1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ибн Масъуддек зот ҳавас қилган «Икки матоли» Абдуллоҳ

19:00 / 10.05.2022 3192 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биз сўз юритмоқчи бўлган саҳобанинг исмлари Абдуллоҳ ибн Абдунаҳм ал Музаний бўлиб, жоҳилият пайтида исмлари Абдулуззо эди. Мадинага келганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг исмларини Абдуллоҳ деб ўзгартирдилар. Бу саҳобий яна бир улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳунинг амакилари ҳисобланадилар.

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Ал бидоя ван ниҳоя» асарларида Ибн Ҳишом роҳимаҳуллоҳдан нақл қилиб келтирадилар:

«Абдуллоҳнинг «Зулбижодайн», деб номланишига сабаб шуки, у Ислом динига киришни истар, аммо қавми уни бу ишдан тўсиб, унга турли тазйиқлар ўтказишарди. Охир-оқибат Абдуллоҳ устидаги биргина дағал матоси билан қавмини ташлаб чиқиб кетди. У йўлда борар экан, матони иккига бўлиб, ярмини белдан пастга изор, ярмини эса белдан юқорисига ридо қилиб олди. Кейин шу ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борди. Шунда у зот алайҳиссалом Абдуллоҳни «Зулбижодайн» (икки матоли), деб номладилар».

Абдуллоҳ Зулбижодайн розияллоҳу анҳу ҳижратнинг тўққизинчи йилида Табук ғазотида вафот этдилар. У саҳоба Аллоҳ таоло улкан неъмат ато қилган зотлардан бири эдилар.

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Ал Исоба фий тамйизис саҳоба» номли асарларида қуйидаги қиссани келтирадилар:

«Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳикоя қиладилар:

«Табук ғазотида кечаси ўрнимдан турдим ва аскарлар қўним топган водийнинг бир томонида олов шуъласини кўрдим. Нима эканлигини билиш учун ўша томонга бордим. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумолар ўша ерда туришган экан. Абдуллоҳ Зулбижодайн шу куни вафот этган эканлар. Улар Абдуллоҳга қабр қазишган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қабрига ўз қўллари билан қўйдилар ва «Эй Аллоҳ, мен бундан розиман, Сен ҳам ундан рози бўлгин дедилар».

Муҳаммад ибн Каъб Қурозий айтадилар:

«Абдуллоҳ Зулбижодайн Музайна қабиласининг бир вакили эди. Қалбига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳамда иймоннинг муҳаббати тушиб қолди. У киши Маккадан келган муҳожир саҳобалар билан кўришиб, улардан Қуръонни ўрганар эди. Исломни қабул қилиб, мусулмон бўлганини махфий тутди. Абдуллоҳ ўзини кафилликка олган ва моддий таъминотини қилиб турган амакисининг ҳам мусулмон бўлишини қаттиқ хоҳлар эди. Абдуллоҳ отадан етим қолиб, ҳеч қандай меросга ҳам эга чиқмаган эди. Уни қарамоғига олган, бироз бойликка эга бўлишига сабабчи бўлган амакиси эди. Шундай қилиб, Абдуллоҳнинг туяси, қўйи ва қули бор эди. Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида Абдуллоҳнинг кўнгли Исломга интилди. Амакиси туфайли Мадинага бора олмади. Орадан йиллар ўтди. Бир куни Абдуллоҳ амакисига: «Амакижон, Исломга киришингизни роса кутдим. Қарасам, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни хоҳламайдиган кўринасиз. Шундай экан, энди менинг Исломга киришимга изн беринг», деди. Шунда амакиси «Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммадга эргашадиган бўлсанг, сенга берган ҳамма нарсамни тортиб оламан, ҳатто устингдаги кийимингни ҳам», деб таҳдид қилди. Бу гапни эшитган Абдуллоҳ «Аллоҳга қасамки, мен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашаман, мусулмон бўламан, тош ва бутларга ибодат қилишни тарк этаман, берган нарсаларингизни ҳаммаси қўлимда турибди, олинг», деди. Амакиси берган ҳамма нарсасини тортиб олди. Ҳатто уни изоридан ҳам маҳрум қилди. Сўнгра Абдуллоҳ онасининг ҳузурига борди. Онаси унга бир матони иккига бўлиб берди. Абдуллоҳ матонинг ярмини белдан пастга, ярмини эса белдан юқорига тутиб олди. Шу ҳолда Мадина сари йўлга чиқиб, у ерга етиб борди. Саҳар пайти масжидда ён бошлади. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозини ўқидилар. Намоздан сўнг одатларига кўра, одамлар билан саломлашдилар. Абдуллоҳга қараб, ундан: «Сен кимсан», деб сўрадилар. Ўша пайтда унинг исми Абдулуззо эди. У зот алайҳиссалом: «Йўқ, сен Абдуллоҳ Зулбижодайнсан», дедилар. Сўнг яна унга: «Менга яқинроқ жойда истиқомат қилгин» дедилар. Шундай қилиб, Абдуллоҳ у зот алайҳиссаломнинг меҳмонлари бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръондан таълим берар эдилар».

