1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Эшитиш – буюк неъмат

10:19 / 27.03.2017 3309 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло инсонга сон-саноқсиз неъматлар берган. У неъматларнинг келтирадиган фойдалари турлича. Лекин ушбу неъматларнинг ичидаги энг буюги эшитиш, қулоқ неъматидир. Чунки, бу неъмат билан шариат хитоби эшитилади ва унга амал қилинади. Эшитиш бошқа ҳиссий сезгилар орасида энг умумийроғидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло кофирларни “Улар Аллоҳнинг Каломини тинглаб, уни тушунмайдилар. У зотнинг муродини англаб етмайдилар” деб айблаган. Аллоҳ таоло шариатдаги кўплаб ҳукмларни эшитиш асосига бино қилган. Эшитувчи бандасига эса амал қилиниши лозим бўлган бир қанча одобларни жорий қилган. Қолаверса, унга эшитиш мумкин бўлган нарсаларга рухсат бериб, эшитиш мумкин бўлмаган нарсаларни таъқиқлаган.


Инсон ҳаётида эшитиш сезгисининг аҳамияти


Аллоҳ таоло бизга кўплаб неъматларни ато этган. Агар ўзимиз ҳақимизда озгина ўйлаб кўрсак, жуда кўп неъматлар ичида яшаётганимизга амин бўламиз. У зот Ўзининг Каломида шундай марҳамат қилади:


“Ўзларингизда ҳам. Ахир, (уларни) кўрмайсизми?!” (Зарият, 21). Ўзимизга берилган неъматлар орасида қулоқ неъмати ва шу қулоқ орқали эшитиш неъмати энг катта неъматлардан саналади. Биз ушбу неъмат воситасида турли овозларни эшитамиз.


Қулоқ ўзи бажарадиган вазифалари этибори билан кўздан ҳам устун туради. Чунки, инсон қулоғи билан ҳар тарафдан келадиган овозларни эшитади. Кўз эса фақат рўпарасидаги нарсанигина кўра олади. Қулоғимиз қоронғида ҳам ўз ишини бажараверади. Кўзимиз эса қоронғида ўз вазифасини бажара олмайди. Чекланиш пайдо бўлади. Чунки, кўз нарсаларни кўриши учун унга ёруғлик керак. Аллоҳ таоло бизга қулоқ неъматини ва унинг масъулиятини эслатиб шундай дейди:


“Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” (Исро, 36).


Бу аъзо шу қадар аҳамиятли бўлганидан уламолар унга зарар етказилганда дия (товон) тўлашни шарт қилишган. Агар бир инсон билмасдан, хато туфайли бировни эшитиш қобилиятидан маҳрум этса, унга тўлиқ дия (товон) тўлаш лозим бўлади. Борди-ю, қасддан бу ишни қилса, ундан қасос олинади. Яъни, унинг ҳам эшитиш қобилияти худди ўшандай тарзда кетказилади. Уламолар имомлик, қозилик каби баъзи мансабларга тайинланадиган одам эшитувчи бўлиши керак деб шарт қўйишган. Қулоқ қалбга борадиган йўлларнинг энг каттасидир. Кимки қулоғидан, эшитиш қобилиятидан айрилса, у кўзидан ва кўриш қобилиятини йўқотган инсондан ҳам оғирроқ аҳволга тушади. Кўпинча, қулоғи эшитмайдиган одамнинг ақлида ҳам заифлик бўлади. Қайси бир гунг одамни кўрсангиз, албатта унинг ақлида бироз ноқислик мавжуд бўлади. Аммо кўр одамда бундай бўлмайди. Кўр одам баъзида кўзи очиқ одамлардан ҳам ақллироқ бўлиши мумкин. Зеро, эшитиш орқали илм ҳосил қилинади. Аллоҳ таоло бизнинг қулоқларимизга раҳим қилиб, эшитишга ярайдиган овозларнигина эшитадиган қилиб қўйган. Шундай овозлар борки, агар инсон уни эшитса, хушдан кетиб қолиши, хатто ўлиб қолиши ҳам мумкин. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Жаноза ҳозир бўлиб, одамлар тобутни елкаларига олганларидан кейин маййит солиҳ бўлса “Мени тезроқ олиб боринглар, мени тезроқ олиб боринглар” дейди. Агар солиҳ бўлмаса, ўз аҳлига “Вой шўрим, уни қаерга олиб кетяпсизлар?” дейди. Унинг овозини инсондан бошқа ҳамма нарса эшитади. Агар инсон ҳам эшитганида хушдан кетган ва ўлиб қолган бўларди”.


