1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Обиҳаёт

16:25 / 06.04.2017 5046 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Обиҳаёт

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин.

Халқимизда «обиҳаёт» деган сўз бор. Албатта, бу сўз ўз ичига олам-олам маъноларни олади. Мазкур сўзнинг асл манбаи шариатдир. Чунки сув ҳаёт манбаи, деб бежиз айтилмайди. Буни тўлиқ тушунишимиз учун эса бир неча ояти карималар, ўнлаб ҳадиси шарифлар, ундан-да кўпроқ асар ва ҳикматли сўзларни ўрганиб чиқишимиз керак бўлади.

Аллоҳ таоло ер шарини яратар экан, унда Ўзининг халифаси (ўринбосари) этиб, бутун махлуқотларнинг гултожиси қилиб инсонни яратди. Ва уни ер юзида азизу мукаррам қилди. Шунинг учун ҳам ердаги барча махлуқоту мавжудотларнинг энг катталаридан тортиб, энг кичикларигача инсониятга беминнат хизматкор қилиб қўйди. Ер юзида инсоннинг яшаши учун керак бўладиган барча шарт-шароитларни мукаммал ҳолда яратди. Сон-саноқсиз оламлар бир-бирларига ўта мутаносиб ҳамда мувофиқ бўлган ҳолатда Аллоҳнинг буйруғидан, жорий қилган қонун-қоидасидан заррача четга чиқмай, инсониятга хизмат қилади. Ва уларнинг барчалари Роббил Оламин тарафидан инсоният учун тақдим этилган неъматлардир.

Биз қуйида ана шундай сон-саноқсиз неъматларнинг энг буюкларидан бири бўлмиш сув тўғрисида сўз юритамиз. Тақдим қилмоқчи бўлган маълумотларимиз манфаатли, таъсирчан, натижаси баракотли бўлиши учун Қуръони Каримнинг сув ва унинг фазилати тўғрисидаги ояти карималаридан бир нечасини келтириб ўтамиз. Аслида эса айнан сувга тегишли бўлган маълумотларни ўзида мужассам қилган жуда ҳам кўплаб ояти карималар бор. Биз намуна сифатида улардан баъзиларни келтириш билан кифояланамиз.

Аллоҳ таоло бандалари учун ва уларга мусаххар қилиб қўйилган чорва, турли наботот учун сув энг зарурий неъмат эканини баён этиб, бундай марҳамат қилади:

 «У осмондан сувни туширган Зотдир. Сизга унда шароб ва  (чорваларингизни)  ўтлатадиган дарахт бордир.

(У Зот) ўша (сув) ила сизга экинларни, зайтунни, хурмоларни, узумларни ва турли меваларни ўстирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир» (Наҳл сураси, 10–11-оятлар).

Аллоҳ таоло яна бундай марҳамат этади:

«Аллоҳ осмондан сув тушириб, у ила ерни ўлимидан кейин тирилтирди. Албатта, бунда эшитадиган қавмлар учун оят-белгилар бордир» (Наҳл сураси, 65-оят).

Қуръони Каримнинг Анъом сурасида шундай дейилади:

«У осмондан сув нозил қилган Зотдир. Бас, у (сув) ила турли набототлар чиқардик. Ундан яшил гиёҳларни чиқардик. Ундан ғужум-ғужум бошоқлар чиқарамиз. Ва хурмодан, унинг новдаларидан яқин шингиллар чиқарамиз ва узум боғлари чиқарамиз. Бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни чиқарамиз. Унинг мева қилиш пайтидаги мевасига ва пишишига назар солинг. Албатта, бундай нарсаларда иймон келтирадиган қавм учун оят-белгилар бордир» (Анъом сураси, 99-оят).

Юқорида зикри келган барча ояти карималарда сувнинг қанчалик буюк неъмат экани баён этилган. Инсонлар учун икки дунё бахту саодатини таъминлаб берувчи, барча замон ва маконларда пайдо бўладиган ҳар қандай муаммоларнинг илоҳий ечимини ифода этувчи, қиёмат кунигача боқий қолувчи, шариати исломиянинг асосий манбаи бўлмиш Қуръони Каримда  сувга шунчалик эътибор берилган экан, биз инсонлар нима учун ушбу неъматга бепарво бўламиз?!

