1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Йигирма саккизинчи фасл: Аллоҳга яқин кишиларни муроқабаси ва иймон келтирганларни

09:56 / 25.03.2017 2445 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Изоҳ:   Муроқаба: киши Аллоҳ уни кўриб, ундан хабардор бўлиб турганлигини билмоқ.                                                                                                               

Мақом: ҳолнинг доимо бардавом бўлиб, эгасини сифатига айланган бир даража.

Мақом: толибнинг Аллоҳ таолони ҳуқуқларини соғлом нийят ва тиришқоқлик билан адо қилишлиги. Ким Ҳақ таолони талаб қилса унда мақом бўлади. Мақом: банда Роббисини талаб қила бошлаган кишилар учун Роббисига етишишлик учун бир сабабдир. Толиб босиб ўтаётган барча мақомлардан фойда олади. 

164. Биздан ҳар биримизнинг маълум мақоми бордир.(вас-соффат)


Муроқабанинг биринчи  мақоми  

Муроқабанинг биринчи  мақомида: Иймони қувватли банда ўзиниг тарбия топишига, ўсиши ва ҳаётига сабаб қилиб қўйилган ўзи яшаб турган бу дунёдаги  вақтлар барзахда (қабрда) униг устига такрорланишини,  бу вақтлар қиёмат кунида унга келтирилишини, агар у жаннатга кирса, жаннатда бу вақтлар унинг устига қайтиб келажаклигини, у ерда (охиратда)  фақатгина бу ерда (бу дунёда) унга берилган имтиҳон ва қийинчиликлар миқдорича мукофатланишини, у ерда (охиратда) фақатгина бу ердаги (бу дунёдаги қилмишига) муносиб равишда азоб ёки роҳат берилишини, қиёматда фақатгина бу дунёда ўтказган вақти ҳақида сўралишини, қиёматда фақатгина бу дунёда ўтказган дақиқаларидан ҳисоб қилинишини,  фақатгина бу дунёда ўтказган дақиқалари тўғрисида мукофатланишини, бошқанинг суратида қайта тирилмаганлиги каби, қиёматда унинг устига бошқанинг вақтлари келтирилмаслигини, бу ерда (бу дунёда) унга бошқанинг муомаласи қилинмагани каби, қиёматда унга бошқани мукофати берилмаслигини ишончли (аниқ) илм ила билади.

Аллоҳу таоло айтади: 35. Мусулмонларни жинояткорларга ўхшатиб қўярмидик?! (қалам).


29. Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир. (сод)

(Қуръон оятларидан ақлли киши эслатма олади)

28. Йўқ! Биз иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларни ер юзида бузғунчилик қилувчилар каби қилармидик?! Йўқ! Биз тақводорларни фожирлар каби қилармидик?! (сод)

123. Сизларнинг хом хаёлингизча ҳам эмас, аҳли китобларнинг хом хаёлича ҳам эмас. Ким ёмонлик қилса, унинг жазосини тортадир. Ва ўзига Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам топа олмас. (нисо)

Росулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам бу оятни тафсир қилиб айтадилар: мўмин киши дунёда қилган саййиаси (ёмон амали) сабабли бу дунёни ўзида мусибат, очлик- ялонғачлик билан жазоланади. Мунофиқ қиёмат кунида жазосини тўлиқ олиши учун гуноҳлари қиёматгача зиммасида қолиб кетади. У гўёки эшак каби гуноҳлари сабабли охиратда жазоланади.

Ҳасан Басрий доимо айтар эди: эй Аллоҳнинг бандалари бу хом хаёлингиздан тақво қилинг! бу хом хаёлингиз сизларни аҳмоқлар водийсига туширади. Аллоҳ бандасиниг хом хаёли сабабли унга дунёда ҳам охиратда ҳам хайр бермайди.  

