1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Таҳоратнинг макруҳлари

05:00 / 09.01.2017 4768 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Сувни исроф қилиш.

Шаръий ҳожатдан ёки етарлидан зиёд сув ишлатиш исроф бўлади. Агар сув таҳорат қилувчининг ўзиники бўлса, исроф макруҳдир. Аммо, кўпчилик таҳорат қилиши учун тайёрлаб қўйилган сувни исроф қилиш ҳаромдир.


Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъднинг олдидан ўтдилар. У таҳорат қилаётган эди. Бас, у зот:

«Бу қандоқ исроф?!» – дедилар.

«Таҳоратда ҳам исроф бўладими?» – деди.

«Ҳа! Агар оқиб турган дарё устида бўлсанг ҳам!» – дедилар».

Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилишган.

2. Сувни ўта кам ишлатиш.

Худди масҳ тортгандек бўлиб қолмаслиги лозим. Ювилган аъзодан камида икки томчи сув оқиши керак.

3. Сувни юзга ёки бошқа аъзоларга уриш.

Бунда сув ҳамма тарафга сачраб, ноқулайлик ва палапартишлик, маданиятсизлик юзага келади.

4. Одамларнинг гапини гапириш.

5. Узрсиз бошқанинг ёрдамидан фойдаланиш.


Имом Ибн Можа ва Дора Қутний Ибн Аббосдан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат сувларини бирор кишига бермас эдилар».

6. Нажосат бор жойда таҳорат қилиш.

7. Рўзадор киши оғиз ва бурунни чайишда муболаға равишда ҳаракат қилиши. 

Сув ичкарига кириб кетса, рўза очилиши хавфи бор.

8. Таҳоратнинг суннатларидан бирини тарк қилиш.

9. Ўта иссиқ, ўта совуқ ёки қуёшда иситилган сувда таҳорат қилиш.

Биринчи икки ҳолда иссиқ ёки совуқдан қўрқиб таҳорат қилишдаги хушуъ ва хузуъга футур етади. Қуёшда исиган сувда таҳорат қилиш туфайли, тиббий тажрибага қараганда, пес касали келиб чиқиш хавфи бор. 

Таҳорат қилиш фақат Аллоҳга қурбат ҳосил қилишдан олдин баданини поклашдан иборат эмас, балки таҳоратнинг ўзи Аллоҳга қурбат ҳосил қилишдир. Намоздек улуғ ибодатга, Аллоҳ таоло билан бевосита мулоқотга, муножотга жисман ва руҳан покланиб, тайёргарлик кўришдир. Таҳорат пайтида турли машғул қилувчи нарсалардан холий бўлиб, қалбни бир жойга қўйиб олиш намозни тўла-тўкис адо этишга катта ёрдам беради.

Таҳорат ҳақидаги бобнинг охирида бу амални бошидан охиригача қандоқ қилиш ҳақида кўргазмали дарс сифатида тақдим қилинадиган ривоятни келтиришга ижозат бергайсиз.


 Усмон розияллоҳу анҳунинг озод қилган қуллари Ҳумрон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши қуйидагиларни айтганлар: 

«Усмон таҳоратга сув чорлади ва таҳорат қилди. Икки қўлини уч марта ювди. Сўнгра оғзини чайқади ва бурнига сув олиб тозалади. Кейин юзини уч марта ювди. Сўнгра ўнг қўлини чиғаноғи билан уч марта ювди. Кейин чап қўлини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Сўнгра бошига масҳ тортди. Кейин ўнг оёғини тўпиқлари билан уч марта ювди. Сўнгра чап оёғини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Кейин: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилганларини кўрдим», – деди ва: «Ким менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб икки ракъат намоз ўқисаю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», – деб қўшиб қўйди». 

Бешовлари ривоят қилишган.

Мусулмон инсондан бошқа ким бу каби покланишга сазовор бўлиши мумкин? Фақат мусулмон инсонгина бу каби гўзал бахтга соҳиб бўла олади.

Таҳоратни тамомлаганидан кейин қуйдаги ҳадисда келган дуони ўқийди.


Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Агар сизлардан бирортангиз таҳорат олсаю таҳоратини яхшилаб қилса, сўнгра таҳоратидан фориғ бўлишида: «Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ваъдаҳу лаа шарийка лаҳу. Ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Росулуъу», деб айт¬са, албатта, унга жаннатнинг саккиз эшиги очилур ва у хоҳлаганидан кирур», дедилар». 

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. 

Термизий эса: 

«Аллоҳумма ижъалнии минат таввабийн ва ижъалнии минал мутатоҳҳирийн»ни зиёда қилган.

Дуонинг маъноси: «Аллоҳим! Мени кўп тавба қилувчилардан ва покланувчилардан қилгин».

Уламоларимиз айтишларича, таҳорат қилиб, аъзоларни турли кир ва ифлосликлардан поклаб бўлгандан кейин шаҳодат калималарини айтиш Аллоҳга ихлос ила амал қилганликка ва қалбнинг риё ва ширклардан пок бўлганига ишорадир.

Кейин икки ракъат нафл намоз ўқийди. Бу ишни ҳар таҳорат янгилаганда қилишга одатланиш керак. Чунки доимо таҳоратли юриш ва ҳар таҳоратдан кейин икки ракъат нафл намоз ўқишнинг фазли жуда ҳам беқиёс.

