1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон тартили (дарслар)

002-дарс. Товуш ва харфлар

20:05 / 18.04.2017 30083 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Режа:

1.    Товуш.

2.    Овоз.

3.    Нутқ товушлари.

4.    Ундош ва унли товушлар.

5.    Ҳарф.

6.    Овоз ҳақида сўз.

7.    Араб алифбоси.


Таянч сўзлар ва атамалар


Нутқ товушлари

Нутқ аъзолари

Ундош товушлар

Унли товушлар

Ҳарф

Араб ҳарфлари


Товуш


Товуш бирор жисмнинг ҳаво қатламларини тебратиши натижасида ҳосил бўлади. Инсон ушбу тебранишдан вужудга келган тўлқинларни қулоғи билан идрок қилиши натижасида ўша овозни эшитади. Инсон бир сонияда 20тадан 20 мингтагача бўлган тебранишдан вужудга келган овозни идрок қилиш қобилиятига эга. Аммо ушбу ададлардан кам ёки кўп бўлган тебраниш билан ҳосил бўлган овозни инсон қулоғи эшита олмайди.


Овоз 


Инсоннинг овози товуш пайчаларининг титраб, ҳаво қатламларини тебратиши натижасида ҳосил бўлади. Ўпкадан чиқаётган ҳаво нафас йўли орқали бўғизга ўтади. Бўғизда товуш пайчалари жойлашган бўлиб, инсоннинг иродасига кўра, чиқаётган ҳаво таъсирида пайчалар титрайди. Натижада товуш ҳосил бўлади. Ҳосил бўлган товушни нутқ аъзолари қабул қилиб олади.


Нутқ товушлари


Нутқ аъзолари (ўпка, нафас йўли, товуш пайчалари, бўғиз, лаклук, бурун бўшлиғи, тил, кичик тил танглай, тиш ва лаб)нинг талаффуз вақтидаги харакати натижасида ҳосил бўладиган товушларни «нутқ товушлари» дейилади.

Нутқ товушларини бошқа товушлардан фарқлашимиз лозим. Нутқ товушлари фақатгина сўз маъноларини ифодалаш ва фарқлаш учун хизмат қиладиган товушлардир.


Ундош ва унли товушлар


Нутқ товушлари икки катта қисмга бўлинади: ундош ва унли.

Талаффуз вақтида овоз нутқ аъзоларидан бирига урилиш натижасида ҳосил бўладиган нутқ товушлари ундошлар дейилади. (мисол учун «б» товуши, бунда овоз лабларга урилади.) Овоз ҳеч қандай тўсиққа учрамай, ун (овоз) билан айтиладиган товушлар унлилар деб аталади. (Масалан, «а», «и» каби.)

Араб тилида 28 та ундош ва 6 та (3 та қисқа ва 3 та чўзиқ) унли товуш бор.


Ҳарф


Барча тилларда ҳам нутқ товушлари ёзувда маълум шакллар билан ифодаланади. Бу шаклларни биз ҳарфлар деб айтамиз.

Товушни ҳарф билан аралаштирмаслик лозим. Товушни биз талаффуз қиламиз ва эшитамиз, ҳарфни эса ёзамиз, кўрамиз ва ўқиймиз. Масалан: «ба» товуши деганда, икки лабдан ҳосил бўлиб, қулоғимизга чалинаётган, бизга маълум бўлган нутқ товушини, «бã» ҳарфи деганда эса, уни ёзувда ифодаловчи шаклни тушунамиз.

Араб тилида 29 та ҳарф бор. Улар ёрдамида 31 та товуш (28 ундош, 3 чўзиқ унли) ифодаланади.


Овоз ҳақида сўз


Нутқ товушларини тўғри, равон талаффуз этиш учун овозни тўғри тасарруф этиш лозим. Овозни тўғри ҳосил бўлишида нафас олиш ва чиқаришнинг аҳамияти катта.

Нафасни доимо бурундан, қорин бўшлиғига олиб, оғиздан чиқариш керак. Шунда нафас сиғими (базаси) кенгаяди ва овоз эркин, тўла ҳосил бўлади.

Айтиб ўтилганидек, овоз бўғиздаги товуш пайчалари деб аталмиш чўзилувчан мускулларнинг ўпкадан келаётган ҳаво таъсирида тебраниши натижасида ҳосил бўлади. Дастлабки пайдо бўлган товуш заиф ва деярли ҳеч қандай сифатсиз, жарангсиз бўлади. Кейин ҳалқум, бурун ва оғиз бўшлиғида, уларга урилиб, қайтиб, уларнинг қайтарғичлари таъсирида маълум тус ва куч касб этади, натижада овоз ранго-ранг, жарангдор ва кучли ҳосил бўлади. Овозни ишлатишда ана шу қонуниятни назарда тутиш керак.

