1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон тартили (дарслар)

000. Тақдим

20:03 / 18.04.2017 5589 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

بسم الله الرحمن الرحيم.

الحمد لله رب العالمين، والصلاة والسلام على خير خلقه محمد وعلى ءاله وأصحابه أجمعين.


Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Қуръони карим Аллоҳнинг мўъжиз каломи мўмин-­мусулмонлар ҳаётида қанчалик ўрин тутишини ҳаммамиз яхши биламиз. 

Қуръон илоҳий дастур, мўмин­-мусулмонларни икки дунё саодат йўлига бошловчи илоҳи маёғ, барча илмларнинг манбаси. Шу эътибордан Қуръон Ислом уммати ҳаётида энг муҳим ўрин тутган дастур ҳисобланади. 

Мўмин­мусулмонлар Қуръони карим Росули акрам алайҳиссолату вассаламга нозил бўлганидан бошлаб, ҳозирги кунгача бу азиз Китобнинг ҳар бир ҳарфини эъзозлаб, ўрганиб, ўқиб, ёдлаб, унга амал қилиб келишмоқда. 

Қуръон илоҳий калом ўлароқ Рамазон ойида Лавҳул­маҳфуздан дунё осмонига нозил бўлган ва айнан Рамазон ойида Қуръоннинг дастлабки оятлари Росули акрам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга тушган. У зот ўзларига келиб етган ҳар бир оятни омонат билан, ҳамма тарафани бекаму­кўст тарзда, мукаммал ҳолда ўз умматларига етказиб борганлар. Саҳобаи киромлар Росули акрам алайҳиссолату вассаламдан Қуръони каримнинг ҳар бир ҳарфини буюк эҳтимом билан қабул қилиб олиб, омонат сифатида маҳкам тутиб, ўзидан кейинги авлод – тобеинлар авлодига етказганлар. Тобеинлар авлоди ҳам саҳобалардан ўрнак олиб, улар қилган ишни такрорлаб, ўзларидан кейинги табъа тобеинлар авлодига Қуръони каримни тўла­тўкис омонат билан етказганлар. 

Ана шу тарзда мана бир минг тўрт юз йилдан кўп бўлибдики, Ислом уммати ўзининг қорилари орқали, қироат илмининг олимлари орқали бу азиз Китобни бирор ҳарфини, бирор нуқтасини ўзгартирмасдан авлоддан авлодга ўтказиб келмоқда, ёдлаб келмоқда, ўрганиб келмоқда ва унга амал қилиб келмоқда.

Росули акрам алайҳиссолату вассалам ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида айтадиларки: 

«خيركم من تعلم القرءان وعلمه»

«Сизларнинг ичингизда энг яхшингиз Қуръонни ўрганган ва Қуръонни ўргатган кишидир» 

Демак, Қуръон ўрганган одам ҳам энг яхши инсон ҳисобланади, Қуръон ўргатган одам ҳам энг яхши инсон ҳисобланади. Ана шу эътибордан мўмин­мусулмон банда доим Қуръонга нисбатан ё ўргатувчи, ё ўрганувчи бўлиб келган ва мана шу силсила доимо гўзал тарзда амалга ошиб келган. 

Қориларимиз ўзларининг силсилаларини илмий равишда, гувоҳлар  билан Росули акрам алайҳиссолату вассаламнинг шахсларига етказганлар. Алҳамду лиллаҳ, бизнинг диёримиздаги қориларимизнинг силсилалари ҳам тикланди, аниқланди, қориларимиз кўпайди, қироатлар гўзаллашди, Рамазонларда бўлаётган хатми Қуръонлар, буларнинг ҳаммаси мазкур гапларнинг далилидир.

