1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг улуғ шахс эканликлари

14:26 / 18 июль 1990 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Бухорий ва Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Умар Шом томон (сафарга) чиқди. Токи у Сарғга етганида, унга Ажноднинг аҳли, яъни Абу Убайда ал-Жарроҳ ва унинг асҳоблари учрадилар ва Шомда вабо воқеъ бўлганлигининг хабарини бердилар. Шунда Умар Ибн Аббосга:

«Менга биринчи муҳожирларни чақириб кел», деди.

Мен уларни чақириб келдим. У уларга маслаҳат солди. Улар эса ихтилоф қилишди. Баъзилари:

«Сен бир иш учун чиқдинг. Энди ундан қайтишингни маслаҳат бермаймиз», дедилар. Бошқалари эса:

«Сен билан бирга одамларнинг қолганлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бор. Уларни манави вабога олиб боришингни маслаҳат бермаймиз», дедилар. Ҳазрати Умар «Жўнанглар олдимдан!» деди-да, сўнгра: «Менга Ансорийларни чақириб бер», деди.

Мен уларни чақириб келдим. Бас, уларга ҳам маслаҳат солган эди, улар ҳам муҳожирларнинг ихтилофдаги йўлини тутдилар. Уларга ҳам «Жўнанглар олдимдан!» деди-да, сўнгра «Менга ҳув анави ердаги Қурайш шайхларидан фатҳ муҳожирларини чақириб кел», деди. Уларни чақириб келдим. Улардан иккитаси ҳам ихтилоф қилмади. Улар «Одамлар билан орқага қайтишингни, уларни вабо томон олиб бормаслигингни маслаҳат берамиз», дедилар.

Умар одамлар орасида жар чақиртириб, «Албатта, мен тонг чоғида уловимни минурман» деди. Шунда Абу Убайда:

«Аллоҳнинг қадаридан қочибми?» деди. Умар унга:

«Шуни сендан бошқа айтса бўлмасмиди!? (Умар унга хилоф қилишни ёқтирмас эди.) Ҳа, Аллоҳнинг қадаридан Аллоҳнинг қадарига қочамиз. Айтгин-чи, агар сенинг туяларинг бўлсаю, улар икки бўлинган бир водийга тушсалар. Бўлакларнинг бири серҳосил бўлсаю, бошқаси қуруқ бўлса, ҳосилдорида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан, қуруғида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан. Шундай эмасми?!» деди.

Шу пайт Абдурраҳмон ибн Авф келиб қолди. У ўзининг баъзи ҳожатлари ила кетган эди.

«Бу ҳақда менда илм бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Қачон бирор ерда унинг борлиги ҳақида эшитсангиз, у томон борманг. Қачон сиз турган ерда у воқеъ бўлса, ундан қочиб чиқмангиз», деганларини эшитганман», деди.

Шунда Умар Аллоҳга ҳамд айтди ва ортига қайтди».

Бу ривоятдан кўплаб маълумотлар олиш мумкин. Шунинг учун уни шошилмасдан, бирма-бир таҳлил қилиб чиқсак, яхши бўлади.

«Умар Шом томон (сафарга) чиқди».

Ҳазрати Умарнинг бу сафарлари ўн еттинчи ҳижрий сана охири, ўн саккизинчи ҳижрий сана аввалида бўлган. У киши Шомдаги мусулмонларнинг ҳолидан хабар олиш мақсадида ўзлари билан бир қанча саҳобаларни олиб, йўлга чиққанлар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Шомга қараб йўлга чиққанликлари ҳақидаги хабар ҳамма томонга тарқалган. Жумладан, бу хабарни ўша даврдаги Шомнинг волийси Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ розияллоҳу анҳу ҳам эшитиб, ўз одамлари билан халифани кутиб олиш учун уларнинг йўлларига чиққанлар.