Овознинг сифати асосан унинг йўналиш даражасига боғлиқ. Агар овоз бурундан чиқса хунук, ёқимсиз, пинғиллоқ ҳосил бўлади. Бу ҳолатда ўқиш димоғда ўқишдир. Товуш фақат қаттиқ танглайдан чиқса, рангсиз «оқ товуш», яъни шанғи товуш ҳосил бўлади. Бунда товуш пайчаларидан кўра танглай иштироки фаоллашиб кетади. Бу тур овоз чидамсиз, сифатсиз ва зерикарли овоздир. Товуш юмшоқ танглайдан чиқиб, қаттиқ танглайга тегиб ўтса, жарангдор, ёқимли товуш ҳосил бўлади. Бунда товуш пайчаларининг ҳаракати эркин, фаол бўлади. Мана шу тўғри ва чидамли овоздир.

Демак, тўғри товуш вужудга келиши учун овозни товуш пайчаларида кераклигича тўла ҳосил қилиб олиб, сўнг юмшоқ танглайга йўналтириш керак. Бунинг учун овозни бироз дўриллатиб, йўғонроқ ҳосил қилишга ҳаракат этилади. Бундай машғулот эрталабда, уйқудан турганда бажарилса, янада фойдалидир.

Соф овозни орзу қилган кишилар товуш йўлларини шамоллашдан сақлашлари керак. Томоқ касалланиб турганида уни кўп ишлатиш овоз бойламларини уриниб, шикастланиб қолишига олиб келади. Овозни нотўғри баландликда, ортиқча куч билан ишлатиш ҳам овоз мускулларини ўзига хос бўлмаган ҳолатда ишлашига сабаб бўлади.

Овозни бузадиган ҳолатлардан яна бири, уни ғайритабиий ишлатишдир. Масалан, асли йўғон бўлган овозни мажбурлаб, беўхшов ингичкалатиш ёки табиий унча баланд бўлмаган овозни кўтараман деб, бўлар-бўлмасга бақириш ана шундай нотўғри тасарруфлардандир.

Ёш болалар ва ўсмир ёшдагиларга кўп ва қаттиқ бақиришдан сақланишлари, умуман овозларини жиддий эҳтиёт қилишлари тавсия этилади. Чунки уларнинг товуш ҳосил қилиш аъзолари, нозик ва етилмаган бўлади.

Муҳтарам муаллимлар ўқувчиларнинг овозларини қандай бошқараётганларини, унга бўлган муносабатларини кузатиб, меъёрга солиб туришлари ва овозни бузадиган омилларга йўл қўйишларининг олдини олишлари керак.

Овозни меъёрга келтириш бир-икки машқ қилиш билан эмас, балки овозни мунтазам тўғри ишлатиш билан амалга оширилади. Овозни тўғри ҳосил қилиш айниқса, ҳалқумда айтиладиган товушларни осон ва тўла ўзлаштиришда муҳим аҳамиятга эга.

Овоз ва нафасни тўғри йўлга қўйиш борасида махсус қўлланмалар ва машғулотлар ҳам бор. Биз имкониятимиздан келиб чиқиб, бу тўғрида бироз тўхталдик холос. Қизиққан кишилар тегишли манбаъларга мурожаат қилиб билимларини такомиллаштирсалар янада мақсадга мувофиқ бўлади.



Араб ҳарфлари


Ўзидан олдинга бирикиб

Икки тарафга бирикиб

Ўзидан кейинга бирикиб

 

Ёлғиз ҳолда

Ҳарфларнинг номлари[1]

ء

Ҳамза

ـا

_

ا

Алиф

ـب

ـبـ

بـ

ب

Бã[2]

ـت

ـتـ

تـ

ت

Тã

ـث

ـثـ

ثـ

ث

Сã

ـج

ـجـ

جـ

ج

Жũм

ـح

ـحـ

حـ

ح

Ҳ:ã

ـخ

ـخـ

خـ

خ

Хõ

ـد

د

Дãл

ـذ

ذ

Зãл

ـر

ر

Рõ

ـز

ز

Зã

ـس

ـسـ

سـ

س

Сũн


[1] Эслатма:

Араб тилида ҳар бир ҳарф ўз номига эга. Масалан, баа товушини англатувчи «ب» ҳарфига «баа», ғоййн товушини билдирувчи «غ» ҳарфига «ғоййн» деб ном белгиланган.

[2] Эслатма: Кирилл ёзувидаги махсус белгили унли ҳарф араб тилидаги чўзиқ унлини билдиради. Уларнинг чўзиқлик миқдорини эшитиб аниқлаб олинг.

