1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

ЖУМА ҲАҚИДА

05:00 / 04.01.2017 47958 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ЖУМАНИНГ ФАЗЛИ ВА ФАРЗЛИГИ ҲАҚИДА

Аллоҳ жалла шаънуҳу: «Эй, иймон келтирганлар! Қачон Жума куни намозга нидо қилинса, Аллоҳнинг зикрига шошилинглар ва савдони тарк этинглар. Агар билсангиз, ана шундоқ қилмоғингиз сиз учун яхшидир», деган. (Жума: 9)

Шарҳ: Ушбу ояти карима Жума намозининг фарзлигини баён қилувчи оятдир. Бунга Ислом умматидан ҳеч ким хилоф қилмайдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуёш чиққан куннинг энг яхшиси Жума кунидир. Унда Одам халқ қилинди. Унда у жаннатга киритилди. Унда у жаннатдан чиқарилди. Қиёмат куни ҳам фақатгина Жума куни қоим бўлур», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Абу Довуд қуйидагиларни зиёда қилган: «Унда унинг тавбаси қабул қилинди. Унда у вафот қилди. Унда қиёмат қоим бўлур. Жума куни ҳамма жониворлар тонг отгандан то қуёш чиққунча (қиёмат) соатини қўрқинч ила кутиб турурлар. Фақат жин ва инс бундан мустасно», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Ислом уммати учун ҳафтанинг энг яхши куни қилиб берилган, ҳафталик байрам куни, жамоат бўлиб алоҳида ибодат қиладиган кун, Жума кунининг қандоқ кун экани, у кунда нималар бўлгани ҳақида сўз бормоқда.
«Жума» сўзи, арабча сўз бўлиб жамлаш маъносини англатади. Чунки бу кунда мусулмонлар жамланиб, Жума намозини ўқийдилар. Аллоҳ таоло мусулмонлар учун айнан шу кунни ихтиёр қилганига бир неча сабаблар бор экан.
«Қуёш чиққан куннинг энг яхшиси Жума кунидир».
Зотан, қуёш чиқмаса кундуз ҳам бўлмайди. Аммо бу оддий ҳақиқатни айтиш маънони таъкидлаш учундир. Энди, нима учун қуёш чиққан кунинг энг яхшиси Жума куни эканини ҳадиси шарифдаги баён қилинган нарсалар ёғдусида ўрганиб чиқайлик:
1. «Унда Одам халқ қилинди».
Инсониятнинг асли ҳисобланмиш, Одам алайҳиссаломни Аллоҳ таоло Жума куни яратган. Бу эса ушбу кун қанчалик фазилатли кун эканини билдиради.
Ушбу ҳодисани тез-тез эслаб туриш учун, Жума куни ҳафтанинг байрам кунига айлантирилган.
2. «Унда у жаннатга киритилган».
Аллоҳ Одам отани жаннатга киритган кун ҳам Жума куни. Демак, Одам алайҳиссалом жаннатдан ташқарида яратилганлар. У кишининг улуғлаб жаннатга киритилган кунларини, зурриётлари байрам қилишлари керак. Шунинг учун Жума куни, ҳафтанинг байрам куни қилингандир.
3. «Унда у жаннатдан чиқарилди».
Яъни, Жума кунида Одам алайҳиссалом жаннатдан чиқарилди. Бошқа бир ривоятда, ерга туширилди, дейилган.
Бу ҳам улуғ неъмат. Чунки Одам алайҳиссалом жаннатда гуноҳ қилиб ҳар қандай иқобга дучор бўлиш даражасига етган эди. Аллоҳ таоло эса у кишини мағфират қилиб, ерга Ўз халифаси қилиб туширди. Бу ҳам улкан неъматдир. Шунинг учун ҳам Одам алайҳиссаломнинг зурриётлари бу кунни ҳафтанинг байрам куни қилишлари лозимдир.
4. «Қиёмат куни ҳам фақатгина Жума куни қоим бўлур».
Ана ўшанда мўмин бандалар асосий мақсадларига эришадилар. Роббилари жамолига мушарраф бўлиб, жаннати неъматга дохил бўлурлар. Ана шундоқ буюк хурсандлик бўладиган бир кунни, бу дунёда ҳафтанинг байрам куни қилиб олиш жуда ҳам зарур.
5. «Унда унинг тавбаси қабул қилинди».
Яъни, Жума кунида Одам алайҳиссаломнинг тавбаси қабул қилинди. Тавбанинг қабул бўлиши улкан бахтдир. Тавба қабул қилинмаса, бадбахтлик бўлур эди. Иқобга қолинур эди. Шунинг учун ҳам, Одам алайҳиссаломнинг фарзандлари бу кунни ҳафталик байрам куни, қилиб олишлари маъқулдир.
6. «Унда у вафот қилди».
Яъни, Жума кунида Одам алайҳиссалом вафот этдилар.
Имом ал-Ҳоким келтирган ривоятда:
«Ўлим мўминларнинг туҳфасидир», дейилган.
Чунки ўлим ила мўминлар бу дунё ташвишларидан қутулиб, охират неъматларига эришадилар. Шунинг учун ҳам Одам алайҳиссаломнинг болалари бу кунни ҳафталик байрам куни қилишлари керак.
7. «Унда қиёмат қоим бўлур. Жума куни ҳамма жониворлар тонг отгандан то қуёш чиққунча (қиёмат) соатини қўрқинч ила кутиб турурлар. Фақат жин ва инс бундан мустасно».

Жума куни қиёмат қоим бўлиши ҳақида юқорида гапириб ўтдик.
Кейинги жумладан эса қиёмат Жума куни тонг отгандан то қуёш чиққунча бўлган муддатда қоим бўлишини билиб оламиз. Шунинг учун ҳар Жума куни ўша вақтни ҳамма жониворлар қиёмат қоим бўлиб қолармикан, деган қўрқинч ила ўтказар эканлар. Фақат одамлар ва жинлар ғафлат босиб, бу нарсани ҳис қилмас эканлар.
Демак, инсоният тарихида шундоқ муҳим ҳодисалар бўлиб ўтган ва бўладиган кунни улуғлаш, байрам қилиш, тўпланиб ибодат, дуо ва илтижо билан ўтказиш жуда ҳам зарурдир.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз (дунёда) охиргиларимиз, қиёмат куни олдингилармиз. Фақат уларга биздан олдин китоб берилган, холос. У бизга улардан кейин берилган. Сўнгра, ушбу кун (Жума), Аллоҳ уларга (ибодатини) фарз қилган кундир. Бас, улар унинг ҳақида ихтилоф қилдилар. Сўнгра Аллоҳ унга бизни ҳидоят қилди. Одамлар унда Бизга эргашувчидирлар. Яҳудийлар эртага, насоролар индингга», дедилар». Икки шайх ва Насаий ривоят қилган.
Имом Муслимнинг ривоятида: «Биз (дунёда) охиргилар, қиёмат кунида олдингилармиз. Биз жаннатга биринчи кирувчилармиз», дейилган.
Шарҳ: «Биз (дунёда) охиргиларимиз» деганлари бу дунёга охирги келган умматмиз. Бошқа умматлар дунёга биздан олдин келганлар, деганларидир.
«Қиёмат куни олдингилармиз»
Яъни, қиёмат куни олдин тирилтириламиз, ҳисоб-китоб қилинамиз ва жаннатга киритиламиз.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Ислом уммати дунёдаги охирги уммат эканлиги.
Қиёмат қоим бўлгунча бошқа уммат пайдо бўлмаслиги.
Исломдан кейин чиққан барча динлар сохталиги шундан маълум бўлади.
2. Қиёмат куни Ислом уммати олдинги уммат бўлиши.
Бу Ислом умматининг барча умматлардан афзал эканини кўрсатади.
3. Бошқа умматларга Ислом умматидан олдин китоб берилгани.
4. Ислом умматига охирги китоб берилгани. Ундан кейин ҳеч кимга илоҳий китоб берилмаслиги.
5. Аллоҳ таоло олдинги ўтган умматларга ҳам Жума куни ибодатини фарз қилгани. Аммо улар бу илоҳий марҳаматга шукр қилиб, амрга бўйсуниш ўрнига Жума куни ҳақида ихтилофга тушганлар. Уни байрам ва ибодат куни қилиб олмаганлар. Яҳудийлар Мусо алайҳиссаломдан уни Шанба кунига алмаштиришни талаб қилганлари ва талаблари қондирилганлиги ҳақида ривоятлар бор.
6. Аллоҳ таоло Ўз ҳидояти ила Ислом умматини Жума куни ибодатига йўллаб қўйганлиги.
7. Ислом уммати қиёмат куни жаннатга биринчи бўлиб кириши.
8. Бу борада бошқа умматлар Ислом умматига тобеъ эканлиги. Ислом умматининг ҳафталик байрами – ибодат куни аввал келиб, эртасига яҳудийларнинг куни – Шанба, индинига насронийларнинг куни – Якшанба келиши.

Ушбу ривоятлардан Жума куни улуғ кун эканлиги, у кунда улкан ҳодисалар бўлгани кўриниб турибди. Энг афзал куннинг ибодати ҳам афзал бўлади. Шунинг учун Жума намози мусулмонлар учун фарз қилинган. Келаси ҳадисларда айнан ана ўша намоз ҳақида сўз юритилади.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарлари устида туриб: «Ёки қавмлар жумаларни тарк қилишдан тўхтарлар. Ёки Аллоҳ уларнинг қалбларига муҳр босур ва сўнгра ғофиллардан бўлурлар», дедилар». Муслим, Насаий ва Аҳмад ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадисларида Жума намози ўқимаганларнинг қалбларига муҳр босилиб, ғофиллардан бўлиб қолишлари турган гап эканлигини таъкидламоқдалар.
Демак, барчамиз Жума намозини ўз ўрнида адо этишга ҳаракат қилмоғимиз лозим.
Абу Жаъд аз-Зомрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким писанд қилмай уч жумани тарк этса, Аллоҳ унинг қалбига муҳр босгай», дедилар». Сунан эгалари ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиснинг ровийси Абу Жаъд аз-Зомрий кунялари билан машҳур бўлган, бу саҳобани исмлари Амр ибн Бакрдир. Бу зот Маккани фатҳ этиш ва Табук ғазотларида иштирок этдилар.
Жамал воқеасида, Оиша розияллоҳу анҳо онамиз билан қатнашиб, мана шу урушда вафот этдилар.
Ҳадисларни Салмон Форсийдан ривоят қилдилар. Бу кишидан Убайда ибн Суфён ал-Ҳазрамий ва бошқалар ривоят қилади.
Ушбу ҳадиси шарифда Жума намозига эътиборсизлик билан қараш, уни оз бўлса ҳам тарк қилиб бўлмаслиги ҳақида сўз бормоқда.
Уч Жума намозини узрсиз, эътиборсизлик ила тарк қилган одамнинг қалбига Аллоҳ муҳр босиб, яхшилик кирмайдиган қилиб қўйиши ўша одамнинг ўзи учун, оиласи учун, жамияти учун катта бахтсизликдир. Чунки Аллоҳ муҳрлаб қўйган қалбдан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Бундан ортиқ бахтсизлик бўлиши мумкин эмас.
Демак, аъзолари ичида Жума намози ўқийдиганлари кўп бўлган жамиятда яхшилик кўп бўлади. Ҳар бир жамиятнинг аъзолари ичида Жума намоз ўқимайдиганлари қанча кўп бўлса, ўша жамиятнинг ёмонлари, мусибатлари ва мушкиллари ҳам шунчалик кўпайиб бораверади. Ичимизда Жума ўқимайдиганларимиз бўла туриб, нега жамиятимиз яхшиликка эриша олмаяпти, деб ажабланмасак ҳам бўлаверади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир Жумани заруратсиз тарк этса, ҳеч ўчирилмайдиган ва алмаштирилмайдиган китобга мунофиқ, деб ёзилур», дедилар». Шофеъий ривоят қилган.
Абу Довуд ва Насаийнинг ривоятларида: «Ким бир Жумани узрсиз тарк қилса, бир динор садақа қилсин. Агар топмаса, ярим динор», дедилар».
Шарҳ: Ушбу икки ривоятда, узрсиз бир Жума намозини тарк қилиш қанчалик катта гуноҳ эканлиги алоҳида таъкид билан баён қилинмоқда.
Бир одамнинг номи, ҳеч ўчирилмайдиган ва алмаштирилмайдиган китобга мунофиқ, деб ёзиб қўйилиши унинг абадий мунофиқ бўлиб қолиши ҳақидаги хабардир. Узрсиз Жума намозини тарк қилган одам, бу гуноҳни ювиш учун топса бир, топмаса ярим динор садақа қилиши ҳам бу гуноҳ қанчалар оғир гуноҳ эканлигини кўрсатиб турибди. Аввало, оғир гуноҳларгагина садақа ила каффорот берилади. Қолаверса динор, тилло пул бўлиб, ўша вақтда катта маблағ ҳисобланган.