Имом Бухорий, Муслим ва Термизийлар Абу Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят ыилган ҳадисда ыуйидагилар айтилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг чоьида Билолни чаыирдилар ва унга:

«Эй Билол нима ила мендан олдин жаннатга кирдинг? Ыачон жаннатга кирсам, албатта, олдимда сенинг шитир-шитирнгни эшитаман. Бу кеча ҳам жаннатга кирдим ва олдимда сенинг шитир-шитирингни эшитдим….», дедилар 

Шунда Билол:

«Ё Расулуллоҳ! Қачон азон айтсам, албатта, икки ракъат намоз ўқидим. Қачон таҳоратим кетса, албатта, ўша вақтнинг ўзида таҳорат қилдим ва менинг зиммамда Аллоҳ учун икки ракъат намоз бор деб билдим», – деди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўша икки нарса билан экан», – дедилар». 

Тонг ва кечда қуйидаги дуони ҳам ўқийди:


Абон ибн Усмондан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким тонг оттирган чоғи «Бисмиллааҳиллазии лаа ядурру маъа исмиҳии шайъун фил арди ва лаа фис самааи ва ҳувас-самийъул-алийм»ни уч марта айтса, кеч киргизгунича унга тўсатдан келадиган бало етмайди. Ким кеч киргизган чоғи айтса ҳам. (яъни ўша кечаси унга тўсатдан келадиган бало етмайди)».

Сунан эгалари ривоят қилишган.

Дуонинг маъноси: «Унинг номи ила еру осмонда ҳеч бир нарса зарар етказа олмайдиган Аллоҳнинг номи билан. У ўта эшитувчи ва ўта билувчидир».

Демак, ким ихлос билан ушбу ҳадиси шарифда келган дуони ўқиб юрса, дуога берилган ваъдадан баҳраманд бўлар экан. Бунга эътиқод ва амал қилишга одатланмоғимиз керак.

Дуонинг гўзаллигини қаранг! Маъносининг ажойиблигини қаранг! Мусулмон инсон бир дуо ила кун бўйи тўсатдан келиши мумкин бўлган балодан ўзи паноҳ топса-я!

Кейин қуйидаги ҳадисда келган дуони ўқийди:


Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким эрталаб ва кечқурун бўлганда: «Розийнаа биллааҳи роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин Расулан» деса, албатта, Аллоҳ учун уни рози қилиш ҳақ бўлур», – дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Дуонинг маъноси: «Аллоҳни Робб деб, Исломни дин деб ва Муҳаммадни Расул деб рози бўлдик».

Бу дуода мусулмон инсоннинг янги бошлаётган кунида ўзининг асосий шиорларидан бирини баланд кўтариш рамзи бор. Унда Робби Аллоҳни, дини Исломни ва Расули Муҳаммад алайҳиссаломни бир бор тан олиб, уларнинг кўрсатмаси асосида яшашга яна бир бор аҳду паймон қилиш бор.

Кейин Бомдод намози вақти киргунча истиғфор айтиш, Қуръони Карим тиловати, зикр билан машғул бўлиш яхшидир. Бомдод вақти яқинлашганда унинг икки ракъат суннатини ўқиб олиб, ораста кийимларни кияди, ўзидан нохуш ҳид чиқмаслигига эътибор беради, имкони бўлса, хушбўй нарса суртиб ёки сепиб олади-да, сўнг масжид томон йўл олади. Кўчага чиқаётиб, уйдан чиқиш дуосини ўқийди.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Киши уйидан чиқаётганда «Бисмиллааҳи, таваккалту алаллооҳи, ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи» деса, ўша пайтда унга «ҳидоят қилиндинг, кифоя қилиндинг ва сақландинг», дейилади. Шайтон ундан четланади. Бошқа бир шайтон унга: «Ҳидоят қилинган, кифоя қилинган ва сақланган одамга қандоғам қилардинг?» – дейди».

Иккисини «Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Уйдан бундан гўзалроқ тарзда чиқиш мумкинми? Мусулмон инсон ўз уйидан кўчага чиқаётганда Аллоҳнинг номи билан чиқади. Аллоҳ таолога таваккал қилган ҳолда чиқади. Куч ҳам, қувват ҳам ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига хосигини тан олган ҳолда чиқади. Албатта, бу чиқиш яхшилик, хайр-барака ва саодат чиқиши бўлади.  

Йўлда виқор билан, шошилмай юради ва қуйидаги ҳадисда келган дуони ўқиб кетади:


Абу Саҳийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ким намозга чиққанида «Аллоҳумма! Инний ас-алука би ҳаққис-сааилийна алайка ва биҳаққи мамшааяя ҳаза. Лам ахруж аширан ва лаа батиран ва лаа рияяан ва лаа сумъатан. Хорожту ибтиғооа мардотика ва иттиқооа сахотика. Ас-алука ан тунқизании минан наари. Ва ан тағфиро лии зунубии ва лаа тағфируз-зунууба иллаа анта» деса, то у бурилгунча Аллоҳ унга юзини ўгирур ва унга истиғфор айтгани етмиш минг фариштани вакил қилур».

Ибн Аби Шайба ривоят қилган.

Дуонинг маъноси: Аллоҳим! Сендан сўровчиларнинг ҳаққи ила, ушбу юришим ҳаққи ила сўрайман. Мен манманлик ва такаббур, риё ва хўжакўрсин учун чиққаним йўқ. Розилигингни тилаб ва ғазабингдан қўрқиб чиқдим. Мени дўзахдан озод қилишингни ва гуноҳларимни мағфират қилишингни сўрайман. Албатта, гуноҳларни Сендан ўзга мағфират қилмас.

Ушбу дуодаги маъноларни ўйлаб кўринг. Улар қандай ҳам гўзал! Улар қандай ҳам маънодор! Тонг саҳарда, жамоат намозига кетаётган банда Аллоҳ таолодан сўровчилар ҳаққи ила, ўз юриши ҳаққи ила сўров сўрамоқда. Ўзининг манманлик ва такаббур, риё ва хўжакўрсин учун чиқмаганини таъкидламоқда. Аллоҳ таолонинг розилигини тилаб, У зотнинг ғазабидан қўрқиб тонг уйқусини бузиб, ўзига лозим бўлган ишни қилгани чиққанини айта туриб, ўзининг дўзахдан озод қилинишини ва гуноҳлари мағфират қилинишини сўрамоқда. Бу кандай гўзал ҳолат!