Ҳозирги кунга келиб Қуръон ўрганиш ва ўргатиш услублари янада кенг қулоч ёйди, турли­-туман воситалар билан бойиди. Ана шу воситалардан бири охирги пайтдта кенг тарқалиб бораётган халқаро интернет тармоғи ҳисобланади. Компютер орқали Қуръони каримнинг ҳарфларини ўрганиш, тажвидини, қироатини ўрганиш, турли ҳофиз қориларнинг қироатига қулоқ осиш ишлари борган сари ривожланиб бормоқда. Ана шу эътибордан бугунги яшаб турганимиз – буюк Рамазони шарифнинг баракотидан умидвор бўлган ҳолда бизнинг азиз кишиларимиз ҳам мана шу соҳада – интернет соҳасида Қуръон таълимини йўлга қўйиш нияти билан бел боғлаб, ихлос билан, иймон­эътиқод билан, Аллоҳнинг ўзидан савоб кутган ҳолларида ишларини бошламоқдалар. Аллоҳ таоло бу ишни баракотли қилсин, хайрли қилсин, ўзимиз ўйлагандан афзал бўлишини, Қуръонга буюк бир хизмат бўлишини насиб этган бўлсин.

Мазкур йўл билан таълим бериш учун аввалдан тайёрлаб қўйилган махсус китоб бор. Ана шу китобнинг эгаларининг ўзлари муҳтарам қориларимиз аста­-секин зиёратчиларга, кириб ўрганмоқчи бўлган толиби лимларга ўргатиб борадилар. Иншооллоҳ, бу нарса ҳаммамиз учун фойдали бўлади, деган умиддамиз.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан бошланаётган бу хайрли ишга барака тилаб қоламиз, осонлик, равонлик тилаб қоламиз. Бу ишни ўзимиз кутгандан кўра кўп марта фойдали бўлишини, хайрли бўлишини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан илтижо қилиб дуолар ила сўраб қоламиз. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи бу ишни осон қилсин. Ва ахиру даъвана анил ҳамду лиллаҳи Роббилъаламийн. Вассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

1431 ҳижрий йил Рамазон ойи.


Кириш  

Бандаларини Ўзининг муқаддас мўъжиз Каломини ўқишни ўрганиш бахтига мушарраф этган Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин.

Ўз умматларига «Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганингиздир» дея, уларни ушбу Каломи Раббонийнинг таълимига тарғиб қилган ва бунда ўзи энг гўзал намуна бўлган Набийимиз Муҳаммад Мустафога Аллоҳнниг салоту саломлари бўлсин.

Қуръони каримнинг ўқилишию ёзилишини Росул алайҳиссаломдан ҳарфма-ҳарф таълим олиб, кейинги авлодга худди шу тарзда етказган, Қуръон нурини оламга таратган Пайғамбаримизнинг саҳобаи киромларига ва аҳлу оилаларига Аллоҳнинг раҳмати ва розилиги бўлсин.

Ушбу Омонатни ҳеч бир ўзгаришсиз бизгача етиб келишида молу жонларини, вақту қувватларини сарф этган барча Қуръон ходимларига Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлсин.

Азиз Қуръони карим мухлислари! Маълумингизким, халқимиз Ислом дийни билан мушарраф бўлибдики, ўзининг дийний бурчи ўлароқ, Қуръони каримни ўрганишга, унга амал қилишга бор куч-қувватлари билан ҳаракат қилиб келганлар. Улар бу борада бошқа мусулмонларга асрлар оша намуна бўлгудек хизматлар қилганлар. Масжид-мадрасаларда, устозлар ҳузурида барча илмлардан олдин Қуръони каримни тўғри ўқишни ўзлаштирганлар. Кўплари Қуръонни тўла ёд олганлар. Лоақал уни қараб ўқиб мустақил хатм қила оладиган даражада саводли бўлганлар. Улар бу йўлда молу пул сарфлаганлар, мусофир бўлганлар, иссиқ-совуқ кўрганлар, озор-азият чекканлар.

Она заминимиз ўз тарихида не-не мудҳиш даврларни кўрмади. Муғиллар босқини, тахту тож, молу дунё учун бўлган курашлар, ички ва ташқи душманларнинг хуружлари. Лекин, нима бўлса ҳам юртимизда ўша саодатли даврлардан бери Қуръон таълими бирор кун ҳам тўхтамади. Аждодларимиз хатто, истибдод ҳукм суриб турган динсиз тузум даврида ҳам ўзларининг Муқаддас Китобларини қўлдан бермадилар. Тоғу тошларга қочиб чиқиб ёки уй бурчагида ертўла ковлаб бўлса ҳам, фарзандларига Қуръон ўқитдилар, таълим бердилар. Қандоқ бўлмасин, бу Омонатни ўзларидан кейинги авлодларга бекаму-кўст етказшга муваффақ бўлдилар.  

