1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

«Ибратли дунё» Исроф қилишдан тўхтанг

04:28 / 14.04.2017 6422 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм!

Алҳамдулиллааҳи Роббил ъааламин, вас-солаату вас-салааму ъалаа хойри холқиҳи Муҳаммад ва ъалаа аалиҳи ва асҳаабиҳи ажмаъин!

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу!

Азизлар! Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинким, сиз билан бизни «Ибратли дунё» туркумидаги суҳбатларимизни давом эттиришга муяссар қилмоқда.

Бугунги суҳбатимизда сиз азизлар билан ҳаётда ҳаммамиз учун муҳим бўлган бир масалани муҳокама қилиб, ундан ибрат олиш борасидаги фикрларимизни баҳам кўрмоқчимиз.

Яқинда қабулимга бир одобли инсон кириб келди. У киши тез-тез зиёратимизда бўлиб, қабулимизга кирар, ҳол-аҳвол сўрашиб, баъзи ҳолатларда ўзига керакли саволларни берар, баъзи бир фикр-мулоҳазаларни ҳам айтиб турар эди. Бу киши қабулимиз асносидаги суҳбатларимизда менда жуда яхши таассурот қолдирган, ўзининг юксак даражадаги одоби билан, теран фикр-мулоҳазалари билан танилиб қолган эди. Бу сафар ҳам одатдагидек кириб ўтириб, ўзини ниҳоятда гўзал одоб билан тутиб, ҳол-аҳвол сўради, баъзи саволларни берди. Бироз фикр алмашгандан сўнг:

– Тақсир, сизга бир масалани айтсам бўладими? Бир савол мени жуда ўйлантириб қўйди, – деди.

– Марҳамат қилинг, – дедим. У шундай гап бошлади:

– Ҳозирги кунда масжидларимиздаги таҳоратхоналарда ўта бепарволик туфайли жуда кўп сув исроф қилинаётгани мени ташвишга соляпти. Бу ҳолатни кўриб, жуда афсус қиламан. Мўмин-мусулмон бўлатуриб, намозхон бўлатуриб, масжиднинг ёнгинасида таҳорат қилатуриб, шариатимизнинг исрофгарчиликка қарши таълимотларига амал қилмаётган баъзи биродарларимизни кўрсам, жуда афсусланиб кетаман. Баъзи бир таҳоратхоналарга кўзга кўринарли жойга «Илтимос, сувни исроф қилманг», деган маънодаги махсус ёзувлар ҳам илиб қўйилган. Одамларимиз эса бу ёзувларни кўриб туриб, уларнинг шундоққина тагида ўтириб, бу кўрсатмага тескари иш қилишади, сувни ўта исроф қилиб юборишади. Бундан жуда ўйланиб қолдим. Эҳтимол, таҳоратхона ичкарисига овоз кучайтиргич жиҳозларини ўрнатиб, «Сувни исроф қилманглар, сувни исроф қилиш гуноҳ бўлади», деб айтиб туриш керакдир. Шундай ҳолатларнинг устидан чиқиб қолсам, яъни сувни исроф қилаётган биродарларимизни кўриб қолсам, «Биродар, сув исроф бўляпти. Шу ишни қилмаганимиз маъқул. Бундай қилмайлик», деб айтсам бўладими?

– Бўлади. Одоб билан, секинлик билан тушунтириб айтсангиз бўлади, – дедим.

Дейишга дедиму, ўйланиб қолдим. Ҳақиқатдан ҳам нафақат таҳоратхонада, балки бошқа жойларда ҳам исрофгарчилик, тежамкорликни маҳкам ушламаслик ҳоллари учраб туради.

