1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон тартили (дарслар)

001-дарс. Тартил илмига кириш

20:04 / 18.04.2017 12571 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Режа:

1.    Тартил илмининг асослари

2.    Илм олиш учун зурур бўлган воситалар

3.    Қуръон ўрганиш одоблари

4.    Илм олиш сирлари

5.    Овоз ёзувидан фойдаланиш


Таянч сўзлар ва атамалар


Тартил

Фарзи айн

Фарзи кифоя

Илм зуририятлари

Тартил илми асосолари

Илм одоблари





Тартил илмининг асослари


Уламоларимиз ҳар бир илмга киришдан олдин унинг ўн асосини баён қилишни одат қилганлар. Биз ҳам ушбу анъанага кўра тартил илмига киришишдан олдин унинг асослари билан танишиб олсак, мақсадга мувофиқ бўлади деган умиддамиз.
Исми:
«Тартил» арабча сўз бўлиб, Қуръоннинг ўқилиш сифатига, кайфиятига ва уни ўргатадиган илмга нисбатан ишлатилади. Бу илмни яна «тажвид», «тиловат ҳаққи» каби номлар билан ҳам аташган. Биз умумийроқ маънони кўзлаб мазкур номни танладик.
Таърифи:
Тартил (ўзаги ротл) сўзи луғатда бирор нарсани дона-дона қилиб теришни англатади. Масалан, «роттала каламаҳу» дегани гапини тартил қилди, яъни шошилмай, нутқ товушларини бир-биридан ажратиб, дона-дона қилиб, ифодали гапирди, деган маънони англатади. Араблар бир-биридан қочмаган, бир-бирига киришиб ҳам кетмаган, маржондек терилган тишга нисбатан ҳам «муроттал – тартилланган» сўзини ишлатишган. Шунингдек, бу сўз куйламоқ, оҳангламоқ мазмунларига ҳам эга.
Истилоҳда эса у, Қуръони каримни Аллоҳ таоло нозил қилган ҳайъатда, юқоридаги луғавий маънолар далолат қилган сифатда шошилмай, дона-дона қилиб, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинган тарзда ўқишни билдиради. Кейинроқ, Қуръонни тартил билан ўқишни ўргатадиган илмни «тартил илми» деб ҳам номланган.
Қуръони каримни ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ таолодан тартил билан қабул қилган ва Муҳаммад солллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига айни шундоқ нозил қилган.
Ўз навбатида Пайғамбаримиз солллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Қуръонни фариштадан қандоқ қабул қилган бўлсалар, худди шу тарзда ўз саҳобаларига ҳарфма-ҳарф ўргатганлар. Саҳобаи киромлардан бизгча у юзлаб, минглаб ишончли, мўътабар қорилар воситасида ҳеч бир ўзгаришсиз етиб келган.
Мавзуси (придмети):


 Қуръон ҳарфлари, товушлари ва бошқа қироат қоидалари.