Имкони бўлса, ундан кейин қуйидаги дуони ўқиб, такрорлаб кетса яхши бўлади. 


«Аллоҳумма ижъал лии нурон фии қолбии, важъал лии нурон фии самъии, важъал лии нурон фии басории, важъал лии нурон ъан яминии, ва нурон ъан шимаалии, важъал лии нурон байна ядаййа, ва нурон холфии, ва зиднии нурон, ва зиднии нурон».

Маъноси: «Аллоҳим! Менинг қалбимда нур қилигин. Менинг қулоғимда нур қилгин. Менинг кўзимда нур қилгин. Менинг ўнгимда нур қилгин. Менинг сўлимда нур қилгин. Менинг олдимда нур қилгин. Ортимда нур қилгин. Менга нурни зиёда қилгин. Менга нурни зиёда қилгин».

Саҳар чоғида, тун қоронғусини тонг нури ёриб чиқаётган бир пайтда, мусулмон инсон Ўз Роббидан ҳар тарафлама нур беришини тилаши қандай яхши!

Мусулмон киши яхшилаб таҳорат қилиб масжид томон йўл олар экан, у ўта муҳим ва жиддий ишга кетаётган бўлади. Мўмин-мусулмон биродарлари билан, жамоат бўлиб, Аллоҳ ила учрашиб, роз айтгани кетаётган кишига бекорчи, танбалларга ўхшаб қўлини гирра қилиш мутлақо ярашмайди. У масжидга кетаётгани учун ҳам намозда турган ҳисобланади. 

Мусулмон киши қанчалар ҳам бахтли инсон. Яхшилаб таҳорат қилиб, масжид томон қадам босса ҳам, худди намоз ўқиётганлар ҳисобига ўтади. Бориб намоз ўқиганда эса қанчалик даражага эришишини шундан билиб олаверинг!

Масжидга кираётиб ўнг оёғини олдин босади ва «Ассалааму алайка йаа Расуулаллооҳ, «Аллооҳумма ифтаҳ лии абвааба роҳматика» – «Сизга салом бўлсин, ё Расулуллоҳ», «Аллоҳим, менга раҳматинг эшикларини очгин» деган дуони ўқийди.

Бу ҳам қандай ажойиб амал. Банда Аллоҳ таолонинг уйига яхши ният билан, ўнг оёғини олдин босиб, ўз Расулига салом бериб, Роббидан раҳмат эшикларини очишини сўраган ҳолда кирмоқда.

Бомдоднинг суннати билан фарзи орасида намоз ўқиш дуруст бўлмагани учун «таҳиятул масжид» намозини ўқимай, фарзга иқома айтилгунича, одоб билан, зикр қилиб ўтиради.

Иқома айтилганда олдинги сафга туришга ҳаракат қилади. Олимлар ва катта ёшдаги кишиларга йўл беради, улардан олдинга ўтишга уринмайди. Сафда тўғри ва хушуъ ҳамда хузуъ билан туришга ҳаракат қилади.

Бизнинг шароитимизда намоз тамом бўлиб, имом билан бирга салом берилганидан кейин қуйидаги ривоятда келган зикрларни айтади.


Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозларидан чиқсалар, уч марта истиғфор айтар ва «Аллооҳумма антассалаам ва минкассалаам табаарокта йаа залжаалали вал икроом», дер эдилар». 

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Намозни ўқиб бўлиб, салом бергандан ке¬йин қимирламай туриб уч марта «Астағфируллоҳ» дейиш ва «Аллоҳумма антассалом»ни охиригача ўқиш ҳозирда расм бўлган ва унга амал қилинади.

Бу ҳам жудаям гўзал иш ҳисобланади. Аллоҳ таолога У зотнинг Ўзи фарз қилган улуғ ибодатни адо этиб бўлгандан кейин, гуноҳи кечирилишини уч марта сўраб дуо қилинмоқда. Гуноҳ қилинганидан кейин эмас, ибодат қилинганидан кейин! Ундан сўнг Аллоҳ таолонинг Ўзи саломатлик ва тинчлик экани, саломатлик ва тинчлик У зотдан экани ва У зотнинг баркотли ҳамда олиймақом экани зикр қилинмоқда. 

Сўнгра имом Муслимнинг ривоятидаги зикрларни қилади:

«Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта «Аллоҳу акбар» деса, ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлур, юзтанинг тамом бўлиши: «Лаа илааҳа иллаллооҳу ваҳдаҳуу лаа шариика лаҳуу, лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шай-ин қодиир»ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби кўп бўлса ҳам мағфират қилинур», дейилган.

Мусулмон инсон намозидан кейин ушбу зикрларни қилганда ушбу ривоятда келган маънони ёдга олиши керак. Бу зикр орқали гуноҳлари денгиз кўпиклари каби кўп бўлса ҳам мағфират қилинишни доимо ёдда тутиши лозим. 

Имом Муслимнинг ривоятига аввал ёки охирида «Оятул Курсий»ни қўшиб ўқишни сўфийлар жорий қилганлар. Буни сўфийлар хатми, деб номлашади. Бу нур устига нур дегани, чунки «Оятул Курсий Куръони Каримдаги энг улуғ оятдир. Ушбу хатмни қилиш бизда ҳам жорий бўлиб келаётган нарсадир. Бу ояти кариймани айнан фарз намоздан кейин ўқишнинг фазли алоҳидадир. Бу фазлни англаб етишимиз учун қуйидаги ҳадиси шариф билан танишишимиз лозим.