Аллоҳ таоло бизни эшитишга буюрган. У зот шундай дейди:

“Аллоҳдан қўрқингиз ва (қабул қулоғи билан) эшитингиз!” (Моида, 108). Бошқа бир оятда эса бундай дейди:

“(Насиҳатга) қулоқ тутингиз ва итоат этингиз” (Тағобун, 16).


Эшитиш уч хил бўлади.


1. Англаб эшитиш. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “(Эй, Муҳаммад!) Айтинг: «Менга ваҳий қилиндики, жинлардан бир гуруҳи (тиловатимни) эшитиб, (ўз қавмларига бориб) дедилар: «Дарҳақиқат, бизлар ажиб бир Қуръонни эшитдик. У тўғри йўлга ҳидоят қилади. Бас, дарҳол унга имон келтирдик. Бизлар (энди) Раббимизга ҳеч кимни сира шерик қилмагаймиз” (Жин, 1-2).

2. Тушуниб, фаҳмлаб эшитиш. У зот ўлганларнинг ҳамда юз ўгириб, қайсарлик қиладиганларнинг эшитмаслигини баён этиб шундай дейди: “Аниқки, Сиз «ўликлар»га (сўзингизни) англата олмассиз, орқа ўгириб кетаётган «кар»ларга ҳам даъватни уқтира олмассиз” (Рум, 52).  

3. Қабул ва ижобат қулоғи билан эшитиш. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эшитдик ва итоат этдик” (Бақара, 285).

Жинлар, аввало, Пайғамбар алайҳиссаломнинг тиловатларини эшитишди, кейин уни фаҳмлаб, қабул қилишди. Натижада барчалари иймон келтириб, мусулмон бўлишди. Эшитадиган нарсаси Аллоҳнинг розилигига мувофиқ келган банда дунёдаги энг бахтли бандадир. Шунинг учун ҳам ҳадиси қудсийда бундай дейилган: “Бандам менга нафл ибодатлар билан яқинлашиб келар экан, мен уни яхши кўриб қоламан. Агар уни яхши кўриб қолсам, эшитадиган қулоғи бўламан”. Яъни ўша банда фақатгина Аллоҳ рози бўладиган нарсаларнигина эшитадиган бўлиб қолади. Албатта, тушуниб эшитиш ва уни қабул қилиш энг асосий мақсаддир. Кўпчилик инсонлар эшитишнинг ушбу турларидан маҳрумдирлар. Улар қулоқлари билан эшитадилар, лекин қалб қулоқлари билан эшитмайдилар. Бирор маълумотни шунчаки эшитиб қўйиш ҳаммага осон. Аммо уни тушуниш учун инсон бироз ўйлаб, тафаккур қилиши, қалбини шунга буриши керак. Ўша маълумотни тушунгандан кейин уни қабул қилиш ва унга амал қилиш учун эса инсонда ихлос бўлиши лозим. Бундай даражага ҳамма ҳам етавермайди. Фақат Аллоҳ насиб қилганларгина етади. Масжидларда мавъизаларни ва насиҳатларни тинглаб, ундан таъсирланиш ва уни қабул қилиш учун инсон ихлос ва муҳаббатга эга бўлиши даркор. Аҳли куфр ҳақни эшитишни истамайди. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом тилларидан шундай марҳамат қилади:

“Дарвоқе, ҳар гал мен уларни Сенинг мағфиратингга (дин йўлига) даъват этсам, улар (эшитмаслик учун) бармоқларини қулоқларига тиқиб, кийимларига ўралиб оладилар ва (ўз куфрларида) қаттиқ туриб оладилар ҳамда (менга итоат этишга) кибр қиладилар” (Нуҳ, 7).

