1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Намоз китобидан

10:42 / 04.01.2017 18673 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намоз арабчада «Салот» дейилиб, луғатда яхшиликка дуо маъносини англатади. Шариатда эса: «Такбир ила бошланиб, салом бериш ила тугайдиган махсус шартлари бор гаплар ва ишлар намоздир». Намоз Исро кечасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан олдинроқ фарз бўлган. Беш вақт намоз фарзлиги Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам, Ижмоъда ҳам қайта-қайта таъкидланган. Намоз балоғатга етган ҳар-бир мусулмон учун фарз айндир. Ҳар ким ўзи учун намоз ўқимоғи фарздир. Ким намозни инкор қилса, Исломдан чиқиб, кофир бўлади.


Намоз, калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз ҳисобланади.

У банда Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари жуда кўпдир.

Аввало намоз банданинг Аллоҳ билан боғланиш воситасидир.

Унда банда Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, У зотга муножот қилади, барча дардларини тўкиб солиб, руҳий, маънавий лаззат олади.

Бу дунёда ҳаёт кечираётган одамнинг ўзига яраша дарди ҳасратлари бўлади. Уларни бошқа одамларга айтса, ёрдам олса бўлмаслиги мумкин, қолаверса, улар сирини бошқаларга фош қилиб, дард устига чипқон бўлишади. Дард ҳасратни Аллоҳ таолога айтилганда эса, Аллоҳ ёрдам беради ва сирни фош қилмайди. Энг ози банда дардини тўкиб солиб ҳузур қилади.

Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Банда ўз намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди.

Иккинчидан намоз ютуқлар ва нажот йўлидир.

Намоз хато ва гуноҳларни ювишнинг энг ишончли йўлидир.

Намоз доимо ўз эгасига кўплаб шахсий фойдалар келтиради.

Намоз намозхонни Аллоҳга яқин қилади, унинг иродасини мустаҳкамлайди. Фақат Аллоҳдангина иззат талаб қилишга ўргатади.

Намоз инсонни бу дунё матоҳларидан ўзини юқори тутишга ўргатади.

Намоз ўз эгасига мислсиз нафсоний роҳат ва руҳий фароғат касб этади.

Намоз ўқийдиган одам, ғафлат уйқусидан қутилиб ушбу ҳаётдаги ўз масъулиятини сидқидилдан адо этадиган бўлади.

Намоз кишига интизомли бўлишни, ҳамма ишларни тартибли равишда йўлга қўйишни, вақтни тежаш ва тартибга солишни ўргатади.

Намозхон одам ҳилм, хотиржамлик, шошилмаслик, виқорли, сабр каби кўплаб шахсий сифатларга эга бўлади.

Намоз ўз эгасини юксак инсоний фазийлатларга, эга бўлишига, турли разийлатлардан холи бўлишга олиб боради.

Учинчидан, намознинг намозхонлар жамиятига келтирадиган фойдалари ҳам жуда кўпдир.

Маълумки, намозни масжидларда жамоат билан ўқиш афзалдир.

Жамоат билан намоз ўқиш намозхонлар орасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлайди. Куч жамоатда эканини англатади. Ижтимоий боғланиш, ҳамкорликни кучайтиради.

Жамоат намози кишилар ўртасида тенгликни намойиш қиладиган муҳим омилдир. Намозда ким бўлишидан қатъий назар, бир жойда, бир сафда туради, бир хил амални бажаради ва бир Аллоҳга банда эканликлари изҳор қилинади.

Жамоат намози мусулмонларнинг сафлари бир, гап сўзлари бир эканини кўрсатади.

Намозда жамоат шаклида имомга бўйсиниш, бир мақсадга йўналиш кўринишлари номаён бўлади.

Жамоат намози орқали мусулмонлар бир бирлари билан танишиб, унсу улфат ортдирадилар, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишга одатланадилар. Улар жамоат намози туфайли бир-бирларининг ҳолларидан хабар оладилар. Ичларида бемор, мазлум, ҳожандмандлар чиқиб қолса, ёрдам берадилар.

Жамоат намозида қатнашувчилар бир-бирларига ёрдам бериш билан бирга хатоларини ҳам тузатадилар ва бошқа кўплаб ўз жамиятлари учун керакли ишларни амалга оширадилар.

Намоз мусулмон кишини ғайримусулмондан ажратиб турувчи асосий белгидир. Шунинг учун ҳам намозхон одамни ҳамма ҳурмат қилади, унга ишонади, ундан хотирижам бўлади.

Тўртинчидан, намоз поклик рамзидир.

Намозхон одамнинг энг аввало қалби пок бўлади. қолаверса бадани, кийим-боши ва макони пок бўлади. Намоз кишининг руҳий, маънавий ва жисмоний соғлиги учун ниҳоятда зарур нарса экани ҳозирда кофирга ҳам сир бўлмай қолди.


БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ


Намозни Исломнинг беш рукнидан иккинчи рукн қилган ва «намозни Менинг зикрим учун қоим қил» деган Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин!

Худди менинг намоз ўқиганимни кўрганингиздек намоз ўқинг деб биз умматларига намозни ўргатиб берган маҳбуб пайғамбаримизга батамом ва мукаммал саловоту дурудлар бўлсин!

Намозни ўзлари учун илоҳий неъмат ва ҳузуру ҳаловат деб қабул қилиб, уни хушуъ – хузуъ ила адо этишни йўлга қўйган саҳобаи киромлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи рози бўлсин!

Қуръон ва Суннатдан намоз аҳкомларини чиқариб олиб, мусулмон уммати учун осонлик туғдирган уламоларимизга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин!

Ҳаммамиз намоз диннинг устуни ва мўминнинг меърожи эканини яхши биламиз. Бу улкан ибодатнинг қадр-қиммати ва фазлу баракотини ҳам яхши биламиз.

Шу билан бирга намознинг аҳкомлари кўплиги ва амаллари ўта дақиқлигини ҳам тўла англаб етмоғимиз лозим. Уларни англаб етиш билан бирга илмий асосда ўрганмоғимиз ва ҳаётимизга татбиқ этмоғимиз ҳам лозим.

Намознинг қадри улуғ, аҳамияти буюклигини ҳадис ва фиқҳ китобларимизнинг энг кўп қисмини айнан намоз ҳақидаги ривоятлар ва ижтиҳодлар тўлдирганидан ҳам билиб олсак бўлади. Ҳатто юртимизнинг улуғ олимларидан бири Муҳаммад ибн Наср ал-Марвазий раҳматуллоҳи алайҳи «Таъзиму қадарис Солати» «Намознинг қадрини улуғлаш» деган икки жилдли катта китоб ёзган эканлар.

Намоз ибодати бир кунда беш марта фарз қилинган бўлиши билан бирга намоз ва унга алоқадор нарсалар мўмин банданинг онадан туғилишидан бошлаб, то бу дунёни тарк этгунича бирга бўладиган нарсасидир.

Бола туғилиши билан унинг қулоғига намозга айтиладиган азон айтилади. Бола ҳали эсини танимай туриб ўз атрофидаги кишиларни намоз ўқиётганларини кўради. Сўнг ўзи ҳам намоз ўқиганларга тақлид қилишни бошлайди.

Кейинчалик балоғатга етганида кунига беш вақт намоз ўқимоғи фарз бўлади. Банда фарз намозларга қўшиб суннат намозларни ҳам ўқийди. Бу амалнинг ҳузурини ўзида алоҳида завқ билан ҳис этган кишилар эса нафл намози ҳам ўқишга ўтадилар.

Нафл намозларнинг тури ҳам кўп. Оддий ҳолатда, кўнгил тусаганда икки ракъат намоз ўқиб ҳузурланишдек роҳат борми дунёда?! Икки ракъат ишроқ – қуёш чиқишидан кейинги намозни ўқишни одатланганлар ҳам оз эмас. Кейинроқ зуҳо – чошгоҳ намози ўқилади. Шомдан кейин Аввобийн намози ўқилади. Ётишдан олдин тўрт ракъат нафл ўқиш ўта фазилатли иш.