Имом Насаий Абу Умомадан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: 

«Ким ҳар фарз намоздан кейин «Оятул Курсий»ни ўқиса, унинг жаннатга киришини фақат ўлим тўсиб туради, холос», – деганлар. 

Яъни, ўлмагани учун жаннатга кирмайди, агар вафот этса, уни жаннатдан тўсадиган ҳеч нарса қолмайди.

Намоздан кейинги зикрларнинг фойдаси қанчалик эканини ҳеч унутмаслик керак.

Сўнгра, вақти борлар қуйдагиларни амалга оширсалар, жуда яхши бўлади. Имкони йўқлар кейинроқ бўлса ҳам, ҳаттоки, ҳаракатда бўла туриб ҳам, амалга оширсалар маъқулдир. 

Бомдоднинг фарзини ўқиб бўлганидан сўнг, чўккалаб ўтирган ҳолида, гапирмай туриб ўн марта ушбу ривоятда келган матнни ўқийди:


Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким Бомдод намозидан кейин оёғини чўккалаган ҳолида, гапирмай туриб ўн марта «Лаа илааҳа иллаллооҳу, ваҳдаҳу лаа шариика лаҳуу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, юҳйии ва юмииту ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодиир» деса, унга ўн ҳасанот ёзилур, ўн хатоси ўчирилур, у ўн даража кўтарилур. Ўша куни у барча ёқимсиз нарсадан ҳимояда бўлур ва шайтондан сақланур. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас, магар Аллоҳ таолога ширк келтирмаса».

Термизий ривоят қилган.

Маъноси: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. Унинг Ўзи ёлғиздир, шериги йўқдир. Мулк Уникидир ва ҳамд Уникидир ва У ҳар бир нарсага қодирдир».

Кўпчилик машойихлар ва ўтган азизлар ушбу ривоятда келган дуони ўзларига кундалик вазифа қилиб олганлар. Ҳар бир киши бунга амал қилмоғи яхшидир. Чунки Бомдод намозидан кейин ўрнидан турмай, оёқлари йиғилган ҳолда, дунёвий гапларни гапирмай туриб бу дуони ўқиган одамга кўпгина яхшиликлар ваъда қилинган:

1. Унга ўн ҳасанот ёзилур.

2. Унинг ўн хатоси ўчирилур.

3. Унинг Аллоҳнинг ҳузуридаги мақоми ўн даража кўтарилур. 

4. Ўша куни у барча ёқимсиз нарсадан ҳимояда бўлур.

5. Шайтондан сақланур.

6. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас, магар Аллоҳ таолога ширк келтирмаган бўлса. Агар Аллоҳ таолога ширк келтирган бўлса, иши чатоқ бўлади.

Ундан сўнг «Саййидул истиғфор»ни ўқийди:


Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: 

«Истиғфорнинг саййиди «Аллоҳумма анта роббии. Лаа илааҳа илла анта. Холақтании. Ва ана ъабдука ва ана ъала ъаҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аҳуузу бика мин шарри маа сонаъту. Абуу-у лака би ниъматика алаййа. Ва Абуу-у лака би занбии. Фағфир лии. Фа иннаҳуу лаа яғфируз-зунууба иллаа анта» демоғингдир.

Ким уни аниқ ишонч билан наҳорда айтса, ўша куни кеч киришдан олдин ўлиб қолса, аҳли жаннатдан бўлур. Ким уни аниқ ишонч билан кечада айтса, ўша куни тонг отишидан олдин ўлиб қолса, аҳли жаннатдан бўлади».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Маъноси: «Аллоҳим! Сен Роббимсан! Сендан ўзга илоҳ йўқ. Сен мени халқ қилдинг. Мен Сенинг бандангман. Мен қодир бўлганимча Сенинг аҳдинг ва ваъдангдаман. Сендан ўзим қилган нарсаларнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман. Сенинг менга берган неъматингни эътироф қиламан. Сенга гуноҳларимни ҳам эътироф қиламан. Мени мағфират қил. Сендан бошқа ҳеч бир зот гуноҳларни мағфират қилмас». 

Ушбу «Саййидул истиғфор» номи ила машҳур бўлган дуони ўқиб юришни кўпчилик азизлар одат қилишган. Дуони яхшилаб ёд олиб, ўқиб юрмоқни одат қилиш лозим. Унинг маънолари бир олам экани кўриниб турибди.

Кейин қуйидаги ҳадисда келган дуони ўқийди:


Абдуллоҳ ибн Абдурроҳман ибн Абзийдан, у отасидан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон тонг оттирсалар: «Асбаҳнаа ъала фитротил Ислаами ва калиматил ихлааси ва диини Набиййинаа Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама ва миллати абиинаа Иброҳиима ҳаниифан муслиман ва маа каана минал мушрикиин», дер эдилар».

Аҳмад ривоят қилган.

Маъноси: «Ислом фитратида, ихлос калимаси, Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дини ва мушриклардан бўлмаган, бошқа динларга оғмаган муслим отамиз Иброҳимнинг миллатида тонг оттирдик».

Сўнг қуйидаги ривоятда келган дуони ўқийди:


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳумма! Аслиҳ лии диинийаллазии ҳува исмату амрии ва аслиҳ лии дунйаайаллатии фииҳаа маъаашии ва аслиҳ лии аахиратийаллатии фииҳаа маъаадии важъалил ҳйааята зийаадатан лии фии кулли хойрин важъалил мавта рооҳатан лии мин кулли шаррин», дер эдилар».

Муслим ривоят қилган.

