1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

АБУ УБАЙДА ИБН ЖАРРОҲ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУНИНГ ФАЗИЙЛАТЛАРИ

20:09 / 21.04.2017 6942 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ҳар бир умматнинг амийни бордир. Албатта, бизнинг амийнимиз, эй уммат, Абу Убайда ибн Жарроҳдир», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: «Амийн» сўзи ўта ишночли, омонатли одам деган маънони англатади. Албатта, саҳобаи киромларнинг ҳар бирлари ҳам амийн шахслар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни амийнларнинг амийни эканлигини билдирмоқдалар. У зот алайҳиссалом ҳар бир саҳобий розияллоҳу анҳу ўзига хос сифатни берар эдилар. Ўша сифатлар бошқа саҳобалардан ҳам бўлар эди. Лекин маълум саҳобийга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан берилган сифат ўша кишида мазкур сифат бошқалардан кўра ажраб турадиган даражада эканлигидан бўларди.
Аллоҳ таолонинг охирги ва энг мукаммал дини бўлган Исломга тобеъ умматнинг амийни бўлиш шариафига муяссар бўлган Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу билан танишиб чиқишимизда Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраймиз.

НАСАБ ВА ИЛК ҲАЁТ БОСҚИЧИ

Қаҳрамонимиз Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг тўлиқ исмлари Омир ибн Абдуллоҳ ибн ал-Жарроҳ ибн Ҳилол ибн Уҳайб ибн Зобба ибн ал-Ҳарис ибн Феҳр ибн Моликдир.
У киши розияллоҳу анҳунинг насаблари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари билан Феҳрда жам бўлади.
Кўриниб турибдики, Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг асл исмлари Омир бўлса ҳам кунялари билан машҳур бўлганлар. Оталарининг исми Абдуллоҳ бўлса ҳам боболари Жарроҳнинг исми билан машҳур бўлганлар.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг оналари Умму Ғанам бинти Жобир ибн Абдуллоҳ ибн ал-Аълаа ибн Омир ибн Умайра ибн ал-Вадийъа ибн ал-Ҳарис ибн Феҳр бўлган. Оналари мусулмонликка кирганлар. Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг оталари мусулмон бўлмаган.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу дастлабки мусулмонлардан биридирлар.
Баъзи қавлларга қараганда Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даъватлари ила Исломга кирган биринчи гуруҳда бўлганлар.
У киши ал-Арқам ибн Аби ал-Арқам, Усмон ибн Мазъун, Убайда ибн ал-Ҳорис, Саъид ибн Зайд, Хаббоб ибн ал-Арт, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Аммор ибн Ясир, Суҳайб ар-Румий ва бошқа экаклар ва аёллар Исломга келишларидан олдин мусулмон бўлган эди.
Дину диёнат йўлида Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Ҳабашистонга ҳижрат қилдилар. Аммо у киши Ҳабашистонда оз муддат турганлар.
Кейин эса Мадийнаи Мунавварада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида туриб Аллоҳ таолонинг йўлида жон фидолик қилдилар.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Мадийнага ҳижрат қилиб келганларида Кулсум ибн Ҳадмнинг уйига тушдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у киши билан Муҳаммад ибн Маслама Ансорий розияллоҳу анҳуни биродар қилиб қўйдилар.

БАДРДА

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу энг шижоатли чавондозлардан эдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ғазотларида иймон ва ихлос билан иштирок этганлар.
Бадр урушида Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу фаол қатнашдилар. Кўпчилик тарихчилар ўша урушда Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Ўзларининг мушрик оталарини ўлдирганларини айтадилар.

УҲУДДА

Уҳуд уришида эса Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ўша куннинг энг кўзга кўринган қаҳрамонларидан бири бўлдилар.
Уҳуд урушининг иштирокчиларидан ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ шундай ҳикоя қиладилар:
«Уҳуд уруши куни Расулуллоҳ одамлардан ажраб ёлғиз қолганларида, мен биринчилардан бўлиб, у киши томон юрдим. Қарасам, бир одам у кишининг олдиларида ҳимоя қилиб уруш қилмоқда:
«Толҳа бўлса эди. Отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин! Толҳа бўлса эди. Отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин!» деб бориб турсам, орқамдан Абу Убайда худди қушдек учиб келиб қолди. Биргалашиб етиб борсак, Расулуллоҳнинг олдиларида Толҳа йиқилиб ётган экан.
Расули акрам алайҳиссолату вассалом:
«Биродарингизга қаранг, у ҳақлидир», дедилар.
Шу пайт Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёноқларига бир нарса келиб тегиб, дубулғанинг ҳалқасини киритиб юборди. Уни Пайғамбар алайҳиссаломдан чиқариб олиш учун борган эдим, Абу Убайда:
«Аллоҳ хайрингни берсин, Абу Бакр, менга қўйиб бер», деди ва оғзи билан у кирган нарсани чиқара бошлади.
Пайғамбар алаҳиссаломга озор бермаслик учун тиши билан чиқаришга ҳаракат қилди ва чиқариб олди. Абу Убайданинг олд тиши тушди. Сўнгра мен кейингисини олишга уринган эдим, Абу Убайда яна:
«Абу Бакр, Аллоҳ хайрингни берсин, менга қўйиб бер», деди.
Яна тиши билан чиқариб олди. Абу Убайданинг яна бир тиши тушди.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг ўшанда тушган икки тишлари умр бўйи у кшининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам садоқатлари нишони бўлиб қолди.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни таърифлаган ҳар бир киши, у узун бўйли, озғин, юзи очиқ, соқоли сийрак ва икки олд тиши тушган одам эди, деб айтган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу у кишини қуйидагича таърифлайдилар:
«Қурайшдан уч киши одамлар ичида энг очиқ юзли, энг гўзал хулқли, энг собит ҳаёлидир. Улар сен билан гаплашсалар ёлғон гапирмайдилар. Сен уларга гапирсанг сени ёлғончи қилмайдилар. Абу Бакр Сиддиқ, Усмон ибн Аффон ва Абу Убайда ибн Жарроҳ».