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бугунга келиб имкониятлар кенгайди, илм олишнинг бир неча усуллари юзага келди. Жумладан, Қуръони каримни интернет тармоғи орқали ўрганиш имконияти ҳам пайдо бўлди. Бу борада кўп жойларда талайгина ишлар ҳам амалга оширилди ва оширилмаоқда. Аммо ўзбек тилидаги сайтларда ҳозиргача бу соҳада деярли бирор иш қилингани йўқ. Шу боис ушбу жиҳатдан халқимизга хизмат қилиш, уларнинг эҳтиёжларини бироз бўлса-да қондириш ниятида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг тавсия ва кўрсатмалари билан Ислом.уз сайтида Қуръон ўқишни ўрганиш дарсликларини эътиборингизга ҳавола қилишга азму қарор қилдик. 

Аллоҳ таоло Ўзининг охирги Каломини араб тилида нозил қилар экан, уни ушбу тил соҳиблари гаплашиб юрган оддий лаҳжада эмас, балки муайян сифатда, яъни ҳеч бир эгриликсиз, айбу-нуқсонсиз, фасиҳ ва равшан бўлган араб тилида, махлуқларнинг каломларидан имтиёзли равишда нозил қилгандир. Бу сифатни Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг ўзида «тартил» деб номлаган: «Ва биз уни тартил билан нозил қилдик» (Фурқон сураси, 32-оят) ва бандаларини ҳам худди шундоқ ўқишга буюрган:«Қуръонни тартил билан ўқи» (Муззамил сураси, 4-оят) 

Ушбу амри илоҳий барча мўмин мусулмонларга тегишли бўлиб, унга амал қилиш ҳар бир муслиму муслима учун фарзи айндир. Айни вақтда биз ҳам Қуръони каримни имкон қадар тартил билан ўқишни ўрганишимиз лозиму лобуддир.

Мана шу маънолардан келиб чиқиб, кишиларнинг мазкур фармони илоҳийни амалга оширишлари йўлида хизмат қилсин деган ниятда йўлга қўйилаётган ушбу дарсликлар тўпламини «Қуръон тартили» (яъни, Қуръонни тартил қилиш) деб номлашни маъқул кўрдик. Аллоҳ таолодан камчилик, нуқсонларимизни кечириб, бу йўлда Ўзи мададкор бўлишини сўраб қоламиз.

Шунингдек, Сиз азизлардан бу иш юртимизда илк бор амалга оширилаётганлиги эътиборидан бизларга камчилик ва нуқсонларни бартараф этишда ўз фикр-мулоҳазаларингиз билан кўмаклашиб боришингизни олтимос қиламиз.

Қуръон ўқишни нима учун ўрганамиз?

Шубҳасиз, Қуръони карим Аллоҳ таолонинг мўъжиз Каломи ва У зотнинг сўнги Китобидир. Бу нарса асрлар оша ўз тасдиқини топиб келаётган илмий ҳақиқатдир. Бинобарин, сиз билан биз мўмин мусулмонлар Қуръони каримни ҳар қанча ардоқласак, у билан ҳар қанча фахрлансак арзийди, албатта. 

Аммо қуруқ фахрланиш билан иш битмайди. Балки биз Қуръонни ўрганишимиз, ўқиб туришимиз, насиҳатларига қўлдан келганича амал қилиб боришимиз лозим. 

Аслида инсон зоти учун ўз яратувчиси бўлган Холиқ таолонинг Муқаддас Каломини ўқиш, ўрганиш улкан бахт ва катта шарафдир. Уни ўрганмаслик, ундан бебаҳралик ўзини билган одам учун улкан мусибатдир. 