Хўш, нима учун кофирлар шундай қилишди? Албатта, Нуҳ алайҳиссаломнинг даъватларини эшитиб, таъсирланиб қолмаслик учун. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда шундай марҳамат қилади:

“Кофир бўлган кимсалар (бир-бирларига: «Муҳаммад тиловат қилаётган вақтда) сизлар бу Қуръонга қулоқ солмангиз ва (уни чалғитиш учун) жаврайверингиз! (Шунда) зора ғолиб бўлсангиз», – дедилар” (Фуссилат, 26). Аллоҳ таоло яна бир оятда қуйидагича марҳамат қилади:

“Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини  яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан «англамайдилар». Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан «кўрмайдилар». Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан «эшитмайдилар». Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир” (Аъроф, 179).

Оятдаги “англамайдилар”, “кўрмайдилар”, “эшитмайдилар” феъллари мажозий маънода айтилган бўлиб, ҳақ гапни эшитсалар-да, тафаккур қилмаганлари, ҳидоят ва тўғри йўлни кўрсалар-да, унга юрмаганлари, панду насиҳатни эшитсалар-да, унга амал қилмаганлари қораланмоқда. Аллоҳ таоло ушбу оятда қулоқлари билан эшитишларини маълум қилиш билан бирга қалб қулоқлари билан эшитмасликларини ҳам баён қилмоқда. Шунинг учун ҳам бундай кимсалар ҳайвонлардан-да паст даражадалиги айтилган. Зеро, чўпоннинг овозини, буйруғини эшитган қўй ва сигирлар унга итоат қиладилар. Аммо оятдаги кимсалар эса пайғамбарларнинг нидосини, даъватини эшитиб ҳам унга итоат қилмайдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисда шундай марҳамат қилганлар: “Жоним қудрат қўлида бўлган Зотга қасамки, мени шу инсонлар ичидаги бирорта яҳудийми, насронийми эшитиб, менга иймон келтирмай вафот этса, у дўзах аҳлидан бўлади”.

Бир нарсани эшитгандан кейин уни тушуниш шарафли ишдир. Зеро, Набий алайҳиссалом бундай инсонларни мақтаб, шундай деганлар: “Менинг сўзимни эшитиб, ёдлаб олиб, эшитганидек етказган банданинг юзини Аллоҳ кўркам қилсин. Кўпинча фиқҳни кўтариб юрувчининг ўзи фақиҳ бўлмайди. Кўпинча фиқҳ етказилган одам уни етказувчидан кўра фақиҳроқ бўлади”. Ҳақиқатан ҳам иккинчи одам биринчисига қараганда масалани тушунадиганроқ, англовчироқ бўлиши мумкин. Унда эшитиб тушуниш қобилияти яхши ривожланган бўлиши мумкин. 


Шариатдаги эшитишга боғлиқ бўлган ҳукмлар


Шариатимизда эшитишнинг ўзига хос масъулияти бор. Аллоҳ таоло эшитиш билан боғлиқ бир қанча ҳукмларни жорий қилди. Эшитиш билан боғлиқ ҳукмлар орасида вожиблари ҳам, ҳаромлари ҳам бор. Роббимиз Ўзининг Каломида шундай марҳамат қилади:

“Аллоҳ сизларга Китобда: «Аллоҳнинг оятлари инкор этилаётгани ва мазах қилинаётганини эшитсангиз, то бошқа гапга ўтмагунларича, улар билан бирга ўтирмангиз!» – деб, (оят) нозил қилган эди. Албатта, сизлар унда (бирга ўтирганда), улар билан (гуноҳда) тенгсиз” (Нисо, 140).