Маъноси: «Аллоҳим! Менга ишимнинг боши бўлган динимни ислоҳ қилгин. Менга унда маошим бўлган дунёмни ислоҳ қилгин. Менга унда қайтар жойим бўлган охиратимни ислоҳ қилгин. Менга ҳаётни ҳар бир яхшиликда зиёда қилгин. Менга ўлимни ҳар бир ёмонликдан роҳат қилгин».

Сўнгра қуйидаги ривоятда келган дуони ўқийди.


Талқ ибн Ҳабибдан ривоят қилинади:

«Бир киши Абу Дардонинг ҳузурига келиб: «Эй, Абу Дардо, уйинг куйиб кетди», – деди.

«Куйгани йўқ. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган гапга кўра, Аллоҳ бундай қилмаган бўлиши керак. Ул зот шундай дедилар: «Бир калималар бор, уларни ким наҳорнинг аввалида айтса, кеч киргунча унга мусийбат етмас, ким уларни наҳорнинг охирида айтса, унга тонг отгунча мусийбат етмас: «Аллооҳумма анта робии. Лаа илааҳа иллаа анта, ъалайка таваккалту, ва анта Роббул ъаршил ъазийм. Маа шаа-аллооҳу каана ва маа лам яшаа лам якун. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳил ъалиййил ъазийм. Аъламу аналлооҳа ъалаа кулли шай-ин қодиир ва анналлооҳа аҳаато би кулли шай-ин ъилман. Аллооҳумма иннии аъуузу бика мин шарри нафсии ва мин шарри кулли дааббатин анта аахизун би наасиятиҳаа. Инна Роббии ъалаа сироотим мустақиим». 

Ибн Сунний ривоят қилган.

Маъноси: «Аллоҳим! Сен Роббимсан. Сендан ўзга илоҳ йўқ. Сенга таваккул қилдим. Ва Сен улуғ Аршнинг Роббисисан. Аллоҳ нимани хоҳласа, бўлади, нимани хоҳламаса, бўлмайди. Алий ва Азийм Аллоҳдан бошқанинг қудрати ҳам, қуввати ҳам йўқ. Билурманки, албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир ва Аллоҳ барча нарсани илми ила иҳота қилгандир. Аллоҳим! Албатта, мен Сендан ўз нафсим ёмонлигидан ва Сен пешонасидан тутган ҳар бир жониворнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман. Албатта, Роббим сиротул мустақиймдадир».

Ушбу дуо ва зикрларнинг ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётини бахтли ва саодатли бўлиши учун қанчалар зарур эканини алоҳида таъкидлаб айтиб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Буларда бир кунда банда учун керакли барча яхшиликларни тилаш ва банда паноҳ тилаши лозим бўлган барча ёмонликлардан паноҳ сўраш бор. Уларни ёдлаб, йўлга қўйиб адо этиб юрган инсон кундалик бахт эгаси бўлиши шубҳасиз. 

Кейин, иложи бўлса, «Йасин» сурасини ўқиб, қуёш чиққунича кутади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби «Йасин»дир. Ким «Йасин»ни қироат қилса, Аллоҳ унга бу қироати учун Қуръонни ўн марта қироат қилган(савоби)ни ёзади», дедилар».

Термизий ва Байҳақий ривоят қилган.

Ҳар нарсанинг қалби унинг асосий аъзоларидан бири бўлади. Йасин сураси ҳам Қуръоннинг қалби бўлиши ила ана ўша мартабага эришган. Бу сураи каримада иймон ва унга боғлиқ нарсалар, киши ҳаётида учраб турадиган турли ҳолатлар ва Аллоҳга суянишга чорловчи оятлар бўлгани учун ҳам олий мақомни олган. 

Йасин сурасини доим қироат қилишни ўзига вазифа қилиб олганларнинг зўрлиги ҳам шундан. Тасаввуф йўлини тутган зотлар ҳар куни Бомдод намозидан кейин бу сураи каримани ўқишни ўзларига кундалик вазифа қилиб олганлар.

Бомдод намозидан кейин қуёш чиққунча бўлган вақт қанчалар фазийлатли эканини билиб олдик. 

Бу пайт ер юзида фаришталар алмашиш учун жамъ бўладиган пайтдир. Нима амал қилинса, ўша жамъ бўлган фаришталар гувоҳ бўладилар. 

Бу пайтда ризқ улашилади. Ана шундоқ пайтни зикр қилиб ўтказиш катта аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу вақтни зикрда ўтказганлар.

Имом Нававийнинг айтишича, зикр учун энг афзал вақт Бомдод намозидан кейинги вақтдир. Ўша вақтда фаришталар ҳозир бўладилар. 

Шунинг учун ҳам Имом Молик: «Бомдод намозидан то қуёш чиққунича гапириш ва ухлаш макруҳдир», – деганлар.

Қуёш чиққанидан кейин Шуруқ намозини ўқиса, жуда яхши бўлади.


Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то чошгоҳ намозини ўқигунича ўтирса. Фақат яхшиликдан бошқани гапирмаган бўлса, унинг хатолари, агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам, мағфират қилинур», – дедилар.

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

 «Ким Бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракъат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ», дейилган.

«Шуруқ» қуёш чиқишини билдиради. 

Масжиддан чиқаётганда «Аллоҳумма иннии ас-алука мин фадлика» – «Аллоҳим, мен Сендан фазлингни сўрайман» деган дуони ўқийди ва чап оёғини олдин босиб чиқади.

Уйга етиб борганда кираётиб ушбу ҳадисдаги дуони ўқийди.


Абу Молик Ашҳарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Киши уйига кирганда «Аллоҳумма, иннии ас-алука хойрол мавлажи ва хойрол махрожи.

