллоҳу анҳуни Миср томон катта лашкар ила юборди. Ортидан Зубайр ибн Овом розияллоҳу анҳу бошчилигида мадад кучлари юборди.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Мисрга яқинлашиб борганларида у кишига Мисрнинг амиридан мактуб келди. Унда, бу ерда ўлат тарқалди, бу юртга кирма, дейилган эди. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу, мен фақат ўлим учун, ўлат учун келганман, дедилар ва Мисрга кирдилар. У кишининг ўзига хос байроқли беш юз кишидан иборат лашкари бор эди. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ўз лашкарлари олдида қуйидаги маънони акс этдирувчи байтлари айтиб борар эдилар.

Мен Зубайрман Аввомнинг боласи.
Шижоатли шер, Ислом саркардаси.
Буюк ҳимматли ҳужмкор саркардаси.
Қатл этурман кўринса душман қораси.
Жанг куни бўлса мен жангчилар сараси.
Дини Исломга нусрат берувчи боласи.

Мусулмонлар билан аҳли Нубанинг тузган аҳдномалари остига Зубайр ва унинг икки ўғли; Абдуллоҳ ва Муҳаммад гувоҳ бўлишди. Вурдон ёзди», деб ёзилган эди.
Бундан Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларига келиб ёлғиз ўзлари эмас балки ўз ўғилларини ҳам Аллоҳ таолонинг йўлида жиҳодга жалб қилганлари чиқади.
Умуман серфарзанд бўлган Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ўз ўғилларини ҳам ўзларига ўхшаган баҳодир мужоҳид бўлиб яшашларини ва ўзлари истаган ўлим, шаҳидлик ўлими ила ўлишларини истар эдилар. Шунинг учун ҳам ўғил фарзандларига шаҳидларнинг исмларини қўйган эдилар.
Абдуллоҳни шаҳид саҳобий Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳунинг хотирасига шу исм ила номланган эди.
Мунзирни шаҳид саҳобий Мунзир ибн Амр розияллоҳу анҳунинг хотирасига шу исм ила номланган эди.
Урванини шаҳид саҳобий Урва ибн Амр розияллоҳу анҳунинг хотирасига шу исм ила номланган эди.
Ҳамзани шаҳид саҳобий Ҳамза ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳунинг хотирасига шу исм ила номланган эди.
Жаъфарни шаҳид саҳобий Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг хотирасига шу исм ила номланган эди.
Мусъабни шаҳид саҳобий Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг хотирасига шу исм ила номланган эди.
Холидни шаҳид саҳобий Холид ибн Саъид розияллоҳу анҳунинг хотирасига шу исм ила номланган эди.
Кейинчалик Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Мадийнаи Мунавварага қайтиб ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга бошқа ишларда ёрдам бердилар. Хусусан очлик йилида у киши катта фидокорлик кўрсатиб мусулмонлар учун меҳнат қилидлар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга суиқасд қилингандан кейин ўринларига халифа бўлиши керак бўлган олти кишилик номзодлар ичида Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ҳам номлари бўлиши у кишининг ўша пайтда мусулмон жамиятида тутган мартабаларига далолат қилади.
Имом Муслимнинг ривоятида келишича:
Одамлар (Умарга):
«Эй мўминларнинг амири васият қилинг, ўринингизга халифани танланг», дедилар. У киши
«Сизларнинг ишингизни тиригимда ҳам, ўлигимда ҳам кўтараманми? У ишдан менинг насибам озгина бўлишини, фойдамга ҳам, зараримга ҳам бўлмасини хоҳлар эдим. Агар ўрнимга халифа таъйин қилсам, мендан яхши шахс таъйин қилган. (Яъни, Абу Бакр). Агар сизларни шундоқ тарк қилсам, мендан яхши шахс сизларни шундоқ тарк қилган. (Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам)», деди.
Абуллоҳ ибн Умар, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зикр қилганида ўз ўрнига бировни таъйин қилмаслигини билдим, деди.
Сўнгра Умар: «Бу ишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рози ҳолларида вафот этган кишилар; Али, Усмон, Зубайр, Саъд, Толҳа ва Абдурроҳман (ибн Авф)лардан бошқани ҳақли кўрмайман. Сизларга Абдуллоҳ ибн Умар гувоҳ бўлади. Унинг ўзига амирликдан ҳеч нарса йўқ. Бу унинг учун таъзияга ўхшаган бир нарса. Агар амирлик Саъдга етса, яхши. Агар ундоқ бўлмаса, сиздан ким амир қилинса ундан ёрдам олиб турсин. Мен уни ожизлик ёки хиёнат юзасидан ишдан олганим йўқ», деди».
Ушбу олтиликдан Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ўринларига халифа этиб сайландилар.