Кечаси туриб таҳажжуд намози ўқишнинг фазлини айтиб тугатиш қийин.

Турли ҳолат ва муносабатларнинг ҳам ўзига аталган намозлари бор.

Аллоҳга ва бандалардан бирига ҳожати тушган киши ҳожат намози ўқийди.

Бирор ишни қилиш ёки қилмасликни билмай қолган одам истихора намози ўқийди.

Сафарга чиқишдан олдин ҳам, сафардан қайтгандан кейин ҳам икки ракъат намоз ўқилса, яхши бўлади.

Тавба қилишни ирода қилган одам ҳам бу ишга атаб намоз ўқийди.

Қурғоқчилик мўмин бандаларни ташвишга солса, истисқо намоз ўқиб серобчилик сўрайдилар.

Шунингдек, мўмин бандалар қуёш ёки ой тутилса, кусуф ёки хусуф намози ўқийдилар.

Никоҳ тўйи куни ҳам келин-куёв бир-бирлари билан учрашишларидан олдин икки ракъатдан намоз ўқийдилар.

Байрам кунлари мўминлар ийд намозларини ўқийдилар.

Вақти соати етиб мўмин киши вафот этганда эса унга жаноза намози ўқилади.

Хулласи калом, аввал айтилганидек, мўмин-мусулмон банда умри давомида доимо намоз биландир.

Авваллари бизда жуда оз сонли кишиларгина, асосан ёши ўтиб, кексайиб қолганларгина қўрқа-писа қўлларидан келганича намоз ўқир эдилар. Кўпчилик намознинг суратини билар эди, холос. Илмий маънода ҳужжат далил билан намоздан бохабар кишилар оз эди.

Аллоҳнинг инояти ила истаган кишилар учун намозни ўрганиш ва адо этиши имкон ҳам туғилди. Аммо намоз ўрганиш билан бир қаторда намоз ҳақидаги ихтилофлар ҳам қулоч ёзди. Имом жаҳрий намозда «Фотиҳа» сурасини ўқиб бўлганидан кейин иқтидо қилувчилар «омийн»ни овоз чиқариб айтишидан бошланган ихтилоф бора-бора намоздаги баъзи бир бошқа масалаларни ҳам қамраб олди. Шахслар, масжидлар ва жамоалар орасида катта хилоф ва жанжаллар чиқди. Жанжаллар жангларга ва ҳукумат идораларига боришгача айланиб кетди. Оқибатда ўта кўнгилсиз ҳодисалар ва натижалар юз берди.

Жанжалларнинг ривожланишига асосан икки тарафнинг ҳам илмни ўртага солмагани сабаб бўлди. Бир тараф аввалдан бўлиб келаётган нарсани маҳкам ушлаган бўлса, иккинчи тараф четдан келаётган нарсани маҳкам ушлаган эди. Орада мусулмонлар ва динни тутганлар ҳақидаги тасаввур салбийлашиб борар эди.

Ҳижратда юриб мазкур масалаларни эътиборга олиб «Ихтилофлар ҳақида» деган китоб ёзган эдим. Аллоҳ таолонинг Ўзига маълум ҳикматга биноан мазкур китобни чоп этиш қийин бўлди. Чоп этилгани ҳам ўқувчига етмай қолди.

Ҳижратдан қайтгандан кейин намоз ҳақидаги ихтилофлар сиртдан қараганда камайган, кўзга ташланмайдиган бўлиб кўринса ҳам аслида чуқурлашгани, улар фиқҳий масалалар билан чегараланиб қолмай ақийдавий масалаларга ҳам ўтгани аён бўлди. Мазкур ихтилофлар жуда ҳам кенгайиб, намозни ўқимаса ҳам бўлаверар экандан тортиб, намозни тарк қилган кофир, унинг уйига кириб бўлмайди, таомини еб бўлмайдигача етиб борган эди.

Буларнинг ҳаммасига илмий жавоб керак эди. «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласининг намозга бағишланган жузларида барча аҳкомларни ёритиш билан бирга ана ўша саволларга қўлдан келганича илмий жавобни беришга ҳаракат қилдик.

Бу борада ақийдага тегишли, куфр ва иймонга тегишли масалаларни аҳли сунна ва жамоа мазҳаби бўйича ёритдик. Фиқҳга тегишли масалаларни эса ҳанафий мазҳаби асосида баён қилдик. Аслида шундоқ бўлиши керак ҳам эди.

Чунки бошқалар Қуръон ва Суннатга амал қилиб, ҳанафий мазҳаби одамларни бу икки масдардан четлаштириши даъво қилинар эди. Шунинг учун ҳам юртимиз мусулмонларининг доимий бўлган ҳанафий мазҳабининг Қуръон ва Суннатга бошқалардан ҳам нозикроқ тарзда амал қилганлигини баён қилишга уриндик.

Биз шарҳ қилаётган китобнинг муаллифи шайх Мансур Али Носиф раҳматуллоҳи алайҳи шофеъий мазҳабида бўлганлари учун баъзи жойларда ҳанафийлар далил қилиб келтирган ҳадисларни олмай ўз мазҳаби далил қилган ҳадисларни олган экан. Биз бошқа китоблардан ҳанафий мазҳаби далил қилган ҳадисларни топиб зикр қилдик.

Бошқа мазҳаблар олган ҳадисларни нима учун ҳанафий мазҳаби олмаганини ҳам зикр қилиб ўтдик.

Бунда заррача ҳам мазҳабга таассуб йўқ. Бунда барча мазҳабларни ҳурмат қилган ҳолда мазлум ҳанафий мазҳабининг ҳақиқати ҳақида маълумот беришга ҳаракат бор.

Бунда мусулмонлар орасидаги ихтилофларга қарши ва уларга барҳам бериш йўлида ҳаракат бор.

Бунда жамоалар орасида иттифоқлик ҳукм суриши орзусида қилинаётган уриниш бор.

Ушбу китобда ихтилофли масалалар оз ўрин эгаллаган. Ундаги кўп масалалар ҳамма учун керакли ва зарур ҳукм ҳамда маълумотлардан иборатдир.

Бу китобни диққат билан ўқиб, Исломнинг беш рукнидан иккинчиси бўлган намоз ибодати ҳақида анчагина илм ҳосил қилсангиз, ажаб эрмас.

Қўлингиздаги китобнинг бош мавзулари қуйидагилардан иборат бўлди:

Намознинг фарзлиги ва фазли ҳақида.

Намознинг ҳикматлари.

Намозларни муҳофаза қилиш.

Ўрта намоз – Аср намози.

Намозни тарк қилувчининг ҳукми.

Намознинг вақтлари ҳақида.

Бир ракъати топилган намоз ҳаммаси топилур.

Намознинг узрлари.

Намознинг шартлари.

Поклик.

Қиблага қараш.

Сафардаги нафл намоз.

Авратни бекитиш.

Аёлнинг намоздаги кийими.

Пок кавуш ила намоз ўқиш жоиз.

Намозда калом ва амални тарк қилиш.

Азон ва иқомат ҳақида.

Азон ва иқоматнинг баёни.

Азоннинг мустаҳаби.

Масжидда иккита муаззин бўлиши.

Азон эшитувчига мустаҳаб нарсалар.

Икки азон орасидаги дуо мақбул.

Мисвок ҳақида.

Салла ҳақида.

Сутра ҳақида.

Сутрага яқинлашиш.

Имомнинг сутраси орқасидагиларга ҳам сутра.

Намозни кесади дейилган нарсалар.

Намознинг кайфияти ҳақида.

Икки қўлни кўтариш ва такбирлар ҳақида.

Намозни бошлаш дуоси.

Аъузу биллаҳини айтиш.

«Фотиҳа»дан кейин омийн айтиш.

