1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Жумъа куни қиём вақтидаги "таҳийяти масжид" намозининг ҳукми

05:00 / 09.01.2017 5002 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

● Жумъа куни қиём пайтида масжидга кирган киши "таҳийяти масжид" намозини ўқиш жоизми? Баъзи намозхонлар ушбу намозни ўқийдилар, баъзилари эса ўқимай ўтиришади. Ўқимайдиганларнинг айтишига қараганда, қиём пайтида намоз ўқиш макруҳ бўлгани боис "таҳийяти масжид" ҳам намоз бўлгани боис қиём пайтида уни ҳам ўқиш макруҳдир, дейдилар. Намоз ўқийдиганлар эса бу нарса жумъа куни истисно қилинади, дейдилар. Бу икки қарашнинг қайси бири тўғри? Ҳанафий мазҳабида жумъа куни қиём пайтида масжидга кирган одам нима қилади? Мана шундай саволларга жавоб излаб, мазҳаб доирасидаги ҳадис ва фиқҳ китобларига мурожаат қилиб кўрамиз.


● Масжидга кирганда "масжид ҳаққи", "таҳийёт намози", "таҳийяти масжид" деган номлар билан аталадиган икки ракъат намозни ўқиш суннат эканини барча намозхонлар билади, десак муболаға бўлмайди. Зотан, бунга Расулуллоҳ (с.а.в.) алоҳида буйруқ берганлар:

إذا دخل أحدكم المسجد فليركع ركعتين قبل أن يجلس

"Қачонки сизлардан бирортангиз масжидга кирса, ўтирмасдан олдин икки ракъат намоз ўқиб олсин!" (Бухорий, 1/433; Муслим, 1/714; Термизий, 2/316; Насоий, 1/809; Табароний, 3/3281; Байҳақий, 3/4701; Доримий, 1/1444; Ибн Ҳиббон, 6/2499; Аҳмад, 5/22576).

Фақиҳлар мазкур ҳадиси шарифдаги буйруқ моҳиятини чуқур англаб, мазкур мавзудаги барча ривоятларни ўрганиб чиқиб, бир қанча фатволар чиқаришга муваффақ бўлганлар:

1) "Таҳийяти масжид" – масжидни улуғлаш бўлса-да, бироқ у масжид роббисини улуғлаш ва парвардигор олдида қурбат ҳосил қилиш учун ўқилади ("Радд ал-муҳтор");

2) "Таҳийяти масжид" намозини масжидга кирган заҳоти, ўтирмасдан аввал ўқиб олиш афзал ҳисобланади. Бирор сабаб билан ўтириб қолса, у соқит бўлмайди, эсига келганида туриб ўқиб олади ("ал-Ҳилйат"). Зотан, Расулуллоҳ (с.а.в.) масжидда ўтирган Абу Зарр ал-Ғифорий (р.а.)га бундай деганлар:

يا أبا ذرّ للمسجد تحيّة و انّ تحيّته ركعتان فقم فاركعها

"Эй Абу Зарр, масжиднинг таҳийяти бордир. Унинг таҳийяти икки ракъатдир. Тургин-да, уларни ўқиб олгин!" (Ибн Ҳиббон, 1/279; Ҳоким, 2/597; Ибн Адий, 7/2699).  

3) "Таҳийяти масжид" намози ҳадиси шарифда алоҳида тилга олингани учун аслида икки ракъатдан қилиб ўқилади. Бироқ, ҳанафийликда нафл ибодатларни тўрт ракъат қилиб ўқиш афзал ҳисоблангани боис тўрт ракъат қилиб ўқишнинг савоби кўпроқ ("Жомеъ ар-румуз").

