1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

ЎРТА НАМОЗ-АСР НАМОЗИ

05:00 / 04.01.2017 8733 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шарҳ: «Ўрта намоз» деб таржима қилганимиз арабчада «ас-Салотул Вусто» дейилади. Шаръий масдарларда, хусусан, Қуръон ва Суннатда «ас-Салотул Вусто»нинг фазли ҳақида жуда кўп гаплар келган.


Жумаладан, ушбу фаслнинг аввалида келтирилган ояти карима ҳам. Унда Аллоҳ таоло барча намозларни муҳофаза қилишни амр қилиб туриб, кетидан «ас-Салотул Вусто»ни муҳофаза қилишни алоҳида таъкидлаган.

Қуйида ўша ўта фазийлатли «Ўрта намоз» - Аср намози эканини тасдиқловчи ҳадислардан учтасини келтирилмоқда.


Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аҳзоб куни: «Бизни Ўрта намоз - Аср намозидан машғул қилдилар! Аллоҳ уларнинг уйларини-ю қабрларини оловга тўлдирсин!» дедилар. Сўнгра уни Шом билан Хуфтоннинг ўртасида ўқиб олдилар». Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: «Аҳзоб куни», дейилгани Аҳзоб уруши кунидир. Аҳзоб - ҳизбнинг жами бўлиб, Уҳуд урушидан кейин кофирларнинг турли ҳизб - тоифалари бирлашиб мусулмонларни ер юзидан супуриб ташлаш мақсадида уларга қарши очган урушлари тарихда Аҳзоб куни номи билан машҳур бўлиб қолган.

Ўша урушда Қурайш, Ғатафон, яҳудийлар ва уларнинг иттифоқдошларидан иборат Аҳзоблар мусулмонларга қарши уруш очганлар. Аҳзобларнинг сони уч минг кишидан иборат эди. Улар жам бўлиб йўлга чиққани ҳақида хабар келгандан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам маслаҳат кенгаши очдилар ва Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг маслаҳатлари ила Мадинаи Мунавварани мудафаа қилиш учун шаҳар атрофига хандақ қазишга қарор қилдилар. Хандақ қазилди. Шунинг учун бу урушнинг иккинчи номи Хандақ урушини бўлиб қолди.

Аҳзоблар келиб Мадинаи Мунавварани бир ой давомида қамал қилдилар. Икки томон орасида баъзи бир кичик тўқнашувлар бўлиб ўтди. Кейин Аллоҳ таоло Аҳзоблар устига совуқ шамол юборди. У кофирларга шиддатли қўрқинч ҳол олиб келди. Улар ноумид бўлиб қайтиб кетдилар. Ана ўша уруш кунларининг бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар уруш билан машғул бўлиб қолиб Аср намозини вақтида ўқий олмаганлар. Ўшанда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу биз ўрганаётган ҳадиси шарифни айтганлар ва Аср намозини қазо қилиб, Шом ва Хуфтон намози орасида ўқиб олганлар.


Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:


1. Аср намози ас-Салотул Вусто эканлиги.

2. Аср намозининг аҳамияти.

3. Уруш туфайли Аср намозини ўқий олмаса, Шомдан кейин Хуфтондан олдин ўқиб олиш кераклиги.

4. Намозхонни намоздан машғул қилган одамнинг уйига ҳам, қабрига ҳам олов тўлиши.


Одамларни намоз ўқишдан тўсилишига сабаб бўлиш шу қадар катта гуноҳ. Аҳзоблар уруш туфайли мусулмонларни намоздан машғул қилганлари учун шунчалар қаттиқ дуои бадга қолдилар.

Энди, мўмин мусулмонларни намоздан ман қилиш учун алоҳида ҳаракат қилганларнинг ҳақида нима дейиш мумкин?

Намоз ўқиётганларнинг устига от солиб келиб урганлар, олиб бориб қамаганлар, ерларга солиқ солганларнинг ҳоли нима бўлади?

Намозга қарши буйруқ чиқарганлар, ташвиқот олиб борганлар, мақолалар ёзганлар, яширин намоз ўқиганларни сотганлар, намоз ўқиганларни ишдан бўшатганлар, умуман намозга қарши турли ишларни қилганларнинг ҳоли нима бўлади?

Тажриба уларнинг уйлари оловга тўлишини доимо кўрсатиб келмоқда. Ўлганларидан кейин қабрлари ҳам оловга тўлишидан ҳеч шубҳа йўқ. Қиёматда нима бўлиши ҳаммага маълум.