Бунинг жавобини ҳамма ҳар хил бериши мумкин. Ва, албатта, уларнинг ҳам жавобларида қандайдир асослар бор. Лекин биз мазкур эътиборсизликнинг сабабини юқоридаги ояти карималарнинг ўзидан ахтарсак, тўғри бўлади. 

«Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир»;

«Албатта, бунда эшитадиган қавмлар учун оят-белгилар бордир»; 

«Албатта, бундай нарсаларда иймон келтирадиган қавм учун оят-белгилар бордир». 

Демак, бу муаммонинг сабаби тафаккур қилмаслик, ваъз-насиҳатга қулоқ тутмаслик (яъни, эшитмаслик) ёки иймон келтирмаслик экан. Агар мазкур оятларда айтилганидек, ҳар биримиз тафаккур қиладиган, ибрат оладиган, ваъз-насиҳатларни тинглайдиган ва иймон келтирадиган бўлсак, албатта, бутун дунё халқларининг олдида турган энг катта мусибатлардан бири – ичимлик сувига бўлган эҳтиёж ўз-ўзидан барҳам топади.

Қуръони Каримда сувнинг бу қадар кўп зикр этилиши бежизга эмас. Сабаби инсон ҳаёти ва фаолиятида сув энг бебаҳо, зарур неъматлардандир. Инсон танасининг катта қисми сувдан иборат. Масалан, чақалоқ оғирлигининг етмиш беш фоизини сув ташкил этади.

Сув инсоннинг ҳаёт кечириши учун асосий қувват манбаидир. Инсон овқатсиз уч-тўрт ҳафтагача яшаши мумкин, аммо сувсиз уч кунга ҳам чидай олмайди. Одам танасидаги сув агар ўн беш фоизга камайса, инсон ҳалок бўлади. Инсон ўртача умри давомида тахминан эллик тонна ичимлик суви истеъмол қилади. Бунга яна унинг тозаланиб, покланиш ва бошқа мақсадларда ишлатадиган сув миқдори қўшилса, одамга у қанчалик зарур ҳамда бебаҳо неъмат экани ойдинлашади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бу дуони мунтазам ўқиб юрганлар: «Сувни Ўз раҳмати билан чучук қилиб қўйган, гуноҳларимиз сабабли шўр ва аччиқ қилиб қўймаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!»

Инсоф билан айтайлик, қай биримиз холислик ила бирор марта шундай дуо қилганмиз? Менимча, деярли ҳеч ким!

Нимага?! Чунки бизнинг наздимизда сув буюк неъматлар сирасига кирмайди. Одатда эса ҳар бир инсон ўзи энг муҳтож бўлган нарсани Аллоҳдан дуо қилиб сўрайди. Бизнинг юртимизда эса бирор киши сувга бу даражада зор бўлмайди (гоҳо сувларнинг ўчирилиши, тўхтатиб қўйилиши каби ҳолатлар бундан мустасно).

Аслида эса инсон қандайдир неъматдан маҳрум бўлганидан сўнг у ҳақида дуо қилиб, ялиниб-ёлвориб, унинг чорасини кўриб, қайғуриши ақлдан эмас. Балки неъмат қўлдан кетмасдан туриб уни қадрлаш, тежаш ва авайлаб-асраш оқилликдир.

Билмаган бўлсак, энди билдик! Эшитмаган бўлсак, энди эшитдик! Ҳозирдан бошлаб барчамиз кундалик дуоларимиз рўйхатига чучук сув сўрашни ҳам киритиб қўйишимиз керак.

Сўнгги асрларда инсониятнинг Аллоҳ неъматларига, хусусан, сувга бўлган эътиборсизлиги, исрофгарчилиги, ношукрлиги оқибатида катта муаммолар келиб чиқяпти. Ҳозирги пайтда жами 470 миллион киши сув тақчиллиги кескинлашган минтақаларда, 2,4 миллиард киши эса сув тозалаш қурилмалари ва дренаж тизими орзулигича қолаётган ўлкаларда яшайди. Яна йигирма йилдан кейин сув етишмайдиган юртларда истиқомат қилувчилар сони олти бараварга кўпайиб, бу рақам 3 миллиард кишига етиши кутилмоқда. Сифатли ичимлик суви етишмаслигидан жаҳонда йилига 10 миллион киши касалланиб, нобуд бўлаётир.

