1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг кайфияти (12-дарс)

05:00 / 09.01.2017 3647 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

17‑Матн:

 Агар қиёмга турсалар такбир айтардилар ва сажда қилардилар. Бунда қўлларини кўтармас эдилар.

17‑Матннинг далиллари:

۱-عَن جَابر بن سَمُرَة رَضِيَ اللَّهُ عَنْهما ، قَالَ : خرج علينا رَسُول الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ : " مَا لي أَرَاكُم رافعي أَيْدِيكُم كَأَنَّهَا أَذْنَاب خيل شُمْس ، اسكنوا فِي الصَّلَاة "

1. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга чиқиб: “Нимага сизларни икки қўлларингизни қайсар отнинг думига ўхшаб кўтараётганингизни кўряпман?! Намозда сокин туринглар”, дедилар”. Муслим ривояти 1/322.

Бу ҳадис намозда сокин туришнинг вожиблигига, намозда қўлларини кўтараверишлик сокинликнинг зидди эканига далолат қилади. Бу ҳадис намозга хосдир.

→Лекин имом Муслимнинг Убайдуллоҳ ибн Қибтийядан, у Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилган иккинчи ҳадисда Жобир шундай дейди: “Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқисак: “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи,  Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи”, дердик”, деб қўли билан икки тарафга ишора қилди. “Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нимага қўлларингиз билан қайсар отнинг думига ўхшаб ишора қиласизлар?”дедилар”. 1/322.

Бу ҳадис аввалги ҳадисдан бошқадир. Унинг намозга алоқаси йўқ. Чунки салом бергандан сўнг киши намоздан чиққан ҳисобланади. Демак унга намозда сокин туринг, дейишнинг маъноси бўлмайди. Биринчи ҳадисда кишилар намознинг ичида эдилар. Бу икки ҳадисни воқеаси бир дейдиганларнинг сўзини қабул қилсак ҳам, булар қўлларни рукуъ ва қиёмда кўтармасликка далил бўлади. Чунки қўлларни кўтаришдан салом бериш ҳолатида қайтарилган бўлса, намознинг ичида уларни кўтараверишдан қайтаришлик янада таъкидлироқдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида: “Намозда сокин туринглар”, дейишлари билан шунга далолат қилмоқдалар. Ҳадиснинг умумий лафзи рукуъда ва ундан кейин қўлларни кўтармасликни тақозо қилади. Намозни бошлашдаги такбир айтишда эса қўлларни кўтаришни ман қилмайди. Чунки бу намоздан ташқаридаги қўл кўтаришдир. 

۲-عن علقمة قال : قال عبد الله بن مسعود : ألا أصلي بكم صلاة رسول الله صلى الله عليه و سلم فصلى فيم يرفع يديه إلا أول مرة

2. Алқамадан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини ўқиб берайми?” деб, икки қўлини биринчи мартада кўтарганидан бошқа кўтармади”. 1/35.  Термизий ривоят қилган ва: “Ушбу бобда Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ва ҳадис ҳасандир. Бу Суфённинг ва Куфа аҳлининг сўзидир”, деган. Рижоллари Муслим рижолларидир. Ибн Ҳазм “Талхис”да буни саҳиҳ деган. 1/83. Буни Насаий ҳам ривоят қилган.

۳-أَخْبَرَنَا سُوَيْدُ بْنُ نَصْرٍ قَالَ أَنْبَأَنَا عَبْدُ اللَّهِ بْنُ الْمُبَارَكِ عَنْ سُفْيَانَ عَنْ عَاصِمِ بْنِ كُلَيْبٍ عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ الأَسْوَدِ عَنْ عَلْقَمَةَ عَنْ عَبْدِ اللَّهِ قَالَ أَلاَ أُخْبِرُكُمْ بِصَلاَةِ رَسُولِ اللَّهِ ( قَالَ فَقَامَ فَرَفَعَ يَدَيْهِ أَوَّلَ مَرَّةٍ ثُمَّ لَمْ يُعِدْ

3. Бизга Сувайд ибн Наср хабар берди, бизга Абдуллоҳ ибн Муборак айтиб берди, у Суфёндан, у Осим ибн Кулайбдан, у Абдурраҳмон ибн Асваддан, у Алқамадан, у эса  Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. У: “Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозлари тўғрисида хабар берайми?” деб турди ва икки қўлини биринчи мартада кўтарди. Кейин қайтармади”. Насаий саҳиҳ санад билан ривоят қилган. Ҳадис рижоллари орасидаги Сувайд ва Осимдан бошқалар икки “Саҳиҳ”нинг рижолларидир. Сувайд сиқадир. Осим эса Муслимнинг рижолларидан бўлиб, у ҳам сиқадир.