САРИЙЯЛАРГА АМИРЛИК

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни бир неча сарийяларга амир қилиб юборганлари турли ривоятларда келади. Бу ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг у киши розияллоҳу анҳунинг аминликларига илонганларидан, амирлик талабларига жавоб берадиган қобилиятлари борлигидан бўлган.
Уюунул асар китобида зикр қилинишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни қириқ кишилик сарийяга бошлиқ қилиб Зул Қисса номли жойга юбоганлар. Ўшанда Бану Меҳроб ва Саълаба қабилалари бирлашиб мадийналикларнинг Ҳайфаада боқилаётган чорва молларига ғарот қилишган эдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар томон Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу бошлиқ қирқ кишилик сарийя юбордилар. Улар уЗул Қиссага етиб бориб мазкур қавмнинг адабини бериб қайтдилар.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни, уч юз отлиқни Абу Убайданинг амирлигида Қурайшнинг карвонини пойлаш учун юбордилар. Бас, бизга шиддатли очлик етди. Ҳаттоки, дарахт баргларини едик. (Гуруҳимиз) барг лашкари, деб номланди. Бас, денгиз «анбар» деб номланувчи улкан балиқни отиб чиқарди. Биз уни ярим ой давомида едик. Мойини жисмларимизга суртдик. Жисмларимиз яхши ҳолга келди. Абу Убайда унинг бир қовурғасини олиб тиклади. Отлиқ одам унинг тагидан ўтди. Ичимиздан бир киши очлик шиддатлашганда учтадан, учтадан туя сўйиб турар эди. Абу Убайда уни (бу ишдан) қайтарди». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Ушбу маъно турли кишилар томонидан, турли шакл ва лафзлар ила энг мўътабар ҳадис китобларимизда ривоят қилинган.
Ушбу уч юз отлиқнинг юриши кўпроқ «Сайфул баҳр ғазоти» номи ила машҳур.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари ила Аллоҳнинг йўлида жиҳодга чиққан бу саҳобийлар гуруҳи катта қийинчиликларга дуч келганлар.
Бошқа ривоятларда айтилишича, таомлар озлигидан Абу Убайда розияллоҳу анҳу ҳамманинг таомини тўплаб, оз-оздан тановул қилишни йўлга қўйганлар. У ҳам тамом бўлганидан кейин, ушбу ривоятда зикр қилинганидек, дарахтларнинг баргини ейишга мажбур бўлганлар.
Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳи Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни амир қилиб бизларни Қурайшнинг карвонини пойлаш учун юбордилар. У зот бизни бир идиш хурмо билан таъминладилар. Бошқа нарса топа олмадилар. Абу Убайда бизларга бир дона-бир донадан хурмо берар эди.
«Уни нима қилар эдинглар?» деб сўрадим.
«Бувак сўрганга ўхшатиб сўрар эдик. Сўнгра устидан сув ичар эдик. Баъзиларимиз таёқларимиз ила барг қоқиб келар эдик. Кейин уни хўллаб туриб ер эдик», деди.
Бу қийинчиликларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг дини йўлида бўлгани улар учун шарафдир.
Чин дилдан «Аллоҳ» деган бандани Аллоҳ таоло қаровсиз қолдирмайди. Ушбу гуруҳ ҳам чин дилдан «Аллоҳ» деган экан, Аллоҳ таоло Ўзи уларнинг мушкилини кушойиш қилди.
«Бас, денгиз «анбар» деб номланувчи улкан балиқни отиб чиқарди. Биз уни ярим ой давомида едик. Мойини жисмларимизга суртдик. Жисмларимиз яхши ҳолга келди».
Дарҳақиқат уч юз жангчига ярим ой муддат давомида таом бўлган «анбар» жуда ҳам улкан денгиз жонивори бўлган.
Бошқа ривоятларда, уни еб семириб кетдик, дейилганини эътиборга олсак, уни тергаб-тежаб эмас, бемалоллик билан еганлари келиб чиқади.
Албатта, мазкур гўштнинг сақлаш, айниб қолмаслиги чораларини кўриш бўйича ўша вақтнинг услублари қўлланган бўлади.
Қаранг, очликдан дарахт баргларини ейишга мажбур бўлиб турган кишиларга Аллоҳ таоло Ўзи ғойибдан ризқ ато қилиб, турар жойларидагидан ҳам яхши ҳолатни вужудга келтириб берганини!
Ривоятнинг давомида мазкур денгиз ҳайвонининг катталигини баён қилиш учун баъзи миқёслар келтирилади.
«Абу Убайда унинг бир қовурғасини олиб тиклади. Отлиқ одам унинг тагидан ўтди».
Мазкур «анбар» ана шунчалик улкан экан. Албатта, у пайтларда метрлаб ўлчаш таомулда бўлмаган ва кишилар ўз услублари билан қиёслаганлар.
«Ичимиздан бир киши очлик шиддатлашганда учтадан, учтадан туя сўйиб турар эди. Абу Убайда уни (бу ишдан) қайтарди».
Мазкур саҳобалар гуруҳининг очлиги кучайиб, ҳожат тушганда учтадан, учтадан туя сўйиб турадиган қассобларининг исми, Қайс ибн Саъд ибн Убода ал-Ансорий бўлган.
Агар ҳар куни ёки икки кунда бир туя сўйилиб турарди, деб фараз қилсак ҳам мазкур «анбар» тахминан 25-45 туянинг ўрнини босган бўлади. Чунки у қирғоққа тушиб, саҳобаларга таом бўлганидан кейин Абу Убайда розияллоҳу анҳу ўз қассобларини туя сўйишдан тўхтатган эканлар.
Бунинг устига бошқа ривоятларда таъкидланишича, Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг гуруҳи Мадинаи Мунавварага қайтиб келиши билан, бўлиб ўтган нарсани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб мазкур ҳайвон ҳақида сўраганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, Аллоҳ таоло сизларга уни таом қилиб чиқариб берибди, гўштидан қолган бўлса, бизга ҳам беринглар, деган маънода гап айтганлар.
Ушбу сарийя давомида Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг сабр бардошлари, Аллоҳ таоло ҳар қандай машаққатларга чидашлари, тадбиркор раҳбар ва уста амир эканликлари намиён бўлди.
Энди зикр қилинадиган сарийяда эса у киши Розияллоҳу анҳунинг яна бошқа бир қанча нодир сифатлари намоён бўлади.
Имом Байҳақий ва Ибн Асокирлар қилган ривоятда Урва ибн Зурайр розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Оссни Шомга кираверишдаги Зотис Салосилга, Балий ва Абдуллоҳга ва уларнинг яқинидаги Қузоаъликларга юбордилар. Бани Балий ал-Осс ибн Воилнинг тоғаларидир. У ўша томонга боргандан кейин душманининг кўплигидан қўрқди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мадад сўраб одам юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи муҳожирларни жиҳодга чорладилар. Абу Бакр ва Умар каби муҳожирларнинг саралари кўнгилли бўлиб чиқдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни амир қилдилар. Улар Амрнинг олдига борганларида у:
«Мен сизларнинг амирингизман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сизларни мададга юбориш учун одам юборган менман», деди.
«Йўқ. Сен ўз шерикларингнинг амирисан, Абу Убайда муҳожирларнинг амири», дедилар муҳожирлар.
«Сизлар мен сўраган мададсиз, холос!» деди Амр.
Буни кўргандан кейин аслида ҳусни хулқли ва юмшоқ табиатли бўлган Абу Убайда:
«Биласанми, эй Амр!. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менга охирги айтган гаплари, «қачон соҳибиннинг олдига борсанг, икковингиз келишиб оласизлар» дейишлари бўлган, агар сен менга исён қиладиган бўлсанг, мен, албатта, сенга итоат қиламан», деди. Бас, Абу Убайда амирликни Амрга топширди».
Зотус Салосил сарийяси кўп кишилик бўлгани учун ғазот деб ҳам аталади. Бу ҳодиса саккизинчи ҳижрий сананинг Жумадул улаа ойида бўлиб ўтган.
Бу ривоятда Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг яққол кўринган фазллардан бири Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларга амир бўлишларидир. Бу жуда ҳам катта фазл. Умуман, ўша сарийяда мазкур икки улуғ зотдан ташқари кўпгина катта муҳожир саҳобалар ҳам бўлган. Бу эса Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг эътиборлари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида қанчалик улуғ эканини кўрсатади.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг иккинчи фазллари ҳусни хулқли бўлганлари.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг учинчи фазллари юмшоқ табиат бўлганлари.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг тўртинчи фазллари ихтилофни хуш кўрмаганлари.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг бешинчи фазллари ўз зарарларига ва кўпчилик фойдасига келишувчан бўлганлари.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни яна бошқа сарийяларга ҳам амир қилганлари ҳақида ривоятлар бор.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг махсус топшириқлар билан ҳам турли тарафларга юбориб турар эдилар.
Имом Бухорий Амр ибн Авф Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳни Баҳрайнга у ернинг жизясини олиб келишга юбордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли Баҳрайни билан сулҳ тузган ва уларга ал-Аълаа ал-Ҳазрамийни амир қилган эдилар. Бас, Абу Убайда Баҳрайндан мол ила келди. Аносрийлар Абу Убайданинг келганини эшитиб Бамдод намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўқидилар. У зот уларга Бамдодни ўқиб берганларидан кейин қайтдилар. Улар у зотни йўлларидан чиқдилар. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни кўрганларида табассум қилиб:
«Абу Убайдани бир нарса олиб келганини эшитгансиз, дейман», дедилар.
«Шундоқ, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди.
«Суюнчилик. Сизни масрур қиладиган нарсадан умидвор бўлаверинглар. Аллоҳга қасамки, мен сизларга фақирликдан қўрқмайман. Лекин сизларга сиздан олдигиларга дунё кўпайгандек кўпайиб, уларни уни талашганидек талашиб кетишингиздан ва уларни ҳалок қилганидек сизни ҳам ҳалок қилишидан қўрқаман», дедилар у зот».