Яна ҳалиги биродаримизнинг таҳоратдаги исроф хусусидаги фикрларига қайтамиз. Бу гапларни уламолар билан бирга ўтирган пайтимизда уларга айтдим. Шунда домлаларимиздан бири шундай деб қолди:

«Бир киши масжиднинг таҳоратхонасида таҳорат қиляпти. Жўмракдаги сувни охиригача очиб қўйган. Юз-қўлини ювиб бўлгач, оёқ кийимини ва пайпоғини ечиб, ўнг оёғини ювишга тушди. Ювиб бўлгач, уни артиб, қуритиб, пайпоғини ва оёқ кийимини қайтадан кийиб бўлгунича сув оқиб тураверди. Қарасам, чап оёғидаги пайпоқни ечиб, оёғини ювиб, артиб, қуритиб, яна кийгунича ҳам сув оқиб тураверадиган. Шу пайт бизни кузатиб турган бир киши: «Биродар, сув исроф бўлиб ­кетяпти. Бунга жиддий қарашимиз керак. Сал тежасангиз бўларди», деди. Ҳалиги одам эса истеҳзо билан қараб: «Одамлар жуда ақлли бўлиб кетишибдими?» деди…»

Ана бепарволик! Ана исрофга эътиборсизлик! Ҳолбуки, биз мусулмон умматимиз, Роббимиз томонидан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан, шариатимиз томонидан исрофгарчиликдан қайтарилган умматмиз, ҳар бир ишда тежамкор бўлишга буюрилган умматмиз. Ҳаётимизнинг ҳеч бир жабҳасида исрофгарчиликка йўл қўймасликка амр қилинган умматмиз.

«Исроф» сўзи араб тилида «ҳаддан ошиш» маъносини билдиради.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

«Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят).

Демак, еб-ичишда ҳам исроф қилиш мумкин эмас экан. Модомики, еб-ичишда исроф қилмаслик керак экан, демак, бошқа ҳар бир ишда ҳам исрофга йўл қўймаслик лозим бўлади. Биз еб-ичишда исроф қилмаслик деганда нимани тушунамиз? Кўпчилигимиз еб-ичиб, тўйгандан кейин ортиб қолган нарсани ташлаб юборишни исроф деб тушунамиз.

Аслида бундай эмас. Шариатга кўра, керагидан ортиқ ейиш ҳам исроф бўлади. Расули акрам алайҳиссолату вассалом ейишда, ичишда инсон қорнининг учдан бири озуқа учун, учдан бири суюқлик, сув учун ва учдан бири ҳаво учун бўлиши кераклигини буюрганлар. Бундан ортиғи исроф бўлади. Бу ишни қилганлар Аллоҳ суймаган ишни қилганлари учун У Зотнинг муҳаббатидан мосуво бўладилар.

Яна бугунги суҳбатимизнинг бошланишига сабаб бўлган таҳорат қилиш мавзусига қайтсак. Ҳадиси шарифларда шундай дейилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган буюк саҳобалардан бири Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг сувни кўпроқ ишлатаётганини кўрдилар ва унга: «Ҳой Саъд! Бу қандай исрофгарчилик?!» дедилар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Таҳоратда ҳам исроф бўладими?» деди. У Аллоҳнинг ибодати учун таҳорат қилаётганда сувни сал кўпроқ ишлатиш исроф саналмаса керак, деб ўйлаган экан. Шунда у зот алайҳиссалом: «Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёнинг ёқасида бўлсанг ҳам», дедилар».

Бир ўйлаб кўрайлик. Бир киши оқиб турган дарёнинг, сойнинг бўйида ўтириб, қўлини сувга солиб, таҳорат қиляпти. Қилган таҳоратидан тушган сув яна оқар сувга тушиб, қўшилиб оқиб кетяпти. Лекин шунда ҳам исроф қилмаслик керак экан.

Бугунги кунимизга назар соладиган бўлсак, ушбу ҳадисга мутлақо амал қилинмаётганини кўрамиз. Таҳоратхонада таҳорат қилаётган биродаримизнинг бир оёғини ювиб бўлиб, кейингисига ўтгунича сувни беркитиб қўймаётганига, ҳатто бундан ҳам оғирроқ ҳолатларга гувоҳ бўламиз. Афсуски, нафақат таҳоратда, балки бошқа ишларда ҳам шундай ҳолатларни кузатиш мумкинки, исрофгарчиликнинг чеки тобора кўринмай бормоқда.