Муаммо кўлами шунга етиб келдики, сув туфайли мамлакатлар ўртасида катта можаролар келиб чиқяпти, сув бошида турган айрим юртлар сув этагида бўлган ўлкаларга сув бермаслик учун турли найрангларни ўйлаб топишяпти, бундан ўзларининг ғаразлари йўлида фойдаланишни кўзлашяпти.

Сув захиралари бўйича учинчи халқаро анжуманда мутахассислар бугунги кунда сув захираларига бўлган талаб ниҳоятда кўпаяётганини таъкидладилар.

Қуръони Каримнинг бир неча сурасида Парвардигор Ерга аниқ бир ўлчовда ёғин ёғдиришини зикр этган. Агар Аллоҳ таоло бир йилгина Ерга умуман қор-ёмғир ёғдирмай қўйса ёки керагидан ортиқча ёғдирса, бунинг оқибати нима билан тугашини ҳатто тасаввур қилиш қийин. Бундаги ўлчов, миқдор Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига боғлиқ. Қуръони Карим бу ҳақда шундай таълим беради:

«У Зот осмондан ўлчов ила сув туширди…» (Зухруф сураси, 11-оят).

Аллоҳ таолонинг қудрати ва ҳикматини қаранг, У табиатдаги сув айланишини ҳам аниқ меъёрга солиб қўйган. Мутахассислар ҳисобича, Ер сатҳидан бир сонияда 16 миллион тонна сув буғланади, бу миқдор йилига 505 триллион тоннага етади. Энг қизиғи, Ерга ёғадиган ёмғир миқдори ҳам айнан шунчани ташкил этар экан. Демак, табиатдаги сув айланиши бир хил меъёрда ва миқдорда давом этади.

Ердаги ҳаёт ҳам сувнинг мана шундай айланишига боғлиқ. Инсон энг замонавий технология имкониятларини ишга солиб ҳам, бу жараённинг бирор қисмини сунъий равишда амалга ошира олмайди. Сув айланиш меъёрининг озгина ўзгариши ҳам жуда катта табиий номутаносибликка олиб келади. Аммо бу ҳеч қачон содир бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло ёмғирни аниқ ўлчов билан ёғдиришга ваъда берган.

Лекин биз бепарволик, лоқайдлик, исроф ва ношукрчиликка берилиб, сувга нисбатан совуққонлик ила муносабатда бўлмаслигимиз керак. Акс ҳолда бизларни ичимлик сувлари билан сероб қилиб қўйган Аллоҳ таоло гуноҳ-маъсиятларимиз туфайли унга муҳтож қилиб қўйиши ҳам мумкин.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўзининг ояти каримасида қуйидагича хабар берган:

«Айт: «Айтинглар-чи, агар сувларингиз ерга сингиб кетса, сизларга ким осонгина топиладиган сувни келтирур?» (Мулк сураси, 30-оят.)

Ҳақиқатдан ҳам агар сувларингиз ерга сингиб, йўқ бўлиб кетса, Аллоҳдан ўзга ким уни чиқариб бера олади? Дарё-сойларингизга тушадиган чашма-булоқларга Аллоҳдан бошқа ким ҳам сув етказиб турарди? Агар Холиқи Зулжалол бирор неъматини тортиб олиб қўйса, бутун дунё одамлари тўпланиб ҳам буни қайтаришга қодир эмас. Улкан-улкан саҳро ва чўллар сув йўқлиги туфайли обод бўлмай ётибди. Бир ўлкада сув тошиб, одамлар қочгани жой тополмай қийналса, бошқа жойда жонзотлар бир ҳовуч ичимлик сувига зор. 

Юқорида зикр этилган ояти карималар орқали Аллоҳ таоло биргина сув мисолида Ўзининг қудрати ва азаматига эътиборни жалб қилмоқда. Буни, хусусан, бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларида содир бўлаётган табиий офатлар ва балолар мисолида кўриш мумкин. Айниқса, ҳозирги асримизга келиб, ичимлик суви муаммоси жиддийлашганида ояти кариманинг илоҳий ҳикмати янада ойдинроқ кашф бўляпти.