УСТОЗ

Тўққизинчи ҳижрий санада бошқа қабилалар ва тоифалар элчилари қатори Нажрон насоролари элчилари ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдилар.
Ҳайъатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳурмат билан кутиб олдилар. Ривоятларда келишича, Оли Имрон сурасининг аввалидан то саксон нечанчи оятигача Пайғамбаримиз ҳузурларига Нажрон насороларининг элчилари келиб, дин ҳақида, Марям ва Ийсо ҳақида ва бошқа масалалар хусусида тортишган вақтда нозил бўлган. Улар билан бўлган тортишув бир мақомга етиб, Исломнинг ҳақлиги очиқ-ойдин бўлиб қолганда ҳам, рақиб тараф қайсарлик билан, ўзимники тўғри, деб туриб олган. Шунда Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга уларни мубоҳалага, яъни, болалар ва аёлларни тўплаб, ўзлари ҳам қўшилиб, икки тараф ҳам: «Шу масалада ким ёлғон гапираётган бўлса, ўшанга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», деб дуо қилишга чақиришни буюрди.
Пайғамбар алайҳиссалом мазкур насороларни мубоҳалага чақирганларида, улар кўнмадилар. Лекин мансабларини, обрўларини, мол-дунёларини йўқотишдан қўрқиб, Исломни ҳам қабул қилмадилар.
Улар қайтиб кетдилар. Аммо бир оз фурсатдан кейин улардан Саййид ва Оқиб деганлари қайтиб келдилар ва мусулмон бўлдилар. Ана ўшалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир амийн кишини ўзлари билан бирга юборишни илтимос қилдилар.

Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Нажрон аҳли Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳннг Расули, бизга бир амийн кишини юборинг», дедилар. Бас, у зот: «Албатта, мен сизларга амийн кишини, амийн бўлганда ҳам ҳақиқий амийнни юборурман», дедилар.
Одамлар ўша шарафни кутиб турдилар. У зот Абу Убайда ибн Жарроҳни юбордилар
». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аҳли Яман Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Биз билан бизга суннатни ва Исломни таълим берадиган киши юборинг», дедилар.
Бас, у зот Абу Убайданинг қўлидан ушлаб туриб: «Мана бу, ушбу умматнинг амийнидир», дедилар
». Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу икки ривоятдаги гаплар бир гаплар. Ўша Яманлик мусулмон бўлган Саййид ва Оқиблар билан бўлиб ўтган гаплар. Чунки Нажрон Ямандаги бир диёрдир.
Ушбу икки ривоятдан Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг ҳақиқий амийнликларини Набий алайҳиссаломнинг ўзлари алоҳида таъкидлаганларини билиб оламиз. Айни ўша сифатлари эътиборидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у киши розияллоҳу анҳуни бошқа юртдаги янги мусулмон бўлганларга Исломда дарс бериш учун устоз қилиб юбормоқдалар.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуда устозлик қобилиятлари олий даражада эканлигини бошқа бир ривоятдан ҳам билиб оламиз.
Ибн Асокир келтирган ривоятда Абу Саълаба розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга йўлиқиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мени бир таълими яхши одамга юборинг» дедим.
Бас, у зот мени Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуга юбордилар ва:
«Мен сени таълимингни ва одобингни яхши қиладиган кишига юбордим», дедилар».
Имом Тобароний ҳам Абу Саълаба розияллоҳу анҳу ушбу ривоятни қуйидаги зиёдаси билан келтирган:
«Борсам у билан Башир ибн Саъд Абу Нўъмон гаплашиб ўтирган экан. Икковлари мени кўриб сукут сақлашди. Мен:
«Эй Абу Убайда, Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга бундоқ демаган эдилар», дедим.
«Сен аввал ўтир, кейин сенга гапирайлик», деди у ва:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, «албатта, сизларда ҳозир нубувват бор. Кейин нубувват йўлидаги хилофат бўлади. Сўнгра подшоҳлик ва жбарлик бўлади», дедилар», деди».
Бу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг кишиларга таълим ва одоб ўргатишда қобилияти зўр бўлган устоз эканликларини таъкидламоқдалар. Бу ҳам катта фазлдир.

