1446 йил 6 жумадис сони | 2024 йил 08 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Сув Аллоҳнинг улкан неъмати

13:30 / 09.06.2021 3617 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сув Аллоҳ таолонинг бутун борлиққа, хусусан, инсон зотига инъом этган энг улуғ неъматларидан биридир. Сув ҳаёт манбаидир. Сувсиз ҳаёт бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ушбу ҳақиқатни очиқ-ойдин баён қилиб қўйган.

Қуръони Каримда Аллоҳ сувни ҳаётнинг асосий унсури сифатида яратгани алоҳида қайд этилади. Дарҳақиқат, бугун ер юзида сувсиз ҳаётни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

أَوَلَمْ يَرَ الَّذِينَ كَفَرُوا أَنَّ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ كَانَتَا رَتْقًا فَفَتَقْنَاهُمَا وَجَعَلْنَا مِنَ الْمَاء كُلَّ شَيْءٍ حَيٍّ أَفَلَا يُؤْمِنُونَ

«...ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганмиз» (Анбиё сураси, 30-оят).

Бошқа бир оятда эса:

وَاللَّهُ خَلَقَ كُلَّ دَابَّةٍ مِن مَّاء فَمِنْهُم مَّن يَمْشِي عَلَى بَطْنِهِ وَمِنْهُم مَّن يَمْشِي عَلَى رِجْلَيْنِ وَمِنْهُم مَّن يَمْشِي عَلَى أَرْبَعٍ يَخْلُقُ اللَّهُ مَا يَشَاء إِنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ

«Аллоҳ ҳамма жониворни сувдан яратди», дейди (Нур сураси, 45-оят).

Шундан англаш мумкинки, барча жонли коинотнинг асли ҳам, таркиби ҳам сувдир. Буни илмий тажрибалар ҳам кўрсатган. Илмли кишиларнинг таъкидлашича, сув инсон жисмининг асосий унсури бўлиб, унинг етмиш олти фоизини ташкил этади. Шунингдек,  бошқа тирик жонзотларнинг ҳам асосий унсури сувдан иборатдир. Наботот оламини ҳам сувсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бир килограмм қанд ишлаб чиқариш учун минг литр чучук сув, бир килограмм буғдой етиштириш учун эса бир ярим минг литр сув керак бўлади. Худди шу ҳол саноатда ҳам кузатилади. Масалан, бир килограмм пўлат ишлаб чиқариш учун тўрт литр сув зарур ва ҳоказо.

Ислом дини назарида сув Аллоҳнинг улкан неъмати бўлиб, уни зое ва ифлос қилмаслик лозим. Ислом умматининг ўтган авлодларининг сувга бўлган эътиборлари шу даражага етганки, ҳатто уламоларимиз фиқҳ китобларида «Денгиздан олганда ҳам сувни исроф қилмаслик ҳақида» деган боблар очганлар. Бу ҳукмга эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларини далил қилиб келтирганлар.

Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Анас розияллоҳу анҳу айтадилар:

كَانَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم يَغْتَسِلُ بِالصَّاعِ إِلَى خَمْسَةِ أَمْدَادٍ، وَيَتَوَضَّأُ بِالْمُدِّ.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир соъдан беш муддгача (бўлган сув) билан ғусл қилар эдилар ва бир мудд билан таҳорат  қилар эдилар».

Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ибодат ҳисобланган таҳорат ва ғусл қилиш ишларида ниҳоятда тежамкор бўлганлар, деганидир. У зот алайҳиссаломнинг умматлари – сиз билан биз мўмин бандалар барча нарсаларда бўлгани каби, сувни тежамкорлик билан ишлатишда ҳам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишимиз лозим.

Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم مَرَّ بِسَعْدٍ وَهُوَ يَتَوَضَّأُ، فَقَالَ: «مَا هَذَا السَّرَفُ يَا سَعْدُ؟» قَالَ: أَفِي الْوُضُوءِ سَرَفٌ؟، قَالَ: «نَعَمْ، وَإِنْ كُنْتَ عَلَى نَهْرٍ جَارٍ».

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган Саъднинг ёнидан ўтаётиб: «Бу қандоқ исрофгарчилик, эй Саъд?» дедилар. «Таҳоратда ҳам исроф бўладими?» деди у. «Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёда бўлсанг ҳам», дедилар у зот».

Маълумки, ғусл ва таҳорат мусулмон бандаларга фарз ибодатлардир. Шундай нарсаларда исроф жоиз бўлмаганидан кейин, ибодат ҳисобланмаган бошқа ишларда албатта мумкин эмас. Аммо ҳаётий воқеликка назар соладиган бўлсак, тамоман тескари ҳолатни – сувни иложи борича тежашнинг ўрнига унинг ҳаддан ташқари исроф қилинаётганини кўрамиз.

Ҳозирги кунда ичимлик суви муаммоси бутун жаҳон миқёсида энг биринчи даражали ташвишлардан бўлиб турибди. Бугунги кунда дунёда 1.100.000.000 киши ёки жами аҳолининг олтидан бир қисми тоза ичимлик сувига муҳтож. Ҳозирги пайтда жами 470 миллион киши сув тақчиллиги кескинлашган минтақаларда, 2,4 миллиард киши эса сув тозалаш қурилмалари ва дренаж тизими орзулигича қолаётган ўлкаларда яшайди. Яна йигирма йилдан кейин сув етишмайдиган ўлкаларда яшовчилар сони олти бараварга кўпайиб, уч миллиард кишига етиши тахмин қилинмоқда. Сифатли ичимлик суви етишмаслиги оқибатида жаҳонда йилига ўн миллион киши касалланиб, нобуд бўлаётир.