«Токи у Сарғга етганда унга Ажноднинг аҳли, яъни Абу Убайда ал-Жарроҳ ва унинг асҳоблари учрадилар ва Шомда вабо воқеъ бўлганлигининг хабарини бердилар».

Сарғ – Ҳижоздан келаётганда биринчи бўлиб учрайдиган Шомнинг қишлоқларидан бирининг номи.

Ажнод – Ўша пайтда Шомнинг бешта машҳур шаҳари шундай ном билан аталган. Улар: Фаластин, Урдун, Димашқ, Ҳимс ва Қиннасрийнлардир.

Ўшанда мазкур беш шаҳарнинг амирлари Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ розияллоҳу анҳу билан бирга ҳазрати Умарни кутиб олиш учун чиққан эканлар.

Одатда, раҳбарни кутиб олиш учун чиққанлар ҳол-аҳвол сўрашганларидан сўнг энг муҳим ва долзарб масаладан сўз очадилар. Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ розияллоҳу анҳу ва у кишининг шериклари ҳам ҳазрати Умарга ўз юртларидаги энг долзарб масала, яъни вабо тарқалганлиги ҳақидаги хабарни айтдилар.

«Шунда Умар Ибн Аббосга:

«Менга биринчи муҳожирларни чақириб кел», деди.

Мен уларни чақириб келдим. У уларга маслаҳат солди».

Ҳазрати Умар кишилардан вабо ҳақида маслаҳат сўрадилар. Чунки у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳақдаги ҳадиси шарифларидан бехабар эдилар. Агар ҳазрати Умар ушбу ҳадисни билганларида, ҳеч кимга маслаҳат солмай, унга амал қилишга ўтар эдилар. Аксига олиб, маслаҳатга чақирилганлар ҳам бу ҳадисдан бехабар эканлар.

«Улар эса ихтилоф қилишди».

Ўшанда ҳазрати Умар билан бирга Шом сафарига чиққан биринчи муҳожирлар ичида мазкур масала бўйича иккига бўлиниш пайдо бўлди.

«Баъзилари:

«Сен бир иш учун чиқдинг. Энди ундан қайтишингни маслаҳат бермаймиз», дедилар».

Яъни, «Эй Умар, сен Шомдаги мусулмонларнинг ҳолидан хабар олиш учун чиқдинг. Бу хабарни ҳамма эшитди. Дўсту душман қараб турибди. Вабо ҳақидаги хабарни эшитиб, шу ердан ортга қайтиб кетсанг, яхши бўлмайди. Бундан дўстлар хафа, душманлар шод бўладилар».

«Бошқалари эса:

«Сен билан бирга одамларнинг қолганлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бор. Уларни манави вабога олиб боришингни маслаҳат бермаймиз», дедилар».

Булар ҳам ўзларининг фикрларига келган далилни рўкач қилдилар. Соғ-саломат ва мўътабар одамларни хатарли жойларга олиб боришни раво кўрмадилар. Уларнинг бундай ихтилоф қилишлари халифага ёқмади.

«Умар:

«Жўнанглар олдимдан!» деди-да, сўнгра:

«Менга Ансорийларни чақириб бер», деди».

Демак, аввал муҳожирлар, кейин ансорийлар – Мадина аҳллари турар эканлар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўз ривоятларини давом эттирадилар.

«Мен уларни чақириб келдим. Бас, уларга ҳам маслаҳат солган эди, улар ҳам муҳожирларнинг ихтилофдаги йўлини тутдилар».

Кўриниб турибдики, ансорийлардан ҳазрати Умар билан Шом сафарига чиққанлар ичида ҳам вабо ҳақидаги ҳадиси шарифни эшитган одам йўқ экан. Шунинг учун улар ҳам бу масалада ихтилоф қилдилар.

«Уларга ҳам:

«Жўнанглар олдимдан!» деди-да, сўнгра:

«Менга ҳув анави ердаги Қурайш шайхларидан фатҳ муҳожирларини чақириб кел», деди».