Ўзидан олдинга бирикиб

Икки тарафга бирикиб

Ўзидан кейинга бирикиб

Ёлғиз ҳолда

Ҳарфларнинг номлари

ـش

ـشـ

شـ

ش

Шũн

ـص

ـصـ

صـ

ص

Сõд

ـض

ـضـ

ضـ

ض

Зõд

ـط

ـطـ

طـ

ط

Тõ

ـظ

ـظـ

ظـ

ظ

Зõ

ـع

ـعـ

عـ

ع

Ъаййн

ـغ

ـغـ

غـ

غ

Ғоййн

ـف

ـفـ

فـ

ف

Фã

ـق

ـقـ

قـ

ق

Қõф

ـك

ـكـ

كـ

ك

Кãф

ـل

ـلـ

لـ

ل

Лãм

ـم

ـمـ

مـ

م

Мũм

ـن

ـنـ

نـ

ن

Нỹн

ـه

ـهـ

هـ

ه

Ҳã

ـو

و

Вãв

ـي

ـيـ

يـ

ي

Йã

1-машқ.


  ء   ا  ب   ت   ث   ج   ح   خ    د    ذ

  ر   ز   س  ش   ص  ض  ط    ظ   ع   غ

  ف    ق    ك    ل    م    ن    ه    و   ي

Эслатма:

1. Араб тилидаги ундош товушларни бизнинг алифбодаги мавжуд ҳарфлар билан тўлиқ ифодалашнинг имкони йўқ. Шу боис биз ўрганувчининг фаҳмига яқинлаштириш мақсадида фақат ҳарфларни таништиришда ва айрим қоидаларни солишитириб тушунтиришдагина кирил алифбосидан қисман фойдаландик, холос. Аммо ундошлар учун кирилда муқобил ҳарф қабул қилиш усулини қўлламадик. Зеро бир тилдаги нутқ товушларини бошқа тил ҳарфлари билан кўрсатиш ўрганувчини ўша товушларни тўғри талаффуз этишдан чалғитиши ҳам мумкин. Ундошларнинг талаффузини уларнинг айтилишини эшитиб, махражларининг суратини кўриб, талаффуз усулини ўрганиш билан бемалол ўзлаштириб олиш мумкин. Қолаверса, ҳарфларнинг номларидаги биринчи ҳарф ҳам бу ўринда керакли даражада ёрдам беради.

2. Алифбо аслида ҳамза юклатилган алиф ҳарфи билан бошланади ва у «алиф» деб ўқилади. Бунда алиф фақатгина ҳамзага таянч бўлиб келгани учун ҳақиқий маънода охирги ҳарфдан олдин лам ҳарфи билан бирикиб, «лам-алиф» шаклида ифодаланади. Аммо биз ўзбек ўқувчисига масалани осонлаштириш мақсадида алифбо ҳарфларини юқоридаги тартибда келтиришни маъқул топдик.


2-топшириқ:

- Ҳарфларни номлари билан ёдлаб олинг.

Қуйидаги саволларга жавоб беринг:

- товуш ва овоз ҳақида нималарни тушиндингиз?

- овозингизни тўғри ишлата олаяпсизми?

- нутқ товушларинниг бошқа товушлардан нима фарқи бор?

- нутқ товушлари қандай хосил бўлади?

- ундош ва унли товушларни қандай фарқланади?

- араб тилида нечта ундош нечта унли бор?

- товуш билан ҳарфни нима фарқи бор?

- араб ҳарфлари нечта ва улар неча товушни ифодалайди?




Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Режа1. Мм, нн ва бatilde ҳарфлари2. Мм ундоши3. Нн ундоши4. Бatilde ундошиТаянч сўзлар ва атамаларИкки лабТил уч юзасиҒуннаДимоғ Мм, нн ва бatilde ҳарфлариМм ҳарфи давоми...

6336 20:11 / 18.04.2017
Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган Ушбу мисолларни Биз одамлар ибрат олишлари учун айтурмиз. Лекин уларни фақат олимларгина англагайларrdquo давоми...

4774 01:14 / 18.04.2017
Режа1. Рotilde ва зatilde ҳарфлари.2. Рotilde ундоши.3. Зatilde ундоши.Таянч сўзлар ва атамалар Тил уч юзасиТил олд юзасиТанглай олдиЮқори олди тишларПастки олд давоми...

5550 20:10 / 18.04.2017
Аллоҳ таоло Дарҳақиқат, Биз уларнинг бўйинларига, кишанларни солиб қўйдик. Улар кишанлар то иякларигачадир. Бас, улар кеккаювчидирларrdquo деб марҳамат қилган. давоми...

2824 01:11 / 18.04.2017