ЖУМА НАМОЗИ ФАРЗ БЎЛГАН КИШИЛАР

Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир эҳтилом бўлувчига Жумага бориш лозимдир. Ҳар бир Жумага борувчига ғусл лозимдир», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, Жума намози ҳар бир балоғатга етган эркак мусулмон шахсга фарздир.
Балоғатга етган мусулмон эркак узрсиз Жума намозини тарк қилса гуноҳкори азим бўлади.
Жумага борувчи ҳар бир шахс ғусл қилиб бориши лозим. Чунки кўпчилик жамланадиган, бирга ваъз-насиҳат эшитиб, намоз ўқийдиган жойга ҳамма ғусл қилиб покланиб бормаса, турли ҳидлар тарқаб, нохуш ҳолат юзага келади.
Ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилиб, ҳар Жума куни ғусл қилиб, Жума намозига боришимиз лозим.
Ториқ ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жамоат ила Жума (ўқимоқ) ҳар бир мусулмонга ҳақдир, вожибдир. Магар тўрт киши –мамлук, яъни, қул, аёл киши, ёш бола ва бемор мустаснодир», дедилар». Абу Довуд, Байҳақий ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийси Ториқ ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.
Ториқ ибн Шиҳоб ибн Абу Шамс ибн Салама ал-Бажалий ал-Аҳмасий, кунялари Абу Абдуллоҳ. Ториқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдилар-у, лекин суҳбатларида бўлмаганлар.
Ҳадисларини тўртта халифа ва бир нечта саҳобалардан ривоят қилдилар. Абу Бакр ва Умар ибн Хаттоб даврларидаги 33 та ғазотда иштирок этдилар.
Ториқ ибн Шиҳоб Куфада истиқомат қилдилар. Ҳижратнинг 83-йили вафот этдилар.
Ушбу ҳадиси шарифда Жума намози ҳар бир мусулмон шахсга фарз экани қаттиқ таъкидланмоқда. Буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўз услубларидан «Ҳақдир, вожибдир», деб айтишларидан ҳам билиб оламиз.
Шу билан бирга ушбу ҳадиси шарифда Жумага бориши узрли бўлган шахслар ҳам зикр этилмоқда. Мазкур тоифадаги кишилар Жумага бормасликлари мумкин:
1. «Мамлук, яъни, қул»
Бировнинг мулки бўлмиш қул кишиларга Жума фарз бўлмайди. Чунки Жумага бориш алоҳида қўшимча ҳаракат, сарфиёт ва бошқа нарсаларни тақозо қилади. Қул кишилар, ўз ҳолатларига биноан бу нарсаларда ортиқча қийинчиликларга дуч келадилар. Шунинг учун уларга енгиллик яратиш учун Жума намозига боришлари фарз қилинмаган.
2. «Ёш бола»
Балоғатга етмаган ёш бола, бошқа ибодатларни қилиши ҳам фарз эмас. Ёш бола, мукаллаф эмас. Бинобарин, унга Жума намози ҳам фарз эмас.
3. «Аёл киши»
Исломий ҳаёт тарзида аёл кишининг ўзига яраша ҳолатлари, вазифалари бор. Ана ўшалар эътиборидан муслима аёлларга Жума намози фарз қилинмаган.
4. «Бемор»
Ислом енгиллик дини. Кишиларни тоқатдан ташқари нарсаларга таклиф қилмайди. Жумага бориш беморга оғир бўлса, у бормаслиги мумкин.
Ушбу ҳадислар ва бошқа шу маънодаги далилларни тўлиқ ўрганиб чиққан уламоларимиз, хусусан, маълум ва машҳур тўрт сунний мазҳаб имомлари Жума намозини адо этиш фарзи айн – ҳар бир шахсга алоҳида фарздир, дейдилар.

ЖУМА НАМОЗИ ШАҲАРЛАРДА ҲАМ, ҚИШЛОҚЛАРДА ҲАМ ЎҚИЛУР ВА УНИ ЎҚУВЧИЛАРНИНГ АДАДИ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларидан кейин ўқилган биринчи Жума Баҳрайннинг Жувосийдаги Абдул Қайснинг масжиди бўлган эди». Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Баҳрайн ҳозиргача ўз номини сақлаб келаётган диёрнинг номи. Ҳозир Баҳрайн алоҳида давлатдир.
Жувосий эса Баҳрайннинг ўша вақтдаги пойтахти, Уммон яқинидаги қишлоқнинг номидир. Абдул Қайс қабиласи ўша қишлоқда истиқомат қилганлар.
Имом Шофеъий ва яна бошқа имомлар ушбу ва кейин келадиган баъзи ҳадисларни далил қилиб қишлоқ жойда ҳам жума ўқиш жоиз деганлар. Улар, агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рухсат бермасалар, Баҳрайнлик Абдул Қайс қабиласига мансуб саҳобалар ўзларича Жума намози ўқимас эдилар. Агар улар ўзларича ўқиганларида ҳам, Пайғамбаримиз бехабар бўлганларида ҳам, Аллоҳ таоло бу хатони тўғрилаб ваҳий туширар эди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида содир бўлган бошқа хатоларни тўғрилаб ваҳий тушган, дейдилар.
Абдурраҳмон ибн Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши оталарини кўзи ожиз бўлиб қолгандан сўнг етаклаб юрар эдилар: «Отам қачон Жума куни азонни эшитса, Асъад ибн Зурорга раҳмат тилар эди. Мен бу ҳақда сўрадим. У киши:
«Чунки у бизга биринчи бўлиб Нақийъул Хазимот, деб номланадиган «нақийъ»да Бани Баёза ҳаррасининг «Ҳазмун набийт»ида Жума ўқитган кишидир», деди. Мен: «Ўша куни неча киши эдинглар?» дедим. У киши: «Қирқта», дедилар. Абу Довуд, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ривоят қилган ал-Ҳоким, саҳиҳ, деган.
Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийси Абдурраҳмон ибн Каъб раҳматуллоҳи алайҳи билан танишиб олайлик.
Абдурраҳмон ибн Каъб ибн Молик, улуғ саҳобанинг ўғли бўлиб, катта тобеъинлардан эдилар. Расулуллоҳ ҳаётлик даврларида таваллуд топдилар. Бу зот ҳадис олими бўлиб, ривоят қилган ҳадислари ишончли, деб тан олинди.
Ҳадисларни оталари, Каъб ибн Молик, Абу Қатода, Жобир, Оиша, Салама ибн Акваъ ва бошқалардан ривоят қилган.
Бу зотдан ўғиллари Каъб, Абу Умома ибн Саҳл, аз-Зуҳарий, Саъд ибн Иброҳим, Абу Омир ал-Ҳижоз ва бошқалар ривоят қилишди.
Абдурраҳмон раҳматуллоҳи алайҳи, Сулаймон ибн Абдулмаликнинг халифалик даврида вафот этдилар.
Абдурраҳмон ибн Каъбнинг оталари машҳур саҳобий Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу қариганларида кўзлари ожиз бўлиб қолган эди. Абдурраҳмон раҳматуллоҳи алайҳи оталарини етаклаб юрар эди. Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу қачон Жума ҳақида сўз борса, Асъад ибн Зурорани Аллоҳ раҳмат қилсин, деб қўяр эдилар.
Бу иш бир неча бор такрорлангандан кейин Абдурраҳмон оталарининг бу ишларига қизиқиб, нима учун Жума зикр қилинса, Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳуни Аллоҳ раҳмат қилсин, дейишлари ҳақида сўрадилар.
Шунда, Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳу уларга биринчи бўлиб Жума намозини ўқитган одам эканликларини, шунинг учун қачон Жума ҳақида сўз очилса, у кишига Аллоҳдан раҳмат тилашларини айтиб бердилар.
Шу билан бирга, бу иш қаерда содир бўлганини ҳам ҳикоя қилиб бердилар.
«Нақийъу Хазимот» жой номи бўлиб, Хазимотнинг ботқоқликдан қуриган жойи маъносини англатади.
«Бани Баёза ҳарраси» эса ансорийларнинг Бани Баёза қабиласига мансуб қора тошли ерни билдиради. Мадинадан бир мил узоқда «Ҳарра» номли қора тошли жой бор.
«Ҳазмун Набийт – Ҳазм дегани пастлик ер, дегани, ан-Набийт эса Яманлик бир уруғнинг отаси, Амр ибн Молик исмли кишининг лақаби.
Демак, Мадинаи Мунавварада ўқилган биринчи Жума намози шаҳар яқинидаги Ҳарра номи билан машҳур бўлган қора тошли, ҳозир шаҳар ичида қолган жойда, ўша жойнинг қуриган ботқоқлигида жойлашган Бани Баёз қабиласига оид «Ҳазмун Набийт» номли қишлоқда ўқилган экан. Бу ишни Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳу ташкил қилган эканлар.

Жума намози қишлоқ жойда ҳам ўқилади, деганлар ушбу ривоятни ҳам далил қилиб келтирадилар.

Шунингдек, ушбу ҳадисда Абдурраҳмон ибн Каъб раҳматуллоҳи алайҳининг ўз оталаридан «ўша куни неча киши эдингиз?» деб сўраганларида, у кишининг «қирқта», деб жавоб беришларидан Шофеъий мазҳаби Жума ўқиш учун жамоат қирқ кишидан кам бўлмаслиги керак, дейди.