«Фотиҳа»дан кейин зам сура қилиш.

Пайғамбар алайҳиссалом Пешин ва Асрда қироат қилган нарса.

Шом ва Хуфтонда қироат қилинган нарса.

Бомдоддаги қироат.

Бир сурани икки ракъатда қайта ўқиш.

Рукуъ ва ундаги тасбиҳ.

Рукуъдан бош кўтариш ва ҳамд айтиш.

Саждадаги дуо мустажобдир.

Икки сажда орасида ўтириш ва дуо.

Биринчи ташаҳҳуд ва ундаги ўтириш ҳайъати.

Намозда хушуъ ва уни гўзал адо этиш.

Намознинг қайси амали афзал.

Намозда Қунут.

Саломдан олдинги дуо.

Туришга ва қироатга ноқодир кишининг ҳукми.

Фарз нуқсони нафл орқали тўлдирилади.

Намоздаги макруҳ ишлар.

Осмонга назар солиш ва аланглаш.

Тупуриш, қўлни белга тираш, тошларни тўғрилаш ва қўл билан ишора қилиш.

Таом ҳозир бўлганда ва ҳожат қистаб турганда намоз ўқиш.

Сочини йиғиштириш ва кийимини ерга судраш.

Эснаш, панжаларни гирра қилиш ва пуфлаш.

Суннат намозлари ҳақида.

Фарз намозлари суннати.

Бомдоднинг суннати.

Таъкидланган суннатлар.

Таъкидланмаган суннатлар.

Витр ҳақида.

Витр баёни.

Витрдаги қироат.

Намоздан кейинги дуо ва зикр.

Саҳв саждасининг сабаблари.

Тиловат саждаси ҳақида.

Тиловат саждаси ҳукми.

Шукр саждаси.

Намозда ҳожат учун енгил иш жоиз.

Аллоҳ таолонинг розилиги тилаб қилинган бу ожизона ишни Ўзи даргоҳида қабул қилган бўлсин! Омийн!



НАМОЗ КИТОБИ

ЎН УЧ БОБ ВА ХОТИМАДАН ИБОРАТ

БИРИНЧИ БОБ
НАМОЗНИНГ АСЛИ ВА УНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҲАҚИДА

ИККИ ФАСЛДАН ИБОРАТ

НАМОЗНИНГ ФАРЗЛИГИ ВА УНИНГ ФАЗЛИ ҲАҚИДА

Намоз арабчада «Солат» дейилиб, луғатда яхшиликка дуо маъносини англатади.
Шариатда эса: «Такбир ила бошланиб, салом бериш ила тугайдиган махсус шартлари бор гаплар ва ишлар намоздир».
Намоз Исро кечасида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан олдинроқ фарз бўлган.
Беш вақт намоз фарзлиги Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам, Ижмоъда ҳам қайта-қайта таъкидланган.
Намоз балоғатга етган ҳар бир мусулмон учун фарзи айндир. Ҳар ким ўзи учун намоз ўқимоғи фарздир.


НАМОЗНИНГ ҲИКМАТЛАРИ

Намоз Ислом динининг иккинчи рукни бўлиб, калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз ҳисобланади.
Намоз Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига банда шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари жуда кўпдир.
Аввало, намоз банданинг Аллоҳ билан боғланиш воситасидир.
Намозда банда Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, У зотга муножот қилади, барча дардларини тўкиб солиб, руҳий, маънавий лаззат олади.
Бу дунёда ҳаёт кечираётган одамнинг ўзига яраша дарди ҳасратлари бўлади. Уларни бошқа одамларга айтса, ёрдам ола билмаслиги мумкин, қолаверса, улар сирини бошқаларга фош қилиб, дард устига чипқон бўлишади. Дард-ҳасратни Аллоҳ таолога айтилганда эса Аллоҳ ёрдам беради ва сирни фош қилмайди. Ҳеч бўлмаганда банда дардини тўкиб солиб, ҳузур қилади.
Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Банда ўз намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди.
Иккинчидан намоз ютуқлар ва нажот йўлидир.
Намоз хато ва гуноҳларни ювишнинг энг ишончли йўлидир.
Намоз доимо ўз эгасига кўплаб шахсий фойдалар келтиради.
Намоз намозхонни Аллоҳга яқин қилади, унинг иродасини мустаҳкамлайди. Фақат Аллоҳдангина иззат талаб қилишга ўргатади.
Намоз инсонни бу дунё матоҳларидан ўзини юқори тутишга ўргатади.
Намоз ўз эгасига мислсиз нафсоний роҳат ва руҳий фароғат бахш этади.
Намоз ўқийдиган одам ғафлат уйқусидан қутилиб, ушбу ҳаётдаги ўз масъулиятини сидқидилдан адо этадиган бўлади.
Намоз кишига интизомли бўлишни, ҳамма ишларни тартибли равишда йўлга қўйишни, вақтни тежаш ва тартибга солишни ўргатади.
Намозхон одам ҳилм, хотиржамлик, шошилмаслик, виқорли бўлиш, сабр каби кўплаб шахсий сифатларга эга бўлади.
Намоз ўз эгасини юксак инсоний фазилатларга эга бўлишига, турли разолатлардан ҳоли бўлишга олиб боради.
Учинчидан, намознинг намозхонлар жамиятига келтирадиган фойдалари ҳам жуда кўпдир.
Маълумки, намозни масжидларда жамоат билан ўқиш афзалдир.
Жамоат билан намоз ўқиш намозхонлар орасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлайди. Куч жамоатда эканини англатади. Ижтимоий боғланиш ва ҳамкорликни кучайтиради.
Жамоат намози кишилар ўртасида тенгликни намойиш қиладиган муҳим омилдир. Намозда ким бўлишидан қатъий назар, бир жойда, бир сафда туради, бир хил амални бажаради ва намозхонлар бир Аллоҳга банда эканликлари изҳор қиладилар.
Жамоат намози мусулмонларнинг сафлари ва гап – сўзлари бир эканини кўрсатади.
Намозда жамоат шаклида имомга бўйсуниш, бир мақсадга йўналиш кўринишлари намоён бўлади.
Жамоат намози орқали мусулмонлар бир-бирлари билан танишиб, унсу улфат орттирадилар, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишга одатланадилар. Улар жамоат намози туфайли бир - бирларининг ҳолларидан хабар оладилар. Ораларида бемор, мазлум, ҳожатмандлар чиқиб қолса, ёрдам берадилар.
Жамоат намозида қатнашувчилар бир - бирларига ёрдам бериш билан бирга хатоларини ҳам тузатадилар ва бошқа кўплаб ўз жамиятлари учун керакли ишларни амалга оширадилар.
Намоз мусулмон кишини ғайримусулмондан ажратиб турувчи асосий белгидир. Шунинг учун ҳам намозхон одамни ҳамма ҳурмат қилади, унга ишонади, ундан хотиржам бўлади.
Тўртинчидан, намоз поклик рамзидир.
Намозхон одамнинг энг аввало, қалби пок бўлади. Қолаверса, бадани, кийим-боши ва макони пок бўлади. Намоз кишининг руҳий, маънавий ва жисмоний соғлиги учун ниҳоятда зарур нарса экани ҳозирда ҳеч кимга ҳам сир бўлмай қолди.
Намознинг фойдаларини қатор оят ва ҳадисларда батафсил ўрганамиз, иншааллоҳ. Аллоҳ таоло: «Намозни тўкис адо этинглар. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир», деган. (Нисо: 103)
Ушбу ояти карима намознинг фарзлиги ҳақидаги оятларнинг биридир. Ундаги намозни тўкис адо этиш ҳақидаги буйруқ фарзни ифода этади. Намознинг вақтида фарз қилингани эса уни ўз вақтида адо этиш лозимлигини англатади.Яна: «Ва намозни тўкис адо эт. Албатта, намоз фаҳш ва мункар (ишлар)дан қайтарадир», деган (Анкабут: 45).
Шарҳ: Бу оятдаги амр ҳам фарзни ифода этади. Шу билан бирга оятда намознинг ҳикматларидан бири, ҳақиқий намоз ўз эгасини фаҳш ва ёмон ишлардан қайтариши ҳам таъкидланмоқда.

314. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Исро кечасида эллик вақт намоз фарз қилинди. Сўнгра қисқартирилиб, беш вақтга келтирилди. Кейин эса: «Эй, Муҳаммад, албатта, Менинг ҳузуримда гап ўзгартирилмайди. Албатта, сенга ушбу бештада элликтанинг (ажри) бор», деб нидо қилинди». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Исро кечаси ҳақида Қуръони Каримда бутун бошли «Исро» сураси бор.
Шунингдек, бу ҳодисани муфассал баён қилинган ҳадиси шарифлар ҳам кўп. Ҳаммаси иншааллоҳ ўз ўрнида ўрганилади. Ҳозир эса маълумот учун қисқача қилиб қуйидагиларни билиб олсак кифоя.
«Исро»нинг луғавий маъноси – кечаси сафар қилиш деганидир.
Шариатда эса «Исро» Аллоҳ таолонинг амри ила Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечасида Буроқ номли ҳайвонга миниб, бир зумда Маккаи Мукаррамадан Байтул Мақдисга сафар қилишларидир.
Бу ҳодиса баъзи Ҳанафий уламоларининг таҳқиқ қилишларича, ҳижратдан бир ярим йил олдин, Рамазон ойининг ўн еттинчи куни содир бўлган.
Сўнгра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Байтул Мақдисдан осмонга, Меърожга олиб чиқилганлар. Ўша ерда Аллоҳ таоло билан суҳбат бўлган. Ўша суҳбат давомида жумладан, кунига эллик вақт намоз фарз қилинган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтиб, тушиб келаётиб Мусо алайҳиссаломга дуч келганлар. Шунда у киши алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Аллоҳ сенинг умматингга нимани фарз қилди?» деб сўраганлар. У зот: «Эллик вақт намозни», деганлар.
Мусо алайҳиссалом: «Роббингга қайт. Умматинг бунга тоқат қила олмайди», деганлар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳузурига қайтиб намозни камайтиришни сўраганлар. Аллоҳ бир- оз камайтирган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мусо алайҳиссаломнинг олдиларига қайтганларида у киши яна олдинги гапларини айтганлар. Шундоқ қилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча бор, бориб қайтганлари- дан сўнг Аллоҳ таоло намозни беш вақтга туширган ва:
«Эй, Муҳаммад, албатта, Менинг ҳузуримда гап ўзгартирилмас. Албатта, сенга мана шу бештада элликтанинг (ажри) бор», деган.
Мусо алайҳиссалом яна қайтишни таклиф қилганларида, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббимдан уяламан», деб қайтмаганлар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Намознинг Аллоҳ томонидан фарз қилингани.
2. Намоз Исро кечасида фарз қилингани.
3. Намоз аввал эллик вақт фарз қилиниб, кейин беш вақтга қисқартирилгани.
4. Аллоҳнинг ҳузуридаги гап ўзгартирилмаслиги.
5. Ислом умматига Аллоҳ меҳр кўрсатиб, беш вақт намозига эллик вақт намознинг ажрини беришлиги.
6. Ислом осонлик дини экани. Аввал эллик вақт намоз фарз қилиниб, кейин беш вақтга қисқартирилиши ана ўша осонликни бандаларга эслатиб туриш учундир.

Демак, беш вақт намозни янада чин ихлос билан ўқимоғимиз керак.

315. Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига аҳли Нажддан бир одам келди. Унинг сочлари тўзиган, овозининг ғўлдираётгани эшитилар эди-ю, нима деяётганини фаҳмлаб бўлмас эди. Яқин келувди, қарасак, у Ислом ҳақида сўраётган экан. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кеча-ю бир кундузда беш вақт намоз», дедилар.
«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» деди.
«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», дедилар.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Рамазон рўзасини тутишлик», дедилар.
«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» деди.
«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», дедилар.
Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга закотни зикр қилдилар.
«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» деди.
«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», дедилар.
Бас, ўша одам: «Аллоҳга қасамки, мана шундан зиёда ҳам, кам ҳам қилмайман», дея орқага қайтди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар гапида содиқ бўлса, ютди», дедилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Аввало ҳадиси шарифнинг ровийcи Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Толҳа ибн Убайдуллоҳ Қураший ат-Тамимий. Бу улуғ саҳобани Абу Бакр розияллоҳу анҳу Исломга даъват қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб келадилар. Толҳа Исломга биринчилардан бўлиб киради.
Бу зот ҳижратдан олдин Маккада саҳоба Зубайр билан Исломий биродар эдилар.
Ҳижратдан сўнгра Абу Айюб Ансорий билан исломий биродар бўлдилар. Жаннатга киришликка башорат берилган ўн нафар саҳобаларнинг бири Толҳа ибн Убайдуллоҳ эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Толҳа ва Зубайр жаннатдаги менинг қўшниларимдир», деб марҳамат қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр кунида бу зотни Шомга хабарларни билиб келишга жўнатганликлари учун, бу жангда иштирок эта олмадилар. Уҳуд жанги, Ризвон байъати ва булардан кейинги барча жангларда иштирок этдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тирик юрувчи шаҳидни кўришни хоҳласа, Толҳага қарасин», деганлар.
Бу зот ҳаммаси бўлиб 38 та ҳадис ривоят қилдилар. Ва бу ҳадислардан баъзиларини уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритган.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ Жамал воқеъасида Али розияллоҳу анҳу билан иштирок этдилар. Ва ҳижратнинг 36 санасида 62 ёшларида ана шу урушда шаҳид бўлдилар.
Ушбу ҳадисда ҳикоя қилинаётган ҳодиса жуда ҳам машҳур. Ўша аъробий одамнинг исми Замом ибн Саълаба бўлган.
Ушбу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида «Биз масжидда ўтирган эдик. Бирдан бир одам туя миниб масжидга кириб келди. Туясини чўктириб, тушди-да, қайси бирингиз Муҳаммад, мен - Бани Саъд ибн Бакрлик Замом ибн Саълабаман», деди», дейилган.
Нажд эса араб юртларидан бирининг номи бўлиб, Туҳама билан Ироқнинг орасида жойлашган. Ҳозирда Саудия Арабистони ҳудудига қарайди. Ўша вақтларда Наждликлар саҳровий бўлганлар. Ҳадисдаги: «Унинг сочлари тўзиган, овозининг ғўлдираётгани эшитилар эди-ю, нима деяётганини фаҳмлаб бўлмас эди», деб васф қилиниши ҳам шуни кўрсатади.
Замом ибн Саълаба яқин келиб, яхшироқ гапирганидан кейингина унинг Ислом ҳақида сўраётгани англанди. Жумладан, унга Пайғамбаримиз намоз, рўза ва закотни баён қилиб бердилар. Унинг орадаги саволларига ҳам жавоб бердилар. Бошқа ривоятларда келтирилишича шариат амалларини баён қилиб бердилар.
Суҳбатнинг охирига келиб, Замом ибн Саълаба Пайғамбаримиз баён қилиб берган ўша нарсаларга оширмай ҳам, камайтирмай ҳам тўлиқ ва тўғри амал қилишга аҳд қилиб, Аллоҳнинг номи ила қасам ичиб чиқиб кетди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар гапида содиқ бўлса, ютди», дедилар».
Ўша инсоннинг икки дунёдаги ютуғига сабаб бўладиган шариат амалларининг биринчиси сифатида намоз зикр қилингани учун ҳам бу ҳадис ушбу фаслда келтирилган.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Исломнинг ҳукмларини ўрганиш учун зарур бўлса, узоқ юртларга вақт, куч, маблағ сарфлаб сафар қилиш кераклиги.
2. Саҳровий одамнинг содда ва тўғри бўлиши.
3. Намоз Исломнинг рукнларидан бири экани.
4. Бир кеча-кундузда беш вақт намоз фарз экани.
5. Беш вақт намоздан бошқа фарз намоз йўқлиги.
6. Рамазон рўзаси Исломнинг рукнларидан бири экани.
7. Рамазон рўзасидан бошқа фарз рўза йўқлиги.
8. Закот Исломнинг рукнларидан бири экани.
9. Закотдан бошқа молиявий фарз ибодат йўқлиги.
10. Зарурат бўлмаса ҳам Аллоҳнинг номи ила қасам ичиш мумкинлиги. Замом ибн Саълаба шундоқ қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса инкор қилмадилар.
11. Мазкур нарсаларни тўлиқ ва доимий адо этиш ютуққа сабаб бўлиши.
12. Ушбу ҳадисда иймон келтирса бўлди. Амал қилмаса ҳам, намоз ўқиб, рўза тутмаса ҳам бўлаверади, дейдиган ботил Муржиъа мазҳабига кучли раддия бордир.