Дунёнинг жуда кўп мамлакатларида миллионлаб одамлар тоза ичимлик сувига ташна, бир челак сув учун жанжал-можаролар бўлаётган бир пайтда бизлар тоза ичимлик сувини жўмраклардан оқизиб қўймоқдамиз. «Нега бундай?» десангиз, «Совуқда музлаб қолади», деб баҳона топамиз. Тоза ичимлик суви билан экинларимизни суғорамиз, машинамизни ювамиз, ҳовлиларимизни, кўчаларимизни салқинлатиш учун ичимлик сувини сепамиз. Айниқса, таҳорат ва ғусл қилишда одамларнинг қанчалар сув исроф қилаётганини кўрганда тежамкорлик деган нарсанинг батамом унутилганига яна бир бор иқрор бўламиз.

Сувни исроф қилишнинг ҳар хил кўринишлари бор. Аксарият кишилар тарвуз-қовун, ичимликларни салқинлатиш учун уларнинг устидан соатлаб ичимлик сувини оқизиб қўядилар. Буни исрофдан бошқа нима дейиш мумкин? Тоза ичимлик сувини оқизиб, машиналарини ювадиган юртдошларимизни ҳар қадамда учратиш мумкин. Ахир мева ёки ичимликларни бошқа йўл билан ҳам совутиш, машинани ювиш учун челакдан фойдаланиш, сувни тежаб-тергаб ишлатиш ҳам мумкин-ку. Сув бандаларга Аллоҳ берган буюк неъматлардан биридир. Аллоҳ таоло бандаларини Ўзи берган неъматларидан унумли фойдаланиб, исрофгарчиликка йўл қўймасликка буюради. Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш дунёвий (глобал) муаммо даражасига кўтарилган бир паллада қўни-қўшни, ёру дўстларимизни сувни тежашга чақирсак, иншааллоҳ, бу дунёда кўплаб ютуқларга, охиратда эса Аллоҳнинг розилигига сазовор бўламиз.

Ҳар биримиз бу борадаги исрофгарчиликка барҳам беришга ҳаракат қилишимиз, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳам сувни исроф қилмаслик, уни тежамкорлик билан ишлатиш руҳида тарбиялаб боришимиз керак.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «الْهَدْيُ الصَّالِحُ، وَالسَّمْتُ، وَالْاِقْتِصَادُ جُزْءٌ مِنْ سَبْعِينَ جُزْءًا مِنَ النُّبُوَّةِ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Солиҳ ҳидоят, гўзал кўриниш ва иқтисодли бўлиш набийликнинг етмишдан бир жузидир»,  дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Ўзини салоҳиятли тутиш, гўзал кўриниш, вазминлик, сукут, виқор ва тежамкорлик набийликнинг етмиш жузидан бири экан.

Албатта, набийлик буюк, олий бир мақом. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай мақомни саноқли бандаларига берган, холос. Лекин ана шу олиймақом сифатнинг ичидаги мазкур сифатлар нубувватнинг етмиш жузидан бири экан. Бу нарсага яқин бўлиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчи ҳисобланади.

Доим аҳли солиҳлардан бўлиб, ҳидоятда юриш, ўзини ораста тутиш, одоб билан, виқор билан юриш ҳамда тежамкор бўлиш, исрофга йўл қўймаслик, ҳар бир нарсани ўз ўрнида, меъёрида тасарруф қилиш, керагидан ортиқ, беҳудага сарфламаслик набийликнинг етмиш жузидан бир жуз, етмиш бўлагидан бир бўлак экан. Буни ҳар бир мўмин-мусулмон – эркагу аёл, ёшу қари яхши ўзлаштириб олиб, ҳаётига татбиқ қилмоғи лозим.

Аллоҳ таоло бизларни барча ишларда, шу жумладан, сувни тежаш борасида ҳам тўғри йўлга бошласин!

«Исроф» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ким Аллоҳга иймон келтирса, У зот унинг қалбини ҳидоятга солур. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир.Аллоҳнинг қазои қадарисиз, илмисиз ҳеч бир мусибат етмайди, деган давоми...

2733 11:04 / 17.07.2019
Шифокорлар Рамазон рўзаси юрак атрофини ёғ босишига шифо бўлишини аниқлашган. Уларнинг ёзишича, танада бир қанча касалликларни келтириб чиқарувчи заҳарли давоми...

2282 20:30 / 04.05.2019
.Ёлғон, сўзи араб тилида .кизб, дейилади ва луғатда ростнинг тескарисини англатади.Уламолар ёлғонни қуйидагича таърифлайдиларЖуржоний .Ёлғон ndash хабарнинг давоми...

2305 09:45 / 22.10.2018
Гап ташиб, одамларни бирбирига чақиш динимизда ҳаром қилинган манфур ишлар сирасига киради. Халқ ичида тарқалган тушунчага кўра, чақимчилик деганда, мазлумнинг давоми...

3054 17:00 / 06.02.2019
Аудиолар

136479 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

56605 14:35 / 11.08.2021