Бисмиллааҳи валажнаа ва бисмиллааҳи хорожнаа ва ъалаллооҳи роббинаа таваккалнаа» десин. Сўнгра аҳлига салом берсин», – дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Дуонинг маъноси: «Аллоҳим! Албатта, мен Сендан яхши кириш ва яхши чиқишни сўрайман. Аллоҳнинг исми ила кирдик. Аллоҳнинг исми ила чикдик. Роббимиз Аллоҳга таваккул қилдик».

Қаранг! Қандай ҳам яхши! Уйига кираётган одам яхшиликни тилаб, Аллоҳ таолога боғланиб киради.

Хонага кирганда оила аъзоларига салом бериб, улардан ҳол сўрайди ва хушҳол сўзлар ила уларнинг кайфиятини кўтаришга уринади.

Кейин нонуштага ўтирилади. Шу муносабат ила мусулмон кишининг таомланиш одобларини бир эсга олиш фойдадан холий эмас.

1. Таом емоқ гоҳида фарз бўлиб, бу ишни қилгани учун инсон савоб олади ва уни қилмагани учун гуноҳкор бўлади. Ҳалокатни даф қилиш учун емоқнинг ҳукми шудир. Чунки Исломда инсон ўз жонини ҳалокатга ташламайди, балки уни сақлаш учун ҳаракат қилиши фарздир.

2. Таом емоқ гоҳида вожиб бўлади. 

Фарз намозни тик туриб ўқишга қодир бўлгудек ва фарз рўзани тутишга қодир бўлгудек емоқ вожибдир. Шариат қоидаси бўйича, вожибни адо этиш учун керак бўлган нарса ҳам вожиб ҳисобланади.

3. Таом емоқ гоҳида мандуб бўлади.

Ризқ касб қилишга, илм олишга ва нафл ибодатларни адо этишга қодир бўлгудек емоқ мандубдир.

4. Таом емоқ гоҳида мубоҳ бўлади.

Зарар етадиган бўлмагудек тўйиб таом тановул қилмоқ мубоҳдир.

5. Таом емоқ гоҳида ҳаром бўлади.

Ортиқча тўйиб, ўзига зарар етказадиган даражагача таом емоқ ҳаромдир.

6. Таом емоқ гоҳида макруҳ бўлади.

Бунга тўйганидан ортиқча емоқ киради.

7. Таом тановул қилишдан олдин икки қўлни ювилади.

8. Таом тановул қилишни бошлашда «бисмиллаҳи» айтилади.

9. Таомни ўнг қўл билан ейилади.

10. Ҳар ким ўз олдидан ейди. Бировнинг олдидаги таомга қўл узатиш беодобликдир.

11. Қўл билан еганда таомни уч бармоғи билан олади. Ундан кўп бармоғини ишга солиш очкўзликдир.

12. Таомни ёнбошлаган ҳолда ейилмайди.

13. Қўлидан тушган таомни олиб ейди.

14. Таомни еб бўлгандан сўнг Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, дуо қилади.


«Сунан» соҳибларининг ривоятида:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ўз таомларидан фориғ бўлсалар:

«Алҳамду лиллааҳиллазии атъаманаа ва сақоонаа ва жаъаланаа муслимиин», дер эдилар», дейилган.

Маъноси: «Бизни таомлантирган, сероблантирган ва мусулмон қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин». 

Бу дуода банданинг ўзига неъмат ато қилган Роббига мақтови ўз ифодасини топгандир. Бу жуда ҳам олиймақом одоб намунасидир. 

15. Таомдан кейин икки қўлни ювилади.

16. Таомдан кейин оғизни чайилади.

17. Таомни ёмонлаш мутлақо мумкин эмас.

Нонушта тамом бўлганидан сўнг ишга боришга ҳозирланади. Аввало, кеч қолмасликка ҳаракат қилиб ўз вақтида кийинишни бошлайди.

Мусулмон инсон кийиниш маданияти бўйича қуйидагиларга амал қилади.

1. Либос учун ишлатилган мато ипакка ўхшаб шариатда ҳаром қилинган бўлмаса ҳалолдир.

2. Шаръий йўл билан сўйилмаган, ўзи ўлиб қолган ҳайвонларнинг терисини ошлаб кийим қилиб кийса, бўлади.

3. Гўшти ҳалол ҳайвонларнинг жуни, қили ва пухидан қилинган кийимлар покдир. Унинг тирик ёки ўлик ҳайвондан олингани фарқ қилмайди.

4. Фуқаҳолар жумҳури йиртқич ҳайвонларнинг терисини ошлаб кийим қилса жоиздир, деганлар.

5. Модомики ҳаром нарсадан бўлмаса, чиройли кийимларни киймоқ мубоҳдир. 

6. Жума, ийд ва одамлар жамланадиган йиғинлар учун манманлик ва кибрдан узоқ бўлган ҳолда ясаниш мустаҳабдир.

7. Ким имкони бўлиб туриб, мазкур ясанишни қасддан тарк қилса, хато қилган бўлади.

8. Оқ рангли кийим мустаҳабдир.

9. Қип-қизил рангли кийим эркакларга макруҳдир.

10. Қора рангли кийим жоиздир.

11. Яшил рангли кийим аҳли жаннатнинг кийими бўлгани учун мустаҳабдир.

12. Турли рангли чизиқлардан иборат матодан бўлган кийим жоиздир.

13. Ҳайвонлар сурати солинган кийим эркак ва аёллар учун ҳаромдир.

14. Хоч сурати бор кийим кийиш ҳам ҳаром.

15. Жонли бўлмаган нарсаларнинг сурати бор кийимнинг ҳечқиси йўқ.

16. Терининг рангини билдирадиган даражада шаффоф кийим кийиш жоиз эмас. 

Имом Байҳақий Алқамадан қилган ривоятда айтилишича, Ҳафса бинти Абдурроҳман Оиша розияллоҳу анҳонинг олдиларига шаффоф рўмол ўраб кирганида Оиша онамиз йиртиб ташлаб, қалин рўмол ўратиб қўйганлар.