Умуман уламолар, хусусан фиқҳий мазҳаблар ўртасида Жума намози шартлари ҳақида хилма-хил фикрлар мавжуд.

Жума ўқиладиган макон ҳақида гапириладиган бўлса юқорида ўрганган ҳадисларимизни, Абдурраззоқнинг Макка билан Мадина орасидаги сувли жойларнинг аҳли жума ўқишларини ва уларни ҳеч ким айбламагани ҳақидаги саҳиҳ ҳадисини ҳамда Лайс ибн Саъднинг:

«Жамоаси бор ҳар бир шаҳар ва қишлоқ аҳли Жума ўқишга амр қилинганлар. Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумоларнинг вақтларида шаҳар аҳолиси ҳам, унинг атрофида яшовчилар ҳам икковларининг амри билан Жума ўқир эдилар. Бас, Жума ҳар бир шаҳар ва қишлоқда ўқилади» деган ривоятларини далил қилиб келтирган жумҳур ҳар жойда Жума намози ўқилса жоиз дейди.

Ҳанафий мазҳабида эса Жума намози фақат шаҳарда ўқилади, дейилган. Улар фақат жамловчи шаҳардагина Жума ва ийд намози ўқилур, деган ҳадисни далил қилиб келтирганлар.

Фиқҳ китобларида Жума ўқиш учун зарур бўлган бошқа шартлар ҳам батафсил зикр қилинган.

Жума намоз ўқиш учун зарур бўлган намозхонлар адади ҳақида ҳам турли фикрлар айтилган.

Шофеъий мазҳабида Жума ўқиш учун энг ози қирқ киши бўлиши керак, дейилади. Улар юқорида ўрганган ҳадисимизни далил қилиб келтирадилар.

Шофеъийларнинг яна бир далиллари Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадисдир:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан Жума ўқидилар. Охири келган одам мен эдим. Биз қирқ киши эдик.

У зот алайҳиссалом:

«Албатта, сизлар тўғри йўлни топган, нусрат берилган ва файзу футуҳ берилган кишиларсиз», дедилар».

Шофеъийларнинг бу фикрларига қўшилмайдиганлар мазкур ривоятларда Жума намозида қирқ киши иштирок этгани ҳақида хабар берилмоқда, бу қирқтадан оз бўлса Жума ўқиб бўлмайди, дегани эмас, дейдилар. Ҳамда қирқ кишидан оз жамоат Жума ўқигани ҳақида далил келтирадилар.

Моликий мазҳаби Жума намоз ўқиш учун энг ози ўн икки киши бўлиши керак, дейди.

Улар ўзларининг бу гапларига Пайғамбар алайҳиссалом Жума хутбасини ўқиб турганларида Мадинага савдо карвони келиб қолиб, шов-шув овозлари чиққанда масжиддан одамлар чиқиб кетиб, фақат ўн икки киши қолгани ва улар билан Жума намози ўқилганини далил қиладилар.

Ҳанафий мазҳаби ва бошқа жамоалар Жума намози имом билан яна уч киши бўлса ўқилаверади, дейишган.

Чунки Имом Табароний ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган ҳадисда:

«Жума имоми бор ҳар бир қишлоққа, агар фақат тўрт киши бўлсалар ҳам вожибдир», дейилган.

Сўнгра Жума дегани – жамоат дегани, араб тилида иккидан ортиқ кишига ҳам жамоат дейилади.

Ушбу гапларнинг ҳар бири ҳам ўз соҳибларининг нуқтаи назаридан тўғридир. Жума намозига маълум ададни шарт қилиб қўйган имомларимиз, Жума намози Исломнинг шиори экани, ҳафтада бир марта мусулмонлар катта жамоат билан дўсту душманнинг олдида ўзларини кўрсатсалар яхши бўлишини назарда тутганлар.

Бошқа имомларимиз эса масалага луғавий ва воқеий нуқтаи назардан қараганлар.

Зотан Жума намозида жамоат намозидаги ҳикматлардан ташқари ҳикматлар ҳам бор. Жума намози мусулмонлар жамоасининг ҳафталик катта йиғини ҳамдир. Унда иштирок этганлар бир ҳафталик воқеаларни муҳокама қилиш, келаси ҳафтанинг режасини тузиш имконига ҳам эга бўладилар.

Бундан бошқа яна қанча ҳикматлар бор. Шунинг учун Жума намозида иложи борича катта жамоат бўлиши яхши, лекин катта жамоат иложи бўлмаган жойда Жумани ман қилиш ҳам дуруст эмас. Эҳтимол, шунинг учун ҳам фиқҳий мазҳабларимиз уламолари Жума намози ҳақидаги қадимги ижтиҳодлар самараси ўлароқ қўйилган шартларни маҳкам ушлаб олмай, вақт ўтиши билан тўлдиришлар киритиб борганлар.

Ҳозирги воқеълигимизга назар соладиган бўлсак, Жума намози ҳақидаги фиқҳий мазҳабларимиз имомларининг ижтиҳодлари бир-бирига қовушиб кунимиз талабларига жавоб берадиган бир ҳолга келган.

Зотан, фиқҳий мазҳабларимизнинг ижтиҳоддаги ҳур фикрликлар ва хилма-хилликлар самараси ҳам шунда.

 

УЗР ИЛА ЖУМА СОҚИТ БЎЛАДИ

 

Аллоҳ таоло: «Ва сизларга динда ҳеч танглик қилмади», деган. (Ҳаж: 78)

Шарҳ: Динда танглик қилмаслик, Исломнинг осонлик дини эканлигининг асосидир.

Исломда танглик йўқлиги ҳақида сўз борганида инсонга тоқатидан ташқари нарсани амр қилмаслик англанади. Инсон ўзининг дангасалиги туфайли хоҳламаган нарса танглик ҳисобланмайди.

Аллоҳ таоло Жума намозини фарз қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жума намозини тарк қилганларга қаттиқ таҳдид маъносидаги ҳадисларни айтдилар. Лекин шу билан бирга узрли кишилардан Жума намози фарзлиги соқит бўлади.

 

Ибн Аббос розияллоҳу анъу ёмғирли кунда ўз муаззинига: «Қачон, «Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ» десанг, Ҳайя алас Солаҳ» дема, «Соллу фии буютикум» – уйингизда намоз ўқинг», дегин», деди.

Бас, одамлар буни инкор қилгандек бўлдилар. Шунда: «Бу ишни мендан яхши бўлган зот қилганлар. Жума қатъий фарздир. Мен сизларга лойда, ёмғирда юриб танглик бўлмасин, дедим», дедилар». Учовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу доимо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига тўлиқ амал қилиб келган олим саҳобийлардан. У киши бор жойда баъзи катта саҳобалар ҳам илмий гапларда эҳтиёт бўлар эдилар.

Ёмғир ёғиб турган куни Жума намозига азон айтиш керак бўлиб қолди. Шунда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўз муаззинларига азонни айтиб «Ҳайя алас Солаҳ» – намозга келинг, деган ибораси ўрнига «Соллу фии буютикум» – уйларингизда намоз ўқинг» деб айтишини амр қилдилар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг бу гапларини эшитган одамлар у кишига эътироз қила олмасалар ҳам, бу қандоқ бўлди?! Ёмғир ёғса, Жума ўқилмайдими, деган инкор маъносида имо-ишоралар қилишди.

Буни закий инсон Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу дарҳол тушундилар. Одамларнинг бу инкорларини дарҳол муолажа қилишга киришдилар. У киши ушбу ишни ўз-ўзларидан чиқариб қилмаётганларини, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб, у зоти бобаракотнинг суннатларига амал қилиб шундоқ қилаётганларини эълон қилдилар.

Демак, табиий ноқулайликлар туфайли Жума намози фарзи соқит бўлар экан.

 

Абу Малийҳ розияллоҳу анҳудан у киши ўз отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Ҳудайбия вақтида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни Жума куни, уларни ёмғир тутганда, ковушларининг ости ҳўл бўлмаганда, ўз жойларида намоз ўқишга амр қилганларини кўрган экан». Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийси Абу Малийҳ розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.

Абу Малийҳ куняси билан машҳур бўлган бу кишининг исмлари Омир ибн Усома ал-Ҳузамийдир. Тобеъинлардан эдилар.

Ҳадисларни оталаридан, Маъқал ибн Ясор, Нубайшатал Ҳузамий, Авф ибн Молик, Оиша онамиз, Ибн Аббос, Абу Изза ал-Ҳузамий, Ибн Умар, Ибн Амр ибн Осс, Жобир, Авс, Абдуллоҳ ибн Утба ибн Абу Суфён ва бошқа саҳобалардан ривоят қилдилар.

Бу кишидан ўғиллари Абдурраҳмон, Муҳаммад, Мубашшир ва бошқалар ривоят қилишди. Бу зот ҳижратнинг 98-йили вафот этдилар.

Ҳудайбия аслида Маккаи Мукаррамага Жидда томондан кираверишдаги бир қудуқ бўлиб, ўша ердаги маконнинг ҳам номи шундай эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги саҳобалар Мадинаи Мунавварада Байтуллоҳни зиёрат қилиш учун ният қилиб, эҳром боғлаб чиққанларида, мушриклар йўлларини тўсган вақтда ўша жойда тўхтаганлар. Кейин мусулмонлар билан мушриклар ўртасида музокаралар бошланган. Охири сулҳ тузилган. Бу сулҳ тарихда «Ҳудайбия сулҳи» номи билан машҳур.

Исломий манбаларда «Ҳудайбия» дейилганда ана ўша воқеалар кўзда тутилади. Аллоҳ хоҳласа, кези келганда бу ҳадис батафсил ўрганилади.

Ушбу ривоятда баён қилинишича, ўша машҳур Ҳудайбия воқеасида Жума куни бироз ёмғир ёққанида, кишилар «ковушларининг таги ҳўл бўлмаганда» ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жумага келмай, ҳамма ўз жойида намози Пешинни ўқиб олишига амр қилган эканлар.

Баъзи бир кишилар ушбу ривоятни далил қилиб, озгина ёмғир ёғса ҳам Жуманинг фарзи соқит бўлар экан, дейишлари мумкин.

Аммо машҳур тўрт фиқҳий мазҳаб имомлари, Жума намозининг соқит бўлишига қаттиқ, шиддатли ёмғир узр бўлади, енгил, машаққат туғдирмайдиган ёмғир узр бўлмайди, деганлар.

Баъзилар эса мана, мазҳаблар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига қарши чиқмоқдалар. Фиқҳий мазҳабларнинг имомлари ҳадисни ташлаб, ўз фикрларини одамларга тиқиштирмоқдалар, фиқҳ, дегани Аллоҳнинг амрини қўйиб, Абу Ҳанифа ёки Моликнинг амрига юришми, дейишлари мумкин.

Лекин аслида шундоқми?

Қани фақиҳ имомларимиз бунга нима дейдилар?

Мазкур ривоятнинг ва унда зикр қилинган ишнинг содир бўлганини ҳеч ким инкор этмайди. Аллоҳ раҳмат қилсин муҳаддислар улкан меҳнат эвазига бу ривоятни исбот қилганлар.

Шу билан бирга ҳадисни ривоят қилиш бошқа нарса, ундан ҳукм чиқариш эса бошқа нарсадир.

