1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг кайфияти (8-дарс)

05:00 / 09.01.2017 3228 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

8-дарс

11‑Матн:

“Фотиҳа”ни ўқигандан сўнг махфий   ҳолда “Омин” дердилар.

11‑Матннинг далиллари:

۱-عَن أبي هُرَيْرَة رَضِيَ اللَّهُ عَنْه أَن رَسُول الله  صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ : " إِذا قَالَ الإِمَام : غير المغضوب عَلَيْهِم وَلَا الضَّالّين ؛ فَقولُوا : آمين ، ف فَإِنَّهُ مَنْ وَافَقَ تَأْمِينُهُ تَأْمِينَ الْمَلاَئِكَةِ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ " .

1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон имом: “Ғойрил мағдууби алайҳим ва ладдооооооллийн”, деса: “Аамийн”, денглар. Чунки кимнинг сўзи фаришталар сўзи билан мувофиқ келиб қолса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”. Бухорий ривояти. 1/190. Имомга эргашувчи “Омин”ни жаҳрий айтиши ҳақидаги боб.

Ушбу ҳадисдан имом “Омин”ни жаҳрий айтмаслиги истифода қилинади. Чунки агар имомнинг “Омин”ни жаҳрий айтиши машруъ бўлганида эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имомга иқтидо қилувчилар учун “Омин”ни “ва ладдооооооллийн”дан кейин айтишларини таъкидламас эдилар, балки имомнинг “Омин” дейишини эшитиб айтишга буюрардилар.

→ Имом Бухорий ривоят қилган қуйидаги ҳадисда “Омин”ни жаҳрий айтишга далолат бор. 

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ :« إِذَا أَمَّنَ الإِمَامُ فَأَمِّنُوا ، فَإِنَّهُ مَنْ وَافَقَ تَأْمِينُهُ تَأْمِينَ الْمَلاَئِكَةِ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ ».

“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон имом “Омин” деса сизлар ҳам “Омин” денглар. Чунки кимнинг сўзи фаришталар сўзи билан мувофиқ келиб қолса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”. Бухорий ривояти.

Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иқтидо қилувчилар “Омин”ни имомнинг “Омин”ига қўшиб айтишларини айтмоқдалар. Бу эса орқадагилар имомнинг “Омин”ини эшитганликларига далолат қилади”. 

Бунга қуйидагича жавоб берамиз:

“Аслида жумҳур уламолар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисдаги: “Қачон имом “Омин” деса...”, деган сўзларини мажозга ҳамл қилишади. Бу билан юқоридаги ҳадисни жамлаганлар: “Имом “ва ладдооооооллийн”ни айтгач, “Омин”ни ирода қилса, деб тушунамиз”, дейишган. Бу Аллоҳ таолонинг “Моида” сураси 6‑оятида:

...إِذَا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلَاةِ...

...қачон намозга турсанглар...”, деган сўзига ўхшайди.  Бунда қачон намозга туришни ирода қилсанглар”, деган маънони тушунилади.

Ҳофиз ибн Ҳажар роҳматуллоҳ алайҳ “Фатҳул Борий”да шундай дейди: “Уламолар икки ривоятнинг ўртасини жамлаб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қачон имом “Омин” деса...”, деган сўзларини мажозга ҳамл қилишади”.

Суютий роҳматуллоҳ алайҳ “Танвир”да шундай дейди: “Жумҳур кейинги сўзни олган, лекин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Қачон имом “Омин” деса...”, деган сўзларини таъвил қилишган. Яъни бу сўздан мурод, қачон имом “Омин”ни қасд қилса, у билан унга эргашувчиларнинг “Омин”и бирга бўлади. Чунки “Омин”лар бир‑бирига яқин бўлиши мустаҳабдир”.

Бу имомнинг “Омин”ни жаҳрий айтмаслигига далолат қилади. Бизнинг наздимизда махфий   қилиш ҳадиси қувватлидир. Чунки “Омин” дуо бўлиб, дуодаги асл қоида махфий  ликдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

ادْعُوا رَبَّكُمْ تَضَرُّعًا وَخُفْيَةً...