۶-عن الأسود قال: رأيت عمر بن الخطاب يرفع يديه في أول تكبيرة ثم لا يعود.

4. Асваддан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттобнинг аввалги такбирда икки қўлини кўтарганини кўрдим. Кейин буни қайтармади”. Таҳовий ривоят қилган ва: “Бу саҳиҳ ҳадис бўлиб, рижоллари сиқалардир”, деган.

۵-حَدَّثَنَا يَحْيَى بْنُ آدَمَ ، عَنْ حَسَنِ بْنِ عَيَّاشٍ ، عَنْ عَبْدِ الْمَلِكِ بْنِ أَبْجَرَ ، عَنِ الزُّبَيْرِ بْنِ عَدِيٍّ ، عَنْ إبْرَاهِيمَ ، عَنِ الأَسْوَدِ ، قَالَ : صَلَّيْت مَعَ عُمَرَ فَلَمْ يَرْفَعْ يَدَيْهِ فِي شَيْءٍ مِنْ صَلاَتِهِ إِلاَّ حِينَ افْتَتَحَ الصَّلاَةَ ، قَالَ عَبْدُ الْمَلِكِ : وَرَأَيْت الشَّعْبِيَّ ، وَإِبْرَاهِيمَ ، وَأَبَا إِسْحَاقَ ، لاَ يَرْفَعُونَ أَيْدِيَهُمْ إِلاَّ حِينَ يَفْتَتِحُونَ الصَّلاَةَ.

5. Бизга Яҳё ибн Одам айтиб берди. У Ҳасан ибн Аёшдан, у Абдулмалик ибн Абжардан, у Зубайр ибн Адийдан, у Иброҳимдан, у эса Асваддан ривоят қилади: “Умар билан бирга намоз ўқидим. У намозга киришишдан бошқа намозининг бирор жойида қўлини кўтармади”. Абдулмалик айтади: “Шаъбийни, Иброҳимни ва Абу Исҳоқларни ҳам кўрдим. Улар қўлларини фақат намозга киришишдагина кўтаришар эди”. Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”да келтирган. Бунинг санади Муслимнинг шартига кўра саҳиҳдир. Ҳасан ибн Аёш сиқа ҳужжатдир.

۴‑ثنا عَاصِمُ بْنُ كُلَيْبٍ , عَنْ أَبِيهِ: " أَنَّ عَلِيًّا رَضِيَ اللهُ عَنْهُ كَانَ يَرْفَعُ يَدَيْهِ فِي أَوَّلِ تَكْبِيرَةٍ مِنَ الصَّلَاةِ , ثُمَّ لَا يَرْفَعُ بَعْدُ

6. Осим ибн Кулайбдан, у отасидан ривоят қилади: “Алий розияллоҳу анҳу намознинг аввалги такбирида икки қўлини кўтарар, кейин бундан бошқа кўтармас эди”. Таҳовий ривояти. 1/132. Зайлаъий айтади: “Бу саҳиҳ асардир”. 1/211. “Дироянинг 85‑саҳифасида ҳам келтирилган. Рижоллари сиқалардир. Айний “Умда”да айтади: “Осим ибн Кулайб ҳадисининг санади Муслимнинг шартига кўра саҳиҳдир”.

→ Эътироз:

Ушбу ҳадисга Байҳақий ривоят қилган Ибн Абуз Заноднинг ҳадиси билан эътироз билдириш мумкин. Мусо ибн Уқбадан ривоят қилинади. У Абдуллоҳ ибн Фазлдан, у Абдурраҳмон Аърождан, у Убайдуллоҳ ибн Абу Рофеъдан, у эса Алий розияллоҳу анҳудан ҳадисни ривоят қилиб, жумладан шундай деган: “У (яъни Алий) розияллоҳу анҳу рукуъ пайтида ва қачон икки саждадан турганда икки қўлини кўтарар эди”.

Бу эътирозга шундай жавоб берамиз:

Ибн Абуз Занод бу Абдурраҳмондир. Ибн Ҳанбал уни: “Ҳадиси изтиробли”, деган.

Абу Ҳотим ва Аҳмад ибн Ҳанбал: “Уни ҳужжат қилинмайди”, дейишган.

Амр ибн Алий: “Уни ибн Маҳдий тарк қилган”, деган.

Бу ҳадисда: “Қачон икки саждадан турганда икки қўлини кўтарар эди”, деган зиёда бор. Гарчи бунда ихтилоф бўлсада, ундан кўра кучлироқ далил унга қарши турмаса бу ихтилофнинг зарари йўқ. Лекин бу зиёдага қарши турган далил биз юқорида келтирган Осим ибн Кулайбнинг отасидан, у Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис бўлиб, у бундан кўра саҳиҳроқ ва кучлироқдир. Чунки у ҳадис имом Муслим шартига кўрадир.