4) Масалан, бир одам масжидга кирганидан сўнг бир неча вақтдан кейин намоз ўқимоқчи бўлса ёки масжидда дарс қилмоқчи, зикр қилмоқчи бўлса, аввал "таҳийяти масжид" намозини ўқиб олади ("Радд ал-муҳтор");

5) Масалан, бир кунда бир неча марта масжидга кирадиган кимса ҳар сафар "таҳийяти масжид" намозини ўқийвермасдан, бир марта ўқиши кифоя қилади ва уни хоҳлаган киришида ўқиб олади ("Дурр ал-мухтор");

6) Масжидга кирган вақтда жамоат намоз ўқиётган бўлса, уларга бориб қўшилади. Кеч келган кимсага "таҳийяти масжид" намозини ўқиш лозим бўлмайди, ўқиган фарзи унинг ўрнига ўтади ("Бадойеъ ас-санойеъ");

7) Масжидга фарзининг олдида суннати ёки мустаҳаби бор намозлар – бомдод, пешин, аср, хуфтандаги икки ва тўрт ракъатли суннат ва мустаҳаб намозлар бўлганда кирса, дарҳол ўша намозларни ўқийди, унга "таҳийяти масжид" намозини ўқиш лозим бўлмайди ("Наҳр ал-фоиқ", "ал-Биноя", "ал-Муҳит");

8) Масалан, масжидга кирган кимса янги таҳорат қилгани учун "шукри вузуъ" ва "таҳорат ҳаққи" намозини ҳам ўқиши керак. У мана шу икки нафлни бир қўшиб, бирданига ният қилиб, икки ракъат ўқиши мумкин. Ёки олдин таҳорати учун, кейин масжидга киргани учун икки ракъатдан намоз ўқиб олади ("ал-Ашбоҳ ва-н-назоир");

9) Масалан, масжидга кирганда намоз ўқиш макруҳ бўлган вақт бўлса, жумладан, бомдоддан олдинги ва қуёш чиққунча бўлган вақт, қуёш тиккага келган вақт, асрдан кейинги то қуёш ботгунча бўлган вақтлар бўлса, у "таҳийяти масжид" намозини ўқимайди. Бу вақтларда "таҳийяти масжид" намозини ўқиш макруҳ бўлади. Шунинг учун бу вақтларда масжидга кирган кимса саловотлар айтиб, зикрлар қилиб ўтиришининг ўзи кифоя қилади ("Фатовойи Темуртоший"). Зотан, Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилганлар:

إِذَا دَخَلَ أَحَدُكُمُ الْمَسْجِدَ فَلْيُسَلِّمْ عَلَى النَّبِىّ

"Қачон сизлардан бирингиз масжидга кирса, Пайғамбарга салом-саловот айтсин!" (Доримий, 1/1445).

10) Масжидлар ичида Маккаи мукаррамадаги "Масжиди ҳаром"га кирган кимсага "таҳийяти масжид" намозини ўқиш лозим эмас, ушбу масжиднинг таҳийяти тавоф ҳисобланади. Масжиди ҳаромга кирган кимса дарҳол Каъбаи муаззамани тавоф қилишга киришади ("Шарҳ "Лубоб ал-маносик").  

● Аввало шуни билиш керакки, намоз ўқиш макруҳ бўладиган вақтлар орасида, асосан, учта вақт иттифоқан бир хил кўрсатилади. Ҳанафий мазҳабининг мўътабар матн китобларида бундай деб ёзилган:

ولا يجوز صلوة وسجدة تلاوة وصلوة جنازة عند طلوعها وقيامها وغروبها...

 «Намоз (қандай намоз бўлишидан қатъий назар), саждаи тиловат ва жаноза намози қуёш чиқаётган, тиккага келаётган ва ботаётган пайтда жоиз бўлмайди» (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон, 1911. – Б. 11).

Мана шу масъалага биноан ушбу уч вақтда масжидга кирганда, "таҳийяти масжид" намозини ўқилинмайди.

Ушбу масъалага Имом Муслим (р.ҳ.) бошлиқ муҳаддислар Уқба ибн Омир ал-Жуҳаний (р.а.)дан ривоят қилган мана бу саҳиҳ ҳадиси шариф далил сифатида кўрсатилади:

ثلاث ساعات كان رسول الله صلى الله عليه وسلم ينهانا ان نصلى فيهن او نقبر موتانا حين تطلع الشمس بازغة حتى ترتفع وحين يقوم قام الظهيرة حتى تميل الشمس وحين تضيف الشمس للغروب حين تغرب