Аллоҳ таоло бандаларига тоқат ва имкониятларидан ташқари нарсани юкламаган. Бинобарин ҳар бир эркагу аёл, каттаю кичик мўмин банда Қуръони каримни тўғри ўқишликка бор имкониятини ишга солгандагина Аллоҳнинг амрини бажарган бўлади. Ана шундагина Аллоҳдан қолган камчиликлари учун афву мағфират сўраса бўлади. Ана шунда тўғри ўқий олмаган тақдирда ҳам Аллоҳ таоло уни Ўз хузурида муносиб мукофот билан сийлайди.

Имом Бухорий, имом Муслимлар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Қуръонга моҳир киши буюк, мукаррам, ўта яхши фаришталар билан биргадир. Ўқиганда қийналадиган кишига эса икки баробар ажр  бордир», деганлар. Яъни ўқигани учун алоҳида ажр, машаққати учун алоҳида ажр берилади.

Аллоҳ таоло Ислом умматини бошқа умматлардан бир неча жиҳатларда имтиёзли қилган. Жумладан, уларнинг қалбларини Ўзининг каломи учун «қутилар» қилган. Ана шу мақсадда охирги китоби Қуръони каримни ўқиш ва ёд олиш учун осон қилиб қўйган. Унинг тиловатини ўхшаши йўқ шавқу-завқ бахш этувчи қилиш билан бирга, ҳар бир ҳарфи учун кўплаб ажру савоблар ваъда этган, ўқилишининг ўзини қалбларни покловчи улкан ибодат қилиб берган. Шу билан бирга Қуръон умматига ўзларининг муқаддас китобларини ўқиш, ёдлаш, ўқитиш ва муҳофаза қилиш учун шу қадар ажиб ҳиммат ва муҳаббат ато этганки, уларга бу борада ўхшаш тугул, яқин келадиган бирорта умматни ҳам топиб бўлмайди.

Аллоҳ таоло Қуръон ўқишни, ёд олишни осон қилиб қўйгани ҳақида шундай марҳамат қилган: 

«Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, зикр қилувчи борми?».

Қуръонни Биз эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, эслатма олувчи борми? Қуръонни Биз ўқиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, уни ўқигувчи борми? Қуръонни Биз ёдлаш учун осон қилиб қўйдик. Қани, уни ёд олувчи борми? Қуръонни Биз амал қилиш учун осон қилиб қўйдик. Қани унга амал қилувчи борми? 

Ҳа, азизлар, Қуръон ўқишни ўрганиш жуда ҳам осон, айинқса, уни инсоф билан ҳаётдаги бошқа қилаётган ишларимизга, ўрганаётган нарсаларимизга таққосласак, бу ҳақиқатни янада  яхшироқ ангалишимиз мумкин. Фақатгина биз бунинг учун ишонч билан ҳаракат қилсак, қунт берсак бўлди. 

Агар бир ҳафтада бир кунни ёки бир кунда бир соатни Аллоҳнинг каломини ўрганишга сарфлаганимизда эди, ичимизда Қуръон ўқишни билмаган киши қолмас эди.

Шуни ҳам яхши англашимиз керакки, Қуръони каримни ўқиш ва ўрганиш фақатгина маълум табақадаги, махсус касбдаги кишиларга хос амал эмасдир, балки, ҳар бир мўмин, ўзини мусулмон деб билган ҳар бир шахс Қуръони каримни ўқиши, ўрганиши ва унга амал қилиши лозиму лобуддир.

Ҳар бир ақлли инсон ўзининг барча ҳаракатларини маълум мақсадга кўра олиб боради ва мақсадининг қандоқ бўлишига қараб натижа олади. Шу боис Исломда ҳар бир амални ният билан қилишга буюрилгандир.

Динимиздаги ҳар бир амал ортида буюк эзгу мақсадлар, чексиз ҳикматлар бор. Биз улардан фақатгина Аллоҳ кўнглимизга солганича, ақлимиз етганича англай оламиз, холос. Бинобарин, ҳар бир хатти-ҳаракатимизда, хатто, истироҳатимизда ҳам мақсадни олий, ниятни гўзал қилишимиз лозим.