Баъзи уламолар айтади: қачонки ақл камайса хом хаёл кўпаяди. Баъзи салафлар дунё болаларига айланиб қолган дўстларига ваъз қилиб, мактуб ёзган эди: сен машаққат тортиб, ҳирс қўйиб интилган дунё ишларидан ўзинг истаганларингга етдингми? Ва ўзинг орзу қилганларингга эришдингми? У жавоб бериб айтди: Аллоҳга қасамки йўқ. У айтди: ўзингга бир назар сол! сен унга ҳирс қўйиб жон-жаҳдинг билан ҳаракат қилиб, истаган дунё нарсаларига етаолмаган бўлсанг, қандай қилиб ўзинг юз ўгирган охират яхшиликларига етасан? Баъзи уламолар айтади: хом хаёл ақлни камайтиради. Хабарда келтирилади: иймон зебу-зийнат ва хом хаёлдан иборат эмас лекин иймон қалбдаги виқордир. Амал иймонни тасдиқлайди.

Аллоҳ азза ва жалла айтади: 60. Эҳсоннинг мукофоти, фақат эҳсондир. (Ар-Роҳман)

40. Ким бирор ёмонлик қилса, фақат ўшанга яраша жазо оладир, холос. Эркакдир, аёлдир, ҳар ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирурлар, у ерда ҳисобсиз ризқланурлар. (Ғофир)

214. Сиздан аввал ўтганларга келганга ўхшаш нарса сизларга келмасдан туриб, жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми? 

(Демак, жаннатга кириш осон эмас, иймон, Исломни оғизда эълон қилиб қўйиш билангина бўлавермайди. Жаннатга киришнинг бир шарти–аввалги умматлардан унга киришга ҳақдор бўлганларга юборилган оғир синовларни бошдан ўтказиш зарур.)

21. Наҳотки ёмонликларни қилганлар уларни иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга ўхшаш қилмоғимизни, ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам баробар бўлишини гумон қилсалар?! Уларнинг қилган ҳукми нақадар ҳам ёмон!

(Ушбу оятда кофир ва осий кимсанинг хаёлидан ўтадиган гумон инкор қилинмоқда. Кофирлар, бизнинг мўминлардан қаеримиз кам, деб ўйлашлари, гумон қилишлари мумкин. Бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам мўминлар билан баробарликни даъво этишлари мумкин. Бу даъво мутлақо нотўғридир. Аллоҳ таоло ҳеч қачон ёмон ишлар қилган кимсаларни иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга ўхшатиб қўймайди. Уларнинг икковиларини бу ҳаётда ҳам, охиратда ҳам баробар қилиб қўймайди. Баробар бўлса, адолат қолармиди? Пайғамбар юбориш, китоб тушириш ва динни жорий қилишнинг кераги бўлармиди?)

4. Ёки ёмонликларни қиладиганлар Биздан қочиб қутулишни ўйлайдиларми? Қилган ҳукмлари қандай ҳам ёмон-а?!

Бу оятлар Қуръоннинг қатъият оятларидан бўлиб, бизларга Роббимиз томонидан тушурилган энг гўзал оятлардир. Аллоҳ унга эргашишга буюрган. У оятларда ҳавойи нафсига эргашганларни ва Қуръон оятларига эргашадиган ақл эгаларини васф қилгандир.

Аллоҳ айтади: 18. Улар гапни эшитиб, энг гўзалига эргашадиганлардир. (Зумар)

 Гапни энг гўзали: қатъият ва ваъид оятлардир.

Аллоҳнинг: 47. Ва уларга Аллоҳ томонидан ўзлари хаёлларига ҳам келтирмаган нарсалар зоҳир бўлур. (зумар) Каломи ҳақида айтилади: Улар алдангани ва ёлғон гумонлари сабабли қиёматда хаёлларига ҳам келтирмаган нарсалар зоҳир бўлур. Кофир ва мунофиқлар дунёда яхши амалларни қилябмиз деган гумон билан амал қиладилар-у қиёматдаги ҳисоб-китоб вақтида амалларини ёмонлигини кўрадилар. Соғлом (яхши) амал ҳисоб-китобдан кейин соғлиги билинган амалдир. Ҳақ амал эса ҳисоб тарозусида оғир келган амалдир. 