Булар Қурайш қабиласининг мўътабар шайхлари бўлиб, Маккаи Мукаррама фатҳ бўлган кунигина мусулмон бўлган эдилар. Шунинг учун ҳам уларга муҳожир ва ансорийлардан кейин, учинчи ўринда маслаҳат солинди.

«Уларни чақириб келдим. Улардан иккитаси ҳам ихтилоф қилмади. Улар:

«Одамлар билан орқага қайтишингни, уларни вабо томон олиб бормаслигингни маслаҳат берамиз», дедилар».

Улар ҳам ҳадиси шарифдан бехабар эканлар. Лекин аввалги ихтилоф қилганларнинг ҳолидан ўрнак олишганми, халифанинг олдида ҳеч ихтилоф қилмай, бир хил фикр айтдилар. Вабо тарқалган диёрга кирмай, ортга қайтиш ҳақида маслаҳат бердилар. Бу маслаҳат ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга маъқул келди ва ортга қайтишга қарор қилдилар.

«Умар одамлар орасида жар чақиртириб:

«Албатта, мен тонг чоғида уловимни минурман», деди».

Яъни «Мадинага қайтиб кетурман», демоқчилар. Албатта, бу қарор ҳаммага ёқса ҳам, азиз меҳмонларни орзиқиб кутган шомликларга ёқмади.

«Шунда Абу Убайда:

«Аллоҳнинг қадаридан қочибми?!» деди».

Албатта, Шомнинг волийси бўлган улуғ саҳобий Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг бундай оғир гапларидан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг аччиқлари чиққанлиги кўриниб турибди. У киши ҳазрати Умарга шундай гапиришга ҳадди сиғадиган улуғ зот эдилар.

«Умар унга:

«Шуни сендан бошқа айтса бўлмасмиди!?». Яъни: «Ҳозир сен менга айтган гапни сендан бошқа одам айтганида, яхши бўлар эди», дедилар.

Ҳазрати Умарнинг нима учун бундай деганларини тушунтириш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу орага ўз гапларини қўшиб баён бермоқдалар:

(Умар унга хилоф қилишни ёқтирмас эди.)

Ҳазрати Умар Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг ҳурматларини қилиб, у кишига хилоф бўладиган гапларни айтишдан ўзларини тийиб юрар эдилар. Энди эса кўпчиликнинг олдида у киши билан тортишишга мажбур бўлмоқдалар. У киши Абу Убайда розияллоҳу анҳуга жавоблари давомида яна шуларни айтдилар:

«Ҳа, Аллоҳнинг қадаридан Аллоҳнинг қадарига қочамиз».

Яъни, «Сен менга «Аллоҳнинг қадаридан қочибми?!» деб таъна қилмоқдасан. Лекин бу ерда Аллоҳнинг қадаридан қочиш йўқ. Мабодо қочиш бўлса ҳам, биридан иккинчисига қочиш бор», демоқчилар.

«Айтгин-чи, агар сенинг туяларинг бўлса-ю, улар икки бўлинган бир водийга тушсалар. Бўлакларнинг бири серҳосил бўлса-ю, бошқаси қуруқ бўлса, ҳосилдорида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан, қуруғида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан. Шундай эмасми?!» деди».

Яъни, «Ёки бир томонда боқиш Аллоҳнинг қадари ила, бошқасида боқиш Аллоҳнинг қадаридан ташқарида бўладиган бўлса, шуни айт. Ҳаммаси ҳам Аллоҳнинг қадари. Бизнинг ҳозир қилаётган ишимиз ҳам шунга ўхшаш. Бунинг учун сен хафа бўлма».

«Шу пайт Абдурраҳмон ибн Авф келиб қолди. У ўзининг баъзи ҳожатлари ила кетган эди». Шунинг учун бу масала бўйича бўлиб ўтган воқеалардан бехабар эди. Келиб, гапнинг ҳақиқатини англаганидан сўнг дарҳол «У: «Бу ҳақда менда илм бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қачон унинг бирор ерда борлиги ҳақида эшитсангиз, у томон борманг. Қачон сиз турган ерда у воқеъ бўлса, ундан қочиб чиқмангиз», деганларини эшитганман», деди».

