1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Умар яна Шомда

11:14 / 21 сентябрь 1315 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Амвосдаги вабо хабарини эшитиб, Шомга кирмай, қайтиб кетганликлари ҳақида аввал ўрганган эдик. Ана шу вабо дарди оқибатида кўпгина саҳобаи киромлар вафот этдилар. Жумладан, Шомнинг амири, Ислом умматининг амини Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ҳам вафот этдилар. У кишининг ўринларига Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу амир бўлдилар. Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу лашкарларни тоғли жойга олиб чиққан эдилар, вабо бир оз енгиллади.

Шунингдек, Димашқнинг амири Язийд ибн Абу Суфён ҳам вафот этиб, ўрнига укаси Муовия ибн Абу Суфён бўлди. Шурҳабийл ибн Ҳасана Урдунга амир бўлди. Вабо вақтида кўп одамлар ҳалок бўлдилар. Бу касаллик бир неча ой давом этди.

Шу пайтда мерос масаласи юзасидан кўпгина тушунмовчиликлар юзага чиқди. Амирлар бу масала ҳақида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга мактуб ёздилар. У киши одатдагидек, шуро мажлисини чақириб, маслаҳат қилдилар:

«Мусулмонларнинг юртларида айланиб, уларнинг ҳолидан бир хабар олмоқчиман, менга маслаҳат беринглар. Шом аҳлининг мерослари зое бўлибди. Шомдан бошлайман. Уларга меросларини бўлиб бераман. Уларга ўзим билганимча нарсаларни қоим қиламан. Сўнг қайтиб, бошқа юртларга айланаман», деди.

Шуро мажлиси бу маслаҳатни тўғри деб топди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Мадинага, ўз ўринларига Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни қўйиб, йўлга чиқдилар. У киши Ийлага қараб йўл олдилар.

Бир тўп ерлик раҳбарлар халифани Жобияга етмасларидан олдин кутиб олиб, эҳтиромларини ўрнига қўйиш мақсадида олдинга чиқиб, кута бошладилар. Уларнинг олдиларидан оддий савдогар араблар ўтиб кетдилар. Уларнинг ичида туясига пўстакни тескари солиб миниб олган бир одам ҳам бор эди. Одамлар ўша одамдан:

«Амирал мўминин қани?» деб сўрашди.

«Олдингларда», деди у ва йўлида давом этди.

Бир вақт Жобия томонда шов-шув бўлиб қолди. Хабар олишса, ҳалиги савдогарсифат ўтиб кетганлар халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ва унинг шериклари экан. Туяга пўстакни тескари солиб миниб олган одам ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ўзлари эканлар. «Мўминларнинг амири олдингларда», деганларида ўзларини кўрсатиб айтган эканлар. Кутиб олувчилар кийинишда, уловида, юриш-туришда оддий одамдан фарқ қилмайдиган забардаст халифани танимай, ўтказиб юборган эканлар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Шомда турганларида меросларни шариат ҳукми асосида қойилмақом қилиб тақсимлаб бердилар. Кейин қишки ва ёзги лашкарларни туздилар.

Шомнинг чегараларига амирлар тайинладилар.

Абдуллоҳ ибн Қайсни соҳил тарафларга қўйдилар.

Шурҳабийл ибн Ҳасана розияллоҳу анҳуни ишдан бўшатдилар ва «Мен шубҳа борлиги учун бўшатганим йўқ, фақат кучлироқ одамни қўймоқчиман, холос», дедилар.

Амр ибн Утбани озиқ-овқат бўйича масъул қилдилар.

Имом Тобароний ва Абу Убайд Қайс ибн Абу Ҳозимдан ривоят қиладилар:

«Билол розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳунинг олдига у Шомга келганида келди. Унинг ҳузурида лашкарларнинг амирлари бор эди.

У: «Эй Умар! Эй Умар!» деди.

Умар: «Манави Умар!» деди.

У: «Албатта, сен анавилар билан Аллоҳнинг орасидасан. Сен билан Аллоҳнинг орасида ҳеч ким йўқ. Сен олдингдагиларга, ўнг тарафингдагиларга ва чап тарафингдагиларга назар сол! Ана ўшалар, сенинг ҳузурингга келдилар. Аллоҳга қасамки, улар фақат қуш гўшти ейдилар», деди.

Умар: «Рост айтдинг! Мен улар то мусулмонлардан ҳар бирига икки муддан буғдой ва ўшанга етарли сирка ва ёғнинг кафолатини бермагунларича, ўрнимдан турмайман», деди.

Улар: «Эй мўминларнинг амири, биз сизга кафолатини берамиз. Аллоҳ хайрни кўп ва кенг қилди», дедилар.

У: «Ундай бўлса, хўп!» деди.

Сўнгра у кишига «Билолга амр қилсангиз, бир азон айтса», дейишди. У киши амр қилдилар. Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу азон айтдилар. У киши азонни бошлашлари билан ҳамма йиғлашга тушди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган бирор одам қолмай, бутун вужудлари ила йиғладилар. Ҳаммаларининг соқоллари ҳўл бўлиб кетди. Энг қаттиқ йиғлаган одам ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бўлдилар. Уларни кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмаганлар ҳам йиғладилар. Ҳазрати Билолнинг азонлари мусулмонларнинг ёдига ўз ҳабиблари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни солган эди.

Зулқаъда ойида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Мадинага қайтдилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларБозордаги воқеа2қисм Укоз бозори нафақат Макка, бутун Арабистон давоми...

5901 16:38 / 21.04.2017
Иккинчи кун ndash ағвос куни Саъд розияллоҳу анҳу шаҳидларни дафн қилиш ва ярадорларни даволаш учун одам қолдирди. Қолганларни худди кечагидек, жангга тайёрлади. Шу давоми...

2294 10:30 / 11 июнь
Абу Салама розияллоҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилишга аҳд қилди. Хотини Умму Салама билан ўғли Саламани битта туяга, ўзи битта туяга миниб йўлга чиқди. Маккадан энди давоми...

2213 14:00 / 18.12.2021
Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳдан Ислом динини истеҳзо қилувчилардан бирининг мактубини ўқиган ёки ўқимаганлари ҳақида сўрашганда, шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ давоми...

2739 11:00 / 03.07.2022