1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Намоз қироатидаги хатолар ёхуд «заллатул қорий»га тааллуқли ҳукмлар

14:00 / 03.02.2023 3837 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намоздаги қироатда юз берадиган хатолар «заллатул қорий» дейилади. Заллатул қорий деганда қасддан қилинмаган хато ва тойилишлар, адашишлар назарда тутилади. Бу ҳолат юзага келганда қачон намоз бузилади, қачон бузилмайди, қуйида баён қиламиз.


1. Намозхон қироат қилаётганда ояти карима маъноларини ўта қўпол равишда бузиб юборса, қайсики, ўша маънога эътиқод қилиш куфр даражасида бўлса, намози бузилади. Бунга эътибор бериб қўйиш керак. Кўпинча, таровеҳда хатмга ўтадиган баъзи қори укаларимиз бироз эътиборсизлик туфайли ояти карималар якунида чалкашиб кетиб қолиб, ўзлари билмаган ҳолда мўминларни дўзахга, кофирларни жаннатга «ҳукм қилиб юборишади». Шу ҳолатга тушиб намоз бузилиш хавфи юзага келмаслиги учун, оятлар якунига диққат қилиш керак бўлади.


Намозда ўзи билмаган ҳолда, унутиб оддий одамлар билан гаплашадиган гаплардан гапириб юборса намоз бузилар эди. Энди, худди шу тариқа ўзи билмаган ҳолда эътиқоди куфр бўлган сўзни ўқиб юборса намози бузилиши батариқи авло ҳисобланади. Чунки, бундай сўзлар оддий сўзлардан ёмонроқдир.
2. Оятлар эъробидаги хато билан намоз бузилмайди, гарчи маъно бузилиб, эътиқоди куфр бўлган маъно юзага келса ҳам. Чунки, кўпчилик араб бўлмаган инсонлар эъроб важҳларини билмайдилар. Шу боис улардан эъробни мутлақ тўғри ишлатишни талаб қилиш уларни ҳараж ва машаққатга солиш демакдир. Ҳолбуки, бу умматдан ҳараж кўтарилган.


Бу ҳолат билан аввалги ҳолат ўртасидаги фарқ равшан. Аввалгисида, қори калимадаги эъробни эмас бутун бошли оятни ўзгартириб ўқиб қўйиши натижасида эътиқоди куфр бўлган маъно юзага келди. Бу эса нафақат араб тилини билмаслик балки, ҳифзда ҳам нуқсон борлига далолат қилади. Ва бундай ҳолатнинг олдини олиш мумкин. Муайян бир сўздаги ҳаракатда адашиш эса юқоридаги ҳолатдан енгилроқ ва сақланиш қийинроқ. Шу боис бу ҳолат афв этилади. Ташдидли сўзни тахфиф билан ўқиш ҳам шу жумладандир. Масалан «إياك نعبد»да ташдидсиз «ияка наъбуду» деб ўқиса намоз бузилмайди. Шарти шуки, қасддан қилмаслик.


3. Вақф ва ибтидо, яъни ояти карималар ичида тўхташ ва бошлаб ўқиш ҳолатларида ҳар қанча адашса ҳам намоз бузилмайди. Чунки, фақат араб тилини яхши билган одамгина вақф ва ибтидо ўринларига тўлиқ риоя қила олади. Мусҳафда белгиланган вақф белгилари эса барча ҳолатларини қамраб олмайди, балки маъно тубдан ўзгариши мумкин бўлган ҳолатларгина кўрсатилади. Изтирорий равишда тўхтаб қолганда қандай бошлаш керак, қандай бошласа яхшироқ бўлади, қаерда тўхташ чиройлироқ бўлади, буларни фақат маънога қараб ажратилади. Тажвид китобларидаги мисол тариқасида берилган ўрнаклар қироатда юзага келиши мумкин бўлган барча ҳолатни қамраб олмайди. Шу боис ҳам вақф ва ибтидодаги хато билан намоз бузилмайди.   


4. Адашиб бир ҳарф ўрнига бошқа ҳарфни ишлатиб юборса ва  мазкур сўз қуръоний лафзлардан бўлиб, ҳарф ўзгариб қолиши натижасида маъно бузилиб кетмаса намоз бузилмайди. Мисол учун, «إن الظالمين» ўрнига «إن الظالمون» дея эъробий хато билан ўқиса ёхуд «والأرض وما دحاها» ўрнига «طحاها» деб ўқиса намоз бузилмайди. Чунки, ҳар икки лафз айни маънога далолат қилиши билан бирга, ҳар иккиси ҳам Қуръоний лафзлардан ҳисобланади.


5. Агар шу ҳолатда, яъни хатоан бир лафз ўрнига бошқа лафз ўқиб қўйганда мазкур лафз Қуръоний лафз бўлмаса бироқ маъно ҳам ўзгармаса, тарафайн, яъни имом Абу Ҳанифа ва имом Муҳаммад (раҳимаҳумаллоҳ) наздида намоз бузилмайди, имом Абу Юсуфга кўра бузилади. Масалан, «قوامينبالقسط» оятида «قيامين بالقسط» деб ўқиса имом Абу Ҳанифа ва имом Муҳаммад (раҳимаҳумаллоҳ) наздида намоз бузилмайди. Чунки, лафз Қуръони Карим лафзларидан бўлмаса ҳам маъно ўзгармаяпти. «ديارا» (даййааро) ўрнига «دوارا» (даввааро) деб ўқиб қўйса ҳам шундай. 