Яхшилаб эътибор қилишимиз лозим бўлган нарсалардан бири, ютуққа эришиш учун сабаб бўладиган нарсалар фақат ушбу ҳадиснинг биз ўрганаётган мана шу ривоятида келган намоз, рўза ва закотдангина иборат эмаслигидир.
Худди шу ҳадиснинг Имом Бухорий қилган бошқа ривоятида:
«Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Ислом шариати ҳақида хабар бердилар. У эса «Аллоҳ менга фарз қилган нарсалардан кам ҳам, зиёда ҳам қилмайман, деб қайтиб кетди», дейилган.
Ислом шариати ва Аллоҳ фарз қилган нарсалар мазкур уч нарсалардан бошқа кўпгина нарсаларни ҳам ўз ичига олиши ҳаммага маълум.
Усул қоидаси бўйича, бир ҳадисни икки ровий ривоят қилган бўлса, улардан бирида зиёда бўлса ва ўша зиёда иккинчи ривоятни ўзгартирмайдиган бўлса, у қабул қилинади. Чунки ровийлар ҳадиснинг бир қисмини эшитмай қолган, унутган ёки ҳолатга қараб, қисқартириб айтган бўлади.
Мисол учун, намоз ҳақида сўз бораётган мажлисда ўзи билган узун ҳадиснинг намозга тегишли жойини айтган бўлиши мумкинлиги.
Бунинг устига бошқа оят ва ҳадисларда баёни келган фарзларни унутмаслик керак.

316. Абдуллоҳ ибн ас-Санобиҳий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Муҳаммад Витр намози вожиб, деб даъво қилди. Бас, Убода ибн Сомит: «Абу Муҳаммад хато қилибди. Гувоҳлик бераманки, албатта, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Банда беш вақт намозни фарз вақтида, рукуъ-хушуъни жойига келтириб ўқиса, Аллоҳнинг зиммасида уни мағфират қилиш аҳди бўлур. Ким қилмаса, унга Аллоҳнинг зиммасида аҳд бўлмайди. Хоҳласа мағфират қилади. Хоҳласа азоблайди», деганларини эшитганман», деди». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Абдуллоҳ ибн ас-Санобиҳий розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик: Абдуллоҳ ибн ас-Санобиҳий улуғ тобеинлардан эдилар.
Абу Умар айтадилар: «Бу киши Абу Абдуллоҳ Санобиҳий бўлиб, асл исмлари Абдурраҳмон ибн Усайладир. Бу зот Расулуллоҳ билан кўришмаганлар. Пайғамбаримизни зиёратларига йўлда кетаётганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган эдилар».
Абдуллоҳ ибн ас-Санобиҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир неча ҳадислар ривоят қилдилар. Ва бу киши ривоят қилган ҳадислардан баъзиларини уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.
Ривоятда: «Абу Муҳаммад Витр намозини вожиб, деб даъво қилди» деган жумладаги Абу Муҳаммад Ансорий саҳобалардан биридирлар.
Ушбу ривоятни далил қилиб, Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳаб уламолари Витр намозини вожиб эмас, дейдилар.
Ушбу масалани тўғрироқ тушунишимиз учун Ҳанафий мазҳабдан бошқа мазҳабларда амаллар фақат фарз ва суннатга бўлинишини, Ҳанафий мазҳабида эса, фарз, вожиб ва суннатга бўлинишини эслаб қўймоғимиз керак.
Бу ҳақда ўз жойида муфассал гапириб ўтганмиз.
Бошқа мазҳабларда фарз билан вожиб бир нарса бўлиб, икки истилоҳ бир-бирининг ўрнида ишлатилаверади.
Ҳанафий мазҳабида эса фарз билан вожиб алоҳида нарсалар ҳисобланади.
Вожиб суннатдан кучли нарса бўлиб, фарз бўлишига далилининг қуввати етмай қолган ҳукмдир.
Ушбу ҳадисдаги сўзларга эътибор берадиган бўлсак, Витрни вожибми йўқми эканлиги ҳақида сўз юритиб туриб, унинг вожиб эмаслигига Аллоҳ фақат беш вақт намозни фарз қилганига далил қилиб келтирилмоқда.
Демак, вожиб ва фарз калималари «Фарз» маъносида ишлатилмоқда. Бу ерда Ҳанафийлар Витрни вожиб, деганлари маъносида сўз йўқ.
Ҳанафий уламолар Витр намозини вожиб, деганларида ўз хаёлларидан чиқариб айтмаганлар. Улар бу гапни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига суяниб айтганлар.
Саккизта саҳобийдан, шу жумладан, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ сизларга бир намозни зиёда қилди. У-Витрдир», деганлар.
Яъни, беш вақт фарз намозлар устига бир намозни зиёда қилди, деганлари.
Имом Абу Довуд, Насаий, Ибн Можа, Аҳмад ибн Ҳанбал, Ибн Ҳиббон ва Имом ал-Ҳокимлар Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Витр ҳар бир мусулмонга ҳаққу вожибдир», деганлар.
Кўриниб турибдики, Витр намози суннат намози савиясидан юқори. Агар шундоқ бўлмаса ушбу ҳадислар айтилмас эди. Шу билан бирга бу ҳадисларнинг далиллик кучи фарз намозларига далил бўлган оят ва ҳадислар далиллик кучи даражасида эмас. Шунинг учун Ҳанафий уламолар Витр намозини вожиб, деб фарз намозидан кейинги, суннат намозидан олдинги ўрнига қўйганлар.
Ушбу ҳадисни ўқиб дарҳол, Ҳанафийларнинг хатосини топдим. Витр намозини вожиб, деб нотўғри айтишган экан, дея жар солишга ошиқмайлик. Бунинг устига Абу Муҳаммад розияллоҳу анҳу ҳам саҳобий, у киши Витрни вожиб, деб айтишлари ҳам бежиз эмас. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу эса, Абу Муҳаммад розияллоҳу анҳунинг йўқларида Витрни олтинчи фарз намоз, деб айтилган, деб ўйлаб раддия қилмоқдалар. Ҳолбуки, ҳеч ким олти вақт фарз намоз мавжуд, демаган.
Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам Витрни олтинчи фарз намоз, деганлари йўқ. Улар Хуфтондан кейин ўқиладиган Витр намозини, вожиб намоз, деб таърифлаганлар, холос.
Уларнинг энг кучли далилларидан бири бу намозни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч тарк қилмаганларидир. Бу эса ушбу намоз оддий суннат намози эмаслигини яққол кўрсатади.
Буни бошқа мазҳаблар ҳам таъкидлайдилар. Энг муҳими, Витр вожиб деганлар ҳам, суннат деганлар ҳам, бу намозни тарк қилмай ўқиш зарурлигини таъкидлайдилар. Бу эса Витр намози ҳақидаги турли фарқлилик оғзаки жиҳатдан бўлиб, мазкур намоз вожиб ёки суннат эканлиги ҳақида эмаслигини билдиради, холос.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳ беш вақт намозни фарз қилгани.
2. Таҳоратни яхши қилиб намоз ўқиш муҳимлиги.
3. Намознинг рукуъ ва бошқа арконларини жойга қўйиб ўқиш муҳимлиги.
4. Намозда хушуъ-хузуъ муҳимлиги.
5. Намозни тўлиқ ва хушуъ-хузуъ билан ўқиган одамни Аллоҳ таоло мағфират қилишни ваъда бергани. Зотан, Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайдиган зотдир.
6. Намозни яхшилаб, хушуъ-хузуъ ила ўқимаган одамга Аллоҳ мағфират қилишни ваъда бермагани.