Бу оятнинг умумий маъноси қуйидагича: эй мусулмон, агар бирор мажлисда Аллоҳнинг оятлари, У зотнинг шариати ва шиорлари масхара қилинаётганини эшитсанг, улар Қуръон ва Суннат борасида ботил гапларни гапиришса, шариатни айблаб, динни камситишса, сенда иккита ихтиёр бор: ё уларни жим қиласан, ёки у мажлисдан туриб кетасан. Учинчи йўл йўқ. Аммо уларга ҳеч нарса демасдан бирга ўтираверсанг, сен соқов шайтонсан. Чунки, ҳақиқатни гапирмай жим турувчи инсон соқов шайтондир. Бугунги кунда қанчадан-қанча мажлисларда шариат масхара қилиняпти, ундаги ҳукмларга турли айблар тақаляпти. Ана шундай айб тақайдиганларга қарши фикр билдириб, уларга раддия берадиганлар жуда кам. Ваҳоланки, Аллоҳ мўминларни мақтаб, улар беҳуда нарсалардан юз ўгирадилар, ундай нарсаларга берилмайдилар, қулоқ солмайдилар деган. Бир ҳадисда шундай дейилган: “Агар муаззинни эшитсангизлар унинг айтганларини қайтаринглар”. Яна бир ҳадисда бундай дейилган: “Агар имом “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ” деса, “Роббана лакал ҳамд” денглар. Кимнинг сўзи фариштанинг сўзига тўғри келиб қолса, Аллоҳ унинг ўтган гуноҳини кечиради”. Агар муқтадий намозда имомнинг такбирларини ва бошқа зикрларни эшитса, уларга ҳам жавоб қайтариши керак. Бошқа бир ҳадисда бундай дейилган: “Агар хўрознинг қичқирганини эшитсангизлар Аллоҳдан фазлини сўранглар”. Чунки, у фариштани кўрганда қичқиради. Бошқа бир ҳадисда эса: “Агар кечаси итларнинг вовуллашини, эшакларнинг ҳанграшини эшитсангизлар Аллоҳдан шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўранглар”. Чунки, ит ва эшаклар шайтонни кўрганда ҳанграр экан.


Исломда эшитиш одоблари


Эшитадиган нарсаларимизга шариат ўзига хос одобларни жорий қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кишининг гуноҳкор бўлишига эшитган нарсасини гапиравериши етарлидир”. Ҳозир миш-мишлар жуда кўпайган. Эшитган нарсасининг тўғрилигини текширмасдан ҳаммага тарқатадиганлар кўпайиб кетган.


Шунингдек, эшитиш намозда васвасанинг олдини олиш воситасидир. Набий алайҳиссалом айтганлар: “Бирортангиз намозда турганида орқасида бирор ҳаракатни пайқаб қолиб, таҳоратим синдими ёки синмадими деган иккиланишга тушиб қолса, қайси бири содир бўлганини билолмаса, то овзини эшитмагунча ёки ҳидини сезмагунча намоздан бурилиб чиқиб кетмасин”. Яъни намозини бузмасин. Бундай қилиши жоиз эмас. Ҳа, бу васвасани даф қилиш учун мукаммал чора. Шариат мусулмон кишини ҳужжат-далил асосида иш қилишга, шубҳа ва гумонларга асосланиб иш юритмасликка буюради. Эшитиладиган нарсаларга қараб эшитишнинг ҳукми ўзгаради. Гоҳида вожиб, гоҳида мустаҳаб, гоҳида мубоҳ, гоҳида макруҳ, гоҳида ҳаром бўлади.


Аллоҳ барчамизга эшитилиши савоб бўладиган нарсаларни эшитиб, эшитилиши гуноҳ бўладиган нарсалардан тийилишимизни насиб айласин. Омин! 


Интернет материаллари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бутун оламлар сарвари Муҳаммад алайҳиссаломга очиқ мактубСаломлар бўлсин сизга, ё Расулаллоҳ Жоним пойингизга тасаддуқ, ё РасулаллоҳСизни илк бор кўрганим давоми...

2753 10:27 / 24.03.2017
Нафсни тергаш, уни солиҳ бўлиши учун доимо интилиш банда қилиши лозим бўлган энг муҳим ишлардандир. Инсон доим хато қилади. Нафсни текшириш орқали мана шундай давоми...

2468 10:26 / 27.03.2017
Мисвок ишлатиш фақат таҳорат ва намоз билан боғлиқ эмас. Балки яна кўп ҳолатларда мисвок ишлатиш мустаҳабдир . Қўҳистонийrdquoда айтилишича, мисвок таҳоратга хос давоми...

2433 14:09 / 24.03.2017
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймАллоҳ таолога Ўзининг Зотига муносиб ҳамд ва У Зотнинг бандаси ва расули Муҳаммадга чексиз салавоту саломлар айтамиз.Роббимиз Аллоҳ давоми...

7927 17:23 / 27.03.2017