1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Саждаи саҳв баёни

05:00 / 09.01.2017 16094 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

"Саҳв" сўзи луғатда "унутиш" маъносини англатади. Намозда маълум бир амаллар унитилса, ундан ҳосил бўлган нуқсонни саҳв саждаси қилиш билан тўғрилаб олиш имкони бор, бу ҳам ислом енгиллик дини экани, ҳамда Аллоҳ таоло мусулмонларга меҳрибонлигининг ёрқин далили ҳисобланади. Намозда хато қилган одам уни яна қайтариб ўқиб ўтирмай икки марта ортиқча сажда қилиб қўйиш билан уни тўғрилаб олаверади.



عن ابى هريرة رضى الله عنه أنّ رسول الله صلى الله عليه و سلم قال: إنّ أحدكم إذا قام يصلى جاءه الشيطان فيلبس عليه حتى لايدرى كم صلى فا أذا وجد ذلك أحدكم فليفعل سجدتين و هو جالس

Абу Ҳурайра (р.а) дан ривоят қилинади. "Набий с.а.в: "Бирортангиз туриб намоз ўқий бошласа, албатта, шайтон келиб уни адаштира бошлайди, ҳаттоки у қанча намоз ўқиганини билмай қолади. Бирингиз қачон шундай ҳолни топса, утирган ҳолида икки марта сажда қилсин" дедилар". Ҳанафий мазҳаби мана шу ривоятдаги "сажда қилиш", деган амр эътиборидан Саҳв саждасини қилиш вожиб деган.

عن عبد الله بن بحينة رضى الله عنه أنّه قال إنّ رسول الله صلى الله عليه و سلم قام من اثنين من الظهر لم يجلس بينهما فلمّا قضى صلاته سجد سجدتين ثمّ بعد ذلك و سجدهما الناس معه مكان ما نسي من الجلوس

Абдуллоҳ Ибн Буҳайна (р.а)дан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ с.а.в пешинни ўқиётиб, икки ракаатдан кейин ўтирмай туриб кетдилар. Намозни тамомлаганларида икки марта сажда қилдилар. Бундан кейин салом бердилар. У икки саждани у зот билан одамлар ҳам қилдилар. Бу унитган ўтириш ўрнига бўлди. 

عن عبد الله رضى الله عنه أنّ رسول الله صلى الله عليه و سلم صلى الظهر خمسا فقيل له أزيد فى الصلاة فقال و ما ذاك قال صليت خمسا فسجد سجدتين بعدما سلم. و فى رواية إنما أنا بشر مثلكم أذكر كما تذكرون و أنس كما تنسون ثم سجد سجدتى السهو

Абдуллоҳ (р.а)дан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ (с.а.в) пешинни беш ракаат ўқидилар. Бас у зотга: "Намозда зиёда бўлдими дейилди. "Нима учун?" дедилар. "Беш ракаат ўқидингиз" деди. У зот салом берганларидан кейин икки саҳв саждасини қилдилар”. Бошқа бир ривоятда келишича: "Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман. Сизлар эслагандек, эслайман ва сизлар унутгандек унутаман" дедилар ва сўнгра икки саҳв саждасини қилдилар. 

Ҳанбалий мазҳаби ушбу ҳадисни далил қилиб, саҳв саждаси саломдан кейин қилинади дейдилар. Шофиий мазҳабида саҳв саждаси саломдан олдин қилинади. Моликий мазхабида эса зиёда учун бўлган саҳв саждаси саломдан кейин, қолгани саломдан олдин бўлади. Ҳанбалий мазхабидагилар саҳв шак ёки тарк қилиш учун бўлса, саломдан олдин саждаи саҳв қилади, зиёда учун бўлса, саломдан кейин қилади, дедилар.

 Ҳанафий мазҳабидагилар яна қўйидагиларни айтадилар: Лозим бўлганда саждаи саҳвни қилмаган намозхон гуноҳкор бўлади. Аммо намози ботил бўлмайди. Саждаи саҳв имомга ҳам, ёлғиз намозхонга ҳам вожиб бўлади. Аммо муқтадий ўз намозида саҳвга йўл қўйса, унга саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Чунки у ўзича саждаи саҳв қилса, имомига хилоф қилган бўлади. 

Агар имом саҳвга йўл қўйса муқтадий ҳам, иқтидони қачон бошлаганидан қатъий назар, унга қўшилиб саждаи саҳв қилади. Агар имом қилмаса муқтадийдан соқит бўлади. 

Саҳв саждаси соқит бўладиган ҳоллар: 1. Агар бомдод намозини ўқиётганда вақт зиқ бўлиб, қуёш чиқиш эҳтимоли бўлса ёки аср намозида вақт кам бўлиб қуёш ботиш эҳтимоли бўлса, саждаи саҳв тарк қилинади. 2. Агар имом жума ёки ҳайит намозларида саҳвга йўл қўйса, жамоатга ташвиш туғдирмаслак учун саждаи саҳв тарк қилинади. 3. Имомга иқтидо қилган киши ҳам ўз хатоси учун саждаи саҳв қилмайди, балки имом сажда қилса, сажда қилади. 4. Агар намозхон саҳв саждасини қилаётиб адашса, бу учун саждаи саҳв қилмайди. 5. Агар саждаи саҳв қилишдан олдин намозни улаб кетишга монеъ бўладиган амал қилса, гапирса, кулса, қасддан таҳоратини бузса, масжиддан чиқса, саждаи саҳв соқит бўлади. 