Ҳозирда сиз билан биз Қуръон ўрганишга киришар эканмиз, аввало бу ишнинг аҳамияти, зарурияти, мажбуриятлари ва фазилатлари ҳақида бироз тўхталишимизга тўғри келади. Шоядки, амалимизда мақсадни тўғри, ниятни яхши қилишга муваффақ бўлсак. Хўш;


Қуръон ўқишни нима учун ўрганамиз?


1.    Аллоҳ таоло бандаларини Ўз Каломини қироат қилишга амр қилган.

Жумладан, мўминларга амр қилиб айтади:

«Бас, Қуръондан муяссар бўлганича ўқинг».  

Қосос сурасида шундай марҳамат қилади: 

(Эй Муҳаммад, айтингки:) «Мен мусулмонлардан бўлишга ва Қуръонни тиловат қилишга амр этилдим».  (91-92)

Анкабут сурасида эса, қуйидагича амр қилади:

«Сенга китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қил ва намозни тўкис адо эт, албатта, намоз фаҳш ва мункар ишлардан қайтарур». (45- оят) 

Ушбу икки ояти каримадаги Қуръон ўқишга бўлган амр зоҳиран қараганда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хос бўлиб кўринса-да, аслида, у умумий маънога далолат қилади, худди мусулмонлардан бўлиш ва намоз ўқиш барчага тааллуқли бўлгани каби. Бу маънони барча муфассирларимиз таъкидлаганлар. 

Демак, Аллоҳ таоло барча мусулмонларни уларнинг раҳбарларига хитоб қилиш орқали Қуръон тиловат қилишга амр қилган экан.

2.    Қуръон ўқишни ўрганиш ҳар бир мусулмон учун фарзи айндир. 

Маълумки, инсон Исломни қабул қилиб, мусулмон бўлганидан сўнг иккинчи бажариши лозим бўлган амал бу – намоз ўқишдир. Намозни эса Қуръон қироатисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу маънога юқорида ўтган оятлар ҳам далолат қилиб турибди. Шу боис, барча уламолар бир овоздан лоақал намозга яроқли даражада Қуръон ўқишни ўрганиш ҳар бир мусулмон кишига фарзи айндир, деганлар. Фарзи айн бу – ҳар бир мусулмон шахсан ўзи бажариши шарт бўлган, тарк қилган киши азобга лойиқ ҳисобланадиган амалдир. У диндаги буйруқларнинг энг кучлисидир. 

3.    Қуръонни фақатгина араб ҳарфлари воситасида ўқиш лозим. 

Қуръонни араб ҳарфларидан бошқа ҳарфлар воситасида тўғри ифодалашнинг умуман имкони йўқ. Бинобарин, бошқа алифбода Қуръон ўқиган киши ҳеч қачон тўғри қироат қила олмайди. Қуръонни хато ўқишнинг гуноҳ экани эса ҳаммага маълум. Бу борада берилган рухсатларда араб алифбосини ўрганишни баҳона қилиб намоз ўқимай юришга ўтилмасин учун фақатгина араб ҳарфларини ўргангунча фойдаланиб туриш назарда тутилган, холос. 

Демак, Қуръон сураларини кирилл алифбосида ўқиган намозхонлар ҳам уни араб алифбоси воситасида ўрганишлари лозим.

4.    Фарзи кифоянинг адоси учун ҳам Қуръон ўрганиш лозим. 

Исломнинг асоси бўлган Қуръони каримни тўлалигича ҳеч бир ўзгаришсиз кейинги авлодга мутавотир даражада (кўпчилик бўлиб, узуликсиз равишда) етказиш мусулмон оммасининг зиммасига фарз ҳисобланади. Жамиятдан етарли кишилар бу шарафли вазифани адо этсалар, бошқалардан соқит бўлади. Демак, ана шундоқ тоифани етиштириш барча мусулмонларга фарзи кифоя бўлганидек, унга бел боғлаган кишиларга Қуръонни мукаммал ёд олиш ва ўргатиш фарзи айн бўлади. Бу ишнинг аввали ҳам Қуръон ўқишни ўрганиш билан бошаланади. 

