1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Абу Бакр (6-қисм)

16:34 / 21.04.2017 5649 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИ

САҲОБАЛАР САЙЙИДИ

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар

«Аллоҳ биз билан!»

6-қисм

      Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларнинг азоб-тазйиқларига дош беролмаган асҳобларининг Мадинага кўчишларига ижозат бердилар. Пайғамбарликнинг ўн учинчи йили муҳаррам ойида машҳур Мадина муҳожироти бошланди. Биринчи бўлиб маккалик мусулмон Абу Салама ибн Абдул Асад тўрт юз чақирим олисликдаги Ясрибга (Мадинага) қараб йўлга чиқди. Шундан сўнг мусулмонлар бирин-кетин ҳижратга отланишди. Асҳобнинг тинчлиги ва хавфсизлигини ўйлаган Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат Абу Бакр ва Алини Маккада олиб қолдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам мусулмонлар билан Мадинага кетишга изн сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 —    Сабр қил, балки Аллоҳ сенга бир ҳамроҳ бериб қолар, – деб у кишининг сафарларини орқага суравердилар.

 Мусулмонлар Ясрибдан паноҳ топиб қутилиб қолганларидан, ҳижратдан сўнг Пайғамбарнинг мавқелари ортганидан ғазаби жўш урган қурайшийлар у зотнинг Маккада ёлғиз қолганларидан фойдаланиб жисман йўқ қилиш чорасини излай бошладилар. Мушриклар ҳукумат қароргоҳи Дорун-надвада тўпланиб, бу ҳакда баҳслаша бошлашди. Абул Бахтарий:

 —    Муҳаммаднинг оёқ-қўлини боғлаб, ўлгунича бир ишончли жойга қамаб қўяйлик, анави қочоқлар раҳбарсиз қолиб, яна ҳузуримизга бош уриб келишади, – деб йўл кўрсатди.

 —    Уни бир туяга миндириб, Маккадан олис ерларга сургун қилайлик, – деб маслаҳат берди Ҳишом ибн Амир.

 Шунда маккалик мушрикларнинг улуғи Абу Жаҳл ўрнидан туриб бу таклифларнинг бирортаси ҳам ярамаслигини айтди ва ўз режасини маълум қилди:

 —       Қурайш қабиласининг ҳамма уруғларидан биттадан одам танлаймиз. Уларни ўткир қиличлар билан қуроллантирамиз. Ҳаммалари бир пайтда Муҳаммадга ташланиб, уни ўлдиришади. Қотилнинг кимлиги аниқ бўлмагач, ҳошимийлар қон даъвоси қила олмай, охири дийатга (жон бадалига) рози бўлишади. Шундай қилиб, душманимиздан осонгина қутулиб оламиз.

 Абу Жаҳлнинг таклифи якдил қабул қилинди. Дорун-надва мажлисида Аллоҳнинг расулини ўлдириш режаси майда-чуйдасигача келишиб олинди ва бу разил ниятни амалга оширишга шошилинч киришилди. Турли қабилалардан қирқ киши ажратиб олинди. Улар Расули акрамнинг уйларини ҳар томондан ўраб олишди. Тирқиш-туйнуклардан уйнинг ичини ҳам кузатишарди. Расули акрамга эрталаб уйдан чиқишларида суиқасд қилиш мўлжалланаётган эди.

 Илоҳий ваҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бу таҳликали суиқасддан огоҳ этди. Барча пайғамбарлар каби Хотам ун-набийга ҳам ҳижрат қилиш учун изн берилди. Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлга чиқишдан олдин Алини чақиртириб тайинладилар:

 —     Мен Мадинага жўнаяпман. Мана бу омонатни эгаларига топшириб қўй! Мендан кейиноқ сен ҳам йўлга чиқ! Бу кеча эса менинг ўрнимга кириб, ёпинадиган кўрпамга ўраниб ёт!