НАБИЙ АЛАЙҲИССАЛОМ ЭҲТИРОМИ

Имом Тобароний келтирган ривоятда Абу Амома розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр, Умар, Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳумлар ва бир гуруҳ саҳобалар билан ўтирган эдилар. Бир қадаҳда ичимлик келтирилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Абу Убайдага тутдилар. Шунда Абу Убайда:
«Сиз ўзингиз олинг, эй Аллоҳнинг Набийси!» деди.
«Сен ол!» дедилар у зот.
Абу Убайда қадаҳни олди ва уни ичишидан олдин яна:
«Сиз ўзингиз олинг, эй Аллоҳнинг Набийси!» деди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ич, албатта, барака улуғларимиздадир. Ким кичигимизга раҳим қилмаса ва кттамизни улуғламаса биздан эмас», дедилар».

ХАЛИФАЛАР ДАВРИДА

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рафиқи аълога интиқолларидан кейин халифа сайлашлик ҳақида бўлган йиғилишда Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Ихтилофнинг олдини олишда катта хизмат қилдилар. У киши Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ёнларида турдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўз сўзларида ўша ерда тўланганларга, ёки Умарга, ёки Абу Убайдага байъат қилинглар, дедилар. Бу ҳам Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг ўша пайтда обрўлари қанчалик юқори эканлигини кўрсатади.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Биринчи халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даврларида асосан шўро мажлиси аъзоси сифатида сиёсий раҳбарият ишлари билан машҳур бўлдилар. Баъзи вақтларда янги қарорлар чиқишига ташаббускорлаи қилганлар ичида ҳам бўлар эдилар. Мисол учун халифага ойлик маош таъйин қилиш ҳақидаги ишда у киши биринчилардан бўлганлар.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ўша вақда асосан халифаликнинг девонбегиси бўлганлар. Кейинроқ у кишини Абу Бакр розияллоҳу анҳу лашкар билан амир қилиб Ҳимсга юборганлар.