УСМОН ДАВРИДА

Бу даврга келиб Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Ислом давлатининг энг кўзга кўринган арбобларидан бирига айланган эдилар. Ҳатто ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуга бир гап бўлиб қолса ўринларига Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуни халифа қилиш ҳақида маслаҳатлар ҳам бўлган.

Марвон ибн Ҳакам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бурун қонаш йили Усмон шиддатли бурун қонашга мубтало бўлди. Ҳаттоки, бу(хасталик) уни ҳаждан қолдирди. У васият ҳам қилди. Бас, Қурайшдан бир одам унинг олдига кириб:
«Ўрнингга халифа қолдир», деди.
«Ҳали шуни ҳам айтишдими?» деди у.
«Ҳа», деди.
«Кимни?» деди у.
Ҳалиги одам жим қолди. Сўнгра унинг олдига бошқа бир одам кирди ва:
«Ўрнингга халифа қолдир», деди.
«Ҳали шуни ҳам айтишдими?» деди у.
«Ҳа», деди.
«Кимни?» деди у.
У одам жим қолди. Шунда у:
«Эҳтимол Зубайрни айтишгандир?» деди.
«Ҳа», деди ҳалиги одам.
«Аммо, жоним қўлида бўлган зот билан қасамки, менинг билишимча у уларнинг ичида энг яхшиси. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг маҳбублари эди», деди у». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Ўттиз биринчи ҳижрий санада Мадийнаи Мунавварада оммавий бурун қонаш касали тарқалган. Шунинг учун бу йил бурун қонаш йили номини олган. Ўшанда халифа ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ҳам бу дардга мубтало бўлганлар. Ўшанда ушбу ривоятда зикр қилинган гап-сўзлар ҳам бўлиб ўтган.
Бундан Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг халифа Усмон розияллоҳу анҳунинг ва мусулмонларнинг ҳузурида обрўлари жуда ҳам катта бўлганлиги келиб чиқади.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг:
«Аммо, жоним қўлида бўлган зот билан қасамки, менинг билишимча у уларнинг ичида энг яхшиси. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг маҳбублари эди», деганларини шарҳ қилиб ўтиришнинг ҳам ҳозати бўлмаса керак.
Кейин ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу тузалиб кетдилар. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу бўлсалар у кишига ёрдам беришда давом этдилар. У кишини Фитачилар хуружидан ҳимоя қилишда жонбозлик кўрсатдилар.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ўғилларини халифани фитначилардан ҳимоя қилиш гуруҳига қўшдилар. Фитначилар халифа Усмон Зуннурайни розияллоҳу анҳуни номардларча қатл этганларида эса қаттиқ надомат қилдилар.
Бу ишда бўлган зулмни рад қилиш учун халифанинг ўчини олиш ҳақидаги талабнинг бошлиқларидан бирига айландилар.