 «Учта вақтларни Расулуллоҳ (с.а.в.) бизларга уларда намоз ўқишимизни, ўликларимизни дафн қилишимизни қайтарган эдилар: қуёш равшан ва зоҳир кўтарилиб чиққунча, алангали иссиқ тиккага келиб, қуёш майл қилиб оғгунча ва қуёш ботиш учун эгилиб, ботиб кетгунча» (Муслим, 1/831; Термизий, 3/1030; Абу Довуд, 3/3194; Насоий, 1/1543, 1548; 2140; Ибн Можжа, 1/1519; Доримий, 1/1483; Аҳмад, 4/17415, 17420; Ибн Ҳиббон, 4/1546; Табароний, 17/797-798; Байҳақий, 2/4175; 4/6704-6705; Абу Яъло, 4/1755; Таёлусий, 1/1001; Ибн Абу Шайба, 2/7435; Таҳовий, 1/917; Абдурраззоқ, 3/6569; Табризий, 1/1040).

Ҳадис матнидаги "дафн қилиш"дан мурод жаноза намози ўқиш, деб тушунилади.

Расулуллоҳ (с.а.в.) бу учта вақтда намоз ўқиш макруҳ бўлишининг сабабини бундай изоҳлаганлар:

الشمس تطلع ومعها قرن الشيطان فإذا ارتفعت فارقها فإذا استوت قارنها فإذا زالت فارقها فإذا دنت للغروب قارنها فإذا غربت فارقها ونهى رسول الله صلى الله عليه وسلم عن الصلاة في تلك الساعات 

"Қуёш чиққанда, у билан бирга шайтоннинг шохи ҳам бўлади. Қачон қуёш кўтарилиб бўлса, шох ундан айжрайди. Қачон қуёш тиккага баробар бўлса, яна шайтоннинг шохи билан бирга бўлади. Қуёш заволга юз тутса, шох ундан ажрайди. Қачон қуёш ботишга яқинлашса, яна шайтоннинг шохи у билан бирга бўлади. Қачон қуёш ботиб бўлса, шайтоннинг шохи ундан ажралади". Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) мана шу уч вақтда намоз ўқишдан қайтарган эдилар (Насоий, 1/1542).

Мазкур ҳадиси шарифдаги "шайтоннинг шохи" истиора, мажоз ва тамсил йўлига кўра "шайтон бу вақтда ўзига ибодат қилишларини хоҳлаб қолади, у ўзига ибодат қилишларини кўриб, шохларини ўйнатиб, бу вақтда ҳузур қилади" деган маънода айтилган бўлиши керак. Ёки айрим уламолар айтганидек ҳақиқий маънода бўлиб, иблис ва унинг шайтоний малайлари қуёш кўриниши олдида шохларини тўғрилаб туриб олиши мумкин. Бунинг ҳақиқатини эса Аллоҳ билади. Бизнинг билганимиз шуки, қуёш чиқиши, тиккага келиши ва ботиши вақтида мусулмон намоз ўқимасдан кутиб туришидир. 

Юқоридаги ҳадис лафзига ўхшаш ҳадислар машҳурлик даражасига етиб қолган. Шунинг учун ҳам, ҳеч қандай истисносиз бу учта вақтда намоз ўқишни макруҳи таҳримий деб зикр қилинади. Унга ҳамма кунлар, жумладан, жумъа куни ҳам киради. Яъни, жумъа куни қуёш чиқаётганда, тиккага келганда – қиём вақтида ва қуёш ботаётганда намоз ўқиш, жумладан, "таҳийяти масжид" намозини ўқиш ҳам макруҳ бўлади.

● Имом Шофиъий (р.ҳ.) ўзи ривоят қилган ҳадисга биноан жумъа куни қиём пайтида нафл ўқишни (демак, таҳийёт намозини ҳам) жоиз деб биладилар. Бу фикрга Товус, Макҳул раҳимаҳумаллоҳ каби олимлар ҳам қўшилганлар. Имом Шофиъий (р.ҳ.) ривоят қилган ҳадис ушбудир:

    وعن أبى هريرة رضى الله عنه انّ النبى صلى الله عليه وسلم نهى عن الصلوة نصف النهار حتى تزول الشمس الا يوم الجمعة

 «Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинди: Батаҳқиқ, Жаноби Расули акрам (с.а.в.) кундузнинг ярмида қуёш заволга боргунча намоз ўқишдан қайтардилар, фақат жумъа куни бундан мустаснодир» (Шофиъий, "ал-Муснад", 1/275; Байҳақий, 2/4609-4610).