Таҳовий айтади: “Алий розияллоҳу анҳунинг аввалги такбирдан бошқа ўринларда қўл кўтаришни тарк қилганлари саҳиҳдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин бу ишни қилишлари, у кишининг наздида юқоридаги ҳадиснинг насхлиги собит бўлганлиги сабаблидир”. (Ал‑Жавҳарун Нақий, 1/135).

۷‑عن مجاهد ، قال : صليت خلف ابن عمر فلم يرفع يديه إلا في التكبيرة الأولى من الصلاة

7. Мужоҳиддан ривоят қилинади: “Ибн Умарнинг ортида намоз ўқидим. У намоздаги биринчи такбирдан бошқа (ўринда) икки қўлини кўтармади”. Таҳовий ва Абу Бакр ибн Абу Шайба ривояти. Байҳақий ҳам “Маърифа”да ривоят қилган. Санади саҳиҳдир. “Осорус Сунан”да ҳам келтирилган. 1/108.

Эътироз:

حَدَّثَنَا عَيَّاشٌ قَالَ حَدَّثَنَا عَبْدُ الْأَعْلَى قَالَ حَدَّثَنَا عُبَيْدُ اللَّهِ عَنْ نَافِعٍ أَنَّ ابْنَ عُمَرَ كَانَ إِذَا دَخَلَ فِي الصَّلَاةِ كَبَّرَ وَرَفَعَ يَدَيْهِ وَإِذَا رَكَعَ رَفَعَ يَدَيْهِ وَإِذَا قَالَ سَمِعَ اللَّهُ لِمَنْ حَمِدَهُ رَفَعَ يَدَيْهِ وَإِذَا قَامَ مِنْ الرَّكْعَتَيْنِ رَفَعَ يَدَيْهِ وَرَفَعَ ذَلِكَ ابْنُ عُمَرَ إِلَى نَبِيِّ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ

Нофеъдан ривоят қилинади: “Ибн Умар қачон намозга киришса такбир айтар ва икки қўлини кўтарарди. Қачон рукуъ қилса икки қўлини кўтарарди. Қачон: “Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ”, деса икки қўлини кўтарарди. Қачон иккинчи ракатдан турса икки қўлини кўтарарди”. Ибн Умар мана шуни Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламга марфуъ қилган”. Имом Бухорий ривояти. “Фатҳул Борий” 2/84.

Дарҳақиқат ушбу кўтариш Молик, Нофеъ ва улардан бошқа кўпчиликдан собит бўлган. Шунингдек улар буни исбот қилувчилардир, ваҳоланки у буни нафий қилмоқда!

Бу эътирозга қуйидагича жавоб берамиз:

Юқорида келган икки хил ҳадиснинг орасини жамлаш мумкин. Шунга кўра Ибн Умар розияллоҳу анҳу қўл кўтаришларни вожиб деб билмаган, балки буни баъзан қилиб баъзан тарк этган. Бунга Имом Муҳаммад ибн Ҳасан роҳматуллоҳи алайҳнинг “Муватто”сида ривоят қилган ҳадис далил бўлади:

قال محمد : أخبرنا محمد بن أبان بن صالح عن عبد العزيز بن حكيم  قال : رأيت ابن عمر يرفع يديه حذاء أذنيه في أول تكبيرة افتتاح الصلاة ولم يرفعهما فيما سوى ذلك

 “Бизга Муҳаммад ибн Абон ибн Солиҳ хабар беради. У Абдулазиз ибн Ҳакимдан ривоят қилган. У айтади: “Ибн Умарни намозга киришишдаги аввалги такбирда икки қўлини қулоқлари баробарида кўтарганини кўрдим. Бундан бошқа ўринда уларни кўтармаган”.

Муҳаммад ибн Абон гарчи заиф бўлса ҳам, лекин ёлғончилардан эмасдир. Унинг ҳадиси ёзилади. Кейин Муҳаммад ибн Ҳасан роҳматуллоҳи алайҳнинг ўзи мужтаҳид, сиқа имомдир ва бу ҳадисни ижтиҳод мавзусида зикр қилган. Агар мужтаҳид бир ҳадисни далил қилса, ўша ҳадис унинг наздида саҳиҳ бўлади.

حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ جَابِرٍ ، عَنْ حَمَّادٍ ، عَنْ إِبْرَاهِيمَ ، عَنْ عَلْقَمَةَ ، عَنْ عَبْدِ الله ، قَالَ : صَلَّيْتُ مَعَ رَسُولِ الله صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم ، وَأَبِي بَكْرٍ ، وَعُمَرَ فَلَمْ يَرْفَعُوا أَيْدِيَهُمْ إِلاَّ عِنْدَ افْتِتَاحِ الصَّلاَةِ

Бизга Муҳаммад ибн Жобир айтиб берди. У Ҳаммод (ибн Абу Сулаймон)дан,  у Иброҳимдан, у Алқамадан у эса Абдуллоҳ (ибн Масъуд) розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, Абу Бакр ва Умарнинг ортида намоз ўқидим. Улар қўлларини намозга киришишдан бошқа (ўринда) кўтаришмас эди”. Байҳақий ривояти. Унинг санади жаййиддир.

Айюб, Ибн Авн, Ҳишом ибн Ҳассон, икки Суфён, Шуъба ва бошқа кўплаб улуғлар Муҳаммад ибн Жобирдан ҳадис ривоят қилишган. Агар Муҳаммад ибн Жобир сиқа бўлмаганда бу каби эътиборли кишилар ундан ҳадис ривоят қилишмас эди.

Амр ибн Алий Фаллос уни содуқ деган. Ибн Ҳиббон уни сиқалар орасига киргизган. “Мезонул эътидол”да Муҳаммад ибн Жобир ҳақида жумладан шундай дейилган: “Муҳаммад ибн Жобирдан имомлар ва ҳофизлар ривоят қилган”. 2/498.

→ Дороқутний айтади: “Муҳаммад ибн Жобир бу ривоятда ёлғиздир ва у заиф эди. Ҳаммоддан бошқалар бу ҳадисни Иброҳимдан мурсал ҳолда, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ўз феъли, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга марфуъ эмас, дея ривоят қилишган. Шу тўғридир”.

Бунга қуйидагича жавоб берамиз:

Дороқутнийнинг: “Муҳаммад ибн Жобир бу ривоятда ёлғиздир ва у заиф эди”, деган сўзи ҳадиснинг обрўсини пасайтирмайди. Чунки Иброҳимнинг мурсаллари, хусусан булар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бўлса, уларнинг саҳиҳ бўлиши ҳаммага маълумдир. Яна Дороқутнийнинг: “Ҳаммоддан бошқалар бу ҳадисни Иброҳимдан мурсал ҳолда, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ўз феъли, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга марфуъ эмас, дея ривоят қилишган. Шу тўғридир”, деган сўзи ҳам ҳадисга таъна етказа олмайди. Чунки Ҳаммоддан бошқалар ривоят қилгани гарчи очиқ‑ойдин марфуъ бўлмаса ҳам лекин марфуънинг ҳукмидадир.

۱-عن علقمة قال : قال عبد الله بن مسعود : ألا أصلي بكم صلاة رسول الله صلى الله عليه و سلم فصلى فيم يرفع يديه إلا أول مرة

1. Термизий ривоят қилади: “Осим ибн Кулайб отасидан, у Алқамадан ривоят қилади:  “Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади: “Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини ўқиб берайми?” деб намоз ўқиди. Икки қўлини биринчи мартада кўтаргандан бошқа кўтармади”.

۲-أَخْبَرَنَا سُوَيْدُ بْنُ نَصْرٍ قَالَ أَنْبَأَنَا عَبْدُ اللَّهِ بْنُ الْمُبَارَكِ عَنْ سُفْيَانَ عَنْ عَاصِمِ بْنِ كُلَيْبٍ عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ الأَسْوَدِ عَنْ عَلْقَمَةَ عَنْ عَبْدِ اللَّهِ قَالَ أَلاَ أُخْبِرُكُمْ بِصَلاَةِ رَسُولِ اللَّهِ ( قَالَ فَقَامَ فَرَفَعَ يَدَيْهِ أَوَّلَ مَرَّةٍ ثُمَّ لَمْ يُعِدْ

2. Насаий ривоят қилади: “Осим ибн Кулайб Абдурраҳмон ибн Асваддан, у Алқамадан, у эса  Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. У: “Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозлари тўғрисида хабар берайми?” деб турди ва икки қўлини биринчи мартада кўтарди. Кейин буни қайтармади”.

Ибн Абу Шайба, Аҳмад ва Абу Довудлар ривоят қилади: “Осим Абдурраҳмондан, у Алқамадан, у Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини кўрсатайми?” деди”. Аҳмад ва Абу Довуд лафзида: “Сизлар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини ўқиб берайми?” дейилган ва улар ҳадисни худди шундай зикр қилишиб: “Кейин буни қайтармади”ни айтишмаган. Уларнинг наздида бунинг ҳукми марфуънинг ҳукмидадир.