Аллоҳ азза ва жалла айтади: 8. Ўша куни (амалларни) тортиш ҳақдир. (аъроф)

Аллоҳ азза ва жалла айтади: 52. Батаҳқиқ, Биз уларга илм ила муфассал қилинган, иймон келтирган қавм учун ҳидоят ва раҳмат бўлган китобни келтирдик. (аъроф)

Аллоҳ азза ва жалла айтади: 7. Бас, уларга илмий равишда қисса қилиб берурмиз. Ҳолбуки, Биз ғойиб бўлмаган эдик. (аъроф) 

Аллоҳ азза ва жалла айтади: 48. Ва уларга ўзлари касб қилган нарсаларнинг ёмонлиги зоҳир бўлур ва уларни ўзлари масхара қилиб юрган нарса ўраб олур. (зумар)

Улар гуноҳни тақдим қилиб, тавбани кечиктирган ва истиғфорни орқага сурган кимсалардир.

Юқоридаги, бу оят Аллоҳдан қўрқувчилар учун хазина ва орифлар учун қўрқувдир. Аллоҳ азза ва жалла кофирлар учун дўзахни тайёрлаб қўйганлигини хабар беради. Мўминларга дўзахдан тақво қилишни амр қилади. Кофирларни дўзахдаги ҳолатини сифатлайди. Ўз бандаларини дўзахдан қўрқитади.

Аллоҳ азза ва жалла айтади: 131. Ва кофирлар учун тайёрлаб қўйилган оловдан қўрқинг. (оли имрон)

16. Улар учун тепаларидан ҳам оловдан «соябонлар» бор, остларидан ҳам оловдан «соябонлар» бор. Бу билан Аллоҳ Ўз бандаларини қўрқитур: «Эй бандаларим, менга тақво қилинглар!» (зумар)


Айтилдики: дўзахга тушмайман деб гумон қилувчини қўрқуви, ҳаргиз саҳиҳ (соғлом) қўрқув эмас. Дўзахга кириб, сўнг ундан чиқишни гумон қилган кишини қўрқуви рост қўрқув эмас. Ҳақиқий қўрқув: дўзахга тушиб, унда абадий қолиб кетишдан қўрқмоқликдир. 


Ҳикоя

Ҳасан Басрийнинг ҳузурида, дўзахга тушиб, минг йилдан кейин чиқарилган киши ҳақида гапирилганда, у киши йиғлаб айтдилар: кошкийди мен ўша кишига ўхшасам.

Росулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинди: У зот айтдилар: Кимки албатта мен жаннатийман деса, бас у дўзахийдир ва кимки албатта мен олимман деса, бас у жоҳилдир. 

Яна Росулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинди: У зот айтдилар: Кимки ўзини, Аллоҳнинг наздида қай манзилда эканлигини билишни истаса, унинг қалбида Аллоҳ қай манзилда эканлигига назар солсин. Чунки банда ўз наздида Аллоҳни қай манзилга қўйиши ҳисобига кўра, уни Аллоҳ ўз наздидаги манзилга қўяди. 


Муроқабанинг иккинчи мақоми 


Муроқабанинг иккинчи  мақомида: банда ҳар бир солиҳ амал учун жаннатда ҳузур-ҳаловат ва қабрда роҳат борлигини, ишонч ила билади. Сен учун гўзал амал ва аллоҳни холис таниганинг учун жаннатда мақом бордир. Бу дунёда қилинган амаллар эвазига туҳфа қилиниши учун охиратда яхшиликдан (мукофатдан) бир жуз тақсимлангандир.  

Банда ҳар бир ёмон амали, қабиҳ жаҳолати учун охиратда азоб, қабрда машаққат ва дўзахда ёмонликдан мақом борлигини ишонч ила билади. Бу дунёдаги ёмон амал учун охиратда ёмонликдан (азобдан) бир жуз тақсимлангандир.

 Аллоҳ яхшилик ва ёмонликдан иборат бўлган охиратдаги ўша жуз (мукофот ва азоб)ни махфий қилди.