Ҳудайбияда озгина ёмғир ёғиши туфайли Жума намозининг бекор қилинишини ҳамма замон ва маконга татбиқ қилиб бўлмайди.

Чунки Ҳудайбияда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар сафарда эдилар. Уларга мусофир бўлганлари учун шундоқ ҳам Жума ўқиш лозим эмас эди. Шунинг учун бу ишни фақат ёмғир туфайли бўлган, дея олмаймиз.

Хулоса шуки, машаққатга сабаб бўладиган, жамоат намозига узр, деб ҳисобланган узрлар, Жума намозига узр ҳисобланади.

 

ЖУМАГА ЭРТА БОРИШ ВА ҒУСЛ ҲАҚИДА

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Жума куни жунубликнинг ғуслини қилса, сўнгра биринчи соатда борса, худди туя қурбонлик қилгандек бўлади. Ким иккинчи соатда борса, худди қорамол қурбонлик қилгандек бўлади. Ким учинчи соатда борса, худди шохли қўчқор қурбонлик қилгандек бўлади. Ким тўртинчи соатда борса, худди товуқ қурбонлик қилгандек бўлади. Ким бешинчи соатда борса, худди тухум қурбонлик қилгандек бўлади. Қачонки, имом (хутбага) чиқса, фаришталар зикр тинглашга ҳозир бўлурлар», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Жума намози учун ғусл қилиш ва унга эрта бориш қанчалик савобли иш экани ажойиб услуб билан баён қилинмоқда.

«Жунубликнинг ғуслини қилса» дейилгани, жунубликдан қандоқ қилиб ғусл қилса, Жума учун ҳам шундоқ ният ва амаллар билан ғусл қилиш лозимлиги тушунилади.

Ҳадиси шарифдаги «соат»дан уламоларимиз фалакий соатларни тушунганлар.

Демак, Жума кунининг тонгидан то Жума намози вақти киргунча бўлган соатларнинг аввалгисида борганлар худди туя сўйиб, хайру эҳсон қилган кишининг савобини олади. Кейинги соатларда борганлар учун эса бериладиган савобнинг ҳажми кичрайиб бораверади.

Ҳадиси шарифнинг охирида Жума куни ва намозининг яна бир улкан фазли – имом хутбага чиққанида уни тинглаш учун фаришталар ҳозир бўлиши ҳақида сўз бормоқда.

Демак, Жума намозига нафақат мусулмон бандалар, балки, фаришталар ҳам қатнашар экан. Албатта, бундоқ жамоат энг хайрли, энг баракали, энг файзли жамоат бўлади. Бундоқ жамоатга ювиниб-таранмай яхши кийимларини киймай, хушбўй нарсалар сепмай бориб бўлмайди. Бундоқ жамоатга қанча эрта борса, шунча яхши. Унга ҳеч кеч қолиб бўлмайди.

 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, Жума куни бўлса, масжиднинг эшикларидан ҳар бир эшикда фаришталар турур ва келганни ёзиб турурлар. Бас, қачон имом келса, саҳифаларни ёпиб зикрни тинглашга келурлар. Эрта борувчи худди туя қурбонлик қилган кабидир. Сўнгра, худди қорамол қурбонлик қилган каби. Сўнгра, худди қўчқор қурбонлик қилган каби. Сўнгра, худди товуқ қурбонлик қилган каби. Сўнгра, худди тухум қурбонлик қилган каби», дедилар». Икки шайх ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф ҳам юқоридаги ҳадисга ўхшаб Жума намозига эрта боришга тарғиб қилмоқда. Бу ҳадисдаги зиёда масжиднинг ҳар бир эшигида фаришталар туриб олиб, Жума намозига келаётганларни ёзиб туришидир. Биз ушбу нарсани доимо ёдимизда тутмоғимиз лозим.

Яна бир ёдда тутиш зарур бўлган нарса, имом Жума намози хутбасини бошлаганда, фаришталар Жумага келганларнинг номини ва савобини ёзиб турган китобларини ёпиб, хутба тинглашга келишлари. Демак, ҳеч бўлмаганда Жумага имом хутбага чиқишдан олдин келиш керак. Ҳамда хутбага жиддий эътибор ила қулоқ осиш керак.

 

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирортангиз Жумага келса, ғусл қилсин», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда Жума намозига борадиган ҳар бир намозхон ғусл қилиб келишига тарғиб қилиш бор. Чунки Жума намозига кўпчилик келади. Хусусан, иссиқ пайтларда кишиларнинг терлаши бор. Агар ҳамма ювиниб, тараниб келса, турли ҳидлар тарқалмайди. Тўпланган намозхонлар ҳам, ҳозир бўлган фаришталар ҳам нохуш ҳидлардан озор топмайдилар. Бунинг учун ғусл қилиб, ювиниб-тараниб туриш ҳар бир инсоннинг озодалик ва соғлик омили туфайли ҳам зарурдир.

 

Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жума кунининг ғусли ҳар бир эҳтилом бўлувчига вожибдир», дедилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бунда ҳам олдинги маъно таъкидланмоқда.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аллоҳ таоло учун ҳар бир мусулмонга етти кунда бир марта ғусл қилмоқ вожибдир», дедилар». Икки шайх ва Насаий ривоят қилган.

Насаийнинг лафзида: «Ҳар бир мусулмон одамга етти кунда бир марта ғусл қилмоқ вожибдир. У кун Жума кунидир», дейилган».

Шарҳ: Зоҳирийлар ва бир ривоятда Имом Аҳмад ушбу ривоятларни эътиборга олиб, Жума куни ғусл қилиш вожибдир. Ўша куни ғусл қилмаган одам тарки вожиб қилган инсон сифатида гуноҳкор бўлади, дейдилар.

Бу нарса ўша вақтлар учун озодалик йўлида катта инқилоб эди. Ҳеч бир томон жорий қилмаган иш ҳамда исломнинг озодалик дини эканининг ёрқин далили эди.

 

Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Жума куни таҳорат қилса, суннатдир ва қандоқ ҳам яхши. Ким ғусл қилса, ғусл афзалдир», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган.

Шарҳ: Жумҳур уламолар ушбу ривоятга алоҳида эътибор бериб, Жума куни ғусл қилиш мандубдир. Чунки бу ривоят олдинги ривоятларнинг ғуслни вожиб эканлиги ҳақидаги кучини бироз кесади, дейдилар.

Нима бўлганида ҳам Жума намози учун ғусл қилмоқ яхши ишдир. Имконини топиб шу ишни қилишга ҳаракат қилиш яхшидир.

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга мисвок ҳақида кўп гапирдим», дедилар». Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисни бу жойда келтиришдан мурод, Жумага боришдан олдин мисвок қилиб, оғизни тозалаб олиш кераклигини таъкидлашдир. Бу савоби улуғ бир иш бўлиб, Жума куни яна ҳам савобли бўлади. Оғиздан чиқадиган нохуш ҳидларни йўқотиб, Жумага тўпланганларни нохуш ҳидлар озоридан сақлайди.

 

ХУШБЎЙ НАРСАЛАР, МОЙ СУРТИШ ВА ОРОЙИШ БЕРИШ

 

Салмони Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Жума куни ғусл қилиб, иложи борича покланиб, ўз мойидан мой суртиб, уйидаги хушбўй нарсалардан суртиб, сўнгра чиқиб, икки кишининг орасини ёрмай (жой топиб) ўзига битилган намозни ўқиса ва имом гапирганда жим туриб қулоқ солса, албатта, унинг ўтган Жумадан бунгача бўлган нарсалари мағфират қилинади», дедилар».

Абу Ҳурайра: «Уч кун зиёдаси билан. Чунки ҳар бир яхшилик ўн мислга кўпайтирилур», деди». Икки шайх ривоят қилган.

Абу Довуднинг лафзида:

«Ким Жума куни ғусл қилиб, энг яхши либосларидан кийса, агар хушбўй нарсаси бўлса ундан суртса, сўнгра Жумага бориб, одамларнинг елкасига туртмаса, кейин ўзига битилган намозни ўқиса, имоми чиқса, у намозидан фориғ бўлгунча қулоқ осса, бу (Жума) билан ундан олдинги Жума орасидаги нарсага каффорат бўлади», дейилган.

Шарҳ: Очиқ-ойдин кўриниб турибдики, Жума намози ҳар бир мўмин-мусулмон банда учун бир ҳафтада бир марта бериладиган қулай фурсат. Бу қулай фурсатдан фойдалана олиш керак. Ушбу ҳафталик қулай фурсат кунини баъзи ривоятларда, Аллоҳ мусулмонларга ийд қилиб қўйган кун, дейилган. Ана ўша кунда мусулмон кишига одатдаги кунлардан кўра кўпроқ савоб ишлаб олиш имкони берилганини юқорида ўрганган ҳадисларимиздан билиб олдик.

Ушбу ҳадиси шарифларда эса Жума намози баъзи бир Аллоҳ билан банда орасидаги таҳорат ва беш вақт намоз каби ибодатлар билан ҳам ювилмай қолган ҳафталик кичик гуноҳларни ювиб юбориш учун қулай фурсат эканини билиб олмоқдамиз.

Ана ўша бахтга муяссар бўлиш учун қуйидаги ишларни қилиш керак экан:

1. «Ғусл қилиш».

Бу ҳақда олдин ҳам гапирилди.

2. «Иложи борича покланиш».

Бунга қовуқ ва қўлтиқ остидаги тукларни тозалаш, тирноқларни қисқартириш ва мўйлабни текислаш каби шахсий поклик ишлари ҳам киради. Жума куни шу ишларни қилиш зарур.

3. «Мой суртиш».

Бунда сочни мойлаш кўзда тутилади. Айниқса, иссиқ ўлкаларда сочни яхшилаб тараб, унга хушбўй мой суртиш яхши одат бўлган.

4. «Хушбўй нарсалар суртиш».

Атир, миск каби нохуш ҳидларни кетказадиган хушбўй нарсаларни сепиб Жумага борилса, жамоатда ажойиб бир яхши ҳид пайдо бўлишига ҳисса қўшилган бўлади.

5. Жумага кетаётиб энг яхши кийимларидан кийиб олиш. Чунки Жума ҳафталик байрам куни. Мусулмонларнинг тўпланиш куни. Дўсти душманнинг олдида мусулмонлар ўзини кўрсатадиган кун. Ўша куни чиройли кийимлар билан гўзал бўлиб кўриниш яхши.

6. Масжидга борганда ўзидан олдин келиб ўтирганларни елкаларини туртиб, ёриб олдинга ўтмаслик. Балки бўш жойни топиб, ҳеч кимга халақит бермай ўтириш жуда ҳам матлубдир.

7. Жумага борган одам имом хутба қилмаётган бўлса, дарҳол намоз ўқиб олиши керак.

8. Имом хутбага чиқса, жим туриб қулоқ солиш лозим.

Ким шу ишларни қилса ўтган Жумадан буён қилган гуноҳлари мағфират қилинади. Таъкидлаб айтиш керакки, Аллоҳ билан бўлган муносабатдаги кичик гуноҳлар мағфират қилинади.