Ҳаммод ибн Абу Сулаймон роҳматуллоҳи алайҳ Имом Аъзам роҳматуллоҳи алайҳнинг шайхидир. Бу кишидан Бухорийдан бошқалар ривоят қилишган. Яҳё Қаттон ва Аҳмад ибн Абдуллоҳ Ижлийлар у кишини сиқа дейишган.

Шуъба айтади: “У тўғри сўз эди”. Шуъба ундан ривоят қилган. Маълумки Шуъба фақат сиқалардангина ривоят қилади. Бухорий ҳам “Адабул Муфрад”да ундан ҳадис чиқарган. “Кошиф”да унинг таржимаи ҳоли борасида шундай дейилган: “Сиқа, имом, мужтаҳид, карим ва саҳий эди. Бухорий ўзининг “Саҳиҳ”и таълиқида уни шоҳид келтирган.

“Иршодус Сорий”да шундай дейди: “Ҳаммод яъни Ибн Абу Сулаймон Абу Ҳанифанинг шайхи бўлиб, у Куфанинг фақиҳи эди. Бизга Яъқуб ибн Иброҳим (яъни қози Имом Абу Юсуф) хабар беради, бизга Хусойн ибн Абдурраҳмон (у ҳужжат ҳофиз, санади олий) хабар беради: “Мен ва Амр ибн Мурра Иброҳим Нахаийнинг олдига кирдик. Амр шундай деди: “Менга Алқама ибн Воил Ҳазрамий отасидан айтиб берди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқиган ва шунда у зотни қачон такбир айтсалар ва қачон (гавдаларини) кўтарсалар қўлларини кўтараётганларини кўрган экан”. Иброҳим шундай деди: “Билмадим, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқиётганларини фақат ўша куни кўриб, у зотдан буни ёдлаб олган бўлсаю, Ибн Масъуд ва у кишининг асҳоблари буни ёдлаб олишмаган бўлса?! Мен буни уларнинг бирортасидан эшитмадим. Улар намозни бошлашда такбир айтаётганларида қўлларини кўтаришарди”. Имом Муҳаммад буни “Муваттоъ”да чиқарган. Унинг рижоллари сиқалардир. 90‑саҳифа.

Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ Ҳаммоддан, у Иброҳимдан,  у эса Асваддан ривоят қилади: “Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу аввалги такбирда икки қўлини кўтарарди. Кейин мана шу нарсани қатармас эди”. Мана шуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан дея айтиб берган”. Абу Муҳаммад Бухорий Ҳорисий ҳам Ражо ибн Абдуллоҳ Наҳшалийдан, у Шақиқ ибн Иброҳимдан (бу киши Балхий Зоҳиддир), у Абу Ҳанифадан ривоят қилиб бу ҳадисни чиқарган. Шунингдек, “Масонийдул Имом”да ҳам келган. 1/255. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг санади ва барча рижоллари сиқалардир.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужжати кучли ва улуғ саҳобаларидандир. Бу киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўпинча бирга бўлганлар. У кишининг фақиҳ эканлигини Абу Бакр, Умар ва Алий розияллоҳу анҳумлар каби хулофолар ҳам эътироф қилишиб, кўп масалаларда у кишига эргашишган. У кишига эргашаётганларга шунинг ўзи кифоя қилади.

Имом Аъзам ва Авзоий роҳматуллоҳи алайҳимларнинг қўлни кўтариш масаласидаги мунозаралари

Бизга Муҳаммад ибн Зиёд сўзлаб берди. У Сулаймон Шозкунийдан ривоят қилади: “Суфён ибн Уяйнанинг шундай деяётганини эшитдим: “Абу Ҳанифа билан Авзоий Маккадаги буғдойчилар бозорида бирга бўлишди. Шунда Авзоий Абу Ҳанифага: “Нима учун сизлар  рукбуъ пайтида ва ундан (гавдангизни) кўтарган пайтда қўлларингизни кўтармайсиз?” деди. Абу Ҳанифа: “Чунки мана шу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ бирор нарса ривоят қилинмаган”, деди. У: “Қанақасига саҳиҳ ривоят бўлмас экан, ваҳоланки менга Зуҳрий айтиб берган, у Солимдан, у отасидан, у эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган. У зот қачон намозга киришсалар ҳам, рукуъ пайтида ҳам, ундан (гавдаларини) кўтарганларида ҳам икки қўлларини кўтарардилар”, деди. Шунда Абу Ҳанифа: “Бизга Ҳаммод айтиб берди, у Иброҳимдан, у Алқама ва Асваддан улар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қўлларини фақат намозга киришаётган пайтдагина кўтарар эдилар. Кейин мана шуни бирор нарса учун қайтармас эдилар”, деди. Авзоий: “Сенга Зуҳрийдан, у Солимдан, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан, дея айтиб берсам, сен Ҳаммоддан, у Иброҳимдан ривоят қилган деб айтасан‑а?!” деди. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ шундай деди: “Ҳаммод Зуҳрийдан кўра фақиҳроқ. Иброҳим Солим ва Алқамадан фақиҳроқ ва фиқҳда Ибн Умардан кам эмас. Агар Ибн Умарнинг саҳобалиги бўлса, унинг муҳаббати фазли бор. Асваднинг ҳам фазли кўпдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг фиқҳ ва қироатдаги фазлининг кўплиги ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида ёшлигидан суҳбатда бўлиши Абдуллоҳ ибн Умардан кўра ортиқлигини билдиради”. Авзоий индамади”. “Жомеъ Масонийдил Имом” 1/352, 353.