Асосчиси:
Бу илмнинг амалий асоси ваҳийдир. Яъни, Қуръонни махсус кайфиятда ўқишни Аллоҳ таолонинг Ўзи жорий қилган. Уни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фаришта Жаброил алайҳиссаломдан ҳарфма-ҳарф таълим олганлар ва худди шу тарзда умматларига етказганлар.
Аммо унинг назарий қоидаларини ишлаб чиқиб, алоҳида фан сифатида шакллантирилишига келсак, бу борада биринчи бўлиб Халил ибн Аҳмад, Сибавайҳи каби арабшунос олимлар баҳс юритганлар. Кейинроқ у қироат илми уламолари томонидан ривожлантирилиб, алоҳида фан бўлиб ажраб чиққан.
Нисбати:
У шаръий илмлардан ҳисобланади. Унинг бошқа кўплаб илмлардан фарқи – уни фақат назарий билиш, китобдан ўрганиш кифоя қилмайди. Балки, уни ўзлаштириш учун мутаҳассис қорилардан оғзаки ўрганиш ҳам керак бўлади.
Мақсади:
Мусулмонларнинг Қуръонни тўғри, гўзал суратда ўқа билишларини таъминлаш.
Фазли:
Бу илм энг шарафли илмдир. Чунки у борлиқдаги энг улуғ Китоб      Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримга бевосита боғлиқдир. Зотан илмнинг шарафи унинг ўрганадиган мавзусига қараб белгиланади.
Унга амал қилишнинг ҳукми:
Тартил илми қоидаларига амал қилиш борасида кишилар икки босқичга бўлинади:
А) Омма мусулмонлар. Ҳар бир мусулмон киши Қуръони каримни қўлидан келганича бехато, маъносига халал етмайдиган ва қироат дуруст бўладиган даражада тиловат қила олиши фарзи айн ҳисобланади. Иложи борича яхшироқ ўқишга интилиши тавсия этилади. Бунга бир қанча оят ва ҳадислар ҳамда уламоланинг ижмоълари далолат қилади.
Б) Мутаҳассислар, қорилар, қироатдан таълим берувчилар. Уларга Қуръонни ҳар қандай каттаю-кичик, ошкораю махфий хатолардан холи ҳолда, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қироатларига монанд даражада ўзлаштириш ва уни шу тарзда бошқаларга етказиш фарзи айн бўлади. Чунки улар Қуръони каримнинг лафзини авлоддан авлодга нақл қилиш масъулиятидаги кишилар ҳисобланадилар.
Уни ўрганишнинг ҳукми:
Тартил илмини ўрганишда ҳам кишилар икки гуруҳга ажратилади:
А) Омма мусулмонлар. Ҳар бир мусулмон учун Қуръони каримни ўзига вожиб бўлган тарзда ўқа олишига кифоя қилгудек, яъни, Қуръони каримнинг маъносига халал етмайдиган, арабий лафзидан чиқмайдиган даражада бехато қироат қила олишига етарли миқдорда ўрганиши фарзи айндир. Ортиғини ўрганишига тарғиб қилинади.
Б) Мутаҳассислар, қорилар, Қуръони каримни нақл қилиш масъулиятига бел боғлаган кишилар. Улар учун ўз фаолиятларига яраша миқдорда, яъни Қуръонни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қироатларига мувофиқ даражада ўқишга ва бошқаларга таълим беришга етарли даражада мукаммал ўрганишлари фарздир. Шу жиҳатдан қироат илми фарзи кифоя ҳисобланади.
Самараси:
Қуръони каримни ҳар қандай ўзгаришдан муҳофаза қилинишининг таъминланиши. Қуръонни бехато ўқиш, уни  Набий алайҳиссаломнинг қироатларига мувофиқ ўқиш ва натижада Аллоҳнинг розилиги ва жаннатига эришиш.


Қуръон ўқишни қандай ўрганамиз?


Қуръон ўқишни ўрганиш учун маълум меъёрларга риоя қилиш лозим. Энг аввал илм олиш учун зарур бўлган воситаларни ҳозирлаш керак. Шу билан бирга илм олиш одобларига амал қилиш ҳамда ўрганиш ва ёд олишни осонлаштирувчи омилларни ишга солиш мақсадга мувофиқдир. Қуйида биз ана шу мавзуларда сўз юритамиз.


Илм олиш учун зарур бўлган воситалар.