 

ЖУМАГА ЮРИБ БОРИШНИНГ ФАЗЛИ

 

Авс ибн Авс ас-Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Жума куни ювса ва ғусл қилса, сўнгра эрта борса, пиёда юриб, (улов) минмаса, имомга яқинроқ ўтирса ва тингласа, беҳуда (ҳаракат) қилмаса, унинг ҳар бир қадамига бир йилнинг амали берилур, унинг рўзаси ва бедорлиги ажри берилур», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган.

Шарҳ: Аввало ҳадис ровийлари Авс ибн Авс розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.

Авс ибн Авс ас-Сақафий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига, Сақиф қабиласи номидан элчи бўлиб келганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу зотга намоз ва таҳоратни ўргатадилар. Шунинг учун ҳам Авс ибн Авс розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намоз ва таҳоратга оид кўп ҳадислар ривоят қиладилар.

Авс ибн Авс розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисларнинг бизгача етиб келишига, Абу ал-Ашъас, Санъоний, Абу Асмоъ ар-Раҳабий, Убода ибн Насаий, Абдулмалик ибн Муғиралар катта ҳисса қўшишган.

Бу зот ҳижратнинг 59-йили Шомда вафот этдилар.

Жума намози осон йўл билан улкан савоблар ишлаб олиш учун қулай фурсат эканини олдин ҳам айтиб ўтган эдик. Ушбу ҳадиси шарифда баъзи бир иш билан, энг муҳими, ният билан пиёда юриб бориш ила ҳар бир босган қадам учун бир йиллик ибодатнинг, рўзаси-ю тунги бедорлик ибодатининг савобига сазовор бўлиш мумкинлиги ҳақида сўз бормоқда. Мазкур улуғ мақомга эришиш учун қуйидаги ишлар қилиниши керак.

1. «Ким Жума куни ювса».

Яъни, ювиши керак бўлган нарсаларни ювса. Хусусан, сочини яхшилаб ювишни уламоларимиз таъкидлаганлар.

2. «Ғусл қилса».

Бу ҳақда кўп гапирилди.

3. «Эрта борса».

Яъни, Жума учун ният билан эрта борса. Бу ҳам олдин гапириб ўтилди.

4. «пиёда юриб, (улов) минмаса».

Ҳадиси шарифдаги айни шу жумла уни ушбу биз ўрганаётган «жумага юриб боришнинг фазли» бобида келтирилишига сабаб бўлган.

Яъни, жумага савоб умидида пиёда юриб боришлик фазилатли иш экан. Албатта, соғ-саломат инсон пиёда юриб намозга борса, ҳар тарафлама ўзига фойда бўлиши турган гап.

5. «имомга яқинроқ ўтирса».

Албатта, имомга яқин ўтиришда яхшиликлар кўп. Жумладан, аввалги сафдан ўрин олади, хутба, қироат ва дуоларни яхши эшитади. Энг муҳими, катта ажру савобларга эга бўлади.

6. «тингласа».

Яъни, жумага борган одам тинглаш лозим бўлган хутба, қироат ва дуоларни яхшилаб тингласа. Хусусан, жума куни хутбадаги ваъз - насиҳатни тинглаш, ўрнак олиш ўта муҳим иш ҳисобланади.

7. «беҳуда (ҳаракат) қилмаса»

Чунки озгина беҳуда ҳаракат ҳам, ўша ҳаракатни қилувчини ҳам, унинг атрофидаги бошқа жумага келганларни ҳам чалғитиб, кўпгина фойдалардан бебаҳра қилади.

Ҳадиси шарифда ушбу етти ишни амалга оширган мусулмонларга улкан хайр-баракалар ваъда қилинмоқда, зотан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

«унинг ҳар бир қадамига бир йилнинг амали берилур, унинг рўзаси ва бедорлиги ажри берилур», дедилар».

Бас, шундоқ экан ушбу ишларни ҳар жума ихлос билан адо этиб, ваъда қилинган ажр-савобларни олишга ҳаракат қилайлик.

 

ЖУМА ВА АЗОН ВАҚТИ

 

. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жумани қуёш оққан пайтда ўқир эдилар». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Шарҳ: Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда Жума намозини қуёш қиёмдан оққан пайтда ўқиганлар. Бу эса Пешин намози вақтидир.

 

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жумани ўқир ва қайтар эдик. Ҳамда ўзимизни соялантириш учун деворларнинг соясини топмас эдик». Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ривоятдан Жумани олдинги вақтда ўқилиши, Жума хутбаси қисқа бўлиши англанади. Қуёш қиёмдан заволга кетиши билан Пешин каби Жуманинг ҳам вақти бошланади ва Аср вақти киргунча давом этади.

 

Соиб ибн Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят: «Жума кунининг аввалги нидоси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умарнинг даврларида имом минбарга ўтирганда бўлар эди. Усмон (халифа) бўлганида одамлар кўпайиб кетиб, Завроонинг устида учинчи нидони зиёда қилди». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Бошқа бир ривоятда:

«Иш шундоқ собит қолди», дейилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги нидодан мақсад азон. Нидони учта, дейиши эса азон ва иқома эътиборидандир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва икки халифалари; Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, ҳазрати Умари Одиллар даврида имом минбарга чиққанда азон айтилар, хутба ўқиб бўлиб минбардан тушганда иқома айтилар ва намоз ўқилар эди.

Аммо ҳазрати Усмон халифа бўлганларида Ислом диёри кенгайган, мусулмонлар сони кўпайган эди. Имом минбарга чиққандан кейин азон айтиб, хутба қилиб, ундан сўнг Жума намози ўқиладиган бўлса, узоқроқдаги кишилар азонни эшитгандан сўнг ҳаракат қилиб, масжидга келсалар, намозга кеч қоладиган бўлиб қолди.

Чунки у пайтларда соатлар йўқ эди. Кишилар намоз вақти кирганини азон айтилганидан билар эдилар.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида одамлар намозга кеч қолаётганлари мулоҳаза қилинганидан кейин, уларни олдинроқ хабардор қилиш учун, Жума намози вақти кириши билан бир қўшимча азон айтиш жорий қилинди.

Бу азонни Мадинаи Мунавваранинг бозори ичидаги «Завроо» деб аталган жойда, бир уйнинг томида айтилар эди. Бозор қилиб, бошқа ишлар билан машғул бўлиб юрган одамлар ўша биринчи азонни эшитганларидан сўнг Жума намозининг вақти кирганидан хабардор бўлиб, ишларини йиғиштириб, таҳорат қилиб масжидга тўпланар эдилар.

Пешин намозининг ҳақиқий вақти бўлганда эса имом минбарга чиқар ва муаззин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳазрати Абу Бакр ва Умарлар вақтидаги каби азонни айтар ва одатдагидек давом эттирилиб кетар эди.

Бу иш ўз самарасини кўрсатди. Кишилар Жума намозига кеч қолмайдиган бўлиб қолдилар. Шунинг учун ҳаммага маъқул келиб, Жума намозига икки марта азон айтиш ҳамма жойларда жорий қилиниб собит бўлиб қолди.

Ҳозир ҳам ҳамма жойларда ва мазҳабларда шу нарсага амал қилинади. Ҳеч ким нима учун бундоқ, деб эътироз билдирмайди. Шундоқ бўлиши керак ҳам.

 

ХУТБА ҲАҚИДА

 

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик турган ҳолда хутба қилар, кейин ўтириб, худди ҳозир сиз қилаётганингиздек, яна турар эдилар». Бешовлари ривоят қилган.

Абу Довуднинг лафзида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон минбарга чиқсалар муаззин (азондан) фориғ бўлгунча ўтирар эдилар. Сўнгра тик туриб хутба қилар, кейин ўтириб, гапирмас ва яна туриб хутба қилар эдилар», дейилган.

Бошқа бир ривоятда эса: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки хутбалари бўлиб, уларнинг орасида ўтириб олар эдилар. Уларда Қуръон ўқир ва одамларга эслатмалар қилар эдилар», дейилган.

Шарҳ: Хутба сўзи бир кишининг бошқаларга хитоб қилишидир. Жума намозига тўпланган мусулмонларга хитоб қилиб, уларга ваъз-насиҳат, иршод-далолат қилиш Пайғамбар алайҳиссаломнинг доимий одатлари бўлган. Бирор марта хутбасиз Жума ўқиганлари маълум бўлмаган.

Шу омилдан келиб чиқиб, жумҳур уламолар, Жуманинг хутбаси вожибдир, дейдилар. Бу ҳукмни тасдиқловчи бошқа далиллар ҳам бор.

Дарҳақиқат, Жума куни ҳафтанинг байрами бўлиши билан бирга, муаммоларни муҳокама қиладиган кун ҳамдир. Шу билан бирга мусулмонларнинг бошлиқлари – имомларининг, ўз қавмига қарата ҳафталик мурожаат қилиш кунидир. Ушбу ҳафталик мурожаатда имомлар мусулмонлар жамоасига зарур бўлган масалаларни ёритиб, керакли иршодларни қилади. Шу жиҳатдан Жума намози хутбаси ўта муҳим нарсадир.

Ушбу ҳадиси шарифнинг турли ривоятларида Жума хутбасига тегишли бир неча масалалар ёритилмоқда:

1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо тик турган ҳолларида хутба қилганлар.

Шунинг учун ҳам уламолар хутбанинг шартларидан бири хутба қилувчининг тик туришидир, дейдилар.

Аллоҳ таоло тижорат келганидан хабар топиб, Жумадан чиқиб кетганлар ҳақида хабар бериб, Қуръони Каримда «Ва сени тик ҳолингда тарк қилдилар», деган. Яъни, сен тик туриб хутба қилаётганингда тарк қилиб чиқиб кетдилар, деганидир.

2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи хутбани қилиб бўлганларидан кейин бироз ўтириб олар эдилар. Шунинг учун бошқа хатиблар ҳам икки хутба орасида ўтириб олишлари керак.

3. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи хутбани тамомлаб бироз ўтирганларидан сўнг, кейин яна туриб иккинчи хутбани қилганлар.

4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жума куни минбарга чиқиб муаззин азон айтиб бўлгунча ўтириб турганлар. Муаззин азонни айтиб бўлганидан кейин ўринларидан туриб хутбани бошлаганлар.

5. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи хутбасини қилиб ўтирганларида гапирмаганлар.

6. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жума хутбаларида Қуръони Карим оятларидан ўқиганлар. Чунки энг яхши ваъз ва насиҳат Қуръон оятларидир.

Баъзи ривоятларда айтилишича, Жума хутбаларидан бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Қоф» сурасини ўқиганлари, ровий «Қоф» сурасини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хутбадаги қироатларидан ёдлаб олганлигини келтирган.

Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жума хутбаларида эслатма бўладиган гапларни айтганлар. Қисқача қилиб айтганда, мусулмонларга бир ҳафтага етадиган эслатма талқин қилганлар.