ҲАЗРАТИ УМАР ДАВРЛАРИДА

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга ўн учинчи ҳижрий сана Жумадул охира ойидан саккиз кун қолганда, сешанба куни байъат қилинди.
У кишининг халифа сифатида қилган биринчи ишлари Шомда Ислом лашкарларига Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу вафотлари ҳақидаги хабар ила Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг лашкарбошиликдан бўшатилиб, ўрнига Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни бош лашкарбоши этиб таъйин қилинганлиги ҳақида хабар юбориш бўлди.
Хабарда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуга қуйидагиларни ёзган эдилар:
«Боқий қолувчи ва Ундан ўзга фоний бўлувчи, бизни залолатдан ҳидоят қилган ва зулматлардан нурга чиқарган Аллоҳга тақво қилишингни тавсия қиламан. Батаҳқиқ, сени Холид ибн Валиднинг аскарига омил қилдим. Уларнинг ишини ҳақ ила бошқар. Ўлжани умид қилиб мусулмонларни ҳалокатга йўлиқтирма. Уларни ўзинг яхши билмаган, кириш чиқишидан хабаринг йўқ ерга туширма. Сарийяларни фақат кўпчилик билан юбор. Мусулмонларни ҳалокатга тушириб қўйишдан соқлан. Батаҳқиқ, Аллоҳ мени сен билан, сени мен билан синайдиган бўлди. Кўзингни дунёдан юм, кўнглингни унда четда қил. Зинҳор дунё сендан олдингиларни ҳалок қилганидек сени ҳам ҳалок қилмасин. Сен уларнинг қулаган жойларини кўргансан».
Бу хабар етиб борганда мусулмон фотиҳлар Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг қўмондонликлари остида Ярмукда Румликлар билан катта жангга кириш арафасида турган эдилар. Шунинг учун Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ҳам хабарни жангдан кейин одамларга айтишга қарор қилдилар. Фақат жанг мусулмонларнинг зафари билан тамом бўлгандан кейнгина хабарни уларга айтдилар.
Музаффар лашкарбоши Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуга:
«Аллоҳ раҳингни есин, эй Абу Убайда! Хабар келиши билан айтсанг бўлмасмиди!?» деди.
«Мен сенинг жангнингни шаштини қайтаришни истамадим. Биз дунёнинг султонини хоҳламаймиз. Биз дунё учун амал ҳам қилмаймиз. Ҳаммамиз Аллоҳнинг йўлидаги биродарлармиз», деди камтарлик билан Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу.
Камтарликни қаранг! Мутавозеъликни қаранг! Синиқликни қаранг! Бу гапларни қўлидан иш келмай уйида ўтириб қолган одма айтаётгани йўқ! Бу гапни кеча дунёнинг энг кучли аскарини Рум империясининг бор будур лашкарларини дунё тарихидаги энг катта жанглардан бирида чилпарчин қилган музаффар Ислом лашкарининг бош қўмондонлигига таъйин қилинган бош қўмондон айтмоқда!
Ана шундоқ қилиб Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Ислом тарихида биринчи бўлиб амирул умаро-амирларнинг амири бўлдилар.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ўзларининг яқин дўстлари Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу билан бирга янги халифа Умар бин Хаттоб розияллоҳу анҳуга қуйидаги мактубни юбордилар:
«Абу Убайда ибн Жарроҳ ва Муоз ибн Жабалдан Умар ибн Хаттобга. Ассалому алайка. Аммо баъду:
«Биз сени ўз ишинг ўзингга муҳим одам деб биламиз. Энди сен ушбу умматнинг; қизилию қорасининг ишига волий бўлдинг. Энди ҳузурингда шарафлию пасткаш ҳам, дўсту душман ҳам ўтиради. Уларнинг ҳар бирининг адолатдан ўз ҳиссаси бор. Эй Умар ана шунда қандоқ бўлишингга назар сол! Биз сени юзлар хор бўладиган, қалблар қуриб қақшайдиган ҳужжатлар Ўз жабарути ила уларни қаҳр қилган Подшоҳнинг ҳужжати олдида кесиладиган кундан огоҳлантирамиз. Бутун халойиқ Унга бўйинсунурлар, Унинг раҳматини умид қилурлар ва иқобидан қўрқурлар.
Биз ушбу умматнинг иши унинг охири замонига борганда сиртдан дўсту ичдан душман бўлишларига қайтиши ҳақида гаплашар эдик. Биз ўзимизнинг сенга ёзган ушбу мактубимиз бизнинг қалбимиздаги манзилдан бошқа манзилга тушиишдан Аллоҳнинг паноҳини сўраймиз. Биз буни сенга насиҳат учун ёздик, холос. Вассалому алайка!».
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу киши катта мансабга эга бўлганларидан кейин ҳам заррача ўзгармадилар. Ўз қўл остиларида ўша вақтдаги дунёнинг энг кучли аскари турганига қарамай оддий аскардек юравердилар. Шомдаги одамлар Исломдан олдин асъасаю дабдабага ўрганиб қолган эдилар. Мусулмонларнинг амирул умаросининг ҳоли бир пасда ҳамма ёққа гап бўлиб тарқалиб кетди.
Бу гапдан хабардор бўлган Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ўз шахсилари ҳақида турли афсоналар тўқиган одамларга хутба қилиб:
«Эй одамлар! Мен қурайшлик бир мусулмонман, холос. Сизлардан қизилингизми, қорангизми, бирортангиз мендан тақвода мендан афзал бўлсангиз ўшанинг ихтиёрида бўлишга тайёрман», дедилар.
Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳи Нимрон ибн Мухмардан қилган ривоятда тубандагилар айтилади:
«Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу аскар ичида юриб:
«Огоҳ бўлинглар! Кўпгина кийимини оқ қилувчилар динини қора қилувчилардир. Огоҳ бўлинглар! Кўпгина ўз нафсини икром қиламан деганлар уни хор қилурлар. Эски ёмонликларни янги яхшиликлар билан кетказинглар. Агар бирортангиз ўзи билан осмон орасича ёмонлик қилсаю кейин яхшилик қилса, ўша яхшилига ёмонлигининг устига чиқиб уни енгади», дер эди».
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу амирул умаро бўлиб бир неча йиллар ишлаганларидан кейин ҳам бу ҳолат ўзгармади. У киши розияллоҳу анҳунинг зоҳидлилкарига ҳатто дунё билан иши йўқлик билан шуҳрат қозонган ҳазрати Умар ҳам қоил қолдилар.
Имом Аҳмад, Абдуллоҳ ибн Муборак, Абу Нуъайм ва Урва розияллоҳу анҳудан бошқалар келтирган ривоятлардан бу ҳақда қуйидаги ҳолни англар оламиз:
«Умар Шомга келган уни одамлар ва ерлик катталар кутиб олдилар. Шунда Умар:
«Оғайним қани?» деди.
«Ким у»» дейишди.
«Абу Убайда», деди.
«Ҳозир келади», дейишди.
У каноп жуганли туяни миниб келди.
Умар Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу келганда қучоқлашиб сўрашди. Кейин унинг уйига кирди. У унинг уйида қилич, қалқон, эгар жабдуқдан бошқани кўрмади ва:
«Бошқа шерикларингга ўхшаб сен ҳам у бу қилмадингми?» деди.
«Эй мўминларнинг амири, ётиб-тургани шу ҳам етади», деди Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу».
Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:
«Сендан бошқамизни, ҳаммамизни дунё ўзгартиб юборди, эй Абу Убайда», дедилар.