Шу ўринда ибратли бир мисолни келтириб ўтсак. Яқинда телевидение орқали ажойиб лавҳа кўрсатишди: Африкадаги бир мамлакатда анчадан буён очарчилик, қаҳатчилик ҳукм сурар экан. Мухбирлар ерли аҳолига очарчиликдан қутулиш учун ҳеч бўлмаганда маккажўхори экиб жон сақлашни тавсия этишганида бир қора танли занжи: «Э, гапириш осон, ҳатто Оврупадан макка уруғи ҳам жўнатишди. Ўрмондаги дарахтларни кесиб-ёндириб ер очдик, қумини кетказиб, ҳосилдор ерни чиқардик, унга уруғни экдик, ишлов бердик, аммо бир қаричдан ортиқ кўтарилмади. Сабаби осмондан бир томчиям ёмғир тушмади. Энди киндик қонимиз тўкилган ватанни ташлаб кетишга тўғри келяпти», деди. Бунда жаннатмакон ўлкада яшаб, Аллоҳ берган неъматларга шукрни унутиб қўйган кишилар учун катта ибрат бордир.

Азизлар! Бугунги кунда мусулмонлар орасида Аллоҳ таоло ўзларига ато этган турли неъматлар қатори сувни ҳам исроф қилаётган, бу бебаҳо неъматга бепарво муносабатда бўлаётган кишиларнинг ҳам борлиги ачинарли ҳол. Ҳаётимиз учун энг зарур неъмат бўлган сув исрофи ҳаммасидан ошиб тушяпти. Бунга йўл қўймай, сувни тежаб-тергаб ишлатайлик. Азиз фарзандларимизга ҳам сувни исроф қилмасликни ўргатайлик. Бир дона носоз жўмракдан томчилаётган сув бир соатда қанча бўлишини яхши тасаввур қиламиз. Сувни исроф қилмаслик барчамизнинг бурч ва вазифамиз эканини асло унутмайлик. Ҳозир жаҳонда ичимлик суви муаммоси энг биринчи даражали ташвишлардан бўлиб турибди. Бугунги кунда дунёда 1 миллиарддан ортиқ киши ёки жами аҳолининг олтидан бир қисми тоза ичимлик сувига муҳтож.

Дунёнинг жуда кўп мамлакатларида миллионлаб одамлар тоза сувга ташна. Бир челак сув учун жанжал-можаролар бўлаётган бир пайтда биз сувни жўмраклардан оқизиб қўйяпмиз. «Нега бундай?» десангиз, «Совуқда музлаб қолади» каби баҳоналарни топамиз. Тоза ичимлик суви билан экинларимизни суғорамиз, машинамизни ювамиз, салқинлатиш учун ҳовлиларимизга, кўчаларимизга сепамиз. Айниқса, таҳорат ва ғусл қилишда одамларнинг қанчалар сув исроф қилаётганини кўрганда тежамкорлик деган нарса батамом унутилганига иқрор бўласиз.

Афсуски, бу ҳам етмагандек, айрим жоҳил кимсалар томонидан сув ҳавзаларига, ариқ ва каналларга турли чиқиндилар ташланмоқда. Уларни ифлослантириш шу даражага етдики, ҳатто баъзи хонадонлар оқава-нажосат сувларини ҳаётимиз манбаи анҳорларга оқизмоқдалар. Бу на шариат ва на инсоний қонун-қоидаларга тўғри келади. Бундай гуноҳ ишлардан тезда қайтиб, дарҳол тавба қилиб, хатоларимизни ислоҳ этишимиз зарур.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди», деганлар.

Яна бир ҳадисда эса: «Исрофгар кимса жаннатга кирмайди», дейилган.