Ҳар бир илм толиби илм таҳсили учун зарур бўлган шароит ва имкониятларни ҳам ҳозирлашга ҳаракат қилмоғи айни муддаодир.
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ илм ҳосил қилиш учун зарур бўлган воситаларни ўзларининг бир шеърларида қуйидагича баён қилганлар:
Азизим, илмга етолмассан ҳеч,
Олти нарса бўлмаса, мен қилай баён.
Заковат, иштиёқ, тиришмоқ, маблағ,
Устоз суҳбатию ҳам узоқ замон. (Таржима)
Демак, илм олмоқчи бўлган киши зоҳирий воситаларни ҳам ишга солиши лозим. Уламоларнинг таъкидлашларича, уларнинг асосийлари қуйидагилар экан:
1. Заковат. Бу ҳислат ҳар кимда ҳар хил бўлиб, у кишининг фаолиятига қараб ривожланиши ёки аксинча, сусайиши ҳам мумкин. Айрим мутаҳассислар қорни очганини, иссиқ-совуқни билган кишида заковат бор, у илм олиши, қори бўлиши, олим бўлиши мумкин, дейишади.
2. Иштиёқ. Инсон нимага қизиқса, шунга нисбатан қобилияти ва имконияти ортиб боради. Аммо қизиқмаган нарсасига нисбатан эса, бунинг акси бўлади. Мўмин киши ўзининг ушбу ҳиссиётини ҳам ақл билан бошқара билиши лозим.
Агар инсон илмга муҳаббат қилиб, унинг файзидан баҳра олиб қолса ва унга ҳақиқий иштиёқманд бўлиб қолса, унинг учун бошқа барча воситалар ҳам ўз-ўзидан муҳайё бўла бошлайди.
3. Тиришқоқлик. Толиби илмда ҳар қанча қобилият ва имкониятлар кенг бўлмасин, агар унда илм таҳсилида етарли тиришқоқлик бўлмаса, мақсад ҳосил бўлмайди. Мисол учун бир кишининг илмга иштиёқи, муҳаббати бор, аммо, етарли даражада ҳаракати йўқ, унда тиришқоқлик топилмайди, дангасалик қилади. Бу ҳолда унинг иштиёқи оддий бир ҳиссиёт бўйича қолаверади.
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг катта  шогирдларидан, аввалида қобилиятсизлиги билан ажраб турган, кейинчалик Имомдан кейинги мақомга лойиқ бўлиб, Қозибошилик мартабасигача етган Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳига: «Сени тиришқоқлик эсипастликдан олиб чиқиб кетди», деган эканлар.
4. Маблағ. Илм олувчи кишининг турар жой, кийим-бош, озиқ-овқат, илм олиши учун зарур бўлган маблағ каби ўзига яраша молиявий эҳтиёжлари ҳам қондирилган бўлиши зарур. Бошпанасиз, қорни оч, китобга пули йўқ инсоннинг илм таҳсил қилиши жуда ҳам мушкул.
5. Устоз ёрдами. Ҳар бир илмнинг ўз устаси бўлади. Устоз гўё тоғ йўлларининг харитасига эга бўлган, уларни бир неча маротаба ўзи босиб ўтган, бу борада керакли тажриба ҳосил қилган киши ҳисобланади. Бинобарин, тоғ чўққисига чиқишнинг энг осон, бехатар йўли мазкур харита эгасининг этагини ушлашдир. Айниқса, Исломий илмларни, хусусан Қуръон илмини устозсиз эгаллашнинг иложи йўқ. Устоз қидирганда ҳам илм ва тақво соҳиби бўлган устоз топишга ҳаракат қилиш лозим.
6. Узоқ замон. Ҳа, албатта. Илм толибида барча имкониятлар мужассам бўлгандан сўнг, маълум вақт уларни илм йўлида сарф қилиши ҳам керак. Бўлмаса, топган имкониятларининг ҳеч қандай аҳамияти бўлмайди. Шунингдек, ҳеч қайси илм озгина муддатда қўлга кирмайди, балки, ҳар бири учун етарли муддат шуғилланиш керак. Шу боис, киши илм талаби учун қисқа муддат белгилаб шошқолоқлик қилмаслиги, бир ой, икки ой ёки фалон муддатда эгалласам ўқирдим, деган баҳоналар ахтармаслиги лозим. Балки, сабр-бардош билан оз-оздан бўлса ҳам бардавом бўлиши даркор.