АЛИ ДАВРИДА

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ҳазрати Алига халифа сифатида байъат қилингаидан кейин фитначилардан Усмон розияллоҳу анҳунинг қасосларини зудлик билан олишни талаб қилганлардан бўлдилар. Тўртинчи халифанинг қасос олиш учун қулай вақтни топиш кераклиги ҳақидаги гаплари у кишини тинчита олмади.
Умри бўйи ҳар қандай душманни енгиб юриб ўрганиб қолган Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу бир тўп бақироқ фитначилардан Ислом давлати бошлиғини ҳимоя қилина олинмаганидан қаттиқ афсусда эдилар. Ғафлатда қолинди. Аввало Усмон розияллоҳу анҳунинг ўзлари фитначиларга қарши куч ишлатишга изн бермадилар. Қолаверса, фитначи бўлса ҳам мусулмонман деяти-ку, ҳарами набавийда, ҳаром ойида бу ишни қилмаслар, дейилди.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу тезроқ фитначиларнинг айниган каллаларини қиличдан ўтказиб ҳаммаёқни тинчитиш тарафдори эдилар.
Шунинг учун ҳам халифадан изн олиб ўзларининг қиёматлик исломий биродарлари Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу билан бирга умрага борганларида ўша ерда бу масалани кўтараётганларга қўшилдилар. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу бу ишни тезроқ тинчитилмаса гап кўпайиб мусулмонлар ичида катта ихтилофлар бўлишига ишониб етдилар. Одамлар орасини ислоҳ қилиш мақсадида ҳажга келган бўйларича Маккада турган Оиша онамизни ва халифанинг ўчини олиш тарафдорларини олиб ислоҳ ниятида Басрага қараб юрдилар.
Бу хабарни эшитган ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ҳам Шомга кетаётган ерларида йўлни Басра томон бурдилар.
Ҳамманинг фикри ва режасида мусулмонлар орасини ислоҳ қилишдан бошқа нарса йўқ эди.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Оиша онамизнинг ҳузурларига Қаъқоъ ибн Амр розияллоҳу анҳуни юбордилар. У киши мўминларнинг онаси олдиларига бориб:
«Онажон, сизни бу юртга нима олиб келди?» деди.
«Одамлар орасини ислоҳ қилиш», дедилар.
Сўнгра Қаъқоъ ибн Амр розияллоҳу анҳу Зубайр ибн Аввом, Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳумоларга юзланиб:
«Сиз, иккингизни нима олиб келди?» деди.
«Одамлар орасини ислоҳ қилиш», дейишди.
«Менга айтингларчи, бу ислоҳ қандоқ бўлади?» деди.
«Усмоннинг ўчини олиш, унинг қотилларини қатл қилиш билан бўлади», дейишди.
«Икковингиз аҳли Басрадан унинг қотилларини қатл қилдингиз. Иккингиз уларни қатл қилмасингиздан олдин қатл қилганинингиздан кейиндагига қараганда яхши ҳолатда эдингиз. Олти юз кишини қатл қилдингиз олти минг киши уларнинг ёнини олиб чиқди.
Мана сизлар, қотиллардан бири Ҳарқовс ибн Зуҳайрни изламоқдасиз, аммо топа олмаяпсиз. Чунки уни олти минг киши беркитмоқда ва ҳимоя қилмоқда. Сизлар мўминларнинг амири Алини имкон бўлгунча Усмоннинг қотилларини қатл қилишни орқага сўриб турганини кечира олмайсизларми?
Ҳозир барча Ислом юртларида ихтилоф бўлиб турибди. Робийъа ва Музардан кўплаб одамлар аёвсиз урушга тайёргарлик кўрмоқдалар!!» деди.
«Сен нимани маъқул кўрасан, эй Қаъқоъ», дедилар Оиша розияллоҳу анҳо
«Мен офиятни устун кўриб, байъатни беришингларни маъқул кўраман. Аввал бўлганингиздек, ҳозир ҳам яхшилик калидлари бўлишингизни маъқул кўраман. Бизни балога йўлиқтирманглар!» деди.
Охири Қаъқоъ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг гапларидан қаноат ҳосил қилишди. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу Басрага келишлари ҳаммага сулҳни эълон қилинишига, жиноятчиларга жазо беришни халифага ҳавола қилишга, у киши имконини топиб уларни тезда жазолашига келишилди.
Қаъқоъ ибн Амр розияллоҳу анҳу ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб суюнчилик хабарни айтганида у киши беҳад қувониб кетдилар.
Ўша куни Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу тўнғич ўғилларига қуйидаги ривоятда келган гапларни айтган эдилар.