Изоҳ: Банда қилган яхши амалига мукофот ва ёмон амалига азоб берилишини бу дунёда кўрмайди, унга махфийдир.  

Яхшилик ва ёмонлик амалини икки ҳукм учун зоҳир қилди. 

Изоҳ: Аллоҳ таоло Ўз шариатида яхши ва ёмон амални бандага билдириб қўйди. 

Яхшилик ва ёмонлик туфайли жаннат ва дўзахга олиб борадиган икки йўлни Аллоҳ ўз ҳикмати билан кўрсатиб қўйди. Сўнг Аллоҳ бандани имтиҳон қилиши, Ўз фазли ила ҳар бир жон ҳаракат қилган амалига кўра мукофатланиши учун, Яхшилик ва ёмонлик амалларини бу дунёда бандага билдирди. Яхшиликни савобини, ёмонликни жазосини охиратга кечиктирди.

Аллоҳ қилган иши тўғрисида сўралмайди чунки у борлиқнинг Эгаси, Қаҳҳор, Ғолиб ва жаббор зотдир. Бандалар қилган ишлари тўғрисида сўраладилар. Чунки улар Аллоҳнинг бўйсундирилган қулларидир. Аллоҳ бирор нарсада бандаларга ўхшамайди. Аллоҳ ҳужжат ва ўткир қудрат соҳибидир. Ҳеч нарсада унинг ўхшаши йўқ. Дарҳақиқат Аллоҳ истаги  ва ишларида Ўзи яккаю ягонадир. Аллоҳ Ўзига ширк келтиришдан, бошқани Аллоҳга ўхшатишдан, ҳукмларда Аллоҳ билан бандани тенглаштиришдан қайтаргандир.  

Аллоҳга ширк келтириш, бошқани Аллоҳга ўхшатиш, ҳукмларда Аллоҳ билан бандани тенглаштириш Аллоҳнинг неъматини инкор қилиш ва Аллоҳнинг мулкида унга ширк келтиришдир. Бу ҳақда Аллоҳ мушриклар ҳукмларда Аллоҳ билан бандани тенглаштиргани сабабли ўзлари очиқ адашиб, ўзгаларни ҳам адаштирганларини хабар беради. 

Айтилдики: бу оятлар Қадарийларга нозил бўлгандир. Чунки улар ёмонликдаги куч-қувватни бандага боғлаб, банда билан Аллоҳни тенглаштириб қўйишди. Ваҳоланки Аллоҳ: 

96. Ҳолбуки, сизни ҳам, қолган нарсаларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!» деди.

Аллоҳ уларнинг амалларини ҳам, уларнинг ўзларини яратгани каби яратганлигини баён қилади. Улар мужримлар бўлиб, улар ҳақида ушбу оят нозил бўлган. Бу оятда Қадарийлар зикр қилинган. 

47. Албатта, жинояткорлар адашувда ва олов-оташдадирлар.

48. Юзтубан дўзахга судраладиган кунларида: «Жаҳаннам азобини татиб кўринг!» (дейилур).

49. Албатта, Биз ҳар нарсани ўлчов билан яратдик.

Улар ўз тобеъларини адаштирган мужримлар бўлиб, улар ўз тарафдорлари билан жаҳаннамга ағдарилади. Аллоҳ таоло бешта оятда биз зикр қилган гапларни қувватлайдиган сўзларни келтиради. 

Биринчи оят: 71. Аллоҳ ризқда баъзингизни баъзингиздан афзал қилди. Бас, афзал қилинганлар ўз ризқларини қўлларида мулк бўлганларга, ҳамма тенг бўлсин, деб берувчи эмаслар-ку. Аллоҳнинг неъматини инкор қиладиларми?! (наҳл)

Яъни: хўжайинлар ўз қулларига, ҳамма тенг бўлсин, деб берувчи эмаслар-ку.