Ушбу ҳадиси шарифга қўшимча равишда Имом Абу Довуд (р.ҳ.) Абулхалил Солиҳ ибн Абу Марям (р.а.)дан, у эса Абу Қатода (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисни ҳам зикр этилади:

كان النبى صلى الله عليه وسلم كره الصلوة نصف النهار حتى تزول الشمس الا يوم الجمعة

 "Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) куннинг ярмида қуёш заволга етгунча намоз ўқишни макруҳ санардилар, магар, жумъа кунида макруҳ санамасдилар" (Абу Довуд, 1/1085; Байҳақий, 2/5897).

Жумъа куни қиём вақтида намоз ўқиш мумкинлигининг сабабини Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай тушунтирганлар:

تكره الصلاة في نصف النهار إلا يوم الجمعة فإن جهنم لا تسجر

"Кун ярмида намоз макруҳ бўлади, фақат жумъа куни бундан мустасно. Чунки, жаҳаннам у кунда қиздирилмайди" (Табароний, "ал-Мўъжам ас-сағир", 7/7725).

Имом Байҳақий (р.ҳ.) ривоятида эса бундай дейилган:

لأَنَّ جَهَنَّمَ تُسْجَرُ كُلَّ يَوْمٍ إِلاَّ يَوْمَ الْجُمُعَة

"Жаҳаннам ҳар куни қиздирилади, фақат жумъа куни қиздирилмайди" (Байҳақий, 2/4607).

● Жумъа истисно сифатида далил қилинган ҳадисларга ҳанафийлар бундай жавоб айтадилар: 

1) Имом Шофиъий (р.ҳ.) "Муснад"ида келтирилган ҳадис исноди: Иброҳим ибн Муҳаммад → Исҳоқ ибн Абдуллоҳ → Саид ал-Мақбурий → Абу Ҳурайра (р.а.) каби ровийлар бўлиб, Иброҳим ва Исҳоқ иккови ҳадисшунослар иттифоғига кўра заифдирлар.

2) Жумъа куни истисно қилинган кейинги ҳадиси шариф эса мунқатиъдир. Муҳаддислар Абу Довуд ва Табароний раҳимаҳумаллоҳ ҳам бунга иқрор бўлиб: «Абулхалил Абу Қатодани кўрмаган» деганлар. 

3) Имом Байҳақий (р.ҳ.)нинг ўзи эътироф қилишича, жумъа куни истисно қилинган ҳадислар, гарчи улар биргаликда қувватлансалар ҳам аслида заифдир. Жумладан, у ривоят қилган мазкур ҳадислар иснодида Мадина аҳлидан бир шайх бўлиб, у мажҳул – номаълум, ал-Воқидий эса матрук – ҳадислари тарк қилинган, Ато ибн Ажлон деган ровий ҳам матрук – ҳадислари тарк қилингандир. 

4) Имом Табароний (р.ҳ.) ривояти эса Восила деган ровий бўлиб, унинг санадида ҳам шунга ўхшаш бир неча заифликлар мавжуддир.   

5) Ушбу ҳадисларнинг санадида гап-сўз бўлганлиги, муҳаддислар Имом Шофиъий (р.ҳ.) ривоят қилган ҳадисни ҳатто заиф дейишгани боис мазкур ҳадислар мутлақ бу учта вақтда намоз макруҳлиги айтилган саҳиҳ ва қарийб машҳурлик даражасига етган ҳадисларга муориз бўла олмаслигини (қарши тура олмаслигини) фақиҳларимиз баён қиладилар. 