Бугунги кунда барча инсонлар аввало тоза сув ичиш, бунда меъёрга эътибор бериш, шу йўл билан саломатликларини муҳофаза этишнинг нақадар долзарблигини чуқур ҳис қилишлари лозим. Мусулмонларимиз Ислом дини кўрсатмаларига амал қилиб, Аллоҳ таолонинг раҳмати ҳамда инсонларга ато этган тансиқ неъматини тоза сақлаш, тежаб ишлатиш, истеъмолда меъёрларга риоя этишда ҳамиша бошқаларга ибрат бўлиб келишган ва шундай бўлиб қолишлари зарур. Зотан, Аллоҳ таоло бизларни қуйидагича огоҳлантиради:

 

«Ўзингиз ичадиган сувни ўйлаб кўринг-а! Уни булутлардан сиз туширганмисиз ёки Биз туширувчимизми? Агар хоҳласак, уни шўр қилиб қўямиз. Шукр қилсангиз-чи!» (Воқиъа сураси, 68–70-оятлар.)

Минг афсуслар бўлсинки, кўпчилигимиз ҳақиқатдан ҳам обиҳаёт учун шукр қилмаймиз. Қанчадан-қанча соғлигимиз учун зарарли бўлган ҳар хил салқин ичимликларни қимматбаҳо нархларда сотиб олиб истеъмол қиламиз-у, уйимиздаги жўмракни шундоқ бурасак, беминнат оқиб келаётган тоза ичимлик суви учун тўловларни ўз вақтида тўламаймиз. Балки бундан малолланамиз, норози бўламиз.

Чучук сув сероб бўлиши учун 

қандай чоралар кўрилиши керак?

Бутун дунё халқлари, хоссатан, сувга тегишли бўлган соҳа олимларининг олдида турган энг катта муаммо чучук сув заҳиралари кундан-кунга камайиб, йўқ бўлиб бораётганидир. Мутахассисларнинг таҳлиллари бўйича чучук сувга бўлган эътиборсизлик шу даражада давом этаверадиган, дунё аҳолисининг сони йилдан-йилга тобора кўпаяверадиган бўлса, 2050 йилга бориб туғилажак болаларнинг 80 фоизи сув танқис бўлган ҳудудларда дунёга келади.

Шу ўринда «Мазкур муаммонинг бирор ижобий ва аниқ ечими борми?» деган ўринли савол туғилади.

Соҳа мутахассисларининг бу саволга бир неча хил жавоблари ҳам бор. Уларни умумий ҳолатда юқорида тақдим этилган маълумотлар ичида келтириб ўтганмиз. Шундай бўлса-да, ҳар доимгидек илоҳий Каломга яна бир бор мурожаат қиламиз.

«Бас, Роббингизга истиғфор айтинг, албатта, У гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир», дедим. «(У Зот) осмондан устингизга кетма-кет барака ёмғирини юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир» (Нуҳ сураси, 10–12-оятлар).

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ олдиларига бир киши қурғоқчиликдан шикоят қилиб келди. Ҳасан Басрий унга: «Гуноҳларингга истиғфор айт», дедилар. Иккинчи бир киши ўзининг камбағаллигидан, бошқаси насли камлигидан, яна бири еридан даромади озлигидан шикоят этди. Уларнинг ҳаммасига истиғфор айтишни буюрдилар. Шунда даврада ўтирган бир киши Ҳасан Басрийга мурожаат қилиб: «Эй имом, сизга одамлар турли ҳожатларини шикоят қилдилар, сиз эса уларнинг ҳаммасига бир хил жавоб бердингиз...» деди. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бу саволга жавоб тариқасида юқорида келтирилган оятларни ўқиб бердилар.

Муаммонинг ечими шариатимизда фақатгина назарий билимларни ҳосил қилиш билангина эмас, балки мазкур кўрсатмалар воқеликда ҳам амалга оширилгани билан аҳамиятлидир. Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун қуйидаги ҳикояни сиз азизларга тақдим этамиз.      

Ривоят қилинишича, Мусо алайҳиссалом даврларида Бани Исроил қавмига қаҳатчилик етди. Одамлар у зот ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг пайғамбари, Раббингга дуо қил, бизга ёмғир ёғдирсин», деб ўтинишди.

Мусо алайҳиссалом улар билан бирга саҳрога чиқдилар. Одамлар етмиш минг ёки ундан зиёд эдилар. Мусо алайҳиссалом дуо қилиб: «Илоҳим, бизга ёмғирингни ёғдир ва раҳматингни тушир, эмадиган гўдаклар, ўтлайдиган ҳайвонлар ва қарияларнинг сабабидан бизга раҳм қил», дедилар.