“Роббингизга тазарруъ қилган ва махфий   ҳолда дуо қилинг”. (Аъроф‑55)

Имом Бухорий ҳам Атонинг: “Омин” дуодир”, деганини келтирган.

وقال عليه الصَّلاةُ والسَّلامُ : « دَعْوَةُ السِّرِّ تَعْدِلُ سَبعِيْنَ دَعْوَة في العَلاَنِيَةِ »

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ичида қилинган дуо ташида қилинган дуонинг етмиштасига тенг келади”, дедиларБунинг санади саҳиҳдир.

Ибн Ҳиббон ўзининг “Саҳиҳ”ида марфуъ ҳолда ривоят қилади:

Дуонинг яхшиси махфий  сидир”.

Яна шунингдек “Омин”ни айтиш тааввузни айтишдан устун турмайди. Чунки тааввузни айтишга Аллоҳ таолонинг Ўзи буюрган:

فَإِذَا قَرَأْتَ الْقُرْآنَ فَاسْتَعِذْ بِاللَّهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ

“Қачон Қуръон ўқисанг, шайтонир рожиймдан Аллоҳнинг паноҳини сўра”. Наҳл-98.

Шундай бўлсада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тааввузни жаҳрий қилганлари собит бўлмаган. Демак “Омин”ни жаҳрий айтмаслик ундан кўра маъқулроқ бўлади. Чунки “Омин” лафзи Қуръони каримда йўқ. Уни Фотиҳа билан ундан кейинги сура орасида жаҳрий қилиб айтиш қиёсга хилофдир. Зотан бунда “Омин”ни Қуръондан деб тушуниб қолиш эҳтимоли бор. Қиёсга мувофиқ бўлгани учун ҳам биз “Омин”ни махфий   айтиш борасидаги ҳадисни жаҳрий айтиш ҳадисидан кучлироқ ҳисоблаймиз. Саҳобалар ва тобеъинларнинг аксарлари “Омин”ни махфий   айтишарди. Табарий айтади: “Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан, Наҳаий, Шофеъий, Иброҳим Таймий роҳматуллоҳ алайҳимлардан ривоят қилинганишича, улар “Омин”ни махфий   айтишар эди”.

Мулоҳаза:

“Омин”ни жаҳрий ва махфий   айтиш борасидаги ҳадислар саҳиҳдир. Унинг иккисига ҳам уламоларнинг жамоалари амал қилишган. Лекин саҳобалар ва тобеъин розияллоҳу анҳумларнинг аксари уни махфий   айтишган. Бизнинг махфий   айтишни устун қўйишимизнинг сабабларидан яна бири шудир.

 

أَخْبَرَنَا عَلِىُّ بْنُ مُحَمَّدِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ بِشْرَانَ الْعَدْلُ بِبَغْدَادَ أَخْبَرَنَا عَلِىُّ بْنُ مُحَمَّدٍ الْمِصْرِىُّ حَدَّثَنَا يَحْيَى بْنُ عُثْمَانَ بْنِ صَالِحٍ حَدَّثَنَا إِسْحَاقُ بْنُ إِبْرَاهِيمَ الزُّبَيْدِىُّ أَخْبَرَنِى عَمْرُو بْنُ الْحَارِثِ حَدَّثَنَا عَبْدُ اللَّهِ بْنُ سَالِمٍ عَنِ الزُّبَيْدِىِّ قَالَ أَخْبَرَنِى الزُّهْرِىُّ عَنْ أَبِى سَلَمَةَ وَسَعِيدٍ أَنَّ أَبَا هُرَيْرَةَ قَالَ : كَانَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- إِذَا فَرَغَ مِنْ قِرَاءَةِ أُمِّ الْقُرْآنِ رَفَعَ صَوْتَهُ فَقَالَ : آمِينَ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон “Уммул Қуръон”ни қироатидан бўшасалар, овозларини кўтариб: “Омин” дердилар”, деган”.