6. Бордию хато туфайли калима Қуръоний лафзлар доирасидан чиқмаган бўлса-да, маъно ўзгариб кетса, имомларимиз сўзларидаги ихтилоф бунинг акси. Масалан, «وأنتم سامدون» ўрнига «وأنتم خامدون» деб ўқиса тарафайн наздида бузилади, имом Абу Юсуф (роҳматуллоҳи алайҳ) наздида эса бузилмайди.
Демак, имомларимизнинг намоз бузилиш ёки бузилмаслигида эътиборга олган нуқталари қуйидагича, имом Абу Юсуф наздида хато туфайли ўқилган бошқа сўз Қуръоний лафзлардан бўлса бузилмайди, гарчи маъно ўзгарса ҳам. Имом Абу Ҳанифа ва имом Муҳаммад (раҳимаҳумаллоҳ) наздларида эса бу борадаги мўътабар нарса маъно уйғунлигидир. Шунга кўра, гарчи лафз Қуръоний лафзлардан бўлмаса-да, маъно ўзгармаса намоз бузилмайди. 


7. Энди хато ўқилган лафзнинг Қуръонда мисли ҳам бўлмаса ва бу хато туфайли маъно ҳам бузилса, у ҳолда бил иттифоқ намоз бузилади. Масалан, «مما ذرأ»ни «مما ظرأ» деб, «تلذ الأعين»ни «تلظ الأعين» шаклида ўқиса барчалари наздида намоз бузилади.


8. Агар ояти карима сўзларидан бирор ҳарфни кам ўқиса, яъни ўқимаса, ва шу ҳолатда маъно ўзгарса масалан, «خلقنا» ёхуд «جعلنا» лафзларидаги «хо» (خ) ва «жим» (ج)ни ўқимаса, имом Абу Ҳанифа ва имом Муҳаммад (раҳимаҳумаллоҳ) наздида намоз бузилади, имом Абу Юсуф (роҳимаҳуллоҳ) наздида эса бузилмайди. Бунда ҳам уларнинг эътиборга олган важҳи (жиҳати, ақлий далили) юқоридаги каби. Абу Юсуф (роҳимаҳуллоҳ) гарчи бир ҳарф кам ўқилса ҳам мазкур сўзнинг бошқа қисмлари Қуръонда мавжудлигини эътиборга олган, имом Абу Ҳанифа ва имом Муҳаммад (раҳимаҳумаллоҳ) эса маъно дурустлигини эътиборга олганлар.


9. Ояти каримадаги лафзлар орасида боғловчи бўлган баъзи ҳарфлар масалан вов ҳарфи ўқилмаганда маъно бузилса, бунда ҳам юқоридаги ихтилофга кўра, имом Абу Ҳанифа ва имом Муҳаммад (раҳимаҳумаллоҳ) наздиларида намоз бузилади. Масалан, «وما خلق الذكر والأنثى» оятини вов ҳарфисиз «ما خلق الذكر والأنثى» деб ўқиса маъно тубдан ўзгаради ва шунга кўра намоз бузилади. Лекин, бу ҳолатда ҳам имом Абу Юсуф (раҳимаҳуллоҳ) наздида намоз бузилмайди. Чунки, ўша вовсиз ўқилган лафзлар Қуръонда мавжудлиги учун.


10. Агар бирор ҳарф камайтирилганда маъно ўзгармаса, масалан, арабларнинг тархим услубига кўра «يا مالك»ни «يا ماك» деб ўқиса бил иттифоқ (яъни ҳар уччала имомимиз иттифоқи билан) намоз бузилмайди.
Эслатма: Бу ҳолатлар тажвиди бор, ҳарфларни тўғри талаффуз қила оладиган одамлар ҳақидадир. Кекса ёшда Қуръони Каримни ўрганаётгани туфайли ҳарфларни махражидан чиқара олмайдиган ёхуд бу борада илм олиб, машқ қилмагани сабабли тўғри талаффуз қилолмайдиган ёки бўлмаса алсағ (тили чучук) бўлгани учун айрим ҳарфларни тўғри талаффуз қилишдан ожиз бўлган кишилар юқоридаги айрим хатоларга тушиб қолсалар иншааллоҳ уларнинг намозлари ўзлари ҳаққида дуруст бўлади. Бироқ, улар имкон қадар ўз устларида ишлаб, талаффузларини ислоҳ қилиш ҳаракатида бўлишлари матлубдир. Агар ўрганиш имконлари бўла туриб эътиборсизликда давом этсалар гуноҳкор бўладилар, валлоҳу аълам. 


Алишер Султонходжаев

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Отаоналар фарзандини намоз ўқиганлигини билиб олиши учун турли хил усуллардан фойдаланадилар. Сиз қандай савол берган бўлсангиз ундан шундай жавоб қайтади. давоми...

3233 11:00 / 04.08.2022
МуқаддимаИслом уламолари намозда quotФотиҳаquot сурасидан сўнг quotОминquotни айтиш борасида ихтилоф қилмаганлар. Уламолар қайси мазҳабга мансуб бўлмасинлар, қайси давоми...

12244 05:00 / 09.01.2017
Бир кекса аёлдан фарзандларининг салоҳияти, уларнинг муваффақиятлари ва отаоналарига кучли эҳтироми сабабини сўрашганда, шундай жавоб берган экан .Аллоҳнинг давоми...

5503 11:00 / 14.01.2023
Оталардан бири айтади .Намоз ўқимайдиган фарзандимга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида даво топдимИмом Муслим Абдуллоҳ ибн Умар давоми...

4271 15:00 / 27.11.2021