Мана шунинг учун ҳам Умар розияллоҳу анҳу Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни жуда ҳам яхши кўрар ва ҳурмат қилар эдилар. У киши розияллоҳу анҳу ҳамма амирлари, омиллари ва волийлари Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуга ўхшаш бўлишини орзу қилар эдилар.
Имом Бухорий «Тарихи сағир»да Зайд ибн Аслам розияллоҳу анҳудан у киши Убай розияллоҳу анҳу қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Умар ибн Хаттоб ўз соҳибларига:
«Орзу қилинглар!» деди.
«Мен бир уй тўла дирҳамларим бўлиши ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишни орзу қилурман», деди бири.
«Орзу қилинглар!» деди у яна.
«Мен мана шу уй тўла олтинларим бўлиши ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишни орзу қилурман», деди бошқаси.
«Орзу қилинглар!» деди у яна.
«Мен манашу уй тўла жавҳарларим бўлиши ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишни орзу қилурман», деди яна бири.
«Орзу қилинглар!» деди у яна.
«Бундан бошқа орзумиз йўқ», дейишди улар.
Шунда Умар:
«Аммо мен манашу уй тўла Абу Убайда ибн Жарроҳ, Муоз ибн Жабал ва Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳумлар каби одамлар бўлишини ва уларни Аллоҳнинг тоати учун омил қилишни орзу қилар эдим», деди.
Сўнгра у Ҳузайфага мол юборди ва:
«Назар солинглар нима қилар экан», деди.
У молни тақсимлаб юборди.
Сўнгра у Муозз ибн Жабалга мол юборди ва:
«Назар солинглар нима қилар экан», деди.
У молни тақсимлаб юборди.
Сўнгра у Абу Убайдага мол юборди ва:
«Назар солинглар нима қилар экан», деди.
У молни тақсимлаб юборди.
«Ана, сизларга айтмабмидим!» деди Умар.
Ўша молни тақсимлашнинг тафсилоти имом Тобаронийнинг Молик ад-Дорий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятида келади:
«Умр ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу тўрт юз динор олиб бир хамёнга солди ва ғуломга:
«Манабуни Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуга олиб бориб бер. Кейин бир баҳона қилиб ўша ерда бир оз туриб нима қилишига назар сол!» деди.
Ғулом уни олиб бориб:
«Амирулмўминийн манабуни, баъзи ҳожатларингга ишлат деб бериб борди», деди.
«Аллоҳ уни хайрини берсин, унга раҳим қилсин! Эй жория буёққа кел! Мана бу еттитани фалончига олиб бориб бер!. Манабу бештани фистончига олиб бориб бер! Манабу бештани фисмадоннчига!» деб ҳаммасини битирди.
Ғулом қайтиб бориб бўлганини Умарга айтди. У яна ўшанга ўхшаш хамённи Муоз ибн Жабал учун тайёрлаб қўйган экан. У:
««Манабуни Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга олиб бориб бер. Кейин бир баҳона қилиб ўша ерда бир оз туриб нима қилишига назар сол!» деди.
Ғулом уни олиб бориб:
«Амирулмўминийн мана буни, баъзи ҳожатларингга ишлат деб бериб борди», деди.
«Аллоҳ уни хайрини берсин, унга раҳим қилсин! Эй жория буёққа кел! Мана буни фалончининг уйига олиб бориб бер!. Мана буни фистончининг уйига олиб бориб бер!» деди.
Шунда Муознинг хотини чиқиб:
«Аллоҳга қасамки биз ҳам мискинмиз! Бизга ҳам бер!» деди.
Латтанинг ичида икки диноргина қолган экан ўшларни унга ирғитди.
Ғулом қайтиб бориб бўлганини Умарга айтди. Шунда у:
«Улар бир-бирлари билан оғайнилар!» деди.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ва у кишининг улуғликлари ҳам шунда. Агар Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ўзларига ҳазрати Умар Розияллоҳу анҳу томонларидан юборилган тўрт юз олтин танганинг бир донасини олиб қолганларида ҳам муҳташам улуғликларига бир чизиқ хиралик тушиб қолар эди. Сиз билан биз у кишининг фазлларини ўрганишимизда бир оз ғалати бўлар эдик. Агар Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу хотинлари чиқиб жанжал қилмасдан туриб, бу менинг мискин оиламга, деб икки динорни олганларида ҳам шундоқ бўлар эди. Ҳа, улар ҳаттоки Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳам ҳавасларини келтирган зотлар эдилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу яна бир бор Шомга келганларида Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу билан охирги марта учрашдилар. Аммо икковлари ҳам бу ўзларининг охирги учрашувлари эканини билмас эдилар.
Имом Бухорий ва Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Умар Шом томон (сафарга) чиқди. Токи у Сарғга етганда унга Ажноднинг аҳли; Абу Убайда ал-Жарроҳ ва унинг асҳоблари учрадилар ва Шомда вабо воқеъ бўлганининг хабарини бердилар. Шунда Умар Ибн Аббосга:
«Менга биринчи муҳожирларни чақириб кел», деди.
Мен уларни чақириб келдим. У уларга маслаҳат солди. Улар эса ихтилоф қилишди. Баъзилари:
«Сен бир иш учун чиқдинг. Энди ундан қайтишингни маслаҳат бермаймиз», дедилар. Бошқалари эса:
«Сен билан бирга одамларнинг қолганлари ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бор. Уларни манави вабога олиб боришингни маслаҳат бермаймиз», дедилар.
«Жўнанглар олдимдан!» дедида, сўнгра:
«Менга Ансорийларни чақириб қўй», деди.
Мен уларни чақириб келдим. Бас, уларга ҳам маслаҳат солган эди, улар ҳам муҳожирларнинг ихтилофдаги йўлини тутдилар. Уларга ҳам:
«Жўнанглар олдимдан!» деди-да, сўнгра:
«Менга ҳўв анави ердаги Қурайш шайхларидан фатҳ муҳожирларини чақириб кел», деди.
Уларни чақириб келдим. Улардан иккитаси ҳам ихтилоф қилмади. Улар:
«Одамлар билан орқага қайтишингни, уларни вабо томон олиб бормаслигингни маслаҳат берамиз», дедилар.
Умар одамлар орасида жар чақиртириб:
«Албатта, мен тонг чоғида уловимни минурман» деди.
Шунда Абу Убайда:
«Аллоҳнинг қадаридан қочибми?» деди.
Умар унга:
«Шуни сендан бошқа айтса бўлмасмиди!? (Умар унга хилоф қилишни ёқтирмас эди.) Ҳа, Аллоҳнинг қадаридан, Аллоҳнинг қадарига қочамиз. Айтгинчи, агар сенинг туяларинг бўлсаю улар икки бўлинган бир водийга тушсалар. Бўлакларнинг бири серҳосил бўлсаю бошқаси қуруқ бўлса, ҳосилдорида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан, қуруғида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан. Шундай эмасми?!» деди.
Шу пайт Абдурроҳман ибн Авф келиб қолди. У ўзининг баъзи ҳожатлари ила кетган эди.
«Бу ҳақида менда илм бор. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Қачон унинг бирор ерда борлиги ҳақида эшитсангиз, у томон борманг. Қачон сиз турган ерда у воқеъ бўлса, ундан қочиб чиқмангиз», деганларини эшитганман», деди.