Дуодан сўнг қуёш ҳарорати янада зиёдалашди. Мусо алайҳиссалом таажжубга тушиб, Раббисидан бунинг боисини сўраган эдилар, Аллоҳ ваҳий қилиб: «Орангизда қирқ йилдан бери гуноҳ қилиб, Менга осий бўлиб келаётган банда бор, шу банда сафдан чиқсин, унинг сабабидан ёмғирни тўхтатиб турибман», деди. Мусо алайҳиссалом: «Илоҳим, Хожам, мен бир заиф банда бўлсам, овозим ҳам кучсиз бўлса, қаерга ҳам етарди?! Улар етмиш мингдан зиёд-ку», дедилар. Аллоҳ таоло: «Нидо – сендан, етказиш эса – Биздан», деб ваҳий қилди.

Шунда Мусо алайҳиссалом туриб: «Эй қирқ йилдан бери гуноҳ қилиб, Аллоҳга осий бўлиб келаётган банда, орамиздан чиқ, сенинг сабабингдан ёмғир тўхтаб турибди», деб нидо қилдилар.

Гуноҳкор банда ўнг ва чап ёнига қаради, лекин ҳеч кимнинг четга чиққанини кўрмади. Билдики, талаб қилинаётган киши ўзи экан. Ночор қолган гуноҳкор киши агар жамоатдан чиқсам, шарманда бўламан, чиқмасам, менинг сабабимдан ёмғир ёғмайди, деб ўйлади ва гуноҳларига қаттиқ пушаймон бўлиб, Аллоҳга илтижо қилди: «Парвардигоро, қирқ йил гуноҳ қилдим, (азоб юбормасдан, шарманда қилмасдан) муҳлат бердинг. Энди эса Сенга итоат қилиб сўрайман, тавбамни қабул қилгин». Банда ҳали гапини тугатмасидан осмонга булут келиб, меш оғзидан сув тўкилгани каби ёмғир ёға бошлади.

Мусо алайҳиссалом: «Илоҳо, Хожам, гуноҳкор банданг орамиздан чиқмади-ку, нима учун ёмғир ёғдиряпсан?» дедилар. Аллоҳ таоло: «Эй Мусо, (энди) шу (тавба қилган) банда сабабидан ёмғир ёғдиряпман», деди. Мусо алайҳиссалом: «Илоҳо, менга ўша бандангни кўрсат», дедилар. Аллоҳ таоло: «Мен уни гуноҳ қилиб юрган вақтида шарманда қилмадим, энди итоатгўй бўлганида шарманда қиламанми?!» деди.

Ҳа, азизлар, камчиликлар тўғрисида бонг уриб, дод-фарёд қилиб, ойнаи жаҳон, матбуот ва бошқа ахборот воситаларида, жумладан, интернетда ҳам ҳар қанча айюҳаннос солмайлик, токи Роббимиз бўлмиш Аллоҳ таолонинг жорий қилган қонун-қоидаларига мувофиқ ҳаёт кечириб, ўзимизнинг бандалик бурчларимизни адо этиш билан бирга қилган гуноҳ-маъсиятларимизга астойдил, ихлос ила тавба қилмагунимизча муаммолар гирдобидан халос бўла олмаймиз.

 

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир подшоҳ бир киши қўлига сават тутқазиб .Ушбу боғдаги мевалардан кеч киргунча териб чиқ,, деди. У одам боғга кирди. Биринчи қаторда ажойиб, бирбиридан ширин давоми...

1823 17:00 / 05.11.2021
Қуръонда келадиган суралардан бирининг номи Каҳф. Раббимиз бизга нозил этган Китобини охирги одамгача барча Аллоҳни танисин, динини тушунсин дея туширди. Бунга давоми...

1589 13:27 / 18.01.2022
Ҳикоя қилинишича, араб чавандози саҳрода от устида борар эди. Йўлда ташналикдан қийналаётган бир кишини кўриб қолди. Бояги одам чавандоздан сув сўради. Чавандоз давоми...

3697 14:00 / 19.08.2022
Бир киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг олдига келиб деди Мен бир кишининг олдидан келяпман, у одамларга Қуръонни ёддан имло қиляптиУмар розияллоҳу анҳу давоми...

2646 14:00 / 06.06.2022