Иккинчи оят: 28. У сизга ўзингиздан мисол келтирди. Сизларнинг қўлингиздаги (қулларингиз)дан Биз сизга ризқ қилиб берган нарсада шерикларингиз бор-у, сизлар у(ризқ)да тенг бўлиб, улар ҳақида ҳам ўзингиздан ҳаққингизда қўрққанингиздек қўрқасизми?! Ақл юритадиган қавмлар учун оятларни ана шундай муфассал қилиб борурмиз. (рум)

(Биз ризқ қилиб берган неъматга қулингиз ҳам сизга шерик бўлишини хоҳлайсизми? Йўқ. У қулни мазкур молу мулкингизнинг бир қисми ҳисоблайсиз. Унинг мол-мулкингиздан чиқиб кетишини ҳам хоҳламайсиз. Аллоҳ берган ризққа ўз қулингиз шерик бўлишини хоҳламас экансиз, қандай қилиб Аллоҳга Унинг Ўзи яратган махлуқотларини шерикликка раво кўрасиз? Шерик бўлиш осон бўлибдими? Сиз ўз ҳаққингиз зое бўлишидан қўрққанингиз каби, унинг ҳаққи зое кетишидан ҳам қўрқишингиз мумкинми? Ҳеч мумкин эмас. Шундай экан, нима учун Аллоҳ таолога Унинг Ўзи яратган махлуқотларни шерик қиласиз? Ушбу тафсилотларни тўғри тушунган одамлар Аллоҳга ширк келтиришнинг асосий сабабини англаб оладилар.)


Учинчи оят: 75. Аллоҳ ҳеч нарсага қодир бўлмайдиган мамлук-қул билан Биз уни яхши ризқ ила ризқлантирган ва ўшандан махфий ва ошкоро инфоқ қиладиган кимсани зарбул масал қиладир. Улар тенг бўладиларми? Ҳамду сано Аллоҳгадир. Лекин кўплари билмаслар. (наҳл)

(Ушбу мисол ояти карима нозил бўлган жойдаги араб жоҳилий жамияти воқеълигидан олингандир. Исломни инкор этиб, Аллоҳга ширк келтираётганларнинг бошлиқлари Қурайшнинг зодагон-бойлари эди. У даврдаги бойларнинг мамлук-қуллари бор эди. Бу қуллар эгасига мулк, ўзлари ҳеч нарсага ҳақсиз бир жонзот эди.

Кўп ризқу рўзга эга бўлиб, ҳаммага хайру эҳсон қилаётган хўжайин билан унинг ҳеч нарсаси йўқ мамлук қули тенг бўладими? Албатта, тенг эмаслар. Демак, ҳамманинг холиқи ва розиқи Аллоҳ таоло билан ҳеч нарсага қодир бўлмаган, мушриклар ибодат қилаётган бутлар ҳам тенг бўла олмайдилар.)


Тўртинчи оят:

76. Аллоҳ икки кишини зарбул масал келтирди. Бири соқов, ҳеч нарсага қодир бўлмайдир. У ўз хожасига юкдир. Қаерга юборса ҳам, яхшилик келтирмайдир. Ўша одам билан ўзи тўғри йўлда туриб, бошқаларни адолатга амр қиладиган киши баробар бўларми? (наҳл)

Бешинчи оят: бунда Аллоҳ ўзига ўхшатишдан қайтаргандир:  74. Аллоҳга зарбул масал келтирманглар! Албатта, Аллоҳ биладир. Сизлар эса, билмайсизлар. (наҳл) 

Аллоҳ ўз илмини ҳақлиги ва бандалар ниҳоятда илмсизлигини таъкидламоқда. Буни эса келгуси оят билан қувватламоқда: 

23. У қилган нарсасидан сўралмас. Ҳолбуки, улар сўралурлар.(анбиё)

44. Унинг етти эшиги бордир. Ҳар бир эшик учун улардан тақсимланган бўлаги бордир» деди.(ҳижр)

(Баъзи ривоятларда келишича, жаҳаннам етти қаватдан иборат бўлиб, ҳар қаватининг алоҳида эшиги бўлар экан. Ҳар қавати бир-биридан ашаддийроқ бўлар экан. Чунки гумроҳлик, хатокорлик ҳам ҳар хил бўлади. Қилган гуноҳи даражасига қараб кофирлар турли қаватларга киритилади.