Қуръон ўрганиш одоблари 


Ҳар бир илмни ўрганишда унинг қоидаларига, одобларига амал қилинса, ҳаракатлар гўзал, тўла манфаатли ва яхши натижали бўлиши барчага маълум. Шу боис, энди Қуръон ўрганишнинг одоб ва ахлоқлари ҳақида сўз юритамиз.
Қуръон ўрганишнинг одоб ва ахлоқлари асосан қуйидагилар:
– Ниятни холис қилиш, фақат Аллоҳнинг розилигини қасд қилиш. Мол-дунё, обрў-эътибор, мақтов, олқишлар каби дунёвий ғаразларни кўзламаслик, қалбда уларга ўрин бермасликка ҳаракат қилиш. Бунинг учун вақти-вақти билан ниятни янгилаб турилса ҳам яхши бўлади.
– Ҳар сафар дарсни таёрлашда бадан, кийим-бош ва маконининг пок, озода бўлиши ва ўзининг таҳоратли бўлиши.
– Дарсга киришишдан олдин ақлни машғул қиладиган турли омиллардан зеҳнни холи қилиш.
–    Ҳар гал дарсга киришиш олдидан Аллоҳ таолодан уни осон этишини чин дилдан сўраш ва У Зотдан доимо ғайрат, куч-қувват ва имкониятлар сўраб дуою илтижода бўлиш. Зотан Аллоҳдан ўзга ҳеч кимдан қувват ва ёрдам йўқдир.
– Бу ўринда оддий матнни эмас, балки, буюк илоҳий китоб, лафзи ҳам, маъноси ҳам Аллоҳ томонидан бўлган, У Зотнинг қадийм каломи бўлмиш Қуръони каримни, илоҳий ваҳийни ўқишни ўрганаётганини унутмаслик, бу ҳақиқатни доимо ҳис қилиб туриш.
– Бу йўлда тўғри ният билан қилинган ҳар бир ҳаракат ва машғулот ибодат ҳисобланишини доимо ёдда тутиш.
–    Қиблага юзланиб, тавозуъ билан, иложи бўлса, чўкка тушиб ўтириб ўқиш. Ёнбошлаб, оёқ узатиб ёки мутакаббирона ўтирмаслик.
–    Шошилмаслик. Дарсларни ўзлаштиришда, тайёрлашда вақтни қизғаниб ёки бошқа сабаблар билан шошилиб ўқимаслик.
– Машғулотни иштиёқ ва ғайрат билан бажариш, дарсни яхши ўзлаштириб бориш, бунинг учун бор имкониятни ишга солиш. Зеро, ибодатда сусткашлик қилиш ҳақиқий мўмин кишига муносиб эмас.
– Жисмига зарар етадиган даражада кўп ўқимаслик, баданига дам бериб туриш.
– Чиройли овози, яхши ўқиши билан ажабланиб, ўзига баҳо беришдан сақланиш. Доимо олдинга интилиш, камчиликларини тўғирлаш пайида бўлиш.
– Қуръон товушларини, қироат қоидаларини ҳарчанд уриниб ҳам тўлиқ ўзлаштира олмайдиган кишилар, айниқса катта ёшдаги ўрганувчилар бу ўринда ноумид бўлмасликлари керак. Улар тиловатни барча имкониятларни тўла ишга солиб, иложи борича тўғри адо этсалар бас, ўз вазифаларини бажарган ҳисобланадилар. Чунки, инсон Аллоҳнинг олдида имкониятларидан сўралади. Аллоҳ таоло инсонни тоқат ва имкониятидан ташқари нарсага буюрмайди.
– Маълум илмнинг вожиб бўлган қисмини эгаллагандан сўнг, нафл қисмини ўзлаштиришда бошқа зарурий, вожиб ишларини ундан олдинга қўйиш ҳам илм олиш тартибларидан ҳисобланади.