Бу ҳадисни  Дороқутний ва Ҳоким ривоят қилган. Дороқутний ҳадиснинг санадини ҳасан деган. Ҳоким икки шайхнинг шартига кўра саҳиҳ деган. Байҳақий ҳасан саҳиҳ деган. Ҳадиснинг санадида Яҳё ибн Усмон бор. Ибн Абу Ҳотим айтади: “Муҳаддислар бу хусуда гап қилишган”. “Ал‑Жавҳарун Нақий” 1/132. Заҳабий “Кошиф”ида айтади: “Уни инкор қиладиган нарсалар бор. Унинг шайхи Исҳоқ Зубайдийдир. Абу Довуд уни: “Ҳеч нарса эмас”, деган. Насоий  эса: “Сиқа эмас”, деган. Ҳимснинг муҳаддиси Муҳаммад ибн Авф Тоий уни: “Ёлғончи”, деган.

Ҳадиснинг санадида Исҳоқ ибн Иброҳим Алоъ Зубайдий ибн Зибриқ бўлиб, икки шайх ўзининг “Саҳиҳ”ида ва тўртта “Сунан” эгалари ҳам ўз “Сунан”ларида ундан ҳадис келтиришмаган. Насоий ва Абу Довуд уни заиф дейишган. Ҳимс муҳаддиси Муҳаммад ибн Авф Тоий уни ёлғончи деган.

Ожуррий Абу Довуддан ривоят қилади. Муҳаммад ибн Авн шундай деди: “Исҳоқ ибн Зибриқнниг ёлғончи эканлигига шак қилмайман”. Таҳзибут Таҳзиб, 1/216.

→Ибн Можа ва Ибн Жарирлар ривоят қилишиб саҳиҳ дейишган қуйидаги ҳадис ҳақида:

عن علي قال: كان النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم إذا قال: (وَلا الضَّالِّينَ) قَالَ : آمِينَ يَرْفَعُ بِهَا صَوْتَهُ

 

Ибн Шоҳин Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон: “Валаддооооооллийн”, десалар: “Аамийн”, дердилар ва бунда овозларини кўтарардилар”.Шунингдек “Канзул Уммол”да ҳам келтирилган. 4/210.

حَدَّثَنَا أَبُو بَكْرِ بْنُ أَبِي شَيْبَةَ حَدَّثَنَا حُمَيْدُ بْنُ عَبْدِ الرَّحْمَنِ حَدَّثَنَا ابْنُ أَبِي لَيْلَى عَنْ سَلَمَةَ بْنِ كُهَيْلٍ عَنْ حُجَيَّةَ بْنِ عَدِيٍّ عَنْ عَلِيٍّ قَالَ : سَمِعْتُ رسول الله صلى الله عليه وسلم إِذَا قَالَ : (وَلا الضَّالِّينَ) قَالَ : آمِينَ يَرْفَعُ بِهَا صَوْتَهُ

Бизга Абу Бакр ибн Абу Шайба айтиб берди, бизга Ҳумайд ибн Абдурраҳмон айтиб берди, бизга Ибн Абу Лайло айтиб берди. У Салама ибн Куҳайлдан, у Ҳужайя ибн Адийдан, у эса Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:  “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қачон: “Валаддооооооллийн”, десалар: “Аамийн”, деганларини эшитдим”. Ибн Можа ривояти 1/62.

Ҳадисда  “бунда овозларини кўтарардилар”, деган жумла йўқ. Эшитишнинг ўзи жаҳрий айтилганига далолат қила олмайди. Чунки одатда яқин турган киши махфий   айтилган калимани ҳам эшитиши мумкин. Баъзи ровийлар икки тушунчанинг ўртасини ажратмасдан Алий розияллоҳу анҳунинг овозни эшитишларини маънони ривоят қилиш деб тушунтиришган. Бу фикрни Алий розияллоҳу анҳунинг ўзлари “Омин”ни махфий   айтганлари қувватлайди.

Имомга яқин турган ёки унинг ёнида турган иқтидо қилувчи имомнинг махфий   ўқиган нарсаларини эшитиши мумкин. Шу билан бирга буни жаҳрий дейилмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга пешин намозини ўқиб берганларида баъзан Фотиҳадан кейинги суранинг бир ёки икки оятларини эшиттириб қўярдилар. Маълумки, махфий  ликнинг энг ками ўзи ва ўзига яқин турган кишининг эшитишидир. Агар бир ёки икки киши эшитса у жаҳрий бўлавермайди. Бизнинг наздимизда бу борадаги барча ҳадислар “Омин”ни таълими учун айтилганига ёки ровийнинг баъзилар эшитганини мутлақ қилиб ривоят қилганига ҳамл қилинади.