-Урва розияллоҳу анҳуданривоят қилинади:
«Зубайр Туя куни тонгида ўз ўғли Абдуллоҳга, менинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган жангларда жароҳатланманган аъзом йўқ, деб айтган ҳаттоки у нарса фаржида бўлганини таъкидлаган эди». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу бу гапларни ўз ўғиллари Абдуллоҳга кўнгиллари бирор нохушликни сезганидан айтган бўлсалар керак.
Дарҳақиқат Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг баданларининг соғ жойи қолмаганига кўпчилик гувоҳ бўлган.
Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳи Ҳафс ибн Холиддан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Ҳузуримизга Мусилдан келган бир шайх менга банабуларни айтиб берди:
«Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуга унинг сафарларидан бирида ҳам сафар бўлдим. Унга бир очиқлик жойда жунублик етди. У, мени тўсиб тур, деди. Мен уни тўсиб турдим. Қўққисдан унинг бадани қилич теккан тиртиқларга тўла эканига кўзим тушиб қолди. Шунда:
«Аллоҳга қасамки, сенда ҳеч кимда кўрмаган асарларни кўрдим», дедим.
«Ҳали, уларни кўрдингми?» деди.
«Ҳа», дедим.
«Аммо, Аллоҳга қасамки, уларнинг ҳаммаси фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ва Аллоҳнинг йўлида бўлган жароҳатлар», деди».
Ана шундоқ ишларни кўрган киши бугунга келиб фитначилар қўзиган иғво туфайли ўз биродарлари билан турли ади бади айтишишгача бориб етди. Аллоҳ хоҳласа эртага ҳаммаси тўғриланиб кетча ажаб эрмас.
Аммо фитначилар ўша кечаси игнанинг устида ётгандек жойларига ётдилар. Улар тонг қоронғусида нима қилиб бўлса ҳам орада уруш қўзғашга келишиб олган эдилар.
Тонг қоронғусида ададлари икки минг атрофида бўлган фитначиларнинг кучлари ширин орзулар оғушида ухлаб ётган кишилар устига бирдан ҳужум бошладилар. Одамлар шошилиб туриб силоҳларига ёпишдилар. Ўйлаб ўтиришга, нима бўлганини суриштиришга имкон ҳам, вақт ҳам йўқ эди.
Басраликлар, Алининг одамлари бизни алдашган экан, деган фикрдан бошқа нарсани ўйламас эдилар.
Бўлаётган ишлар ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга етиб борганда:
«Одамларга нима бўлди!» деб сўрадилар.
«Аҳли Басра бизни уйқумизда босишди! Улар бизни алдадилар!» деб жавоб берди кишилар.
Ана шундоқ тарзда сулҳ тузиб турган икки тараф ўртасида тарихда «Туя жанги» номни олган қаттиқ жанг бошланиб кетди.
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу атрофларида шиддат билан ўйнаётган қиличлар, санчилаётган найзалар ўрмони ичида, отилаётган камон ўқлари ёмғири остида, сафларнинг орасида тинмасдан:
«Эй Толҳа, менга қара!!!
Эй Зубайр менга қара!!!
Менга Толҳани чақиринглар!!!
Менга Зубайрни чақиринглар!!!» деб тинмай жар солар эдилар.
Охири бу нидолар нариги тараф бошлиқлари бўлган Толҳа ва Зубайр розияллоҳу анҳумоларга етиб борди. Улар ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг рўбарўларига чиқдилар.
Шунда бутун вужудини дард алам ўти ёндираётган ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу:
«Сен!!! Эй Зубайр!!!
Эслагин!
Бир куни мени Расулуллоҳга қараб келаётганимни кўриб кулган эдинг!
Расулуллоҳ сендан, уни яхши кўрасанми, эй Зубайр? деб сўрадилар.
Сен, ҳа, дединг.
У зот сенга, аммо сен унга қарши золим ҳолингда жанг қилурсан, дедилар».
Шунда ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу соф қалбларидан чиққан нидо ҳақиқий иймонгина содир этиши мумкин бўлган мўъжизани содир бўлишига сабаб бўлди. Иймон мўъжизаси содир бўлди.
Зубайр розияллоҳу анҳу Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг гапларига жавобан:
«Тўғри! Сен менга эсимдан чиққан нарсани эслатдинг!» дедиларда қўларидаги қилични ерга ташлаб сафларни ёриб жанг майдонидан чиқиб кетдилар. У киши билан бир вақтда Толҳа розияллоҳу анҳу ҳам чиқиб кетдилар.
Ўшанда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг фақат мард эмас, мардларнинг марди эканликлари намоён бўлди.
Ўз ижтиҳодлари билан кўпчилик манфаати учун деб қилаётган ишлари нотўғри эканини англаган лаҳзада ундан қайтган бу икки мард инсонларни ўша куни номардлар оқаларидан номардларча қатл этдилар.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу жанг майдонини ташлаб чиқиб йиртқичлар водийси номли водийда Роббисига илтижо қилиб намоз ўқиётган пайтларида Амр ибн Журмуз номли бадбахт томонидан қатл этилдилар.
Жангдан сўнг ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ўз одамлари билан қароргоҳларида ўтирган эдилар бир киши келиб:
Зубайр розияллоҳу анҳуни ўлдирган Амр ибн Журмуз киришга изн сўрамоқда», деди.
Имом Али розияллоҳу анҳу изн бердилар.
Қотил ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан мукофот олиш умидида мағрур ҳолида шахдам қадамлар билан кириб келди. Аммо унинг кўзи Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуга тушиши билан попуги пасайиб қолди.
«Қўлингдаги Зубайрнинг қиличими?» дедилар у киши.
«Ҳа… уни ўлдирганимдан кейин олволувдим…», деди қотил ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг важоҳатларида титраб қақшаб.
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу қилични ўнг қўллари билан олдилар. Сўнг икки қўллари билан ушлаб оғизларига олиб келиб, ҳам меҳр, ҳам маҳзунлик ила ўптилар, кўзларидан ёшлар дув-дув тўкилиб ёноқларини юва туриб:
«Бу қилич билан унинг эгаси Расулуллоҳдан ғамни кетказган эди!» дедилар.
Бир оздан сўнг Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу қаҳру ғазаб тўла кўзларини қотилга тикиб туриб:
«Аммо сен, эй Ибн Софийянинг қотили, дўзахнинг башортини олавер!» дедилар.