Табукда Абдуллоҳ Зулбижодайн вафот этганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр, Умар розияллоҳу анҳумолар унга қабр кавлашганини айтиб ўтган эдик. Сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам икки улуғ саҳобаларга: «Биродарингизни менга узатинглар», деб Абдуллоҳни лаҳадга қўйганларида: «Эй Аллоҳ, мен ундан розиман, Сен ҳам ундан рози бўлгин!», дедилар. Ўша ерда турган ва бу гапни эшитган Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу «Қанийди шу қабр соҳиби мен бўлиб қолсам» дедилар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

مِنَ الْمُؤْمِنِينَ رِجَالٌ صَدَقُوا مَا عَاهَدُوا اللَّهَ عَلَيْهِ فَمِنْهُم مَّن قَضَى نَحْبَهُ وَمِنْهُم مَّن يَنتَظِرُ وَمَا بَدَّلُوا تَبْدِيلًا

«Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан назрига вафо қилгани бор. Улардан интизор бўлиб турганлари бор. Улар бирор нарсани алмаштирмадилар». (Аҳзоб сураси, 23-оят).

Оғир пайтларда сабр қила олмаган мунофиқлар ва иймони заифлардан фарқли ўлароқ,

«Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир».

Яъни, мўминлар ичида Аллоҳ таолонинг йўлида жонини фидо қилишга аҳду паймон берган кишилар бор. Улар мунофиқ ва иймони заифлар каби, қўрқоқлик қилмайдилар.

«Бас, улардан назрига вафо қилгани бор».

Анас ибн Назр розияллоҳу анҳуга ўхшаб, шаҳиди аъло бўлди. Орзусига эришди. Ўзи кўзлаган олий мақомга етишди.

«Улардан интизор бўлиб турганлари бор».

Ажаллари етмаганлари шаҳид бўлишга, Аллоҳга берган аҳдни амалга оширишга зору интизор турибди.

«Улар бирор нарсани алмаштирмадилар».

Бу мўминлар Аллоҳга берган аҳду паймонларини ҳеч нарсага алмаштирмадилар.

Абдуллоҳ Зулбижодайн розияллоҳу анҳу амакисидан келаётган моддий таъминотдан, дунё матосидан иймонини устун қўйди. Бир парча мато билан қолса ҳам иймонида собит турди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан унга қабр кавланадиган, қабрга қўйиладиган мақомни топди.

Бундан ташқари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан розиликларини эълон қилиб, Аллоҳ таолога ундан рози бўлишини тилаб дуо қилдилар.

Умматнинг фақиҳи, қориси, олими бўлган Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудек зотлар воқеамиз қаҳрамонининг ўрнида бўлиб қолишни орзу қилдилар.

Дарҳақиқат, Абдуллоҳ Зулбижодайн розияллоҳу анҳунинг мақоми барчамиз орзу қиладиган даражададир.

Аллоҳ таоло барча содиқ саҳобалардан, жумладан, Абдуллоҳ Зулбижодайндан рози бўлсин!

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Хуршид Маъруф тайёрлади

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоирлари бўлмиш бу саҳобий розияллоҳу анҳунинг тўлиқ исмлари Ҳассон ибн Собит ибн Мунзир ибн Ҳаром ибн Умар ибн Зайд Манот давоми...

4386 19:37 / 21.04.2017
саккизинчи мақола Хайбар фатҳидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Водил Қуро томон юрдилар. Қишлоқлари кўп бўлгани учун ҳам бу водий шу ном ила аталар давоми...

884 18:57 / 15.08.2023
Иккинчи кун ndash ағвос куни Саъд розияллоҳу анҳу шаҳидларни дафн қилиш ва ярадорларни даволаш учун одам қолдирди. Қолганларни худди кечагидек, жангга тайёрлади. Шу давоми...

2295 10:30 / 11 июнь
БИРИНЧИ ХАЛИФА АБУ БАКР СИДДИҚ Разияллоху анҳу ДАВРЛАРИЭнг аввалги мусулмон ва энг биринчи сиддиқ ва Расулуллоҳнинг ҳамсуҳбатлари ҳамда Улардан кейинги биринчи давоми...

31984 20:20 / 21.04.2017