عن ابن أبي داود عن أحمد بن يونس عن أبي بكر بن عياش قال : ما رأيت فقيهاً قط يرفع يديه في غير تكبير التحريمة

Таҳовий кучли санад билан ривоят қилади: “Менга Ибн Абу Довуд айтиб берди, бизга Аҳмад ибн Юнус айтиб берди, бизга Абу Бакр ибн Аёш айтиб берди: “Бирорта фақиҳнинг, икки қўлини аввалги такбирдан бошқа жойда кўтарганини кўрмадим”. 1/134. Бунинг Ибн Абу Довуддан бошқа рижоллари “Саҳиҳ”нинг рижолларидир. Ибн Абу Довуднинг ўзи сиқадир.

Абу Бакр ибн Аёш табаъ тобеъинларнинг улуғларидандир. Саврий  ва бошқалар ундан ривоят қилишган. Аҳмад ибн Ҳанбал айтади: “Менинг ҳисобимча у юзинчи санада туғилган. У ва Ҳорун Рашид бир юз тўқсон учинчи  йилнинг бир ойида вафот топди”. “Таҳзибут Таҳзиб” 52/36.

Рукуъ ва ундан гавдани кўтариш пайтида икки қўлни кўтаришга далолат қилган ҳадисга амал қилиш тобеъинлар замонида ғолибан тарк қилинган эди.

“Ал‑Мудавванатул Кубро”да Имом Молик роҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди: “Намоз такбирларидан бирортасида, эгилиш ёки туришда икки қўлни кўтариш борлигини билмайман. Фақат намозга киришишда икки қўлни енгил ҳолда кўтаради”.

Ибн Қосим айтади: “Моликнинг наздида такбир таҳримадан бошқа ўринда икки қўлни кўтариш заиф эди”. 1/71.

Имом Молик табаъа тобеъинларнинг улуғларидандир. Унинг сўзи тобеъинлар замонида рукуъ ва ундан туриш пайтида икки қўлни кўтариш тарк қилинган амал эканлигига далолат қилади.

 Эътироз:

۱-حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ مُقَاتِلٍ قَالَ أَخْبَرَنَا عَبْدُ اللَّهِ قَالَ أَخْبَرَنَا يُونُسُ عَنْ الزُّهْرِيِّ أَخْبَرَنِي سَالِمُ بْنُ عَبْدِ اللَّهِ عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ رَأَيْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا قَامَ فِي الصَّلَاةِ رَفَعَ يَدَيْهِ حَتَّى يَكُونَا حَذْوَ مَنْكِبَيْهِ وَكَانَ يَفْعَلُ ذَلِكَ حِينَ يُكَبِّرُ لِلرُّكُوعِ وَيَفْعَلُ ذَلِكَ إِذَا رَفَعَ رَأْسَهُ مِنْ الرُّكُوعِ وَيَقُولُ سَمِعَ اللَّهُ لِمَنْ حَمِدَهُ وَلَا يَفْعَلُ ذَلِكَ فِي السُّجُودِ

1. “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қачон намозга турсалар икки қўлларини икки елкалари баробари бўлгунича кўтаришларини кўрдим. Мана шуни рукуъ учун такбир айтган пайтларида ҳам қилардилар. Мана шуни қачон бошларини рукуъдан кўтарсалар ва: “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ”, деганларида ҳам қилардилар. Буни саждаларда қилмас эдилар”. Бухорий ривоят.  1/187, 188.