5.    Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг бир нечта ҳадисларида умматларини Қуръон ўқишга буюурганлар.

Имом Доримий ва Ибн Зурайслар Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қиладилар: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ушбу Қуръонни ўрганинглар, уни тиловат қилинглар. Албатта сизлар унинг тиловати билан ҳар бир ҳарф учун ўнта ҳасана билан ажрланасизлар. Мен алиф лаам миим бир ҳарф демайман. Лекин алиф бир ҳарф, лаам бир ҳарф, миим бир ҳарфдир», дедилар.

Имом Муслим Абу Умомадан ривоят қиладилар. У киши айтидилар: Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Қуръон ўқинглар, зеро у қиёмат куни ўз соҳиби учун шафоатчи бўлиб келади», деганларини эшитдим.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон таълимига алоҳида эътибор берганлар. Оятлар нозил бўлиб битиши билан уни атрофларидаги саҳобаи киромларга ўқиб берганлар, ёздирганлар ва ўргатганлар. Янги мусулмон бўлган кишиларга ҳам биринчи бўлиб Қуръон ёдлатганлар. Пешқадам саҳобаларни бошқаларга Қуръон ўргатишга, бошқаларни эса улардан таълим олишга амр этганлар ва тарғиб қилганлар.

6.    Қуръон ўқишни ўрганиш асрлар оша халқимиз маънавияти ва қадрятларининг асоси бўлиб келган. Усиз биз ўзлигимизни тасаввур қилишимиз ҳам мумкин эмас.

Аллоҳ таоло Юртимизни Ислом нури билан мунаввар қилгандан буён халқимиз Қуръони каримни ўрганишда, унга амал қилишда гўзал намуна бўлиб келганлар. 

Имом Бухорий, Термизий, Муҳмуд Замахшарий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғилоний ва бошқа кўплаб аждодларимиз барча илмлардан олдин Қуръони каримни тўла ёд олганлар.

Булардан ташқари бошқа билм ва соҳаларда дунёга донг таратган, оламшумул кашфиётлар қилган Ибн Сино, Беруний, Аҳмад Ал-Фарғоний, Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюкларимизнинг гўдаклик даврларидаёқ Қуръон ҳофизларидан бўлиб ном чиқарганлари маълум ва мушҳур. 

Муҳаммад Хоразмий ва Мирзо Улуғбек каби олимларимиз ўз асарларини ўша соҳага тааллуқли ояти карималар билан бошлаганлар. Ҳазрат Навоий, Фузулий, Бобур каби деярли барча адибларимиз ўз ижодларида Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг маъноларини акс эттиришга ҳаракат қилиб келганлар. Амир Темур, Улуғбек ва Бобур каби саркардаларимиз ўз тасарруфларини Қуръон одоблари ва аҳкомларига мувофиқ қилишга интилганлар.

Хулоса қилиб айтганда, тарихимизнинг энг олтин даврлари оммавий равишда Қуръон ўқиш ва ўрганиш даврлари бўлган. Барча кўзга кўринган аждодларимиз Қуръон ўқишни яхши билганлар, уни ёд олганлар ва унга қўлдан келганича амал қилганлар. Уларнинг маънавий ва моддий жиҳатдан эришган юксак маданиятларининг замирида айнан Қуръони карим таълимотлари турганини ҳис қилиш қийин эмас.

Ватандошимиз Имом Термизий машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ичида Қуръондан бир нарса бўлмаган одам хароба уйга ўхшайди», деганлар.

7.     Қуръони каримни хатм қилиб туриш дийнимизнинг талабларидандир..

Уламоларимиз ҳар бир мусулмон шахс энг камида бир ойда Қуръонни бошидан охиригача бир маротаба ўқиб туриши лозим, акс ҳолда макруҳ ишга йўл қўйган бўлади, деб айтганлар. Бунинг учун аввало Қуръон ўқишни ўрганиш даркорлиги ўз-ўзидан маълум.