Шайтонга эргашган гумроҳлар тақсимлаб, бўлиб-бўлиб, гуруҳларга ажратиб қўйилган бўлади. Ўша мазкур етти эшикдан гуноҳининг кўп-озлигига қараб бирин-кетин киритилаверадилар.)

 Баъзи уламолар айтади: Аллоҳга қасамки жаннатда бирор қаср, анҳор ёки бирор неъмат бўлса, албатта унда ўз соҳибининг исми ва у мукофатга сабаб бўлган амалнинг номи ёзилгандир. Шунингдек Жаҳаннам, ундаги кишан ва занжир бўлса, унда  шу жазога сабаб бўлган амалнинг сифати ва у азоб соҳибининг исми ёзилгандир. 

Уламолар айтади: Аллоҳ бандалар унга итоат қилишларидан олдин уларни жаннатга киргизган ва осий бўлишларидан олдин уларни дўзахга киргизгандир.                                                

Баъзи орифлар айтганлар: Аллоҳ кимни яхши кўрса, Ўзига осий бўлишни ёмон кўрсатиб, рози бўладиган амалларни яхши кўрсатиб қўяди. Лекин адамда(йўқликда, яралишидан олдин) бир қавмга ғазаб қилди, уларни бу дунёда яратгандан кейин ғазаб диёрига (дўзахга) тушишлари учун ғазаб аҳлини амалини қилдирди. Бир қавмдан эса рози бўлди, уларни бу дунёда яратгандан кейин ризо диёрига(жаннатга) тушишлари учун ризо аҳлини амалини қилдирди.

Баъзи аҳли маърифатлар айтдилар: Аллоҳ бандаларни адам дунёсида(ал-мийсоқда зарра кўринишида) яратганда, уларга иқтидорни берди. Сўнг уларга амалларни кўрсатиб, ихтиёрни берди. Ҳар бир банда ихтиёри билан амалларни танлади.  Уларни бу дунёда яратганида ақл билан уларни тўсиб қўйди. Бандаларга ихтиёрларини ўзларига топширди. Шунинг учун бу дунёда уларни Аллоҳга берган аҳдларини тўсиб қўйган ақлни охиратда олганда, бу нарса уларни зарарига ҳужжат бўлади.

Изоҳ: Аллоҳ таоло Ўзига маълум бўлган бир пайтда, қиёматгача дунёга келадиган барча одамларни оталарининг сулбидан уруғликларни чиқариб олган ва ўша уруғликларга «Роббингиз эмасманми?!» деб савол берган. Мазкур илоҳий саволга ҳамма зурриётлар «Худди шундай», яъни, албатта, сен Роббимизсан, «гувоҳ бўлдик», деб жавоб беришган.Шунга биноан инсон дунёга келганда Аллоҳнинг Робб эканлигини эътироф этгувчи табиат соҳиби бўлади. Ташқи омиллар туфайли бу табиатини унутиб қўяди. Охиратда эса, мана шу ал-мийсоқга содиқ қолганлиги ёки хиёнат қилганига кўра ҳисоб –китоб   қилинади. 

Аҳли маърифатларнинг баъзиларини сўзи менга айтилди: Менда қадар тўғрисида бир савол жавобсиз қолган  эди. Буни уламолардан менга тушунтириб беришларини сўрар эдиму, ҳеч жавобдан қониқмас эдим. Аллоҳ абдоллардан(Аллоҳнинг валий бандалари) бири билан учрашишни насиб қилиб қолди ва мен ундан тушунтириб беришини сўрадим. У: Сени қараю, ҳужжат талаб қилиб нима қиласан, бизларга осмон ва ер мулкларининг сири билинади. Тоатлар осмондан сурат кўринишида тушиб, бир қавмни тана аъзоларига ўрнашади, улар ўша тоатлар билан ҳаракат қиладилар. Гуноҳлар ҳам сурат кўринишида тушиб бир қавмнинг тана аъзоларига ўрнашади, улар ўша гуноҳлар билан ҳаракат қилади, деди.