۲-أَخْبَرَنَا مُحَمَّدُ بْنُ الْمُثَنَّى قَالَ حَدَّثَنَا ابْنُ أَبِى عَدِىٍّ عَنْ شُعْبَةَ عَنْ قَتَادَةَ عَنْ نَصْرِ بْنِ عَاصِمٍ عَنْ مَالِكِ بْنِ الْحُوَيْرِثِ أَنَّهُ رَأَى النَّبِىَّ ( رَفَعَ يَدَيْهِ فِى صَلاَتِهِ وَإِذَا رَكَعَ وَإِذَا رَفَعَ رَأْسَهُ مِنَ الرُّكُوعِ وَإِذَا سَجَدَ وَإِذَا رَفَعَ رَأْسَهُ مِنَ السُّجُودِ حَتَّى يُحَاذِىَ بِهِمَا فُرُوعَ أُذُنَيْهِ

2. “Молик ибн Хувайрисдан ривоят қилинади. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни намозларида қачон рукуъ қилсалар, рукуъдан бошларини кўтарсалар, сажда қилсалар ва саждадан бошларини кўтарсалар икки қўлларини икки қулоқлари бўлаги баробарича кўтарганларини кўрган экан”. Насаий ривояти. Ҳадиснинг санади саҳиҳдир.

Ҳофиз ибн Ҳажар “Фатҳул Борий”да шундай дейди: “Саждада қўл кўтариш борасидаги мен воқиф бўлган ҳадисларнинг энг саҳиҳи Насаийнинг Саид ибн Арубадан, у Қатодадан, у Наср ибн Осимдан, у эса Молик ибн Хувайрисдан ривоят қилган ҳадисидир. Ушбу ҳадисдаги саждалар учун икки қўлни кўтариш зиёдадир”.

۳-عَنْ أَنَسِ أن النبي صلى الله عليه وسلم كان يرفع في الركوع والسجود

3. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъ ва саждада (икки қўлларини) кўтарар эдилар”. Абу Яъло ривояти. Ҳайсамий айтади: “Бунинг рижоллари “Саҳиҳ”нинг рижолларидир”.

۶-عُثْمَانُ بْنُ وَهِشَامُ بْنُ عَمَّارٍ قَالَا إِسْمَعِيلُ بْنُ عَيَّاشٍ عَن صَالِحِ بْنِ كَيْسَانَ عَن عَن أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ رَأَيْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَرْفَعُ يَدَيْهِ فِي الصَّلَاةِ حَذْوَ مَنْكِبَيْهِ حِينَ يَفْتَتِحُ الصَّلَاةَ وَحِينَ يَرْكَعُ وَحِينَ يَسْجُدُ

4. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозда, намозга киришаётганларида, рукуъ қилаётганларида ва сажда қилганларида (икки қўлларини) кўтараётганларини кўрдим”. Ибн Можа ривояти. Ҳадиснинг барча ровийлари сиқалардир. Фақат Исмоил ибн Аёш содуқдир.

۵-عَلْقَمَةُ بْنُ وَائِلٍ عَنْ أَبِيهِ : أَنَّهُ رَأَى رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- رَفَعَ يَدَيْهِ حِينَ يَفْتَتِحُ الصَّلاَةَ ، وَإِذَا رَكَعَ

5. Алқама ибн Воилдан, у отасидан ривоят қилади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозга киришаётган пайтларида, рукуъ қилганларида ва сажда қилганларида икки қўлларини кўтараётганларини кўрган экан”.  Дороқутний ривояти. Ҳадиснинг санади саҳиҳдир.

Ушбу ҳадисларнинг барчаси имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”ида Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан марфуъ ҳолда ривоят қилган ҳадисига хилофдир. Бу ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сажда қилаётган пайтларида ва саждадан бошларини кўтарганларида икки қўлларини кўтармасликлари айтилган.

Саждадан кейин қўлни кўтариш зикр қилинган ушбу ҳадисларнинг барчаси агар ҳанафийларга қарши ҳужжат қилинса, шу билан бирга бу ҳадислар шофеъийлар ва улардан бошқаларга ҳам қарши ҳужжат бўлади. Чунки жумҳур сажда учун ва ундан бош кўтарганда қўл кўтаришни насх бўлган, дейишади.

Биз ҳанафийлар ҳам такбири таҳримадан бошқа ўринлардаги қўл кўтаришларни насх бўлган деб жавоб берамиз. Маълумки, агар иккита суннат бир‑бирига қарама‑қарши келиб қолса, бу борадаги саҳобаларнинг сўзлари ва амаллари устун қўйилади. Агар уларнинг сўзлари ва амаллари ихтилофли бўлиб қолса қиёс устун қўйилади. Бу масалада қиёс қўлни кўтармасликни тақозо қилади. Чунки намозда аъзолар сокин ва хушуъли бўлиши керак. Бу борада Аллоҳ таоло “Мўъминун” сурасида шундай марҳамат қилади:

قَدْ أَفْلَحَ الْمُؤْمِنُونَ * الَّذِينَ هُمْ فِي صَلَاتِهِمْ خَاشِعُونَ

 “Мўъминлар нажот топди, улар намозларида хушуъ қилган зотлардир”.