8.    Қуръон Аллоҳ таолонинг Мўъжиз Каломи, инсониятга юборган мактубидир.. 

Аслида Аллоҳнинг Каломини тиловат қилиш инсон зоти учун улкан бахт ва шарафдир. Аллоҳ таоло бу шарафга махлуқотларидан фақат инсонларнигина лойиқ кўрди.

Агар бировга ўзи ҳурмат қилган киши томонидан макуб келса, уни дарҳол ўқишга ошиқади. Бас, қандоқ қилиб мўмин банда ўз Роббининг рисоласи бўлмиш Қуръони каримни ўқишга ҳаракат қилмаслиги мумкин?

9.    Қуръон тиловати энг муҳим тарбия омилидир. 

Қуръон тиловати, агарчи ўқиётган, эшитаётган киши унинг маъноларини тушунмаса ҳам, қалбдаги дағалликни, ёвузликни кетказиб, ўрнини мулойимлик ва яхшилик билан тўлдиради. Бинобарин, ихлос билан Қуръон ўқиб ёки эшитиб юрувчи киши адаштирувчи йўллардан, турли жиноятлардан узоқда бўлади. Одатда Қуръон ўқиб юрадиган кишиларнинг одоб-ахлоқли бўлишлари ҳам ана шундан. Бу – ҳаётий воқелик ва илмий тажрибалар тасдиқлаб келаётган улкан ҳақиқатлардан биридир.

10.    Қуръон фазилатларидан баҳраманд бўлиш учун ҳам Қуръон ўрганишга муҳтожмиз.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда баён этилган Қуръон ўқигувчи, ўрганувчи, ўргатгувчи, ёд олгувчи кишиларга ваъда қилинган ажру мукофотлар, фазлу марҳаматларни бошқа амалларда топиш қийин. Бу борада келган хабарлар жуда ҳам кўп. Барча муҳаддис уламоларимиз ўзларининг ҳадис тўпламларида «Қуръон фазилатлари» деган алоҳида боб очиб, унда ушбу мавзудаги ўзларига етган ҳадисларни жамлаганлар. Баъзи олимларимиз бу ҳақида алоҳида китоблар ёзганлар. Биз ҳозирча улардан айримлари билан танишиб чиқиш билан кифояланамиз. 

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар. Чунки, У зот уларга ажрларини тўлиқ қилиб берур ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилур. Албатта, У ўта мағфиратли ва Шакур(оз амал учун кўп савоб берувчи)дир. (Фотир: 30-31)

А) Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатувчилар инсонларнинг энг яхшиларидир.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганларингиздир», деганлар. Бухорий, Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилишган.

Б) Қуръон ўқигувчи киши Аллоҳ таоло билан сўзлашган бўлади. Зеро, киши бировнинг китобини ўқиганда у билан сўзлашгандек бўлади.

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қачон бирортангиз Парвардигори билан сўзлашишни ҳоҳласа, Қуръон ўқисин», дедилар. Хатиб ва Дайламий ривояти.

Аллома Муновий ушбу ҳадиснинг шарҳида: «Бу киноя маъносидадир. Чунки Қуръони карим Аллоҳнинг бандаларига юборган рисоласидир. Қори уни ўқиганда «Эй Роббим, Сен ундоқ дединг, бундоқ дединг», деб, илтижо қилгандек бўлади», деганлар.

В) Қуръон қалбни поклайди, руҳни тетик қилади.

Имом Байҳақий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қиладилар: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта қалблар темир занглагани каби занглайди», дедилар. Шунда «Эй Аллоҳнинг Росули, унинг жилоси нима?», дейилди. У зот: «Қуръон тиловат қилиш», дедилар.

Г) Қуръон ўқилган уй файзу баракага, нурга тўлади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон ўқиладиган уй осмон аҳлларига худди ер аҳлига юлдузлар пориллаб кўринганидек намоён бўлади», дедилар. Байҳақий ривоят қилган.

Демак, қалбларимиз мусаффо, уйларимиз мунаввар бўлсин десак, Қуръон ўқишимиз керак экан.

Д) Қуръон тиловати энг афзал ибодатдир.