6) Гарчи Имом Шофиъий (р.ҳ.) гапларига – фатволарига монанд бизнинг мазҳабимиздан Имом Абу Юсуф (р.ҳ.) ҳам фикр билдирган бўлса-да, лекин Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) ва Имом Муҳаммад (р.ҳ.) жумъа куни ҳам қиём пайтида нафл ўқиш макруҳ, деб қатъий ҳукм қилганлар. Фатво олиш қоидаларига кўра, бу икки зот – тарафайн ҳазратларининг фатволарини олишимиз лозим бўлади. Агар жумъа куни қиём пайтида нафл ўқиш мумкинлиги айтилган ўша ҳадислар саҳиҳ бўлган тақдирда ҳам Мавлоно Алий ал-қори (р.ҳ.) айтганидек:

وكره أبو حنيفة ومحمد الصلوة فيه لاطلاق حديث عقبة وهذه الزيادة غريبة فيه فلا تقيد بها وهو محرم فيقدم على حديث أبى هريرة المبيح

 «Уқба (р.а.)нинг ҳадиси мутлақ келганлиги учун жумъа куни қиёмда намоз ўқишни Абу Ҳанифа (р.ҳ.) ва Муҳаммад (р.ҳ.) макруҳ санадилар. Уқбанинг ҳадисига жумъани истисно қилинадиган зиёдалик (тамоман) ортиқчадир. Бас, ўша зиёдалик (мутлақ келган) ҳаромлиги айтилган нарсани муқайяд қила олмайди. Демак, (жумъа куни қиём пайтида намоз ўқиш мутлақ ҳаром (макруҳ) саналган ҳадис ўша куни намоз ўқишни) мубоҳ саналган Абу Ҳурайра (р.а.)нинг ҳадисига муқаддам қилинади» (Али ал-қори. Шарҳ ан-Ниқоя. – Қозон, 1904. – Б. 93).

7) Демак, Али ал-қори (р.ҳ.) айтганидек, мутлақ ҳаром (яъни макруҳи таҳримий) дейилган ҳадисни заиф ва мунқатиъ ҳадис келиб муқайяд ва истисно қила олмайди. Бу усули фиқҳ қоидасига зиддир. Шунинг учун ҳам, фақиҳларимиз жумъа куни қиёмда нафл ўқишни макруҳ санаб, ўз асарларида мутлақ ушбу вақтда намоз макруҳдир, деб келдилар. 

● Энди, қиём пайтини барча яхши билади. Бу қуёшнинг тиккага келган вақтидир. Унинг вақти 10-15 дақиқа ичида ўтиб кетади. Ана шу вақтда ҳанафийлик мазҳабида нафл ўқиш макруҳлигини яхши билсак бўлди. 

Аммо фиқҳий манбаларда қиём пайтини сал кенгроқ-узоқроқ давом этишини ҳам келтиришган:

لا يجوز التلبس بشىء من تلك الثلثة عند انتصاف النهار العرفى كما ذهب اليه أئمة ماوراء انهر ويجوز ان يكون المعنى من انتصاف النهار الشرعى وهو ضحوة الكبرى الى الزوال كما ذهب اليه ائمة خوارزم

 «Урфдаги кундузнинг ярми пайтида мана шу учтаси, яъни намоз, саждаи тиловат ва жанозадан бирортаси билан машғул бўлиб қолиш жоиз бўлмайди. Урфдаги кундузни олишни Мовароуннаҳр имомлари таклиф қилганлар. Қиёмнинг маъноси шаръий кундузнинг ярмидан дейилиши жоиздир. Куннинг ярми зиҳват ал-кубро (катта чоштгоҳ)дан заволгачадир. Чунончи, бу қавлга Хоразм имомлари келишган» (Шамсиддин ал-Кўҳистоний. Жомеъ ар-румуз. – Қозон, 1902. – Б. 118). 

Ушбу фиқҳий қарашга биноан эҳтиёткор мусулмонлар масжидга эртароқ кириб, таҳийёт намозини ўқиб олишлари, катта чоштгоҳдан заволгача эса нафл ва бошқа намозларини ўқимай туришлари авло экан.  Катта чоштгоҳ деганда қиёмдан қирқ-эллик дақиқалар олдинги вақтни айтадилар. Завол бу қуёшнинг қиёмдан оғган вақти, яъни, пешин ва жумъа ўқиш мумкин бўлган аввалги вақтдир. Демак, мана шу оралиқ намоз ўқимаслик яхшироқ бўлган вақтдир.