→Имом Термизий Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис ҳақида:

حَدَّثَنَا بُنْدَارٌ مُحَمَّدُ بْنُ بَشَّارٍ حَدَّثَنَا يَحْيَى بْنُ سَعِيدٍ وَعَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ مَهْدِيٍّ قَالَا حَدَّثَنَا سُفْيَانُ عَنْ سَلَمَةَ بْنِ كُهَيْلٍ عَنْ حُجْرِ بْنِ عَنْبَسٍ عَنْ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ قَالَ سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَرَأَ غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلَا الضَّالِّينَ فَقَالَ آمِينَ وَمَدَّ بِهَا صَوْتَهُ

Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғойрил мағдууби алайҳим ва ладдооооооллийн”, ўқиб: “Аамийн”, деганларини эшитдим. Бунда овозларини чўздилар”. 1/34.

Бу Суфённинг ҳадисидир. Шуъбанинг ҳадисидаги: “Бунда овозларини паст қилардилар”, деган лафз Суфённинг ҳадисига қарама‑қарши туриб қолади. Шуъба ҳадис ривоят қилиш жиҳатидан Суфёндан яхшироқдир. Шуъбанинг замонида ҳадис борасида унга ўхшагани, ҳадис ривоят қилишда ундан яхшиси бўлмаган. Бу унга насиб қилган. Муҳаммад ибн Аббос Насоий  айтади: “Абу Абдуллоҳдан: “Ким собитроқ, Шуъбами ёки Суфёнми?” деб сўрадим. У: “Суфён ҳофиз ва солиҳ киши, Шуъба эса ундан кўра собитроқ ва рижолларнинг энг тозасидир”, деди.

Абдуллоҳ ибн Аҳмад отасидан ривоят қилиб айтади: “Шуъба бу борада  яъни рижоллар орасида ўзи ёлғиз умматдир, унинг ҳадисни кўриши, собит қилиши ва (ҳадисни турли номаъқул сифатлардан) тозалаши рижолларнинг фойдасигадир”.

Ҳаммод ибн Зайд айтади: “Менга агар Шуъба мувофиқ келса, хилоф қилганларга парво қилмайман. Агар бирон нарсада Шуъба менга хилоф қилса уни тарк қилдим”.

Абу Довудга: “У ҳадис ривоят қилиш жиҳатидан Суфёндан яхшироқми?” дейилди. Абу Довуд: “Дунёда озлиги жиҳатдан Шуъба ва Моликдан кўра ҳадис ривоят қилишда яхшироғи йўқдир”, деган.

 

→Яна Ибн Можанинг Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси ҳақида:

حدثنا محمد بن بشار حدثنا صفوان بن عيسى حدثنا بشر بن رافع عن أبي عبد الله ابن عم أبي هريرة عن أبي هريرة قال ترك الناس التأمين وكان رسول الله صلى الله عليه وسلم إذا قال ( غير المغضوب عليهم ولا الضالين ) قال آمين حتى يسمعها أهل الصف الأول فيرتج بها المسجد

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Одамлар “Омин”ни тарк қилишди. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон “Ғойрил мағдууби алайҳим ва ладдооооооллийн”, айтсалар: “Аамийн”, дердилар. Ҳатто биринчи саф аҳли уни эшитар, у билан масжид ларзага келарди”. 1/62.

Бу ҳадиснинг санадида ҳам матнида ҳам муаммо бор. Унинг санадида Бишр ибн Рофеъ бўлиб, Бухорий: “Унинг ҳадисига эргашилмайди”, деган.

Аҳмад уни: “Заиф”, деган.

Ибн Маъийн: “Мункар ҳадисларни айтган”, деган.

Насоий  уни: “Кучли эмас”, деган.

Ибн Ҳиббон: “Бир неча мавзу нарсаларни худди уларга суянгандек ривоят қилади”, деган. “Мезон”, 1/147.

Ҳофиз “Таҳзибут Таҳзиб”да айтади: “Ибн Абдулбарр “Куний”да: “Улар наздида у заиф ва мункарул ҳадисдир”, деган.