Жума кунги хутба Аллоҳ таоло томонидан мусулмон уммати учун, ўша умматнинг масъул кишилари учун яратилган қулай фурсат. Ўйлаб қарайдиган бўлсак, бундай фурсат ҳаммага ҳам берилавермаган. Ҳафтада бир марта кўпчилик бўлиб тўпланиб, одоб билан, иймон-эътиқод билан бошлиғимиз нима дер эканлар, деб кутиб туриш ҳар бир миллатда ҳам бўлавермайди. Турли тоифа, гуруҳ ва жамоалар ўз ғоясини одамларга етказиш учун ҳар хил чора ва тадбирлар кўришларига қарамай бир оз кишиларни бир жойга тўплаб, уларга ўз гапини айта олмай овора бўладилар. Исломда эса бу нарса ҳафталик ибодат шаклига келтирилган.

Аммо афсуслар бўлсинким, ҳозирга келиб, бу улкан имкониятдан тўлалигича фойдаланилмоқда, деб бўлмайди. Ҳар Жума куни юз миллионлаб мусулмонлар хутба эшитиш учун, Жума намозини ўқиш учун жомеъ масжидларда ҳозир бўладилар. Шу билан бирга кўплаб масжидлардаги хутбаларни талаб даражасида дея, олмаймиз.

 

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқир эдим, у зотнинг намозлари ҳам, хутбалари ҳам иқтисодли бўлар эди», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Абу Воил: «Аммор бизга хутба қилди. У хутбани мўъжаз ва балоғатли қилди. Биз унга:

«Эй, Абу Яқзон, батаҳқиқ, балоғатли ва мўъжаз қилдинг. Агар бироз нафас узайтирганингда яна ҳам яхши бўлар эди», дедик. Шунда у:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Киши намозининг узунлиги ва хутбасининг қисқалиги фиқҳидан аломатдир. Бас, намозни узун, хутбани қисқа қилинглар. Албатта, баёнда сеҳр бордир» деганларини эшитдим», деди». Муслим ва Аҳмад ривоят қилган.

Шарҳ: Намоз ва хутбанинг «иқтисодли» бўлиши жуда ҳам узун, жуда қисқа ҳам бўлиб кетмаслигидир. Мўъжаз ва ўртача бўлишидир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ва хутбалари ана шундоқ бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ишлари саҳобаи киромларга яхши ўрнак бўлган. Саҳобаи киромлар ҳам ҳабиблари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшатиб намоз ўқиб, хутба қилишга ҳаракат қилганлар.

Абу Воил розияллоҳу анҳунинг ривоят қилишларича, ўша мадрасаи Муҳаммадияни битириб чиқувчилардан бирлари, улуғ саҳобий Аммор ибн Ясир бир хутба қилибдилар. У кишининг балоғатли хутбаларидан баҳраманд бўлган Абу Воил ва унинг шериклари ҳазрати Аммор розияллоҳу анҳуга куняларини айтиб, Эй, Абу Яқзон! деб мурожаат қилибдилар ва балоғатли хутбангизни қисқа қилиб қўйдингиз, гар узунроқ қилсангиз, кўпроқ бахраманд бўлар эдик, дебдилар.

Шунда, Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳу бу ишни ўзларича қилмаганларини, балки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиб қилганларини айтибдилар.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Ҳар бир нарсада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиш зарурлиги.

2. Хутбани балоғатли ва мўъжаз қилиш мумкинлиги.

3. Хутбада унга ўхшаш баён қилиш ишларида сеҳрли таъсир борлиги.

Демак, хутба қилувчи кишиларимиз ушбу ҳадисга яхшилаб амал қилишлари керак. Хутбани мўъжаз қилишлари, ҳаддан ташқари чўзиб юбориб, одамларга малол келтириб қўймасликлари керак. Шунингдек, балоғатли сўз ва жумлаларни ишлатиб кишиларни сеҳрлаб қўйишлари лозим. Турли ноўрин сўз ва жумлаларни ишлатиб эшитувчиларнинг энсасини қотириш яхши эмас.

 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон хутба қилсалар, икки кўзлари қизариб, овозлари олий ва ғазаблари шиддатли бўлиб, худди, душман сизга эрталаб, кечқурун келиб қолди, деб лашкарни огоҳлантирувчи кишига ўхшаб қолар эдилар. У зот:

«Мен билан қиёмат мана бундоқ бўлиб қолганда юборилдим», деб кўрсатгич ва ўрта бармоқларини бирлаштириб кўрсатар эдилар. Яна:

«Аммо баъду, албатта, гапнинг яхшиси Аллоҳнинг китобидир. Ҳидоятнинг яхшиси Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир бидъат залолатдир», дер эдилар. Ва яна:

«Мен ҳар бир мўмин учун унинг ўз жонидан ҳам қимматлиман. Ким мол тарк қилса, унинг аҳлигадир. Ким қарз ёки зое (бола) тарк қилса, менга ва менинг зиммамгадир», дер эдилар». Муслим ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хутба қилаётган пайтларидаги ҳоллари ва хутбада айтадиган гапларидан баъзи намуналар келтирилмоқда.

Ривоятдан очиқ-ойдин кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қиладиган хутбаларини чин дилдан берилиб қилганлар. Ўзлари хутба қиладиган мавзу ила яшаганлар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётганларида худди лашкарни жангдан олдин душмандан огоҳлантираётган аскарбошига ўхшар эдилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётганларида кўзлари қизариб, овозлари баланд бўлиб, ғазаблари шиддатли бўлар эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳоллари эрталаб ёки кечқурун бостириб келаётган душман қаршисига ўз аскарини тайёрлаётган лашкарбошига жуда ҳам ўхшаб кетар эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилиб ўз умматларини дунёнинг қийинчиликларига қарши курашга ҳозирлар эдилар. Бу жангда ғолиб келиб дунё ва охиратда ғалабага эришишга чорлар эдилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хутбаларида гап-сўз, руҳий ҳолат билан бирга ишораларни ҳам ишлатар эдилар. Кўзлари қизариб, овозлари баландлаб, ғазаблари шиддатли бўлиши билан бирга, кишиларни қиёматнинг яқин қолгани билан огоҳлантирар ва ўзларининг Пайғамбар қилиб юборилганликлари ҳам қиёматнинг яқин қолгани аломати эканини айтиб, бунга икки бармоқларини бир-бирига жуфтлаб ишора қилиб кўрсатар эдилар.

Демак, хутба қилувчи хатибларимиз ҳам ушбу услубларни ишлатишлари керак. Энг муҳими, ўзлари гапираётган мавзу ила яшамоқлари, чин қалбларидан чиқариб гапирмоқлари керак. Шу билан бирга хутбалари таъсирли бўлиши учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур услубларини қўллашлари лозим.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча ўз хутбалари бошида ҳамду санодан сўнг:

«Аммо баъду, албатта, гапнинг яхшиси Аллоҳнинг китобидар. Ҳидоятнинг яхшиси Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир бидъат залолатдир», дер эдилар.

Ушбу қисқа, лекин ўта пурмаъно иборалар ила мўмин-мусулмонларни доимо эслатиб туриш лозим бўлганидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар. Ҳар бир мусулмон бу муборак сўзларни яхшилаб ёдлаб олиб, доимо эслаб юриши керак.

Хатиблар эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб одамларга бу сўзларни тез-тез эслатиб туришлари лозим. Мулоҳаза қилайлик-а, набавийнинг бу сўзлари нақадар, муҳим!»

1. «Гапнинг яхшиси Аллоҳнинг китобидир».

Дунёда ундан яхши китоб йўқдир. Шунинг учун бандалар барча эътиборларини Аллоҳнинг китоби – Қуръони Каримни ўрганишга ва унга амал қилишга қаратмоқлари лозим. Афсуски, бу нарсани ўрнига қўя олмаяпмиз. Кўпчилигимиз амал қилиш у ёқда турсин, Аллоҳнинг китобидан бир сўз ҳам билмаймиз. Билганларимиз жуда оз биламиз. Оз билганларимиз ҳам амал қилишда дангасамиз. Лекин эсимиздан чиқмасинки, ҳақиқатда, «Гапларнинг энг яхшиси Аллоҳнинг китобидир».

2. «Ҳидоятнинг яхшиси Муҳаммаднинг ҳидоятидир».

Дунёда бу ҳидоятдан яхши ҳидоят йўқдир. Ҳар бир инсон учун икки дунё бахт-саодат йўлини аниқ кўрсатиб берадиган ҳидоят Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятидир. У зотнинг ҳидоятларидан бошқа бу ишга, яъни, бандаларга икки дунё саодатини кўрсатишга даъвогарлик қилган нарса залолатдир.

Биз мусулмонлар бу ҳақиқатни яхшилаб англаб олиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларини мукаммал ўрганишга, унга сидқидилдан амал қилишга ўтишимиз керак. Икки дунё саодатини бошқа томондан излашимиз залолат эканини тушуниб етмоғимиз лозим.

3. «Ишларнинг ёмони янги пайдо бўлганларидир».

Яъни, динда йўқ бидъат сифатида янгидан пайдо бўлган нарса энг ёмон ишдир. Шунинг учун бидъат-хурофот ишлардан қочиш керак. Ишларнинг энг ёмони ўшалар эканини асло унутмаслик керак.

4. «Ҳар бир бидъат залолатдир».

Бидъат хурофот Исломда йўқ нарсани Исломдан деб кўрсатиш бўлиб, у залолатдир, адашишдир. Ҳар бир залолат эса дўзахга олиб боради. Ҳар бир мусулмон бу ҳақиқатни ҳам яхшилаб англаб олиши лозим.

Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг баъзи хутбаларида:

«Мен ҳар бир мўмин учун унинг ўз жонидан ҳам қимматлиман. Ким мол тарк қилса, унинг аҳлигадир. Ким қарз ёки зое (бола) тарк қилса, менга ва менинг зиммамгадир», дер эдилар.

Энди ушбу гапларни таҳлил қилиб кўрайлик:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир мўмин учун унинг ўз жонидан ҳам қимматлироқ бўлишлари, у зот бобаракот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир мўминнинг ҳидоятга бошлашлари ва ҳалокатдан қутқариб қолишларидандир.

«Ким мол тарк қилса, унинг аҳлигадир».

Яъни, ким вафотидан кейин ортидан молу, дунё тарк қилса уни ўз аҳли – меросхўрлари бўлиб оладилар.

«Ким қарз ёки зое (бола) тарк қилса, менга ва менинг зиммамгадир».

Яъни, ким вафот қилса-ю, ортидан қарз қолса, ўша қарзни узадиган одам бўлмаса ёки ёш болалар қолса-ю, уларни кафолатига оладиган одам ҳам бўлмаса, ўша қарз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳисобларидан, мусулмонларнинг Байтул молидан узилади. Ўша қаровсиз қолган ёш болалар ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёки Байтул молнинг қаромоғига ўтадилар.

Ҳозирги ҳаётимизда ушбу ривоятлардаги барча ишларга амал қилишга эҳтиёжимиз жуда ҳам кучли. Ушбу кўрсатмаларга оғишмай амал қилишимиз зарур.

 

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ҳожат хутбасини ўргатдилар: «Аллоҳга ҳамд бўлсин! Биз Ундан ёрдам сўраймиз ва биз Унга истиғфор айтамиз. Биз ўзимизнинг шаррларимиздан, яъни, амалларимизнинг ёмонларидан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз. Кимни Аллоҳ ҳидоятга бошласа, уни залолатга кетказувчи йўқдир. Кимни Аллоҳ залолатга кетказса, уни ҳидоят қилувчи йўқдир. Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ, деб шаҳодат берурман. Ва, албатта, Муҳаммад Аллоҳнинг Расули, деб шаҳодат берурман».