Бунга учта вақтда намоз ўқишнинг макруҳлиги борасидаги Имом Абдурраззоқ (р.ҳ.)нинг ривоятида далил бор:

عن عقبة بن عامر قال نهانا رسول الله صلى الله عليه و سلم أن نصلي في ثلاث ساعات وأن ندفن فيهن موتانا عند طلوع الشمس حتى تبيض وترتفع وعند غروبها حتى يستبين غروبها ونصف النهار في شدة الحر

"Расулуллоҳ (с.а.в.) бизларни учта вақтдан бирида намоз ўқишдан ва унда марҳумларга жаноза ўқишдан қайтарган эдилар: қуёш чиқиб то оқаргунча; қуёш ботиб то бутунлай ботиб кетгунча; кун ўртаси иссиқ шиддатли бўлган вақтда" (Абдурраззоқ, 3/6569). 

Чунки, мазкур ҳадиси шарифда "нисфи наҳор" ("кун ўртаси")да намоз ўқиш макруҳлиги тилга олинган. "Нисфи наҳор" икки хил бўлади: урфий ва шаръий. Урфдаги кун қуёш чиққандан у ботгунча давом этади, демак, унинг ярми қуёш тиккага келган вақт ҳисобланади. Шаръий маънодаги кун эса тонг отгандан бошланиб, қуёш ботгунгачадир. Унинг ярми эса катта чоштгоҳ вақти ҳисобланади.

Яна ҳадисда иссиқ шиддатли вақт ҳам тилга олинган. Иссиқ эса айнан катта чоштгоҳда соат кундузги ўн иккилар атрофида кучая бошлайди.  

● Аслида, жумъага эртароқ ҳаракат қилмоқ лозим ва лобуд амаллардандир. Жумъага эрта борганларнинг савоби кўпроқ бўлиши, ҳадиси шарифларда таъкидланган.

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилганлар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ اغْتَسَلَ يَوْمَ الْجُمُعَةِ غُسْلَ الْجَنَابَةِ ثُمَّ رَاحَ فَكَأَنَّمَا قَرَّبَ بَدَنَةً وَمَنْ رَاحَ فِي السَّاعَةِ الثَّانِيَةِ فَكَأَنَّمَا قَرَّبَ بَقَرَةً وَمَنْ رَاحَ فِي السَّاعَةِ الثَّالِثَةِ فَكَأَنَّمَا قَرَّبَ كَبْشًا أَقْرَنَ وَمَنْ رَاحَ فِي السَّاعَةِ الرَّابِعَةِ فَكَأَنَّمَا قَرَّبَ دَجَاجَةً وَمَنْ رَاحَ فِي السَّاعَةِ الْخَامِسَةِ فَكَأَنَّمَا قَرَّبَ بَيْضَةً فَإِذَا خَرَجَ الْإِمَامُ حَضَرَتْ الْمَلَائِكَةُ يَسْتَمِعُونَ الذِّكْر

"Кимки жумъа куни жанобат ғусли сабаб чўмилса, сўнг жумъага борса, худди туя қурбонлик қилгандек савоб бўлур. Иккинчи соатда масжидга келса, худди мол қурбонлик қилгандек бўлур. Учинчи соатда масжидга келса, худди шохли қўчқор қурбонлик қилгандек бўлур. Тўртинчи соатда масжидга келса, товуқ қурбонлик қилгандек бўлур. Бешинчи соатда масжидга келса, тухум садақа қилгандек бўлур. Имом минбарга чиқиб келар экан, фаришталар ҳозир бўлиб, зикрни эшитадилар" (Бухорий, 1/881; Муслим, 2/850; Термизий, 2/497-499; Насоий, 3/1388; Абу Довуд, 1/351; Ибн Ҳиббон, 7/2775; Аҳмад, 2/9928; 16/9926; Байҳақий, 3/5655; Шофиъий, 1/272).

Шунинг учун жумъа куни эрталабдан тайёргарлик кўриб, ғусл қилиб, атир ва хушбўйликлар сепиб, тоза кийимлар кийиб, сўнг эртароқ масжидга боришга ҳаракат қилмоқ савобли амаллардандир. Шунда у кимса масжидга кирганда, "таҳийяти масжид" намозини ўқиб, зикрлар ва саловотлар айтиб ўтиради.   