→Қўлни кўтариш ҳақидаги ҳадис мутавотирдир. Ҳофиз ибн Ҳажар “Фатҳул Борий”да қуйидаги матнни келтиради: “Бухорийнинг зикр қилишича бу ҳадисни саҳобаларнинг ўзидан ўн етти киши ривоят қилган экан. Ҳоким ва Абулқосим ибн Мандалар бу ҳадисни ривоят қилганлар орасида жаннат башорат қилинган ўн саҳобалар ҳам борлигини зикр қилишган”.

Зайлаъий айтади: “Имом борасида шайх айтади: “Ҳокимнинг жаннат башорат қилинган ўнлик ривояти ҳақидаги жазми менинг наздимда жаййид эмасдир. Бундай жазм қилиш учун ҳадиснинг собит бўлиш жиҳати ва саҳиҳлиги шарт. Бироқ ушбу ўнликнинг барчасидан ривоят қилингани саҳиҳ бўлмаса керак. Шайх Абул Фазл Ҳофиз Ироқий бу ҳадисни ривоят қилган саҳобаларни яхшилаб текшириб чиқиб, улар элликтага етганини зикр қилган. Суютий ҳам бу ҳадисни мутавотирлардан санаган”. Тадрибур Ровий 191‑саҳифа. Намозда икки қўлни қўйиш ҳақида элликка яқин ҳадис ривоят қилинган.

Бунга қуйидагича жавоб берамиз:

Хулофои рошидинлар ва улардан бошқа улуғ саҳобалар амал қилишмагач, ҳадиснинг мутавотир бўлиши бизнинг далилимизга қарши ҳужжат бўла олайди. Шу билан бирга тобеъинларнинг фақиҳлари, хусусан Алий ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумоларнинг асҳоблари ҳам бунга амал қилишмаган. Ҳатто Абу Бакр ибн Аёш: “Бирорта фақиҳнинг икки қўлини аввалги такбирдан бошқа жойда кўтарганини кўрмадим”, деган.

Ҳадиснинг мутавотир эканлигини қабул қилсакда, бу худди насх бўлган оят кабидир. Оятнинг мутавотирлиги унинг ҳукмини насх бўлишига тўсқинлик қила олмайди. Маълумки ушбу масаладаги мутавотирликни ҳамма бирдек қабул қилган эмасдир. Балки барча қабул қилган мутавотир масала қўлни мутлақ кўтаришдир. Шавконий “Найлул Автор”да айтади: “Ироқий намознинг бошида икки қўлни кўтаришни ривоят қилган кишилар ададини жамлаб, уларнинг сони саҳобалардан элликтага етганини, улар орасида ўнта жаннат башорат қилинган саҳобалар борлигини айтган”. 2/67.

Бундан маълум бўлишича, элликка яқин саҳоба намознинг бошида қўл кўтаришни  ривоят қилишган. Рукуъда ва рукуъдан бош кўтаришда қўлни кўтаришни ривоят қилишмаган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг ҳадисида: “Қўллар фақат етти маконда кўтарилади”, дейилиб шулар жумласидан намозга киришиш пайтидаги қўл кўтариш айтилган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шарҳ .Ғусл, сўзи луғатда бирор нарсанинг устидан сув оқизишни англатади. Шариатда эса Аллоҳ таолога қурбат ниятида баданнинг ҳаммасига сув оқизишга айтилади. давоми...

9529 05:00 / 04.01.2017
Тоза кийим, тоза бадан, намоз ўқиладиган тоза ўринда таҳорат билан қиблага юзланган ҳолда намоз ўқишга киришилади. Намоз қуйидаги тартибда ўқилади.Икки ракатли давоми...

6633 18:44 / 20.10.2016
Намозга алоқадор бўлган совғалар жойнамоз, тасбеҳ, рўмол, мушк анбар, соат, ёпинчиқ ва шунга ўхшаш анжомлар. Аёллардан бири айтади .Ёшлигимда онам менга жойнамоз давоми...

4853 09:00 / 24.04.2023
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн. Вассолату вассаламу ала Росулиҳи Муҳаммадин ва ала олиҳи асҳабиҳит тоййибийна тоҳирийн.Анас ибн давоми...

4150 05:00 / 09.01.2017