Сўнгра уч оятни ўқир эдилар: «Эй, иймон келтирганлар, Аллоҳга ҳаққини ўрнига қўйиб тақво қилинглар, фақат мусулмон бўлган ҳолингизда вафот қилурсиз».

«Эй, одамлар, сизни бир жондан халқ қилган ва ундан унинг жуфтини халқ қилган Роббингиздан қўрқингиз!»

«Эй, иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилингиз ва тўғри гапни гапирингиз...» оятларини.

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Лафз Насаийники.

Шарҳ: Хутба фақат Жума намозида эмас, балки бошқа муносабатлар ила ҳам айтилади. Жумладан, ушбу ривоятда зикр этилганидек, ҳожат хутбаси ҳам бор. Одатда ҳожат хутбаси шунга ўхшаш муҳим ишлар пайтида ўқилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган хутбада ўзимиз кўриб ўтганимиздек, Аллоҳ таолога ёлбориш. Ундан ёрдам сўраш, турли ёмонликлардан сақлашни сўраш маънолари бор. Шунингдек, Аллоҳ таолодан қўрқиш, У зотга тақво қилишга даъват қилувчи оятлар ҳам мавжуд.

Ушбу хутба матнини хатибларимиз турли муносабатлар ила жумладан, Жума хутбаларида ҳам ўқишади.

 

Ҳориса ибн Нўъмоннинг қизлари розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Мен «Қоф»ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан, Жумада хутба қилганларида ёдлаб олганман. Бизнинг таннуримиз билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таннурлари бир эди». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ривоятдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жума хутбасида «Қоф» сурасини ўқиганликларини билиб оламиз. Чунки бу сураи каримада, ўта таъсирли ваъзу иршодлар келган.

Шу билан бирга ҳадиснинг ровияси Ҳориса ибн Нўъмоннинг қизлари Умму Ҳишом розияллоҳу анҳонинг зеҳни заковатлари ўткир саҳобия эканликларини ҳам билиб оламиз.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ичида ташаҳҳуд бўлмаган ҳар бир хутба, худди мохов қўлга ўхшашдир», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган.

Шарҳ: Яъни, «Ашҳаду аллаа илаҳа Иллалоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳи» деган ибораси бўлмаган ҳар бир хутба, мохов қўлга ўхшаб хайр-баракасиз, бефайздир, деганлари.

Демак, ҳар бир хутбада ушбу шаҳодат калималарини айтиш керак.

 

ЖУМА НАМОЗИ

 

Умар розияллоҳу анҳу: «Жума намоз икки ракъатдир. Рўза ҳайити намози икки ракъатдир. Қурбон ҳайити намози икки ракъатдир. Сафар намози икки ракъатдир, тамомидир, қаср эмасдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидандир», дедилар». Насаий, Аҳмад ва Ибн Можалар ривоят қилган.

Насаий ва Термизийнинг ривоятларида: «Ким Жума намозидан бир ракъатини топса, батаҳқиқ, намозни топган бўлади», дейилган.

Дора Қутниийнинг ривоятида эса: «Ким Жумадан бир ракъатни топса, унга бошқа бир ракъатни қўшсин. Кимдан икки ракъат ҳам ўтган бўлса тўрт ракъат ўқисин», дейилган.

Шарҳ:

 

Ушбу ҳадиси шарифнинг турли ривоятларидан қуйидаги фойдаларни оламиз:

 

1. Жума намоз икки ракъат экани.

2. Рўза ҳайити намози икки ракъат экани.

3. Қурбон ҳайити намози икки ракъат экани.

4. Сафар намози ҳам икки ракъат экан. Аввал бошида тўла шундоқ фарз қилингани.

5. Ким Жума намозига кеч қолиб келиб, иккинчи ракъатга етса ҳам Жума намозини топган бўлиши.

6. Ким Жума намозининг иккинчи ракъатига етиб келса, имом салом бергандан кейин, ўзи яна бир ракъат қўшиб ўқиши кераклиги.

7. Ким Жума намозининг икки ракъатига ҳам етиши олмаса, Жумадан қолиши. Тўрт ракъат Пешин намози ўқиши кераклиги.

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жума намозида «Жума» сурасини ва «Мунофиқун» сурасини ўқир эдилар».

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда Жума намозининг биринчи ракъатига «Алҳамду»дан кейин «Жума» сурасини зам қилар эдилар. Чунки бу сураи каримада «Жума» намози ҳақидаги оятлар бор.

Иккинчи ракъатга эса «Мунофиқун» сурасини зам қилар эдилар. Бу сура мунофиқларнинг танқиди ва мўминларни улардан огоҳлантириш борлиги учун. Бу икки сурани тўлалигича ҳам ўқилади, улардан баъзи оятлар ўқилиш одати ҳам бор.

 

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки Ҳайит намозида ва Жумада «Саббиҳисма Роббикал Аъло» ва «Ҳал атака ҳадисул ғошия»ни ўқир эдилар. Қачон Ҳайит ва Жума бир кунда жамланиб қолса, иккала намозда ҳам ўша иккови (сура)ни ўқир эдилар».

Шарҳ: Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жума намозида фақат «Жума» ва «Мунофиқун» сураларинигина эмас, бошқа сураларни ҳам, жумладан, «Аъло» ва «Ғошия» сураларини ҳам зам сура қилар эканлар.

Агар Жума куни Ҳайит бўлиб қолса, ҳам Ҳайит намозида, ҳам Жума намозида «Аъло» ва «Ғошия» сураларини зам қилган ҳоллари ҳам бўлган экан.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон Жумадан кейин намоз ўқийдиган бўлсангиз тўрт ракъат ўқинг», дедилар». Ушбу уч ҳадисни бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бундан Жума намозининг фарзидан кейинги суннат тўрт ракъат эканлиги саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлгани келиб чиқади.

 

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши Жумадан олдин тўрт ракъат, Жумадан кейин тўрт ракъат намоз ўқир эдилар. Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоят Жума фарзидан олдин тўрт ракъат, Жума фарзидан кейин тўрт ракъат суннат ўқиш учун далил ва ҳужжатдир.

Аммо баъзи кишилар бошқалардан таъсирланиб, Жуманинг фарзидан олдин тўрт ракъат суннат ўқиш нотўғри дейишларига мутлақо ўрин йўқ.

 

ХАТИБ ВА ҲОЗИР БЎЛУВЧИЛАРНИНГ

ОДОБЛАРИ ҲАҚИДА

 

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жума куни минбарда туриб: «Сизнинг бирингиз агар Жума куни учун меҳнат кийимидан бошқа икки кийим сотиб олса қандоқ ҳам яхши бўлар эди», деганларини эшитдим». Ибн Можа ва Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийси Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.

Абдуллоҳ ибн Салом ибн Ҳорис Ансорий ал-Хазражий, кунялари Абу Юсуф. Сулолалари Юсуф ибн Яъқуб ибн Исҳоқга етиб боради. Бу кишининг исмлари жоҳилиятда Ҳусайн эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ деб, ўзгартирадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага борганларида, Абдуллоҳ ибн Салом аввалгилардан бўлиб Исломга кирдилар. Бу зот шаънларига, Қуръоннинг «Раъд» ва «Аҳқоф» сураларида оят нозил бўлган.

Буюк муфассирлардан имом Ибн Касир тафсирларида, Имом Бухорий, Муслим, Насаийларни Моликдан қилган ривоятларини келтириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Абдуллоҳ ибн Саломдан бошқа бирор кишини «Жаннат аҳлидан бўлиб Ер юзида юради», деганларини эшитмадим, деб айтадилар.

Абдуллоҳ ибн Салом ҳаммаси бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 25 та ҳадис ривоят қилганлар.

Бу зотдан ўғиллари Юсуф ва Муҳаммад, Абу Ҳурайра, Анас ибн Молик, Зирора ибн Авф ва тобеъинлардан ҳам бир нечалари ривоят қилишган.

Абдуллоҳ ибн Салом, Умар ибн Хаттоб билан бирга Байтул Мақдис ва Жосияларни фатҳ этишликда иштирок этдилар.

Али розияллоҳу анҳу билан Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳулар ўртасида бўлган фитналарда, тахтадан қилич қилиб олиб, бу фитналарни барчасидан четландилар.

Вафот этгунларига қадар Мадинада истиқомат қилдилар. Ҳижратнинг 43-йили оламдан кўз юмдилар.

Бу ҳадиси шарифдан ҳар бир мусулмон киши Жума куни намозга кийиб бориши учун янги ва яхши кийим қилиб қўйиши марғуб эканлигини билиб оламиз.

Иш кийими билан Жумага бориш яхши эмас. Одам ишлаганда терлайди, турли нарса кийимига тегади, булар ҳаммаси турли нохуш ҳидлар тарқалишига сабаб бўлади.

Жума намози эса ҳафталик байрам, мусулмонлар жамоаси тўпланадиган маросим. Унда ҳам манзара, ҳам ҳидлар гўзал бўлиши керак. Бу ҳолат эса ҳар бир инсон алоҳида яхши кийим кийиб Жумага борганда юзага келади.

Шунинг учун Жума намозига ғусл қилиб озода кийимларни кийиб боришни одат қилишимиз керак.

 

Ҳакам ибн Ҳазн ал-Кулофий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жумага ҳозир бўлдик. У зот асо ёки камонга суянган ҳолда туриб, Аллоҳга енгил, гўзал ва муборак калималар ила ҳамду сано айтдилар. Сўнгра:

«Эй, одамлар, албатта, сизлар мен амр қилган нарсанинг ҳаммасига тоқат ҳам, амал ҳам қила олмайсизлар. Лекин собит қадамли ва башоратли бўлинглар», дедилар». Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган. Ибн Сакан, саҳиҳ, деган.

Шарҳ: Аввало бу ҳадиснинг ровийси Ҳакам ибн Ҳазан ал-Кулафий розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.

Ҳакам ибн Ҳазан ал-Кулафий, Тамим қабиласидан бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келганларида, у зот бу кишини меҳмон қиладилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида бўлиб, бир нечта ҳадислар ривоят қиладилар.

Ушбу ҳадисдан қуйидаги фойдалар олинади:

1. Жума хутбасини қилувчи хатиб қўлидаги асо ёки бошқа бирор нарсага суяниб туриши яхшилиги. Бу унга тик туришда, хутбани кучлироқ қилишда ёрдамчи бўлади.

Ушбу ривоят асосида кўпгина жойларда хутба минбарлари ёнига хатиблар учун асо ҳам тахт қилиб қўйилган. Хатиблар ўша асони қўлларида тутиб туриб хутба қиладилар.

2. Хутбани ҳамду сано билан бошлаш.

Бу ҳам хутбанинг шартларидан бири. Бусиз хутба бўлмайди. Ҳатто Ҳанафий мазҳабида ҳамду санонинг ўзини айтиб хатибнинг тилига бошқа нарса келмай қолса, ҳам хутбаси жоиз бўлади, дейилган.

