1446 йил 15 жумадул аввал | 2024 йил 17 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Эзгулик йўлида кексайиш саодатдир

17:56 / 06.04.2017 4023 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Юқорида зикр қилинган маънолардан ким бўлишидан қатъи назар, банда бир кун келиб кексайиши борлигини билиб олдик. Аммо кексайиш билан кексайишнинг орасида фарқ бор. Энг яхши кексайиш яхшилик билан яшаб, яхшилик қилиб юриб кексайишдир. Агар банда Ўзини йўқдан бор қилган Роббини таниб, У Зотнинг айтганини қилиб яшаб кексайса, унинг кексалиги энг яхши, энг чиройли кексалик бўлади. Унинг кексалиги бахтга ва саодатга олиб борадиган кексалик бўлади.

Қуйидаги сатрларда шарҳ қилинадиган ҳадиси шарифларда худди мана шу ҳақиқат борасида сўз кетади.

Абдуллоҳ ибн Бусрдан ривоят қилинади:

«Бир аъробий: «Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг яхшиси ким?» деди.

«Умри узун, амали гўзал бўлган одам», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Қисқа ва жуда ҳам маъноли савол: 

«Одамларнинг яхшиси ким?» 

Дунёдаги барча одамларнинг яхшиси ким? Уларнинг ичида яхшилари кўп бўлиши мумкин. Аммо яхшиларнинг яхшиси ким. Набий солаллоҳу алайҳи васаллам ушбу қисқа ва балоғатли саволга жуда ҳам қисқа ва жуда ҳам балоғатли жавоб бердилар. 

«Умри узун ва амали гўзал бўлган одам».

 Демак, узоқ умр кўриш одамларнинг яхшиси бўлиш учун омил бўлар экан. Ўша узоқ умр эгаси одамларнинг яхшиси бўлиши учун қўйиладиган шарт – амали гўзал бўлиши экан. Амалнинг гўзал бўлиши эса Аллоҳ таолонинг динида бўлиш ва унга амал қилиш билан юзага чиқади.

Аллоҳ таоло барчамизга умри узун ва амали гўзал бандаларидан бўлишни насиб этсин!

 Фазола ибн Убайддан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Кимнинг бир толаси Аллоҳ йўлида оқарса, бу унинг учун қиёмат куни нур бўлади».

Аҳмад, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

Ҳар бир инсон учун бир тола сочининг Аллоҳ йўлида оқариши буюк бахт, улкан саодатдир. Чунки ўша соч Аллоҳ йўлида, Исломда оқаргандир. Бундай инсоннинг соч-соқоли Аллоҳ таолонинг йўлида юриб, ибодатда бўлиб, борлиқдаги барча мавжудотга – инсонлар оламига, ҳайвонлар оламига, набототу жамодот оламига яхшилик қилиб оқаргандир. Шунинг учун ҳам Исломда оқарган ҳар бир тола қиёмат куни эгасига нур бўлиб келади.

«Саъид айтди: «Иброҳим биринча хатна қилинган, биринчи зиёфат берган, биринчи тирноқ олган ва биринчи толаси оқарган зотдир. Ўшанда у: «Эй Роббим, бу недир?» деди. «Виқордир», деди. «Эй Роббим, виқоримни зиёда қил!» деди».

Бухорий «Адабул муфрад»да ривоят қилган.

Виқор ўзини билган ҳар бир банда учун буюк мақомдир. Бу мақомга эришишнинг йўлларидан бири эзгулик йўлида яшаб қариш ва соч-соқолнинг Исломда оқаришига эришишдир. Бу йўлда оқарган ҳар бир тола эгасининг виқорини зиёда қилади.

Аллоҳим, барчамизга виқоримиз зиёда бўлишини насиб қилгин!

 

Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Оқарган толани юлманглар, чунки у мусулмоннинг нуридир. Кимнинг бир толани Исломда оқарса, Аллоҳ унга ўша тола учун бир яхшилик ёзади, бир ёмонликни ўчиради ва ўша ила унинг даражасини кўтаради».

Аҳмад ривоят қилган.

Юқорида зикр қилинган бир толанинг Исломда оқариши учун бериладиган мақомларга зиёда равишда бу ҳадиси шарифда яна учта буюк мақом зикр қилинмоқда. Аллоҳ унга ўша тола учун:

1. Бир яхшилик ёзади.

2. Бир ёмонликни ўчиради.

3. Бир даражасини кўтаради.

Ушбу уч нарсанинг ҳар бири ўзини билган мўмин банда учун катта мақомдир. Зотан, мўмин банданинг кўзлаган энг юқори мақомлари кўпроқ яхшилик жамлаш, ёмонликларнинг ўчирилишига эришиш ва даражасининг олий бўлишига уринишдан иборатдир. Ҳар бир толанинг оқариши айни ўша мақомларга сабаб бўлиши жуда ҳам улуғ ишдир. 

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Аллоҳ таборака ва таоло: «Мен соч-соқоли Исломда оқарган бандам ва чўримни – зеро, бандамнинг соқоли, чўримнинг сочи Исломда оқаради – шундан кейин азоблашдан уяламан», дейди».

Абу Яъло ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда зикр қилинган мақом мўмин ва мўмина бандалар учун энг олий даражадаги мақомлардан бири, десак муболаға қилмаган бўламиз. Аллоҳ таоло сочи ва соқоли Исломда оқарган отахон ва онахонларни оқарган толалари сабабли азоблашдан уялиши ниҳоятда катта ишдир. Оламларнинг Робби кексаларимизнинг соч ва соқолига тушган оқни шунчалар эътиборга олиб турганидан кейин, биз, ожиз бандалар ўзимиз учун керакли хулоса чиқариб олишимиз лозим. Кекса отахон ва онахонларни қанча эъзозласак, шунча оз эканини унутмаслигимиз, бу борада фарзандларимизга ҳам Ислом таълимотларини ўргатиб боришимиз лозим.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 

(Кексаларни эъзозлаш китобидан)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тилни қабоҳатли гапсўзлардан тиймоқ ҳар бир инсон учун фарзи айндир. Чунки бу нарса катта гуноҳдир.Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади .Набий саллаллоҳу алайҳи давоми...

3338 05:00 / 02.03.2017
Муроса қилиб ё одоб сақлаб ўтирмайман. Ҳа, сизга ўз динингиз, менга эса ўз диним..Сизга ўз динингиз ва менга ўз диним, Кафирун сураси, 6оят.Бу бошқани рад этиш эмас. давоми...

1763 16:00 / 11.01.2022
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳни ёд этиб. Бир муддат фазилатли шайх ҳазратлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент Ислом давоми...

2250 09:02 / 19.07.2022
Лекин баъзи кишилар зоҳирда золимларга ҳеч нарса бўлмай, ўйнабкулиб юрганларини кўрганда турли хаёлларга бориши мумкин. Баъзилар, фалончилар шунча золимлик давоми...

4423 05:00 / 02.03.2017
Аудиолар

134662 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54972 14:35 / 11.08.2021