17. Одамларнинг одатига хилоф кийим ҳам макруҳдир. Одатда бу каби кийимлар шуҳрат учун кийилади. Бундай кийим кийганларни бошқалар ғийбат қилади ва гуноҳларига у ҳам шерик бўлади.

Имом Байҳақий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки шуҳратдан наҳй қилдилар.

«Ё Расулуллоҳ! Икки шуҳрат нима?» дейилди.

«Кийимнинг юпқалиги ёки қалинлиги, юмшоқлиги ва қаттиқлиги, узунлиги ва қисқалиги. Бас, ўшанинг ўртачаси ва тежамлиги бўлсин», – дедилар.

18. Абулфараж қуйидагиларни айтади:

«Салафи солиҳлар ўртача кийим кияр эдилар. Жуда юқорисини ҳам эмас, жуда пастини ҳам эмас. Кийимнинг яхшисини жума, икки ийд ва биродарлар билан учрашувга ихтиёр қилар эдилар. Уларнинг одати бўйича, яхши кийим танлаш қабиҳ эмас эди».

19. Имкони бўла туриб, зоҳидликни ва тақвони кўрсатиш учун қасддан хароб кийимларни кийиш мумкин эмас.

20. Ҳанафий ва Шофеъий уламолар олим кишиларнинг  кийими  жуда  яхши  бўлиши  мандубдир, деганлар. Шу билан бирга, улар кенг ва кўзга ташланадиган кийимларни киймоқлари лозим. Бу ила илмнинг мақоми зоҳир бўлади. Одамлар уларни дарҳол таниб, саволларини берадилар. 

21. Мусулмон киши қай бир кийимни кийса ҳам, ўнг томонидан бошламоғи суннатдир. Ечишда чап томонидан ечади.

22. Кийимни кийишда «бисмиллаҳи» айтилади ва қуйидаги дуо ўқилади. 


Саҳл ибн Муоз ибн Анасдан, у киши ўз отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким кийим кийгандан кейин: 

«Алҳамду лиллааҳиллазии касаании ҳаазас савба ва розақонииҳи мин ғойри ҳавлин миннии ва лаа қувватин», деса, унинг аввалги-ю, кейинги гуноҳлари мағфират қилинур», – дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. 

Маъноси: «Менга ушбу кийимни кийдирган ва менинг куч-қувватимсиз уни менга ризқ қилиб берган Аллоҳга ҳамд бўлсин».

Бу дуода ҳам мусулмон инсоннинг ўз Роббига бўлган юксак одоби ифода этилган.

Кўчага чиқишдан олдин оила аъзоларига хабар бериб, уларга яхши тилаклар билдиради ва дуоларини сўрайди. Ота-онаси бўлса, улардан алоҳида дуо олади.

Довуд ибн Қайсдан ривоят қилинади:

«Бир одам менга хабар берди. Абу Ҳурайра эрталаб уйидан чиқмоқчи бўлса, кийимларини кийиб, онасининг олдига келиб: 

«Ассалому алайкум, онажон ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Сизни Аллоҳ мени кичкиналигимда тарбия қилганингиз учун яхши мукофотласин!» – дер эди. 

У эса: «Сени ҳам, ўғлим, кексайганимда менга яхшилик қилганинг учун Аллоҳ  яхши мукофотласин!» – дерди.

Кейин чиқарди. Қачон қайтса, ўшанга ўхшаган гапни айтарди».

Ҳасан Марвазий ривоят қилган.

Кейин уйдан чиқиш дуосини ўқиб, яхши ният билан ташқарига чиқади. Мусулмон инсон хизмат юзасидан уйидан чиқар экан, ўзи адо этиши лозим бўлган вазифани ҳалоллик, ихлос ва шараф билан бажаришни ният қилади. Шунда қиладиган иши савобга, ибодатга айланади. Мисол учун, оила бошлиғи, аҳли аёлимни нафақа билан таъминлаш мен учун вожиб, уларга ҳалол ризқ топиб келай деган ният билан чиқса, вожиб ибодатни адо этаётган бўлади.

Оила аъзолари ҳам уни яхши истак, дуо ва насиҳатлар билан кузатиб қолишлари керак. Аввалги аёллар ризқ-рўз топиш учун жўнаб кетаётган эрларига: «Ҳаром касб қилманг. Аллоҳдан қўрқинг. Биз очлик-ночорликка чидаймиз, лекин дўзахнинг азобига чидай олмаймиз», дер эдилар. Аҳли аёлидан бу каби насиҳат эшитиб қўчага чиққан шахс ҳаромга қўл урармиди?!

Ўз зиммасидаги вазифани адо этиш учун ҳаракат қилаётган ҳар бир шахс касб, ҳунар ёки бошқа йўллар билан иш қилиб, ҳалол ризқ топишга уриниши турган гап. Ёки ишга тайёргарлик кўриш мақсадида ўқиш-ўрганиш, тажриба олиш ишларида қатнашиши ҳам мумкин.    

Мусулмон инсон қандай ишда бўлмасин, юқорида айтганимиздек, ўз соҳасининг билимдони ва энг уддабурони бўлишга ҳаракат қилиши керак. 

Мусулмон инсон иш бўйича ўзига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларини шиор қилиб олади.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ сизлардан бирингиз бирор иш қилса, уни яхшилаб қилишини севади», – дедилар».

Байҳақий ривоят қилган.

Мусулмон инсон бахтли бўлиши учун иш борасида қуйидаги қоидаларга оғишмай амал қилиш лозим:

1. Ишда алдамчилик қилмаслик.


«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким алдамчилик қилса, биздан эмас», – дедилар».