БОШҚА СИФАТЛАРИ

Шу ерда аввало Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг сифатлари ҳақида икки оғиз гапириб ўтайлик. Тарихчилар ривоят қилишларича Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу баланд бўйли, улав минсалар оёқлари ерга тегай деб турадиган, соқоллари ингичка, ёноқлари кичкина, қтма жуссали ва ўта чидамли одам эдилар.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг бошқа камолот сифатлари ҳам кўп эди. У киши розияллоҳу анҳу юқорида васф қилинган жанговор сифатларидан ташқари вафодорлик, бир сўзлик, карамлик, сахийлик каби кўплаб Ислом дини тарғиб қилган яхши инсоний сифатларга ҳам соҳиб эдилар.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу аввал ўта камбағал ҳаёт кечирганлар. Ҳатто ровийлар у кишининг хотинлари Асмаа Бинти розияллоҳу анҳуниинг камбағалликдан қийланиб уй ишларидан ташқари қўй мол боқиш, саҳродан ўтин териб бошига қўйиб кўтариб келиш ишлари билан ҳам машғул бўлганларини келтирадилар.
Кейинроқ Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу тижорат билан шуғулланганлар ва яхшигина пул топадиган бўлганлар. Аммо ўшанда ҳам у кишининг ўта сахийликлари туфайли уйларида бир нарса турмаган. Катта маблағ тушган бўлса ҳам уйига етиб келмас эди. Йўлдаёқ одамларга бериб юборар эди, дейдилар гувоҳлар.
Шунинг учун ҳам Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу вафот этишларидан олдин катта ўғилларига қарзни узишни алоҳида таъкидлаб васият қилганлар.
Имом Бухорий қилган узун ривоятда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг тўнғич ўғиллари Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу жумладан тубандагиларни айтадилар:
«Зубайр Туя куни мени чақирди. Мен унинг ёнига бориб, турдим. Бас, у:
«Эй ўғлим! Бугун ўлдириладиган ёки золим бўлади, ёки мазлум бўлади. Бугун мен мазлум ҳолда қатл этиладиганга ўхшайман. Менинг энг катта ғамим, қарзимдир. Сенингча қарзимиздан ошган молимиз қолармикан? Эй ўғлим. Молу мулкимизни сотиб, қарзимни уз!
У учдан бирни васият қилди. Унинг учдан бирини у(Абдуллоҳ)нинг болаларига васият қилиб, қарзни узганимиздан кейин бирор нарса ортиб қолса, сенинг болаларингга, деди. Абдуллоҳнинг баъзи болалари Зубайрнинг болалари; Хубайб ва Уббодга тенглашиб қолган эди. унинг ўша кунларда тўққиз ўғил, тўққиз қизи бор эди.
Абдуллоҳ айтади:
«У менга қарзи ҳақида васият қилиб:
«Эй ўғлим! Агар қарзимни узишда қийланиб қолсанг, мавломдан ёрдам сўра», деди.
Аллоҳга қасамки, унинг нима деяётганини англай олмай:
«Эй отажон! Мавлонгиз ким?» дедим.
«Аллоҳ!» деди.
Аллоҳга қасамки, қачон унинг қарзини узишда қийин ҳолатга тушиб қолсам, эй Зубайрнинг мавлоси, унинг қарзини Ўзинг уз, десам, қарз ўзидан ўзи узилар эди.
Бас, Зубайр қатл қилинди, аммо дийнор ҳам, дирҳам ҳам қолдирмади…».
Аллоҳ таолонинг Ўзи Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудан рози бўлсин!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Макка фатҳи Саъд ибн Абу Ваққос Макка фатҳи чоғида оғир хаста бўлиб қолдилар ва ушбу ривоятда зикр қилинган гаплар бўлиб ўтди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу давоми...

591 09:11 / 18 май
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларФАДАҚ ВОҚЕАСИ 22қисм Фадақ воқеаси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу давоми...

4408 16:49 / 20.04.2017
Улуғ саҳобий Саъад ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу форс қўшини ҳақида маълумот олиб келиш учун етти нафар аскарни душман қўшини томонга юбордилар ва имкон давоми...

2069 11:00 / 03.04.2022
Табук жангига тайёргарлик кўриб турилган бир вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга баъзи мунофиқ одамлар Сувайлим исмли яҳудийнинг уйига тўпланиб давоми...

1368 14:37 / 15.05.2023