“Инсоф” китобида шундай дейди: “Муҳаддислар унинг ҳадисини инкор қилишда иттифоқ қилишган, у ривоят қилган нарсани ташлашган ва ундан ҳужжат олишни тарк қилишган. Ҳадис уламолари бу борада ихтилоф қилишмаган. Ибн Ҳиббон айтади: “У Яҳё ибн Абу Касирдан  бир нечта мавзу бузуқ ривоятларни келтирган. Буни ҳадис илмидан ўта хабардор бўлмаган кишилар ҳам била олади. Яна у худди уларга суянгандек ривоят қилади”. 1/449.

Ҳадиснинг матнига келсак: “У билан масжид ларзага келарди”, деган матн: “Ҳатто биринчи саф аҳли уни эшитар эди”, деган жумлага хилофдир. Чунки масжид ларзага келадиган даражада овоз бўлса, уни фақат биринчи сафдагилар эшитмас эди. Маълумки бу ҳадисни Абу Довуд Бишр ибн Рофеънинг йўлидан: “У билан масжид ларзага келарди”, жумласисиз ривоят қилган. Унинг лафзида шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон: “Ғойрил мағдууби алайҳим ва ладдооооооллийн”ни тиловат қилсалар: “Аамийн”, дердилар. Ҳатто биринчи сафда у зотга яқин турган киши уни эшитарди”. 1/352. Авнул Маъбуд.

→ Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ўзининг “Муснад”ида ривоят қилган ҳадисга келсак:

حَدَّثَنَا النَّضْرُ بْنُ شُمَيْلٍ ، عَنْ هَارُونَ الأَعْوَرِ ، عَنْ إِسْمَاعِيلَ بْنِ مُسْلِمٍ ، عَنْ أَبِي إِسْحَاقَ ، عَنْ ابْنِ أُمِّ الْحُصَيْنِ ، عَنْ أُمِّهِ ، أَنَّهَا صَلَّتْ  خَلْفَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم ، فَسَمِعَتْهُ وَهُوَ يَقُولُ :مَالِكِ يَوْمِ الدِّينِ ، فَلَمَّا قَرَأَ وَلا الضَّالِّينَ قَالَ : آمِينَ ، حَتَّى سَمِعَتْهُ وَهِيَ فِي صَفِّ النِّسَاءِ

Бизга Назр ибн Шамил айтиб берди, у Ҳорун Аъвардан, у Исмоил ибн Муслимдан, у Абу Исҳоқдан, у Ибн Умму Ҳусойндан, у эса онасидан ривоят қилишича, онаси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларида намоз ўқиганда, у зотнинг: “Маалики явмиддиин”, деяётганларини эшитган экан. У зот: “Ва ладдооооооллийн”ни қироат қилгач: “Аамийн”, деган эканлар ҳатто у аёллар сафида туриб уни эшитган экан”. Зайлаъий, 1/196.

Бу ҳадис ровийлари орасида Исмоил ибн Муслим Маккий бор. У заифдир.

Аҳмад айтади: “У мункарул ҳадисдир”.

Насоий айтади: “У матрукдир”.

Ибн Мадиний айтади: “Яҳёдан эшитдим, ундан Исмоил ибн Муслим Маккий тўғрисида сўралди. У: “У доим чалкаштиради, бизга бир ҳадисни уч хил қилиб айтиб беради”.

Ибн Маъийн айтади: “Исмоил ибн Муслим Маккий ҳеч нарса эмасдир”.

Алий ибн Мадиний айтади: “Унинг ҳадиси ёзилмайди”.

Саъдий айтади: “Ниҳоятда бўшдир”. “Мезон” 1/115.

→ Бухорийнинг Атодан ривоят қилган таълиқи ҳақида:

عبد الرزاق عن بن جريج عن عطاء قال قلت له أكان بن الزبير يؤمن على أثر أم القرآن قال نعم ويؤمن من وراءه حتى إن للمسجد للجة

Абдурраззоқ Ибн Журайждан, у эса Атодан ривоят қилади. Ато айтади: “Унга: “Ибн Зубайр “Уммул Қуръон”нинг изидан “Омин”ни айтармиди?” дедим. У: “Ҳа, унинг ортидан “Омин”ни айтарди, ҳатто масжид ларзага келарди”, деди”. Фатҳул Борий 2/262. “Имом “Омин”ни жаҳрий айтиши” боби.