3. Шариати Исломияда келган амрларга тўлиқ амал қилиш қийин бўлиши мумкинлиги. Лекин тўлиқ, бекамикўст амал қила олмасликни баҳона қилиб, амални тарк этмай, қўлидан келганича мукаммал амал қилаверишга уриниш лозимлиги.

Дин - шариат амрларига амал қилишда собитқадам бўлиб, доимо башоратни, яъни, яхши хабарнинг пайидан бўлиши кераклиги.

Баъзи одамлар ўз дангасаликларини турли баҳоналар билан, жумладан, шариатнинг ҳамма амалларига бекамикўст амал қила олмасликларини айтиш билан хаспўшлашга уринадилар.

Мисол учун намоз ўқи, десанг иш жойим яхши эмас, кийимларимга ҳар нарса тегади, дейдилар. Ёки бўлмаса яна бошқа баҳоналар топадилар. Буларнинг ҳаммаси ҳал қилса бўладиган масалалар. Лекин баҳона изласа, топилаверади. Аслида эса баҳона изламай қўлдан келганича ҳаракат қилиш керак.

 

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни минбарга ўтирдилар, биз у зотнинг атрофларига ўтирдик». Икки шайх ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан икки фойда олинади:

 

1. Хатиб қавмга қараб туриши ёки ўтириши.

2. Қавм хатибга қараб, юзланиб ўтириши.

 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон минбарга чиқсалар салом берар эдилар». Ибн Можа ва Шофеъий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадисдан хатиб минбарга чиққанидан сўнг одоб бўйича салом бериши кераклигини билиб оламиз.

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Намозга иқома айтилди. Бас, бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларидан ушлаб тўхтатди. У киши билан гаплашиб тураверди. Ҳатто, қавмнинг баъзисини мудроқ босди». Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ деган.

Шарҳ: Ушбу ривоятдаги намоздан мурод Жума намози. Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк одоблари намоён бўлмоқда. Намозга такбир айтилганидан кейин ҳам биров ўз ҳожатини арз қилиш учун у зотни тўхтатса, тўхтаб одамларни мудроқ босса ҳам унинг гапини тинглаб туришлари шунга далолат қилади. Яна намозга иқома айтилганидан кейин ҳам имом биров билан гаплашса зарари йўқлиги ҳам билинади.

 

Сунан эгалари келтирган ривоятда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбардан тушган чоғларида ҳожатмандлар билан гаплашар эдилар», дейилган.

Шарҳ: Бу ривоят ҳам олдинги ривоятдаги маънони таъкидлаб келмоқда. Баъзи одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбардан тушаётганларида тўсиб, ҳожатларини арз қилар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уларга жавоб бериб, кейин намозга ўтган ҳоллари ҳам бўлган.

 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Сулайк ал-Ғатафоний Жума куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб турганларида келиб ўтирди. Бас, у зот: «Эй, Сулайк, туриб икки ракъат намоз ўқиб ол. Уларни енгил қил», дедилар. Сўнгра эса: «Қачон бирортангиз Жума куни имом хутба қилиб турганда келса, икки ракъат намоз ўқиб олсин ва уларни енгил қилсин», дедилар».

Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Имом гапириб, хутба қилиб турган чоғида масжидга кириб келган одам, тезда икки ракъат намоз ўқиб олиши ҳақида сўз бораётган бу ривоятни уламолар икки хил таъвил қилишган.

Баъзилари, бу намоз Жуманинг фарзидан олдинги суннат, десалар, бошқалари бу намоз таҳийяти масжид намозидир, деганлар.

Умуман имом хутба қилаётганда намоз ўқиш тортишувли масала, чунки бу ҳақда бошқа ривоятлар ҳам бор. Шунинг учун бу масалани фиқҳ китобларидан ўрганмоқ ва ўз мазҳабига амал қилмоқ ўртада ихтилоф чиқишини тўхтатади, деб айтилади.

Шу билан бирга айтиб ўтиш лозим нарсалар ҳам бор. Ҳанафий мазҳабида имом минбарга чиққанидан кейин намоз ўқиш ҳаром. У хутбани бошлаганда эса саломга алик олиш, акса урганга яхши тилак айтиш, Қуръон ўқиш ва шунга ўхшаган нарсалар ҳам мутлақо мумкин бўлмайди.

Ҳанафийлар бу ҳадисни Пайғамбар алайҳиссалом ҳалиги одамни намоз ўқишга амр қилиб, ўзлари хутбадан тўхтаб турганлари билан изоҳлайдилар.

Дора Қутний Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб турганларида бир киши масжидга кириб келди. Бас, у зот:

«Эй, Фалончи, намоз ўқидингми?» дедилар.

«Йўқ», деди.

«Тур! Икки ракъат намоз ўқиб ол!» дедилар ва у намоз ўқиб бўлгунча интизор бўлиб турдилар.

Бошқа бир ривоятда:

«То у намозини ўқиб бўлгунча хутбани тўхтатиб турдилар», дейилган.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким яхшилаб таҳорат қилса-ю, сўнгра Жумага бориб, яқинлашса, тингласа, жим ўтирса, унинг бу билан ўтган Жума орасидаги ва яна зиёда уч кунлик (гуноҳлари) мағфират қилинади. Ким майда тошларни тўғрилаб олса, ортиқча иш қилибди», дедилар».

Термизий ва Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жуманинг бир неча одобларини баён қилмоқдалар:

1. Жумага яхшилаб таҳорат қилиб бориш.

Бориб, сўнгра таҳорат қилиш ёки бироз ўтириб кейин таҳоратга чиқиш яхши эмаслиги шундан кўриниб турибди. Бу мулоҳазани ҳеч унутмаслик керак.

2. Иложи борича имомга яқинроқ бўлишга ҳаракат қилиш. Чунки имомга қанча яқин бўлса, киши хутбани шунча яхши эшитади. Жума кунининг асосий ишларидан бири ҳам хутба тинглашдир.

3. Хутбани яхшилаб тинглаб, ундан фойда олиш.

Чунки одатда Жума хутбаларида ўта фойдали ваъз-насиҳатлар қилинади.

4. Жим ўтириш.

Жим ўтирган одам ўзи хутбани яхши эшита олмаса ҳам, бошқаларга халақит бермайди. Жим ўтирмаган одам эса ўзи ҳам эшитмайди, ўзгаларга ҳам эшиттирмайди. Шунинг учун ҳам хутбани ўзи эшитмаган тақдирда ҳам жим ўтириши керак.

5. Намоз ўқийдиган жойдаги майда тошларни текислаш ва шунга ўхшаш ишлар билан машғул бўлмаслик. Балки Жуманинг фазилатларидан кўпроқ баҳраманд бўлиш учун зикр ва ибодат билан машғул бўлмоқ керак.

Ҳанафий мазҳаби уламолари ушбу ҳадисдаги «тингласа, жим ўтирса» деган иборалардан ва тошларни текислашга ҳам рухсат берилмаганидан имом хутба қилаётганда намоз ўқиб бўлмаслигини олганлар.

Юқоридаги шартларни бажо келтирган мўмин кишининг икки Жума орасидаги гуноҳлари ва яна қўшимча уч кунлик гуноҳлари мағфират қилиниши ваъда қилинмоқда.

 

ДУО ИЖОБАТ БЎЛАДИГАН СОАТ ҲАҚИДА

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жума кунини зикр қилдилар ва: «Унда бир соат бор, қайси бир мусулмон банда ўша соатда туриб намоз ўқиб, Аллоҳдан бирор нарса сўраган ҳолида тўғри келса, албатта, У зот унга ўшани бергай», дедилар ва қўллари билан ўша(соат)нинг озлигини кўрсатдилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Жума кунининг афзалликларидан бири унда дуо қабул бўладиган соат борлигидир. Ушбу соат ва унинг ҳақида миқдори ҳақида ҳам турли мулоҳазалар бор.

Баъзилар, бу соат олтмиш дақиқа вақтни ўз ичига олган табиий соатдир, дейдилар.

Бошқалар эса уларга хилоф равишда, бу соатдан мурод озроқ вақтдир, дейдилар.

Иккинчи фикрга ушбу ҳадис далилдир. Чунки унда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у соатга ишорат қилиб бош бармоқлари билан кўрсаткич бармоқларининг учларини бир-бирига жуда яқинлаштириб, бундоқ, деб озлигига ишорат қилишларидир.

Ана ўша соатда қайси бир мусулмон банда намоз ўқиб, дуо қилиб турган бўлса, Аллоҳ таоло, албатта, ўша банданинг сўраган нарсасини беради. Шунинг учун Жума куни доимо ибодат ва дуо билан машғул бўлиш керак.

 

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ўша (соат) имом (минбарга) ўтирганидан бошлаб намоз ўқилиб бўлгунча», деганларини эшитдим». Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган. Термизийнинг лафзида: «Албатта, Жумада бир соат бордир. Банда унда Аллоҳдан нимани сўраса, албатта, Аллоҳ уни берур», дедилар. Одамлар: «Эй, Аллоҳнинг Расули, у қайси соатдир», дейишди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намозга иқома айтилгандан бошлаб, уни тугатгунча», дедилар».

Шарҳ: Бу ривоятда Жума кунги дуо тўсиқсиз қабул бўладиган соат, имом Жума хутбасини қилиш учун минбарга чиққандан бошлаб, то Жума намозини ўқиб бўлгунча экани айтилмоқда.

Демак, Жума куни ўша вақтда эътиборни яна ҳам кучайтириб, Аллоҳдан сўрайдиган нарсаларни астойдил сўраб туриш керак.

 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жума куни ўн икки соатдир. Ундан бир соатда қайси мусулмон Аллоҳдан бирор нарсани сўраган ҳолда топилса, Аллоҳ азза ва жалла унга ўша нарсани берур. Бас, уни Асрдан кейинги охирги соатда изланглар», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган. Ал-Ҳоким саҳиҳ, деган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда мазкур, дуо тўсиқсиз қабул бўладиган муборак соат, кундуз кунининг олтмиш дақиқадан иборат табиий ўн икки соатларидан бир соат экани тушунилмоқда.

Шу билан бирга ўша соат Асрдан кейинги қуёш ботишдан олдинги олтмиш дақиқа эканига ишорат қилинмоқда.

Демак, Жума куни айни ўша пайтда эътиборли бўлиб, дуо қилишга ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Аммо бу ҳадиси шарифдаги маъно Аллоҳ таоло билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ораларидаги суҳбат шаклида, Аллоҳ таоло томонидан намознинг фазлини баён этиш давоми...

4575 05:00 / 04.01.2017
. . Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис эшитсам, давоми...

53825 05:00 / 04.01.2017
Германияда бир кўз шифокори қабулига келган мусулмон йигитни текширади. Текшириб бўлиб унга савол беради Сен намоз ўқийсанмиЙигит Дўхтир, менинг кўзимдаги дард давоми...

5323 19:00 / 16.02.2022
ФАРЗ НАМОЗЛАРИНИНГ СУННАТЛАРИБу намозларни, нафл, татоввуъ, мандуб, ротиб намозлари ҳам дейилади. Бизда фарз намозларга тобеъ бўлганларини суннат, бошқаларини давоми...

17685 05:00 / 04.01.2017