Имом Байҳақий Нўъмон ибн Баширдан ривоят қилишича, Набий алайҳиссалом: «Умматимнинг энг афзал ибодати Қуръон тиловат қилишдир», деганлар. 

Е) Жаннатдаги даражалар Қуръон оятлари ададичадир.

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон соҳибига: қироат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил (дона-дона) қилиб ўқиган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконидан бўладир, дейилади», дедилар.

Жаннатдаги даражамиз қанчалар юқори бўлишини хоҳла-сак, Қуъонни шунча кўп ўқишимиз, ёд олишимиз керак экан.

Ж) Қуръон қиёмат куни ўз соҳибини шафоат қилади.

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуръон ўқинглар, чунки у қиёмат куни ўз соҳибига шафоатчи бўлиб келади», деганлар. Муслим ривояти.

З) Қуръон қорисининг нафақат ўзига, балки унинг ота-онасига ҳам улуғ даражалар ваъда қилинган.

Саҳл ибн Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Қуръон ўқиса ва унда бор нарсага амал қилса, унинг ота-онасига қиёмат куни зиёси бу дунёдаги уйларда бўлган қуёшнинг зиёсидан ҳам яхшироқ бўлган тож кийдирилади. Энди бунга амал қилганга нима бўлишини ўзингиз билаверинг», деганлар.  Абу Довуд ривояти.

Агар ота-оналаримизни охиратда улуғ даражаларга эришсин десак, Қуръон ўқишимиз керак экан. Агар «қиёмат куни зиёси бу дунёдаги уйларда бўлган қуёшнинг зиёсидан ҳам яхшироқ бўлган тож»га мушарраф бўлишни ҳоҳласак, фарзандларимизга Қуръон ўргатишимиз керак экан.

И) Қуръон соҳибига қиёмат куни шафоат қилиш изни берилади.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қуръонни ўқиса ва ёд олса, у ҳалол қилган нарсани ҳалол билса, у ҳаром қилган нарсани ҳаром билса, Аллоҳ уни жаннатга киритади ва ўз аҳлидан ўн кишига шафоатчи қилади. Ҳолбуки, уларнинг ҳаммасига дўзах вожиб бўлган эди», дедилар».

Й) Қуръон билан машғул бўлган кишига сўровчиларга берилган нарсалардан афзали берилади.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло кимни Қуръон ва Менинг зикрим Мендан (нарсаларни) сўрашдан тўсган бўлса, унга сўровчиларга берган нарсамдан афзалини берурман. Аллоҳнинг каломининг бошқа каломлардан фазли худди Аллоҳнинг ўз махлуқотларидан фазлига ўхшайдир, дейди», дедилар».

Юқорида айтилганидек, бу борада келган ҳадислар жуда ҳам кўп, биз улардан айримларинигина эслаб ўтдик. Аллоҳ насиб қилса, дарслар мобайнида бу борадаги бошқа маълумотларни ҳам ўрганиб боришга ҳаракат қиламиз.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган Аллоҳ томонидан берилажак катта фазл жаннат ҳақида мўминларга хушхабар берингrdquo Аҳзоб, 47.Биз дуода Ё Аллоҳ, давоми...

2794 01:13 / 18.04.2017
Аллоҳ таоло Дарҳақиқат, Биз уларнинг бўйинларига, кишанларни солиб қўйдик. Улар кишанлар то иякларигачадир. Бас, улар кеккаювчидирларrdquo деб марҳамат қилган. давоми...

2824 01:11 / 18.04.2017
Режа1. Рotilde ва зatilde ҳарфлари.2. Рotilde ундоши.3. Зatilde ундоши.Таянч сўзлар ва атамалар Тил уч юзасиТил олд юзасиТанглай олдиЮқори олди тишларПастки олд давоми...

5550 20:10 / 18.04.2017
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи биланРежа1. Тартил илмининг асослари2. Илм олиш учун зурур бўлган воситалар3. Қуръон ўрганиш одоблари4. Илм олиш сирлари5. Овоз давоми...

12571 20:04 / 18.04.2017