Шунда Умар Аллоҳга ҳамд айтди ва ортига қайтди».
Бу ривоятдан кўплаб маълумотлар олиш мумкин. Шунинг учун уни шошилмасдан бирмабир таҳлил қилиб чиқсак яхши бўлади.
«Умар Шом томон (сафарга) чиқди».
Бу сафар ҳазрати Умарнинг ўн еттинчи сана охири ўн саккизинчи ҳижрий сана аввалида бўлган. У киши Шомдаги мусулмонлар ҳолидан хабар олиш мақсадида бир қанча саҳобаларни ўзлари билан олиб йўлга чиққанлар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Шомга қараб йўлга чиққанлари ҳақидаги хабар ҳамма томонга тарқалган. Жумладан, бу хабарни ўша даврдаги Шомнинг волийси Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ розияллоҳу анҳу ҳам эшитиб ўз одамлари билан халифанинг кутиб олиш учун йўлларига чиққанлар.
«Токи у Сарғга етганда унга Ажноднинг аҳли; Абу Убайда ал-Жарроҳ ва унинг асҳоблари учрадилар ва Шомда вабо воқеъ бўлганинг хабарини бердилар».
«Сарғ» Ҳижоздан келаётганда биринчи учрайдиган Шомнинг қишоқларидан бирининг номи.
«Ажнод» Шомнинг ўша пайтдаги беш машҳур шаҳари шундоқ ном билан аталган. Улар; Фаластин, Урдун, Димашқ, Ҳимс ва Қунсурайнлардир.
Ўшанда мазкур беш шаҳарнинг амирлари Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ розияллоҳу анҳу билан бирга ҳазрати Умарни кутиб олгани чиққан эканлар.
Одатда давлат бошлиғини кутиб олгани чиққанлар ҳол-аҳвол сўрашгандан сўнг энг муҳим ва долзарб масаладан сўз очадилар. Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ розияллоҳу анҳу ва у кишининг шериклари ҳам ҳазрати Умарга ўз юртларидаги энг долзарб масала, вабо тарқалганлиги ҳақидаги хабарни айтдилар.
«Шунда Умар Ибн Аббосга:
«Менга биринчи муҳожирларни чақириб кел», деди.
Мен уларни чақириб келдим. У уларга маслаҳат солди».
Ҳазрати Умарнинг вабо ҳақида кишиларга маслаҳат қилишларидан у киши бу ҳақдаги Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бехабар бўлганлари учундир. Агар ҳазрати Умар ҳадисни билганларида ҳеч кимга маслаҳат солмай унга амал қилишга ўтар эдилар. Аксига олиб маслаҳатга чақирилганлар ҳам ҳадисдан бехабар эканлар.
«Улар эса ихтилоф қилишди».
Ўшанда ҳазрати Умар билан бирга Шом сафарига чиққан биринчи муҳожирлар ичида мазкур масала бўйича иккига бўлиниш пайдо бўлди.
«Баъзилари:
«Сен бир иш учун чиқдинг. Энди ундан қайтишингни маслаҳат бермаймиз», дедилар».
Яъни, эй Умар, сен Шомдаги мусулмонлар ҳолидан хабар олгани чиқдинг. Бу хабарни ҳамма эшитди. Дўсту душман қараб турибди. Вабо ҳақидаги хабарни эшитиб шу ердан ортга қайтиб кетсанг яхши бўлмайди. Бундан дўстлар хафа, душманлар шод бўладилар.
«Бошқалари эса:
«Сен билан бирга одамларнинг қолганлари ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бор. Уларни манави вабога олиб боришингни маслаҳат бермаймиз», дедилар».
Булар ҳам ўзларининг фикрларига келган далилни рўкач қилишди. Соғ-саломат ва мўътабар одамларни хатарли жойларга олиб боришни раво кўрмадилар. Уларнинг бундоқ ихтилоф қилишлари халифага ёқмади.
«Умар:
«Жўнанглар олдимдан!» дедида, сўнгра:
«Менга Ансорийларни чақириб қўй», деди».
Демак, аввал муҳожирлар, кейин ансорийлар-аҳли Мадиналар турар эканлар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўз ривоятларини давом этдирадилар.
«Мен уларни чақириб келдим. Бас, уларга ҳам маслаҳат солган эди, улар ҳам муҳожирларнинг ихтилофдаги йўлини тутдилар».
Кўриниб турибдики, ансорийларнинг ҳазрати Умар ила Шом сафарига чиққанлари ичида ҳам вабо ҳақидаги ҳадиси шарифни эшитган одам йўқ экан. Шунинг учун улар ҳам бу масалада ихтилоф қилдилар.
«Уларга ҳам:
«Жўнанглар олдимдан!» деди-да, сўнгра:
«Менга ҳўв анави ердаги Қурайш шайхларидан фатҳ муҳожирларини чақириб кел», деди».
Булар Қурайш қабиласининг мўътабар шайхлари бўлиб, Маккаи Мукаррама Фатҳ бўлган кунигина мусулмон бўлган эдилар. Шунинг учун ҳам уларга муҳожир ва ансорийлардан кейинги, учинчи ўринда маслаҳат солинди.
«Уларни чақириб келдим. Улардан иккитаси ҳам ихтилоф қилмади. Улар:
«Одамлар билан орқага қайтишингни, уларни вабо томон олиб бормаслигингни маслаҳат берамиз», дедилар».
Улар ҳам ҳадиси шарифдан бехабар эканлар. Лекин аввалги ихтилоф қилганларнинг ҳолидан ўрнак олишганми, халифани олдида ҳеч ихтилоф қилмай бир хил фикр айтдилар. Вабо тарқалган диёрга кирмай ортга қайтиш ҳақида маслаҳат бердилар. Бу маслаҳат ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга маъқул келди. Қайтишга қарор қилди.
«Умар одамлар орасида жар чақиртириб:
«Албатта, мен тонг чоғида уловимни минурман» деди».
Яъни, Мадинага қайтиб кетурман, деганлари. Албатта, бу қарор ҳаммага ёқса ҳам азиз меҳмонларни орзиқиб кутган шомликларга ёқмади.
«Шунда Абу Убайда:
«Аллоҳнинг қадаридан қочибми?!» деди».
Шомнинг волийси бўлган улуғ саҳобий Абу Убада ибн ал-Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг бундоқ оғир гап айтишларидан аччиқлари чиққани билиниб турибди. У киши ҳазрати Умарга шундоқ гапиришга ҳадди сиғадиган улуғ зот эдилар.
«Умар унга:
«Шуни сендан бошқа айтса бўлмасмиди!?»
Яъни, ҳозир сен менга айтган гапни сендан бошқа одам айтганда яхши бўларди, деди.
Ҳазрати Умарнинг нима учун бундоқ деганларини тушинтириш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу орага ўз гапларини қўшиб баён бермоқдалар:
(Умар унга хилоф қилишни ёқтирмас эди.)
Ҳазрати Умар Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг ҳурматларини қилиб у кишига хилоф бўладиган гапларни айтишдан ўзларини тийиб юрар эдилар. Энди эса кўпчиликни олдида у киши билан тотишишга мажбур бўлмоқдалар. У киши Абу Убайда розияллоҳу анҳуга жавоблари давомида яна шуларни айтдилар:
«Ҳа, Аллоҳнинг қадаридан, Аллоҳнинг қадарига қочамиз».
Сен менга, «Аллоҳнинг қадаридан қочибми?!» деб таъна қилмоқдасан. Лекин бу ерда Аллоҳнинг қадаридан қочиш йўқ. Қочиш бўлса ҳам биридан иккинчисига қочиш бор.
«Айтгинчи, агар сенинг туяларинг бўлсаю улар икки бўлинган бир водийга тушсалар. Бўлакларнинг бири серҳосил бўлсаю, бошқаси қуруқ бўлса, ҳосилдорида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан, қуруғида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан. Шундай эмасми?!» деди».
Ёки бир томонда боқиш Аллоҳнинг қадари ила бошқасида боқиш Аллоҳнинг қадаридан ташқарида бўладиган бўлса шуни айт. Ҳаммаси ҳам Аллоҳнинг қадари. Бизнинг ҳозир қилаётган ишимиз ҳам шунга ўхшаш. Бунинг учун сен хафа бўлма.