Ўтган азизларимиз мана шуларнинг мулоҳазасини қилишган, фуқаҳоларимиз ўша вақтнинг ўлчовларида таҳоратга мана шунча, ғуслга мана шунча миқдорда сув ишлатилади, бундан ортиғи исрофдир, деб қарор чиқарганлар.

Ўша пайтнинг усталари, мисгарлари таҳорат қилинадиган идишни айнан шунча миқдор сув сиғадиган қилиб ясаганлар. Ғусл қилиш учун ишлатиладиган идиш ҳам фуқаҳолар белгилаб берган миқдордаги сув билан тўладиган қилиб ясалган. Одамлар эса бу нарсаларга сўзсиз амал қилишган.

Бугунги куннинг уламолари ҳам нафақат таҳорат ёки ғуслда, балки кундалик ҳаётимизда дуч келадиган барча ҳолатларда умматни исрофдан қайтариш бўйича ваъз-насиҳатлар қилишлари, китоблар ёзишлари, тушунтириш ишлари олиб боришлари керак. Эл-юрт, халқ, мўмин-мусулмонлар эса уларга оғишмай амал қилишлари лозим.

Исрофни турмушнинг ҳамма соҳасида кўриш мумкин. Масалан, электр чироқларни олайлик. Эътибор берадиган бўлсак, ёшларимиз бир хонага кириб, чироқни ёқиб, ишини битиради, лекин чиқиб кетишда уни ўчириб қўйишни унутишади. Ёқилган чироқ уч-тўрт кунгача ҳам ўчмай тураверади. Яна бир мисол: Ҳозир автоуловлар ниҳоятда кўпайган, бироқ уларнинг қадрига етиш йўқ. Автоуловлардан фойдаланишда, уларни парвариш қилишда ҳам кўп исрофгарчиликка йўл қўйилади. Бошқа ҳолатларда ҳам шу аҳвол.

Бир томчи сувни ҳам исроф қилмаслик, электр қувватини тежаш, уни бир лаҳза ҳам беҳуда сарфламаслик, исроф қилмаслик жамиятда яшовчи ҳар бир фуқаронинг бурчидир.

Кийим кийишда, юриш-туришда, умуман, ҳар бир соҳада тежамкор бўлиш лозим. Исрофчилар Аллоҳнинг иродасига, Қуръони Каримга тескари иш қилаётганини англабгина қолмай, бошқаларга ҳам тушунтиришимиз керак. Ана шунда тежамкорлигимиз ўзимизга, оилавий иқтисодимизга, жамиятимизга, бутун эл-юртимизга фойда келтирадиган, савоб касб қилишга сабаб бўладиган солиҳ амалга айланади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчамизни исрофчи бўлишдан асрасин, доимо тежамкор бўлишимизни насиб қилсин, бу борада Ўзининг таълимотига амал қилганимиз учун хайр-барака ато этиб, ажру савобни кўпайтириб берсин.

Ва аахиру даъвауна анил ҳамду лиллааҳи Роббил ъааламийн.

Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 

 (Исроф китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳайсам ибн Адий айтади .Туя билан сафарга чиқдим. Бир аъробийнинг чодири олдига борганимда кеч бўлиб қолди. Ўша ерга тушдим. Чодирдан бир аёл чиқиб .Кимсан,, давоми...

3938 14:00 / 29.07.2022
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Бир куни мен Эй Расулуллоҳ, менга насиҳат қилингrdquo дедим. У зот Аллоҳга тақво қил, чунки у барча ишларнинг давоми...

11183 15:30 / 04.03.2019
Баъзи ўринларда Ислом моҳиятини тўла англаб етмаган, унинг асли қолиб, қора фонда кўрсатилган чизгиларидан таъсирланган исоломофоблар бу муқаддас дин ва дунёни давоми...

1895 17:00 / 27.06.2022
Бир дўстимга мева сотувчи бир воқеани айтиб берган экан. Ўша савдогар бир чақа ҳам зарар қилмай, яроқсиз меваларни сотар экан. У эскирган меваларни идиш тагига давоми...

3197 08:00 / 22.12.2020