Демак, намозимизни ўз вақтида ўқийлик. Аср намозига алоҳида эътибор берайлик. Бировни намоздан машғул қилувчи бўлмайлик. Одамларни намоздан машғул қилувчиларга насийҳат қилайлик.


Абу Басра ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Мухаммасда аср намозини ўқиб бердилар ва: «Ушбу намоз сиздан олдингиларга фарз қилинган эди. Улар ани зоеъ қилдилар. Ким уни муҳофаза қилса унинг ажри икки баробар бўлур. Шоҳид чиқмагунича ундан кейин намоз йўқдир», дедилар». Муслим ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Абу Басра ал-Ғифорий розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Асл исмлари Хумайин ибн Басра ибн Ваққос, кунялари Абу Басра. Бу зот Абу Ҳурайрага йўлиқиб, ана шу кишидан ҳадисларни ривоят қилдилар. Абу Басра Ҳижозда кейин Мисрда истиқомат қилдилар. Вафот этган йиллари аниқ маълум эмас.

«Мухаммас» - жойнинг номи.

«Шоҳид» - Қуёш ботиши билан чиқадиган юлдуз.


Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:


1. Аср намози мусулмонлардан олдин ўтган яҳудий ва насоро каби бошқа умматларга ҳам фарз қилингани.

2. Ислом умматидан бошқа умматлар Аср намозини зоеъ қилганлари.

3. Ислом уммати ўтган умматларга ўхшаб Аср намозини зоеъ қилмаслиги лозимлиги.

4. Ким Аср намозини муҳофаза қилса, Аллоҳнинг амрига итоат этгани учун бир, ўтган умматлар зоеъ қилган нарсани муҳофаза қилгани учун бир-икки баробар ажр олиши.

5. Аср намозини ўқигандан сўнг Шоҳид юлдуз чиққунча, яъни, Шом намози вақти киргунча бошқа намоз ўқиб бўлмаслиги.


Ушбу ҳадисдан Аср намозининг моҳияти ва қадр қиймати ҳақида яна қўшимча маълумотлар олинди.


Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Салотул Вусто Аср намозидур», дедилар» Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган ушбу ҳадисда Салотул Вустодан мурод Аср намози экани очиқ-ойдин айтилиб турибди.

Оиша онамиз ўзлари учун Мусҳаф ёзаётган хаттотга, «Намозларни муҳофаза қилинглар»га етганида менга билдиргин», дебдилар. Хаттот ўша оятга етганида билдирибди. У киши розияллоҳу анҳо унга:

«ас-Салотул Вусто» - Салотул Аср - деб ёзгин. Мен буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман», дебдилар.

Баъзи саҳобаи киромларнинг шахсий мусҳафлари бор эди. Уларда ўзлари учун керакли ишора ва шарҳлар ҳам бўлар эди. Оиша онамизнинг юқоридаги гаплари ҳам шу жумлага киради. Яъни, Аср намози Салотул Вусто эканини домо эслаб туриш учун уни ўз шахсий мусҳафларига ишора шаклида ёздириб қўйганлар.

Жумҳури саҳобалар, тобеъинлар, муҳаддислар ва фуқаҳолар ушбу гапни айтганлар. Фақат Имом Молик ила Имом Шофеъийлар Салотул Вусто-Бамдод намози, деганлар. Лекин бу икки имомнинг мазҳабидаги уламолар мазкур ҳадислар имомларимизга етмаган бўлса керак, бўлмаса бу гапни айтишмас эди, дейдилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши.Менга энг рози бўлинган кишилар гувоҳлик бердилар. Уларнинг ичида энг рози бўлингани Умардир..Албатта, Набий давоми...

11425 05:00 / 04.01.2017
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Намознинг нимаси афзал, деб сўралди. У зот .Қунутнинг узуни,, дедилар,. Муслим, давоми...

3862 05:00 / 09.01.2017
. . Амр ибн Ҳурайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарда турганларини кўрдим. Бошларида қора салла, давоми...

1919 18:04 / 11 декабрь
Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят .У чошгоҳ намози ўқиётган қавмни кўриб қолиб .Булар намоз ушбу соатдан бошқасида афзал эканини билмасмикинлар Расулуллоҳ давоми...

10886 05:00 / 04.01.2017