«Шу пайт Абдурроҳман ибн Авф келиб қолди. У ўзининг баъзи ҳожатлари ила кетган эди».
Шунинг учун бу масала бўйича бўлиб ўтган воқеъалардан бехабар эди. Келганидан сўнг гапнинг ҳақиқатининг англаганидан сўнг дарҳол,
«У:
«Бу ҳақида менда илм бор. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Қачон унинг бирор ерда борлиги ҳақида эшитсангиз, у томон борманг. Қачон сиз турган ерда у воқеъ бўлса, ундан қочиб чиқмангиз», деганларини эшитганман», деди».
Тамом иш ҳал бўлди. Ортиқча масалаҳатга ҳам, тотишувга ҳам ҳеч қандай ўрин қолмади.
«Шунда Умар Аллоҳга ҳамд айтди ва ортига қайтди».
Ушбу қисса жуда ҳам машҳур. Уни турли китобларда турли муносабатлар ила келтирилади. Бунда шўро-маслаҳат, ақийда-қадар масаласи, давлат бошлиғи ва волий ҳамда амирларнинг муомаласи ва шунга ўхшаш кўпгина масалалар бор.
Мана, Шомга сафар қилганларида бу масалалардан бирига дуч келинди. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг бу борадаги ҳадиси шарифни ҳаётга татбиқ қилиш шу ердан бошланди. Ислом давлатиниг қайси жойида юқумли хасталик чиқадиган бўлса ўша ерга ташқаридан биров кирмайдиган, у ердан ташқарига биров чиқмайдиган бўлди.
Аммо ўша вақтдаги вабо қаттиқ бўлди. Жуда ҳам кўп одамлар, жумладан, саҳобаи киромлар шу дард билан ўлиб кетдилар.
Шомда вабо тарқалаётгани ҳаммаёқда шов шуб бўлганда Абу Убайда розияллоҳу анҳу халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан қуйидаги амрни олдилар:
«Менинг менга бир ҳожатим чиқиб қолди. Сенда бошқа мен учун уни ҳал қила олмайди. Агар ушуб мактубим сенга кечаси етиб борса, тонг отмасдан мен томонга йўл олишингни талаб қиламан. Агар ушуб мактубим сенга кундузи етиб борса, кеч бўлмасдан мен томонга йўл олишингни талаб қиламан».
Абу Убайда розияллоҳу анҳу мактубни ўқиб кўриб:
«Амирулмўмининнинг менга тушган ҳожатини билдим. У киши боқий эмас кимсани боқий қилмоқчи», дедилар.
Сўнгра тубандаги мактубни ёздилар:
«Эй мўминларнинг амири, менга тушган ҳожатингни билдим. Мен мусулмонлар лашкари ичидаман. Уларга етган нарсадан ўзимни четга олмоқчи эмасман. Аллоҳ менинг ва уларнинг ҳақида Ўз ҳукмини қилмагунча улардан ажрамоқчи эмасман. Қачон сенга ушуб мактубим етиб борса, мени талабингдан ҳалол қил. Менга қолишга изн бер».
Ҳазарти Умар мактубни ўқиб, қаттиқ йиғладилар. У кишининг атрофида турганлар:
«Нима, Абу Убайда ўлибдими, эй мўминларнинг амири?» дедилар.
«Йўқ. Лекин ўлим унга яқинлашибди», дедилар у киши.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу анҳу одамлар орасида юриб уларни сабрга даъват қилар эдилар. Охири дард у кишининг ўзларига ҳам хуруж қилди. Синчалоқларига кичкина бир нарса чиқди.
Одамлар у кишига тасалли бермоқчи бўлиб, ҳеч нарса эмас, дедилар.
У киши бўлса, Аллоҳдан умидим бор шунга ҳам барака берса ажаб эрмас, дедилар.
Охири у киши хаста бўлиб ётиб қолдилар.
Ибн Асокир Саъид ибн Абу Саъиддан ривоят қилади:
«Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Урднда вабога чалинганида-қабри ўша ерда-ўша ерда ҳозир бўлган мусулмонларни чақириб:
«Мен сизларга бир васият қиламан. Агар уни қабул қилсангиз яхшиликда бардавом бўлурсизлар; Намозни ўқинглар. Закотни беринглар. Рамазон ойи рўзасини тутинглар. Садақа қилинглар. Ҳаж қилинглар. Умра қилинглар. Бир бирингизга насиҳат қилинглар. Амирларингизга насиҳат қилинглар, уларни алдаманглар. Дунё сизни ҳалок қилмасин. Агар бир одам минг йил яшаса ҳам, албатта, менининг сиз кўриб турган ҳолимга тушиши бор. Аллоҳ бани одамга ўлмини ёзгандир. Улар ўларлар. Уларнинг энг фаросатлиси ўз Роббисига итоаткорроқ бўлгани ва қайтар куни учун кўпроқ амал қилганидир. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи! Эй Муоз одамларга намоз ўқиб бер».
Ана шундан кейин Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу вафот этдилар.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу жанозани ўқишдан олдин қуйидаги хутбани қилидлар:
«Эй одамлар гуноҳларингиздан Аллоҳга тавба қилинг! Қайси бир банда ўз гуноҳидан тавба қилган ҳолида Аллоҳга рзбарў бўлса, уни мағфират қилиш Аллоҳнинг зиммасида бўлади. Кимнинг қарзи бўлса, уни адо қилсин. Чунки, банда қарзига гаровдир. Ким ўз биродари билан аразда бўлса, учрашиб сулҳ қилсин. Усулмон учун ўз биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиш мумкин эмас. Эй мусулмонлар! Сизлар бир кишида фожъага учрадингиз. Мен унда кўра қалби яшхироқ, ймонликдан узоқроқ, кўпиликка хайрни яхши кўрадиганроқ ва уларга насиҳатгўйроқ одамни кўрганман дея олмайман. Унга раҳмат сўранглар ва жанозасини ўқигани туринглар».
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг жанозаларини ўқидилар.
У киши розияллоҳу анҳунинг қабрлари Урдунда. Ушбу сатрлар котиби фақир банда ҳам зиёрат қилганлардандир.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг вафотлари ҳақидаги хабар ҳазраи Умар розияллоҳу анҳуга етганда қаттиқ йиғладилар ва узоқ дуо қилдилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзларига қилинга суиқасддан сўнг ётганларида одамлар ўзларидан кейинги халифани ким бўлишини сўраганларида:
«Агар Абу Убайда ибн Жарроҳ тирик бўлганида ўшани халифа қилар эдим. Агар Роббим мендан у ҳақида сўраса, Аллоҳнинг амийнини ва Унинг Расулининг амийни халифа қилиб қўйдим», дер эдим», дедилар.
Аллоҳ таоло икковларидан ҳам рози бўлсин!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Византия императори Ҳирақл Ираклий Iга юборган мактублариУшбу мактуб Мусулмонлар билан Макка мушриклари ўртасида 10 йил давоми...

2854 09:01 / 27.12.2021
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд тоғига кўтарилдилар. У зот билан бирга Абу Бакр, Умар ва Усмон бор эди. Тоғ давоми...

3163 10:40 / 25.06.2021
Муовия ибн Абу Суфённинг халифалик даврларида Ислом Атлантик океани қирғоқларигача етиб борди. Бу даврда у кишининг Ислом учун қилган хизматлари ҳақида кўп давоми...

11757 20:16 / 21.04.2017
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Ноҳаванд фатҳидан қайтиб келаётиб, Ҳамадон аҳлининг сулҳни бузганликлари ҳақидаги хабарни эшитди. У киши бу кўнгилсиз хабарни ҳазрати давоми...

1458 15:14 / 03 ноябрь