Демак, нажотга эришиш учун беш вақт намозни канда қилмай ўқиш керак. Ўқиганда ҳам яхшилаб, арконларини жойига келтириб, хушуъ ва хузуъни жойига қўйиб, ўқишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Ана шундагина Аллоҳ таолонинг мағфират қилиш ҳақидаги ишончли аҳдини олган бўламиз.

317. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла: «Мен сенинг умматингга беш вақт намозни фарз қилдим. Мен ўзимга ўзим, ким уларни муҳофаза қилиб ўз вақтида ўқиб келса, албатта, жаннатга киритаман, деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса, Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир, деди», деб айтдилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси қудсийдир. Чунки, уни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қилмоқдалар.
Ушбу ҳадиси қудсийдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига беш вақт намоз фарз қилгани.
2. Ким беш вақт намозини ўз вақтида яхшилаб ўқиса, Аллоҳ таоло уни, албатта, жаннатга киритиши.
3. Ким беш вақт намозни ўз вақтида яхшилаб ўқимаса, унга Аллоҳ томонидан яхши ваъда бўлмаслиги.



ИККИНЧИ ФАСЛ
НАМОЗЛАРНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

Аллоҳ таоло: «Намозларни, ўрта намозни муҳофаза қилинг ва Аллоҳга тоат ила қоим бўлинг», деган (Бақара: 238).
Шарҳ: Намозни муҳофаза қилиш дегани, уни маҳкам ушлаш, доимо ўз вақтида адо этиш деганидир.
«Ўрта намоз» ҳақида турли фикрлар бор. Уларни иншааллоҳ, келажакда ўрганамиз. Кўпчилик уламолар, ўрта намоздан мурод - Аср намози, деганлар.
Намоз Аллоҳга итоатнинг бош рамзи бўлганидан оятнинг охирида:
«Аллоҳга тоат ила қоим бўлинг», дейилмоқда.

329. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббим менга энг гўзал суратда тажалли қилди ва: «Эй, Муҳаммад», деди.
«Лаббайка Роббии ва саъдайка», дедим.
«Олий тўплам нима ҳақида тортишмоқдалар?» деди.
«Эй, Роббим, билмадим», дедим.
У зот қўлини икки кифтим орасига қўйди. Бас, унинг муздеклигини икки кўкрагим орасида сездим. Бас машриқу мағриб орасидаги барча нарсани билдим. У зот: «Эй, Муҳаммад!» деди.
«Лаббайка Роббии ва саъдайка», дедим.
«Олий тўплам нима ҳақида тортишмоқдалар?» деди.
«Даражотлар, каффоротлар, қадамларни жамоатлар томон босиш, таҳоратни қийинчиликларда ҳам яхшилаб қилиш, намоздан сўнг намозга интизор бўлиш ва ким у(намоз)ларни муҳофаза қилса, яхшилик ила яшаб, яхшилик-ла ўлиши ва гуноҳларидан онаси туққан кунидек (пок) бўлиши ҳақида», дедим», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло орасида бўлиб ўтган баъзи бир муомала ва суҳбатларни ҳикоя қилиб бермоқдалар.
Аввал баъзи истилоҳлар билан танишиб олайлик: «Роббим менга энг гўзал суратда тажалли қилди».
Бу тажаллининг қай васфда бўлганини Аллоҳ ва Унинг Расули биладилар, холос. Баъзи уламолар тушда бўлган дейишса, бошқалари ўнгда бўлган, дейишади. Энг яхшиси, лафзини ўрганиб, кайфиятини Аллоҳнинг илмига ҳавола қилганимиз маъқул.
«Лаббайка Роббии ва саъдайка».
Арабларда бир чақириққа жон деб жавоб беришда ушбу сийға ишлатилади. Луғавий маъноси: «Эй, Роббим! Сенга лаббай устига лаббай дейман, хизматингга тезда тайёрлик устига тайёрлик эълон қиламан», дегани бўлади.
«Олий тўплам» деб таржима қилган таъбиримиз арабчада «ал-Малаъул Аъло» дейилиб, Аллоҳга муқарраб фаришталар тўпламини англатади.
«У қўлини икки кифтим орасига қўйди».
Бу араб тилидаги мажоз қоидасига биноан айтилган жумла. Аслида, Аллоҳ таолога жисм нисбати бериб бўлмайди. Бу ерда Аллоҳ таолонинг раҳмати, розилиги ва хурсандлиги зоҳир бўлганини мажоз услуби ила ифода этилмоқда. Чунки одатда катта одам ўзидан кичикни раҳм-шафқат қилса, бирор яхши нарса бермоқчи ва ўргатмоқчи бўлса, ундан хурсанд бўлса қўлини елкасига қўяди.
«Бас, унинг муздеклигини икки кўкрагим орасида сездим».
Яъни, Аллоҳнинг раҳм-шафқати ва марҳамати ила кўксим илм-маърифатга, сиру-асрорлар билимига тўлди, хотиржам бўлдим, деганлари.
«Бас машриқу мағриб орасидаги барча нарсани билдим».
Бошқа бир ривоятда: «Бас, осмонлардаги нарсалар-у, ердаги нарсаларни билдим», дейилган.
«Даражотлар» - яъни, бандалар қандоқ қилиб юқори даражотларга эришишлари мумкинлиги тўғрисида тортишмоқдалар.
«Каффоротлар» - яъни, бандаларнинг гуноҳларини қандоқ амаллар каффорот қилиши, ювиши ҳақида тортишмоқдалар.
«Қадамларни жамоатлар томон босиш» - яъни, жамоат намозига қадам босиб боришнинг савоби улуғлиги ҳақида тортишмоқдалар.
Намознинг фазли ҳақидаги ҳозиргача ўрганган ҳадисларимиздаги маънолар Аллоҳ таоло томонидан бўлса ҳам, иборалар Пайғамбаримиз томонидан бўлиб келаётган эди. Аммо бу ҳадиси шарифдаги маъно Аллоҳ таоло билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ораларидаги суҳбат шаклида, Аллоҳ таоло томонидан намознинг фазлини баён этиш учун олинган алоҳида тадбир шаклида келмоқда. Ҳадиси шарифнинг бу шаклда келишининг ўзи ажойиб бир руҳоний ҳолатни вужудга келтирмоқда. Маъноларга алоҳида тус ва куч бермоқда.
Бизнинг тасаввуримиздан юқори бир шаклда Аллоҳ таоло Ўзининг маҳбуб Пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга тажалли қилди ва: «Эй, Муҳаммад», деб нидо этди.
«Лаббайка Роббии ва саъдайка», дедилар ўта хурсанд бўлиб кетган Ҳабиби Роббил оламийн.
«Олий тўплам нима ҳақида тортишмоқдалар?» деди Аллоҳ таоло, Ўз Пайғамбарига унинг Аллоҳ таолога энг яқин бўлган фаришталар тўплами нима дейишини билмаслигини эсига солиб. Чунки, Аллоҳ маълумот, ахборот олиш учун сўрамайди. У зот ҳар бир нарсани пухта билувчи зотдир. Аллоҳ олий тўплам нима ҳақида тортишаётганларини Пайғамбаримиз билмасликларини ҳам билади. Лекин бу саволи ила Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига ўзларининг ҳолини яна бир бор тушунтирмоқда ва ҳамма нарса Ўзининг лутфи марҳамати ила бўлишини яна бир бор намоён қилмоқда.
«Эй, Роббим, билмадим», дедилар Пайғамбари охири замон, олий тўпламнинг гапларидан бехабарликларини эътироф қилиб.
Шунда Роббил Оламийн Ўзининг маҳбуб бандаси, суюкли Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзига хос услуб ила Ўз сир-асрорларидан файзу футуҳ ато этди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вужудлари ва хусусан, қалблари тамоман бошқача бўлиб бу файзу футуҳни тўла ҳис этдилар. У зот ўзларида бирдан улкан ўзгариш бўлганини англаб етдилар. Ҳамма жойдаги нарсаларни, мағрибу машриқдаги, осмонлардаги ердаги барча нарсаларни. Жумладан, олий тўпламдаги нарсаларнинг ҳам билими ҳосил бўлганини сездилар.
«Эй, Муҳаммад!» деди Аллоҳ таоло, ҳолат ўзгаргандан кейин яна янгидан хитоб бошлаб.
«Лаббайка Роббии ва саъдайка», деб жавоб бердилар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам жону диллари ила.
«Олий тўплам нима ҳақида тортишмоқдалар?» деди-Аллоҳ таоло уларни нима ҳақида тортишаётганларини жуда яхши билиб турса ҳам, Ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга берган фазлини изҳор қилмоқчи мўмин-мусулмон бандаларига намознинг фазлини бошқача услуб ила билдирмоқчи бўлиб. Энди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ берган файзу футуҳ ила ҳамма нарсани билиб олган эдилар.
Олий тўплам нима ҳақида тортишаётганларини ҳам жуда яхши билиш даражасига эришган эдилар. Шунинг учун ҳам олий тўплам нима ҳақида тортишаётганларини батафсил баён қилишга киришдилар:
«Даражотлар, каффоротлар, қадамларни жамоатлар томон босиш, таҳоратни қийинчиликларда ҳам яхшилаб қилиш, намоздан сўнг намозга интизор бўлиш ва ким у(намоз)ларни муҳофаза қилса, яхшилик ила яшаб, яхшилик-ла ўлиши ва гуноҳларидан онаси туққан кунидек (пок) бўлиши ҳақида», дедилар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тажалли қилиб туриши.
Асосан, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жаброил алайҳиссалом орқали алоқа қилиши маълум ва машҳур. Шунингдек илҳом бериб туриши ҳам. Меърожда бевосита сўзлашув бўлгани ҳам маъруф. Бу ерда эса ўзига хос, қандоқлигини фақат Аллоҳ таоло ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам биладиган тажалли ҳақида сўз бормоқда.
2. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло ҳузурида олий мақомга эга эканликлари.
3. Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турса ҳам баъзи бандаларга хос манфаатлар учун савол бериши.
4. Аллоҳ таолонинг ҳузурида олий тўплам – муқарраб фаришталар тўплами борлиги.
5. Олий тўпламнинг ҳолини Аллоҳдан бошқа зот билмаслиги.
6. Аллоҳ хоҳласа, бир зумда бандасини файзу футуҳ ила машриқу мағрибдаги нарсаларни биладиган қилиб қўйиши.
7. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга файзу футуҳ ила мағрибу машриқдаги, осмонлару ердаги нарсаларнинг илмини ато қилгани.
8. Аллоҳнинг файзу футуҳи ила Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олий тўплам нима ҳақида гаплашаётганларини биладиган бўлганлари.
9. Олий тўплам бандаларнинг даражотлари юқори қиладиган ва гуноҳларига каффорот бўладиган нарсалар ҳақида тортишганликлари.
10. Жамоат намози ўқиш учун босилган қадамлар банданинг даражасини кўтарилишига ва гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлиши.
11. Таҳоратни қийинчиликларда ҳам яхшилаб қилиш банда даражасининг кўтарилишига ва гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлиши.
12. Намоздан сўнг намозга интизор бўлиш, банданинг даражасининг кўтарилишига ва гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлиши.
13. Намозларини муҳофаза қилиш банданинг бу дунёда яхшилик ила яшаб, яхшилик ила ўлишига, гуноҳларидан онаси туққан кунидек пок бўлишига ва даражаларининг кўтарилишига сабаб бўлиши.