 Ҳазрат Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жойларига кириб ётдилар. Ҳаётларини хавф остида қолдиришдан асло чўчимадилар. Чунки тарозининг иккинчи палласига ўзлари учун энг азиз инсоннинг жони қўйилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларини тарк этганларини ҳеч ким сезмай қолди. Аллоҳнинг иродаси ила суиқасдга чоғланганлар донг қотиб ухлаб қолишган эди.

      Расули акрам Каъбага кирдилар. Аллоҳга ёлвориб ибодат қилдилар. Кейин Абу Бакрнинг уйларига қараб юрдилар. У кишига илоҳий амр ила ҳижратга изн берилганини маълум қилдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳижрат қилишларини эшитган заҳотилари қувончдан баралла йиғлаб юбордилар.

     Икковлон тунда уйнинг орқа эшигидан чиқиб кетишди. Абу Бакр кичик ўғиллари Абдуллоҳга баъзи юмушларни тайинлашга аранг улгурдилар. Икковлон Макканинг жанубидаги Савр тоғи томон шитоб билан юриб кетишди. Бир ярим соатча йўл босиб, тоғ бағридаги бир ғорга яширинишди.

      Бу орада Расули акрамнинг ўрниларида ётоқда Алини кўриб мушриклар ғазабдан кўкариб қолишди. Пайғамбарни ахтариб бутун Маккани остин-устун қилиб ташлашди. Қурайшнинг ёшлари қўлига таёқ, белига яроқ бериб, тўрт томонга зир югуртиришди.

      Расулуллоҳни топганга юзта туя мукофот ваъда қилинди. У зотни ва шериклари Абу Бакрни ахтариб ғорнинг оғзигача боришди. Икковлон ичкарида туриб қидирувчиларнинг қадам товушларини, бақир-чақирларини баралла эшитиб туришарди. Абу Бакрни кучли ҳаяжон ва ҳадик чирмаб олганди. Бу ҳаяжон қўрқувдан ёки қўрқоқликдан эмасди. Ёнларидаги Сарвари коинотнинг хавфсизликлари масъулияти ҳаяжонга солаётган эди. Расули акрамнинг қулоқларига шивирлаб:

 —      Эй Аллоҳнинг расули, улар ғорга яқинлашдилар, – дея олдилар зўрға.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ҳар қачонгидан хотиржам ва босиқ эдилар.

 У зотнинг илоҳий ваҳийга боғлиқликлари, Аллоҳга бўлган ишончлари кучли эди. Абу Бакр эса Аллоҳнинг элчисини ўйлаб безовта бўлардилар.

 —      Агар мушриклардан бирортаси оёғининг тагига қараганида албатга бизнинг изимизни кўриб қолган бўлар эди, – дедилар ҳаяжонларини боса олмай.

 Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 —       Эй Абу Бакр, қўрқманг! Бу ерда танҳо иккимиз бормиз, деб ўйлаяпсизми? Учинчимиз Аллоҳ таолодир, У биз билан биргадир, – дедилар вазминлик билан.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ аввалда қароқчи, йўлтўсар эди. Битта, иккита мусофирни кўриб қолса уларни уриб, қўрқитиб молини олар эди.Унинг тавбасининг сабаби давоми...

3541 17:01 / 04.11.2021
саккизинчи мақола Хайбар фатҳидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Водил Қуро томон юрдилар. Қишлоқлари кўп бўлгани учун ҳам бу водий шу ном ила аталар давоми...

1410 18:57 / 15.08.2023
Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг чақириғи билан Исломни қабул қилиб, мусулмон бўлган ҳазрати Усмон ибн Аффон табиатан ҳалим, юмшоқ кўнгилли, яхши давоми...

1630 12:31 / 04.05.2025
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганига олти йил тўлиб, еттинчи йилга ўтаётган бир пайт эди. Мушрикларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

8409 19:49 / 21.04.2017
Аудиолар

230223 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148800 14:35 / 11.08.2021