● Энди, катта чоштгоҳдан кейин жумъа ўқиш учун масжидга кирган одам "таҳийяти масжид" намозини ўқимасдан ўтириб, Пайғамбаримиз (с.а.в.)га саловот айтиб ўтириши тавсия қилинади. Зеро, жумъа куни ул зоти шарифга саловот кўп айтиш ҳақида тарғиблар келган:

الصلاة علىَّ نور على الصراط فمن صلى علىَّ يوم الجمعة ثمانين مرة غفرت له ذنوب ثمانين عامًا

"Менга саловот айтиш сирот кўпригида нурдир! Кимки менга жумъа куни саксон марта саловот айтса, унинг саксон йиллик гуноҳлари мағфират қилинади" (Суютий, "Жомеъ ал-аҳодис", 14/13808; ал-Муттақий, "Канз ал-уммол", 25/2149; ал-Муновий, "Файз ал-қадир", 4/5191).  

Яна Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг мана бундай деганларини унутмаслик керак:

إِذَا دَخَلَ أَحَدُكُمُ الْمَسْجِدَ فَلْيُسَلِّمْ عَلَى النَّبِىّ

"Қачон сизлардан бирингиз масжидга кирса, Пайғамбарга салом-саловот айтсин!" (Доримий, 1/1445).

Демак, жумъа куни катта чоштгоҳдан кейин масжидга кирган кимса "таҳийяти масжид" намозини ўқимасдан ўтириши керак ва Расулуллоҳ (с.а.в.)га саловот айтишни канда қилмаслиги керак. Зотан, умумий маънода келган саҳиҳ ҳадиси шарифларда бир марта саловот айтган кимсага Парвардигори оламнинг Ўзи ўн марта саловот айтиши зикр қилинган:

من صلى علي واحدة صلى الله عليه عشرا وكتب له بها عشر حسنات وحط عنه عشر خطيئات ورفعت له عشر درجات

“Кимки менга битта саловот айтса, Аллоҳ унга ўнта саловот айтади ва ўша сабабли ўнта яхшилик ёзади ҳамда ундан ўнта хатоликларини ўчиради, уни ўнта даражага кўтаради” (Қаранг: Бухорий “Адаб ал-муфрад”, 1/643, 645; Муслим, 1/384; Термизий, 2/484-485; Абу Довуд 1/1532; Насоий, 1/1219-1220; Доримий, 2/2828; Ҳоким, 1/2018; Табароний, 5/4717; Ибн Хузайма, 1/418; Аҳмад, 2/8841.).

Шунингдек, бу вақтда одатда имом домлалар халққа маърифий суҳбатлар, амри маъруф ва наҳий мункарлар қиладилар. Амри маъруф ва наҳий мункарни тинглаш, қулоқ солиш ва эшитганларига амал қилишга киришиш фарз амаллардандир. Фарзни қўйиб "таҳийяти масжид" намозига ўхшаган нафлларга киришиб кетилмайди. Шунинг учун ҳам фиқҳий манбаларда имомларнинг арабча ўқийдиган хутбалари вақтида хутба орасида амри маъруф ва наҳий мункар борлиги учун уни тушунилмаса ҳам, тинглаб ўтириш лозим дейилган ва у пайтда намоз ўқишни эса макруҳ деб қайд қилинган.


Ҳамидуллоҳ Беруний



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир кекса аёлдан фарзандларининг салоҳияти, уларнинг муваффақиятлари ва отаоналарига кучли эҳтироми сабабини сўрашганда, шундай жавоб берган экан .Аллоҳнинг давоми...

5503 11:00 / 14.01.2023
1дарсБИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг кайфиятиҲанафий мазҳаби ижтиҳоди ёғдусига кўраМАТН1Матн Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

3455 05:00 / 09.01.2017
Аллоҳ таоло айтади .Эй мўминлар, молдунёларингиз ва болачақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан яъни, Аллоҳга ибодат қилишдан юз ўгиртириб қўймасин Кимки давоми...

9780 05:00 / 09.01.2017
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким намозни унутса, бас, уни эслаган пайтида ўқиб олсин. Унинг бундан бошқа каффорати давоми...

7297 05:00 / 04.01.2017