Демак, нафақат ердаги тўпламда, балки осмондаги олий тўпламда ҳам намознинг фазилати ҳақида сўз борар экан.
Бу дунёда яхши яшашни хоҳласак, намозларимизни бир вақт ҳам қолдирмай, арконларини жойига келтириб, хушуъ-хузуъ билан адо этиб, муҳофаза қилайлик.
Онамиздан туғилган пайтимиздан қанчалик бегуноҳ бўлсак, худди ўша ҳолатга қайтайлик, десак ҳам, намозларимизни муҳофаза қилайлик.
Бу дунё ва охиратда даражотларимиз юқори бўлсин, десак, намозларимизни муҳофаза қилайлик.
Масжидларга қатнаб жамоат намози ўқиш учун қадамларимизни кўпайтирайлик.
Таҳоратимизни доимо яхшилаб қилайлик.
Бир намозни ўқиб бўлиб иккинчисини интизорлик билан кутайлик.

330. Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Кечаси ойга назар солдилар-да: «Албатта, сизлар Роббингизни мана шу ойни кўргандек кўрурсизлар. Уни кўришда қийинчиликка учрамассиз. Бас, агар қуёш чиқиши ва ботишидан олдин намоз ўқишдан қолмасликка қодир бўлсангиз. Шуни қилинг, дедилар-да «Қуёш чиқиши ва ботишидан олдин Роббингга ҳамд ила тасбиҳ» айт оятини ўқидилар». Тўртовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги қуёш чиқишидан олдинги намоздан мурод Бомдод намози, қуёш ботишидан олдингиси эса Аср намозидир.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Охиратда намозхон бандалар Аллоҳ таолонинг жамолини, худди тўлин ойни кўргандек қийналмасдан кўришлари ҳақ экани.
2. Бомдод ва Аср намозларининг ўта аҳамиятли экани.
3. Бомдод ва Аср намозларига алоҳида эътибор билан қараш лозимлиги. Чунки, уйқу ва бошқа нарсалар бу икки намозни ўз вақтида адо этишга монеъ бўлиб туради.
4. Гапирилган маънога Қуръондан далил келтириш яхшилиги.

Ушбу ҳадиси шарифга амал қилароқ Бомдодга ухлаб қолишнинг олдини олайлик. Асрни ўтказиб юбормаслик тадбирини кўрайлик. Ана шунда, қиёматда Аллоҳ таолонинг жамолини кўришга муяссар бўлиш учун муҳим омилни амалга оширган бўламиз.
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятларида: «Ким икки совуқ (намоз)ни ўқиса, жаннатга кирур», дейилган.
«Икки совуқ намоз»дан мурод ҳам Бомдод ва Аср намоздир.
Баъзи уламолар, Бомдод ва Хуфтон, деганлар. Ушбу ҳадисларда Бомдод ва Аср намозларига алоҳида эътибор берилишининг сабаблари бор. Аввало бу икки намознинг вақти, Ер юзига муҳофаза учун тушиб чиқиб турадиган фаришталар тўпларининг алмашиши учун жамланадиган вақтдир. Ўша алмашинишдан кейин чиққан фаришталардан Аллоҳ таоло, бандаларимни қай ҳолда тарк этиб келдингиз? деб сўрайди.
Шунинг учун ўша вақтларнинг намозини ўқиб турган бандалар катта фазлга эга бўладилар. Шунингдек, Бомдод намози ширин уйқу ва дам олиш пайтида, Аср намози одамлар маишат учун роса уриниб турган пайтда бўлади. Ким бу икки намозни ўз вақтида адо этса, жаннатга дохил бўлади.