Тамом, иш ҳал бўлди. Ортиқча маслаҳатга ҳам, тортишувга ҳам ҳеч қандай ўрин қолмади.

«Шунда Умар Аллоҳга ҳамд айтди ва ортига қайтди».

Бу қисса жуда ҳам машҳур қиссадир. У турли китобларда турли муносабатлар ила келтирилади. Унда шуро – маслаҳат, ақида – қадар масаласи, раҳбар ва волий ҳамда амирларнинг муомаласи ва шунга ўхшаш кўпгина масалалар бор.

Мана, Шомга сафар қилганларида шундай масалалардан бирига дуч келдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу борадаги ҳадиси шарифларини ҳаётга татбиқ қилиш шу ердан бошланди. Ислом жамиятининг қайси жойида юқумли хасталик чиқадиган бўлса, ўша ерга ташқаридан ҳеч ким кирмайдиган, у ердан ташқарига ҳеч ким чиқмайдиган бўлди.

Ибн Касир «Бидоя»да қуйидагиларни келтиради:

«Умар Амвос вабосидан кейин ўн еттинчи йилнинг охирида келганда ва Зулҳижжада Мадинага қайтмоқчи бўлганда одамларга хутба қилди. Аллоҳга ҳамду сано айтди ва:

«Огоҳ бўлинглар! Мен сизларга волий бўлдим ва Аллоҳ менга сизнинг ишингиз бўйича топширган ўз зиммамдаги нарсани адо қилдим. Иншааллоҳ, орангизда омонликни, манзилларни, ишхоналарни тарқатдик. Ўз ҳузуримиздаги нарсани сизга етказдик. Сизларга аскарларни тайёрладик. Сизларга юрадиган ва чиқадиган нарсаларни тайёрлаб бердик. Сизларга керак нарсаларни ҳозир қилдик. Сизларга ўзи келган ва ўзингиз топган ўлжаларда ҳам кенглик яратдик. Сизларни таомлантирдик. Сизларга атолар, ризқлар ва ғаниматлар беришга амр қилдик. Ким қилишимиз лозим бўлган нарсани билса, бизга айтсин, иншааллоҳ уни қилайлик. Қувват фақат Аллоҳ биландир», деди.

Бу ўз жамиятининг вилоятларидан бирига борган раҳбарнинг фуқаролар ҳузуридаги ҳисоботи эди. Ушбу хутбада ҳам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг қанчалик улуғвор эканликлари кўриниб турибди. У киши раҳбарликларида Ислом жамияти фуқаролар учун тақдим қилган нарсалар қанчалар кўп бўлишига қарамай, яна у киши «Маслаҳат беринглар, талаблар бўлса, айтинг, биз бажарайлик», демоқдалар.

 

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Узоқдан форс империясининг пойтахти кўринди. Мусулмонларнинг кўзлари Кисронинг оқ уйига тушди. Улар дарҳол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Менинг давоми...

1193 14:57 / 12 июнь
Абу Салама розияллоҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилишга аҳд қилди. Хотини Умму Салама билан ўғли Саламани битта туяга, ўзи битта туяга миниб йўлга чиқди. Маккадан энди давоми...

2214 14:00 / 18.12.2021
Имом Байҳақий ва Абдурраззоқ Қосим ибн Абу Баззадан ривоят қиладилар .Шомда мусулмон одам аҳли зиммадан бўлган бир кишини ўлдириб қўйди. Бу ҳақда Абу Убайда ибн давоми...

603 12:28 / 02 декабрь
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Амвосдаги вабо хабарини эшитиб, Шомга кирмай, қайтиб кетганликлари ҳақида аввал ўрганган эдик. Ана шу вабо дарди оқибатида давоми...

1317 11:14 / 21 сентябрь