Илм олиш сирлари:
Илм олмоқчи бўлган кишига қуйидагилар тавсия этилади:
–    Гуноҳ ва маъсиятлардан, номаъқул ахлоқлардан қочиш.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Мен кишининг билган илмини унутишини қилган ёмон амали сабабли деб ҳисоблайман», деган эканлар.
Али ибн Хашрам айтади: «Вакиъ ибн Жарроҳга: «Мен зеҳни ўта паст кишиман, умуман ёдлаш қобилиятим йўқ. Бирорта зеҳнга дори бўлса, ўргатсангиз», дедим. У менга: «Эй ўғилчам, Аллоҳга қасамки, мен ўз тажрибамда зеҳнга гуноҳларни тарк этиш каби дорини топмодим», деди».
Имом Шофеъий ҳам ушбу маънода шеър битганлар:
Зеҳнимдан шикоят айладим Вакиъга
Деди: «Тарк эт гуноҳни бўлса ҳам майда
Чунки, илм бир нурдир шубҳасиз, айтчи,
Аллоҳнинг нури бўлур осийга қайда?
–    Ихлос ва муҳаббат билан қуролланиш. Зеро ниятнинг холис бўлиши, муҳаббат билан Аллоҳга юзланиш амалнинг баракали ва натижали бўлишининг асосий калити ҳисобланади. Бу борада устознинг ўрни каттадир.
–    Астойдил қасд қилиш. Инсоннинг барча қувватлари унинг қасдига кўра ҳаракатланади.
–    Ўрганишга, ёд олишга бўлган ишонч. Инсон ўзида ишонч ҳис қилмаса, ҳеч бир ишга ўзида қувват топа олмайди.
–    Ёшликни ғанимат билиш. Инсон умр давомида фақат улғайиб, кексайиб боради. Шу боис ёши нечада бўлишидан қатъий назар айни вақтини ғанимат билиш лозим. Хусусан, болалик ва ўсмирлик даврини беҳуда ўтказмаслик керак.
Имом Дайламий ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кичик боланинг ёд олиши тошдаги нақш кабидир», деганлар.
Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда: «Ким балоғатга етмай туриб Қуръонни ёд олса, гўдаклигидаёқ ҳукм берилганлардан ҳисобланади», дейилган.
Аммо кишида ҳиммат баланд бўлиб, қасд ва рағбат мустаҳкам бўлса, ёшнинг катта бўлишининг зеҳнга зарари йўқ.
–    Етук устоз танлаш. Киши одатда устоз олдида масъулият ҳис қилади. Бу нарса ўз навбатида дангасилик кетиб, дарсда фикрнинг жамланишига ва уни осон ёдланишига ёрдам беради. Шунингдек, устоз унга ўз тажрибаси асосида яхши маслаҳатлар беради, қийналган вақтида кўмаклашади, йўл кўрсатади.
–    Машғулот учун қулай жойни танлаш. Жойнинг ҳавоси тоза, турли нақшу манзаралардан, хаёлни оладиган ранглардан холи бўлиши ёд олишни осонлаштиради. Хонанинг кенг бўлганидан торроқ бўлгани яхши.
Ибн Жавзий айтади: «Денгиз бўйида, кўкаламзор жойда ёд олмаслик керак».
–    Муносиб вақт танлаш. Ёдлаш учун энг афзал вақт тонг саҳар ва намоздан кейинги эрталабки соатлар. Чунки бу вақтда қалб турли ташвиш ва ўйлардан холи, жисм тўлалигича дам олган бўлади.  
Баъзи уламолардан: «Илмга қандай етишдингиз?», деб сўралганида улар: «Чироқ ва тонгда ўтириш билан», деб ёки «Сафар ва бедорлик ҳамда эрта тонгда туриш билан», деб жавоб берган эканлар.
Энг асосийси Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аллоҳим, умматимнинг тонгига барака бер», деб дуо қилганлар.  
–    Овоз чиқариб ўқиш. Инсон ўқиганидан кўра эшитганини яхши эсда сақлаб қолади. Овоз чиқариб ўқилганда дарс икки томонлама зеҳнга қайд бўлади.
–    Фикрни чалғитадиган нарсаларни бартарф этиш, машғулот вақтида ҳаёлни бир жойга қўйиш.
–    Тартибли равишда, ҳар куни маълум ҳажмда ва бир хил вақтда ёд олиш.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматимнинг амалларининг афзали оз бўлса ҳам бардавом бўлганидир», деганлар.
Табибларнинг айтишларича, хотира ёдлашга ҳаракат қилинганида миядадан ажраб чиқувчи махсус суюқлик воситасида ишлар экан. Инсон агар ҳар куни маълум вақтда ёдлаш билан шуғилланадиган бўлса, бир неча кундан кейин ўша вақтда мазкур суюқлик табиий равишда, рефлекс тарзида ажралиб чиқаркан. Натижада ёд олиш жараёни сезиларли даражада осонлашар, ёдлаш қобилияти ўткирлашар экан.
–    Дарс ҳажмини аста-секин, даражама-даража ошириш.
–    Ўқишдан чарчаб, малолланиб қолинганда фикрни бошқа бирор нарса билан чалғитиш. Масалан, ҳикоя, шеър ва шунга ўхшаш ҳаёлни ёзадиган нарсалар билан мияга дам бериш.
– Дарс тайёр бўлгандан сўнг мияга 20 дақиқа дам бериш. Яъни мияга куч келадиган нарсаларга киришмаслик керак. Масалан телевизор кўриш, компютор, телефон ё бошқа воситаларда ўйин ўйнаш каби.
–    Аллоҳ талолодан тазарруъ билан ёрдам сўраш, доимо У зотга дуою илтижода бўлиш. Зеро Аллоҳ осон қилган нарсани қийинлаштирувчи, қийин қилганини осонлаштирувчи бўлмас.
Ўрганиш ва ёд олиш сирлари ҳақидаги баҳсимизни маънавий қоида билан бошлаган бўлсак-да, юқоридаги сатрларда асосан моддий қоидалар ҳақида сўз юритдик. Энди эса баҳсимизни уни бошлаган нарса билан тугатмоқдамиз.
Ҳар қандай нарсани қўлга киритшда моддий воситаларни ишга солиш билан бирга, маънавий омилларни ҳам ўз ўрнида ҳозирлаш лозим. Балки, маънавий омиллар моддий воситалардан муқаддам ва натижали ҳисобланади. Бунга воқеликда ҳам етарли далиллар мавжуд. Хусусан Қуръони каримни ёд олишда, илм ҳосил қилишда толиби илмнинг ички олами ана шундоқ руҳий қувват билан сифатланиши лозиму лобуддир. Жумладан, доимо Парврдигори оламга тўлиқ ишонч билан илтижо қилиб, У Зотдан ёрдам сўраш энг муҳим омил бўлишида шубҳа йўқ. Бу борада ҳадиси шарифларда ва мўътабар китобларда келган махсус дуолардан фойдаланилса, яна-да яхши бўлади. 