Изоҳ: Абдоллар: яхши фазилатли одам, олам ҳеч қачон уларсиз бўлмайди, агар улардан бирор киши вафот этса, Аллоҳ уни бошқаси билан алмаштиради.

Баъзи обидлардан ҳикоя қилиб айтиб беришди: Саҳар тонгда икки ракъат намоз ўқидим, сўнг мудраб қолибман. Тушимда бир баланд қасирни кўрдим, ҳудди юлдуздек порлоқ эди. Тасаннолар айтдим. Бу қаср кимники? деб сўрасам, икки ракъат ўқиган намозимни мукофоти экани айтилди. Бундан ҳурсанд бўлиб, атрофини айлана бошладим, бир томонидаги айвони тушиб ҳуснини бузиб турган экан. Афсусланиб: эссиз, агар мана бу айвон юқорида бўлганида, қасрни гўзаллиги мукаммал бўлар эди, дедим. Ўша ердаги бир бола: бу айвон сиз айтган жойда эди, лекин сиз намозда ёнингизга қараганингизда тушиб кетди, деди.                                                                                                                  

Баъзи зоҳидлардан ривоят қилиб айтишганки, уни жаннатдаги мақоми кўрсатилганда, ҳури аъйнларни ҳам кўрибди. Улар: биз сени жуфти ҳалолларингмиз дебди. У ердан чиқаётганда бир ҳур унга осилиб: Аллоҳга сени мақтаб ашула айтай! Амалларингни гўзал қил! Ҳар сафар амалингни гўзал қилганингда бизни ҳуснимиз зиёда бўлади, неъматларимиз кўп бўлади, дебди.                                                              

Робиаътул адавия роҳматуллоҳи алайҳо айтди: Бир куни тонг саҳарда бир неча бор тасбеҳ айтдим. Сўнг ухлаб тушимда бир дарахтни кўрдим. Уни катталигини ва гўзаллигини сифатлаб бўлмайди. Устида уч ҳил оқ, қизил, сариқ меваси бор экан. Дунё меваларини ичида бунга ўхшаши йўқ. Улар дарахт яшиллигини орасида ҳудди ой ва қуёшдек ялтираб турибди. Тасаннолар айтдим. Кимникилигини сўраганимда, боя айтган тасбеҳларимнинг мукофоти эканлигини айтишди. Дарахтни атрофини айлана бошладим, остида тилло рангида бир нечта мевалар ёйилиб ётибди. Агар бу мевалар ҳам дарахтдаги мевалар билан бирга бўлганида эди, жудаям гўзал бўлар эди дедим. Шунда бир киши: бу мевалар дарахтда эди, лекин сен тонг ортирганингда хамирим кўпирдими йўқми деб, фикр қилганингда тушиб кетди, деди.                  

Бу ҳикояларда ақл эгалари учун ибрат, тақво ва зикр аҳли учун мавъизалар бордир.


Ҳ. Қодиров



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қандайдир бир ҳодиса бўлдида Аллоҳдан қўрқиш ҳақида жумла ишлатилди. Шу сабабли ушбу ибора аслида нимани англатиши ҳақида ўзимга ўзим саволлар билан мурожаат давоми...

2832 14:32 / 27.03.2017
Поезддаги нуроний қария қиссасини эшитганмисизлар Эшитмаган бўлсангиз ушбу қиссани биргаликда ўқиймиз. У шу даражада ибратлики, бизларнинг барчаларимизга давоми...

2353 09:46 / 24.03.2017
Ҳамонки, суҳбатимиз инсон умри ҳақида, шу умрдан унумли фойдаланиш ва касбкор қимлиш ҳақида экан, авваламбор шуни айтиш лозимки, умр инсониятга берилган энг давоми...

5254 14:02 / 24.03.2017
Ибодатга доир қайтариқларАбдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади..Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етти жойда .Ахлат ташланган ерда, ҳайвон давоми...

1937 13:21 / 30.08.2020