1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Абу Бакр (20-қисм)

16:53 / 20.04.2017 4697 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИ

САҲОБАЛАР САЙЙИДИ

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар 

САЙФУЛЛОҲ ТУФАЙЛИ ИХТИЛОФ

 (20-қисм)

Сайфуллоҳ (Аллоҳнинг қиличи) лақабини олган улуғ саркарда Холид ибн Валид туфайли Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан айрим саҳобалар, хусусан, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўрталарида ихтилоф пайдо бўлди.

Қурайш қўшинининг лашкарбошиси Холид аввалига мусулмонларга қарши жанг қилган эди. Ҳудайбия сулҳидан сўнг Мадинага бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида мусулмон бўлди. Мута жангидан бошлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ғазотларида, Макка фатҳида, у зотдан кейин Сурия фатҳларида қатнашиб, мардона жанг қилди, ўзининг салоҳиятли ва моҳир саркарда эканини кўрсатди.

Бу ҳарбий зафарлар сирасида Холиднинг тилга тушишига энг кўп сабаб бўлган ҳодиса Молик ибн Нувайра масаласи бўлди. Бу масалада Абу Бакр Сиддиқ Холидни ёқлаганлари ҳолда айрим саҳобийлар, шу жумладан, ҳазрат Умар ундан қасос олишни, қўмондонликдан бўшатишни талаб этишарди.

Молик Асри саодатда Исломга кирган эди, ҳатто закот маъмури вазифасига тайин этилганди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин пайдо бўлган ёлғончи пайғамбарлардан Сажжоҳ деган аёл билан бирлашиб, Исломдан юз ўгирди, вазифасига хиёнат қилди. У билан шартнома тузиб, Мадина устига юриш қилди. Халифа Абу Бакр унга қарши моҳир қўмондон Холид ибн Валид бошчилигида қўшин юбордилар. Холид Молик қўшинини пароканда қилиб юборди, унинг ўзи қўмондон ҳузурига келтирилди.

— Нега Исломдан юз ўгирдинг? – сўради Холид.

— Намоз ўқийман, аммо закот бермайман, – деди Молик.

— Закот ҳам намоз каби фарз эканини билмайсанми? Бирини инкор этиб, бошқасига иқрор бўлиш Ислом динига зиддир!

— Ҳа, сизнинг соҳибингиз шундай дерди.

Моликнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан бундай бетакаллуфона муносабати Холиднинг ғазабини жунбушга келтириб юборди. Ўзини аранг қўлга олиб:

— Сен-чи? Сен у зотни ўзингга соҳиб деб билмайсанми? Нақ бошингни узиб ташлайман яна шундай гап қилсанг!

— Соҳибингиз сизга шундай буйруқ бердими? – сўради Молик бепарво.

Бу энди ортиқча эди. Молик сурбетликнинг, Расулуллоҳга нисбатан нописандликнинг чўққисига чиққанди. Холид жаҳлидан қип-қизариб ўткир кўзларини муртад лашкарбошига тикканича:

— Бу гапни иккинчи бор такрорладинг. Бошини танасидан жудо этинглар буни, – дея амр берди ва Молик ибн Нувайрани қатл қилдирди.

Моликни ўлдириш билан кифояланмай, иддаси чиққач, унинг хотинига ҳам уйланди. Бу эса турли миш-мишларга сабаб бўлди. Мазкур хато ишнинг хабари Мадинага етиб келганида ҳазрат Умар Холидни қўмондонликдан бўшатишни талаб эта бошладилар.

Аммо ҳамма нарсада босиқлик, тадбир билан пухта ўйлаб иш кўрадиган Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу масалада ҳам шошилинч, пала-партиш иш тутмадилар, иймонларига қарши бормадилар. Қизишаётган Умар ибн Хаттобни тинчлантирдилар:

—  Холид бу ишни ўз ижтиҳоди, яъни Қуръон ва суннатга суянган ҳолда раъйи билан амалга оширган. Мен Аллоҳнинг душманларига қарши суғурилган қилични қинига сола олмайман.

— Бу воқеа душманларимиз тилини узайтириб юборса-чи? – сўрадилар қизишиб ҳазрат Умар.

— Ким нима деса, деяверсин, Холиднинг хатоси уни вазифасидан бўшатишни тақозо этмайди. Моликнинг хотинини талоқ қилса, шунинг ўзи хатоларига жазо сифатида кифоя қилади, – дедилар ҳазрат Абу Бакр.

Ҳақиқатан душманнинг хотинига уйланди, деб шундай саркардани ишдан четлатиш ақлга сиғмасди. Халифа сўзларида қатъий турдилар. Холидни чақиртириб келиб, қилган иши учун қатгиқ танбеҳ бердилар. Кейин ўша аёлни талоқ қилиб юборишга амр қилдилар. Холид дарҳол у зотнинг буйруғини бажариб, вазифасини адо этаверди.

Аммо Холиднинг кирдикорларини ҳазрат Умар кечира олмай, норози бўлиб юравердилар. Раҳбарлик ўзларига теккач, Холид ибн Валидни қўмондонликдан бўшатиб, ўрнига Убайда ибн Жарроҳни тайинладилар. Улкан қалб, кучли иймон соҳиби бўлмиш Холид бундан ҳеч қандай тушкунликка тушмай, мусулмон аскарлар сафида оллий жангчи бўлиб Ислом душманларини қақшатиб юраверди. Сурия фатҳида улкан қаҳрамонликлар кўрсатди. Буларни эшитган адолатнинг буюк мумассили ҳазрат Умар Холидни истеъфога чиқарганларидан кўп афсусландилар. Ана шу надоматлардан фориғ бўлиш учун Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қабрларига бориб:

—  Аллоҳ сиздан рози бўлсин, эй Абу Бакр, одамларни танишда, уларга баҳо беришда мендан яхшироқ экансиз, – дея безовта қалбларига тасалли топдилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан масжидда ўтирган эдилар. Уларга дедилар Ҳозир сизнинг ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши чиқадиШу пайт давоми...

5107 14:31 / 21.04.2022
Қалбингизни чуқур яралашдимиЭҳтимол бу жароҳатнинг оловини ўчиришга ҳаракат қилиб, кучингиз етмаётгандирАммо олдинлари кечира олар эдингиз. Бу сафар эса иш давоми...

1847 11:00 / 25.04.2023
Имом Молик Куфа аҳлидан бўлган бир кишидан ривоят қилади .Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзи юборган бир лашкар омилига .Менга етган хабарга кўра, сизлардан давоми...

932 12:04 / 14 декабрь
Ибн Саъд Атодан ривоят қилади .Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу омилларига ҳаж мавсумида унинг ҳузурига келишларини амр қилар эди. Улар жамланганда .Эй одамлар давоми...

727 12:34 / 27 октябрь