Овоз ёзувидан фойдаланиш


Ушбу услуб Қуръон ўқишни ўрганувчилар учун янгилик бўлгани боис, ундан қандай фойдаланишни қисқача эслатиб ўтсак: Аввал ўрганиладиган дарс матнини китобдан бир қатор ўқиб оласиз. Кейин эса оғзаки дарсни тинглайсиз. Улардаги таълимот ва мулоҳазаларни яхши фаҳмлаб олганингиздан сўнг машқлар устида машғулот қилишга киришасиз. Машғулотни эшитишдан бошлайсиз. Бунда аввал товушнинг ёхуд калима ё жумланинг айтилишига этибор билан қулоқ соласиз, уни яхши англаб олганингиздан сўнг, берилган вақтдан фойдаланиб, сиз ҳам унга эргашган ҳолда галма-гал айтишга ўтасиз, буни ҳам муффақиятли ўзлаштирганингиздан кейин бирга-бирга, яъни тенгма-тенг талаффуз этишни ўрганасиз, кейин эса, ўзингиз мустақил равишда машқ қилаверасиз ва ниҳоят ўрганганингизни устоз кўригидан ўтказиб оласиз.

1-топшириқ:


Қуйидаги саволларна жавоб беринг:
–    Тартил нима дегани?
–    Тартил илмининг яна қайси номларини биласиз?
–    Тиртил илмининг асослари деганда нималарни тушундингиз?
–    Илм олиш воситаларини ҳозирладингизми?
–    Қуръон ўрганиш одоблари ҳақида нималарни биласиз?
–    Илм олиш сирларини яхши ўзлаштирдингизми?

 



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Режа1. Мм, нн ва бatilde ҳарфлари2. Мм ундоши3. Нн ундоши4. Бatilde ундошиТаянч сўзлар ва атамаларИкки лабТил уч юзасиҒуннаДимоғ Мм, нн ва бatilde ҳарфлариМм ҳарфи давоми...

6336 20:11 / 18.04.2017
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Эй, иймон келтирганлар Сабр ва намоз билан Мендан ёрдам сўрангиз Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадирrdquo деб марҳамат қилган. давоми...

3638 01:10 / 18.04.2017
Режа1. Товуш.2. Овоз.3. Нутқ товушлари.4. Ундош ва унли товушлар.5. Ҳарф.6. Овоз ҳақида сўз.7. Араб алифбоси.Таянч сўзлар ва атамаларНутқ товушлариНутқ давоми...

30081 20:05 / 18.04.2017
Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган Ушбу мисолларни Биз одамлар ибрат олишлари учун айтурмиз. Лекин уларни фақат олимларгина англагайларrdquo давоми...

4773 01:14 / 18.04.2017