وَأَخْبَرَنَا أَبُو يَعْلَى : حَمْزَةُ بْنُ عَبْدِ الْعَزِيزِ الصَّيْدَلاَنِىُّ أَخْبَرَنَا أَبُو بَكْرٍ : مُحَمَّدُ بْنُ الْحُسَيْنِ الْقَطَّانُ حَدَّثَنَا أَحْمَدُ بْنُ مَنْصُورٍ الْمَرْوَزِىُّ حَدَّثَنَا عَلِىُّ بْنُ الْحَسَنِ بْنِ شَقِيقٍ أَخْبَرَنَا أَبُو حَمْزَةَ عَنْ مُطَرِّفٍ عَنْ خَالِدِ بْنِ أَبِى أَيُّوبَ عَنْ عَطَاءٍ قَالَ : أَدْرَكْتُ مِائَتَيْنِ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- فِى هَذَا الْمَسْجِدِ إِذَا قَالَ الإِمَامُ (غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ) سَمِعْتُ لَهُمْ رَجَّةً بِآمِينَ

Байҳақий Атодан бошқа важҳда ривоят қилган. Ато айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан икки юзтасини ушбу масжидда топдим. Имом қачон ғойрил мағдууби алайҳим ва ладдооооооллийн”, деса, уларнинг гулдуроз “Омин”ини эшидим”.

Бу таълиққа қуйидаги жавобни берамиз:

Бу таълиқдаги саҳобаларнинг амаллари бошқа бир қанча саҳобаларнинг амаллари ва сўзларига қарши турар экан уни ҳужжат қилиб бўлмайди. Юқорида Умар, Алий ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумларнинг “Омин”ни махфий   айтганлари борасидаги далилни келтириб ўтдик. Булар ўрнак учун кифоя қилади. Табарийнинг зикр қилишича: “Саҳоба ва тобеъин розияллоҳу анҳумларнинг аксари “Омин”ни махфий   айтишарди”.

Хулоса:

“Омин”ни махфий   айтиш юқорида ўтган тафсилотларга кўра ҳукмнинг аслидир. Бунинг хилофига далил келмагунча уни тарк қилинмайди. Жаҳрий қилиш тўғрисидаги барча ривоятлар умумни эмас, балки феълларнинг ҳикояси ҳисобланади. Турли эҳтимоллари мавжуд бўлган далиллар “Омин”ни махфий   айтиш далилига қарши ҳужжат бўла олмайди. Шу билан бирга у далилларнинг аксарида кўриб ўтганимиздек жарҳ бор. Улардан саҳиҳлари очиқ‑ойдин эмас, очиқ‑ойдинлари эса саҳиҳ эмас. Саҳобалардан ворид бўлган асарлар ихтилофли бўлиб, шунга кўра бизнинг наздимизда далилнинг кучлироғи асл борасидаги далиллар ҳисобланади. Асл эса юқорида айтганимиздек “Омин”ни махфий   айтишдир. Валлоҳу таоло Аълам!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Сабра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бола етти ёшга етганда уни намозга буюринглар. Ўн ёшга етса, унинг давоми...

4391 12:31 / 09.09.2021
Намозда қироат, зикр, муножот ва амаллар бор. Агар қалб ҳозирлиги бўлмаса, қироат, зикр ва муножотлардан кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди. Шунинг учун ҳам, қалб давоми...

4716 05:00 / 04.01.2017
Оталардан бири айтади .Мен фарзандим билан ҳар намоздан кейин бир маблағ беришга ва беш маҳал намозни масжидда ўқиса, мукофоти ундан ҳам катта бўлади, деб келишиб давоми...

2133 14:00 / 08.01.2022
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар .Кимки ўн икки ракаат зуҳо намози ўқиса, Аллоҳ унга жаннатда олтиндан бир қаср бино қилгайдир,.Термизий, Ибн Можа, давоми...

10458 11:14 / 25.07.2018