САЖДАИ САҲВГА САБАБ БЎЛАДИГАН НАРСАЛАР


Бир нарсани қасддан ёки унутиб тарк қилса ёки бир нарсани эсдан чиқиб зиёда қилса, ёхуд бир нарсанинг жойини унутиб ўзгартирса, саждаи саҳв қилади. Булар қуйидагилар. 

1. Қасддан қилинган хатода уч нарсада саҳв саждаси лозим. 1- қаъдани тарк қилганда, 2-биринчи ракаат саждасидан бирортасини намознинг охирига қолдирганда. 3- қасддан тафаккур қилиб туриб, бир рукн микдорича вақтни ўтказиб юборганда. 

2. Намознинг вожибларидан бирини унитиб тарк қилганда, олдин-кейин қилиб қўйганда ва зиёда ёки нуқсон қилиб қўйганда саҳв саждаси қилади. 

У ўн битта вожибдан иборат: 1. Фарзнинг биринчи 2 ракаатида "Фотиҳа" ёки унинг кўп қисмини қироатини тарк қилиш. 2. Фарзнинг биринчи 2 ракаатида Фотиҳадан сунг зум сурани тарк қилса. 3. Жахрий ёки Сиррий қироат қоидасига хилоф иш қилиш. 4. Уч ёки тўрт ракаатли намозда биринчи қаъдани тарк қилиш. 5. Охирги қаъдада ташаҳҳудни тарк қилиш. 6. Бир ракаатда такрорланадиган амал қоидасига риоя қилмаслик. Саждани бир қилиб қолганини унитиш. 7. Рукуъ ва саждадаги вожиб хотиржамликни унитиб тарк қилиш. 8. Фарзда қироат жойини ўзгартириш. Зам сурани олдин, Фотиҳани кейин. 9. Қунут дуосини тарк қилиш. 10. Қунутнинг такбирини тарк қилиш. 11. Ийд такбирларини тарк қилиш, барчасини ё баъзисини. 

Намознинг жинсидан ва намоздан бўлмаган амални зиёда қилса саждаи саҳв қилади. Масалан: Икки бор рукуъ қилса Буларни яна қуйидагича тушунтиришимиз ҳам мумкин. 1. Такрори рукн-рукнни такрорлаш. Намоз рукни: қиём, қироат, рукуъ, сужуд. 

2. Тақдими рукн – рукнни ўрнидан олдин бажариш. 3. Таъхири рукн – рукнни кечиктириб бажариш. 4. Тағйири вожиб – вожибни ўзгартириш. 5. Тарки вожиб – вожибни тарк қилиш. 


УНУТГАН НАРСАСИГА ҚАЙТИШ


Биров биринчи қаъдани эсдан чиқариб туриб кетаётганда эслаб қолди. Агар унинг ҳолати ўтиришга яқин бўлса, қайтиб ўтиради ва ташаҳҳуд ўқиб, салом беради. Агар ҳоли туришга яқин бўлса, қайтмайди. Намозни давом эттириб, охирида саждаи саҳв қилади. Биров охирги қаъдани унитиб, бешинчи ракаатга туриб кетса ва унинг саждасини қилмаган бўлса, қайтиб ўтиради ва саждаи саҳв қилади. Агар бешинчининг саждасини қилган бўлса, фарзи бузилиб, намози нафлга айланади. Чунки у тарки фарз қилди. У олтинчи ракаатни ҳам қўшиб қўяди. 

Агар тўрт ракаатдан сўнг ташаҳҳуд миқдорича ўтириб, уни биринчи қаъда деб ўйлаб туриб кетган бўлса, бешинчининг саждасини қилмаган бўлса, қайтиб ўтиради ва салом беради.Агар бешинчининг саждасини қилган бўлса, бир ракаат қўшиб қўяди. Унинг намози тўғри бўлади. Чунки у қаъдаи охирни ўз ўрнида қилган. Ортиқча 2 ракаат унинг учун нафл бўлади. 

Намозда шак қилиш.

Намозда неча ракаат ўқиганини билмай шак қилиб қолди. Учми, тўртми, билмайди. Агар бу унинг умридаги биринчи унитилиш бўлса, намозни қайтадан бошлайди. Агар унитилиш кўп бўлса, ғолиб гумонини олади. Агар ғолиб гумони бўлмаса, ракаатнинг озини олади. 


Баҳодир Муҳаммадиев



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шарҳ .Таяммум, сўзи луғатда .қасд қилиш, маъносини билдиради.Шариатда эса .Аллоҳга қурбат ниятида покловчи тупроқ моддасини махсус сифат ила икки қўл ҳамда юзга давоми...

9605 05:00 / 04.01.2017
Фаришталар инсонлар намоз ўқиганларида уларга иқтидо қилишлари, бу билан жамоат бўлиши борасида бир қанча ҳадиси шарифлар етиб келганИмом Аҳмад р.ҳ., Ибн Абу давоми...

4898 05:00 / 09.01.2017
Поклик ndash .Таҳорат, сўзи луғатда .тозалик ва озодалик, маъносини англатади. Шариатда эса, у таҳорат, ғусл, таяммум каби намоз ўқиш учун керакли покланишларга давоми...

8069 05:00 / 09.01.2017
Жума кунининг бошқа кунлардан афзаллик жиҳатлари жуда кўп. Улардан бири шуки, жума куни айнан жума намози учун ғусл қилиб, намозга эртароқ кeлган, намоз ва масжид давоми...

9641 10:27 / 01.12.2017