Муслим ривоят қилган.

2. Ишни ваъда қилинган вақтда бажариш.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мунофиқнинг белгиси учтадир: агар сўзласа, ёлғон сўзлайди, ваъда қилса, бажармайди ва унга омонат топширилса, хиёнат қилади», – дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

3. Қилинадиган иш шариат ҳалол қилган амал бўлиши лозим.

4. Бажарадиган иши ҳақида диннинг ҳукмини ўрганиб олиши лозим.

Юсуф алайҳиссалом иш сўраганларида:


«Мени ернинг хазийналари устига қўй. Албатта, мен муҳофаза қилувчи ва билувчиман», – деганлар. (Юсуф 55)

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Бозоримизда динда фақиҳ бўлмаган одам савдо қилмасин», – деганлар.

5. Қиладиган ишига илми ва кучи етадиган, топширилган ишни омонат сифатида адо эта оладиган бўлиши керак.

Аллоҳ таоло «Қосос» сурасида:


«Чунки ишга ёллайдиганинг энг яхши кимса кучли ва ишончли кимсадир», деган. (26-оят)


Абу Зарр розияллоҳу анҳу: 

«Ё Расулуллоҳ, мени омил қилмайсизми?» – деди. 

Бас, у зот елкамга уриб туриб:

«Эй Абу Зарр, сен заифсан, албатта у қиёмат куни хорлик ва надомат бўлгай. Магар ким уни ҳаққи ила олса ва ундаги ўз бурчини адо этса, бундан мустасно», – дедилар».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Бу заифлик мансаб масъулиятини ўрнига қўйиб, рисоладагидек адо эта олмасликнинг барча турларини ўз ичига олади. Жумладан, ўзига юклатилган вазифани уддалай олмаслик, мансабдан фойдаланиб ўз фойдаси ортидан қувиш, кишиларга зулм ўтказиш ва бошқалар.

Мусулмон киши ўзида заифлик сезса, мисол учун, мансабдор бўлса-ю, пора олиш орқали заифлик қилишига шубҳаси бўлса, мансабдорликни қабул қилмаслиги керак.

Ушбу қоидаларни яна бир бор эсга олиб кўчага чиққан мусулмон инсон уловга минганда қуйидаги ҳадисда келган дуони ўқийди.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқиб туяларига минганларида уч марта такбир айтар ва:

«Субҳааналлазии саххоро ланаа ҳаазаа, ва маа куннаа лаҳуу муқриниин ва иннаа илаа роббинаа ламунқолибуун. Аллооҳумма иннаа нас-алука фии сафаринаа ҳаазаа ал-бирро ват тақваа ва минал ъамали маа тардоо. Аллооҳумма, ҳаввин ъалайнаа сафаронаа ҳаазаа ватви ъаннаа буъдаҳуу. Аллооҳумма антас сооҳибу фиссафар вал халиифату фил-аҳл. Аллооҳумма иннии аъуузу бика мин ваъсаа-ис сафари ва ка-аабатил манзори ва суу-ил мунқалаби фил мали вал аҳли», дер эдилар.

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Дуонинг маъноси: «Бизга буни бўйсундирган Зот покдир. Биз бунга қодир эмас эдик. Ва албатта, биз Роббимизга қайтгувчилардирмиз». Аллоҳим! Биз Сендан бу сафаримизда яхшилик ва тақвони, Ўзинг рози бўладиган амалларни сўраймиз. Аллоҳим! Ўзинг бизга бу сафаримизни осон қилгин. Унинг узоғини яқин қилгин.  Аллоҳим! Сенинг Ўзинг сафардаги соҳибсан. Аҳли аёлдаги халифасан. Аллоҳим! Мен Сендан сафар қийинчиликларидан, турли ёмонликлардан, молу мулк ва аҳли аёлнинг ёмонликка юз тутишидан паноҳ сўрайман».

«Уловга миниш дуоси» номи ила машҳур бўлган бу дуонинг маъносининг гўзаллигини қаранг! Дунёда мусулмон инсондан бошқалар «миниш дуоси» деган дуо борлигини билишармикан? Билишса, қай маънода дуолари бор экан? Бу дуода йўлга тушган инсонинг ўзига, оила аъзоларига ва ҳатто молу мулкига яхшилик тилаш борлигига назар солинг. Бу нақадар гўзал! Бу нақадар ажойиб! 

Албатта, жамиятга қўшилган, кўча кўйда юрган одам турли кишилар билан муомалада бўлади. Уларга нисбатан мусулмон инсон ўзини одобли, гўзал муомалали тутиши лозим. Бу борада ҳам бир қанча кўрсатмалар мавжуд. Қуйида ўша кўрсатмалар мажмуасини тақдим этишга ижозат бергайсиз.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Ибн Умар розияллоҳу анҳу совуқ ва шамолли кечада намозга азон айтди. Сўнгра .Огоҳ бўлинглар Ўз жойларингизда намоз давоми...

4243 05:00 / 09.01.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Қачон имом, омин, деса, сизлар ҳам, омин, денглар. Чунки кимнинг омини давоми...

7270 05:00 / 04.01.2017
Аллоҳ таоло .Осмонлардаги ва ердаги нарсалар Аллоҳга тасбиҳ айтди. Ва у азиз ва ҳакимдир,, деган. Тасбиҳ айтиш улуғлаш, поклаш, нуқсонсиз деб ёд этиш, каби давоми...

17107 05:00 / 04.01.2017
Икки вақтдаги намозни бирга қўшиб ўқиш ҳақида намозхонлар орасида айрим фикрлар бор. Чунки, уларнинг ҳаж мавсумида арафа куни намозларни қўшиб ўқиш хусусида давоми...

5256 05:00 / 09.01.2017