ЎРТА НАМОЗ-АСР НАМОЗИ

Шарҳ: «Ўрта намоз» деб таржима қилганимиз арабчада «ас-Солатул Вусто» дейилади.
Шаръий масдарларда, хусусан, Қуръон ва Суннатда «ас-Солатул Вусто»нинг фазли ҳақида жуда кўп гаплар келган. Жумладан, ушбу фаслнинг аввалида келтирилган ояти карима ҳам. Унда Аллоҳ таоло барча намозларни муҳофаза қилишни амр қилиб туриб, кетидан «ас-Солатул Вусто»ни муҳофаза қилишни алоҳида таъкидлаган.
Қуйида ўша ўта фазилатли «Ўрта намоз» - Аср намози эканини тасдиқловчи ҳадислардан учтаси келтирилмоқда.

333. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аҳзоб куни: «Бизни Ўрта намоз - Аср намозидан машғул қилдилар! Аллоҳ уларнинг уйларини-ю, қабрларини оловга тўлдирсин!» дедилар. Сўнгра уни Шом билан Хуфтоннинг ўртасида ўқиб олдилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: «Аҳзоб куни», дейилгани Аҳзоб уруши кунидир. Аҳзоб - ҳизбнинг жами бўлиб, Уҳуд урушидан кейин кофирларнинг турли ҳизб - тоифалари бирлашиб, мусулмонларни Ер юзидан супуриб ташлаш мақсадида уларга қарши очган урушлари тарихда Аҳзоб куни номи билан машҳур бўлиб қолган.
Ўша урушда Қурайш, Ғатафон, яҳудийлар ва уларнинг иттифоқдошларидан иборат Аҳзоблар мусулмонларга қарши уруш очганлар. Аҳзобларнинг сони уч минг кишидан иборат эди. Улар жам бўлиб йўлга чиққани ҳақида хабар келгандан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам маслаҳат кенгаши очдилар ва Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг маслаҳатлари ила Мадинаи Мунавварани мудофаа қилиш учун шаҳар атрофига хандақ қазишга қарор қилдилар. Хандақ қазилди. Шунинг учун бу урушнинг иккинчи номи Хандақ уруши бўлиб қолди.
Аҳзоблар келиб Мадинаи Мунавварани бир ой давомида қамал қилдилар. Икки томон орасида баъзи бир кичик тўқнашувлар бўлиб ўтди. Кейин Аллоҳ таоло Аҳзоблар устига совуқ шамол юборди. У кофирларга шиддатли қўрқинч ҳол олиб келди. Улар ноумид бўлиб қайтиб кетдилар. Ана ўша уруш кунларининг бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар уруш билан машғул бўлиб қолиб Аср намозини вақтида ўқий олмаганлар. Ўшанда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу биз ўрганаётган ҳадиси шарифни айтганлар ва Аср намозини қазо қилиб, Шом ва Хуфтон намози орасида ўқиб олганлар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аср намози ас-Солатул Вусто эканлиги.
2. Аср намозининг аҳамияти.
3. Уруш туфайли Аср намозини ўқий олмаса, Шомдан кейин Хуфтондан олдин ўқиб олиш кераклиги.
4. Намозхонни намоздан машғул қилган одамнинг уйига ҳам, қабрига ҳам олов тўлиши.

Одамларни намоз ўқишдан тўсилишига сабаб бўлиш шу қадар катта гуноҳ. Аҳзоблар уруш туфайли мусулмонларни намоздан машғул қилганлари учун шунчалар қаттиқ дуои бадга қолдилар.
Демак, намозимизни ўз вақтида ўқийлик. Аср намозига алоҳида эътибор берайлик. Бировни намоздан машғул қилувчи бўлмайлик. Одамларни намоздан бошқа нарсага машғул қилувчиларга насиҳат қилайлик.

334. Абу Басра ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Мухаммасда аср намозини ўқиб бердилар ва: «Ушбу намоз сиздан олдингиларга фарз қилинган эди. Улар ани зое қилдилар. Ким уни муҳофаза қилса, унинг ажри икки баробар бўлур. Шоҳид чиқмагунича ундан кейин намоз йўқдир», дедилар». Муслим ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Абу Басра ал-Ғифорий розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Асл исмлари Хумайин ибн Басра ибн Ваққос, кунялари Абу Басра. Бу зот Абу Ҳ урайрага йўлиқиб, ана шу кишидан ҳадисларни ривоят қилдилар. Абу Басра Ҳ ижозда кейин Мисрда истиқомат қилдилар. Вафот этган йиллари аниқ маълум эмас.
«Мухаммас» - жойнинг номи.
«Шоҳид» - Қуёш ботиши билан чиқадиган юлдуз.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аср намози мусулмонлардан олдин ўтган яҳудий ва насоро каби бошқа умматларга ҳам фарз қилингани.
2. Ислом умматидан бошқа умматлар Аср намозини зое қилганлари.
3. Ислом уммати ўтган умматларга ўхшаб Аср намозини зое қилмаслиги лозимлиги.
4. Ким Аср намозини муҳофаза қилса, Аллоҳнинг амрига итоат этгани учун бир, ўтган умматлар зое қилган нарсани муҳофаза қилгани учун икки баробар ажр олиши.
5. Аср намозини ўқигандан сўнг Шоҳид юлдуз чиққунча, яъни, Шом намози вақти киргунча бошқа намоз ўқиб бўлмаслиги.

Ушбу ҳадисдан Аср намозининг моҳияти ва қадр қиммати ҳақида яна қўшимча маълумотлар олинади.

335. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Солатул Вусто Аср намозидур», дедилар» Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган ушбу ҳадисда Солатул Вустодан мурод Аср намози экани очиқ-ойдин айтилиб турибди.
Оиша онамиз ўзлари учун Мусҳаф ёзаётган хаттотга, «Намозларни муҳофаза қилинглар»га етганида менга билдиргин», дебдилар. Хаттот ўша оятга етганида билдирибди. У киши розияллоҳу анҳо унга:
«ас-Солатул Вусто» - Солатул Аср - деб ёзгин. Мен буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман», дебдилар.
Баъзи саҳобаи киромларнинг шахсий мусҳафлари бор эди. Уларда ўзлари учун керакли ишора ва шарҳлар ҳам бўлар эди. Оиша онамизнинг юқоридаги гаплари ҳам шу жумлага киради. Яъни, Аср намози Солатул Вусто эканини доимо эслаб туриш учун уни шахсий мусҳафларига ишора шаклида ёздириб қўйганлар.
Жумҳури саҳобалар, тобеъинлар, муҳаддислар ва фуқаҳолар ушбу гапни айтганлар.
Фақат Имом Молик ила Имом Шофеъийлар Солатул Вусто –Бомдод намози, деганлар.
Лекин бу икки имомнинг мазҳабидаги уламолар, мазкур ҳадислар имомларимизга етмаган бўлса керак, бўлмаса бу гапни айтишмас эди, дейдилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Кимнинг Аллоҳга ва Бани одамдан бирортасига ҳожати бўлса, яхшилаб давоми...

6817 05:00 / 04.01.2017
Молик ибн ҳувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир дўстим билан бордик. У зотнинг ҳузурларидан туриб давоми...

3835 05:00 / 09.01.2017
Ислом динида намоздан муҳимроқ, ундан улуғроқ ва аҳамиятлироқ бошқа ибодат йўқ. Аллоҳ таоло шундай марҳамат этади .Намозни тўкис адо қилинг Албатта намоз бузуқлик давоми...

6070 05:00 / 09.01.2017
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким вазифасидан ёки унинг баъзисидан ухлаб қолсаю, уни бомдод билан пешин давоми...

8693 05:00 / 04.01.2017
Аудиолар

135107 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55382 14:35 / 11.08.2021